ao
ss

САИД АҲМАД,

        Ўзбекистон Қаҳрамони,

        Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 

   УСТА  ГУЛМАТНИНГ  МИРЗОСИ

 Баъзан адабиётга илимилиққина бўлиб кириб келганлар учрарди. Бу хил ёзувчилар умр бўйи биронта ўқувчининг қалбини иситолмай ўтиб кетади. Китобхон юрагига ҳарорат беролмайдиган ижодкор эси борида этагини йиғиштириб, бошқа тирикчилик пайига тушгани маъқул.

 Адабиётга оловдек ёниб кирганлар бор. Ижод оламини ана шулар ёритиб турипти.

 Баъзан юрагимга қил сиғмайди, деб нолиб қоламиз. Ана шу қил сиғмайдиган юракларга адабиёт бемалол сиғиб кетади. Айниқса, ҳажв бамисли рентгент нури. У инсон боласининг жамики аъзойи баданини хатосиз топади, ёритади. Наинки – ёритади, ҳатто юрагини кафтига қўйиб кўрсатади.

 Устоз ҳажвчиларимиз Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдуллалар ана шундай юлдузи иссиқ, сатрлари кулиб турадиган ижодкор эдилар.

 Шу устозлар изидан юриб ўз йўлини топиб олганлар сафига яна бир талантли ҳажвчи Анвар Обиджоннинг келиши ҳаммамизни қувонтирди. У ҳажв даргоҳига бир этак кулги кўтариб келди.

 Ҳаммамиз учун қадрли бўлган “Муштум”имиз олтмиш икки йилдирки одамларга беминнат кулги тарқатиб келади. Анвар Обиджон “Муштум”нинг кенжа ўғли. Боланинг қадам олиши, юрт олдида ўзини тутиши чакки эмас. Тўртта одамнинг ўртасига тушиб қолса ҳаммасини ўғзига қарата оладиган, белбоғидан тортиб силкитсанг қўйнидан жаранглаб кулги тўкиладиган бинойидек ҳажвчи бўлиб қолди.

 Қувноқ юмор, тагдор ҳажв, кинояли қочириқларга бой ушбу баёз ўз номи билан “Безгакшамол”. Ногаҳон бу шамолга йўлиқиб, “безгакка” чалинишдан сақланишнинг бирдан-бир йўли – уни яланғоч ҳолда қабул қилмаслик.

 Бу Анварнинг биринчи ҳажвий тўплами. Тўпламдаги жамики ғазалларни Анвар ўтган асрда яшаб, ижод этган Уста Гулмат деган шоирдан ўғирлаб олган. У шунчалик ношуд ўғрики, ҳатто ғазалнинг охирги сатридан Гулматий деган жойини ўчириб, Анварий ёки Обидий деб қўйишга ҳам фаҳми етмаган. Адабиётимизда плагиат, яъни адабий ўғрилик кўпдан йўқ бўлиб кетган эди. Жуда соғиниб қолгапн эканмиз. Анварнинг Уста Гулматдан ўғирлаб олган ғазалларини кўриб жуда суюниб кетдик. Раҳмат, ука!

 Анварнинг бу “жиноятини” сира кечириб бўлмас эди. Аммо бир масала ўртага тушди-ю, уни қаттиқ жазоджан сақлаб қолди.

 Аввал бир ҳикоя айтиб берай.

 Бир одам ўғрилик орқасидан бойиб кетипти. Боғ-роғлар қилипти. Беш-ўн хизматкор ёллабди. Аммо у шунча бойлик орттиришига қарамай, ўғрилик йилларини қўмсар экан. Баъзи-базида кечаси ўз уйининг деворидан ошиб, “ушла ўғрини!” деб қочаркан.

 Анвар Обиджон ўша ўғри бойга ўхшаб ўзини ўзи талаб юрган экан. Кейинги илмий изланишлар Уста Гулмат Анварнинг ўзи эканини, хотинидан қўрқиб, Уста Гулмат номи билан шеър ёзиб юрганини исбот қилиб берди.

 Хуллас, биз умид қилган сўнгги адабий ўғри ҳам тўғри чиқиб қолди.

 Уста Гулмат баъзан жуда қув, баъзан ўтакетган даражада ландавур, баъзан содда муғомбир...  Ундаги маша шу “хислат”лар ҳажв учун жуда қўл келган.  Анвар қаҳрамонига ўзига боп тил топган, шеърий услуб ҳам топган. Ғазалларнинг ҳар бир бандидан, сўзларидан, вазнидан, ҳатто қофияларидан ҳам Уста Гулматнинг суврати кўриниб турганга ўхшайди. Бу ғазални Уста Гулматдан бошқа шоир ёзиши мумкин эмас, деб ўйлайсиз.

 Яна шуни айтиш керакки, Анвар ўзининг галдир қаҳрамонидан жуда усталик билан фойдаланган. У ҳамма гапни юмористик тил билан жиддий тарзда айтаётгандек кўринса-да, аслида маишатпарастлик, думбул фалсафабозлик, гумроҳларча диндорлик, худбинлик, қабиҳона иғвогарлик, лоқайдлик, манманлик, молпарастлик, ичкиликбозлик, гиёвандлик, мунофиқлик каби иллатларни беаёв масхаралайди.

 Бундан ташқари, Анвар Обиджон жуда айёр шоир чиқиб қолди. Ғазаллардаги баъзи нуқсонлар, вазн, туроқ сакталикларини ўзидан соқит қилиб, Уста Гулматнинг гарданига юклаб юборади (ғазал рақам 14).

 Хулласи калом, “Безгакшамол” яхши китоб. Ўқиган одам яйрайди. Кулиб-кулиб ўқийди. Маза қилиб ўқийди. Ўқувчини яйратадиган китоб ёзиш осон эмас. Бунинг учун Анвар Обиджонга ўхшаган талантли ижодкор бўлиш керак.

 Ушбу китобни босмага бериш олдидан Уста Гулматнинг мирзоси Анвар Обиджонни ҳузуримизга чорлаб, иккинчи бунақа “ўғрилик” қилмасликка қасам ичирдик.

 Унинг бу “гуноҳини” сиз ҳам кечириб қўяқолинг, азиз китобхон.

     “Безгакшамол” китобига ёзилган сўзбоши.

      Ўз КП МК  нашриёти (ҳозирги “Шарқ”       нашриёти). Тошкент – 1985.

 

ҲУЛКАР ҲАМРОЕВА,

        адабиётшунос.

   “АХИР МЕНИНГ ҚАРЗИМ КЎП ОНА ТУПРОҚДАН...”

 Ўзбек шеъриятида ватанпарварлик мавзуи ҳақида гап кетаркан, замонавий болалар адабиётини четлаб ўтиб бўлмайди. Она юртимизнинг эртасини, мустақиллигимизнинг келажагини кўп жиҳатдан болаларимизни қандай инсон қилиб вояга етказишимиз ҳал этади. Шу нуқтаи назардан, болалар адабиётининг муҳим вазифаларидан бири – ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялашдир.

 Истеъдодли шоир Анвар Обиджон ижоди ўзбек болалар адабиётида ўзига хос воқеадир. Шоирнинг турли жанр, турли мавзуларда ёзган асарларидаги бош ғоя – Ватан. Унинг ғаройиб туркум достонларида, қизиқарли қисса ва пьесаларида, сеҳрли эртаклари, қисқа, равон шеърларида бир ақида устивор, бу – Ватанни севишдир. Шоир Ватан ҳақида тўлиб-тошиқиб, тўлқинланиб куйлайди, ҳаётимиздаги муҳим ижтимоий-сиёсий, ахлоқий масалаларни болаларнинг қобилиятига мослаб, уларга тушунарли, завқли, содда ва аниқ қилиб етказиб беришга уринади.

 Анвар Обиджон мулоҳазакор, сокин шоир. Кўкрагига уриб: “Мен Ўзбекистонни жонимдан ортиқ севаман!” – дейишдан кўра, болаларга улар учун шу тупроқдан муқаддасроқ маскан йўқлигини англатишни афзал билади. Бу уринишлар эса зое кетмайди: мурғак қалбларда Ватанни севиш, уни ардоқлаш туйғуларини уйғотади, улар аста-секин ҳақиқий эътиқодга айлана боради.

 Биз билиб-билмаган дунё узлуксиз ўсиш-ўзгариш жараёнидан, ҳаёт эса туйғулар,, ғоялар кўринишидан иборатдир. Ижодкор жамият ва инсоният олдидаги бурчини қалб тубидан ҳис қилгандагина ўзини тўлқинлантирган ҳодисаларни ўзгаларга ҳам етказиш истаги унда эҳтиёжга айланади. Ана шу эҳтиёж туғёнида чуқур ватанпарварлик руҳи билан суғорилган жозиб сатрлар дунёга келади. Шоир олдига салом бериб келадиган қишлоқдаги барча пақирларга қудуқдан сув олиб берувчи “Пақирга ёзилган шеър”ида шундай дейди:

    Шўнғиётиб қудуққа,

    Аста алик оласан.

    Барига сув улашиб,

    Ўзинг қуруқ қоласан.

 Юзаки қараганда, бу сатрлар шоирнинг турли буюмларга атаб ёзган туркумидаги оддий тўртлик. Лекин, ижтимоий моҳияти-чи?

 Ёки “Дарвозага ёзилган шеър”да шоир:

    Ҳушёрроқ бўл,

    Гоҳида –

    Ишлатиб тур тамбани.

    Покиза бу ҳовлига

    Қўяверма ҳаммани. –

дейди. Ўтмишдан яхши маълумки, юртимиз ўзининг дилбар табиати, саховатли замини билан неча асрлардан бери жаҳонни лол қолдириб келмоқда. Бу юртни босиб олиш, унинг беҳисоб бойликларига эгалик қилиш истаги не-не ҳукмдорлар, босқинчиларни ўзига ром қилмаган дейсиз? Айниқса, қизил империянинг мустабидлиги ҳаммасидан ошиб тушди. “Саводсиз ўзбек халқига маърифат олиб келиш” ниқоби остида юртимиз қадрияти оёқости қилинди: собиқ империя маддоҳлари ишни тарихимизни топташ, тилимиз, ёзувимизни йўқотиш, асрий анъаналарга эга бўлган мадраса, масжидларни бузишдан бошладилар. Фақатгина шоир кутган, орзу қилган Мустақиллик, Озодлик ва Эрк бу хўрликларга чек қўйди.

 “Тандирга ёзилган шеър”ида шоир:

        Нон пишириб тинмайсан,

    Аммо ўзинг емайсан. –

деб ўкинади. Кутилмаган ҳаётий деталлар шеърга жон бағишлайди. Шоир биз унчалик эътибор бермайдиган Пақир, Дарвоза, Тандир образларидан ўткир кўз, нозик идрок ва маҳорат билан фойдаланган. Юртимизнинг яқин ўтмишдаги аянчли тақдири, ярим дунёни газ билан таъминлаб, ўзи ғўзапояга ёлчимаган ўзбек халқининг кечинмалари – шоирнинг буюк армони. Шунинг учун ҳам у куюниб, “Покиза бу ҳовли” – муқаддас юртимизга ҳаммани ҳам киритавериш шарт эмаслигига шаъма қилади.

 Анвар Обиджоннинг болаларга аталган насрий асарларидан бири – “Аламазон ва унинг пиёдалари” қиссаси қаҳрамони: “Агар биз фақатгина қорнимизнинг тўқлигидан қувонадиган бўлсак, унда эчкилардан фарқимиз йўқ экан-да? Бир ўйлаб кўринглар-чи, биродарлар, наҳотки қўй-эчкилардан афзалроқ жойимиз бўлмаса? Агар биз ҳайвонларга қараганда кўпроқ нарсани хоҳламасак, нега унда ўзимизни одам деб атаяпмиз?” – дейди. Салкам 20 йил муқаддам (1979 йили) ёзилган (аниғи: 1976 – 1978 йиллар орлиғида. А. О.) бу асар бугунги кунда ҳам ниҳоятда долзарб, қимматли. Юқоридаги танбеҳ ўша даврда қорни тўқлигидан қувониб қадрини унутганлар, ҳозирда эса Мустақиллик берган неъматларнинг нима эканлигини, унинг моҳиятини тўла англамаган, ўтиш даврининг қийинчиликлари, вақтинчалик тақчилликларига бардош беролмаётган айрим кимсалар учун бир сабоқдир.

 Шоирнинг “Тиллақўнғизнинг жавоби” деган ажойиб шеъри бор. “Сен нега гапирмайсан, фақат ғўнғиллайсан?” – деган саволдан сўнг Тиллақўнғиз бирдан тилга киради. Унинг сўйлашича, бир замонлар ниҳоятда хушовоз бўлган Тиллақўнғиз ўз юртида тинчгина қўшиқ айтиб юрганида, мудҳиш ҳодиса рўй беради. Душман Чигирткалар тўп-тўп бўлиб келиб, унинг она масканини босиб олишади:

  Бор нарсани ямлашиб,

   Улар роса яйрашди.

   Дўқ уришди ўрган деб

   Чигирткадек сайрашни.

   Ёлғиз, ночор бўлсам ҳам,

   Қўшилмадим мен ёвга.

   Секингина ўзимни

   Солиб олдим соқовга.

 Бу шеър ҳали ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши мумкинлиги тушимизга ҳам кирмаган 1980 йили ёзилган. Шўро тузуми умуминсоний қонун-қоидаларни менсимай қўйган, руслаштириш сиёсати очиқ тус олган ўша йилларда бундай шеър ёзиш ҳақиқий жасорат эди. Шоир ўз туйғулари, қалбига тинимсиз оғриқ бераётган армон ва дардларини Тиллақўнғизнинг изтироблари орқали ифодалайди.

 Аслида Тиллақўнғизнинг изтироблари яқин ўтмишдаги улуғвор бир халқнинг фожиасидир. Шоир Тиллақўнғиз тимсоли орқали энг нодир миллий бойлигимиз – тили топталган халқини кўради, фарёд чекади. Ўз тилини қўйиб, ўзга тилда сўйлаётган, шафқатсиз Чигирткаларга жўровоз бўлиб сайраётган, ўзлигини хўрлаётган кўрнамаклардан нафратланади... ҳамда уларга раҳми келади.

 Сир эмаски, ҳозирги болаларнинг шаклланиши ниҳоятда мураккаб тарихий жараёнлар даврига тўғри келди. Келажакнинг қандай бўлишини кутиш ҳам, уни яратиш учун курашиш ҳам мумкин. Анвар Обиджон иккинчи йўлни танлайди. Етмиш йиллик зўравонлик таъсирида улғайган, жамиятимиздан қалбаки ваъдалару арзонроқ нондан бошқа ҳеч қандай мурувват кўрмаган фарзандларимизни аслида йўқ “бахтли болалик учун” тинимсиз ташаккур билдиришларга ундаш, адолатни амалда яққол ҳис этмаслик бефарқ қилиб қўйди. Шунинг учун ҳам шоир ўз қаҳрамони билан елкама-елка юриши зарур. Шеърият ўз вазифасини тўлиқ уддалаши учун фақат шоирнинг истеъдоди кифоя қилмайди. Бу ерда китобхоннинг руҳий дунёсини англаш ва тушуниш қобилияти ҳам зарур. Анвар Обиджон ўзининг қудратли ва жозибали шеърлари билан болаларга қалб озодлиги – Ватанни севиш туйғусини сингдиришга эришади.

 “Ботирвойнинг кундалиги” туркумини ўқир эканмиз, болакайнинг топқирлиги, ҳозиржавоблиги, дилкаш ва довюраклиги беихтиёр ҳавасимизни келтиради. Ботирвой тенгдошларига нисбатан анча зийрак, бироз қитмир, хаёлпараст бола. Атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни қизиқиб кузатади, эринмасдан кундалигига қайд этиб боради. 20 июн куни чўмилишга бориб, дафтарига қуйидагиларни ёзиб қўяди:

   Чўмилсин деб набирам,

   Ўргансин деб сузишни,

   Эпласин деб менимча

   Бошқалардан ўзишни,

   Шер билакли боболар

   Зўр ишга бел боғлашган,

   Шу Фарғона каналин

   Қирқ беш кунда ковлашган.

 Ҳажми каттами, кичикми, ҳақиқий шеърнинг асосида ҳаётийлик, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фикр яширинган бўлади. Катта Фарғона канали ўзбек халқи ватанпарварлигининг оғир уруш йилларидаги юксак намунасидир. Ботирвойнинг ҳам шербилак боболар меҳнатидан фахрланиши, ҳам бу меҳнатнинг асл моҳиятини болага хос идрок билан англашининг, ҳис қилишининг ўзи ниҳоятда муҳим. Шеърдаги “бошқалардан ўзиш” фақат каналда чўмилиш маъносидагина ишлатилмай, бу ибора зиммасига улкан ижтимоий маъно юклатилган. Фарғонанинг чекка қишлоқларидан бирида ўсиб-улғайган муаллиф – “шер билакли боболар” авлоди ўзбек халқининг оқимга қарши сузишдан чўчимайдиган мард ўғлонлари кўпайишини, қадимий шон-шуҳрат тикланишини, Ботирвойлар унинг қадрига етишини истайди.

 7 июл куни Ботирвойнинг кундалигида шундай ёзув пайдо бўлади:

   Тоғдан олиб келган гулим

   Бугун бирдан сўлиб қолди.

   Дадам деди: “Ўз еридан –

   Айрилди-ю,

   Ўлиб қолди...”

 Балки Ботирвой “Дарахт бир ерда кўкаради” деган халқ мақолининг асл моҳиятини, инсон ўз туғилган юрти, киндик қони тўкилган тупроғидан ажралса ҳатто нобуд бўлиши мумкинлигини, тирик қолганда ҳам бутун умри ғам-ғусса билан ўтишини шу куни илк бор тушуниб етгандир. Ўзи туғилиб ўсган тупроқни янада қадрлашни дилига маҳкам тугиб қўйгандир.

 Шоир, аввало, болаларнинг келажаги учун жавобгар, айтаётган сўзи учун масъул. Унинг ҳаётий заминга қурилган ҳар бир шеъри бола онгига ижобий таъсир кўрсатиши зарур. Болаларга бағишланган шеърлар ўз моҳияти билан устоз, мураббий вазифасини бажаради. Шундай ажойиб асарлар борки, улар энг яқин сирдош, дўст ўрнини босади, дунёни эндигина таниётган кичкинтойлар кўз ўнгида ҳамма нарсага қодир улуғ сеҳргарга, энг ишончли маслаҳатчига айланади.

 Биз ота-оналарнинг эса орзуйимиз шуки, китоблар фарзандларимизни табиатдан завқланишга, борлиқни тезроқ танишга, тилимиздаги гўзалликларни севишга, кўҳна анъаналаримизни қадрлашга, бийрон сўзлай олишга ўргантсин ва айни пайтда уларда муқаддас Ватанимизга муҳаббат, заҳматкаш халқимизга меҳру шафқат ҳиссини тарбиялай олсин. Назаримизда, Анвар Обиджоннинг завқ, илҳом ва муҳаббат билан ёзилган асарлари бир йўла ҳамма вазифани виждонан адо этади: бу тўпламлар ҳам қувноқ дўст, ҳам жиддий тарбиячи. Унинг шеърларида ғалати, ёқимли ҳазил-мутойиба, яширин ачиниш, кулиб йиғлаш, мунтазам қатъиятлилик, сирли иборалар, кутилмаган ташбеҳлар орқали ҳар қандай китобхонни ўзига ром қиладиган қудрат бор.

 Анвар Обиджон фақат мавзу эмас, балки шакл устида ҳам кўп изланади. Унинг ўйноқи, ихчам фалсафий шеърлари шакли, вазни жиҳатидан ҳам ниҳоятда бетакрор. Шоирнинг Ватан, ватанпарварлик мавзуидаги шеърлари умумий гаплар, ёлғон ҳиссиётлардан холи. “Автоматчага ёзилган шеър” ҳали ўйинчоқ автоматлар, тўппончалар оламидан узилмаган, “уруш-уруш” ўйнашни хуш кўрадиган тирмизакларга аталган. Лекин, кутилмаганда, биз фақат ўйин билан банд деб ўйлаган болакай жиддий мулоҳаза юрита бошлайди:

   Ишқибоз деб ўйламанг

   Мени урушга.

   Ўғил бола мажбурдир

   Тайёр туришга.

 

   Ахир менинг қарзим кўп

   Она тупроқдан...

   Уни тортиб олар ёв

   Гўл ва қўрқоқдан.

 Ҳа, ҳар бир бола гўдаклигиданоқ ана шу муқаддас қарзни ўйлаб бориши жуда муҳим. “Бола бошидан” деган иборада ҳикмат кўп. Агар гўдак бешикдаёқ она сути билан кирган Ватанга муҳаббат туйғусини тобора чуқурроқ англамас экан, ундан келажакда хайрли иш кутиш қийин. Айниқса, ўғил болалар ўзларининг эртага улғайиб, элга умид бўлиб, Ватан қўриқчиси, фидойиси даражасига етишишлари бурч эканлигини юрак-юракдан ҳис этмоғи шарт.

 Шу мақсадга хизмат қиладиган шеърлар воқеликнинг муҳит билан мантиқий боғланишига, фикрий изчилликка, ишонтириш кучига эга бўлиши зарур. Фақат юрт олдидаги қарзини англагандагина болада ҳамият, миллий ғурур шаклланиши мумкин. Ғоявий-бадиий жиҳатдан баркамол асарларгина адабиётимиз истиқболига умид уйғотади.

 “Яйловни соғинган қўй” номли шеър бор-йўғи саккиз мисрадан иборат. Шоирнинг бошқа кўп асарларида бўлгани каби бу шеърда ҳам жониворларга нисбатан инсоний муносабат, қариндошларча меҳр туйғуларини кўрамиз. Ҳовлидаги қўйнинг ночор аҳволи болакайнинг эътиборини тортади:

    Ишлар қалай,

    Десам, Қўй –

    Жавоб берди

    Суриб ўй:

 

    - Камчилик йўқ

    Озиқдан...

    Безор бўлдим

    Қозиқдан.

 Ватанни севиш, унинг эркин фуқароси бўлиш жуда кенг тушунча. Ахир, доимо боғлоқда турган жонивор озодликка, арқондан қутулишга интилганида, нега энди инсонлар кишанга тоқат қилишлари керак? Қизил империя истибдоди бизнинг халқимизни қўйга айлантириб қўяёзди-ку! Балки бугун ҳам 70 йиллик қозиқни соғинганлар топилар. Лекин энди бизнинг фарзандларимизга жозибали арқон, ялтироқ қозиқлар керак эмас. Улар Мустақиллик берган озодлик, эркнинг қадрига етишлари, ўша машъум қозиққа яна маҳкум бўлмасликлари учун курашишлари шарт. Шоирнинг нияти фақат Қўйга ачиниш эмас, балки қозиқнинг даҳшатидан огоҳлантиришдир.

 Анвар Обиджон ниҳоятда жиддий мавзулар ва фикрларга эртакона руҳ, бироз енгил туюлувчи мутойиба, сирлилик бахш этади, сўнг кутилмаганда жиддий хулоса чиқаради. Одатда, савол-жавоб, баҳсларда ҳақиқат туғилади. Болалар турмуш икир-чикирларини ўзларича қабул қиладилар, ўзларига хос фикрлайдилар. Уларнинг борлиққа муносабати ҳам ўзгача: ниҳоятда самимий. Шоир ана шу фикрлаш ва самимиятдан чуқур мантиқли умумлашма яратиши керак. Анвар Обиджон болалар дунёсига катта муаммоларни дадил олиб киради, уларни ҳал қилиш йўлларини сергаклик ва теран тафаккур ила кўрсатади. Шоир учун бу йўриқлар болаларнинг қизиқиш доирасини кенгайтириш, уларнинг дунёқараши тезроқ шаклланишига ёрдам бериш, “фойдали” орзуларни пайдо қилиш ва рўёбга чиқариш воситасидир. Топқирлик ва равонлик эса шеърларга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Шоир шеъриятнинг ички имкониятларини кенгайтиради, унинг жанговар руҳи, ширин тили, ўйноқи оҳанги асарнинг таъсирчанлигини таъминлайди.

 Шоир ижоди аввало ҳаётга қизғин муносабати, шаклланаётган инсоннинг мураккаб, бой руҳий дунёсини, бу дунёнинг ажиб силсилалари, орзу-армонларини ҳаққоний ифодалаши, мавзуининг кенглиги, жанрларнинг ранг-баранглиги билан эътиборни тортади. Ҳаётийлик асосига қурилган шеър эса, китобхонни ўзига маҳлиё этиш, ўз ортидан эргаштириш қудратига эга бўлади.

 Шоир “Капалакнинг таржимаи ҳоли” шеърида Ватанни оддийгина, лекин жуда дилбар таърифлаган. Гўзал карнайгулнинг ғунчаси Капалакка оқ йўргаклик вазифасини ўтайди, у шу жойда кўз очиб, шу жойда ҳаётга йўлланма олади. Тез орада қуёшни, осмонни, дўст-душманни танийди. Ширин ҳаёти бошланади. Аммо онгги ўсгани сайин турмуш фақат қувончдан иборат эмаслигини, ўзини ҳам, севикли карнайгулини ҳам кўп офатлар кутиб турганини тушуна бошлайди. Курашга чоғланар экан, мардоналик билан дейди:

    Ўлиб кетсам бир куни

    Дўл-ёмғирлар дастидан,

    Изланг менинг гўримни

    Карнайгулнинг остидан.

 Ўзини турли хавф-хатарлар билан олишувга шайлаётган Капалак бошқа қулайроқ, панароқ жой қидирмайди, у ўз тақдирини ялангдаги она – Карнайгул тақдири билан аллақачон абадий боғлаб бўлган.

 Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, муҳим масалаларни ифодалайдиган мазмундор, ғоявий баркамол, бадиий жиҳатдан мукаммал, таъсирчан, жозибали асарларгина болаларимизни маънавий мажруҳликдан асрайди. Болаларнинг мурғак қалбига йўл топиш, уларнинг қайсар табиатини яхшилик билан енгиб, ишончи ва муҳаббатига сазовор бўлиш эса ўта қийин вазифа. Истеъдодли шоир Анвар Обиджон ана шу оғир вазифани уддалашга эришишдек бахтга сазовор ижодкордир.

      “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”        газетасининг 1996 йил 8 ноябр сони.

 

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz