ss
ao

0099 рақамли ёлғончи

Қўнғироқ ўғриси

 Туғилганлигимиз тўғрисидаги гувоҳнома биз одамлар учун энг асосий ҳужжат ҳисобланади. Агар шу нарсамиз бўлмаса, бизни куйиб-пишиб боқаётган, тарбиялаётган кимсаларнинг ота-онамиз эканлигини, ҳақиқатан ҳам шу юрт, шу миллатга мансублигимизни бировлар хоҳласа тан олади, хоҳламаса йўқ. Фермадаги ҳайвонларга бунақа нодир қоғоз берилмайди. Чунки, ўша шилдироқ қоғозни авайлаб асраш учун у шўринг қурғурларда на зангкалитли сандиқ бор, на пистонли чўнтак. Жониворларнинг қулоғига ҳар хил рақамлар ёзилган юм-юмалоқ мис тамғалар муҳрлаб қўйилади холос.

«Бабачоқ» фермасида ҳам тартиб шунақа: ҳайвон дунёга келди дегунча, биринчи галда унинг қулоғига ёпишишади. Ушбу қиссадаги барча ҳангомаларнинг бош сабабчиси бўлган жангари Улоқча ҳам бу маросимни аллақачон бошдан кечирган. Балдоқ тақишнинг ўзига яраша азоб-уқубати борлигини ўғил болаларга айтиб, яна бир жанжалли баҳсни қўзиб ўтирмайлик. Буни исирға тақиб олиб, ўзини ойнакка соладиган қизалоқлар яхши билишади.

Хуллас, Улоқчамизнинг қулоғига 0099 рақамли балдоқча осишиб, уни ҳаммага таниқли қилиб қўйишган. Шундай қилишмаганда-ку, у мана шу диққинафас фермадан тезда жуфтакни ростлаган, бирорта тинчроқ хонадондаги эркин ҳайвонлар орасига секингина қўшилиб олган бўларди.

Умуман олганда, «Бабачоқ» фермасида ҳамма нарса ошиб-тошиб ётибди. Омбор тўла ем, ғарам-ғарам пичанлар, иссиққина оғилхона. Бунинг устига, улар ётган жойларни ўз вақтида тозалашиб, тагларига юмшоққина арратўпон сепиб қўйишади. Шунга қарамай, Улоқча фермани ўлгудек ёмон кўрар, бир хил турмуш ва қаттиқ тартиб-интизом унинг жон-жонига тегиб кетганди. Айниқса, ҳар куни эрта тонгда унинг ширин уйқусини бузиб, мажбуран яйловга ҳайдашган пайтда томорқаси кенгроқ деҳқоннинг хонаки эчкиси бўлиб туғилмаганидан жудаям афсусланарди.

Дунёга келибоқ онасидан айрилган бу зумраша ур-тўпалон ҳаётга бошқалардан олдинроқ мослашишга уринди, ҳеч бир мулоҳаза қилиб ўтирмай, дуч келган қўй-эчкини аралаш-қуралаш эмиб кетаверди. Ўзга улоқ-қўзиларнинг ризқини қияётган бу очофатнинг биқинига такалар аямай калла солишар, аччиғини босолмаган қўчқорлар уни тирақайлатиб қува кетишарди. Етим Улоқча така-ю қўчқорларнинг зарбли сузишларидан уч-тўрт юмаланиб, яна дириклаб ўрнидан турар, танасидаги оғриқларни бирпасда эсдан чиқариб, андишасизлик билан қайтадан орага суқиларди. Иштаҳанг карнай бўлиб турганда тортинчоқликка бало борми?

«Бабачоқ» фермасидаги ҳайвонлар охири бу сурбет Улоқча билан ўчакишмайдиган бўлиб қолишди. Ўзининг қониқарсиз хулқи билан ҳамманинг жиғига тегиб юрувчи олғир қаҳрамонимиз бўлак тенгдошларига нисбатан икки ҳисса кўп сут эмиб, бақувват улғая бошлади.

Тартиб бор жойда уни бузувчилар ҳам учраб туради. Акс ҳолда, «интизом» деган сўзнинг сариқ чақалик қадр-қиммати қолмаган бўларди. Бу гапларни мен ичимдан тўқиб айтаётганим йўқ. «Бабачоқ» фермасидаги подага бир неча йилдан бери оқсоқоллик қилиб келаётган Найзашох исмли Серканинг фикри ана шундай.

Найзашох қанчалар қаттиққўл бўлмасин, баъзан ҳатто кап-катта қўй-эчкилар арзимаган нарса устида сан-манга бориб қолишар, ёшлар эса ўйинқароқлик қилиб, ўзларига ем солинадиган охурни пачоқлаб қўйишар ёки эндигина бўртиб чиқаётган мугузчалари билан яқиндагина оқланган деворни чалама-чакки чизиб ташлашарди.

Лекин, 0099 рақамли Улоқча оёққа мустаҳкамроқ туриб олган кундан бошлаб, охурни пачоқлаш, деворга чизиш сингари ишлар майда безориликлар қаторига тушиб қолди. Эндиги йиғилишларда бировларнинг овқатини зўравонларча тортиб олиш, ўз фермадошини эти моматалоқ бўладиган даражада дўппослаш, яйловда ўзбошимчалик билан подадан ажраб қолиш каби катта масалалар муҳокамага қўйила бошланди. Улоқча ҳали тўрт ойлик бўлмай туриб, беш марта «ҳайфсан» олишга улгурди. «Ҳайфсан» олдингми, уч кун давомида маърамай юришга мажбурсан. Шунчаки «ми» деб қўйсанг ҳам, кечқурунги кепакли теритдан маҳрумсан. Уч кун жим юришга чидаш – ўлимдан сал мундоғроқ-да.

Улоқчанинг ёши улғайган сайин унинг нуқсонлари ҳам каттая борди. Манманлик, ёлғончилик ва муттаҳамликдан ташқари унда худбинлик, амалпарастлик аломатлари шакллана бошлади. Аввалига, поданинг олдинги сафида юрувчи кекса ҳайвонлар орасига суқилиб кирди. Кейинчалик, янаям олдироққа ўтиб, оқсоқол билан деярли ёнма-ён одимлайдиган қилиқ чиқарди. Ҳатто оқсоқолнинг фермадаги биринчи лаганбардори ҳисобланмиш Сулла лақабли Така ҳам шу маҳалгача бундай қилишга ботинолмаган эди.

Қаттиққўл Найзашох, негадир, бу бетамизликка ортиқча аҳамият бериб ўтирмади. Балки унинг сўққабош етимчага озор бергиси келмагандир, балки қандайдир тирмизак билан ҳадеб хириллашавериш меъдасига теккандир, уёғи бизга қоронғи.

Ҳовлиқмачилик ва мансабпарастлик жуда ёмон нарса. Бу дардга дучор бўлдингми, ўз бошингга келадиган балоларга ўзинг замин ҳозирлаётганингни пайқамай қоласан. Кунлардан бир куни 0099 рақамли Улоқча қўрсайганича оқсоқолдан олдинга ўтиб, олифтанамо одимлай бошлади. Бу энди энг уччига чиққан интизомсизлик эди. Найзашох аста ортга ўгирилиб, Суллага маънодор кўз қисиб қўйди. Ниҳоят хўжайиннинг тоқати тоқ бўлганини фаҳмлаган Сулла бора солиб, тартиббузар Улоқчанинг чап қовурғасига гупира-қарс калла қўйди. Ана энди осмонда типирчилаб айланишни кўринг-у, гупиллаб ерга тушишни томоша қилинг!

Бети безлашиб кетган қаҳрамонимиз шундан кейин ҳам поданинг олдинги қаторларида ўралашишдан воз кечмаган бўлса-да, ҳарқалай бошлиқдан илгарироққа ўтиб юришга юраги чопмай қолди.

Улоқча ўтакетган кекчи эди. У биқинидаги оғриқлар тийилганидан сўнг ҳам Суллани кечиролмади. Қаердандир бир бўлак кирсовун топиб, уни депсиб майдалади ва рақибининг охуридаги емга секингина аралаштириб қўйди. Кўп ўтмай, Сулланинг жунлари туллаб, тасқара бир қиёфага кирдики, яқин ошналари ҳам ундан жирканиб, нарироқда юрадиган бўлишди.

«Бу кунингдан баттар бўл! – дея ич-ичидан қувониб қўярди Улоқча, Сулланинг аҳволини кўриб. – Хўжайинга яхши кўринаман деб, бошқаларни тепалашнинг оқибати шунақа бўлади».

Наврўз ойининг сўнгги тонги «Бабачоқ» фермасига безовталик олиб келди. Илк саҳардаёқ мисли кўрилмаган тўс-тўпалон бошланди. Найзашохнинг бўйнидаги кумуш қўнғироқ туйқус йўқолгани ҳақидаги хабар оғиздан-оғизга ўтиб, ҳаммани нотинч қилди. Оқсоқолнинг Сулла бошчилигидаги бир тўп хушомадгўйлари фермадаги барча кавак-кандикларни, ўра-хандақларни, охур ва челакларни эринмай тинтиб чиқишди. Қўнғироқ ҳеч қаердан топилмади. Шундан кейин, фермадаги борлиқ қўй-эчкилар бола-бақралари билан майдонга сафлансин, деган буйруқ берилди. Ҳайвонлар белгиланган жойда йиғилиб, йўқлама ўткизилгач, 0099 рақамли бевош Улоқчанинг ўз ўрнида эмаслиги маълум бўлди.

 – Аҳа! Ана, қўнғироқ кимда экан! – хирқираб қичқирди, терисига қўтир туша бошлаган Сулла. – Билардим шунақа бўлишини!

Серканинг қўнғироқсиз қолиши қиролнинг тождан айрилиши сингари катта кўнгилсизлик ҳисобланади. Подада нима кўп – така кўп. Бироқ, ана шу эркак эчкилардан фақатгина биттаси Серка дейилади. Серка бўйнидаги қўнғироғини жингиллатиб қаёққа юрса, ўзга ҳайвонлар унга эргашишга мажбур. Қоида шунақа.

Ҳамманинг кўзи оқсоқолда эди. Найзашох мотамсаро қиёфада бир зум сукут сақлаб тургач, мунгли товушда деди:

 – Иккита нол-у иккита тўққиз рақамли қароқчи энди шафқатимиздан маҳрумдир. Уни тутиб келтирган жонивор беш пақир кунжара билан мукофотлангай. Аммо, мукофотдан бўкиб ўладиган бўлса, уёғига жавобгар эмасмиз.

Бу гапдан ҳамманинг нафси жикиллаб, ялоқиларча тамшаниб қўйишди.

Билимдон

 Шудринглар қуёш тафтидан буғлана бошлаган сари майсалардаги ёқутранг нурлар аста-секин сўниб, яйлов яна одми тусга кирди. Худди шу паллада ўзига бино қўйган шалпангқулоқ бир махлуқ ўтлоққа ташриф буюрди. Бу Билимдон лақабли Эшак эди.

Билимдон жуда кўп нарсага қизиқар, ҳамма нарсани билишни истар, айрим жумбоқлар устида кечалари билан мижжа қоқмай бош қотирарди. Масалан, «Нима учун ёз фаслида қор ёғмайди», деган чигал бир савол уни узоқ вақт безовта қилиб юрди. Тинмай ўйлайвериб, охири шундай хулосага келди: «Қор ёзда ҳам ёғади, аммо иссиқдан осмоннинг ўзидаёқ эриб кетаверади».

Кейин у «Токи ер юзида От билан Эшакдай мукаммал ҳайвонлар бор экан, Хачир деган бачкана нарса нима мақсадда яратилган», дейилувчи саволдан иборат улкан масала устида фикр юрита бошлади. Фикрлай-фикрлай, ниҳоят жўяли жавоб топди. Унинг айтишига қараганда, дунё шундай сирли тузилган эканки, иккита зўр нарсанинг ўртасида битта қандайдир силқиндининг ҳам бўлиши табиий ҳол эмиш. «Чунончи, маъданга бой тоғлар билан мевазор боғлар оралиғида тап-тақир адирлар бор», дея фикрини исботлашга тиришарди у.

Ҳаёт жуда қизиқ нарса. Ўлиб-тирилиб битта жумбоқни ҳал қилганингда, ўша заҳоти олдингда бошқаси кўндаланг бўлиб тураверади. Эшак сўнгги пайтларда беҳад чалкаш бир масалани ўйлаб, миясининг қатиғини қайнатиб юрибди. Унинг заҳматкаш калласида: «Одамлар нима учун Мушукни қучоғига ўтқазиб эркалатишади-ю, Эшакни эса минишади», деган савол чархпалакдек айлангани-айланган. Афсуски, ҳали-ҳозир бунга жавоб тополгани йўқ.

Шу топда ҳам, иштаҳа билан ажриқ кавшаб, ана шу тўғрисида ўйлай бошлаган эди, «Вей, Эшшак!» – деган ҳақоратомуз товушни эшитиб, жаҳлланиб ортга ўгрилди. Унинг қаршисида бўйнига қўнғироқ илиб олган ўйинқароқ Улоқча турарди. Эшак калондимоғлик билан бурнини жийириб, ўшқирди:    

 – Бир тепишда тўрттала туёғингни осмондан қилгайман! Мени «эшак» дейишга қандай тилинг борди?

Эшакнинг бақиришидан не-не ҳайвонлар талвасага тушмаган дейсиз. Улоқча бўлса, миқ этиб қўймади.

 – Мени алдаб бўпсан, – дея бамайлихотир жавоб қилди у. – Йўлбарс эмаслигинг шундоққина кўриниб турибди. Хех-хех-хе...

 – Сенга айтиб қўяйин, тирранча, – кўкрак кериб ҳангради Эшак. – Мени Билимдон дейдилар! Бундан кейин оғзингга қараб гапиргайсан. Майлими?

Эшак ўзини ақлли мавжудот қилиб кўрсатишга уринаётгани Улоқчанинг кулгисини қистатди.

 – Ҳў, ўқимаган! – тап тортмай гапни давом эттирди у. – Ўзинг эшаксан-у, нега энди отинг Билимдон бўларкан?

Эшак гердайган куйи унга яқинроқ келди:

– Чунки, мен ҳамма нарсани билавераман. Ҳатто ўнгача санашниям бемалол эплаштирамиз. Мана, эшит: бир, олти, уч, саккиз, ўн! Қойилмисан энди?

 – Тўғри санадинг, – сир бой бермай чимрилди Улоқча. –Санашни мен ҳам биламан. Ишонмасанг, бир боғ хашакдан гаров ўйнаймиз.

Эшак чиранчоқ Улоқчага диққат билан бошдан-оёқ назар солиб чиқди. Кейин унинг қаёқдан келиб қолганини суриштирди. Улоқча бурнини юқори кўтариб, бўйнидаги қўнғироғини фахр билан жиринглатди:

 – Кумуш қўнғироғимни кўряпсанми? Фермадан юборишди мени. Энди шу яйловга оқсоқоллик қиламан:

 – Қаранг-га, қаранг-га! – уни масхаралаб тиржайди Эшак. – Бўлак оқсоқол қуриб кетганакан-да, а, эчкивачча?

Бу гапни эшитиб, Улоқчанинг феъли айниди. Эшакни сузмоқчидек, бошини пастга эгиб, туёғида ерни тимдалади.

 – Қайтиб «эчкиввачча» дейдиган бўлсанг, сени яйловда ҳанграш ҳуқуқидан маҳрум қиламан! – деб ўдағайлади у. – Шалпанг қулоқларинг билан уқиб олгинки, бугундан бошлаб мени «ҳурматли оқсоқол», ё бўлмаса, «ҳукмдорим» деб чақиришинг керак!

Эшакнинг бирдан думи қисилиб, кўзи бежо ўйнади. Улоқча энди қиттак юмшаб, мулойимроқ оҳангда сўз қотди:

 – Агар-р... чизган чизиғимдан чиқмасликка сўз берсанг, айтайликки... сени ўзимга ёрдамчи қилиб олишим ҳам мумкин.

Эшак беқиёс ақл-у фаросати билан шу ёшгача бирон-бир мансабга эга эмаслигидан жуда ўксиниб юрарди. Ҳозирги шаъмадан кейин унинг бўзрайган кўзлари тўсатдан ёрқин чақнаб кетди. Гапни чўзиб ўтирмай, ёрдамчи деган лавозим унга қанақа фойда келтиришини суриштирди. Улоқчанинг «бошлиқ билан ёрдамчи яйловнинг энг серўт жойида тамаддиланиш ҳуқуқига эга бўлади», деган сўзини эшитиб, қувончдан думи ўйнади.

 – Манави бошқа гап! – гижинглаб туриб, димоғида пўнғиллади Эшак. – Агар ваъдангда турсанг, ҳозирдан бошлаб гапингдан чиқмагайман, эчкивачча.

 – Нима дединг? – чақчайди Улоқча. – Ҳе, тилинг кесилгур!

 – Ке... ке... кечиргайсиз, – айбини ювишга уриниб, Улоқчани сизлай бошлади Эшак. – М.... мен «ҳукмдорим» демоқчи бўлувдим. Ҳа, манашунақа!

Улоқча енгил тин олиб, Эшакнинг кўзларига синчиклаб тикилди.

 – Мана, сен билан келишиб олдик, – деди у, ҳақиқий бошлиқлардек мийиғида жилмайиб. – Энди бошқаларни тартибга солишимиз керак.

Улоқча сополранг кўзларини жовдиратиб, атрофга аланглади-да, такроран Эшакка юзланди:

 – Айтгандай, бошқалар қани?

 – Бугун якшанба бўлса керак, – ахборот берди Эшак. – Мендан бўлак ҳамма ҳайвон якшанба куни дам олгай.

Буни эшитиб, Улоқчанинг аччиғи чиқди:

– Нима-нима? Яйловдагиларга якшанбада дам олишни ким қўйибди? Бутун қиш бўйи оғилхонадан чиқмай ем чайнашгани камми уларга? Ўзбошимчалик бу! Тушундингми?

– Тушунганда қандоқ! – аскарчасига қаддини ғозлади Эшак. – Нима, каллам ошқовоқмиди?

Кумуш қўнғироқли бошлиқ ҳозиргина лавозимга тайинланган шалпангқулоқ ёрдамчисига дастлабки топшириқни берди.

 – Ғириллаб бориб, ўша ялқовларни тезда яйловга етаклаб кел, – шоҳона қиёфада буюрди у. – Катта йиғилиш ўтказамиз. Келгунларингча, мен теварак-атрофни айланиб, яйловнинг аҳволи билан танишиб тураман.

Эшак яна қаддини ростлади:

 – Хўп бўлади, ҳукмдорим!

Эшак бир шатталаб ортга бурилди-да, сўқмоқни чангитганича, қишлоқ томонга пойга қўйди. Улоқча лабининг четида мамнун илжайди.

«Мана, бу тўс-тўпалон яйловдаям тартиб ўрнатадиган бўлдик, – бўйнидаги қўнғироқни сийпалаб ўйлади у.– Энди аҳмоқларга оз-моз ақл ўргатамиз. Ақллиларнинг тилини тийиб қўямиз. Маҳмаданалар бизга тўғри келмайди. Гап дегани ўзимиздаям етарли.

Улоқча яйловни кўздан кечиришга киришди. Йўл-йўлакай уер-буердаги ўтларни лабида чимдилаб, ҳар қайси жойнинг таъмини имкон қадар эслаб қола бошлади. (Davomi)

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz