|
Adib haqida
АНВАР ОБИДЖОН ТЎҒРИСИДА
Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда (ҳужжат бўйича 25 январда) Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Айтишларича, бу қишлоққа қадимда машҳур бўлган Болосоғун шаҳрига ҳавас қилиб ном берилган, бора-бора, кишилар тилида Полосонга айланиб кетган.
Ёш Анвар қишлоғидаги 13-мактабнинг еттинчи-саккизинчи синфларида ўқиб юрганида чекка маҳаллалар аҳолисига текин хизмат кўрсатувчи сайёр киночига шогирд тушиб, касб ўрганди, 9-синфда Фарғона шаҳридаги 11-мактабда кечки синфда таҳсил олди, сўнг яна Олтиариққа қайтиб, 1-мактабнинг кечки синфида ўқиш билан бирга, пахта тайёрлаш завод-пунктида тракторчилик қилди. Мактабни битиргач, тоғ орасига жойлашган қирғизовул “Рудник-кон”ида кон бурғиловчиси бўлиб ишлади, Полосон қишлоқ ижроқўми қошидаги кутубхонани бошқарди, Самарқанд Молия техникумини тугаллади, 1966–1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтади.
Армиядан қайтиб, аввалига ўз қишлоғидаги колхозда пахтачилик бригадаси табелчи-ҳисобчиси, кейинчалик қўшни қишлоқдаги колхозда Граждан мудофааси штаби бошлиғи, клуб мудири бўлиб ишлади. Туман газетасига мухбирликка ўтгач, бошқатдан “Меҳнат дафтарчаси”очдириб, ҳаётининг кўпдан орзулаб юрган янги даврини топ-тоза саҳифадан бошлади:
01.02.1971 – 01.02.1972 Олтиариқ тумани “Пахта учун” газетасида адабий ходим.
01.02.1972 – 09.11.1976 Шу газетада қишлоқ хўжалик бўлими мудири.
06.10.1977 – 15.05.1978 Тошкент Ёғ-мой комбинатида боғбон.
18.01.1979 – 01.02.1980 Фарғона радиосида муҳаррир.
01.02.1980 – 15.06.1981 Шу жойда катта муҳаррир.
16.06.1981 – 02.12.1985 Тошкентдаги “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир.
02.12.1985 – 03.09.1986 Шу жойда бош муҳаррир ўринбосари.
03.09.1986 – 13.01.1987 “Юлдузча” (кейинчалик “Чўлпон”) нашриёти бош муҳаррири.
15.04.1987 – 20.12.1988 “Ёш куч” журналининг штатдан ташқари ходими.
20.12.1988 – 17.07.1989 “Муштум” журналида бўлим мудири.
17.07.1989 – 12.12.1996 Чўлпон нашриёти бош муҳаррири.
12.12.1996 – 21.04.1998 Шу нашриёт директори.
01.06.1998 – 01.06.2007 Ўзбекистон телерадиокомпаниясида катта муҳаррир.
Анвар Обиджон 1974 – 1979 йиллар давомида ҳозирги Тошкент Миллий университетининг журналистика факултетида сиртдан таълим олди. У 1969 йилда турмуш қуриб, 1970 йилда Баҳром, 1972 йилда Баҳодир, 1975 йилда Бобур, 1978 йилда Ботир, 1980 йилда Бунёд исмли фарзандлар кўрди. Мустақилликкача ҳукумат нишонлари, адабий мукофотлар билан тақдирланмаган, собиқ империянинг айрим республикаларида бўлганини ҳисобга олмаганда, чет эл сафарига чиқмаган.
Кўпқиррали адиб сифатида танилган Анвар Обиджон болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қатор қиссалар, шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар битган. Ҳозирга қадар (2010 йилгача) қуйидаги китоблари нашр этилди:
- “Она Ер”. (Болаларга шеърлар. Тошкент, “Ёш гвардия” нашрёти, 1974 йил, 3 босма табоқ, қирқ беш минг нусха).
- “Баҳромнинг ҳикоялари”. (Болаларга шеърлар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1980 йил, 2 б/т, ўн минг нусха).
- “Эй, Ёруғ дунё...” (Болаларга қисса. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 1983 йил, 5,5 б/т, олтмиш минг нусха).
- “Оловжон ва унинг дўстлари”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1983 йил, 5 б/т, қирқ минг нусха).
- “Аламазон и его пехота”. (Болаларга рус тилида қисса ва ҳикоялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1984 йил, 5,5 б/т, олтмиш минг нусха).
- “Безгакшамол”. (Катталарга ҳажвий ғазаллар. Тош. Ўз КП МК (ҳозирги “Шарқ”) нашриёти, 1985 йил, 2 б/т, қирқ тўрт минг нусха).
- “Кетмагил”. (Катталарга лирик шеърлар. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 1985 йил, 3 б/т, беш минг нусха).
- “Масхарабоз бола”. (Болаларга шеър ва достонлар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1986 йил, 4 б/т, ўн беш минг нусха).
- “Аканг қарағай Гулмат”. (Катталарга қисса, ҳангома, ҳажвий ғазаллар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1987 йил, 10 б/т, қирқ беш минг нусха).
- “Жуда қизиқ воқеа”. (Болаларга шеърлар, достонлар. Тош. “Юлдузча” нашр. 1987 йил, 10 б/т, йигирма минг нусха).
- “Олтин юракли Автобола”. (Болаларга қисса ва ҳикоялар. Тош.“Ёш гвардия” нашр.1988 йил, 6 б/т, олтмиш минг нусха).
- “Даҳшатли Мешполвон”. (Болаларга қисса ва пьесалар. Рангли.Тош “Юлдузча” нашр. 1989 йил, 13 б/т, етмиш беш минг нусха).
- “Ерликлар”. (Катталарга ҳажвиялар. Тош. “Ёш гвардия” нашр. 1990 йил, 10 б/т, ўттиз минг нусха).
- “Грозный Мешпалван”. (Болаларга рус тилида қиссалар, ҳикоялар. Тош. ).
- “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси”. (Катталарга қисса, пьеса, ҳажвий ғазаллар.Тош. Чўлпон нашриёти, 1992 йил, 18 б/т, ўн минг нусха).
- “Ажойибхона”. (Болаларга тақвим. Рангли. Тош. Чўлпон нашриёти, 1993 йил, 4 б/т, ўн беш минг нусха).
- “Мешполвоннинг жанглари”. (Болаларга қисса ва достон.Тош. Чўлпон нашриёти, 1994 йил, 10 б/т, ўттиз минг нусха).
- “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри”. (Болаларга шеълар ва достон. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 1996 йил, 3,5 б/т, беш минг нусха).
- “Аламазон ва Гулмат” (Катталарга қиссалар, ҳажвий ғазаллар. 1992 йилдагининг ўзгаргани. Тош. “Маънавият” нашриёти, 1998 йил, 15 б/т, ўн минг нусха).
- “Олтиариқ ҳангомалари”. (Катталарга ҳажвиялар, ҳангомалар. Тош. “Маънавият” нашр. 1999 йил, 10 б/т, беш минг нусха).
- “Булбулнинг чўпчаклари”. (Болаларга ҳикоялар, ғазаллар. Рангли. Лотин ҳарфида.Тош. “Шарқ” нашриёти, 2001 йил, 5,5 б/т, беш минг нусха. Яна беш минг нусха қайта нашр).
- “Одобли бўлиш осонми?” (Болаларга ҳикоя. Рангли. Лотинда. Тош. “UZINKOMSENTR” нашриёти, 2001 йил, 0,5 б/т, икки минг нусха).
- “Безгакшамол – 2”. (Катталарга ҳажвий ғазаллар. Тош. “Шарқ” нашрёти, 2003 йил, 3,5 б/т, беш минг нусха).
- “Ўқ ўтмас болакай”. (Болаларга қиссалар, ҳикоялар. Лотинда. Тош. “Шарқ” нашриёти, 2005 йил, 15 б/т, беш минг нусха).
- “Ўғирланган паҳлавон”. (Болаларга шеърлар, достонлар. Лотинда. Тош. Чўлпон нашриёти, 2006 йил, 10 б/т, уч минг нусха).
- “Танланган шеърлар”. (Катталарга шеърлар. Лотин ва кирилл ҳарфларида. Тош. “Шарқ” нашр. 2006 йил, 17 б/т, уч минг нусха).
- “Баҳромнинг ҳикояси”. (Болаларга шеър. Лотинда. “Ўзинг бўя” туркумида суратли. Тош. “Янги аср авлоди” нашр. 2007 йил, 1 б /т, беш минг нусха).
- “Солиқ нима?” (Болаларга ҳуқуқий-иқтисодий мавзуда бадиий-публицистик қўлланма. Рангли. Лотинда. Тош. “Art Press” нашриёти, 2008 йил, 4 б/т, уч минг нусха).
- “Мешполвон”. (Болаларга қисса. Лотинда. Тош. Ғафур Ғулом нашриёти, 2009 йил, 9 б/т, уч минг нусха).
- Анвар Обиджоннинг драматургиядаги фаолияти болаларга аталган “Қўнғироқли ёлғончи” номли комедияси 1983 йилда Тошкент Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилганидан бошланди. Шундан эътиборан ушбу театрда ҳамда Фарғона, Қарши, Қўқон, Гулистон театрларида унинг “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Топсанг – ҳай-ҳай” (“Қоринботир)”, Самозванец” (“Қўнғироқли ёлғончи”нинг русчаси), “Наврўз ва Бойчечак”, “Аламазон” каби пьесалари қўйилди. “O‘zbekfilm” киностудиясида бу адиб сценарийлари асосида “Тилсимой – ғаройиб қизалоқ”, “Даҳшатли Мешполвон” комедиялари кино тасмасига туширилган.
- Анвар Обиджонга 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган.
ЎЗГА КЎЗ ҲАМ КЎЗГУДИР
Бир тўп адиб ва мунаққидлар уйида касал ётган Саид Аҳмад домлани йўқлаб боришибди. Домла гап орасида: “Келишларингдан олдин Анвар Обиджоннинг китобини ўқиб ётувдим, баъзиларинг унинг ижодини тузукроқ ўрганмай туриб, адабиётшуносман деб юрибсанлар-да”, дея ҳазиломуз танбеҳ берган бўлибди. Бу сўз профессор Абдуғафур Расуловга бошқача таъсир қилибди-ю, янги китобларимни дўкондан, эскиларини болаларнинг атоқли адиби Худойберди Тўхтабоевдан олиб, асарларимни чуқурроқ ўрганишга киришибди. Охири, “Ижодий ўзлик сари йўл” деган йириккина мақола ёзиб (бу давр ичида Саид Аҳмад домла оламдан ўтиб кетди), китобига киритди.
Буни қарангки, берсам, тақриз ёзишидан умидворга ўхшаб кўрин- масмиканман деган истиҳолага бориб, менга яқин даврадош бўлмаган адабиётшуносларга (улар орасида яқинларим азал камроқ), агар ўзлари сўрамаса, китобимни совға қилишдан тортиниб келибман. Аслида, бу унчалик тўғри эмас экан, чунки уларнинг аксарияти ойликчи кимсалар, учраган китобни сотиб олаверишни чўнтаклари кўтармаслиги мумкин. “Баҳромнинг ҳикоялари” номли китобим чиққанда, Маҳмуд Сатторов, Кавсар Турдиева кабилар ўзимни кўрмай туриб тақриз битишган, Замира Иброҳимовани ижодим тўғрисида рисола ёзиб бўлганидан кейин таниганман, қоидаси шунақа бўлса керак деб ўйлардим. Кейинчалик ҳам кўп мунаққидлар билан асаримга муносабат билдирганларидан сўнг- гина танишганман, ижодимга қизиқишлари борлигини билиб, галдаги китобларимни ийманмасдан тақдим этганман.
Қишлоқдалигимда турли газета-журналларда, нашриётларда ишловчи адиблардан келган, Тошкентдалигимда китобхонлар у ёки бу асаримга муносабат билдириб ёзган хатларнинг (булар ҳам ўзига хос тақриз) аксарияти сақланмаган, қиз-аёллар мактубида “ортиқча илиқ” жумлалар аралашган бўлса, хотинимнинг кўнглини авайлаб, атайлаб йўқотганман. Дастлабки 10-15 йил ичида чиққан тақризларни қишлоққа таширдим, матбуотда босилган шеърларимга ўхшатиб уларни ҳам албомсимон қалин дафтарга елимлардим, кейинчалик шунгаям вақт топилмай, дафтар қатига қистириб қўядиган бўлдим. Ҳозир улар қай аҳволдалигини аниқ билмайман. Кейинги даврларда чиққанларини Тошкентдаги уйимда асраяпман. Папкаларни титиб, анча-мунчасини топдим, ижодимга назари тушган мунаққидлар жуда кўп бўлмаса-да, ҳарқалай, таниқли-таниқли зотлардан тортиб, мен ҳануз танишиш орзусида юрган (масалан, вилоятларда яшовчи) кишиларгача бор.
Қисқасини айтсам, асарни китобхон ўзи ўқиб баҳолайверсин, бошқаларнинг ўртага суқилиб тушунтириши шарт эмас, деган ақидам сал ўринсиздек туюлди. Ахир, аниқ ёки бузиброқ кўрсатишидан қатъи назар, ўзга кўз ҳам кўзгудек бир гап экан. Шуни ҳисобга олиб, 2010 йилнинг ёзи ўтиб бораётган паллада тақризларни компютеримга жамлашга киришдим. Топганимни топарман, улгурганимча жамларман, қолгани бир гап бўлар.
Гарчи ҳеч қандай унвони, амали бўлмаса-да, ушбу юмушни одамийлиги ўта юқори, оқкўнгил, одил, ғанимига ҳам раҳмли инсон, ниҳоятда курашчан ва ботирсўз шоир Миразиз Аъзамнинг ижодимга берган баҳоларини кўчиришдан бошладим. Бу мен учун беҳад азиз ва мўътабар бўлган биринчи устозимга нисбатан чексиз ҳурматим белгисидир.
АНВАР ОБИДЖОН.
Тошкент. 08. 07. 2010 йил.
|