ao
ss

ТУРСУНБОЙ АДАШБОЕВ,

        болалар шоири.

    КИЧКИНТОЙЛАРНИНГ КАТТА ШОИРИ

 Мен Анвар Обиджонни шоир сифатида 1980 йилда кашф қилдим. Ўша йиллари унинг “Ёш гвардия” нашриёти томонидан чоп этилган  “Баҳромнинг ҳикоялари” тўпламига жамланган бир-биридан завқли, мағзи тўқ, кичкинтой китобхонлар бир ўқишдаёқ ёдлаб оладиган шеърларидан бир банди хотирамда муҳрланиб қолган:

    Қизил гулнинг ғунчаси –

    Атир тўла хумчаси.

    Япроқлари ёстиқча,

    Тиканлари – ортиқча.

      (“Қизил гул”)

 Шоир гулнинг ғунчаси кулолнинг қўлида жило топган нозик хумчага ўхшаши, япроқлари жажжи ёстиқчаларни эслатиши, аммо гулнинг тиканлари ортиқчалигини кичкинтойларга хос йўсинда маҳорат билан ифода этган.

 Ўзбек болалар адабиётининг атоқли вакилларидан бири, устоз Ҳаким Назирнинг “Кўнгил дафтари”га кирган қайдларида кичкинтойларнинг катта адабиётини яратиш осон иш эмаслиги тўғрисида: “Ҳақиқий болалар ёзувчисида соддалик билан донолик омухта бўлади. Болалар ёзувчиси болаларча қизиқувчан бўлгандагина уларнинг кўнглига йўл топиб, руҳий дунёсига кира олади”, деган сатрлар бор.

 Анвар Обиджоннинг шеърларига назар ташлар эканмиз, бу фикр тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Болалар шеъриятига фалсафий руҳни сингдириб юборишдек беқиёс маҳоратига тан берамиз:

    Капалакни ушладилар,

    Шишачага ташладилар.

    Унга озиқ беришмади,

    Йиғлаганин кўришмади.

    Қотириб ҳам қўйишди сўнг,

    Чиройли деб суйишди сўнг.

    Қийнадилар сўлдиришиб,

    Мақтадилар ўлдиришиб...

  Ўзбек болалар адабиётига янгича оҳанг ва янгича руҳ билан кириб келган Анвар Обиджоннинг ижодига ўз вақтида Асқад Мухтор ҳамда Эркин Воҳидов каби улуғ устозларимиз “болалар учун ҳам шундай ўткир, тагдор асарлар ёзса бўлар экан-ку”, деб бежиз юқори баҳо беришмаган.

 Кичкитойлар учун 1980 йилга қадар ёзилган асарларнинг катта қисмини панд-насиҳат мавзуидаги шеърлар ташкил этар эди.

 Анвар Обиджоннинг шеърлари эса болаларни фикрлашга даъват этади, она юртига меҳрини оширади. Айниқса, ёшларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида А. Обиджоннинг муносиб ўрни бор. Унинг ўнлаб китобларидан жой олган “Далалардан – болаларга”, “Ажойибхона”, “Сиз эшитмаган қўшиқлар”, “Булбулнинг чўпчаклари”, “Игналарим чиройли” ҳамда “Ғалати мактублар” сингари туркумдаги шеърлари инсон ва табиат бир-бирига узвий боғлиқ эканлигини болага уқтириши билан бирга жажжи қалбларида борлиқдаги жонзоту ўсимликлар дунёсига меҳр уйўотади. Биргина “Маккажўхори” шеъри фикримизнинг яққол далилидир:

    Мен ҳаммадан

    Юқори,

    Исмим –

    Маккажўхори.

    Думбулгинам

    Гўдакча,

    Ухлар кўм-кўк

    Йўргакда.

    Соғлом улғай,

    Жон гўдак.

    Малла сочинг

    Жингалак.

    Кутар сени

    Болалар

    Ҳамда

    Товуқ холалар.

 Кўриб турганингиздек, шеър ўта қисқа, аммо фикр лўнда. Ўсимликлар олами, резаворлар дунёси – буларнинг барчаси ҳақида ёзиш бошқа, ёза билиш бошқа. Бу жиҳатдан А. Обиджоннинг ижоди ўзга қаламкашларникидан фарқ қилади. Сабаби, у қишлоқ ҳаётини яхши билади ва чуқур тушунади. Шоир ихчам ва ўйноқи сатрларда қаламга олинган қаҳрамоннинг портретини шундай тасвирлайдики, кичкина китобхоннинг кўз ўнгида унинг қиёфаси гавдаланади.

    Доналарим

    Маржонча.

    Бир бошим –

    Нақ бир жомча.

    Қуритсангиз

    Майизман.

    Дастурхонга

    Файзман.

    Кузда еб-еб

    Тўйишар.

    Қишга

    Осиб қўйишар.

    Боқар шод

    Ёш-қарилар.

    Мақтар ҳатто

    Арилар.

     (“Узум”)

 Она-Ватан мавзусида қалам тебратмаган шоир бўлмаса керак. Шоир Анвар Обиджоннинг бу борада ўзига хос фикри, оҳанги бор. Чунончи, “Бойқуш” сарлавҳали шеърида инсон ўз Ватанини фақат гўзаллиги учунгина эмас, балки уни қандай бўлса, ўша ҳолатда ардоқлаши лозимлиги таъкидланади. Мазкур шеър савол-жавоб тарзида битилган:

   - Сенга битта савол бор,

   Менга қулоқ сол, ҳой қуш.

   Вайронада яшайсан,

   Номинг эса нақ Бойқуш.

    Айт-чи, наҳот сен бойсан?

 

   - Асл бойлик нелигин

   Тушунмайсан, чамаси.

   Бу вайрона бўлса ҳам,

   Ўзимники ҳаммаси.

    Шунинг учун мен бойман!

 Анвар Обиджон билан узоқ йиллар давомида бир хонада бирга ишлашимизга тўғри келди. Бу давр ҳар иккимиз учун синов ва чиниқиш йиллари бўлди. Каминага устозим Қудрат Ҳикматдан ўтган чўрткесарлик ва дангалчиликни Анваржонга хос бўлган оғир-босиқлик пардозлаб сипардорлиқ қилганини тан олишим керак.

 У, айниқса, ёш қаламкашларнинг ижодига катта эътибор билан қарайди. 1988 йилнинг баҳори эди. Хоразм вилоятининг Боғот қишлоғидан битта бандерол келиб қолди. Очиб кўрсак, оддий ўн икки варақ дафтар тўла шеърлар. Дафтардаги машқларнинг муаллифи ўнинчи синф ўқувчиси бўлиб, “Эрпўлат Бахт” деб имзо чекилган. Эрпўлатнинг шеърларини Анваржон билан бақамти ўқиб чиқиб, муаллифга дарҳол оқ йўл тилаб мактуб йўлладик. Боғотлик бу ёш ижодкорнинг шеърларини таҳрир қилишнинг ҳожати йўқ эди. Орадан йиллар ўтди. Эрпўлат Бахт ҳар жиҳатдан камолга етиб, кичкинтойларимизни ўзининг дилбар асарлари билан хурсанд қилиб келмоқда.

 Анвар Обиджоннинг бир талай шеърлари бошланғич синф дарсликларига киритилган. Чунки у қаламга олган мавзулар болалар қалбига яқин ва тез эсда қолади, шоир қаҳрамоннинг болаларгина илғаб оладиган жиҳатларини катта маҳорат билан тасвирлаб беради.

 Мен Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ижодининг бир қирраси ҳақидагина фикр юритдим. Шоирга ижодининг авжи гуллаган палласида турган бир кезда, болалар учун янада баркамол шеърлар ёзишини тилаб қоламан.

     “Til va adabiyot ta’limi” журналининг 2007 йил 1-сони.

 

АЛИШЕР ИБОДИНОВ,

        ёзувчи.

   “ҲАЁТНИНГ  ҲАР ЛАҲЗАСИ ГЎЗАЛ...”

 ...70-йилларнинг иккинчи ярми. Биз Тошкент университети журналистика факултети талабалари ўз “олтин давр”имизни кечираётган дамлар. Кечки пайт кутилмаганда ётоғимизга Анвар ака бир гуруҳ шоир дўстлари билан кириб келди. Ўшанда Анвар ака бизнинг факултетда сиртдан ўқирди. У билан ҳамюрт бўлганимиз боис анча қадрдон эдик. Ўзингизга маълум, талабанинг дастурхони – иккита суви қочган “бўлка” нон, “суюқ”дан сал қўйиқроқ дамланган нимғирово чой... Бироқ бу вазиятдаги оташ шеърхонлик, гўзал суҳбатни энг тўкис дастурхонлар устида ҳам топишингиз мушкул.

 Навбат Анвар акага келди:

    Аллў, аллў...

    Салом...

    Сизмисиз?

    Кеча номер берган қизмисиз?

    Қилган эдим тонгда қўнғироқ,

    Жавоб берди дадангиз мудроқ...

 

    Йўқладим ой тирмашгач тоққа,

    Уйланганлар киргач ётоққа...

 Ошиқларнинг оҳ-воҳлари, кўркам қизнинг бевафолиги, сўлган гуллар ҳақидаги маъюс, лекин жонсиз, шалвираган шеърлар тинглаб, эснаб ўтирган курсдошларимга жон кирди.  Осмонўпар ташбеҳлардан ҳоли, гўзал, “коса тагида нимкоса”си бор сатрлар ҳаммамизни ҳайратга солди. Бу ўзбек шеъриятидаги ўзига хос, янги йўналиш эди. Бироз киноя, бироз ҳазил, бироз ўйноқилик йўғрилган шеърлар бирдан юракка чўкар, ҳам кулдириб, ҳам ўйлатарди.

    Шамол хомуш еляпти,

    Ла-ла-лай...

    Қўшиқ айтгим келяпти,

    Ла-ла-лай...

 

    Мен куйлайман нечун гоҳ?

    Ла-ла-лай...

    Йиғламаслик учун... Оҳ!

    Ла-ла-лай...

 Ўша куни талабалар ўзбек адабиётидаги янги бир овоз, кучли истеъдод билан танишдилар.

 Ўтган асрнинг 70-йилларда адабиётга кириб келган Анвар Обиджон бугунги кунда назм ва наср, театр ва кинодраматургия соҳасидаги энг кўзга кўринган, забардаст ижодкорлардан бири. Ўзбекистон халқ шоири унвонига эга. Унинг ўнлаб китоблари нашр этилган. Анвар ака яратган Гулмат образи ўзбек адабиётидаги Калвак махзум, Тошпўлат тажанг каби машҳур сатирик қаҳрамонлар билан бир қаторда туради. 20-йилларда устоз Қодирий қаламидан тўкилган Калвак махзум эл орасида қандай шуҳрат топган бўлса, Гулматнинг одамларимиз қалбига, онгига сингиши ундан кам бўлмади.

 Мен Анвар акани кўпинча Абдулла Қодирий билан қиёслайман. Ўша ўйноқи, ҳақиқий халқ тили, ўша ҳаётга, адабий қаҳрамонларга андак киноя билан ёндашув, шу билан бирга фақат юраккина сезадиган кучли дард, фожиа...

 Мешполвон, Аламазонлар ўзбек болалар адабиётининг мулкига айланди. Улар рус ва бошқа тилларга ҳам таржима қилиниб нашр этилди.

 Анвар Обиджон етук ёшда. Халқимиз, фарғоналиклар, унинг миллионлаб мухлислари шоир ва адибдан янада мукаммал асарлар кутишга ҳақли. Зеро, шоирнинг ўзи айтганича:

   Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

   Умрнинг ҳар дами ғанимат...

       “Адолат йўли” газетасининг 2007 йил 2 ноябр сони.

 

САФО МАТЧОНОВ,

        профессор.

        ЗАМИРА ИБРОҲИМОВА,

        филология фанлари номзоди.

   ЭЗГУЛИКНИ  ЭШ  ҚИЛИБ

 Одатда, бирор ёзувчи ижоди таҳлил этилганда асарларининг мавзу доираси, тасвир услубининг ўзига хослиги, яратган образларининг ҳаётилиги-ю, тарбиявий аҳамияти ёки қайси асарида қандай ғояларни илгари сургани-ю, бадиий тил хусусиятлари юзасидан фикр юритилади. Баён қилинадиган фикр-мулоҳазалар мазмунан ҳар хил бўлса-да, уларни боғлаб турадиган бир нуқта бўлади. Бу ёзувчининг бадиий маҳорат билан боғлиқ  ижодий индивидуаллиги масаласидир.

 Таниқли болалар шоири Анвар Обиджоннинг асарларига шу жиҳатдан назар ташлаганда унинг шоир, носир, киносценарист, драматург, ношир сифатидаги кўп қиррали ижодий фаолияти кўз олдингизга келади.....................

.....................................................................................................................................

 Шоирнинг туркум шеърлари қўшиқ, мактуб, чўпчак шаклида яратилган. Улардаги шаклий ўхшашлик китобхонга диққатини жамлашга, асарларнинг маъно-мазмунини англашга ёрдам беради. Жумладан, “Сиз эшитмаган қўшиқлар” туркумидаги “Чигиртка қўшиғи”, “Сигир қўшиғи”,

“Каламушлар кемаси” туркумига доир “Тулкилар радиосида”, “Қуёнлар трамвайида”, “Ғалати мактублар” туркумидаги “Пўстиннинг Айиқчага ёзган хати” шунчаки шаклий уйғунликни англатмайди, балки аксинча,  уларнинг ҳар бирида кичкинтойларда ҳайрат туйғусини қўзғашга қодир қувноқ юмор билан йўғрилган теран ҳаётий маъно бор.

 “Тулкилар радиоси”даги “Товат қилинглар бироз, Сўнгги бор куйлар Хўроз” тарзидаги ахборот-эълон ҳам, “Чумчуқлар бозори”даги:

    - Бунча тиқин, машмаша?

    - Сотиляпти итпашша. –

тарзидаги қисқагина савол-жавоб ҳам болаларни атрофимиздаги олам билан таништириш орқали уларнинг дунёқарашини кенгайтиради, мушоҳада қобилиятини тарбиялайди.

 Бадиий адабиётда сичқон ва каламуш образлари кўпроқ халқ ва давлат мулкига хиёнат қилувчи юлғичлар тимсоли сифатида берилиши барчага аён. Анвар Обиджон каламуш образига мурожаат этганда, анъанавий тасвир услубидан чекинади. У, аввало, бизга каламушни чаласавод сифатида таништиради. Мисраларнинг қисқалиги, фавқулодда тасодиф сўзларнинг қофияланиши (каламуш – чаламиш) шеърнинг ўқилишини енгиллаштиради, ўқувчини ортиқча зўриқтирмайди. Шоир каламушнинг чаласаводлигини гўё унинг “темир” ўрнига “кемир” деб ёзиши билан изоҳлаётганга ўхшайди. Лекин зийрак китобхон биладики, у саводсиз эмас, балки бу сўз билан ўзининг турмуш тарзини баён қилаётир.

 Шоирнинг “Яйловни соғинган қўй” шеъри суҳбат тарзида ёзилган. “Ишлар қалай?” – деган саволга Қўй ўй суриб, шундай лўнда жавоб беради:

    Камчилик йўқ

    Озиқдан...

    Безор бўлдим

    Қозиқдан.

 Олдинига Қўйнинг ўй суриб қолишидан сергакланган кичик китобхон унинг қозиқдан нега безорлиги ҳақида бош қотиришига шубҳа йўқ.

 Дарвоқе, Анвар Обиджон ижодининг дастлабки босқичида ёзган мазкур шеърлари билан болалар адабиётида ҳам чуқур ижтимоий мазмунга эга асарлар яратиш мумкинлигини намойиш этганини адабиётшунос олимлар ўз вақтида таъкидлашганди.

 Шоирнинг кўпгина шеърларида ғоя сарлавҳа зиммасига юклатилган. Бу хилдаги шеърларни сарлавҳадан ажратганда, ижодкор мақсадини англаб бўлмайди. Масалан:

    Ўзинг-ку ётибсан

    Кишанда.

    Бировга бўлма-да

    Кушанда.

     х х х

    Ер поёнсиз

    Ҳойнаҳой.

    Кўп югурма,

    Ошнавой.

     х х х

    Каклик тутдик

    Жа семиз.

    Едик...

    Бургут иккимиз.

 Бу тўртликларнинг ҳар бири мустақил шеър. Аммо сарлавҳани тушириб ўқиганда, улардан кўзланган мақсадни англолмайсиз. Биринчи тўртликни “Қопқонга ёзилган шеър”, иккинчисини “Шиллиққуртнинг насиҳати”, учинчисини “Арининг қувончи” сарлавҳалари билан қўшиб ўқигандагина, улар орқали “Аввал ўзингга боқ, сўнгра ноғора қоқ” мақолининг ҳаётий аҳамиятини, шоирнинг лоқайдликка кескин муносабатини фаҳмлаш, тайёр ошга баковул бўлиб бировларнинг ютуғига шерикликни даъво қилувчи мақтанчоқ кимсаларга шаъма қилинаётганини англаш мумкин.

 Тасвирда қисқаликка интилиш кўпсўзликдан қутқазади, фавқулодда топқирлик билан ишлатилган ташбеҳлар ўқувчиларда ҳайрат туйғусини уйғотади. Маънони қуюқлаштириш йўлидаги изланишлар шу тариқа бадиийликни оширишга ёрдам беради. Лекин А. Обиджон ижодий маҳорати фақат булар билан белгиланмайди. Шоир асарлари кескин ҳажвий руҳи, юмористик талқини билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

 Болалар адабиётининг азалий мавзулари – она-табиат ва ватанпарварлик тарбиясига бағишланган кўп шеърларда ўлкамизнинг боғ-роғларию кенг пахта майдонлари, дарё ва тоғлари мадҳ этилади, тўғрироғи, қайд қилинади. Умумлашма тавсифлару қуруқ қайд қилиш орқали китобхон туйғусига таъсир кўрсатиб бўлмаслиги аён ҳақиқат. Анвар Обиджон кўпгина болалар шоирларидан фарқли ўлароқ, табиат ва ҳаётга болалар тушунчаси, нигоҳи орқали ёндашиб, азалий мавзуларни янгича ёритишга эришди.

 Шоир аксарият шеърларида жониворлар, нарса-предметларнинг ташқи кўриниши тасвири воситасида ўқувчини ўзи ифода этмоқчи бўлган моҳият ичига олиб киради. Масалан:

       Қарға кирди

    Кинога.

    Ўхшаб

    Буратинога.

     (“Безори”)

 

    Думбулгинам

    Гўдакча.

    Ухлар кўм-кўк

    Йўргакда.

     (“Маккажўхори”)

 Шоир шеърларида Бегемотнинг бурни қумғонга, Жирафнинг бўйни нарвонга, Бақанинг оғзида тиши йўқ кампирга, Ҳакка патлари ранги ола-була тўнга ўхшатилиши болаларнинг завқини оширади, жониворлар ҳақида тўлароқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.....................................................

.....................................................................................................................................

           Анвар Обиджоннинг Чўлпон номидаги нашриётда чоп этилган “Паҳлавоннинг ўғирланиши” номли охирги китобида болаларга аталган энг сара шеър ва достонлари жамлангани кичкинтойларга яхши совға бўлди. Бу китобдан кўплаб янги шеърлар ҳам ўрин олгани шоир ҳануз ёниқиб ижод қилаётганидан далолат беради ва кишини қувонтиради.

 Эзгуликни эш қилган адибдан кичик китобхоналар зеҳнини чархлаб, зийраклигини оширадиган янги-янги асарлар кутиб қоламиз.

      “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2007 йил 2 ноябр сони.

(ИЗОҲ: Бу мақолада З. Иброҳимованинг “Қувноқликка яширинган изтироблар” китобидаги фикрлар такрорланган жойлари қисқартирилди. 1987 йилда “Ёш гвардия” нашриётида чиққан “Катта йўл бошида” номли китобдаги “Ижод масъулияти” мақоласида ҳам Сафо Матжонов деярли шу фикрларни айтганди).

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz