ss
ao

ТАНИШУВ

 Эшшакларга кулманглар,Улар бари полвондир.

Эшшакларнинг ақли кам –

Деган гаплар ёлғондир,

Эшшакларга кулманглар.

 

Эшшакларга кулманглар,

Оғир юкни тортишса.

Асло кулмас эдингиз

Юкни сизга ортишса,

Эшшакларга кулманглар-а-р...

 Эшак ашула айтганича қишлоққа кириб келиб, ҳаммадан олдин бу атрофдаги энг кекса ва обрўли ҳайвон ҳисобланган Ҳўкиз оғанинг ҳузурига борди. Дарахтнинг остига ёнбошлаб олиб, бўйни етадиган жойлардаги ўт-ўланни эрмак қилиб ётган Ҳўкиз оға Эшакнинг саломига эринибгина бош қимирлатди.

 – Ҳа, Билимдон, нима гап? .

– Фермадан бизга оқсоқол юборибдилар, – деб ҳангради Эшак. – Ҳаммамиз яйловга марҳамат қилгаймиз. Катта мажлис бўладурмиш.

Ҳўкиз оға пешанасини тириштириб, секин ўрнидан турди. Елкасини дарахтга ишқалаб қашларкан, ўзича ғудранди:

 – Ўлай агар бу дунёнинг ишларига тушунсам. Фермаси қаерда-ю, оқсоқоли ким бўлдийкин? Ишқилиб, қариган пайтимда мени яна омоч судрашга мажбур қилишмасин-да...

Эшак ҳангира-ҳангир қилиб юриб, бошқа ҳайвонларни ҳам бир зумда йиғиб келди. Ҳўкиз оға уларга қўшилиб, яйлов сари нохуш одимлаб бораркан, йўл-йўлакай Эшакдан сўради:

– Менга қара, Билимдон. Ўша оқсоқолинг ким ўзи?

Эшак ҳар эҳтимолга қарши теваракка олазарак эловлаб олиб, пастроқ товушда деди:

– Очиғини айтгаймизки, ўзи кўримсизгина бир Улоқ. Лекин, қарангки, ўша эчкиваччанинг бўйнида кумуш қўнғироғи бор!

– Қўнғироқ ростданам ўзиникимикин, ҳов? – дея тилини осилтириб гап қистирди Олапар исмли Ит. – Менимча, сени лақиллатгандир-ов, вов!

Кўпдан буён шубҳасини айтишдан ўзини зўрға тийиб турган қизиққон Бўталоқ бу гапдан кейин тилига эрк бериб, дангал сўз бошлади:

– Олапар тўғри айтяпти. Ўша эчкиваччанинг шартта думини тугиб, келган жойига қайтариб қувиш керак. Бориб аммасига оқсоқоллик қилсин!

– Тўғри! – деди Қўзичоқ, Бўталоқнинг фикрини маъқуллаб.

 – Менимча, бундай қилиш яхшимас, – ўз одатига кўра, босиқлик билан муносабат билдирди Ҳўкиз оға. – Аввал у билан тўғриликча гаплашиб кўрганимиз тузук. Қани, мақсадини билайлик-чи.

Қўзичоқ бу сафар ҳам бошини қимирлатди:

– Тўғри!

– Ҳўкиз оғанинг гапида жон бор, – Бўталоқдан кўра мулоҳазалироқ эканини барчага билдириб қўйиш учун атайлаб салмоқли тарзда сўзлади Эшак. – Олдин яхшиликча фикрлашиб кўргаймиз. Агар мендек полвонниям алдашга ботинган бўлса, ўша эчкиваччани шахсан ўзим...

Эшакнинг кариллаши кекиртагида қолди. Дўнглик ортидан Улоқча чиқиб келаётганини кўриб, дарров ўзини ўнглади ва шахдам одимлаб, унинг истиқболига юрди:

 – Подани йиғиб келдим, ҳукмдорим!

Улоқча: «Сенга раҳматнома эълон қиламан, Билимдон», дея Эшакни оғзаки рағбатлантирган бўлди. Сўнг, бошқа ҳайвонларга юзланиб, уларга наридан-бери разм солгач, дабдабали оҳангда мурожаат қилди:

 – Салом, ҳайвонлар!

Ҳайвонлар бирин-кетин маъраб-мўвраб алик олишди. Энг охирида Олапар чўзиқ вовуллаб қўйди. Оқсоқол афтини буриштириб, унга ҳафсаласиз тикилди.

 – Яйлов бу ўтхўр ҳайвонларнинг жойи, – Олапарни заррача менсимасдан сўз қотди у. – Сен бу ерда нима қилиб юрибсан, итдан тарқаган?

Бўрибосар аждодларининг арвоҳини безовталантирувчи муомаладан жаҳли чиққан Олапар бурнини титратиб, қулоғини диккайтирди. Лекин, ваколати ҳозирча номаълум бўлган оқсоқолга ўчакишишдан ўзини тийиб, вазифаси Қўзичоқни яйловда қўриқлаб юришдан иборат эканлигини ётиғи билан тушунтиришга интилди.

 – Қўзичоққа пойлоқчилик қилишингга рухсат беришим мумкин, – дея Итга бироз ён босган бўлди Улоқча. – Бироқ, сени яйловда акиллаш ҳуқуқидан маҳрум қиламан!
Биз қоринни тўйдириб дам олаётганимизда, сен атрофимизда улиб юришинг тартибга хилоф нарса.

Нима дейишини билмай қолган Олапар Ҳўкиз оғага зимдан илтижоли қараб қўйди. Олапарга қолса-ку, бунақа бетасир хўжайинлардан ўнтасини бирпасда пийпалаб ташлаган бўларди. Аммо, кўпчиликнинг, кўпчилик бўлгандаям, эски қадрдонларининг райига қарамай иш кўриш буткул одобсизлик ҳисобланарди. Шуни ўйлаб, тишини тишига қўйиб турарди.

Ҳўкиз оға Итнинг аҳволига тушуниб, сабрингга балли, дегандек, унга маънодор бош ликиллатди. Сўнг Улоқчага юзланиб, деди:

 – Бу адолатдан эмас, оқсоқол. Олапар кўпдан бери биз билан бирга яшайди. Баримиз ака-укадек бўпкетганмиз.

 – Жудаям нотўғри мўвраяпсиз, – дея Ҳўкиз оғага эътироз билдирди Улоқча. – Сиз укам деб атаётган бу Ит бир кунмас бир куни биронтамизнинг суягимизни «қирт-қирт, қирт-қирт, қирт-қирт» қилиб ғажиши мумкин. Хўш, шуми адолат?

Ҳўкиз оғанинг бирдан ғаши келиб, безанглаганича ерни тепкилай бошлади. Улоқча унга таажжубланиб боқаётганини кўрган Эшак, шоша-пиша изоҳ берди:

– Илтимос, ҳукмдорим, Ҳўкиз оғага бундан кейин «хўш» деган гапни ишлатмагайсиз. Бу зот “хўш” деган гапни ёмон кўрадурлар.

– Сиздан қайтариб сўраяпман, Ҳўкиз оға, – дея ўзини яна қозиликка солди Улоқча. – Суягимизни роҳатланиб ғажийдиган маҳлуқ бизга дўст бўлиши мумкинми?

Ўзининг ортиқча донолиги билан эмас, балки салобати билан бировларга сўзини ўтказишга ўрганиб қолган кекса Ҳўкиз маҳмадана Улоқчанинг унчалар қалтис бўлмаган саволига жавоб тополмай, тилитутилиб қолди. Бундан фойдаланган оқсоқол ҳукмини кўпчиликка тасдиқлатиб олишга уринди:

 – Шундай қилиб, ҳаммамиз бир қарорга келдик, яъни Олапар яйловда вовиллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бугундан бошлаб, унинг бу ўртада акиллаганини эшитмаслигимиз керак.

Янгича тартибнинг биринчи қурбони бўлган Ит, тарафимни оладиганлар топилиб қолар, деган умидда кўзини жовдиратиб, турганларга бир-бир қараб чиқди. Қишлоқдошлари ундан кўзларини олиб қочишаётганини кўриб, бирдан маъюс тортди.

 – Ир-р, хап! – деб алам билан сўз бошлади Олапар. – Демак, энди мен ғинг демасдан юришим лозим. Шунақами?

Олапарнинг қишлоқдошлари унга ўнғайсизланиб қараб қўйишиб, яна бошларини эгишди.

 – Мен бундай яшолмайман, оғайнилар, – хазин сўзлашда давом этди Олапар. – Ўзларинг ўйлабкўринглар, яйловдан бегоналар ўтиб қолгудек бўлса, қандай қилиб уларга акилламасдан тура оламан? Ё бўлмаса, биронта лочин Қўзичоқнинг устида айланиб қолди дейлик. Бунақада ҳуримасдан бўладими? Айтинглар, ҳов, вов-вов! Мени кечқурунлари занжирга боғлаб қўйишгани ҳам етар. Ҳеч бўлмаса, вовуллаб турмасам бу кунимдан ўлганим минг марта яхши. Энди сизлар билан яйловда юролмайман, оғайнилар. Мен қишлоққа кетаман. Хайр, ир-р!

Ўзининг итлик шаънини барча нарсадан устун қўйиб ўрганган Олапар ношуд дўстларидан аразлаб, шартта орқага бурилди-да, хафагарчиликдан думини судраганича қишлоққа қайтиб кетди.

Ҳўкиз оға таҳқирланган Олапарнинг ортидан бир неча фурсат хомуш термилиб тургач, Улоқчага босиқлик билан мўвради:

– Барибир яхши иш бўлмади, оқсоқол. Бу Ит умрида ҳеч биримизга душманлик қилмаганиди.

– Лекин, дўст ҳам эмас! – тағин ўзиникини маъқуллади Улоқча. – Ўтхўр ўтни ўйлайди, суякхўр – суякни. Иккала гала аралашган жойда қон тўкилади.

Ҳўкиз оға пича мулоҳазаланиб олиб, деди:

 – Тўғри, Ит – суякхўр, аммо йиртқич эмас. Шу нарсанинг фарқига бормадинг шекилли, оқсоқол...

Жанжал

 Туялар кенглик ва эркинликни, ҳаттоки, ҳаёт учун энг зарур бўлган тўқлик ва ҳаловатдан ҳам устун қўйишади. Карвонбошиларнинг гапи чин бўлса, туялар саксовулни авлиё ўсимлик ҳисоблашар, унинг қаршисида чўк тушишиб, «Бизни тор кўчаларда юриш-у, сассиқ оғилхоналарда ётишдан асрагин», дея илтижо қилишар экан. Ота-боболарининг бу хусусияти Бўталоққа ҳам қон орқали озми-кўп ўтган бўлиб, ҳар қандай таъқиб ва чеклашларни ўлгудек ёмон кўрарди.

Бахти қора Олапар ўксинганича қишлоқ томон йўл олганидан сўнг, оқсоқолнинг пойқадами яйловга қутлуғ келмаганини сезган Бўталоқ тажангланиб пихиллади. Ҳўкиз оға: «Шу нарсанинг фарқига бормадинг шекилли, оқсоқол», дея бош тебратганида, яна ўзини тутиб туролмади.

 – Бу қанақасига оқсоқол бўлсин, Ҳўкиз оға? – деб жириллади у. – Бизни бир-биримизга гиж-гижлаш учун орамизга кирволган ғаламис бу!

 – Тўғри! – деди Қўзичоқ.

Эндигина амалга миндим деганида, ишнинг чаппасига кетаётганидан ташвишланган Эшак ғалаёнчи Бўталоқнинг тилини тийиб қўйишга ошиқиб, кўзини ола-кула қилди:

 – Ўпкангни босвол, Бўталоқ! Оқсоқол тўғри қилдилар. Биз ўт егаймиз, Ит емагай. Бунақа олифтачилик бизга ҳурматсизликдур.

Қўзичоқ бу гал Эшакнинг ёнини олди:

  – Тўғри!

 – Муғамбир эчкивачча Билимдонни ўзига оғдириб олганга ўхшайди, – атрофдагиларни ҳушёрроқ бўлишга чорлади Бўталоқ. – Эшак бизга сотқинлик қиляпти, биродарлар.

– Тўғри! – ўйланиб ўтирмай қичқирди Қўзичоқ.

Эшакнинг кўзлари туйқус бежо ўйнаб кетди. Сири очилиб қолишидан чўчиб, Бўталоққа бор овозда давара қилди:

 – Нималар деяпсан, букри? Мени ҳали ҳеч ким бозорга солмаган. Мен бирор марта сотилмаганман. Ва сотилмагайман!

Бўталоқ пандавақи Эшакнинг гапларига парво қилмай, бу жиккак Улоқчанинг ҳақиқий оқсоқоллигига барибир ишонмаслиги, бўйнидаги қўнғироқни бирон жойдан ўмарган бўлиши мумкинлигини айтиб, ўз фикрида туриб олди. Бошқаларда ҳам иккиланишга ўхшаган кайфият пайдо бўлди.

Улоқча ҳали жуда ёш эса-да, сал нарсага довдираб қоладиганлар тоифасидан эмасди. У, қай вазиятда бўлмасин, рақибини чалғитишга, ундан устун келишга уринар, тахликага тушганини на кўзидан, на хатти-ҳаракатидан сезиб бўларди. Табиийки, бу сафар ҳам бўш келмади.

– Вей, бели дўнгалак! – дея Бўталоққа сапчиланди у. – Минг марта шукур қилгинки, «Бабачоқ» фермасида эмассан. Йўқса, оқсоқолни тан олмаганинг учун аллақачон гўштга тортилган бўлардинг!

– Тупурдим ўша фермангга! – тап тортмай бўкирди жиззаки Бўталоқ. – Ферманг ҳам, ҳайвонларни гўштга тортадиган тарозинг ҳам ўзингга буюрсин.

Мабодо, бу жинқарчанинг фермадан юборилган оқсоқоллиги рост бўлса, уни ҳақоратлашнинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигидан хавфсираган Ҳўкиз оға авжланаётган жанжални босишга, масалани шовқин-суронсиз ҳал этишга уринди. У тумшуғининг учини Бўталоққа тўғрилаб, «пича жим бўл» дегандек, кўзини лўқ қилиб тургач, Улоқчага юзланиб, мулойим тарзда гап бошлади:

 – Кўнглингга олмагин-у, ука, сени юқоридан хўжайин қилиб юборишганига жамоатнинг ишонгиси келмаяпти. Сен бўйнингдаги қўнғироқни пеш қиляпсан. Ким билади, балки уни ҳақиқатанам бирор жойдан ўғирлагандирсан. Бунақа нарсани  баъзан  йўлдан топволиш  ҳам мумкин. Оқсоқоллигингни исботловчи бошқа дурустроқ далил кўрсатсанг, яхши бўларди.

Ҳануз қони қайнаб турган Бўталоқ пўписа аралаш гап қистирди:

 – Билвол! Бошқа далилинг бўлмаса, кетингга тепиб ҳайдаймиз!

Улоқча қанчалар сурбет бўлмасин, олдига қўйилган янги талабни эшитиб, андак эсанкираб қолди. Аҳволини бошқаларга сездирмаслик учун ўзини иложи борича хотиржам тутишга тиришиб, кўз сузганича хиёл илжайди. Бу туришидан «бошқа далил ҳам бор, лекин уни сизларга кўрсатиш шартмикин», деган маънони уқиш мумкин эди.

 – Бошқа далил керак денглар? – дея, турганларга писандсиз кўз югуртиб чиқди у. – Оббо, сизлар-ей...

Улоқча шундай деди-ю, гапни қандай давом эттиришни билмай, бошини қашлади. Қашинаётганида олдинги туёқчаси бехосдан қулоғидаги мис тамғага тегди. Шу заҳоти Улоқчанинг бошида ярқ этиб бир фикр чақнади-ю,  чеҳраси ёришди.

 – Далил бор! – деб қичқирди у. – Мана, бошқа далил! Қулоғимдаги мисни кўряпсизларми? Оқсоқоллик тамғаси бу. Рақамлариям бор.

Улоқча теграсида турганларга қулоғини бир-бир кўрсатиб: «Ишонмасанглар, ўқиб кўринглар. Ораларингда саводлилар топиладими?!» – деб даврани айланаётганида, Эшак: «Савод, мана, бизда бор, ўнгача санашни билгайман», дея олдинга чиқиб, тамғага узоқ тикилиб қолди. Эшакнинг безовталанаётганини кўриб, ҳамма ҳайвонлар сингари у ҳам ғирт саводсиз эканини пайқаган Улоқча ўз ёрдамчисига кўмаклашгиси келди:

– Нол, нол, тўқсон тўққиз деб ёзилган. Тўғрими?

      Бу сўз Эшакнинг жонига ора кириб: «Қаранг-га, шунақа деб ёзишибди-я», дея ҳангради. Улоқча энди қулоғини Ҳўкиз оғага тутди:

– Бу тамғани фермада ёпиштиришган. Яна қанақа далил керак, хўш?

Ҳўкиз оғанинг бирдан бурни титраб: «Яна «хўш» дейди-я, яна «хўш» дейди-я», деб, жойида депсина бошлади. «Бабачоқ» фермасида фақат қўй-эчкиларгина боқилар, Улоқча бошқа турдаги ҳайвонларни кўрмай улғайган, шу боис, уларнинг феъл-атворидан ҳам бехабар эди.

Энди, ҳўкизлар «хўш» деган сўзни нега ёқтирмаслигига тўхталиб ўтайлик. Одамлар бу жониворлардан асосан деҳқончиликда фойдаланишади, яъни уларга омоч қўшиб, ер ҳайдашади. Омочни судраб бораётган ҳўкиз мабодо издан сал четга чиқадиган бўлса, қўшчи: «Хўш! Хўшка!» – деб уни бир қамчилаб қўяди. Ҳўкиз зоти «хўш» деган гапни эшитганда, бир сапчиб тушиши шундан.

– Сизга айтувдим-ку, ҳукмдорим, – Улоқчани такрор огоҳлантирган бўлди Эшак. – Ҳўкиз оға «хўш» десалар аччиғлангай.

– Узр, билмасдан “хўш” деворибман, – дея Ҳўкиз оғани тинчлантирди Улоқча ва қулоғини унга яқинроқ тутди. – Мана, тамғани яхшилаб кўрволинг.

Ҳўкиз оға ўзини босиб олиб, тамғага бор диққатини жамлаб тикилди. Мисни олдин ҳидлади, кейин сал ялаб кўрди, «ум-м» дея пича мулоҳазаланиб турди.

 – Тамға қулоққа жудаям ўхшатиб чапланган, – деди у, ниҳоят шерикларига юзланиб. – Бунақа нозик иш анча-мунча ҳайвоннинг қўлидан келмайди. Улоқчанинг фермадан юборилгани, менимча, тўғри.

Эшак бу гапдан янада жонланди:

 – Айтувдим-ку, бу оқсоқол ҳақиқий деб. Нима, каллам ошқовоқмиди?

Бўталоқнинг кўнгли баттардан хижиллашди. Унинг танасидаги ҳар бир томчи қон эркка ташна, баданидаги ҳар бир тук таъқибга душман эди. Қандайдир эчкича бўйнидаги кумуш қўнғироқ ва қулоғидаги мис тамғага асосланиб, эндиликда уларга хоҳлаган буйруғини бериши мумкинлиги Бўталоққа беҳад алам қилаётганди.

– Сизларга тушунмаяпман, биродарлар, – белини қайиштириб, гавдасига қараганда жуда қисқа кўринувчи думини тиккайтирди у. – Ҳақиқийми, қалбакими, ўзи бизга оқсоқолнинг нима кераги бор? Оқсоқол дегани бизга қўшимча ем ёки хашак бериб турса, бошқа гап эди. Буйруқни еб бўлмаслигини ҳаммамиз биламиз. Шундай экан, бунақа хўжайинни бир тепиб, фермасига учирворсак-чи!

Бошқа ҳайвонлардан бирон-бир садо чиқмади. Шунда, Улоқча Бўталоққа салмоқланиб яқинлашди-да, дағдағани кучайтирди:

 – Ҳў, ўқимаган! Сиёсий томондан ғирт жинни экансан! Ўз яйловингдан ташқарида нималар бўлаётганини биласанми? Ҳамма жойда аҳвол шу – ҳар ким хоҳлагандай яшашга чек қўйилиб, жамоа бўлиб кун кўришга ўтиляпти, тартиб-интизом ўрнатиляпти. Мабодо, мени ҳайдасанглар, мендан кучлироғини юборишади. Масалан, қулоғига оқсоқоллик тамғаси ёпиштирилган Йўлбарс сендақаларни тезда мулла қипқўйган бўларди.

– Қанақа тартиб-интизомни гапиряпсан? – жириллашдан тийилмади Бўталоқ. – Сен келмасингдан бурун тинчгина тирикчилик қилиб юрувдик. Орамизга қўшилдинг-у, яйловда тўпалон бошланди. Шуми тартиб ўрнатиш?

Улоқчанинг ўрнида бошқа ҳайвон бўлганида, мантиққа таяниб айтилган бу сўздан эсанкираб, жўяли жавоб тополмай қолиши ҳеч гап эмасди. Бироқ, бизнинг қаҳрамонимиз «мантиқ», «асосли фикр» деган нарсалар билан ҳисоблашиб ўтирадиган анойилар сирасига кирмасди. Шу боис, қиттай иккиланмасдан, дангал жавоб қилди:

– Тинч жойда тартиб ўрнатиб бўларканми, хумбош? Тартиб ўрнатиш учун, қоидага кўра, олдин тўпалон чиқариш керак бўлади!

– Қаранг-га! – Улоқчанинг донолигига қойил қолди Эшак. – Мана гап қаерда экан!

Бўталоқ бир сурбет Улоқчага, бир қўрқоқ ва гўл шерикларига қараб қўйиб, жаҳл билан четга туфлади. (Davomi)

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz