ao
ss

ТЎРТКЎЗНИНГ ЧАҚАЛАРИ КИМДА?

Бу воқеа ўхшар эртакка…

Тўрткўз

Чақаларни солиб чўнтакка,

Эрталаб йўлга чиқди,

Дуч келган кавакка

бурнини тиқди.

У бозорга бормоқчи,

Янги итялоқ олмоқчи эди.

Лекин

Кўлнинг бўйида

пулини йўқотиб қўйди,

Ҳа, ҳамма чақаларини!

Чақириб у

Кўлнинг бақаларини,

Акиллаб деди:

– Ақчам бор эди,

Шу атрофда туйқус йўқолди,

Уни ким олди?

 

Бақаларнинг бошлиғи

қилди йиғилиш,

Вақиллади куюниб:

– Вей, бу қандай иш?

Яшар эдик ҳалол ва тўғри,

Қарангки,

Орамиздан чиқибди ўғри.

Тағин,

Келиб-келиб

итдан урибди,

Ана, Тўрткўз шўрлик

Йиғлаб турибди.

Қур-р-р…

Қайси қурғур-р-р

олган бўлса,

Чиқсин ўртага.

Тонса жўрттага,

Унда, ҳамма қасам ичади,

Шунда Тўрткўз

даъвосидан кечади.

 

Ҳеч ким ўртага чиқмагач,

Бошлиқ бошлаб берди,

Қолганлар жўр бўлиб

ичишди қасам:

«Пулни олган бўлсам,

Ушлаб  олсин уйқумда Лайлак.

Пийпаласин,

қилсин кўп ҳалак,

Тумшуқ уриб

қорнимни ёрсин,

Вақиллатиб ютиб юборсин!»

 

Бақаларнинг бошлиғи

деди Тўрткўзга:

– Қасам ичиб айтилган сўзга

Ишонмасдан

Ҳеч иложи йўқ.

Кўнглинг  бўлсин тўқ,

Пулингни олганлар

Бақалар эмас.

Ит ҳуриди:

– Бас!

Эҳ, қасамхўр, алдоқчилар!

Қароқчилар!

Тешиб чиқсин ҳалол пулим…

Бақаларга

Тилаб ўлим,

Бечора Тўрткўз

Бесўз,

Йиғламсираб ортга бурилди,

Йўл-йўлакай

Роса улиди.

 

Ўшанда ёз эди,

Келди, мана куз.

Ит ҳануз

Уйда,

Кўча-кўйда

Бақаларни қарғаб юрармиш,

Тинмай ҳурармиш.

Зўр қасамни

қилмасдан ҳурмат,

Ёғдириб туҳмат,

Бизни ноҳақ лаънатлади, деб,

Уёқда ҳам хафа эмиш

Итдан Бақалар…

 

Ҳей, бола,

Мабодо,

Сендамасми ўша чақалар?

ОДИЛ БУРГУТШОҲ ВА “ЗАМБУРУҒ” ЛАҚАБЛИ ЖОСУС ҲАҚИДА ЭРТАК

I

Бор эди бир одил Бургутшоҳ,

Тобе эди унга қиру тоғ,

Яйлов, дала,

Қумли барханлар,

Тош қалъалар,

Шинам қўрғонлар.

 

Қарчиғайшоҳ бор эди яна,

Ўрмон эди унга бошпана.

Далалари нотекис, яйдоқ,

Ярми ботқоқ,

Ярми қатқалоқ.

 

Бўлиб яхши ишларга ҳозир,

Бунда Тўти Бургутга вазир.

Қарға унда кирдил ишбоши –

Қарчиғайнинг ўнг қўл сирдоши.

Бунда Лочин қўшинга раҳбар,

Шўх Қирғийлар –  энг сара лашкар.

Қўмондондир унда сурбет Сор,

Оч Қузғунлар ҳамлага тайёр.

Қизилиштон бунда ясовул,

Унда эса Қораялоқ – қул.

Бунда Булбул қилганда хониш,

Унда қаҳқаҳ урарди Бойқуш.

Бунда Товус этганда хиром,

Какликларда жўшарди илҳом.

Эшилган чоқ унда Тустовуқ,

Термиларди Саъвалар совуқ.

Сўфитўрғай тўқ эди бунда,

Какку сарқит изларди унда.

II

Бургутда бор эди қўш фарзанд,

Бири асал,

Иккинчиси қанд.

Чақмоқ эди тўнғичин номи,

Ташна эди мардликка қони.

Қуёш эди кичигин исми,

Тўлиқ эди меҳрга жисми.

Ука – ўйчан,

Акаси – қувноқ,

Бир-бирига меҳрибон, иноқ.

 

Узоқ тунлар хаёл суриб гоҳ,

Ўз ўлимин ўйлаб қолса шоҳ,

Таъминлаш-чун элнинг бахтини,

Раво кўрар эди тахтини

Зеҳни ўткир,

Софдил Қуёшга...

Ахир, ақл ёшдамас – бошда.

 

У биларди,

Тўнғич фарзанди

Иродали,

Жасур ва танти,

Ўхшар худди туғма аскарга.

Чақмоқ бошлиқ бўлса лашкарга,

Ёв бузолмас бу юртнинг тинчин...

Афсус,

Қариб боряпти Лочин.

 

Шоҳ бир куни вазирин йўқлаб,

Тўрт-беш содиқ нозирин тўплаб,

Маълум қилди ушбу фикрини.

Барча маъқул кўргач зикрини,

Ёздирди бу ҳақда васият,

Тамғаланди эзгу бир ният.

III

Заковатли Тўти вазирнинг,

Яхши ишга доим ҳозирнинг

Бўлар эди ёлғиз бир қизи,

Исми Шабнам – наҳор юлдузи.

Оқил эди сулув қиз беҳад,

Билимдону ҳамда ҳуснихат.

Чуқур  ўйга чўмиб тонг маҳал,                                    

Машқ қиларди гоҳида ғазал.

Оқшомлари чертар эди соз,

Қумри янглиғ эди хушовоз.

У, хориждан келган муаллим –

Попишакдан оларди таълим.

Бургутшоҳнинг икки ўғлин ҳам

Дўст тутганди ёшликдан Шабнам.                                         

Қилар эди Чақмоқни ҳурмат,

У ҳам барча қизлардек албат

Ботирларга қоларди қойил.

Аммо кўнгли эди жа мойил

Ёқимтой ва дилкаш Қуёшга.

Тунлар буркаб парқувни бошга,

Ўхшаб ҳамма ошиқ қушларга,

Кўрар эди уни тушларда.

IV

Шайдо эди унга Қуёш ҳам,

Бироқ қизга йўлиққани дам,

Айтолмасди юрак сўзларин.

Меҳр билан тикиб кўзларин,

Ундан аҳвол сўрарди холос.

 

...Севиб қолди Чақмоқ ҳам бехос

Вазирнинг бу гўзал қизини.

Дадил тутиб бир кун ўзини,

Топиб-тутиб сўзлар жўшқинин,

Изҳор қилди унга ишқини.

Бўлиб қолди Шабнам бирдан лол!

Майса узра тиз чўкиб беҳол,

Гап тополмай,

Хам қилди бошни...

Ахир,

Қанча кутди Қуёшни,

Айтармикан дея бир сўзни.

Эслатиб дарз кетмаган музни,

Қуёш эса юраверди жим...

Шабнамни у севмагай балким.

 

Ўша „бир сўз“ айтилди, мана,

Чақмоқ турар қилиб тантана.

Кўз тикиб у кутмоқда жавоб...

Бу кўзларга бериб бўлмас тоб!

V

Қарчиғайшоҳ чорлаб Қарғани,

Сўради тунд:

– Гапир-чи, қани,

„Замбуруғ“нинг ишлари қалай?

Унга олтин бергандик талай,

Бўлиб кетди тугал зим-зиё,

Топган қушинг қаллобмиди ё?

Қарға деди:

– Тортманг ҳеч ташвиш,

„Замбуруғ“...

Эҳ, жуда маккор қуш!

У Бургутшоҳ қасрида ҳозир,

Унга сирдош уламо, нозир.

Хабар топиб баъзи бир сирдан

Ҳамда айрим икир-чикирдан,

Қилмоқ учун ишни пухта, соз,

Фурсат пойлаб юрибди шоввоз.

Шоҳ буюрди:

– Учсин Булдуруқ,

Бориб айтсин,

Ўша „Замбуруғ“ –

Ҳаракатни тезлаштирсин сал,

Унга бўлсин мададкор – ажал!

Хазинамиз бормоқда бўшаб,

Қолурмиз биз гадога ўхшаб

Забт этмасак у бой шаҳарни...

Боқиш қийин

Шунча аскарни.

VI

Тагида нақ етти қат тўшак,

Китоб ўқир Сассиқпопишак.

Мард Чақмоқнинг ёри Шабнамхон

Ҳикоятлар тинглар паришон.

 

Попишак бас қилиб ўқишни,

Талабаси – келинчак қушни

Зимдан сергак кузатиб бир зум,

Деди:

– Бунча хомушсан, қизим?

Кўплар учун бу ҳаёт – оғу,

Аммо сенга кулиб боқди у.

Ахир, ёвқур куёвинг Чақмоқ

Шу ўлкага бўлар бир кун шоҳ.

Сени ҳамма атар „малика“,

Эътиборда ёлғизу якка...

Юртда кўпдир сендек сулувлар,

Келиб лекин

Қаршингда улар –

Таъзим айлар,

Бош эгар бир-бир.

Аминманки,

Бўласан машҳур

Кўп ўтмай ёт ўлкаларда ҳам,

Шаҳзодалар тилида – „Шабнам!“

 

Дилбар келин хаёлга толди,

Узоқ-узоқ ўйланиб қолди...

 

„Қанча оқил бўлмасин аёл,

Унга сира келмайди малол

Бирон юртга малика бўлмоқ“.

Ўйлаб қўйди Попишак шундоқ.

VII

Эшитган кун тўйнинг дарагин,

Қуёшжоннинг сокин юрагин –

Гўё тилиб ўтганди наштар...

Азоб чекиб кундан-кун баттар,

Бедор ўтар унинг ҳар туни,

Кимга айтсин ахир дардини? –

Унга рақиб – севимли ака,

Севгилиси – бўлажак янга!

 

Бир кун боғда дуч келиб Шабнам,

Сўраб қолди:

– Кўриняпсан кам,

Ёки мендан хафамисан, айт?

Аразлаган каби

Сўнгги пайт –

Четлатяпсан мендан ўзингни,

Опқочасан нега кўзингни?

Биласанми...

Мен сени...

Ахир...

Сендек дўстсиз яшамоқ оғир...

– Сен ҳам мен-чун

Энг яқин сирдош, –

Дея маъюс жилмайди Қуёш:

– Яхши дўстсан,

Биламан, Шабнам,

Бўладирсан меҳрибон янгам...

 

Дард енгди-ю,

Тўйдан сўнг Қуёш

Ётиб қолди кўтаролмай бош.

VIII

Кириб маълум қилди ясовул:

– Шунқор шошиб мисоли довул,

Сўрамоқда қабулга рухсат...

Бургутшоҳ тез ажратди фурсат.

Шунқор

Шоҳни қилгач зиёрат,

Деди:

– Гапим шундан иборат,

Бир жосусни туширдик қўлга

Ва махфий хат олинди ўлжа.

Босмиш унга Қарчиғай тамға,

Имзо чекмиш остига Қарға.

Мактубга зар попук осилган,

Сизга қарши гаплар ёзилган.

Хатни бунда кутар „Замбуруғ“,

Тергов қилдик,

Аммо Булдуруқ

„Замбуруғ“ ким, деган саволга –

Жавоб бермай,

Боқар дуволга.

Воқеадан этилгач огоҳ,

Вазмин боқиб деди Бургутшоҳ:

– Бугунча сал зиқроқ вақтимиз,

Қўлда турса агар тахтимиз,

Эрта тергов қилинар жосус.

Фармонимиз:

Вақтинча маҳбус –

Зиндонда кун кўрмоғи лозим...

Миршаб Шунқор айлади таъзим.

Машғулотни тўхтатиб бехос,

Қовоқ уйиб Попишак устоз,

Аста деди:

– Азизим, Шабнам,

Талабамсан,

Фарзандимсан ҳам.

Сендан бошқа суянчиғим йўқ,

Бахт ҳамроҳинг бўлса,

Кўнглим тўқ.

Бир сирдан мен бўлдиму огоҳ,

Ғашлик чўкди кўнглимга ногоҳ.

Тишлаб юрдим кўп вақт тилимни,

Хуфтон қилмай дедим дилингни.

Сўнг ўйладим:

Хиёнат ахир

Ўз дўстингдан сақламоқлик сир.

Хуллас,

Кенгаш қилиб Бургутшоҳ,

Васиятин ёздиргани чоқ,

Мерос қилмиш Қуёшга тожин.

Истеъфога чиққанда Лочин,

Лашкарбоши бўлармиш Чақмоқ...

 

Мен Қуёшни демайман аҳмоқ,                       

Лекин у сал паришонхотир,

Акасидек эмасдир ботир.

Балки зеҳним ҳолдан толгандир,

Балки миям айниб қолгандир,

Балки олис боқолмас кўзим...

Аммо

Битта ҳикмат бор, қизим,

Қанча ўткир бўлмасин зеҳни,

Посанг босар отанинг меҳри.

Кенжатойин хоқон, менимча,

Ортиқ севар Чақмоқдан пича.

 

Устоз сўзин эшитиб Шабнам,

Жавоб қилди

Ўйланиб бир дам:

– Адашмасам,

Бўлса ҳамки ёш,

Хоқонликка лойиқдир Қуёш.

Шоҳнинг амри дейдилар вожиб,

Буюк зотга қилмайлик таажжуб.

 

Шоҳга изҳор қилса-да ихлос,

Ёш келинчак гезарди бир оз.

Х

Зиндон эди жуда қоронғи...

Тун яримдан оғгани чоғи,

Заранг қопқоқ очилди аста,

Недир тушди гурсиллаб пастга.

Яқин борди

Булдуруқ ҳайрон,

Кўрди – ўлиб ётар зиндонбон.

 

Маҳбус токи ҳушин қилмай жам,

Пайдо бўлди қотил ўзи ҳам.

Деди:

– Калланг соғми, Булдуруқ?

– Салом бердик,

Жаноб „Замбуруғ!“

– Секин!

Қани, гапир-чи, ини,

Хатда нелар дейилганини.

 

Захдан ранжиб,

Йўталиб қуруқ,

Хат мазмунин айтди Булдуруқ.

У сўзини тугатган чоғда,

Қоронғида қолди-ю доғда,

Учраб қабиҳ ҳамлага ногоҳ,

Билолмай не бўйнида гуноҳ,

Оғзи каррак очилганича,

Бўғзига тиғ санчилганича,

Ағнаб тушди,

Жон берди фақир...

О, малайнинг қисмати оғир!

ХI

Меҳрибони – устоз айтган гап,

Ўтди Шабнам қалбини тирнаб.

Диққат бўлди,

Чалкашди ўйи,

Лоҳас сезди ўзин кун бўйи.

Тунда дарди сиғмай терига,

Бу ҳақда гап очди эрига.

Мийиғида жилмайди Чақмоқ:

– Буни ўзим билардим,

Бироқ

Сен қаердан эшита қолдинг?

Сулув Шабнам чуқур тин олди:

–  Эшитдим-да,

Нима фарқи бор?

– Жоним,

Хафа бўляпсан бекор,

Нега керак ўзи бизга тож?

Тополсайдим агар мен илож,

Турмас эдим саройда бир кун.

Беш-ўн навкар олволиб дуркун,

Ов қилардим дарада ойлаб.

Ўтирардинг йўлимни пойлаб

Сен канизлар билан чодирда –

Чечакларга бурканган қирда...

Қўмондон – энг керакли нозир,

Минг-минг лашкар менга мунтазир.

Юртни ёвдан сақласам омон,

Айт-чи, бунинг нимаси ёмон?

Бу шарафли,

Фахрли беҳад,

Шоҳда эса – қуп-қуруқ шуҳрат.

 

Шабнам мамнун боқди ёрига,

Суянчиғи,

Ифтихорига.

Ғурурланди юртпарвар эрдан

Ва кўнгли ҳам ёришди бирдан.

ХII

Эрта тонгда бош миршаб Шунқор,

Ранги ўчиб мисоли бемор,

Кириб келди Тошсаройга суст.

Ҳам зиндонбон,

Ҳам маккор жосус

Бир хил тиғдан беланиб қонга,

Жон берганин шу кеч зиндонда

Баён этди

Қирганча томоқ.

Бир оз сукут қилгач,

Деди шоҳ:

– Чала қолди гапинг, чамамда,

Сен айтмадинг

Қайси сур банда

Бундай ишга қилибди журъат?

– Шоҳим,

Сиздан сўрайман шафқат!

Биз...

Қотилни топамиз...

– Етар!

Ҳиқиллама,

Бошингни кўтар.

Унутма,

Сен – Шунқорсан, Шунқор!

 ...Қотилни топ!

Қани, энди бор...

 

Чиқиб кетгач  Шунқор хонадан,                       

Гап ташлади кимдир панадан:

– Бора олгай соқчига яқин –

Тунда фақат миршаб...

Ҳм, тағин –

Ким билади...

Тангрига яккаш

Чархнинг иши туюлмас чалкаш.

ХIII

Машғулотни бошлаш-чун устоз,

Битта-битта босиб мисли ғоз,

Кўк эшикдан кирди хонага.

Мункиллаган букри энага

Маълум қилди:

– Шабнамхоним банд!

У, қаҳвага солиб бир жуфт қанд,

Кириб кетди  Қуёш ёнига.                 

Қарамасдан сув ва донига,

Оғир ётган эмиш шаҳзода,

Малика ва хоқон – азада.

 

Попишак тез қайтиб орқага,

Яқин бориб „Кумуш ҳалқа“га,

Очиб Қуёш эшигин қия,

Ичкарига бош суқди ҳуфя.

Бўртокчада – эшик ёнида,

Ўхшаб қушнинг иссиқ қонига,

Турар эди қаҳвали идиш.

Эшитилди ётоқдан товуш:

– Нима бўлди,

Азизим, Қуёш?

– Янга...

Шабнам...

Тўкмагин кўзёш...

 

„Улар – ошиқ!

                      – деди Попишак. –

Гар янглишсам,

Демак,  мен эшак”.        

ХIV

Киприклари бўлиб жиққа нам,

Чиқди  Қуёш ёнидан Шабнам.        

У чиқди-ю,

Эшитилди дод,

Уввос солиб кўтарди фарёд

Оқсоч Чумчуқ бўзлаб хонада,

Зумда нотинч бўлди хонадон.

Етиб келди шоҳ ва малика,

Нозирлар жим туришар тикка,

Бемор Қуёш қусар эди қон,

Қуса-қуса,

Берди охир жон.

 

Табиб Каптар таажжубда эди,

Аҳвол билан танишиб деди:

– Заҳардан у...

Топибди ўлим...

Оқсоч деди:

– Бормайди тилим!

Бир зум олдин хонима Шабнам,

Бўлиб бунда беморга ҳамдам,

Мажбур қилиб,

Мажбур қилиб, ҳа! –

Шаҳзодага ичирди қаҳва.

 

Нечун оҳ-дод?

Нечун бу фиғон?

Оқсочга ҳам керак эди жон.

 

Ёшга тўлиб Шабнамнинг кўзи,

Беихтиёр оқариб юзи,

Чекинаркан,

Қичқирди:

– Ёлғон!!!

Заҳар солган – ўзингсан,

Илон!

 

Дард-алами сиғмай кўксига,

Тиқилганча фарёд бўғзига,

Изтиробдан титраб қўллари,

Юрди Шабнам хонаси сари...

Ҳамма ҳам

Хун бўлганда жигар,

Ўз уйида йиғлашни истар.

ХV

Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ётаркан Шабнам,

Кирди Чақмоқ хонага илдам:

– Сендек маккор хотинга лаънат!

Лаънат ёғсин

Менга ҳам абад!

Бунча калта бўлмаса фаҳмим,

Нечун идрок этмабди ақлим, –

Мамлакатга бўлгин дея шоҳ,

Эрингга бахт тилаганинг чоқ,

Қилгандинг-ку укамга ғараз.

Доғда қолдим,

Ҳайҳот, мен галварс!

Жуда яхши ишлабди калланг,

Тушунибсан,

Ҳаёт – кураш, жанг.

Мавжуд экан эрингда ука,

Бўлолмасдинг ахир малика...

Маликалик турмас доим нақд,

Жаннатда ҳур бўлақол,

Аблаҳ!

 

Тўлиб қаҳру ғазабга Чақмоқ,

Бармоқларин қилди-ю сиртмоқ,

Човут солди ёрин бўғзига.

Даҳшат акси чақнаб кўзида,

Тўлғанарди келинчак тинсиз...

Сўнг

Гиламга йиқилди унсиз.

ХVI

Энагага бўлганча ҳамроҳ,

Кўк эшикдан кириб келди шоҳ.

Қизи томон отилди вазир,

Донг қотдилар уламо, нозир.

Сўлган гулдек ётарди Шабнам,

„Нима бўлди сенга, қизгинам?“ –

Дея, урди она Тўти оҳ.

Муштин қисиб,

Бош эгди Чақмоқ.

 

Чаққон юриб ясовулга хос,

Қизилиштон кирди-ю бехос,

Тиз чўкди:

– О, улуғ хоқоним,

Афв этилса бир қошиқ қоним,

Воқиф қилай сизни бир гапдан.

– Айт!

– Кўшкдаги гилам йўлакдан

Борардим тахт эшиги сари,

Ясовулни алмаштиргани.

Яқинлашгач „Кумуш ҳалқа“га,

Тисарилдим бирдан орқага.

Мен кўрдимки,

Жаноб Попишак

Очиб Қуёш эшигин қиттак,

Ичкарига тумшуғин суқиб,

Турар эди гапларни уқиб.

Бир пайт

Қўйнин пайпаслаб қолди

Ва қўлига ненидир олди.

Уй ичига кирди-ю аста,

Қайтиб чиқди яна бирпасда.

Сўнг атрофга боқиб бадгумон,

Йўл олди ўз хонаси томон.

У, йўлакдан бурилган дамда,

Алланарса тушди гиламга.

Бориб олдим,

Қарасам – узук,

Ўлжа бўлмас бундан ҳам тузук...

Ким билибди бундай бўлишин?

Ўйловдим – у жанобнинг иши

Гап пойлашдан ўтмас нарига...

Фаҳмим етди кейин барига.

ХVII

Табиб Каптар узукни олиб,

Уни ёғоч косага солиб,

Ботирган вақт бир қултум сувга,

Сув шарақлаб айланди буғга.

Шоҳга табиб юзланди беҳол:

– Бир кўрибоқ,

Сезгандим дарҳол.

Суюқликка солинса агар,

Бу узукдан тарқалар заҳар.

 

Шунқор деди:

– Хоқони улуғ,

Попишак бу – ўша „Замбуруғ!“

Шоҳ ғазабнок сўз қотди:

– Аттанг!

Пича кечроқ ишлади калланг,

Тезда қўлга олинсин баттол!..

Ясовуллар тарқалди дарҳол.

 

Ётар эди Шабнам

Бегуноҳ...

Чақмоқ наъра тортди-ю ногоҳ,

Деразани пачақлаб бирдан,

Отди ўзин баланд қасрдан.

– Ўғлим!!! – дея

Қилди шоҳ нидо.

Пичирлади табиб: „Алвидо!“

Нозирларни босди таҳлика,

Қўш фарзандсиз қолган малика

Нолиш билан

Юлган чоқ юзин,

Шабнам аста очди-ю кўзин,

Турганларга боқди таажжубда.

Бу дунёнинг иши ажиб-да,

Бир эшикдан кирган пайт мотам,

Бир эшикдан чиқиб кетар ғам.

ХVIII

Милтилларди қора жинчироқ,

Мудрар эди соқчи Қарқуноқ.

Товуш келди зиндондан шунда:

– Ошна,

Сенга қийин-да жуда.

Менга маълум зиндонбон ҳоли,

Итникидан ёмон аҳволи...

– Сеникидан лекин дурустроқ! –

Деб ғудранди соқчи Қарқуноқ.

 

Попишакнинг чиқмади жаҳли:

– Тез кунда мен бўламан бахтли...

Сен кўряпсан фақат бугунни,

Ўйласанг-чи эртанги кунни.

Ўлди Шабнам, Чақмоқ ва Қуёш,

Ғамдан шоҳ ҳам бўлади одош.

Қарчиғайшоҳ босиб келар сўнг,

Мурдалардан ясар катта дўнг.

Кенг майдонга қалаб арчани,

Нозир,

Навкар,

Соқчи...

Барчани –

Тириклайин ёқар гулханда.

Бўйи тенги сочар зар танга,

Кимки бўлса унга содиқ қул...

 

Вайсар экан Попишак нуқул,

Қамраб олди соқчини ваҳма.

Худди ўтда тургандек лақма,

Потирлади:

– Мақсадингни айт!

– Ёғочсарой ичра ушбу пайт

Қарчиғайшоҳ менга мунтазир.

Рози бўлсанг,

Иккимиз ҳозир

Кунботарга қараб учамиз,

Эрта-индин манзил қучамиз.

Сени унда

Қиламиз тўра,

Бу, гулханда ёнишдан кўра –

Анча қулай,

Тўғрими, ўртоқ?

Ўйлаб туриб, деди Қарқуноқ:

– Бордир ахир,

Хотиним, болам...

– Олволамиз икковини ҳам...

 

Хуллас,

Осон сотилди соқчи,

Ҳарён боқиб мисли айғоқчи,

Шартта очди зиндон эшигин.

Кейин пастга тушди-да секин,

Пичоғини суғуриб ёндан,

Халос этди „дўстин“ арқондан.

Маҳбус турди қаддин қилиб ғоз...

Сўнг соқчига ташланиб бехос,

Тортиб олди унинг яроғин.

Ушлаганча лат еган жағин,

Қичқирган дам хумбош Қарқуноқ,

Кўкрагига санчилди пичоқ.

 

Танлолмади ўзибоп жўра,

Бўлолмади ёт юртда тўра,

Булғанди эл унга берган туз,

Қолиб кетди уйида ёлғиз

Хотини тул,

Боласи сағир...

О, сотқиннинг қисмати оғир!

ХIX

Нафас олар қийналиб Чақмоқ,

Жони танда бўлса ҳам,

Бироқ,

Оғир эди аҳволи жуда.

Шоҳу вазир,

Қайнона-қуда –

Юришарди бедор, нобардам.

Табиб Каптар,

Вафодор Шабнам –

Нари кетмай Чақмоқ қошидан,

Қонли терни артиб бошидан,

Томизишар эди лабга сув.

Беҳушликми ё қаттиқ уйқу

Ярадорни қилганди карахт...

Ўлса – армон,

Тирик қолса – бахт!

 

Тонгга яқин, телбага ўхшаб,

Гангсиб кирди хонага миршаб:

– Ўлимимга розиман,

Шоҳим,

Ортиб кетди беҳад гуноҳим...

Зиндонбоннинг сирли ўлгани,

„Замбуруғ“нинг ғойиб бўлгани,

Шоҳ дилини тунд қилди баттар:

– Йўлга чиқсин Қалдирғоч чопар,

Посбонларни этсин у огоҳ,

Чегарадан ўтолмасин соғ

Бирорта қуш,

Бирорта чивин!

...Сўнг ўзича шивирлаб секин,

Деди:

– Балки, қолгандирмиз кеч...

Тавба, ақлим етмай қолди ҳеч,

Тошсаройда нелар бўляпти?

Лак-лак офат қайдан келяпти?

ХХ

Бургутшоҳнинг икки фарзандин,

Ҳам вазирнинг ёлғиз дилбандин,

Бир кундаёқ тинчитганини,

Ёвни боплаб инжитганини

Сўйлаб берди Попишак мағрур.

Қарға деди:

– Ишларинг манзур.

Шу қаторда жонсиз ё носоғ –

Ётган бўлса эди Бургутшоҳ,

Унда, баҳонг бўларди „аъло“.

– Қизилиштон деган бир бало

Расво қилди ишимни бевақт,

Ўзи, шоҳга келувди навбат.

– Қарчиғайшоҳ

Уч кунки, касал,

Қўрс ва инжиқ бўлиб қолди сал.

Келганингни айтаман кириб,

„Замбуруғ“нинг зафарин билиб,

Кўнгли бирдан ёришса, зора...

Мукофотни

Қиламиз „ар-ра“.

ХХI

Бериб бўлгач Попишак ҳисоб,

Қарчиғайшоҳ айлади хитоб:

– Бургутшоҳ-чи?!

– Вақтинча... тирик...

Лекин шунча қайғу, кўргилик

Унинг жонин олиши керак...

– Ўлишини кутамиз, демак?

Ақлинг бало,

Маслаҳатинг зўр...

Сўнг қичқирди:

– Ярамас! Нонкўр!

Хўб совурдинг мўмай маблағни,

Ўша тождор қари аблаҳни

Нечун қила олмадинг гумдон?

Балки...

Ширин туюлгандир жон?

Ботибсан сен азим гуноҳга!

Мендек машҳур Қарчиғайшоҳга

Шартта қурбон бўлмаган жонзот

Илтифотга лойиқмас...

Жаллод!!!

 

Тиз чўкиб дод солди „Замбуруғ“:

– Кетингизга бўлайин қуйруқ,

Болангизга бўлай ўйинчоқ,

Шафқат қилинг,

Мурувватли шоҳ!

 

Шоҳ кўзидан сўнмади нафрат,

Попишакка этмади шафқат.

Пинагини бузмасдан зарра,

„Мукофот“ни қилмасдан арра,

Сурлик билан

Юз бурди вазир...

О, жосуснинг қисмати оғир!

ХХII

Ёв ниятин қилмоқчидай пуч,

Бир ой ўтиб,

Йиғиб анча куч,

Чақмоқ аста турди оёққа.

Суянмасдан қўлтиқтаёққа,

Тошсаройдан чиқди ташқари,

Унга тирак – вафодор ёри.

 

Очилди кўк, оқ, сариқ дарча,

Мамнун боқар саройдан барча:                       

Одил шоҳу

Ақлли вазир,

Оқсоч,

Миршаб,

Уламо,

Нозир

Жуфт чечакдек бу икки ёшга...

 

Таъзим қилмоқ учун Қуёшга,

Биргалашиб Шабнам ва Чақмоқ,

Кўзларидан ёш томиб мунчоқ,

Сағанага келдилар яқин.

Бор дегандек ҳаётда ҳаққим,

Гўё кўкка қиларди нола

Гўр устидан чиққан ёш лола.

Симираркан

Тонгнинг сабосин,

Эшитгандек гиёҳ нидосин,

Кўз қадади лолага Чақмоқ.

 

Чақмоқ

Юртга бўлар бир кун шоҳ!

Қандай кунлар келгай ўшанда?

Ўт кетмасми ушбу гулшанга?

Сақланарми тахтда одиллик?

Авж олмасми қирғин, қотиллик?

Мўл бўлгайми сандиқларда дон?

Ўйлолгайми навқирон хоқон

Оддий халқнинг тақдирин бедор?

Боқолгайми ёвларга ҳушёр?

Босқинчидан кўрмасми завол

Сўқмоқдаги мункиллаган тол?

Юрт тарихин супурмасми ел?

Ўзлигини сақлолгайми эл?

Бузилмасми кўҳна қасрлар?

Топталмасми қутлуғ қабрлар

Ва ундаги ўйчан лолалар?

.   . .  .  . .  .  . .  .  . .  .  . .  .  . .  

.  . .  .  . .  .  . .  .  . .  .  . .  .  . .  .  . 

Эртак тамом...

Хайр...  болалар...

ТАҚДИРНИНГ ҲАЗИЛИ

Ё ўнгимда қувонсам,

Ё хафароқ уйғонсам,

Кимдир айтса қизиқ гап,

Ё ўкинсам ҳўнг йиғлаб,

Жўшса қушга шафқатим,

Ё илонга нафратим,

Гоҳи омоч ё жавон

Боқса ғамгин ё шодон,

Теракми ё шафтоли

Сўзлаб қолса аҳволин,

Келажакка бўйласам,

Ё ўтмишни ўйласам,

Тийилиб сал шўхлигим,

Келиб чўпчак тўқигим,

Узоқ тунлар эринмай,

Бировларга кўринмай,

Шеър ёзардим тинмасдан…

Шоир бўлдим билмасдан.

Аслида мен, биродар,

Минмоқчийдим трактор.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz