ao
ss

ШОИР  ВА  ШЕЪР  ДУНЁСИ

      (Шоир Мирза Кенжабоев саволларига жавоб)

 Савол (Мирза Кенжабоев): Ёш шоирларга айтадиган гапингиз йўқми?

  Жавоб (Эркин Воҳидов): Адабиётда олға силжиш учун янгилик излаш керак, янгилик топиш учун эса баъзан эскиликка қайтиш керак бўлади. Ёш шоирларнинг қадимги битик тошлардаги ёзувларга, Ватан тарихига, халқ оғзаки ижодига теранроқ кириб, уларни ўрганиб, замонавий руҳда янги шеърлар ёзаётганидан мамнунман.

 Ҳозирги ёшлар оддийгина деталлардан ҳам катта маънолар топишга интиладилар. Мана, болалар шоири Анвар Обиджоннинг “Коллекциячилар” деган кичкина шеърини эшитинг:

    Капалакни ушладилар,

    Шишачага ташладилар.

    Унга озиқ беришмади,

    Йиғлаганин кўришмади.

    Қотириб ҳам қўйишди сўнг,

    Чиройли деб суйишди сўнг.

    Қийнадилар сўлдиришиб,

    Мақтадилар...  ўлдиришиб.

 Ҳозирги ёш шоирлар ўта жиддийлашиб кетаётганга ўхшайди. Бир маҳаллар Михаил Светлов дўстларига ҳазил шеърлар ёзган, рассомлар ҳам унинг карикатурасини чизишган. Ҳамма унинг ҳазилини кўтарган. У ҳам ҳамманинг ҳазилини кўтарган. шу йўсин Москва адабий муҳитини ҳаракатга келтириб турганлар. Бизнинг ёшларимизда бир-бирига мана шундай ҳазил-мутойибалар қилиш, камчилик ва нуқсонларини ҳам шундай қувноқ ва кўтаринки кайфият билан бартараф қилиш ҳодисалари учрамайди. Санъатнинг барча турлари вакиллари бир-бири билан яқин алоқада бўлиб турсалар ёмон бўлмасди.

 .........................................................................................................................

      Э. Воҳидов. “Шоиру шеъру шуур” китоби.

     Т. “Ёш гвардия” нашриёти, 1987 йил.

 

РАҲМАТУЛЛА БАРАКАЕВ ,

        филология фанлари номзоди.

    ЖОНАЖОНИМ  ШЕЪРИЯТ

 ...................

 Одатда, ҳар қандай ижтимоий ўзгаришлар даврида маърифатпарварлик йўналиши етакчи ўринга чиқади. Маърифатпарварлик адабиёти эса, маълумки, болалар адабиётининг сарчашмасидир.

 80-йиллар ўзбек болалар адабиёти, хусусан шеърияти шу жиҳатдан махсус тадқиқ этишга моликдир. Зеро, бу давр ўзбек болалар адабиёти зиммасига истиқлолимизнинг ижтимоий-иқтисодий заминини яратиш керак бўлган ёш авлод маънавияти пойдеворига илк ғиштларни қўйиш масъулияти тушди. Бундан ташқари, 80-йилларга келиб, ўзбек болалар адабиёти шеъриятида ижодий камолот пиллапояларидан тобора юқорилаб бораётган навқирон авлод сафига бир қатор умидли ёш қаламкашлар ҳам қўшилдиларки, бу омиллар биргалашиб, бу давр болалар адабиёти шеъриятини бадиятнинг янада юқорироқ поғоналарига олиб чиқди...

 Анвар Обиджоннинг нимкулги билан йўғрилган шеърларидаги кулги аслида асарнинг биринчи қатлами, холос. Зукко китобхон бу шеърлардаги кўчма маъноларни дарров илғайди,  ширин кулги қатларидан кўз ёшининг шўр таъмини сезади...

 Ёш китобхон назарида ижодкор – сеҳргардир (В. Берестов). Агар сеҳргар чолнинг қўлидаги сеҳрли таёқчаси ҳайратомуз мўъжизалар яратса, ижодкорнинг сеҳрли қаламидан ҳам ана шундай мўъжизалар яратилади. Шу сабабли ҳам ҳақиқий шоир қаламидан яралган оддийгина сўзлар ёш китобхон кўз ўнгида сеҳрли тош сингари турфа қирралари билан намоён бўлади. Оддий сўзларнинг сеҳрли сўзларга айланишида эса, бизнингча, энг катта имконият ҳажвий асарлардадир. Болалар адабиёти шеъриятини тарозининг икки палласига бўлсак, бир палласини ҳажвий шеърлар эгаллаши, эҳтимол аслида шундандир?! Чунки ҳақиқий ҳажв даставвал китобхоннинг дилини равшан, тилини бурро қилади. Бундай асар китобхонни дастрўмолга пиқиллашга эмас, балки бор овози билан қаҳ-қаҳ отиб кулишга мажбур қилади.

 80-йиллар ўзбек болалар шеъриятидаги ҳажвий-юмористик ва мажозий шеърият тараққиётида бугунги болалар адабиётимизнинг том маънодаги етакчи намояндаси Анвар Обиджон асарлари алоҳида ўрин тутади. Шоир “Булбулнинг чўпчаклари”, “Кумуш уй”, “Гурунгдаги гаплар”, “Ғалати мактублар”, “Ажойибхона”, “Игналарим чиройли”, “Менинг коллекциям”, “Ўзимизнинг ансамбл”, “Ширин сўйлар жажживойлар”, “Каламушлар кемаси” каби туркумларига кирган кўплаб шеърларида ҳажв ва мажознинг ажойиб намуналарини яратади. Бу шеърларда гоҳ турли жонзотлар тилидан мажозий йўлда, гоҳ болакайларнинг ўзига хос ширин тилларидан баъзан беғубор кулги яратилса, баъзан китобхонларни ўйлатиб қўядиган, кечаги кунимизнинг ғам-андуҳли манзараларини кўз олдига келтириб, эрк, истиқлол туйғуларини мажоз пардаси остида яратиши билан характерлидир.

 “Булбулнинг чўпчаклари” туркумидаги “Ажойибхонага марҳамат”  шеърига жон бахш этиб турадиган ҳолат ҳар бир жонзотнинг ташқи кўринишига мувофиқ келадиган ўхшатиш билан тасвирланишида акс этади:

  Ана қўпол Бегемот, бурни қумғонни кўринг,

  Чайнаб ётар текин ўт, Жираф нарвонни кўринг.

 

  Еган каби қалампир бети бужмоқ, қаранг бир,

  Оғзида тиш йўқ “кампир” – Бақа шодонни кўринг.

 

  Шохда карнай чалади, тўни ола-буладир,

  Номи Ҳакка холадир, гапи ёлғонни кўринг.

 

  Ўтдан гулни ажратмас, кўпроқ хашак еса бас,

  Эси кирса ажабмас, Хўтик нодонни кўринг.

 

  Камзулчаси жа таранг, кийим-боши ранго-ранг,

  Тумшуғи ўткир, заранг, Жиблажибонни кўринг.

 

  Шер нариги хонада, Шоқол нега панада,

  Куч бўлмаса танада, зўрдан гумонни кўринг.

 

  Бўрсиқ сўрар бармоғин, Сувсар қашлар қулоғин,

  Қоплон чархлар тирноғин, нафси ёмонни кўринг.

 

  Булбул тўкин ёз чоғи очди жонзотлар боғи,

  Қушларнинг йўқ саноғи, ҳар хил ҳайвонни кўринг.

    (“Масхарабоз бола”. Т. “Ёш гвардия” нашрёти,

    1986 йил, 17 – 18-бетлар)

 “Бурни қумғон” Бегемот, Жираф “нарвон”, қалампир еган киши каби бети бужмайиб кетган, оғзида тиши йўқ “кампир” – Бақа, тўни ола-була, ёлғончи Ҳакка хола, ўт билан гулнинг фарқига бормайдиган, кўзига учраган нарсани хашак сифатида еяверадтган нодон Хўтик, кийим-боши ранго-ранг, ўткир тумшуғи зарангдай қаттиқ Жиблажибон, нариги хонада юрган ҳайвонлар шоҳи – Шернинг қадам товушиданоқ панага уриб кетган қўрқоқ Шоқол, тирноғини чархлаётган йиртқич Қоплон сингари турфа жониворларнинг ҳар бири ўз қиёфаси билан ёш китобхон кўз ўнгида ёрқин намоён бўлишининг асосий сабаби, юқорида таъкидланганидай, уларнинг бош ташқи хусусияти  теша тегмаган ўхшатишларда табиий акс эттирилганидадир.

 Юқорида 80-йиллар болалар шеъриятида рамзлар, тимсоллар кучайгани ва унинг баъзи сабаблари ҳақида фикр юритган эдик. Анвар Обиджон шеърлари айниқса шу борада алоҳида аҳамиятга моликдир. Унинг шеърларида истибдод тиғи остида бўйни эгилган, лекин доимо эрк ҳис-туйғулари қалбини тарк этмаган халқимиз  тимсоли рамзларга ўралган ҳолда тасвирланади. “Кумуш уй” туркумидаги “Яйловни соғинган қўй” шеъри ана шундай асарлардандир. Аввало, туркум номига эътибор берайлик. Аслида “Кумуш уй”нинг ўзи ҳам Ватан рамзи. Зеро, Ипак қурти қурган эшиги-деразаси кумуш уй аслида халқимизни етмиш йил тентиратган келажаги қоронғу, хаёлий социалистик тузум тимсоли, “Яйловни соғинган қўй” эса истибдод занжирлари остида эзилган, қорни тўқ бўлса-да, қадри йўқ, боши эгиклар тимсоли:

   - Ишлар қалай, -

    Десам, Қўй

    Жавоб берди

    Суриб ўй:

 

    - Камчилик йўқ

    Озиқдан...

    Безор бўлдим

    Қозиқдан.

      (24-бет)

 (Шуни ҳам айтиш керакки, истеъдодли шоир ва тадқиқотчи Д. Ражабов 80-йиллар ўзбек болалар шеъриятининг баъзи ўзига хосликлари тадқиқига бағишланган номзодлик диссертациясида Анвар Обиджоннинг ушбу шеърини илк бора мажозий асар сифатида таҳлил қилганди).

 “Ака-ука” шеърида мустақил Ватан келажаги бўлмиш ўсиб келаётган ёш авлод рамзий йўсинда кечаги кунимиздаги қўли боғлиқ, кўзи боғлиқ, истибдоддан юрак олдириб қўйган катта авлодга таққосланади. Аканинг пастга, жарликка “така-пука термилиши” бежиз эмас, чунки жарлик аслида тубанлик рамзи, иккинчидан эса унинг кўз олдида халқимизнинг истиқлол йўлида қурбон бўлган минглаб фарзандлари тақдири турибди:

    Жар бўйида туришар

    Ака-ука.

    Ака пастга термилар

    Така-пука.

 

    Юксакдаги лочинга

    Боқар ука.

    Гўё кўкда жим қанот –

    Қоқар ука.

      (23 – 24-бетлар)

 Уканинг нигоҳи кўкда парвоз қилаётган лочинга тикилган. Чунки кўк ҳам, унда парвоз қилаётган лочин ҳам аслида эрк рамзлари, уканинг эса парвози баланд, нигоҳи истиқлолнинг ёришиб келаётган порлоқ нурларига тикилган. Шу боис ука ёш китобхон кўз ўнгида Лочин янглиғ Эркин, эрки учун курашга тайёр Инсон тимсоли сифатида намоён бўлади.

 “Учинчи полапон” шеърида “Ака-ука”даги мавзу давом эттирилади, янада ривожлантирилади. Шеърда эркин қуш – Лочин фарзандларининг ёвузлик рамзи Оқилон билан ҳаёт-мамот жанги қаламга олинади. Ёвуз Оқилон онасини ёрдамга чақириб чинқирган иккита полапонни бир зумда қонига бўяйди. Лекин инда Лочиннинг учинчи полапони ҳам бор. Гарчи у норасида гўдак бўлса-да, узоқлардаги онасини ёрдамга чақириб йиғлашдан манфаат йўқлигини тушуниб етади ва ўзини ўзи ҳимоя қилиб, қаттол душманни чўқиб ташлайди. Шеър келажакка ишонч руҳи билан суғорилган:

    Аждод қони, ўч ҳисси

    Берди унга куч, далда.

    Чўқиб олди рақибин,

    Бўйин чўзган маҳалда.

 

    Чўчиб ўтли нигоҳдан,

    Ёв тўлғанар довдираб.

    Мағрур турар ёш Лочин,

    Боқмас кўкка жовдираб.

       (59-бет)

сатрларида эрк учун курашган, душманга қарши доимо омонсиз курашиб келган аждодлар руҳи мард фарзандларга бир умр куч, далда бериши туйғулари етакчилик қилса, шеър:

    У билади,

    Онаси –

    Ҳозир олис бир жойда.

    Бўм-бўш кўкка термилиб,

    Қичқирмоқлик бефойда.

 

    Ўчкор боқди қотилга

    Онанинг мард Лочини...

    Омон қолса,

    Бир кун у –

    Янчар Илон бошини.

      (59 – 60-бетлар)

сатрлари билан тугар экан, қотилга ўчкор боқаётган учинчи полапоннинг бир кун Илон бошига етиши, душманидан омонсиз ўч олишига ишонч руҳи ёш китобхон қалбига ҳам кўчиб ўтади, ҳаёт учун, эрк учун кураш туйғулари барҳаётлигига ишонч туғдиради.

 “Янтоқлар ҳақида қўшиқ” ҳам озодлик, эрк учун кураш туйғулари етакчилик қилиши билан эътиборга моликдир. “Сувсизликдан сўлмасдан, гармселдан жон сақлаб, ёвуз саҳрони енгиб” яшаётган “янтоқлар” ҳам аслида халқ рамзи. Гарчи у “ёвуз саҳро”да “сувсизликдан сўлиш”га, “Гармсел”нинг ўтли шамоллари таъсирида аста-секин ўлимга маҳкум қилинган бўлса-да, бироқ “янтоқлар”нинг чуқур ўрнашган, мустаҳкам илдизи ҳар қандай шароитда ҳам яшаш учун курашга чорлайди, шу боис ҳам янтоқлар доимо гуллайди, “мева”  тугади, келажак авлодни яратади. Бинобарин, зукко китобхоннинг синчков нигоҳи бу шеърда халқимизнинг истибдод тиғи остида ўтган кейинги юз йилдан ортиқроқ давр мобайнидаги тарихи рамзий йўсинда акс эттирилганини дарров пайқаб олади. Шоир:

    Эзиб ўтди йилқилар,

    Эзиб ўтди нортуя.

    Тикландингиз қайтадан

    Оламда биз бор, дея,

    Балли сизга, янтоқлар!

 

    Янчолмади бўронлар,

    Куймадингиз оташдан.

    Ғанимлар ҳам ҳайрондир

    Бундай чидам, бардошдан,

    Балли сизга, янтоқлар!

       (82-бет)

дер экан, бу мисралардаги “йилқилар” ва “нортуя” ҳам юртимизга бостириб келган турли ғанимлар тимсоли янглиғ намоён бўлади. Чингизхон суворийларининг йилқилари ва арабларнинг туялари оёғи остида эзилган, топталган халқимиз ўзини барибир тиклаб олгани, уни турли талотўпларнинг бўронларию оташлари ҳам йўқ қилолмаганидан ҳатто ғанимларнинг ўзлари ҳам ҳайронликлари ишонарли тасвирланган. Эҳтимол, ёш китобхон бу имо-ишоралар, рамзларни тўла тушунмас, бироқ масал кўринишидаги (рамзлар, тимсолларга асосланган) асарлар шуниси билан ҳам характерлики, улардан ҳар бир китобхон ўзига керакли нарсани уқиб олади. Барча ёшдаги китобхонларга мўлжалланган бундай асарлар шу боисдан ҳам мазмунан кўп қатламли бўлади.

 “Елпиғичга ёзилган шеър”да эса шоир рамз воситасида ҳаётимизда учраб турадиган иродасиз, бировлар қўлида қўғирчоқ бўлган шахслар қиёфасини яратади, бундайларнинг ғанимлар учун айни муддао, хоҳлаган куйга солишда қўл келадиган елпиғич янглиғ тубан эканлигини таъкидлайди. “Бўрон қўзғай олмайдиган” бундай маънавий ногирон шахслар учун қорин ташвиши, халқини сотиш эвазига эришиладиган бойликлар, мансаблару омонат обрў-эътибор ташвишидан каттароқ ғам, бундан улканроқ орзу-умил йўқлиги тасвири ушбу тўртлик моҳиятини тўла акс эттиради:

    Сендайларни сақлашар

    Омон,

    Чунки қўзғай олмайсан

    Бўрон.

      (73-бет)

 Анвар Обиджоннинг тенгсиз иқтидори ёш бола табиатининг ўзига хосликларини тасвирлашда ўзини янада ёрқинроқ намоён қилади. “Ойим сезмасин” шеърида ана шундай ёрқин тасвирнинг гувоҳи бўламиз.

    Чўпиллатиб

    Жажжи лабин,

    Шоколадга

    Деди Наби:

 

    - Секин очай

    Қоғозингни.

    Чиқармай тур

    Овозингни!

     (30-бет)

 Ёш бола назарида ҳатто оддий шоколад ҳам жонли мавжудот. У шоколадга “овозингни чиқармай тур, ойим сезиб қолмасин”, деб мурожаат қилар экан, бу гапни фақат ёш бола айта олиши мумкинлигига шак-шубҳасиз ишонасиз, кўз ўнгингизда шоколаднинг қоғозини авайлаб очаётган болакай қиёфаси намоён бўлади.

 “Гулдор пуфакча” шеърида эса шоирнинг тақлидий сўзлар воситасида бадиий санъат яратиш маҳорати намоён бўлган. Шеър Ниначининг гулдор пуфакча топиб олиши ва ундан ўзига ғаройиб уйча қуриб олиши тасвири билан бошланади:

    Топиб олди Ниначи

    Гулдор пуфакча.

    Ундан шинам уй қурди

    Уриниб пича.

 Бу ғаройиб уйчани кўрган барча жониворлар ҳанг-манг бўлиб қолишади. Шеър ана шу ҳайратлар ифодаси ўлароқ майдонга келган. Уйчани кўрган Чигиртканинг ҳайрати “чир-р-ройли-ку жа” дейиш билан ифодаланса;

Ҳўкиз “Мўъ-ў-ўжиза қаранг!” дейди; Эшак эса ҳангу манг бўлиб “Э-ҳа, э-ҳа” дейишдан бошқа сўз тополмайди. Шу тарзда шоир бошқа жониворларнинг ҳайратини ҳам ҳар бирининг ўзига хос унлари билан ишонарли ифодалайди. Чунончи:

    Кўзи куйиб дер Бақа:

    -Вақ-тим сал чатоқ.

    Қур-р-волардим мен ҳам уй

    Бундан дурустроқ.

 

    Мушук келиб,

    Томга бир –

    Пуркаб кўрди сув.

    Хўроз боқди ичкари:

    - Қупқуруқ-ку бу...

 

    Калондимоғ Хўрозга

    Ўқрайди Ғулғул:

    - Муҳими,

    Уй бўлса бас,

    Топилар ул-бул.

 

    - Э-э...

    Бе-е...

    Эчки таърифга

    Тополмади сўз.

    - Ир-р...

    Бир-р уйга кирай, дер

    Жилпанглаб Тўрткўз.

 

    Мезбон уни тўхтатди:

    Ахир, хона тор.

    Майли,

    Кирсин Итпашша,

    Итга нима бор?

 Воқеа яккамахов, бировнинг хурсандчилигини кўролмайдиган Қарғанинг аралашуви билан давом этади ва охири вой бўлиб тугайди:

    Қарға деди:

    - Қар-р-р...

    Қар-р-ши

    Бўлмасанг агар,

    Кенгайтириб бер-р-райин

    Уйингни, жигар.

 

    Сўнг пуфлади пуфакни –

    Қарғавой

    “Қағ-қағ...”

    Уй тарвуздек бўлган чоқ

    Портлаб кетди – “Пақ!”

      (53 – 54-бетлар)

 Товуш ўхшатишлари асосида яратилган ушбу шеърда шоир, аввало, ёш китобхон кўз олдида турли жониворларнинг жонли қиёфасини намоён қила олган бўлса, иккинчидан, уларнинг табиати, характерига тегишли бир-икки сўз, имо-ишора билан ҳар бир жониворнинг портретига ҳам чизгилар чизишга эришган.

       “Жонажоним шеърият” китобидан.

     Т. Чўлпон нашриёти, 1997 йил.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz