ao
ss

 

Битта шоир камайса нима,

Чарх яратар бошқа нусхасин.

Чўкиб кетса тўфонда кема,

Пишиқроғин ясар устаси.

 

Тўфонлардан сесканма, қалбим,

Қайиқлардек сузма қирғоқлаб.

Кемаман деб уммонга талпин,

Юз балога ўзингни чоғлаб.

 

Қайиқларда — илинж ва хоҳиш,

Кемаларда — орзу ва мақсад.

Бугун сенда бир олам ташвиш,

Гал келганда ўзингни кўрсат.

 

Ётилиб ўт довулнинг кўксин,

Ё кемадек ғарқ бўл иззатда.

Унутмагил — қайиқлар чўкса,

Олинмайди ҳатто рўйхатга. . .

 

Тўфонлардан сесканма, қалбим!
1980

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал

 

Тун пардаси очилар аста,

Чиқиб келар саҳнага қуёш.

Келинчакдек бўлиб ораста,

Гул саломдан кўтаради бош.

Ҳовли гўё ювилган чинни,

Йўллар гўё артилган ойнак.

Қутлаш учун янги бу кунни,

Эл оёққа турар жонсарак. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Қаймоқ иси яйратар танни,

Дастурхонда иссиқ кулчалар.

Сув босгандек қақроқ ўзанни

Одамларга тўлар кўчалар.

Асли ҳатто гўдак эмизмоқ

Баробардир оғир юмушга.

Ошиқарлар, юраклар қайноқ,

Биров ишга, биров ўқишга. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Дуч келади юзлаб чеҳралар,

Кўпин қайтиб кўрмоқлик маҳол.

Улар дилга яқин нақадар,

Шунинг ўзи туганмас иқбол.

Барчинойлар нигоҳида сир,

Алпомишлар кўзида яшин.

Ёшлик қайтар қалбга сочиб нур,

Эслайсан илк севги оташин. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бир маҳаллар беришган салом,

Энди эса олишар алик.

Тилларида дуо, хушкалом,

Саодатдир ҳатто кексалик.

Кулиб турган мунчоқкўз бола

«Тинчлик» сўзин солар ёдингга.

Сочларингдан эриб оқ тола

Интиласан яна олдинга. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бу юртда алпчинорлар ўсар,

Кўк гумбазлар ўнгу сўлингда.

Бир азага кириб ўтсанг гар,

Сўнг ўнта тўй учрар йўлингда.

Гоҳ бировлар танишар илк бор,

Гоҳ йиғилар эски улфатлар.

Одамзотга дунё бўлмас тор

То мавжуддир ширин суҳбатлар. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат.

 

Бош кўтармас кимдир ишидан,

Кимдир ўйлар улуғ бир режа.

Яна сирли ором қушидай

Қўна бошлар юртимга кеча.

Бугунидан эл кўнгли тўлиб,

Эртанги кун учун тўплар дош.

Анвар шоир чарчоғи бўлиб

Тоғ ортига ёнбошлар қуёш. . .

         Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

         Умрнинг ҳар дами ғанимат. . .

2002

Tanlangan she’rlar ga o’tish

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun] [She'rlar] [Hikoyalar] [Hajviy she'rlar]
Hosted by uCoz