ao
ss

МАЙМОҚ

Биламан, қўнғир айиқ,

Нега оёғинг маймоқ.

Чунки ўсдинг ўрмонда

Беботинка, бепайпоқ,

Шунга оёғинг маймоқ.

 

Вақтинг бекор ўтказма,

Тентираб юрма саёқ.

Ботинка тик қунт билан,

Болангга тўқи пайпоқ,

У ҳам бўлмасин маймоқ.

ЎҒРИ БЎРИ

Ўй-нияти бузилиб,

Боқар Бўри узоққа.

Боқар кўзи сузилиб,

Олисдаги бузоққа.

 

У ўғрилик қасдида

Боқди фақат узоққа.

Боқмай оёқ остига,

Тушиб қолди тузоққа.

ТАЙЁРГА АЙЁР

Хих-хих-хих-хи,

Хох-хох-хо...

Менинг номим Бўридир.

Мен ҳақда сиз эшитган

Ёмон гаплар тўғридир.

Қўй боқмадим тер тўкиб,

Едим барра қўзини.

Туз бермасдан бировга,

Ичдим кўпнинг тузини.

Текин овқат бўлса бас,

Ҳар қаерда мен шайман.

Бировлардан кўчирган

Ўқувчига ухшайман,

Хих-хих-хих-хи,

Хох-хох-хо...

ЛАҚМА ЛАЙЧА ВА ТУЛКИЧА

Кеч қолмай, деб Тулкича

Шошиларди мактабга.

Йўлда таниш бир Лайча –

Учради, тутди гапга:

– Қулоқ сол, ҳой Тулкиев,

Кўрдим бугун ажиб туш.

Наъра тортиб келар дев,

Кимлар қочар, ким беҳуш.

Дев-чи келар лапанглаб,

Оғзин очиб тандирдай.

Тойчоқни у қилди даф

Гўё кичик чандирдай.

Хиппа бўғиб Эшакни,

Икки ямлаб бир ютди.

Сўнг бузиб бор катакни,

Товуқ, хўрозни тутди.

Паққос еди Ҳўкизни,

Татиб кўрди Бўридан.

Сунг симирди денгизни,

Чанқовининг зўридан...

Кўрмаса-да наф пича

Лақма Лайча арзидан,

Уни тинглаб Тулкича 

Қолиб кетди дарсидан.

ФАЗОГИР

Сичқон боқиб ҳар томон,

Кўзи тушди термосга.

Ракета деб, қаҳрамон –

Учмоқ бўлди космосга.

 

Шошма-шошар сичқонча

Тездан ишга киришди.

«Ракета»га чиққунча

Шўрлик роса тиришди.

 

«Ракета»га кирди-ю,

Учолмади космосга.

Чиқолмасдан қайтиб у,

Қолиб кетди термосда.

 

Аслида, чин фазогир

Бўлар билимдон, абжир.

НАФСИ БУЗУҚ

Ерди чумчуқлар чўқиб

Бир парча нонни аҳил.

Орага тумшуқ суқиб,

Олиб қочди бир бахил.

Тушиб кетди булоққа –

Йулда тумшуғидан нон.

Ютди-қўйди бир лаққа

Сувдан сакраб шу замон.

 

Ким бўлса нафси бузуқ,

Ҳар ерда ризқи узуқ.

ҚАСОС

Калайсан, бабақ хўроз?

Қўлга тушдинг,

Қандай соз!

Уйқум бузиб ҳар сафар,

Қичқирардинг ҳар саҳар.

Қувсам тутқич бермасдинг,

Ҳеч гапимга кирмасдинг.

Беролмайсан энди панд,

Сени ейман... хўрозқанд!

ЗИЙРАК ҚУШ

– Қайрағочнинг устидан
Ҳуштак чалган жажжи қуш.
Менга дўст бўлай десанг,
Кўп сайрама, пастга туш.

 

– Сени яхши танийман,
Беҳуда вайсама, Нор.
Дўст бўламан дейсан-у,
Қўйнингда рогатканг бор.

ҚЎҒИРЧОҚЛАРИМ

Токча тўла ўйинчоқ –

Турли-туман қўғирчоқ.

Мен таърифлай уларни,

Жим туриб сен сол қулоқ.

АЙИҚ

Қўнғир айиғим полвон,

Қўлида тош — бир ботмон.

Қўймаса ҳам ҳеч ерга,

Чарчамас, ботмас терга.

БУЗОҚ

Бузоқчам бор малла ранг,

Оёқда турар аранг.

Таажжуб, бир йил ўтса ҳам,

Бўйи ўсмабди, қаранг.

ХЎРОЗ ВА ТУЛКИ

Тож деган Хўрозим бор,

Ёнида Тулки — айёр.

Тулкининг қорни очмас,

Сезгир Тож билан қочмас.

ТОЙЧОҚ

Тойчоғим учқур, зийрак,

Тўрт оёғи ғилдирак.

Синдирмасанг бас уни,

На ўт-у, на сув керак.

ТОВУҚ

Дон-дун сепсам емайди,

Қувсам қочмас товуғим.

Айтинг нима сабабдан

Жўжа очмас Товуғим?

ҚУЁН

Шалпангқулоқ Қуёним

Мағрур турар, кўнгли тўқ.

Уйинчоқлар ичида

Билсангиз, шум Бўри йўқ.

ЭЧКИ ВАҚЎЙЛАР

Сопол яйлов устида

Эчкивой йўл кўрсатар.

Соқолини пеш қилиб

Қўйларга эс ўргатар.

ЭРКА ҚИЗ

Қўғирчоғим – эрка қиз

Сира юммас кўзини.

Доим бирга бўлсак ҳам,

Эшитмадим сўзини...

 

Ўрдак, Булбулча, Кучук,

Ҳўкиз, Бўталоқ, Мушук –

Ҳақида айтмадим гaп,

Келарсан ўзинг йўқлаб.

БЕБОШ

Тангабалиқ ташвиш чекар

Ўғли қайтмай хонага.

ё атайлаб эркатойи

Беркинганми панага?

 

Шўх эмасми, сайр қилиб

Кетгандир ё узоққа.

Ёш эмасми, тўрни кўрмай

Тушгандир ё тузоққа.

 

Балки кимдир уни алдаб,

Қармоқ билан тутгандир.

Балки учраб очкўз чўртан,

Тириклайин ютгандир.

 

Тангабалиқ ташвиш чекар

Ўғли қайтмай хонага.

Бебош бўлса эркатойи,

Қийин экан онага.

ҲАЛОЛЛИК

Ўрдагим титиб ариқ,

Егулик излар эди.

Чувалчангми ё балиқ,

Нимадир кўзлар эди.

Мен дедим: «Ҳой, ўрдагим,

Тилар бўлса иштаҳанг,

Хоҳлайсанми қармоқда –

Тутиб берай мен наҳанг».

Ўрдагим дер: «Йўқ, раҳмат,

Тутиб берай нимаси.

Овқат еса бемеҳнат,

Бўларканми мазаси?»

НОИНОҚЛАР

Тўрғай қўниб шохчага,

Нари тур, дер Зағчага.

Зaғча туртар Тўрғайни:

– Ўпкангни бос, оғайни.

 

Кўкни тутиб «дод»лари,

Чўқишдилар тумтайиб.

Юлиниб бор патлари,

Қолишди-ку шумшайиб.

 

Қўл тутишмай ўртоқча,

Бир-бирларин йиқишар.

Асли Тўрғай ва Зағча

Бир шохчага сиғишар.

НОДОН КОМАНДИР

Маҳмадона шум Така

(Лақаби эди «Шага»),

Ўзин санаб командир –

Дер: «Нега керак тандир?

Келинг, дўстлар сузамиз,

Олов ғорни бузамиз.

Битта тандир бўлса кам,

Ларзага келмас олам.

Кўриб қўйсин бошқалар –

Ҳанги, Саман, Қашқалар

Эчкиларнинг мардлигин,

Қўрқоқлик ёт дардлигин».

Жангга кирди эчкилар,

Тентаклик қилиб улар,

Кўтардилар тўполон,

Тандир ҳам бўлди яксон.

Бир вақт қaрaca кампир,

Чил-парчин бўлмиш тандир.

Момонинг чиқиб жаҳли,

Дея: «Шошмай тур ҳали...»

Эчкиларни қувалаб,

Аямасдан савалаб,

Калтаклади барчасин,

Майиб бўлди қанчаси...

 

Юрма нодон изидан,

Юрган – кўрсин ўзидан.

МУҒАМБИР

Сўйлар кенжа каламуш:

– Бу кеч кўрдим ажиб туш.

Очиқ ётганмиш омбор,

Буғдойлар қанор-қанор.

Ичиб олиб дўсти-ла,

Мушук ухлар постида.

Воҳ, қаранглар, қандай бахт!

Тушундим-ки — айни вақт.

Тездан ишга киришдим,

Ёлғиз роса тиришдим.

Донни ортиб бўйнимга,

Пишлоқ тиқиб қўйнимга,

Чўнтагимга солдим қанд.

Сўнг мушукка бериб панд,

Аста қайтдим изимга.

Терлар оқиб юзимдан,

Оғир юкни орқалаб,

Гоҳ секин, гоҳ йўрғалаб,

Етиб келдим уйимга,

Совға олиб ойимга...

Уф, чарчадим ўлгудай,

Шундай толиқдим... бай, бай!

Илтимос, жон акажон,

Ер қазиш анча осон.

Ёлғиз ишланг бугунча,

Дам олволай мен пича.

МОЛ ВА ВОЛЕЙБОЛ

Давра қуриб тўрт бузоқ,

Ўйнашарди волейбол.

Ҳаваси қўзғаб шу чоқ,

Яқин келйи қари мол:

– Қани, жажжи жиянлар,

Ўйнайлик-чи ҳаммамиз.

Кўринг қандай зўр ўйнар

Сизнинг қари аммангиз...

Бешов ўйин бошлашди,

Бошларида тўп уриб.

Бир-бирига ташлашди,

Чаққон сакраб, тик туриб.

Ёшлар билан басма-бас

Тиришарди қари мол.

Бузоқлардан келмай паст –

Дерди: «Қани, қаттиқ сол!»

Бузоқлар ҳам бўш келмай,

Тўпни қаттиқ уришди.

Бор зарбани пайдар-пай

Мол «хола»га буришди.

...Ёш қашқанинг зарбидан

Молнинг шохи узилди.

Қизиқ ўйин ярмида

Ана шундай бузилди.

 ЎН ТИЛЛА МУКОФОТ ВА БАХИЛЛАР КОМАНДАСИ

ҲАҚИДА

 Жар солар Эшак жарчи –

Ўрмондаги хабарчи:

– Тингланг, ҳангу-ҳанг, фармон,

Муҳр босган Йўлбарс султон!

Шоҳ истарки, ўрмонда –

Тузилсин зўр команда.

Ҳам бўлинсин иккига,

Моҳир бўлсин тепкига.

Чунки, шоҳнинг кенжаси –

Йулбарсчалар эркаси

Ишқибозмиш футболга,

Ўн тилламиш ҳар голга.

Ҳамда барча уйинчи

Олар шоҳдан суюнчи.

Рози бўлганлар, тингланг,

Марш орқамдан, ҳангу-ҳанг!

 

Шоҳ тилласин олай, деб,

Сўнг шинам уй солай, деб,

Фил келса-ки майдонга,

Йўлбарс чиқиб айвонга –

Мағрур сўзлаб турганмиш,

Барча давра қурганмиш:

 

– Диққат, ўртоқ ҳайвонлар,

Диққат, мардимайдонлар!

Малла чипор думбоқчам

Кўзларига олиб нам,

Мени қўймай қистайди –

Футбол кўрмоқ истайди.

Билиб қўйсин халойиқ,

Тренер — маймоқ Айиқ.

Бўлмасин сўзин биров,

Команда тузсин дарров!

 

Айиқ чиқиб тўрига:

– Сен судья,– дер Бўрига,–

Ким-ки ўйнаса қўпол,

Еб қўй, майли, бемалол.

 

Четга чиқиб дер Қуён:

– Ўйнамайман, ҳой полвон.

Кечдим ўша тилладан,

Ажрагим йўк, калладан.

Айиқ уриб қаҳ-қаҳа,

Дер: «Азал сен шундақа.

Бор, жўнайқол, дингқулоқ,

Юмрон сендан яхшироқ.

Сен эса, Маймун – шайтон,

Бўласан дарвозабон...»

 

Тулки қўллаб ҳийласин,

Олай деб шоҳ тилласин,

Дер: «Ўйнай мен ҳужумда.

Тўпни ўраб думимда,

Чалғитаман жуда соз,

Бу ўринга ўзим мос».

 

–Бе, ўрнашмас тўп думда,

Зўр зарбим бор хартумда.

Бас келиш эмас ҳазил

Мен ҳужум қилсам,— дер Фил.

 

Айиқ ўрнидан туриб:

– Бас қилинг,– дер бўкириб,–

Ҳужумда Жираф қолар,

У яхши калла солар.

Қанот ҳужумчи – Қоплон,

Чалғитишга кўп чаққон.

Тулки ўйнар ўртада,

Ҳимояда – тўрттадан.

 

Фил рақибни айлар танг –

Энг орқада кўндаланг.

Тунғизвой, сал бўл бардам,

Филга берасан ёрдам.

Кирпи, сени қўшмаймиз,

Янги тўпни тешмаймиз...

 

Тўп ўртага ташланди,

Ўйин жадал бошланди.

Чопқиллашди чангитиб,

Бир-бирларин гангитиб.

Ўйин роса чўзилди,

Майдон баттар тўзиди.

Илиб олса ким тўпни,

Назарга илмай кўпни,

Ўзим урай гол, дерди,

Тилла олай мўл, дерди.

Лекин, очкўз, бахиллар,

Ноиноқ, ноаҳиллар –

Қанчалар беллашмасин,

Қанчалар терлашмасин,

Бари бир гол бўлмади,

Шоҳнинг кўнгли тўлмади.

Кириб нафсин кўйига,

Ҳориб, чарчаб уйига –

Қайтди барча ўйинчи,

Бетилла, бесуюнчи.

 

Бўривой чалди ҳуштак,

Шу билан тамом эртак.

СОТҚИН  БАРОҚ  ҲАҚИДА

Бор экан-да, йўқ экан,

Оч экан-да, тўқ, экан.

Жуда қадим замонда,

Тикан босган ўрмонда

Яшар экан бир Қоплон –

Тенги йўқ зўр паҳлавон.

Йиртқич бўлиб у жуда,

Қон тўкаркан беҳуда.

Ҳар кун келиб қишлоққа,

Боқмай асал, пишлоққа,

Тирик жон овлар экан,

Нафси кўп ғовлар экан.

Кампирларнинг Товуғин,

Чўпонларнинг Совлиғин,

Деҳқонларнинг Ҳўкизин,

Эчкиларнинг семизин,

Кучук, Эшак, Бузоқни,

Бабақ Хўроз, Тойчоқни

Еб кетаркан ўғирлаб,

Тунда хиппа бўғизлаб.

* * *

Дейишиб: «Бу не кулфат?!»

Қилмоқ учун маслаҳат,

Қишлоқдаги ҳайвонлар –

Ғамдан дили вайронлар

Бир ҳужрага йиғилиб,

Туртинишиб, тиқилиб,

Очишибди зўр мажлис,

Ит – котиб, Ҳўкиз – раис.

Кўрилар бир масала.

Ҳўкиз қилиб ҳафсала

Куйиб-пишиб сўзларди,

Дардга малҳам изларди:

– Очиқ гап, биз қўрқоқмиз,

Иноқмасмиз, тарқоқмиз.

Ҳар ким ўйлар ўзини,

Эчки билмас Қўзини,

Ит танимас Тойчоқни,

Қўйёқламас Бузоқни.

Агар бўлсак елкадош,

Бир ёқага тиқсак бош,

Нима бўпти бир Қоплон?

Дош бермас, ҳатто, Арслон!..

* * *

Мажлис давом этаркан,

Ҳар ким фикрин айтаркан,

Ташқарида шум Мушук –

Доғули, фикри хунук,

Мажлисни тинглар эди,

Мағрур ҳиринглар эди:

– Эсин ебди аҳмоқлар.

Ҳўкиз, Эшак, Тойчоқлар

Бас келарми Қоплонга –

Тенги йўқ, зўр полвонга?

Тўғри, бирга яшадик,

Бир қишлоқдан ошадик.

Лек, ҳеч кимдан қарзим йўқ,

Бу томондан кўнглим тўқ.

Мен содиқлик ҳақида

Кимга берибман ваъда?

Қўшилмайман уларга,

Тоқатим йўқ хатарга.

Қондошмиз-ку ҳаммамиз –

Қоплон асли аммамиз.

Тезроқ бориб ўрмонга,

Сирни очай полвонга.

Келиб ботир жигарим,

Деб: «Қани, ҳай, полвон ким?”

Тутиб олиб ҳар бирин,

Берсин роса таъзирин.

Дарё қилиб у қонни,

Қишлоқдаги бор жонни

Буткул тобе айласин,

Мени ҳоким сайласин.

* * *

Хабар келди узоқдан –

Разведкачи бузоқдан:

Сотқинлик қилиб Мушук –

Доғули, фикри хунук

Барвақт туриб азонда,

Ўғри-йиртқич Қоплонга

Барча сирни айтганмиш,

Уни бошлаб қайтармиш.

     * * * 

Бир оздан сўнг қишлоққа

Боқмай асал, пишлоққа,

Гердайиб кирди Қоплон –

Тенги йўқ зўр паҳлавон.

У Мушукка илжайиб,

Сўз бошлади тиржайиб:

– Айтгин менга, ҳой жиян,

Қани Ҳўкиз, Ит, Саман?

Қайда қолди полвонлар?

Асли қўрқоқ сичқонлар.

У «мақданчоқ ғоз»ларни,

Телба мажлисбозларни,

Кўрсат менинг кўзимга,

Сўз қотсин-чи ўзимга...

   * * *

Ҳар бурчакдан шу заҳот

Дадил чиқиб Ҳўкиз, От,

Эчки, Бузоқ, Товуқлар,

Кучук, Тойчоқ, Совлиқлар

Ҳай-хайлашиб, бақириб,

Бир-бирларин чақириб,

Қўрқмай йиртқич ўғридан,

Шартта тутиб бўғзидан,

Чор тарафдан ушлашди

Ҳам ўлгунча муштлашди...

Севинчидан дер Саман:

«Кўпдан қутулмас қуён»

          * * *

Ҳайвонлар жам бўлишиб,

Хўп ғазабга тўлишиб,

Суд қилишар Мушукни.

Жаҳли чиқиб Кучукнинг –

Дейди: «Мушук сотқин, ёв,

Шафқат бўлмас, хап, вов-вов!

Шу ярамас Бароқни –

«Кал суймаган тароқ»ни

Хуш кўрмасдим аслида,

Хавф сезардим наслидан.

Тортиб асли падарга,

Бизни ташлаб хатарга

Фақат ўзин ўйлади –

Ёвга сирни сўйлади.

Сотқинга ўлим, хап-хап,

Шуни қиламан талаб».

Қўшилиб Ит фикрига,

Қойил бўлиб зикрига

Ҳамма ҳайвон «тўғри» дер,

«Сотқин ҳам бир ўғри» дер.

– Шафқат бўлмас Мушукка!

– Бизлар элмас Мушукка!

– Туф, сотқинга минг лаънат!..

Барча ҳайвон ҳамжиҳат

Келишиб бир қарорга,

Ўша Мушук маккорга

Шафқатни кўрмай раво,

Бердилар олий жазо.

 

Кўпга сабоқ бўлсин бу:

Сотқинларнинг ҳоли шу!

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz