ao
ss

1 ЯНВАРЬ

 Янги йил кирди, мана,

Қилдик роса тантана:

Дадам ишга бормади,

Аям хамир қормади,

Акам иншо битмади,

Мен ҳам китоб титмадим…

Энамда тугаб тоқат

Пишириб келди овқат.

3 ЯНВАРЬ

Кенжа укам Бунёдни

Боғчасидан опкелдим.

Йўқолмасин деб қанди,

Чап лунжимга сопкелдим.

 

Кўриб музда йиқилган

Қорни мешдай Хурсандни,

Куламан деб,

Оғзимдан –

Туширвордим, эҳ, қандни.

 

Қандни сўри-и-б юрардим,

Хурсандвойдан куламасам…

Йиқилганга мен нега –

Ачинмадим,

Билмасам?!

6 ЯНВАРЬ

 

Мана, кичик таътилда

Куним ўтмоқда хушҳол.

Қийнашарди мактабда

Беришиб ҳар хил савол.

 

Энам-чи, менга савол –

Ёғдиришни суймайди.

Чалкаш жавоб берсам ҳам,

Сира «икки» қўймайди.

7 ЯНВАРЬ

Аччиқ шамол аралаш

Қор ёғяпти бўралаб.

Ўтирибман бойқушдек

Деразадан мўралаб.

10 ЯНВАРЬ

Таътил дегани –

Ўйин, кулки, дам.

Қанча ухламай,

Тергамас аям…

 

Уйғотди бугун

Эркалаб, мақтаб.

…Чамаси, яна –

Бошланди мактаб!

14 ЯНВАРЬ

Муаллим дер:

– Бешта ёнғоқ

Турар ана.

 

Қанча бўлар

Бештасини

Қўшсак яна?

 

Жавоб қилдим:

– Иккита беш

Ўн бўлади…

 

Қўшмай туриб

Еб қўйсак-ку,

Жўн бўлади.

19 ЯНВАРЬ

Осилтириб тилини

Равшан келди эрталаб.

Чанасида ўтирар

Кўппак ити эркалаб.

Ҳайрон боқсам,

Дер Равшан:

– Мен… вақтинча «энага».

Итни пича ўйнатиб,

Сўнг… қўшаман чанага.

23 ЯНВАРЬ

Зап ғалати туш кўрдим:

Очилганмиш печакгул.

Боларига айланиб,

Асал йиғибман нуқул.

 

Келиб қўшни болалар,

Қулоқ солмай сўзимга;

Асалимни ермишлар,

Қолдирмасдан ўзимга.

 

Жим ўтирган эмишман

Бир чеккада ичикиб…

Кейин чўчиб уйғондим,

Баданларим жунжикиб.

27 ЯНВАРЬ

Акаларим туш пайти

Ғўлани арралашди.

Ҳали кичик бўлсам ҳам,

Уларга қаралашдим.

 

Иккаласи терлашиб

Арра тортган маҳалда.

«Полвонлар, бўш келманг!» деб

Бериб  турдим хўп далда.

30 ЯНВАРЬ

Гап қистирдим дадамга,

Тортиб туриб бурнимни:

– Нишонласам дегандим

Мен… туғилган кунимни.

 

Ўртоқларим келишар:

Нозим, Ҳабиб, Марҳабо…

Етса керак учта нон,

Тўрт пиёла мураббо.

31 ЯНВАРЬ

Бозор-пиён қарғани –

Отиб қўйди,

Маст келиб.

Эҳ, ҳозирча кучсизман,

Бўлмас унга бас келиб.

 

Зўравонга жим боқиб,

Тугиб қўйдим муштларни.

…Нега ёмон кўраркин

Бозор-пиён қушларни?!

4 ФЕВРАЛЬ

Акам тинмай йўталар,

Қолган эмиш шамоллаб…

Бечоранинг томоғин

Қўйишса-ку дазмоллаб.

7 ФЕВРАЛЬ

Чийиллади нимадир,

Шошиб чиқдим айвонга.

Кўрсам,

Турар сичқонча,

Думи эса – қопқонда.

Астагина бўшатдим

Унга жабр қилмасдан.

Қочаётиб

Қўлимни –

Тишлаб олди… билмасдан.

11 ФЕВРАЛЬ

Парво қилмасдан лойга,

Мактабдан қўйдим пойга.

Ҳозир етиб бораман,

Ҳа-да, етиб бораман

Уйга – қандчой бор жойга.

12 ФЕВРАЛЬ

Нега мени болалар

Эрмаклашар «сариқ» деб,

Семизларни пуфагу

Хипчаларни ориқ деб?

 

Бировдан айб қидирмай,

Қилишса ўз ишларин;

«Икки»лари камайиб,

Кўпаярди «беш»лари.

17 ФЕВРАЛЬ

Аммам келди

Шаҳардан

Меҳмонга.

Ошнажонлар,

Марҳамат

Ширмонга!

21 ФЕВРАЛЬ

Иштаҳаси зўр,

Ашаддий сутхўр

Ўғри мушук бор.

 

Тутволиб уни,

Чимчилаб бурнин,

Йиғлатганмиш Нор.

 

Урганмиш сўнг дўқ:

«Ҳой, инсофи йўқ,

Юргин-да тўғри!»

 

Мўйловин бураб,

Кечирим сўраб,

Кетганмиш «ўғри».

25 ФЕВРАЛЬ

Акам мени уришди:

– Ҳей, бузоқни қувлама.

Аразлатиб сигирни,

Ҳаммамизни қийнама.

 Сут беришни тўхтатиб –

Қўйса агар молимиз,

Нонуштада қаймоқсиз

Нима кечар ҳолимиз?

26 ФЕВРАЛЬ

Келди Аюб,

Келди Нор,

Келди Эркин, Гулбаҳор,

Келди Отабек, Рамз,

Гавжум бўлди ҳовлимиз…

Қўшнилар билан

Ўйнадим роса.

 

Кетди Эркин,

Кетди Нор,

Кетди Рамз, Гулбаҳор,

Кетди Отабек, Аюб,

Ўзим қолдим шумшайиб...

Қўшнилар билан

Қилмай муроса.

28 ФЕВРАЛЬ

Кунлар илиб,

Томдаги –

Тарновлар кўз ёшлади.

Ерлар ҳам ола-була,

Қорлар эрий бошлади.

Уйда акам Баҳодир

Дадамга бўлиб пашша,

Чана олиб беринг, деб

Қилар ҳануз хархаша.

2 МАРТ

Қуёш қорни эритиб

Турса турар илжайиб.

Бизлар юраверамиз

Қор бўлмаса,

Лой чайиб.

Сўнг бошланар дағдаға,

Остонадан қувишлар.

Жондан ўтиб кетади

Ҳар кун калиш ювишлар.

3 МАРТ

Жуни туллаб Олапар –

Юрар гўё бенимча.

Шод чуғурлар чумчуқлар,

Қорни тўқ-да, менимча.

5 МАРТ

Хафа юрдим кун бўйи

Мушугимиз Қорадан.

Фарҳод билан тургандик,

Ўтиб кетди орадан.

 

Мен ва Фарҳод дўст эдик,

Энди йўқдир чорамиз –

Қора мушук ўтдими,

Бузилар, эҳ, орамиз…

8 МАРТ

Пул ундирдим дадамдан,

Аямга гул олгани.

Хўрозқандга ҳам етар

Гулдан ортиб қолгани.

10 МАРТ

Тош ака ва Хол тоға

Уриштирди итларин.

Итлар тишлар аямай

Бир-бирларин этларин.

 

Шўрликларнинг юнгига

Сачрар қизил қонлари.

Сезяпманки,

Жудаям –

Оғрияпти жонлари.

 

Гиж-гижлаган одамлар

Мамнун мўйлов силашар…

Қонга ботган бу итлар

Ўзи нима талашар?

13 МАРТ

Паловни еб ўтиргандик,

Бирдан чироқ ўчиб қолди.

Кимдир гангиб анграйган пайт,

Кимдир гўштни «чўқиб» олди.

 

Ташқарига чиқай десак,

Ёмғир ёғар нақ челаклаб.

Кўрпаларга тарқалишдик

Ким туртиниб,

Ким эмаклаб.

16 МАРТ

Еб қўйганмиш очкўз қўй

Сигиримнинг ўтини.

Ўтни-ку ейди,

Аммо

Кўрсатмайди сутини.

18 МАРТ

Дадам билан кечки пайт

Телевизор кўрдим мен.

Кўрганларим ҳақида

Кўп ўйланиб турдим мен.

 

Ёдгорликлар тарихин

Қилишибди зўр кино.

Сонсиз экан Хевада

Жилокор кўҳна бино.

 

Мана, қадим Бухоро

Тош кўчалар бунча тор?

Жонлантирар ўтмишни

Лаби ҳовуз, Чор минор.

 

Айниқса-чи, Самарқанд

Обидага бой экан.

Гўри Амир қуёшу

Бибихоним ой экан.

 

Ана, Қўқон…

Гўё мен –

Юрибман ёт асрда.

Зар чопонни кийиб хон,

Ўтиргандай қасрда.

 

Кўз олдимдан кетмас ҳеч

Тошкентдаги мадраса.

Девордаги нақшлар

Қуйиб қўйган атлас-а!

 

…Қачон, қандай қурилган

Бундай қаср, бинолар?

Ҳамма гапни батафсил

Айтолмайди кинолар.

 

Осилдиму бўйнига

Дадамга қилдим хитоб:

– Топиб беринг, дадажон,

Шулар ҳақида китоб.

22 МАРТ

Айланамиз қозоннинг

Атрофида жонсарак.

Энам баҳорга атаб

Пиширяпти сумалак.

 

Тошча териб ариқдан,

Дошқозонга ташлаймиз…

Бунча қийин пишиши?

«Иш»ни қачон бошлаймиз?!

23 МАРТ

Қирдан топсанг чучмома,

Қават-қават пўстин арч.

Мусобақа қилгандек

Кавшанайлик «ғарчча-ғарч».

 

Кўпроқ ялпиз теролсанг,

Дарров уйга учвор-а.

Катта бувинг соғ бўлса,

Тугиб берар чучвара.

24 МАРТ

Баҳром акам ва аям

Бугун бодринг экишди.

Тепаласа жўякни,

Олапарни сўкишди.

 

Хафа бўлиб улардан,

Нари кетди Олапар…

Наҳот туғиб бермас у

Энди кучук болалар?!

29 МАРТ

Сайраб қўяр майнахон

Чўқиб бодом гулидан.

Мушук пастда ҳурпаяр,

Кетавермай йўлидан.

1 АПРЕЛЬ

Аҳмадвойнинг эшигин

Тўхтатмай тақиллатдим.

Чиққач,

Ўралган қоғоз –

Узатиб лақиллатдим:

 

- Ма, ол,

Бериб юборди –

Аканг мендан музқаймоқ.

…Очган эди қоғозни,

Чиқди йиртиқ жунпайпоқ.

4 АПРЕЛЬ

Бу йил бунчаям эрта

Очилибди қизил гул?

Қани, қўн-чи қўлимга,

Бир… икки… уч…

Узил, гул!

7 АПРЕЛЬ

Ўйнагани боргандим

Жумавойнинг тўйига,

Жума хафа ўтирар

Ариқчанинг бўйида.

 

Йиғламсираб деди у:

– Қочиб чиқдим уйимдан.

Қассоб келди эрталаб…

Ажраб қолдим қўйимдан…

9 АПРЕЛЬ

Ўқитувчи савол берди:

– Айт-чи, Зиёда,

Сенингча, энг оғир жисм –

Нима дунёда?

 

Зиёда – жим. Кафтин ишқаб –

Ориф бетига,

Дер: «Дунёда… оғир нарса…

Арифметика!»

11 АПРЕЛЬ

Чипор товуқ жўжа очди,

Кўп-да унда эс!

«Бир, икки… беш…

саккиз…

ўн бир…»

Санаб чиқдим тез.

 

Энам эса ўйланиб дер:

– Санаймиз кузда…

Бу ҳовлида сал тезкорроқ

Ҳисобдон – биз-да.

14 АПРЕЛЬ

Олиб келди дадам

Тошбақа.

Косачаси худди

Тошдақа.

 

Чиқарди у

Косасидан бош…

– Нима ейсан,

Қовурмами, ош?

17 АПРЕЛЬ

Бодрингларнинг орасига

Экиб чиқдик бугун макка.

Қанотини шапиллатиб,

Шохда қарсак чалар ҳакка.

 

Кенжа укам конфет сўриб,

Бир чеккада беғам юрар.

Бу гал «ишга аралашмай»,

Олапар ит хомуш турар.

25 АПРЕЛЬ

Тош бувага помидорин

Суғоришга ёрдам бердим.

Ўзимни са-а-л терлатдим-у,

Қари чолга са-а-л дам берди.

26 АПРЕЛЬ

Шаршаранинг шундоқ ёнида

Бўлган экан эски тегирмон.

Баҳор келса,

Унинг томида –

Қизғалдоқлар гулларкан чунон.

 

Ёшу қари миниб от-эшак,

Буғдой ортиб келар эканлар…

Уни бузиб кетганмиш

Ўзга –

Тегирмоннинг нонин еганлар.

30 АПРЕЛЬ

Аям мени ювиб-тараб,

Кийимимга босди дазмол.

Ах-х…

Куйсаям бирор жойи,

Дод сололмас шўрлик «газмол».

1 МАЙ

Бугун байрам дўстларим,

Катта-кичик ўйнайди.

Ҳеч ким «икки» олмайди,

Ҳеч ким «икки» қўймайди.

5 МАЙ

Териб келди

Акам гилос.

Ўн тўрттадан

Едик холос.

 

Есак ҳамки

Гарчи шитоб,

Ҳар бир данак –

Ҳисоб-китоб!

9 МАЙ

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг,

Бугун яна байрам бўлди…

Хат йўллабди аскар тоғам,

Кўнглим бирдан бардам бўлди.

12 МАЙ

Кунлар жуда тез ўтаркан,

Мана, бодринг пишиб қолди.

Янглишмасам,

Олапар ҳам

Аччиғидан тушиб қолди.

13 МАЙ

Жуда қизиқ…

Пилла қурти

Ширин тутни емайди.

Лекин таъмсиз баргларини –

Берсанг, тўйдим демайди.

 

Жуда қизиқ…

Сув ичмасдан,

Фақат овқат сўрайди.

Пишиқ иплар билан охир

Ўзин тўрга ўрайди.

16 МАЙ

Бугун бирдан

Келдию бўрон,

Ҳуштак чалиб

Қилди тўполон.

 

Дов-дарахтга

Ўзини отди,

Толни зўрлаб

Рақсга тортди.

 

Қариликни олмай

Бўйинга,

«Чол» чинор ҳам

Тушди ўйинга.

 

Кечга яқин

Тўполон тинди.

Ким ўйнашни билмаса…

Синди!

19 МАЙ

Тракторчи қўшнимиз

Қувноқ келди даладан.

– Текис ўсар ғўзалар,

Қуввати зўр танада!..

 

Фақат айрим жойларда

Учратганмиш «ола»ни.

…Тинч қўйишса кераг-ов

Бу йил «мактаб бола»ни.

24 МАЙ

Бугун телевизорда

Мултфилмлар қўйилди…

Инжиқ, йиғлоқ укамнинг

Жағи анча тийилди.

27 МАЙ

Мирзавойнинг уйидан

Қайтдик шод, тетик.

Шу денг шакарга булаб

Қулупнай едик.

28 МАЙ

Чиқадиган бўлдик биз

Энди катта таътилга…

Эҳ, дадам қўл қўйсайди

Қарамасдан табелга.

31 МАЙ

Пича қийин бўлди-да

Акмал болапақирга.

Бу ёқда ўрик пишар…

У… жўнармиш лагерга.

1 ИЮНЬ

Сартарошнинг ойнасин

Синдирибсан тепиб тўп.

Энди Норбек,

Хивичда –

Савалайди аканг хўп.

 

Бувинг олсин ёнингни,

Вазиятни тушунтир:

Болаларни ҳимоя –

Қилиш куни бугундир.

3 ИЮНЬ

Карам шўрва пишириб,

Сузди аям барчага.

«Ме… мен-чи?» деб эчкимиз

Мўралади дарчадан.

6 ИЮНЬ

Учиб ўтди

Бир турна

Қийқириб.

 

Шод юрарми

У янги

Уй қуриб?

 

Ё йиғларми,

Рўзғори

Тўзганми?

 

Ёмон одам

Уйини

Бузганми?

8 ИЮНЬ

Қизиқ китоб ўқидим,

Буратино ҳақида,

Чиқиб олиб

Эртанги –

Ғайнолининг шохига.

11 ИЮНЬ

Аввал раис, агроном

Донни чайнаб кўришди.

Комбайнлар келиб сўнг

Буғдойларни ўришди.

15 ИЮНЬ

Бугун чилги узум тугиб

Келган пайт холам,

Янаям кенг ва чиройли

Кўринди олам!

18 ИЮНЬ

«Уруш-уруш» ўйнадик,

Бўлди роса қаттиқ жанг.

Ана,

Юрар «ўлганлар»,

Ҳаммасининг усти чанг.

20 ИЮНЬ

Чўмилсин деб набирам,

Ўргансин деб сузишни,

Эпласин деб, менимча,

Бошқалардан ўзишни,

Шербилакли боболар

Зўр ишга бел боғлашган,

Шу Фарғона каналин

Қирқ беш кунда кавлашган.

22 ИЮНЬ

Момом

Уруш ҳақида сўзлаб,

Айтди

Жуда ғалати бир гап:

«Одам

Бомба ясаб толмайди…

Бомба…

Одам ясай олмайди…»

25 ИЮНЬ

Дадам нега чекар ахир,

Нега баъзан ичади?

Нега ўзи билиб туриб,

Соғлигидан кечади?

 

Дадамга гоҳи шуни айтсак,

Кулиб қўяр: «Оббо сиз!..»

…Ўртоғим Хол шу туфайли

Қолди ахир… дадасиз…

28 ИЮНЬ

Энам билан

Ток остида

Шўрва ичар кампирлар.

Гўшти – бизга,

Кампирларга –

Ёқар райҳон-жамбиллар.

2 ИЮЛЬ

Бодрингларнинг ўрнига биз

Экдик эски картошка…

Эсга тушди

Қўшиқдаги

Тайёрхўр хў-ў Антошка.

4 ИЮЛЬ

Дадам билан икки кунга

Дам олгани жўнадик.

Тоғнинг ярим белидаги

Турбазада тунадик.

 

Қўрқмай фотоаппаратдан

Тушдим ҳатто суратга.

Қойилмисиз, ошнавойлар,

Мендаги бу журъатга?!

7 ИЮЛЬ

Тоғдан олиб келган гулим

Бугун бирдан сўлиб қолди.

Дадам деди: «Ўз еридан –

Айрилди-ю…

«Ўлиб» қолди…»

10 ИЮЛЬ

Йўқолган кўк каптаримиз,

Э, ҳайрият, қайтиб келди.

Ҳеч ким билмас,

Бир ҳафтача

Қаерларда дайдиб келди.

 

Чиройли оқ каптарни ҳам

Эргаштириб қайтди бирга.

«Ана келин!» деди акам…

Тушунмадим мен бу сирга.

14 ИЮЛЬ

Баҳор едик сумалакдан,

Эрта ёзда – ҳандалакдан…

Мана,

Бугун урдик қовун,

Мен «бошлиғу»

укам «муовин».

17 ИЮЛЬ

Бугун «лўли тоға» келди

Эшагини гижинглатиб.

Қизил, сариқ пуфакларни

Кўз-кўз қилиб,

Пичинг отиб.

 

Олиб чиққан эдим унга

Ўнта беҳи –

Муштдек-муштдек,

Яна оз-моз қарздорсан, деб,

Берди битта сопол ҳуштак.

18 ИЮЛЬ

«Битта уриб,

анжир қиламан», -

Дея Илҳом хўмрайган кезда,

Эсга тушиб Норнинг анжири,

Уникига йўл олдим тезда.

21 ИЮЛЬ

Соли билан Аҳмад

Сурди роса шахмат…

Э, иккала қайсар,

Тоқатингга раҳмат!

25 ИЮЛЬ

Сўйлаб берди бугун дадам

Опоқ отам тўғрида.

Опоқ отамнинг сурати

Турар, ана, тўрида.

 

Ҳеч кўрмаган бўлсам ҳамки,

Соғинч билан боқаман.

У жилмайиб турар доим,

Чамаси, мен ёқаман.

26 ИЮЛЬ

Нарсаларга аёвсиздир,

Карим жуда «ёвуз»да:

Дадасининг калишини

Кема қилди ҳовузда.

3 АВГУСТ

Сезмабмиз

Биз – гаранглар…

Нок пишибди,

Қаранглар!

5 АВГУСТ

Жўхорини

Ўриб бўлдик.

Қушлардан ҳам

Қўриб бўлдик.

8 АВГУСТ

Опам эрга тегяпти, деб

Мамағози,

Тўйга айтди…

(Қулоғида денглар оғзи.)

 

Ошначилик…

Майли, бориб қўямиз-да.

Ош тегмаса,

Нишолдага тўямиз-да.

12 АВГУСТ

Дадам бугун эриб кетиб,

Велосипед олиб берди.

Радио ҳам

табриклаган –

Каби карнай чалиб берди.

13 АВГУСТ

Тош бригадир дер: «Кўпайди –

Кўсак қурти.

Заҳар берсак, ўлмайди-я,

Йўқ-да бурди!»

19 АВГУСТ

Чала пишган анорларга

Тўйиб олиб,

Қорин оғриқ азобида

Ётар Ғолиб.

 

Касал дўстин йўқлаб келган

Абдусаттор –

Тугунидан олди…

Чала пишган анор.

23 АВГУСТ

Бугун ўқиб тугатдим

Мен «Алпомиш» достонин.

Кўп экан-да одамнинг

Яхшисию ёмони.

 

Жодугарлар, қонхўрлар

Қайдан келган ўзлари?..

Олмаган-да қулоққа

Онасининг сўзларин!

24 АВГУСТ

Холбобонинг полизида

Қилдик яйраб тарвузхўрлик.

Ярим тилик ортиқ есам,

Нор муттаҳам дер:

- Бу… зўрлик!

27 АВГУСТ

Чағир илон тутиб олиб,

Совға қилдим тоғамга.

Тоғам

Беҳол ётар энди

Қарамай сув-таомга.

30 АВГУСТ

Акам дер:

- Юр, ғаламис,

Ҳаммом қилиб

Келамиз.

 

Эргашгандим

Акамга,

Бошлаб борди…

Заканга.

1 СЕНТЯБPЬ

Яна мактаб бошланди,

Йўлга тушдим мен аста.

Бир қўлимда китобдон,

Бир қўлимда гулдаста.

 

Бунча оғир бўлмаса

Қуриб кетгур китобдон:

Ярми – ўқув қуроли,

Ярми – пишлоқ, қази, нон…

4 СЕНТЯБРЬ

Маҳалламиз

оқсоқоли

Деди: «Тўйлар тўхтайди…»

Бу йил пахта сал эртароқ

Очилганга ўхшайди.

7 СЕНТЯБРЬ

Мана,

биринчи баҳо:

Ёзма ишга «тўрт» чиқди.

«Беш»ни мўлжал қилгандим,

Мўлжал қурғур мўрт чиқди.

11 СЕНТЯБРЬ

Учиб юрар

уч ойки

Иккита зўр космонавт.

Аҳвол сўраб улардан,

Ёзиб қўйсаммикан хат?

 

Ер – «Союз» оралиғи

Камида қирқ тераг-ов.

Анов каптар

хатимни

Етказолса кераг-ов.

14 СЕНТЯБРЬ

Гарчи касаллар

Йўқдир,

Мактабни босди

Дўхтир.

 

Ёпиб

Эшик-дарчани,

Эмлаб чиқди

Барчани.

 

…Укол олдим

Куракдан.

Бор-да бизда

Юракдан!

16 СЕНТЯБРЬ

Ошқовоқни

Сутга қўшиб

Пиширдик.

 

«Раис тоға»

Бўлиб

Қорин иширдик.

20 СЕНТЯБРЬ

Дадам уззукун ишда,

Мен ва Бунёд – ўқишда,

Баҳром акам – пахтада,

Баҳодир ҳам – пахтада,

Бобур акам – пахтада,

Чаққон аям – пахтада…

 

Энам яна ҳовлида

Қолди «зарбдор вахта»да.

22 СЕНТЯБРЬ

Кечки маккажўхорилар

Ўрилганди,

Думбул тердик.

Колхоздаги товуқларга

Акаларча ёрдам бердик.

26 СЕНТЯБРЬ

Бу кеч пича ёмғир ёғди…

Зора, жала ташламаса!

Аям кўпроқ пул олармиш

Пахта сорти пастламаса.

29 СЕНТЯБРЬ

Битта жонга бойиди

Бугун бизнинг ҳовлимиз.

Яни тарғил бузоқча

Туғиб берди молимиз.

2 ОКТЯБРЬ

Баҳордаги ўн бир жўжа

Бўлиб қолди энди катта.

Хўрозлари ғирт безори,

Товуқчалар бир оз латта.

4 ОКТЯБРЬ

Бугун Баҳром акамизнинг

Туғилган куни.

Лимонадлар олиб келса,

«Ювамиз» уни.

9 ОКТЯБРЬ

Темир-терсак

йиғиб келдик,

Айтиб «пахта»

ашуласин.

Бу темирлар

қайтиб келсин

Бўлиб

терим машинаси.

11 ОКТЯБРЬ

Қўй сигирни четга боғлаб,

Молхонани пухта қурдик.

Нураб ётган деворини

Бузиб ташлаб,

Бошқа урдик.

 

Энам деди:

– Қиш олдидан

Тўқ қилдинглар сал кўнглимни.

…Сигирим ҳам хурсанд бўлиб,

Ялаб қўйди лой қўлимни.

15 ОКТЯБРЬ

Бугун дадам гапирдию

Телевизордан,

Ўқиб берди сўнг пахтамиз

Ҳақдаги шеърдан.

 

Кенжа укам,

Эшиттириш тугатган замон,

Телевизор орқасига

Ўтди жиғ-бийрон:

 

- Қани дадам,

қани дейман?

Чиқинг дадажон!!!

…Диктор йигит

укамга бир –

Ўқрайди ёмон.

18 ОКТЯБРЬ

Тош бригадир айтиб ўтди –

Ўша эски ўланин.

У бекорга хурсанд эмас,

Тўлгандир-да плани!

21 ОКТЯБРЬ

Шўх йигитлар уйимизга

Трубалар тортишди.

«Қани, кампир, ош қилинг», деб

Энамга гап отишди.

 

Янги йилга яқин бизга

Келар эмиш оқма газ…

Бултур ортган кўмиримиз

Ўшангача етса бас.

25 ОКТЯБРЬ

Қизилгуллар тўзиб,

Баргин –

Ранглари ҳамўчиб кетди.

Ашулачи булбулчамиз

Қаёққадир кўчиб кетди.

28 ОКТЯБРЬ

Баҳром акам

сопол итин

Пачоқлади қорнидан.

…Ит ҳам

танга еган экан

Чиққунича бурнидан.

31 ОКТЯБРЬ

Бозор-пиён гандираклаб,

«Ҳикмат айтар» ҳаммага:

– Дарвоза йўқ жойда, дўстлар,

Ҳожат бўлмас тамбага!..

 

Кейин менга гердайганча

«Эс ўргатди» боя бир:

– Октябрдан кейин келар…

Шак-шубҳасиз…

3 НОЯБРЬ

- Ёрдам беринглар, –

Деди Тоштемир, –

Олиб келдилар

Дадамтошкўмир…

 

Ҳаммамиз кулдик

Кўрибоқ уни.

Турарди шўрлик

Қорайиб бурни.

 

Қўзғолдик,ўзни –

Ёрдамга чоғлаб.

Эҳтиёт шартдан

Бурнунни боғлаб.

7 НОЯБРЬ

Дадамдан, тонгда,

Байрамлик олдим.

Кейин…тангалар

Фойдага қолди.

 

Чунки, қайтиб тез

Хонага кирдим.

Телевизордан

Парадни кўрдим.

10 НОЯБРЬ

Ширинроқ нарса

Егим келяпти.

Шириндан беринг

Дегим келяпти.

 

Ёмон бўлмасди –

Тотсак,масалан,

Орифжон бува

Йиққан асалдан…

13 НОЯБРЬ

Футбол тугаб,

Дадамнинг –

Солинди қош-қовоғи:

– Тамом олий лига ҳам…

Эҳ, итнинг орт оёғи!..

 

Энам айтар,

Қарғамай –

«Пахтакор» командасин:

– Юртда шундай беобрў

Бўлмасин ҳеч бандаси…

16 НОЯБРЬ

Қишга атаб

Омборгача –

Пича қовун-тарвуз босдик.

Кейин,

Даҳлиз, уй-шифтига

Беҳи, анор, узум осдик.

Эҳ, беҳилар,

Эҳ, анорлар…

Тезроқ етиб келсайди қиш.

Нима дейсиз,

То қишгача

Дарров занглаб қолмас-а тиш?

22 НОЯБРЬ

«Она тили»дан

Олдим мен «икки»…

«Ота тили»нинг

Йўқлиги – чакки!

24 НОЯБРЬ

Уйда ётдим кун бўйи

Ёмғир қуйди челаклаб.

Ўлармиди булутлар

Қор ёғдирса элаклаб?!

 

Кийиб энам ковушин,

Ботинкамни қизғаниб,

Ўйнар эдимочликдан –

Сулайгунча сирғаниб.

28 НОЯБРЬ

Шум, қароқчи ҳаккалар

Қайгадир бўлди гумдон.

Энди товуқ момолар

Бехавотир еяр дон.

2 ДЕКАБРЬ

Радиодан қўшиқ айтди

Дармонов Хотам.

Ўзимизнинг маҳалладан

Чиққан бу одам.

 

У Тошкентда яшар энди,

Тошкентда куйлар…

Қишлоққа ҳам келиб турар

Кўпайса тўйлар.

5 ДЕКАБРЬ

Майдон лойроқ бўлса ҳам,

Ўйнарвердик биз футбол.

Дарвозабон бўлдим мен,

(Урмасам урмабман гол.)

 

Лойда биздек орқада

«Ишламасдан» ётинг-да…

Дарвозамга кирди денг,

Учта тўп,

Тўрт… ботинка.

8 ДЕКАБРЬ

Тушдаколхоз фермасида

Қаттиқ мажлис бўлганмиш.

Ферма мудирин буқаси

Мих ютвориб ўлганмиш.

12 ДЕКАБРЬ

Телевизор ўчиқ турар,

Биз эсак,гап сотамиз:

Мен ва аям «кино» десак,

«Хоккей» дейди дадамиз.

14 ДЕКАБРЬ

Изғиринлар эсган сайин

Кўпаймоқда қарғалар.

Матал бор:

– Қиш – совуқ кема,

Пўмқарғалар – дарғалар…

17 ДЕКАБРЬ

Энам айтган ўгит қувват –

Бўлиб танага,

Ҳашар қилиб, ғўзапоя –

Йиғдик далада.

 

Энамларнинг фикри шундай:

Келгандаям газ,

Фақат уйни қиздирармиш,

Тандирни эмас…

20 ДЕКАБРЬ

Бугун «Пахта байрами»ни

Ўтказдик қувноқ.

Дорбоз келди,

 Кейин даштда

Бўлди зўр улоқ.

 

Улоқ деганлари–

Майдон

Ортиқ тўзмаса,

Ўхшар экан ўзимизнинг

«Қулоқчўзма»га.

23 ДЕКАБРЬ

Аяжоним колхоздан

Олди анча мукофот.

Дадам менга кўз қисди,

Демак…

Бўлар зиёфат…

27 ДЕКАБРЬ

Мусо ака армиядан

Келганди кузда.

Қаранг,

Бугун уйланяпти

Чиройли қизга…

 

Синфдошим Салима ҳам

Жуда чиройли.

Яна денглар

Мендан кичик

Роса уч ойлик.

30 ДЕКАБРЬ

Холбобо дер:

– Қор ҳам ёғди

«Оқлик» бўлиб янги йилга.

Ўтган йили бу пайтда

Қор топилмас эди… пулга.

31 ДЕКАБРЬ

Кўрганимни шеърга солдим,

Ортиқча бош қотирмадим.

Бир-бирига ўхшаш кунни

Такрор ёзиб ўтирмадим.

 

Энди янги «кундалик»ни

Бошлашим ҳам мумкин,

Бироқ –

Бундан хабар топса ношир,

Бўпқолмасми юракўйноқ?!

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz