ao
ss

ҚОҒОЗ КАЛИТ

  Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан суҳбат

- Бугун кўпчилик мутахассислар болаларнинг китоб мутолаасидан йироқлашаётганини куюниб гапиришмоқда. Анвар ака, бунга қандай барҳам бериш мумкин?

- Қуш инида, бола уйида кўрганини қилади. Болалар китоб мутолаасидан узоқлашиб бораётган экан, бу биринчи галда, оилаларда китобхон ота-оналар танқислашаётганидан далолат беради. Бунга биргина китоблар нархи қимматлашгани эмас, китоб савдоси тизимининг фаолияти сусайгани, қишлоқлар тугул, бир қатор туман марказларида ҳам китоб дўконлари йўқолиб кетгани катта сабабчидир.

Мабодо, кимдир, болаларнинг нон ейишга ҳафсаласи пасайиб бормоқда, деса, уни овсарга чиқаришимиз ҳеч гапмас. Чунки, ақл бовар қилмайдиган гап бу. Шундан келиб чиқиб айтсак, аслида, одамлар қаторида тирик юришимиз учун нон қанчалик зарур бўлса, одам деган номни оқлаб яшашимизда китобнинг аҳамияти шунчалар муҳимдир. Ер юзида чумолилардек тез урчиб бораётган инсоният, агар фан ва техника тараққиётига таянмаганида, аллақачон очликдан қирилиб кетган бўлиши мумкинлиги, неъматлар мўл-кўл- чилиги замирида борлиқ илму билимлар қулфининг қоғоз калити ҳисобланмиш китоб ётганлигини болалар мурғакликданоқ англаб етишларига эришмоғимиз керак. Японларга ўхшаб, фар- зандларимизни ҳали тили чиқиб улгурмасданоқ расмли китобларни варақлашга ўргатолсак, юртимизнинг эртанги кунидан ташвиш тортишимизга ўрин қолмайди.

- Дарсликлар бадиий китобларнинг ўрнини қанчалик боса олади?

- Олманинг ўзини еб роҳатланмаган бола олманинг шарбатига бирон-бир ачқимтир дори эмасмикин деб безиллаб қараши турган гап. Ота-онаси, боғча опаси ўқиб берган ёки ўзи таталаб ўқиган бадиий асарлардан ҳузурланган болада китобга нисбатан меҳр, ҳурмат, энг муҳими – мутолаага қунт кўникмаси ҳосил бўлади, дарсликларга ҳам ўшандай қизғин иштиёқ билан ёндошади. Бадиий кито – ўзинг ёқтирган таом, дарслик – биров узатган овқат. Кейингисини суйиб ейиш-емаслигинг пазанда дидингни нечоғли яхши билишига боғлиқ.

- Болаларни китобга кўпроқ яқинлаштириш учун ҳозир нималар қилишимиз керак?

- Янги имлога ўтганимизни эътиборга олган ҳолда, энг аввало, жойлардаги барча кутубхоналарни лотин ҳарфида босилган китоблар билан тўлдиришимиз зарур. Турли хайрия тадбирлари ўтказиб келаётган саҳоватли пулдор кимсалар мактабларга, лицей ва коллежларга, боғчаларга китоб совға қилишни, иқтидорли болаларни оталиққа олишни кўпроқ одатга айлантирсалар, айни муддао бўларди. Бундай зотлар ҳатто қишлоқларига ўз ҳисобларидан кутубхона қуриб, унга китоблар олиб бериб, кутубхонасига маош тўлаб борсалар, юрт тараққиёти йўлида катта хизмат қилганлар қаторида номлари доим эъзозланмасмиди?

Лекин, китоб дўконлари энг чекка қишлоқларда ҳам бўлишини таъминламоқлик барибир асосий масала бўлиб қолаверади.

- Жаҳонда электрон китобхонлик русумга кириб бормоқда...

- Бу тамоман бошқа нарса. Бу ишга кўркўрона ёндошиб бўлмайди. Биринчидан, ҳеч қандай компютер боланинг қўлидаги китобнинг ўрнини босолмайди. Иккинчидан, компютер ҳамма ерда ҳам оммалашган эмас (ҳозирча). Учинчидан, ёш болалар компютер сирларини тезда ўзлаштириб олишлари қийин. Қолаверса, қор кам жойда чанғичиликни ривожлантиришга уриниш самарасиз бўл- ганидек, китоблар нашри кўнгилдагидек тараққий этмаган муҳитда электрон китобхонлик ҳақида қайғуриш ҳам бефойдадир.

- Болалар учун ёзилган адабий-бадиий асарлар комик, фантастик, насиҳатнома тарзида бўлиши шартми?

- “Комик” деганда қувноқ асарларни назарда тутаётган бўлсангиз, айтишим мумкинки, кулгили асарлар болалар адабиёти боғининг атиргулидир. Болалар кулгига жуда ўч халқ. Уларни ёмон ишлар,   бўлмағур одатлар устидан кулдириш – тарбиянинг энг самарали усулларидан бири. Кичкинтойларга аталган китобларнинг жаҳонда кўпроқ ва тезроқ оммалашганлари айнан кулгили асарлардир. Умуман олганда эса, адабиётда жанр ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди, асосийси – асарнинг савиясидир.

- Жаҳон адабиётидан ўзбек боласи учун ҳозирда таржима қилиниши ўта зарур деб, қайси асарларни айта оласиз?

- Жаҳон адабиётидаги ўта машҳур асарларнинг катта қисми ўзбекчага таржима қилиб бўлинган. Лекин, уларнинг бари ҳам болалар тушунчасига мос тилда ўгирилган деб айтолмаймиз. Дунё болаларига аллақачон севимли бўлиб кетган Жеймс Крюс, Эрих Кастнер, Доктор Сиюз, Жон Чиарди кабиларнинг кўпгина асарларини ҳали фарзандларимизга ўзбекчада тақдим этиб улгурмаганимиз афсусланарли ҳолдир.

- Ёши улғаяётган инсон ҳар сония болаликдан узоқлашиб бораверади. Бу жараёнда болалар учун қалам тебратадиган ижодкорларда муаммо туғилмайдими?

- Бошқа касбдошларимни билмадим-у, мен шундай муаммога дуч келганман. Беш нафар фарзандимнинг энг кенжаси ҳам ўсмирлик ёшига етган даврларда оилада “болалар тили”, “болалар феъли” бирдан танқисланиб, миттивойлар учун деярли ёзолмай қолдим. Уйда бирин-кетин неваралар пайдо бўлгани сари, яна аста-секин ўзимга кела бошладим. Бироқ, олдинги шаштимга қайтолганим йўқ.

- Анвар ака, ижодкорнинг ёзув столидаги асар ўқувчиларга доим қизиқарли бўлади. Қоралаётган асарларингиз ҳақида тухталсангиз.

- Яратганга шукурки, ёш ўтиб, олдинги куч-қувватим бўлмаса-да, ҳануз у-бу нарсалар ёзиб, эълон қилиб турибман. Широқ, Тўмарис, Аҳмад Фарғоний каби буюк аждодларимиз, юртимиз тарихи ҳақида болаларбоп кичик асарлар, ҳажвий қисса, қувноқ ҳикоялар туркуми битиш, ўсмирлар учун шарҳли “Содда имло луғати” яратиш янглиғ ниятларим бор. Айримлари пиеса, сценарий  тарзида қораламалаб  қўйилган. Ҳаётим ҳақидаги эсдаликларни деярли тугалладим, бошқатдан пухталаб ёзиш қолган. Ҳаммасини тезроқ битиргим келади, аммо турмушнинг катта-кичик, ширин-чучук ташвишлари чирмовуғига ўралиб, нари силжимоққа куч тополмайман. Гоҳида ёзув машинкаси ва бир уюм қоғозни орқалаб ҳилват жойларга йўл олишни истайман-у, жамият билан оиланинг “тортиш кучи”га қаршилик кўрсатишдан ожизман. Шунақа пайтда: “Ҳалиям керагидан кўпроқ ёзиб юбормадиммикин, балки шуёғиям етар”, деб ўйлаб ҳам қўяман.

Нурилло ЧОРИЕВ суҳбатлашди.

“Ёш куч” журнали

(ИЗОҲ: Бу суҳбат матни журнал мухбиридан      қолган иккинчи нусха асосида кўчирилди. Унда 2007     йил сентябр санаси кўрсатилган. Суҳбат журналда      келгуси 2008 йилда босилган бўлиши ҳам мумкин).

 

МАҲОРАТ БАРИБИР БИРЛАМЧИДИР

 

- Анвар ака, киши қай соҳада фаолият кўрсатмасин, ўз мақсади,  вазифаси, эл-юрт олдидаги бурчи бўлади. Шу маънода, шоирнинг вазифаси нимадан иборат?

- Келинг, “шоир” ўрнига умумлаштириб “адиб” сўзини ишлатайлик.

Айтганингиздек, киши қай соҳада ишламасин, қай касбнинг эгаси    бўлмасин, ўз мақсади ( лоақал, оиласини тўкин-сочин қилиш), вазифаси (аввало, зимасидаги ишни кам-кўстсиз бажариш), бурчи (“элдан чиқиб кетма” деган гап бор) бўлади. Бир қараганда, адиб ҳам бундан мустасно эмас. Фақат, адибликни “касб” деб бўлмайди. Касб-ҳунар эгалари бу соҳага қизиқувчанлиги туфайлигина эмас, тирикчилик тақазоси билан ҳам кириб келишлари мумкин. Адиб эса қўлига қалам олган чоғда “тирикчилик” деган гапни умуман хаёлига кеклтирмайди, уларнинг кўплари бошқа соҳаларда ишлаб юриб, бошқа бир юмуш орқали рўзғор тебратиб, адабиёт майдонига аста-секин кириб келишади. Касб эгаларини аниқ бир мақсадда қазилган каналларга, ижодкорларни табиий равишда пайдо бўлган сойларга ўхшатиш мумкин.

Адибнинг вазифасига келсак, кўнглидагини ўзгаларга изҳор қилишда ўта холис ва ҳалол бўлиш, қаламини ўзи ёқтирмаган кишилар ёки тоифаларга қарши қуролга айлантириб олмаслик, атрофдаги одамларга биринчи навбатда юртдош, миллатдош сифатида меҳр билан қарашга ўрганиш, феъл-атвори қуюшқондан чиққанларни яхшиликча тўғри йўлга етаклашга уринишдир. Халқнинг тарихи, кўҳна маданияти, тили, гўзал урф-одатлари кабиларни асраш ва бойитишга кўпроқ ҳисса қўшиш, маънавияту қадриятларимизнинг заррача ҳам завол топмаслиги учун курашиш адибнинг оддий ҳаёт тарзидир.

- Шу нуқтаи назардан қаралса, бугунги адибларимиз янги замонда ўз вазифаларини яхши адо эта оляптиларми?

- Аввало, адабиётнинг олдига вазифа қўйишда узоқ муддатни назарда тутиб иш кўрган маъқул. Бир-биридан улкан ютуқларимиз ҳад-ҳисобсиз, аммо муаммоларимиз, дардларимиз ҳам анчагина. Ҳар бир адиб теваракдаги воқеаларга ўз кўзи билан қарайди, муаммоларни ўзича таҳлил қилади, ечимини ўз билими ва тушунчаси даражасида қидира бошлайди. Ўйлайверади, таҳлил қилаверади, лекин ички бир овоз: “Энди ёз!” – деб буйруқ бермагунча, қўлга қалам ололмайди. Айтмоқчиманки, адабиётнинг олдига эл-юрт манфаатига қаратилган вазифаларни қўйиб туриш фойдадан ҳоли эмас, фақат адибни шошилтирмаслик лозим. Адиб юртидаги жараённи, лоақал, ўзини қизиқтирган томонларини синчиклаб кузатиб боради, хулосалар чиқаради, бир тўхтамга келади, шундан кейин   “тўлғоқ” бошланади. Агар ижодкор шошиб иш кўрса, асар тўққиз ойда эмас, етти ойда туғилган боладек нимжонроқ бўлиб қолиши ҳеч гапмас...

- Яхши асарлар яратиш учун адиб атрофдаги воқеаларни батафсил ўрганиб, чуқур таҳлил қилишининг ўзи кифоями?

- Бу саволда айтган гапларингиз асар ёзиш учун асос бўла олади, холос. Асарнинг даражаси эса ёзувчининг, шоирнинг маҳоратига боғлиқ. Маҳорат бирламчидир.

- Маҳорат нимада кўринади?

- Китобхонни завқлантиришда, ўйлантиришда, ишонтиришда, ўзига эргаштиришда. Бир сўз билан айтганда, маҳлиё қила олишда.

- Ижод жараёни ҳар бир адибда ўзича кечади – бири шеърни бир ўтиришда ёзишга уринса, бошқаси хаёлига келган чиройли сатрларни дафтарчасига қоралаб қўйиб, кейин бекорчиликда шеърга айлантиради, безак беради. Сизда қанақа?

- Дафтарча олиб юрадиган одатим йўқ. Гоҳида хаёлимга яхши фикрлар ёки, айтганингиздек, чиройли сатрлар келиб қолади. Афсуски, кўпи эсимдан чиқиб кетади, ишхонадаги юмушларга берилиб, унутиб қўяман. Агар уйда бўлсам, ўша заҳоти ёзишга уринаман. Ўзгартириш, қисқартириш, безак беришлар одатда кейинроққа қолади. Баъзи шеърлар бир ёзишдаёқ мукаммал ҳолга келади. Болалар учун бир ўтиришда ўнта, ундан ҳам ортиқ шеърларни ёзиб ташлаган пайтларим бўлган. Илҳом қуйилиб турса, шоирни на чарчоқ тўхтата олади, на очлик. Уни тинч қўйишса бас.

- Адиблар тинч муҳит излаб, сокин жойларга, дам олиш масканларига бориб ёзишга интилишади. Сиз ҳам шунақа қиласизми?

- Фақат уйда ёзишга ўрганганман. Ёзганда ҳам, ўзим кўниккан, атрофимда китоб-питоблардан бўлак нарса бўлмаган, фикримни бошқа томонга тортмайдиган безаксиз хонада, болаликдан ўрганиб қолганимдек, тўшакка ётиб олиб ёзаман. Стол-стулда ўтирсам, ўзимни расмий кимсадек ҳис этаман-у, илҳомим қочади. Тошкентга келганимга чорак асрдан ошаётган бўлса, курорт ва санаторийларга бориш у ёқда турсин, ҳатто ёзувчилар боғига бериладиган текин     йўлланмалардан ҳам бирон марта фойдаланган эмасман, ўрнимга менинг номимдан бошқа танишларим бориб, тинчгина ижод қилиб келишарди. Бекорчиликка тушиб қолганимда ёзишга берилиб кетсам, анча вақт ишга жойлашмай юрган вақтларим ҳам бўлган.

- Турли жанрларда ижод қиласиз. Одамда иккита қўл бўлса-да, кўп- чиликка ўнг қўлда ишлаш қулай бўлганидек, Сизга қайси жанр қулайроқ туюлади?

- Бешта фарзандим бор. Уларнинг бари мен учун суюкли, бирдек яхши кўраман. Фарзандларимга “буниси донороқ”, “буниси ботир”, “анавиниси ёқимтой, қувноқ” деганга ўхшаш гаплар билан фақат четдаги кишиларгина холис баҳо беришлари мумкин. Агар қулайроғи ҳақида тўхталсак, болалар шеърияти йўриғимга осонроқ юрадиган фарзандимга ўхшаб кетади.

-Кўпроқ қайси адибларга мухлиссиз?

- Мухлислик менда нисбийроқ. Дидим, қизиқиш доирам, тушуниш даражамдан келиб чиқиб, энг суюкли адибларимнинг ҳам баъзи асарларини ёқтираман, айримларини кўнглимга сингдиролмайман. Юксак маҳорат билан, юрак-юракдан чиқариб ёзилган асарларнинг ўзимбопларига мухлисман. Ҳатто адабиётга эндигина кириб келаётган ёшларнинг чиройли нарсаларини ўқиб қолсам, қаттиқ ҳавасим келади, қанийди шуни мен ёзган бўлсам, дея энтикиб кетаман.

- Аламазон ҳақидаги қиссангизнинг қаҳрамонларидан бири Акбар: “Биронтаси сенга тақлид қилаётганини сезмасанг, билгинки, яхши шоир эмассан”, деган фикрни айтади. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Навоий мактаби, Тагор мактаби, Толстой мактаби, Қодирий мактаби деганга ўхшаш гаплар юради. Булар катта мактаблар. Агар адибга худо етарли истеъдод берган бўлса, ўзи алоҳида мактаб яратолмаган тақдирда ҳам, бирон-бир катта мактаб ичида, ҳеч бўл- маса, кичкина мактабчасини ярата олади, ундан ўрганувчилар, унга эргашувчилар пайдо бўлади. Воқеалар баёнида, фикрлар ифодасида, қаҳрамонлар яратишдаги ўта ўзига хослик, тилдан фойдаланиш маҳорати мактаб ёки мактабча яратилишига асос бўлади, бошқа қаламкашларни ўзига эргаштиради. Энг зўр адиб ҳам олдин кимгадир эргашади, сўнг ҳатто мактаб яратишга эришиши мумкин.  Кимларгадир эргашиш босқичидан ўтиб, кимларнидир эргаштириш даражасига етиш етиш ҳамма қаламкашга ҳам насиб қилавермайди.

- Мактаб ичида мактабча... Бу...

- Бу – иқтидори зўр адиб бошқа зўрларнинг услубида ёзиб ҳам, ўзига хос қирралари билан довруғ қозониши мумкин дегани. Масалан, кимдир, қачонлардир милтиқни ихтиро қилиб, қуролсозликда катта бир мактабни яратиб берган. Пилта милтиқдан сўнг пистонли милтиқ, кейинроқ пулемёт ёки автомат яратганлар бор. Булар катта мактаб ичидаги кичик мактаблардир.

- Сизга ҳам кўп тақлид қилишади. Масалан, болаларга аталган туркум шеърларингиздаги фалон нарса қўшиғи, палон нарсанинг пистон нарсага ёзган хати кабиларга, айниқса Уста Гулмат ғазалларига тақлид қилувчилар сероб. Буларга қандай муносабатдасиз?

- Бунақаларга яхши кўз билан қарайман. Ўзим ҳам ҳажвия ёзишни Абдулла Қодирий ҳангомаларига тақлид қилишдан бошлаганман. Катталар шеъриятида Эркин Воҳидовдан, Сергей Есениндан кўп таъсирланганман. Менинг ёзганларим ҳам баъзиларга озми-кўп таъсир ўтказган экан, бундан фақат қувониш мумкин.

- Бу йил олтмиш ёшга тўлдингиз. Юбилей йилингиз Сиз учун қандай бошланди?

- Яратганнинг марҳамати билан, жуда-жуда қувончли бошланди.     Тўяна бўлсин деб, Чўлпон номидаги нашриёт “Ўғирланган паҳлавон” “ШАРҚ” нашриёти “Танланган шеърлар”, “Янги аср авлоди” нашриёти “Баҳромнинг ҳикояси” деган китобларимни чиқариб беришди. Ҳаммасидан қувончлиси – эгизак ненваралар кўрдим. Фотимахон билан Бойҳусан, мўъжизани қарангки, айнан менинг туғилган кунимда – 8 январда дунёга келишди. Оллоҳим барчамизнинг фарзандларимиз қаторида уларнинг ҳам умрини узоқ қилсин.

- Кўп асарларингиз саҳналаштирилган, кино қилинган. Бу жараён- ларда иштирок этасизми?

- Йўқ. Асарни топшираман-у, ғойиб бўламан. Театр режиссёрлари саҳналаштириш жараёнида ёнларида ўтириб, баъзи ўзгартиришларни қилишга кўмаклашиб туришимни сўрашади. Кў- пинча чап бераман. Кинорежиссёрлар, ҳеч бўлмаса, оммавий кў- ринишларда бир суратга тушиб қўйинг, эсдалик бўлади, деб ҳам кў- ришган, унамаганман. Ҳатто ёзган шеърларимни ифодалироқ қилиб ўқиб беришга эпим йўқ, артистликни ким қўйибди менга. Ҳар ким ўз ишини қилгани яхши.

- Полосон қишлоғида туғилгансиз. “Полосон”нинг маъноси нима?

- Кўҳна Туркистонда катта юртлар, улкан шаҳарларга ҳавас қилиб ном қўйишлар кўп бўлган. Масалан, Фориш, Бағдод кабиларни олайлик. Болосоғун бир пайтлар Туркистоннинг бошкенти бўлган. Бизнинг қишлоғимиз пайдо бўлаётганида шу жойга ҳавас қилиб ном беришган экан, кейинчалик бузиброқ айтила бошлаган. Фалон сўз- дан келиб чиққан, деган бошқа тахминлар ҳам бор, аммо уларнинг бири арабча, бири форсча. Қишлоғимиздаги маҳаллаларнинг деярли барчаси Қапчуғай (Қопчиқ жой), Қувирбоши, Товоқчи, Қирчин, Кал- тўпи, Кармак (курмак босган ер) каби туркий номлар билан аталган бир пайтда қишлоқнинг бошқа тилда номланиши мантиққа зид.

- Анвар Обиджон бугун нималарни ёзиш билан банд, деган савол    кўпсонли мухлисларингизни қизиқтириши табиий...

- Болалар ва катталарга атаб шеърлар, ҳикоялар, ҳажвиялар ёзиб турибман. Бошимда айланиб юрган икки-учта қиссанинг айрим лавҳаларини қораламалаб қўйгандекман. Лекин, ёш ўтган сари шаҳдим сусайиб боряпти. Бир нарсани ёзиш учун ҳам мустаҳкам соғлик, катта куч керак экан. Кейинги уч-тўрт йилда бошимдан ўтган ишларни юртимизда юз берган воқеалар билан оз-моз уйғунлаштирган ҳолда яримбадиий бир асар қилиш устида ишлаб, чала-чулпа тарзда қоғозга тушириб қўйдим. Буни бошқатдан ёзиб, биров ўқиса ўқигудек аҳволга келтиролсам, катта иш қилган бў- лардим. Ҳаётда қанча-қанча яхши инсонларни кўрдим, уларнинг холисона одамгарчилиги боис униб-ўсдим, озми-кўп обрў-эътибор топдим. Айримлар панд берган бўлса, буям ёзиқда бор экан. Муҳими – яхшилардан, яхшиликлардан куч олиб яшай олдим, яхши кунларни кўп кўрдим. Шуларни ёзмасам бўлмайди.

- Илойим, бундан кейин ҳам яхши кунларни кўриб яшаш насиб этаверсин. Суҳбатингиз учун раҳмат...

Орифжон МАДВАЛИЕВ суҳбатлашди.

“OVOZA”  газетасининг 2007 йил  29 март сони.

 

ОДАМ ЧИРОЙЛИ БЎЛИШ УЧУН КУЛАДИ

Аламазонни танийсиз (“Ялтироқ тугма”дагини-да). Бир оз шум, ҳийла қувноқ, пича ғамгин (хомушроқ маъносида) йигитча.  Мен Анвар акани ана ўша қаҳрамонига ўхшатаман. Ўзимча бу фикримни исботлаганман ҳам, яъни шумлиги Гулматнинг ғазалларида, қувноқлиги ҳажвиётида (айниқса, митти ҳажвларида), хомушлиги эса ҳали адабиётшунослар томонидан бутунлай ўрганилмаган шеъриятида (катталарга ёзилганлари) кўринади. Биласизки, Аламазон ўз бошидан жуда кўплаб кечмишларни ўтказади, кирмаган кўчаси қолмайди. Эшитишимизча, Анвар ака ҳам то ёзувчи бўлиб танилгунича хийла “романтик” ҳаёт йўлини босиб ўтган (пахта бригадасида табелчилик, туман газетасида мухбирлик қилган ва ҳоказо). Хуллас, у дорилфунунни тугаллаб, пойтахтнинг бирор нашрида ишлаб (одатдагидек), ёзувчи бўлиб қолмаган. Қолаверса, Анвар ака, назаримда, ҳаётда ҳам анча жўн, одми одам, қолиплардан йироқ. Бунақа одам билан суҳбатлашса арзийди, нима дедингиз?..

- Анвар ака, суҳбатимизни ғалатироқ савол билан бошласак, яъни демоқчиманки, одам нима учун кулади?

 - Ўзи билмаган ҳолда, чиройли бўлиш учун.

- Аксинча, нима учун йиғлайди?

- Бир дақиқа бўлса ҳам чақалоқлигига қайтиш учун. Бу ҳам ўзига хос бир покланишдир.

- Назаримда, бизнинг ўзбек ҳажвчилиги “майдалашиб” кетаётгандай. Масалан, биз ҳар тугур яхшироқ билган ўрис ҳажвчилигини олай- лик, уларнинг ҳажви ўта кулгили ва шунингдек, ўта ижтимоий. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

- Бир қараганда, мавзу ҳақиқатанам йирик ёки майдага турланади. Аслида, йирикнинг ҳам, майданинг ҳам ўз мухлислари бор ва уларнинг аксарияти ҳар қандай жамият, ҳар қандай шароитда ҳам ўз гуруҳларида қолаверади. Қандайдир ўта майда, бачкана кўринувчи  “Мариана”ни (телесериал) эринмасдан ойлаб томоша қилганларни буткул айблайверганимиз билан қуруқ қошиқда оғиз йиртиб юраверамиз... Майда мавзу деган гап ниҳоятда нисбий, у кўпинча ўзини ўзи даҳо деб юрувчилар учун ўз-ўзини оқлашга уриниш, ўз-ўзига юпанч қидириш холос. Узоққа бормай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”ини олайлик ёки Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини.  Асосан, бахшиёна айтилган ишқий гаплар (дуппа-дуруст адибларимиз яқинларда ҳам “Ўткан кунлар”ни шунчаки эртакка ўхшаган нарса деб минбарлардан гапиришган) гўё. Лекин Чўлпон ва Қодирийнинг буюклиги, суюклиги шундаки, улар ҳам Навоийнинг беназир ғазалларидан кўра эртак ва достонларни тезроқ ҳазм қилишга кў- никиб кетган “авом”, аслида, ўзбекнинг (бошқа кўп халқларда ҳам шу) аксар қисмини ташкил этишлигини жуда теран илғаб етганлар. Энг нозик фикрларни, ўта улкан ғояларни ўшалар севган “эртаклар”нинг ич-ичига сингдирибгина уларни “ўзимизникилар”га айлантириш мумкинлигини ҳайратланарли тарзда жуда эрта тушуниб олишган. 

Ўзбек хом саримсоқ ейишни ёқтирмайди. Бунинг ягона йўли – саримсоқни у азал-азалдан яхши кўрадиган ошга қўшиб пишириб едириш. Аммо ошпаз зўр бўлиши шарт. Шавлага ўхшаб қолган ош ҳам, ундаги саримсоқ ҳам ҳеч кимга ҳузур бағишлолмайди. Айтмоқчиманки, асосий гап маҳоратда, “катта мавзу”ни бемаза қилиб ёзгандан кўра, “майда мавзу”ни “ўрмалатиб қўйиш” минг марта афзал – лоақал дидни, завқни, тилни “тарбиялайди”-ку. Қодирийчилар эса нафақат назокатни, улкан ватанпарварликни ҳам дилларга сингдиришган.

- Нега энди бизларда ёзувчилар билан қизиқчиларнинг ҳамкорлиги деярли йўқ?

- Ёзувчи – дарахт, қизиқчи – шамол. Шамол дарахтни топиб бориб, силаб-сийпалайверса, ҳамкорлик пайдо бўлиши мумкин.

- Ўрис ва Оврўпо ёзувчиларининг катта-катта ҳажвий асарлари бор. Кишининг ҳаваси келаркан. Албатта гап ҳажмда эмас, лекин маза қилиб ўқиётган китобингнинг тугамаслигини ҳам истаркансан-да. Афсуски, бизларда...

- Ҳажвчининг уруғи сероб. Кутиб туратуринг-чи.  Шундақа “каттабосар” ҳажвчи туғилди дегунча, ўшандақа асарлар ҳам албатта ёзилади.

- Мен шунақа асарни сиздан кутган бўлардим. Балки режаларингиз бордир?

- Мен ниҳоятда режасиз одамман. Мен орзу-ҳавас, жуда нари борса, яхши ниятга таяниб яшайман. Овчи эртага тўнғиз отишни режалаштиргани билан у борган тўқайга умуман тўнғиз ораламай турволиши мумкин.

- Баъзилар фалон нарсани ёзаман, деб амалда ҳам ёзишади-ку.

- Ундайлар, менимча, ёзмоқчи бўлган ўша асарини аллақачон чала-чулпа қоралаб қўйган бўлишади. Қораланган асар эса – ярадор қилинган тўнғиз, унинг изидан бориб, ишни охирига етказса бўла- ди.

- Анвар ака, сиз шунингдек, замонавий шеърий шаклларда, арузда, болаларга болаларбоп тилда ҳам гўзал асарлар яратгансиз. Пьесаларингиз бор. Бунақа қамров ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Ўзингиз буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳа, шунақа тарзда ёзиб келяпман, нима чекким келса чекавераман, нима ёзгим келса ёзавераман. Бу яхшими, ёмонми, тўғрими ё нотўғ- рими, уёғини билмайман ҳам, билишни хоҳламайман ҳам. Буни изоҳлашни тақдир бошқа бир кимсанинг зиммасига юклаган бўлса, ажабмас.

- Кечирасиз, суҳбатимиз жуда жиддийлашиб кетди. Айтингчи, ҳажвчи Анвар Обиджон ҳозир нималардан “кулмоқда”?

- Гоҳ таниш-билишларнинг (матбуотдаги) сўрови билан, гоҳ хуморбосди учун “тишсиз” нарсаларни амаллаб турибман. Бу ўзим учун ҳам оғир, ҳам зерикарли. Ўзи адабиётда зиғирттаккина вазифам бор эди, шуниям бажариб бўлдим шекилли, деб ўйлаб қоламан баъзан ва сесканиб кетаман.

- Эшитишимизча, асарларингизни тўшакка ётволиб ёзар эмишсиз. Нега бундай?

- Ҳар қандай ижоднинг замирида ишқ ётади. Ишқий юмушларни эса иложи борича ўтириб, айниқса, тик туриб бажармаган маъқул.

- Агар шу ётишингизда Саид Аҳмад домла кириб қолса, нима қиласиз?

- Куч синашмоқчи бўлсангиз, ётинг, дейман...

- Янглишмасам, фарзандларингизнинг барчаси ўғил. Дилингизда шунча ўғилли бўлганингиздан ўзбекона фахрланиш ҳисси борми?

- Ҳам фахрланаман, ҳам шукроналар айтаман.

- Ўғиллар тарбиясида асосан нималарга эътибор берасиз?

- Алоҳида тарбиявий услубим йўқ, улар билан кам гаплашаман, ишига, ўқишига кам аралашаман. Аммо уларнинг рўзғордаги эркакча ишларни билишлари, жисмоний чиниқишлари, майдароқ бўлсаям бирорта касб-ҳунар ўрганиб қўйишларига алоҳида эътибор билан қарайман. Биринчи бўлиб бировга ёмонлик қилмаслик, кучсизларни ранжитмаслик кераклигини кўп уқтираман.

- Болани калтаклашга қандай қарайсиз?

- Баъзан калтаклаганман. Лекин бу жуда нафратланарли усул.

- Қизингиз йўқлигига ўкинасизми?

- Тангрим нимани берса, шунга қаноат қилишга имкон қадар тиришиб келяпман.

Наби ЖАЛОЛИДДИН суҳбатлашди.

“Оила ва жамият” газетасининг 1994 йил, сентябр, 34-сони.

 

АНКЕТА САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР

    Анкетамиз саволларига бугун севимли шоиримиз Анвар Обиджон жавоб беради.

1. Ижодга меҳр қўйишингизга нима сабаб бўлган?

- Ижодкор бўлишимга сабаб нима? Бу ҳақда жуда кўп ўйлайман-у, қатъийроқ хулосага келолмайман. Эртак тинглашни ҳаддан зиёд яхши кўрганим десам, эртакни ёқтирмайдиган боланинг ўзи йўқ. Бадиий китоб ўқишга муккамдан кетганим десам, мендан ўн чандон “китобхўр” мактабдошларим ҳам бор эди...

Фақат бир нарса ёдимда яхши сақланиб қолган: дадам билан шаҳарга борганимда, киоскада турган чиройли ўзбекча журналга    кўзим тушди, уни сотиб олдик. Бу янги пайдо бўлган “Ғунча” журналининг дастлабки сонларидан бири экан. Ундаги айрим шеърлар кўзимга жудаям оддий кўринди-ю, кўнглимда ўз-ўзидан “мен ҳозироқ бундан яхши ёза оламан”, деган фикр уйғонди. Кейин, илгаригидек онда-сонда ёзмай, журналга кунига, кун оралаб шеърлар жўната бошладим. Олтинчи синфдалигимда “Ғунча” ходими Миразиз Аъзамнинг кичик таҳрири билан, ниҳоят, шеърим биринчи марта эълон қилинди. Шундан бери “шоирман” деб ёзиб келяпман.

Лекин, бу гапим билан, ижодкор бўлишимга журналда босилган бўш шеърлар сабабчи, демоқчи эмасман.

2. Хотирангизда қолган биринчи китоб?

- Шахсий китобим сифатида хотирамда қолган биринчи китоб–        “Алифбе”.

3. Афсона, ривоятларга муносабатингиз? Замонавий эртаклар қандай бўлиши керак?

- У ёки бу халқнинг оғзаки ижоди нечоғли ранг-баранг, нечоғли теранлигига қараб, ўша халқнинг ўтмиш маданияти қанчалар юксак бўлганини билиб олиш мумкин. Ўзбеклар бу борада дунёдаги энг бой халқлардан бири экани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Замонавий эртаклар ўтмишимизнинг покдил куйчиси, бугуни- мизнинг куюнчак хизматкори, келажагимизнинг чапани фолчиси бў- ла олмоғи лозим. Бунга қурби етмаса, у эртак эмас.

4. Ҳақиқий инсон қандай бўлмоғи лозим?

- Ҳақиқий инсон, аввало, ўз юртининг камситилишига йўл қўймай- ди, юртдошларига қўриқчи бўлишга тиришади.

5. Келажак бугундан бошланади, дегани нима?

- “Келажак бугундан бошланади” деган гапга энг содда мисол шу: фарзандим бугун ўзбекча гапиряпти, демак Ўзбекистон мендан кейин ҳам тураверади.

6. “Китобхонлик” деган сўзнинг асл маъноси нимадан иборат?

- Чин маънодаги китобхонлик инсоннинг ўз қадр-қимматини тў- лароқ англаб етишга бўлган интилишидир.

“Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”)      газетасининг 1987 йил 24 октябр сони.

 

ДИЛКАШЛАР ГУРУНГИ

 

1. Юмор-сатира ҳақидаги мулоҳазаларингизни айтсангиз. 2003 йилда юмор-сатиранинг ҳаётимиздаги ўрни қандай бўлади?

- Юмористик асарни ўқисангиз, қотиб-қотиб куласиз, кўнглингизда ғашлик бўлса, бутунлай тарқаб кетади. Агар сизга бирон сатирик асарни ўқиб берсалар, бундан ҳам яйраб куласиз-у, кўнглингизга дафъатан ғашлик қўнгандай бўлади – менга пичинг қилишмаяптимикин деб, атрофдагиларга зимдан аланглаб қўясиз. Жамиятимиз пойдевори аҳлоқнинг кучайиши ҳисобига мустаҳкамланиб бораётган экан, бунда сатиранинг ҳам алоҳида хизмати бор. Ана шу хизмат балки қачонлардир бизга керак бўлмай қолар, лекин йигирма йилдан кейин эмас. Бу жуда қисқа муддат. 2003 йилга бориб, орамизда устидан кулиш мумкин бўлган биронта ҳам одам қолмайди, дейишнинг ўзи кулгили.

2. Сиз қандай ҳикматли иборага амал қиласиз?

- Мутафаккир шоир Пушкиннинг мен учун ҳикматга айланган икки шеърий сатри бор:

  Лоқайд қабул этавер мадҳу туҳмат барисин,

  Аҳмоқ билан эса ўчакишма ҳеч.

3. Касбингиз тақазосига зид келган танг вазиятда чора топа олганмисиз?

- Бундай ҳолга кўп дуч келганман. Лекин улар ҳақида гапиришдан тортинаман. Чунки мени шундай вазиятга солган ва бу вазиятдан қутулиш учун мен лаққа туширишга мажбур қилган кишилар ҳозир тирик. Нима, бировларни кулдираман деб, уларни куйдирайми?

4. Сиз қандай ҳажвий асарни ва қайси ҳажвий персонажни севасиз? Нима учун?

- Абдулла Қодирийнинг ҳажвий асарлари менинг жон-дилим. Айниқса, “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан” қиссасини ўн марталаб ўқиганман. Асарни бу қадар ёқтиришимнинг сабаби битта – у мислсиз маҳорат билан ёзилган. Айрим қаламкашларимизнинг ўз уқувсизликлари туфайли таниқли донишмандларни каллаварам қилиб тасвирлаш ҳоллари ҳам бўлган. Қодирий эса чалафаҳм одамни чала донишманд даражасига кўтара олган.

5. Ҳаётингизда содир бўлган энг кулгили воқеани айтиб берсангиз.

- Соат тунги учлар эди. Бешариқлик бир танишимизнинг тўйидан Олтиариққа қайтиб келаётиб, йўлда машинамизнинг бензини тугаб қолди. Атроф дала. Машинадан тушиб, дала ёққа кетган йўл томонга диққат билан тикилдим. Узоқда милтиллаган чироқ кўринди. Иккита шеригимизни машинада қолдириб, шофёр иккаламиз ўша тарафдан нажот излаб кетдик. Омадимиз чопиб, қайсидир колхознинг гаражига бориб қолибмиз. Қоровул чол арзимизни эшитибоқ, мурувват кўрсата қолди. Шофёр ва қоровул қаторлашиб турган машиналар сари юришгандаю мен фурсатни бой бермай, ортга қайтдим. Шериклар билан бирга машинани гаражга итариб келганча қора терга ботдик. Бир пақир бензин олган шофёримиз бизни кутиб турарди. Чолга пул берсам, олмай, чой тутди: “Афандинамо йигитлар экансизлар”, деди. “Нега бундай дейсиз?” –деб таажжубландим. “Ўзинг ўйлаб кўр, болам, - деб хиёл жилмайиб      қўйди у. – Зил-замбил машинани шунча жойга итариб келгандан кў- ра, бир пақир бензинни ўша ёққа кўтариб борақолсаларинг осонроқ бўлмасмиди?”

Ҳаётимда кулгили туюлган воқеаларнинг биттаси шу.

6. Янги йил режангиз ва тилакларингиз.

- Янги йилдаги режам –  саломатлигимни аяб ўтирмай, яна ҳам кўп- роқ ёзиш. Тилагим – яна ҳам кўпроқ гонорар ишлаб, уни саломатлигим йўлида сарфлаш.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1983 йил  14 январ сони.

 

ТОШПЎЛАТ ТАЖАНГ АНКЕТАСИ

1. Суқротнинг “Ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта уйлан, хотининг яхши чиқса-ку – хўп-хўп, ёмон чиқса – файласуф бўласан”, деган гапини ёшларга изоҳлаб беролмайсизми?

- Суқрот бобонинг бу гапини “оламда хорлик кўрмайин десанг, уйланишдан олдин фалсафа билан қаттиқ шуғулланиб юравер”, деб тушунганлар кам бўлмайди.

2. Мабодо, тижорат билан шуғулланишингизга тўғри келиб қолса, нима билан савдо қилган бўлардингиз?

- Оддий гапни олиб, бадиийлаштириб сотиш билан кун кўриб келяпман-ку.

3. Винолардан бири “Жасорат” деб аталади. Бошқа шаробларга яна қандай номлар бериш мумкин? Нима учун?

- “Шоҳсанам” деб атаган маъқул. Чунки, винохўрлар “Ғариб”ликка энг ёрқин номзоддир.

4. Нега карнай нотага қараб чалинмайди?

- Нота – қонун, карнай – туғма қонунбузар.

5. Қандай яхшиликдан қандай ёмонлик яхши?

- Душманинг елкангга миниб мақташидан кўра, оёғингнинг тагида ётиб қарғаши яхшироқ.

“Оила ва жамият” газетаси, 9 (80) сон.

 

БОЛАЛИКНИНГ ҲАР КУНИ БАЙРАМ

 

1. Болаликка сизнинг таърифингиз.

- Ўзбекларда “болалик – пошшолик” деган гап бор. Бундан ошириб айтишга уринишнинг фойдаси йўқ.

2. Болалар шоири қандай бўлиши керак?

- Болаларнинг ҳақиқий адиби болафеъл бўлади, шекилли.

3. Болалар учун асар ёзиш қийин дейишади...

- Бу дунёда нима осон? Ҳатто ўхшатиброқ ҳуштак чалиш ҳам қийин.

4. “Алдагани бола яхши”ми?

- Алдагани бола яхши, деб айтилган маталнинг таг-замирида “болани ҳар қандай аҳмоқ ҳам алдай олади”, деган маъно ётади. Одатда, болалар жуда кўп савол беришади. Уларнинг саволига тўғ- ри жавоб қайтариш учун катталар маълум даражада ақлли бў- лишлари керак.

5. “Ё Тангрим! Болалар ва ҳайвонларни ўзинг асра!” Донишманднинг бу хитобини изоҳласангиз.

- Иккаласи ҳам ҳимоясиз бўлгани учун айтилган бўлса керак бу фикр.

6. Болаларга энг яхши тилакларингиз.

- Омин! Илойим, ҳамма болажонлар тинчлигу хотиржамликда соғ-саломат улғайишсин. Ота-оналарига эл-юртидан раҳмат олиб берадиган инсонлар бўлишсин. Оллоҳу акбар!

“Даракчи” газетасининг 2004 йил 27 май сони.

 

КИТОБ ЭЗГУЛИККА БОШЛАЙДИ

 

- Анвар ака, болалар адибининг бошқа ёзувчилардан фарқи нималарда кўринади?

- Ёзганларини катталарга манзур қилолмаган ижодкор назардан қолади холос. Болаларга тутуруқсиз асар тутқазган адиб эса бутун бир адабиётни бадном қилади. Шу боис адабиётнинг келажаги олдида маънавий жавобгар эканини қалбининг туб-тубигача ҳис қилиб етмаган, болаларни қуруқ дабдаба ва мўмай қалам ҳақи учун “севган” қаламкаш кичкинтойлар учун ёзишдан ўзини тиймоғи керак...

- Бу гапингиз яна бир нарсани ёдга туширди.Болалар учун ёзилган асар доим қувноқ ва кўтаринки руҳда бўлиши керак, деб ҳисобловчилар бор. Бу масалага бир томонлама ёндошиш эмасми?

- Энг муҳими – ҳақиқатга таяниб, болаларни тўғри тарбиялашни кўз-лаб ёзиш керак. Буни қандай уддалашни эса ҳар қайси ижодкорнинг ўзига қўйиб берган маъқул. Масалан, истеъдодли футболчи, моҳир теннисчи ва шербилак штангачига баландликка сакраш бўйича машҳур мутахассиснинг нуқтаи назаридан келиб чиқиб талаб қўйилса, спорт бундан фақат зарар кўрган бўларди.

- Гап асар сифатига бориб тақалаётир. Китоб дўконларида ётган ўртамиёна китобларни кўрганда, болалар шоири, ношир сифатида қандай хаёлларга борасиз?

- Бундай пайтда шоир сифатида болалар учун қандай ёзмаслик кераклигини, ношир сифатида эса нималарни нашр этмаслик лозимлигини яққолроқ тушуниб ета бошлайман.

- Болаларга аталган китобда реаллик устун туриши керакми ёки фантазия?

- Бу энди ёзувчи услубига, асар жанрига боғлиқ нарса. Аммо асарда фантазия, ривоятчилик, латифабозлик қанчалар кенг ўрин тутмасин, улар тўлиғича адиб ўртага ташлаган реал ҳаёт муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши даркор. Фантазиядан кўпроқ ҳангомабозлик учун фойдаланган ижодкор хато қилади.

- Бу гапларингиз бевосита китобхонларга ҳам тааллуқли. Улар ҳам китобни қайси сифатлари учун севишларини чуқур англаб олишлари керак. Айтинг-чи, болалигингиздан бери бирдай севимли бўлиб қолган китобингиз, қаҳрамонларингиз борми?

- Болалигимда кўпроқ эртак ва  халқ достонларини ўқирдим. Гўрўғли, Алпомиш, Авазхон, Барчин, Зуклхумор, Қиличботир образлари бир умр ёдимда қолди. Кейинроқ улар сафига Буратино, Робинзон Крузо, Геклберри Фин қўшилди. Бундан ташқари, классик шоирларимиз ғазалларини тушуниб-тушунмай, ҳадеб титкилайверардим. Машрабнинг баъзи ғазалларига 6 – 7 синфда ўқиб юрган пайтларимда “мухаммаслар” ҳам битганман.

- Сизнинг болалигингиз ўтган даврга солиштирганда, ҳозирги болаларда энг яхши ва энг ёмон хислатлардан қайсилари яққол кўз-га ташланади?

- Ҳозирги болаларда ярқ этиб кўзга ташланадиган яхши хислат – оғзидагини олдириб қўядиган, ландавур бўлмасликка интилиш. Ёмони эса... улар кўпинча тараққиёт сеҳргарликлари ортидан чопқиллашга берилиб кетиб, ҳақиқий мўъжиза – табиат ва ундаги жонзотларга бефарқ бўлиб қолишмаяптимикан?

- Болалар адабиётига кириб келаётган ёш ижодкорлар ҳақида нима дейсиз?

- Қадимдан шундай бўлиб келган: янги кучлар доимо ўзига яраша янгилик, мукаммаллик олиб келишга интилади. Кўз тегмасин, ҳозирги аҳвол ташвишли эмас. Ҳамза Имонбердиев, Кавсар Турдиева, Рустам Назар каби ёшлар айни мавжланиб туришибди. Бу мавжлар чинакамига жунбушга келолса, болалар адабиётидаги баъзи хас-хашаклар ўз-ўзидан ювилиб кетаверади.

- Суҳбатимиз ўз-ўзидан болалар адабиёти танқидчилигига бориб тақалди...

- Бизда ҳозир болалар адабиёти тақризчилиги изга тушиб боряпти, ҳақиқий танқидчилик эса яқин келажакда ўзининг такомил шаклини топиб олса, ажаб эмас...

- Ёш китобхонларга ўз тилакларингизни билдирсангиз.

- Уларга энг яхши китоблар қаҳрамонларининг эзгу ҳис-туйғулари доимо ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.

Суҳбатчи: Аъзам ЎКТАМ (Худойбердиев).

“Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасининг 1987 йил  4 август сони.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz