ao
ss

АБУЛАҲАД  ЎРМОНОВ,

      Асака туманидаги 7-мактаб муаллими.

       ҲУРМАТИМ  БАЛАНД

   ардоқли ёзувчимиз Саид Аҳмадга мактуб

 Мен адабиёт муаллими бўлганим учун эмас, балки оддий китобхон сифатида сизни ҳурмат қиламан ва яхши кўраман.

 Сизнинг машҳур романларингиз, океан орти диёрини ҳайратга солган “Келинлар қўзғолони”нгиз, ичакузди латифаю миниатюрабоп ҳажвияларингиз, жўшқин публицистикангиз тадқиқ этишга арзийдиган бой манбадир. Аммо мен қаламга олмоқчи бўлган мавзу оддий: “Халқ сўзи” газетасида босилган уч адиб – болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, наманганлик шоир Ҳабиб Саъдулла ва фарғоналик Анвар Обиджон ҳақидаги мақолаларингиз хусусида.

 Мен бу мақолаларни мутолаа қилар эканман, шогирдининг манглайини силаб турган доно устознинг кафтларини кўрдим, нигоҳини пайқадим, қалб тафтини сездим...

 Анвар Обиджонга бағишланган (кулиб-кулиб, жилмайиб ёзилган) “Фарғонада биттагина” сарлавҳали мақолангиз мутлақо янги жанрда экан. Унинг бирон сатрини ҳам лоқайд ўқиб бўлмайди. Юзингга табассум ёйилади, чарчоқларинг унутилади, ғуссалар тарқайди, қисқаси, маза қиласан. Ўзларининг таъбири билан айтганда, “ўқишдан бошқасига ярамайди”!

 Ниҳоятда камтар, камсуқум адиб Анвар Обиджонга мақола бағишлаганингиз ва уни Анваржоннинг феъл-атворига мослаб баён қилганингиз, коса тагида ним коса деганларидек, беғараз ҳизилларингиз менга ғоят маъқул бўлди.

 Анвар Обиджон, сиз айтганингиздек, адабиётга яхши хизмат қилиб келяпти. Ўн олти йилда ўн еттита китобнинг босмадан чиқиши таҳсинга лойиқ. Унинг китобларини дўкондан топиб бўлмайди. Ё адади камроқ ёки мухлислари кўп. Менингча, кейинги фикр ҳақиқатга яқинроқ. Мен ишлаётган мактаб кутубхонасидаги ягона китоби – “Мешполвоннинг жанглари” қўлма-қўл бўлавериб, муқовалари титилиб кетган. Кутубхона бекаси бу асарни муқоваси қалинроқ бир китоб ичида сақлайди.

 Хуллас, Анвар Обиджон баҳона Олтиариқни, унинг Полосон қишлоғини танитиб, бу жойнинг хилма-хил қиёфадаги дўлвор, танти, ҳар гапининг тагига яна бир маъно жойлайдиган одамларининг  образли сўзлари билан ошно этганингиз учун раҳмат, Саид Аҳмад ака!

 Назаримда, булар хамир учидан патир бўлса керак. Ҳали манглайини силайдиган шогирдларингиз “ўчирит”да туришибди. Саҳоватли қаламингиз қўлингиздан тушмасин. Бу заҳматли йўлда сизга соғлик, бардамлик, кўтаринки кайфият тилайман.

      “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”       газетасининг 2000 йил, 1 декабр сони.

       (Изоҳ:  Қисқартиб кўчирилди).

ҲУЛКАР ҲАМРОЕВА,

        адабиётшунос.

     МЎЪЖАЗУ  МЎЪЖИЗА ШЕЪР  ИФОРИ

          Эндигина тили чиққан гўдак боғча опаси ёки ойиси ёрдамида илк бор шу шеърни ёд олса, ажабмас:

  - Олманиям

   Ғажийман.

   Ҳолваниям

   Ғажийман.

 

   - Ўзи нечта

   Тишинг бор?

   - Сени нима

   Ишинг бор!

    (“Уч ёшлилар”)

 Сал эсини танигач эса, ўйинқароқ болакай анча-мунча айёр, қитмир бўла бошлайди:

   Чўпиллатиб

   Жажжи лабин,

   Шоколадга

   Деди Наби:

 

   - Секин очай

   Қоғозингни.

   Чиқармай тур

   Овозингни.

    (“Ойим сезмасин”)

 Болалиги мураккаб ўтиш даврига тўғри келган тўполончиларнинг худди шу ёшда , ўзлари англаб етмаган ҳолда, ғурур ва ориятлари шаклланиб боради:

   Ҳаммамиз зўр

   Боламиз.

   Ўртада йўқ

   Ғаламис.

 

   Чиқиб қолса

   Ғаламис,

   Аямасдан

   Соламиз.

    (“Битта кўчаданмиз”)

 Ҳақиқий шоирнинг шеърияти шиддат билан оқаётган сойга ўхшайди, у йўлини йўқотмаслиги, шафқатсиз қум барханлари биғрига сингиб кетмаслиги, ўзанини топиб, дарёга қуйилиши керак. Чинакам шеъриятгина аввал дарёга, кейин денгизга қўшилиши, шу тариқа жажжи ва улкан кўнгиллар уммонига қуйилиши, ўз кучига ишонч туйғуларини уйғотиши мумкин ва керак.

 Анвар Обиджон шеъриятининг зўрлиги шундаки, унда болаларнинг меъдасига теккан зерикарли ўгитлар, қуруқ панд-насиҳатлар йўқ. Юзаки қараганда, ҳажман кичик, анъанавий усулда ёзилган шеърларнинг, аслида, мақсади катта, у болани ҳеч нарсага мажбур қилмайди, аксинча оригинал ташбеҳлар, қизиқарли сўз ўйинлари орқали фикрлашга ўргатади. Чунки, боланинг беғубор қалби рост ва ёлғонни тез илғайди. Уни ҳамма нарса қизиқтиради. Табиатнинг ҳар бир ҳодисасига унинг ўз қараши, ўз мулоҳазаси бор:

   - Нега ёмғир

   Ёғади?

   - Тоғ булутни

   Соғади.

    (“Говмиш булутлар”)

 Баҳс ва мунозаралар орқали бола тафаккури бойийди, у ўзи излаган ҳақиқатни топади. Болалар билан суҳбатлашиш санъати эса ҳақиқий тарбия учун жуда муҳим. Бунинг учун шоир аввало бола англайдиган, қабул қиладиган ва тушунадиган сўзда сўзлашиши керак. Болалар адабиётининг ҳалол танқидчилари эса кичкинтойларнинг ўзлари. Шунинг учун болага фақат ўргатиш эмас, балки ўз навбатида ундан ўрганиш ҳам керак.

   - Шунча денгиз, океан

   Керак нимага?

   - Бу йўлларни одамлар

   Қурган кемага.

     (“Билағон”)

 Анвар Обиджон асосий эътиборини боланинг шахс сифатида комил инсон бўлиб юксалиб боришига қаратади. Ниҳоятда жиддий фикрларга эртакона оҳанг, енгил табассум,, сирлилик бахш этиш орқали дидактика шоир қаламида болаларга муҳаббат  билан ёғдуланади. Натижада бола қалбида ўз юрти, эл аъмолидан фахрланиш; уни севиш, зарур пайтда шу табаррук тупроқ учун фидо бўлишдек улуғ хислатларни шакллантиради. Болакай гўдаклигиданоқ ер юзида Ўзбекистондек музаффар, саховатли юрт йўқлигига ишонади:

   Узум пишди

   Маржон-маржон.

   Ишкомларда

   Ларзон-ларзон.

 

   Саватларда

   Сарсон-сарсон.

   Бозорларда

   Арзон-арзон.

    (“Серобгарчилик”)

 Шоир замон билан юзма-юз бўлиб, ҳушёрлик билан ҳозиржавоб бўлишга интилади. Ҳаёт биродарлик билан, меҳр билан гўзал. Ниҳол қуёшдан нур эмганидек, болалар бир-бирларига интиладилар. Турли миллат фарзандларининг руҳий, маънавий яқинлиги, дилларнинг бир-бирига пайвандлиги шоир сатрларида ажойиб жозиба касб этади:

   Зўрми кигиз

   Қалпоғим,

   Гулдор,

   Усти ялпоғим?

 

   Буни қирғиз

   Дўстимга

   Алмашганман

   Дўппимга.

    (“Эсдалик”)

 Анвар Обиджон янги усуллар, тузилмалар қидиришга зеб бермайди. Аксинча, анъанавий вазн, ҳолат ва ҳаракат орқали бола идрокига ўз овозида таъсир ўтказади. Фалсафий теранлик, ўткир мантиққа йўғрилган, гўзал санъат маҳсули бўлмиш мўъжазу мўъжиза шеърлар ниҳоятда нурафшон ва қудратли. У болакайни сўзсиз қалб озодлигига олиб чиқади.

 Анвар Обиджон қайси жанрга қўл урмасин, улкан истеъдоддан оловланаётган болажон адибнинг серилҳом, жўшқин нафаси сезилиб туради. Ўттиз йиллик баракали ижод шоирнинг ўзи учун ҳам жиддий сабоқ вазифасини бажарди. Оқибатда, давр синовларига дош бера оладиган, ҳар қандай шароитда болага қанот бағишлайдиган , уни курашларга тайёрлайдиган серзавқ шеърият туғилди. Чунки шоир фақат келажакка ўткир нигоҳ ташлаб, замон ва адабиёт унга юклаган масъулиятни чуқур ҳис этса, рўй бераётган ҳодисаларга ўзини даҳлдор, улғаяётган ёш авлод камолоти учун жавобгар сезсагина, миллатнинг чинакам мададкорига айланади. Мўъжазу мўъжиза шеърларни битаётган, кичик болаларнинг улкан дўсти, фавқулодда ноёб шоир Анвар Обиджон миллатимизнинг ана шундай чинакам мададкоридир.

       “Тонг юлдузи” газетасининг 1997 йил 16 июл сони.

 

МАҲМУД  САТТОРОВ,

        филология фанлари номзоди.

   АЛПОМИШНИНГ  НЕВАРАСИ

 Собиқ совет даврида яратилган бадиий асарларга Истиқлол манфаатидан келиб чиқиб назар ташлаганда, бу асар ҳақида ўша пайтларда айтилмаган, айтишнинг иложи бўлмаган фикрларни эътироф этиш лозим кўринади. Айни шундай эҳтиёж истеъдодли адибимиз Анвар Обиджоннинг “Даҳшатли Мешполвон” достон-қиссасини қайта ўқиш жараёнида ҳам туғилди. Гап халқ оғзаки ижодининг Анвар Обиджон ижодига таъсири, хусусан, “Алпомиш”нинг адибнинг “Даҳшатли Мешполвон” достон-қиссасига турткиси хусусида.

 “Алпомиш” – ватанпарварлик, эрк ва мустақиллик учун кураш руҳидаги асрий қаҳрамонлик қўшиғи экани маълум. Ундаги Алпомиш, Барчиной, Қалдирғоч, Қоражон образлари Ватаннинг фидойи фарзандлари, миллат ор-номуси тимсоли, адабий ибрат намунасидир. Бироқ ўзбекнинг, туркий қавмларнинг ўлмас “Алпомиш”и қаёқда-ю, ХХ асрнинг сўнгги чораги болалар шоири Анвар Обиджоннинг “Даҳшатли Мешполвон” асари қаерда, дерсиз. Бу адабий алоқадорликни нима яқинлаштиради-ю, нималар узоқлаштириб туради? Узоқлаштирган жиҳати – вақт, замон масофаси. Яқинлаштирган томони эса ҳар икки асарнинг эрк ва мустақиллик учун кураш мавзуига бағишлангани, миллатнинг асрий орзу-армонларининг бадиий ифодаси эканлигида.

 Жаҳон болалар адабиётининг Дон Кихот, Чиполинно, Буратино, Карлсон, Ҳошимжон, Аламазон образлари Мешполвон ҳарактерига яқин. “Даҳшатли Мешполвон” ижодкорнинг олдинги асарлари каби сатира-юморга йўғрилган бўлса-да, унда сарказм, гротекс, рамз-тимсол, киноявий-истеҳзоли услуб бўртиб кўзга ташланади.

 Асар сюжети Сепкилшоҳнинг босқинчи қўшинлари тинч-осойишта ҳаёт кечираётган мамлакатни талаб, одамларни қул қилиб ҳайдаб кетишдан бошланади. Қаҳратония (Сибирия)га олиб кетилаётган бандилар орасида қаҳрамонимиз Мешполвоннинг ярадор дадаси ва кўзлари кийикникидек чиройли онаси ҳам бор эди. Вақт-соати етиб, Мешполвон ота-онасини қутқазиш мақсадида, эл-юрт ҳурлиги учун “миллий озодлик” курашига отланади.

 А. Обиджон ёш қаҳрамонинг закий полвон, ҳам хомсемиз ўсмир сифатидаги саргузаштлари ўқувчини сеҳрлаб олади. Мешполвон ўзи айтмоқчи, анчайин мечкай, ебтўймас, бир қадар текинхўр. Бошда бувисининг қўлига қараб, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан”, деб ўтиради. Аммо ақлан етишиб, ота-онасини босқинчи душманлар асир қилиб олиб кетиб азоблаётганларини англаб, қалбида исён туйғуси жўш уради. Уни ҳаракатга келтириб, катта мақсадларга етакловчи куч бу – қондаги азалий ватанпарварлик ва мустақиллик туйғуси. Бу йўлда у “қўмондонлик” тузар экан, турли ҳунар ва ёшдаги миллат вакилларини жамлайди. Ҳатто енгил ҳийла билан илончалар Чика ва Пука хизматидан ҳам ўринли фойдаланади.

 Достон-қиссада бир тимсол-рамз бор. Бу асарда бот-бот келадиган, қаҳрамоннинг оғзидан тушмайдиган, қолаверса, болалар фолклори мулкига айланиб қоладиган тўрт қатор шеър:

    Олма едим бақалоғидан,

    Гилос едим чақалоғидан,

    Анжир едим япалоғидан

    Боғбон буванинг шапалоғидан...

 Бу афандисифат ёш қаҳрамоннинг тиш-тирноғигача қуролланган жиҳозлари ҳам жуда аломат: остида оқсоқ хачир, қўлида дасткалла, ўқлов, қалқони – қозоннинг ёғоч қопқоғи. Мешполвон озодлик-қасоскорлик юришининг иштирокчиларидан Гўрўғлибек, Равшанхонлар авлоди – Ошиқболага муаллиф шундай таъриф беради:

 “Ошиқбола уч ёшида ариқдан сакраб ўтадиган, тўртида ҳарф битадиган, бешида китоб титадиган, олтисида ўзини отда эркин тутадиган, еттисида нонга ханжарда ёғ суртадиган, саккизида ўқ-ёй билан тангани йиртадиган, тўққизида тухумни хом ютадиган, ўнида полвонларни елкада туртадиган, ўр бирида уйида ошна кутадиган, ўн иккисида ҳафталаб овга кетадиган бўлди...”

 Насрий қофияли саъж усулидаги бу бадиий баён халқ достончилигидан сизга яхши таниш. Анвар Обиджон достон-қиссада мавжуд адабий анъаналардан ижобий фойдаланади. Чунончи, Ошиқбола билан бир қур жангариларча талашиб олган Мешполвон бўлажак ҳамроҳига ўз мақсадини баён қилади:

    Йўлга чиқсам асосим бор,

    Сепкилшоҳда қасосим бор.

    Элимни у талаб ўтди,

    Асалимни ялаб ўтди.

    Каллалардан қаср қилди,

    Кўпчиликни асир қилди.

    Паҳлавоним дадам – унда,

    Меҳрибоним онам – унда.

    Бориб озод қилайин деб,

    Энамни шод қилайин деб,

    Қўғирмоч еб, кучни тўплаб,

    Йўлга тушдим, кафтга туфлаб...

 Сафар давомида қарам халқнинг аянчли турмуши манзаралари очила боради. Мазанглар (лўлилар)  қишлоғига яқинлашган Мешполвон билан Ошиқбола қизиқ ходисанинг гувоҳи бўлишади. Босқинчи Сепкилшоҳнинг жойлардаги вакилларидан Наҳанг ўлпончи мазанг кампирнинг чирмандасига солиқ солади. Бу ўлпондан саросимага тушган лўли кампир: “Етмиш йил санқиб, саксон мамлакатни кўрдим. Локин чирмандага солиқ солганларини биринчи бўлиб, сан муттаҳам айтдинг”, дея ўз норозилигини баён қилади:

    Солиқ солдинг еримга,

    Қўйдан шилган теримга,

    Сойда ювган киримга,

    Чирмандамга ёпишма.

 

    ...Қизлар тўлар хол пули,

    Кампир тўлар чол пули,

    Чол тўлар соқол пули,

    Чирмандамга ёпишма...

 Ҳаддан ошган адолатсизликдан пичоқ бориб суягига етгач, оқибат Ошиқбола ёрдамида Наҳанг-қароқчиларнинг адабини бериб қўйган Мешполвон лашкарига яна бир содиқ аскар – лўли бола Чумаквой ҳам қўшилади. Кўп ўтмай, туя минган Чумаквой ёнига қўчқор минган Райҳон қизиқ қўшилади...

 Достондаги қаҳрамонлар минган хачир, ғирот, туя, қўчқорлар ҳам ўз хўжайинлари феъл-атворининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшишади. Асарда инсон, ҳайвон образларидан ташқари достон-қиссанинг бошдан-оёқ меҳмонларидан бўлган бир қаҳрамон образи ҳам борки, бу Олтиариқ тумани ва олтиариқликлардир.

 Афандисифат болакай Мешполвон ҳам Олтиариқдан чиқиб, шунчаки ҳангоматалаблик билан мушкул сафарга отланаётгани йўқ. Унинг муқаддас орзу-мақсади бор. Сепкилшоҳ бошлиқ босқинчи ёвлар оёғи остида топталиб ётган Ватанни озод, қадимгидай мустақил ва обод қилиш учун курашмоқ, жанг қилмоқ лозим. Бу йўлда у жиддий синовларга дуч келаркан, ўзини йўқотиб қўймайди. Тажрибасизлиги, билимсизлиги гоҳида қаҳрамонимизга панд бериб, йўлдан оздиргандай бўлади. Бироқ асосий масала – имон ва эътиқод собитлигида, ҳеч қандай куч Мешполвонни эзгу ниятидан чекинтиролмайди.

 Ниҳоят, лашкар ишғол қилиниши лозим бўлган Сепкилшоҳ салтанати пойтахтига яқинлашар экан, Қизқўрғонга етиб келади. Босқинчи турли мамлакатлардан қул-асира қилиб келтирилган гўзал қизларни шу қўрғонда “тарбиялаб”, сўнг сайилларда катта пулга сотар экан. Асарда бир кўриниш бериб ўтган букри чол тилидан муаллиф бу воқеага шундай муносабат билдиради:

    Қилни савдо қилишар,

    Филни савдо қилишар,

    Дилни савдо қилишар,

    Тилни савдо қилишар.

     Қандай замон келдики,

     Пайдо бўлса қизбозор?

 Сепкилшоҳ салтанатининг маънавий чириклигини ифодалашда қўл келган бу детал янада кучайтирилиб, совет замони метод-ақидаларидан бири бадиий ифодаланади: Қанот чиқариб тепадан тушишга интилиб, ўз шоҳининг ғазабига дучор бўлган лашкарбошини жазолаш учун вазиру нозирлдар кшп усуллар таклиф қилишади. Аммо Сепкилшоҳнинг ўз синалган усули бор:

    Уринмайлик оқлаш учун,

    Дўстни омон сақлаш учун.

     Ўлигига йиғлаш учун

     Тепкилайлик ўзимиз.

 Сепкилшоҳ ва Мешполвон лашкарлари ўртасидаги жанг авж пардага чиқади.

    Гоҳ осмонни ўраб увлар,

    Нарвонларни бураб увлар,

    Ёвни қордек кураб увлар

    Мешполвоннинг аскарлари.

 Ушбу ҳаёт-мамот жангида ниҳоят нур зулмат устидан, адолат ёвузликдан устун келади. Сепкилшоҳ бандилари ҳам исён кўтаргач, Мешполвон лашкарларининг қўли баландлашади. Бандиларга бош бўлган исёнкор-йўлбошчи (Мешполвоннинг отаси) озодлик лашкарига келиб қўшилгач, кўнгилсиз вазиятнинг устидан чиқади. Озодлик кураши раҳнамоси Мешполвон бошидан қаттиқ жароҳатланган эди. Ўғил устида ота фарёд чекади:

    Ёв чиритган ўтлоқ учун,

    Ёв қуритган булоқ учун,

    Ёв иритган тупроқ учун

    Кичик жонинг керакмиди?

 

    Сўлиб битган гулшан учун,

    Оёқдаги кишан учун,

    Топталган ор-у шаън учун

    Кичик жонинг керакмиди?

 Хайриятки, курашларда пишган, чиниққан қаҳрамонимиз оғир хасталикни енгиб, кўз очади. Тез фурсатларда тузала боради...

 Ота-она, қариндош уруғлар, миллатдошлар, Ватан озод бўлди! Қаҳратония Мешполвоннинг вазири – Гўрўғлибек авлоди Ошиқбола қўлига ўтди. Ғалаба нашидаси, тўю тантана, байрам бошланди. Ошиқболани Ойтуморга уйлантираётган Мешполвон ўзи ҳам табиб қиз Ачахонни кўз остига босиб, салтанатнинг пойтахти Олтиариққа олиб кетиш пайидан бўлиб турибди...

 Худди аломат мултфилмни эслатувчи ушбу достон-қисса омон-омонлик, ғалаба билан якун топади. Кичик мактаб ёшидаги болаларга бағишланган асар бугунда минг йиллиги нишонланаётган “Алпомиш”нинг давоми, озодлик ҳақидаги ярим ҳазил, ярим чин ният-башоратнинг бадиий-рамзий кўриниши.

 1988 йилда ёзилиб, 75 минг нусхада чоп этилган бу асар қарам давлатнинг болаларига тарқатилган озодлик варақалари эди! Ўзбек адабиётида, унинг таркибий қисми болалар-ўсмирлар адабиётида Ватан озодлиги ва миллий мустақиллик мавзуида яратилган ошкоралик кўринишидаги адабий намуналарнинг бири эди!

      “Ватан осмони” китоби. Т. “Ёш         гвардия” нашриёти, 1987 йил.

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz