ss
ao

Кучукнинг ҳикояси

Ўртоғинг ярамасроқ бўлса, орани очиқ қилиб қўйиш осон – пайт пойлаб туриб, унга итқитилган суякни олиб қочсанг бас, сен билан бир умрга салом-аликни йиғиштириб қўяқолади. Лекин, ўз туғишган опанг бўлмағур чиқса, вов-вов, бундан қутулишнинг иложи йўқ экан.

Дарди бедаво-да шу опам. Менга сира кун бермайди. Сал-пал эсимда бор, жишлик чоғимизда ҳам аямни аввал у эмарди. Аслида, ёнма-ён эмсак тузук иш бўларди-ю, аммо бунга кўнмасди у ярамас. Кўпинча очлигимча ухлаб қолардим.

Мана, занжирга боғлансак боғлангудек бўпқолдик. Биз тенгилар аллақачон алоҳида итялоқ қилишиб, одамларнинг уйини пойлашяпти. Уларга қараб, ҳавасинг келади. Опамнинг бўлса, ҳали-вери эси кирадиганга ўхшамайди. Вой унинг очкўзлиги! Вой унинг жирттакилиги!

Гапини қаранг, «қиз боламан, шунинг учун идишни мен тозалашим керак», дейди. Ўзингиз ҳам тушуниб тургандирсиз, идишни тозалаш, бу – итялоқдаги ювиндини пок-покиза ялаб қўйиш дегани.

Дастурхон қоқилиши биланоқ, қолган-қутган нонларгаям биринчи бўлиб у хоним чанг соладилар. «Ҳей, уятсиз, энди буёғини менга қўйиб бер-да», десам, «ўғил боласан-ку, сен суякниям ғажийверасан», деб сурбетларча кавшанишга тушади. Ҳеч бўлмаса, улгуржироқ суяк тегиб турса ҳам майлийди. Қаёқда дейсиз, ҳозирги қассоблар ниҳоятда ноинсоф бўлиб кетишган, бир кило гўштга бор-йўғи ярим кило суяк қўшишади.

Уф-ф, жуда ҳайрон бўпқолдим. Ё уйдан шартта бош олиб кетворсаммикин? Бунақа опа билан, масалан, сиз бир кун ҳам яшолмаган бўлардингиз...

Мана, азбаройи қорним очганидан, бармоғимни сўри-и-б ўтирибман. Опам бўлса, «чилип-чилип, чилип-чилип»латиб идиш тозалаяпти. Бир нарса деяй десам, яна қиз болалигини пеш қилади. Ҳе, бетинг чармдан бўлмай кетгур!

...Ишқилиб, сен укангни хафа қилмаяпсанми, қизалоқ? Ё одамларнинг болалари ҳам бизга ўхшаганроқми?

 

Қарғанинг ҳикояси

Қағ-ғ! Ишлар чатағ-ғ! Қағ-ғ! Қағ-ғ-ғ!!!

Ҳой, аҳволимни сўраб нима қиласан? Ўргилдим сендақанги меҳрибондан. Нима, айтганим билан ярим дардимни тортишиб берармидинг?

Қағ, қағ-ғ! Вой, аблағ-ғ! Биқинимни еди-ку бу аблаҳ Қорамош!

Мабодо, сеники эмасми ўша юмдалоғич иблис? Ҳалиги қора Мушукни айтаман-да. Бу бефаросатни авваллариям ёмон кўрардим. Боя ўрикнинг шохида қиров ялаб ўтирсам, барака топкур Лайчавой уни зинғиллатганича қувиб ўтиб қолди.

Ана энди Қорамошнинг ҳолини томоша қил – қўрқувдан жунлари тиккайиб, кўзлари ола-кула бўпкетибди. Оёғи ерга тегмайди. Шу қочишда қочиб бориб, ўзини бостирманинг остига урди. Бостирманинг четига бир уюм хазон тўплаб қўйилган, ивитиб қўйга бериб туришади-да. Қорамош бора солиб, худди ўша хазоннинг ичига кириб кетди. Дарахтнинг устидан кўриб турмасам экан!

Қарасам, Лайчавой гарангсиган тахлитда ивирсиб қолди. Бу ишга шахсан ўзим аралашмасам бўлмайдигандек туюлди. Бориб, яқинроққа қўндим-у, гўё ҳеч нимадан хабарсиздек, бепарво сўрадим:

 – Хў-ў-ш... Бу ерда нималар бўляпти ўзи, Лайчавой? – дедим.

– Мушукни қувиб юриб, шу жойда йўқотиб қўйдим, – деб акиллади Лайчавой. – Ўша хумпарни тутиб думини юлмасам, ит эмасман деб қасам ичганидим.

– Доноларнинг гапига қараганда, биров билан ўчакишиш умуман яхши эмас, – дея гердайдим мен. – Минг афсуски, оғзингга қалтисроқ сўз олиб қўйибсан. Энди «ит» деган табаррук номни астойдил ҳимоя қилмоғингга тўғри келади. Бинобарин, шундай экан, сен паҳлавонзода...

Гапни ортиқча чўзганим Лайчавойга ёқмади шекилли, сўзимни шартта бўлиб, «Олимлигингни йиғиштир! Қорамош қаерга беркинганини кўрдингми, йўқми?» – деб ириллади.

 – Кўришга-ку кўрмадим-а, – дедим, ҳануз сатангланишни қўймай. –Лекин, фаросатни ишга соладиган бўлсак, калаванинг учини топмоқ мумкиндир. Яъни, Қорамош каламуш эмаски, кавакка кириб кетса. Агарда ақлим панд бермаса, у хазоннинг ичига беркинган бўлмоғи эҳтимолдан холи эмас.

Ҳали гапимни тугатганим йўқ эдики, Қорамош хазон­нинг орасидан ўқдек сапчиб чиқиб, устимга отилди. Лайчавой ҳам, мен ҳам ўзимизни ўнглашга улгурмай қолдик. Баттол мушук: «Мана сенга, чақимчи!» – деди-ю, биқинимга бир тирноқ уриб ўтиб кетди. Юлинган патларимни тўзитиб, зўр-базўр ҳавога кўтарилдим. Лайчавой уни яна қувишга тушди.

Вой, биқингинам-ей! Ўрикнинг шохида жимгина ўтираверсам бўлмасмиди? Нима қилардим бировларнинг ишига аралашиб? Бошқаларга ўзимни ақлли қилиб кўрсатгим келдими дейман-да. Эҳ, пишмаган калла!

...Чақимчилик ёмон нарса дейсанми? Ақл ўргатмоқчимисан, ука? Бор, йўлингдан қолма. Фаросат билан айтганда, шахсан менга дарс беришга ҳали ёшлик қиласан.

Қағ-ғ!!!

Чўчқачанинг ҳикояси

Хур... хур... хурсандчилик яхши нарса-да. Кеча балчиққа юмалаб, роса ўйнабман денг. Кейин маза қилиб ахлат титкиладим. Дадам аҳволимни кўриб, «сендан ҳақиқий Чўчқа чиқади», дея елкамга бир уриб қўйди.

Сиз қандай ўйлашингизни билмайман-у, мен калламни ишлати-и-б туриб, «Агар дунёда балчиқ деган нарса бўлмаса, яшашнинг биттаям қизиғи қолмаса керак», деб юраман. Афсуски, баъзилар шуни тушунмайди. Масалан, қўшнимиз қора Совлиқ эсли-ҳушли ҳайвон бўлатуриб балчиқни ҳурмат қилмайди-я.

Ўтган куни унинг ўғли билан биргалашиб ўйнагани чиқдик. Қарасам, Қўзичоқ тушмагур тўғри майсазорга қараб кетяпти. Биламан, уёқда ажриқдан бошқа ҳеч вақо йўқ.

 – Ҳў, латтабош, буёққа юр! – деб қичқирдим унга. – Жуда ажойиб жой бор, юмаланиб-юмаланиб ўйнаймиз. Қани, орқамдан ўрмала-чи.

Уни ўша ҳузирижон Сассиқкўлга бошлаб бордим. Борибоқ, ўзимни балчиққа отдим. «Ке, менга ўхшаб бир яйра», дедим Қўзичоққа. У оз-моз иккиланиб туриб, секин балчиққа тушди.

– Қўрқма, – деб далда бердим унга. Кейин тумшуғимни балчиққа тиқиб, унинг ҳавасини келтирдим. – Қани-қани, сен ҳам шунақа қил-чи.

Қўзичоқ тумшуғини балчиққа тиқди-ю, дарров бошини кўтариб, афтини буриштирганича лой туфлашга тутинди.

 – Э-э, ютвормайсанми! – дедим, ғашим келиб.

Қўзичоқ менга ёмон кўз билан ўқрайиб қўйиб, индамасдан уйига жўнаб қолди. Шу-шу, мендан андак хафа. Эшитишимга қараганда, уйига борганидан сўнг, пўстинчангни расво қилибсан, деб онаси роса таъзирини берибди. Буни эшитиб, Қўзичоққа жуда раҳмим келди.

Бошқа томондан, сал жаҳлим ҳам чиқди. Қўзичоқ-ку ҳали ёш, лекин кап-катта қора Совлиқ балчиқнинг қадрига етмагани қизиқ. Хур... хур... хурофот бу.

Э, менга нима? Кимки яшашни билмабди, ўзига қийин. Мен бўлсам, бугун ҳам, эртага ҳам балчиққа юмалайвераман. Ишқилиб, тоза юрмасам бўлгани. Шундагина ҳақиқий Чўчқа бўлиб етишаман.

... Ҳа, йўл бўлсин? Оқсойга дейсанми? Ие, ғўр бола экансан-ку! Сойда чўмилиб нима ҳузур топасан? Юр, Сассиқкўлга борамиз. Сен ҳам менга қўшилиб бир ялала-ялай қилсанг-чи.

Бузоқнинг ҳикояси

Чиндан ҳам синчков бўлсангиз, менга дунёдаги энг фаросатсиз ҳайвоннинг номини айтиб беринг-чи. Йўқ, Эшак эмас. Тополмадингиз. Энг бефаросат махлуқ, бу – Туя. Ҳа-да!

Масалан, қўшнимиз Нортуяни олайлик. Исмим Тарғил эканлигини унга кунига ўн марталаб уқтираман. У бўлса, барибир Қашқа деб чақираверади. Ҳозир ҳам ёнидан ўтиб бораётсам, «Йўл бўлсин, Қашқавой?» – деб яна жиғимга тегди.

Алам қиладиган жойи шундаки, шу топда ўзим ўша сўтак Қашқани ахтариб юрибман. Қўлимга тушса, уни янаям қашқароқ қилиб қўйишим турган гап. Негаки, доим ризқимни қийгани-қийган.

Аслида, Нортуянинг адаштирганича бор. Қашқа иккаламиз бир-биримизга жуда ўхшаб кетамиз. Қоронғи тушган пайтда ҳатто оналаримиз ҳам бизни фарқлолмай қолишади. Ярамас Қашқа худди мана шундан фойдаланиб, ухлаб ётган чоғимда онамни эмиб қочади.

Аввалига уни бир-икки марта яхшиликча огоҳлантирдим. Кейин биқинига бир каллалаб қўйдим. Безбет ўшандаям пинагини бузмайди денг. Жирилламасдан, сен ҳам менинг онамни эмаверсанг-чи, дейди-я. Зап аҳмоқни топибсан-да, дедим унга. Очиғини айтсам, унинг қилтириқдай бир онаси бор, эрталабдан кечгача эмганингдаям, сўрган сутинг чап ичакка юқ бўлмайди. Менинг онам бўлса, гумбаздек тўлишган, елинлари лорсиллаб ётибди.

Хуллас, бугун ҳам узоқроқ ухлаб қолган эканман, уйғониб қарасам, Қашқа онамни яна эмиб қочибди. Хунобим ошиб кетди. Ҳар қандай сабр-тоқатниям чегараси бўлади, етар энди. Уни қаердан бўлмасин топиб, у биқинига, бу биқинига, тағин у биқинига, тағин бу биқини­га каллалаб ташламасам, новвосман деб юрган эканман-да.

...Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейсанми? Гапингда жон бор, ошнавой. Қани, бир сомонхонага бориб кўрай-чи.

Тулкичанинг ҳикояси

Биз Тулкилар ҳақида гап кетгудек бўлса, одамлар исмимизнинг олдига албатта «айёр» сўзини қўшиб айтишади. Бу инсофдан эмас. Айёрлик билан уддабуронликнинг фарқига бориш керак. Ишбилгич бўлмасанг, бу оламда кун кўриш қийин.

Ке, бошингни айлантириб ўтирмай, яқинда юз берган бир воқеани дастаклаб ўта қолай. Шунга қараб, кимлигимизни ўзинг тушуниб оларсан.

Бундан ўн кунча олдин аям иккаламиз товуқхонада қўлга тушдик. Ичкарига кирганимиз заҳоти шартта эшикни ёпишди. Энди бизни ўлдиришади деб ўйлаб, жуда қўрқиб кетдим. Аям бечора ҳам дағ-дағ қалтирай бошлади. Гўё: «Боламда айб йўқ, нима қилсанглар мени қилинглар», демоқчидек, мени тагига босиб, бошимни жағининг остига яшириб олди.

Қоровул чол билан ўғли аллақандай матони ёйишганини кўрдим-у, уларнинг нияти нималигини англаб етгунимча, кўз олдимни бирдан зулмат қоплади. «Одамлар бизни шолчага ўраб олишди», дея чинқирди аям, сўнг жон-жаҳди билан потирлай кетди. Мен ҳам жим турмадим. Аммо, одамлар аллақачон устимизга миниб олишганди.Кучли панжа шолча аралаш бўйнимдан қисди. Нафасим бўғилиб, хириллаб қолдим. Кейин нима бўлганини билмайман...

Бир маҳал кўзимни очсам, аям икковимиз ариқча ёқасидаги толнинг салқинида ётибмиз. Бўйнимизда итларникига ўхшаган пишиқ занжир. Қизиқ! Бизни нима қилишмоқчи ўзи?

Занжирни гоҳ силтаб кўрдик, гоҳ ғажиб кўрдик, фойдаси йўқлигини сезиб, ҳафсаламиз пир бўлиб турганида, қоровул чол чети синиқ косада ачиган бўтқа келтириб, олдимизга қўйиб кетди. Чол узоқлашиши биланоқ, таомни шошилиб искай бошлаган эдимки, аям тумшуғимга битта тарсакилаб қолди.

– Ема! – деди у. – Нафсингни тий, тентак!

– Нега емас эканман? – дея зардаландим мен. – Қорним аллақачон ҳуштак чаляпти.

– Ҳозир бизга текин овқат керакмас, – деб ўдағайлади аям. – Озодлик керак бизга, озодлик!

Кейин, аҳволимга ачиниб, мени бағрига босди. Бошимни силаб туриб, ўйлаб қўйган режасини гапириб берди, нималар қилишимиз лозимлигини ётиғи билан уқтира кетди. Шунда мен, бир яланиб олиб, яна минғирладим:

– Ҳеч бўлмаса, сув ичсам майлими? Тилим танглайимга ёпишиб қоляпти.

– Сувдан ичсак бўлади, чунки камайгани билинмайди, – деди аям ва ариқча томонга ютоқиб қараб қўйди. – Фақат кечқурун, ҳамма ухлаганда ичамиз. Сабр қил, эсликкинам, сабр қил.

Ниҳоят, мен орзиқиб кутган вақт келди, тунда қониб-қониб сув ичдим. Бунинг устига, пайт пойлаб туриб, ариқчада қуриллаб юрган бақалардан уч-тўрттасини ушлаб, исини чиқармай урволдик.

Кунлар шундай ўтаверди. Кундузлари туз тотмасдан сулайиб ётамиз, тунлари оз-моз тирикчилик қилиб оламиз. Ҳеч нарса емаётганимиз охири товуқбоқар кампирнинг эътиборини тортди.

– Буларни шолчага ўраб босганларингда қовурғалари синганга ўхшайди, – деди у қоровул чолга. – Тўрт кундан бери туз тотмасдан ётишибди-я. Иккаласиям чалажон.

– Ўлишмайди, – деб тўнғиллади чол. – Боласиниям катта қилволсам, ўғлинг иккаламизга биттадан телпак чиқади, кампир.

Бешинчи куни эрта саҳарда аям менга тайинлади:

– Бугун, иложи борича, нафас олаётганингни сездирмай ёт. Тепишсаям, ғинг дема. Чида!

Шу тариқа, миқ этмай ётавердик. Бир маҳал, қадам товуши эшитилди. Кўзимни қия очиб қарасам, кампир яна овқат олиб келяпти. У, тепамизда тўхталиб, бизга диққат билан тикилиб турди, кейин эгилиб, мени бир-икки қимирлатиб кўрди. Қитиғим келсаям, ўликликка чидадим.

 – Уф-ф! – овқатни ерга қўйиб, чуқур ҳомуза тортди кампир. – Ўлишади десам, ишонмади бу чол. Мана,  шўрликларнинг уволига қолдик.

У ғудранганича бўйнимиздаги занжирни ечиб ташлаб, индамасдан нари кетди.

 – Энди қочамизми? – тоқатсизланиб, ёнимда ётган аямни турткиладим мен. – Вақтида ғойиб бўлмасак, қайтиб келиб, бошқатдан занжирга солишмасин!

 – Жим! – кўзини хиёл очиб шивирлади аям. – Чол дарвоза тарафда юрибди. Яна озгина тоқат қил, эсликкинам.

Чол очиқ турган дарвозанинг олдида анча ивирсиб юрди. Кейин уйчасининг ёнига бориб, обдастани олди-да, калишини судраганича ҳовуз томонга кета бошлади.

 – Тур! – қатъий оҳангда буюрди аям. – Қочдик, болам!

Мен ўрнимдан қўзғалаётиб, чети синиқ косадаги овқатдан боплаб битта ялаб олдим. Аям эса, теварагимизда бемалол сайр қилиб юрган товуқлардан энг семизини аллақачон тумшуғига қистириб улгурган эди.

Қийинчиликларга бардош берганимиз яхши бўлди. Мана, занжирдан қутулиб, омон-омонда ўйнаб юрибмиз. Нақ ажалнинг панжасидан соғ чиқдик-да ўзиям!

... Қани, биродар, айтган гапларимни ақлингнинг тарозисига бир солиб кўргин-чи. Сенингча, бу айёрликми, ё ишбилармонликми? Балки, тамоман бўлак нарсадир?

Қуёнчанинг ҳикояси

Бунча хомушсан, дейсанми? Наҳот, хафага ўхшаб кўринаётган бўлсам? Бу шунчаки қорнимнинг очлигидан... ёки Тўнғиз билан «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнайвериб, чарчаганимдан бўлса керак.

Қанақа ўйин бу, деганинг нимаси? Ростданам ҳеч ўйнаб кўрмаганмисан? Ҳаётдан тўрт қарич орқада қолибсан-ку, хи-хи-хи.

Тўғрисини айтсам, бу ўйинни ўзим ҳам бугун ўргандим. Агар карамларим бўлмаганида, ким билади дейсан, ҳалиям ўрганолмай юрармидим...

Хуллас, инда ётавериб, жуда зерикиб кетдим. Бунинг устига, мундоқ тимирскилаб кўрсам, омборчамда тишга илинадиган нарса қолмабди. Пича тамадди қилволиш, баҳонада оёқнинг чигалини ҳам ёзволиш мақсадида чакалакка чиқдим.

Бир вақт қарасам, ҳў анави йўлдан эшакарава кетиб боряпти. Четан[1]нинг ичи лиқ тўла карам. Оғзим сувлашиб, жиғилдоним ликиллай бошлади. Одамларда «Омадинг юришса – кўмирингдан тилло, эшагингдан мулло чиқади», деган мақол борлигини бувимдан эшитганидим. Мениям бир омадим келди-ю, ғилдираги чуқурчага тушган арава қаттиқ силкинган чоғда, катта-катта иккита карам четандан ташқарига учиб кетди. Мудраб бораётган аравакаш буни сезмай қолди.

Карамларни кўздан панароқ жойга бирин-кетин думалатиб келиб, ейишни қайсинисидан бошласам экан, деб тараддудландим. Шунда, «Ишкамба» лақабли қориндор Тўнғиз инқиллаган куйи қаршимдан чиқиб келди.

 – Ингқ, ингқ, карам муборак бўлсин, Қуёнполвон! – деди у олдимга яқинлашиб. – Қаёқдан эплаштирдинг буларни?

Ишкамбанинг менга бунақа дўстона муомала қилганини сира кўрмагандим. Бирдан эриб кетиб: «Топдик-да энди», деб сузилганимча илжайдим.

 – Жудаям ажойибсан-да, ука, – карамларга сўлаги оқиб тикиларкан, мени мақташга тушди Ишкамба. – Биламан сен шоввозни, мен билан «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнашни мўлжаллаб турибсан, ингқ. Ишкамба акангни эрмак қилиб, бир яйрамоқчисан-да, а?

Бунинг қанақа ўйинлигини суриштирган эдим, кекса Тўнғиз «билатуриб, мени калака қиляпсан», дея аввалига сал ранжиган бўлди, кейин шошмасдан тушунтира бошлади. Унинг айтишича, бу ўйинда иккита ҳайвон қатнашаркан. Улардан бири овқатланаётганида иккинчиси «аҳмоқ кавшанди-ё, аҳмоқ кавшанди-ё», деб атрофида ирғишлаб айланганича мазахлаб тураркан. Жуда қизиқ ўйин, тўғрими? Мен кўп ўйланиб ўтирмай, ўйинга қўшилишга рози бўлдим. Ишкамба карамларни «ғирс-ғирс» қилиб ейишга тушди. Мен унинг теварагида сакраб, «аҳмоқ кавшанди-ё, аҳмоқ кавшанди-ё», деб чапак ура кетдим. Шу десанг, масхара қилавериб – томоғим, ирғишлайвериб оёғим оғрий бошлади.

Ишкамба иккала карамни чиқинди қолдирмай тушириб бўлгач, «Ҳў, ғилай, ўзингдан ўзинг намунча шаталоқ отасан?» – дея кўзимга ўқрайди. Мен яна пича «аҳмоқ-аҳмоқ» ўйнайлик, деб илтимос қилган эдим, у «ингқ-ингқ, ўзинг аҳмоқсан», деганича келган томонига қайтиб кетди. Ортиқча аҳмоқ қилганимдан хафа бўлди шекилли.

...Менга бунақа масхараомуз илжаймагин-да, ошна. Нима, Тўнғизни боплаганимга ишонмаяпсанми?

Хачирнинг ҳикояси

От – дадам, Эшак – аям... Йўқ, йўқ, адашиб кет­дим. Эшак – дадам, От – аям...

Ҳа, дадам – Эшак! Шунинг учун мен Хачирман!

Агар дадам ҳам От бўлганида, мен тойчоқ бўлиб туғилардим. Ё аксинча, аям ҳам Эшак бўлганида эди, ҳозир қаршингизда мен эмас, кетворган бир хўтик турарди.

Имкон борича ё тойчоқ, ё хўтик бўлиб туғилган яхши экан. Хачирлик нималигини хачир бўлган билади. Менга жуда қийин. Яйловга чиқсам, бир томонда аям кишнай бошлайди, бир томонда дадам ҳанграб қолади. Аямнинг кетидан чопай десам, унга етиб юролмайман. Дадамга эргашай десам, майдақадамлиги жонимга тегиб кетади. Бор-е, дейман-у, ўзим бошқа ёққа қараб баҳоли қудрат чопиб кетаман. Тўрғайлар ҳуштак чалганларича орқамдан эрмаклаб қолишади.

Оёқларимга боқиб, пакана бўлсам ҳам, ҳартугур аямга тортган эканман, деб юрардим. Тунов кун булоқда ўз аксимни кўриб, бу фикримдан қайтдим. Тумшуғим билан қулоқларим худди эшакникига... э, узр... дадамникига ўхшар экан. Турхатим ҳам иккиёқлама эканлигини пайқаб, ичиккандан ичикиб кетдим. Қисқаси, на тойчоқман, на хўтик. Катта бўлганимдан кейин ҳам одамлар мени отдек чоптиришиб, эшакдай ишлатишса керак.

Буларни қўйиб турайлик, муҳимроқ бошқа бир масала бор. Кўпдан буён бошим қотиб юрибди – кишнасаммикин, ҳанграсаммикин? Кишнаганим билан барибир мени ҳеч ким тулпор демайди. Борди-ю, ҳанграсам, унда чала эшак бўпқоламан. Менимча, кишнаган-у ҳанграганга ўхшаганроқ овоз топганим маъқул.

...Ҳў, акаси бўйидан! Сен шу масалада менга дурустроқ маслаҳат беролмайсанми?

Ҳакканинг ҳикояси

Одамлар мени ўғри дейишади. Шуям гап бўлди-ю! Нима, бошқа қушлардан бойиб кетган жойим борми? Кўпчилик қатори тирикчилик қилиб юрибман-да. Ўзимга керагидан ортиқроқ нарсани ўмарган бўлсам, тешиб чиқсин.

Фаразлаб кўрайликки, ёғлиққина сузма қатиқни қурут қилишиб, офтобга териб қўйишган бўлсин. Теваракда ҳеч ким йўқ. Масалан, сиз ўша қурутлардан бир-иккитасини тотиб кўрмасмидингиз? Фақат, олифтагарчилик қилмай, тўғрисини гапиринг.

Ёки томга ёйиб қўйилган ёнғоққа дуч келиб қолдингиз дейлик. Нега энди ундан уч-тўрттагина чақиб кўрмаслик керак экан? Биламан, шахсан сиз қоринниям тўйдирасиз, чўнтаккаям урасиз. Мен бечорада эса, чўнтак деган нарсанинг ўзи йўқ.

Энди, тухум масаласига тўхталайлик. Қушларнинг тухумини қасддан ўғирлайди деб ўйласангиз, мени тўғри тушунмас экансиз. Бировлар ҳақида, ўйламай-нетмай, бўлмағур гаплар айтиш одобдан эмас. Сиздақангиларни ғийбатчи дейишади.

Ўзингиз биласиз, мен ашулачиман. Ашулачи бўлгандаям, майна-сайналарга ўхшаган хашаки яллачилардан эмасман. Теракнинг учига қўнволиб, бир шақиллашни бошласам, овозим етти маҳаллага таралади. Шунақа ажойиб овозингиз бўлса, сиз ҳам кунига хом тухум ютиб туришни канда қилмасдингиз...

Ие! Ҳў обдастанинг ёнидаги нима? Пишлоқми? Вой, атирсовун-ку! Ерга ташлаб қўйишибди-я. Ҳойнаҳой, одамларга ортиқчалик қилаётганга ўхшайди. Атрофда биров йўқми?

...Вей, шалпангқулоқ, нега хўмрайиб қолдинг? Кўриб турибсан, ҳаво тобора исиб кетяпти. Озгина совун есам, патларим тулаб, сал енгиллайман. Ахир, мен ўзимга керак бўлмаган нарсани олаётганим йўқ-ку!

 

 

Чиябўрининг ҳикояси

Мактабга боришга ҳеч оёғим тортмай қолди. Ўқитувчимиз борган сари қийин саволлар бериб, миямнинг қатиғини чиқаряпти. Олдинги қаторда ўтиришнинг хосияти йўқ экан. Кунига элакдан ўтаман-да.

Мана, кечаги кунни олайлик. Ўқитувчим мени ўрнимдан тургизиб, «Хўш, айт-чи, Қуён ботқоққа чўкаётган бўлса, биз нима қилишимиз керак?» – деб сўраб қолди. «Серқамишроқ жойни танлаб, эҳтиёткорлик билан унга яқинлашамиз», дедим мен.

– Балли! – деди ўқитувчимиз.

Бу мақтовдан кўнглим кўтарилиб, дадил сўзлашга тушдим:

 – Жудаям яқинлашиб қолганимизда, бир қўлимизда бақувватроқ қамишнинг тубидан ушлаб, иккинчисини Қуёнга чўзамиз.

 – Офарин! – дея бош ирғаб илжайди ўқитувчимиз.

Мен баралла сайрашда давом этиб: «Қуён панжамизга илинди дегунча, уни шартта ўзимизга тортамиз», дедим.

 – Тасанно! – севинганидан қичқириб юборди ўқитув­чимиз. – Бало экансан! Калланг зўр ишлаяпти! Қани, уёғини гапир-чи!

Шу ерга келганда, нима дейишни билмай, дудуқланиб қолдим:

 – Кейин... кейин...

Бу туришим ўқитувчимизга ёқмади шекилли, бирдан қовоғи осилди. Негадир тоқатсизлана бошлади. Сўнг ҳозиргина мени «офарин»лаётган махлуқ туйқус тўнини тескари кийиб: «Қуён чангалингда турибди, хумкалла. Гапга тузукроқ хулоса ясамайсанми энди», деб ўшқирди.

Мен баҳомнинг пастлаб кетишидан қўрқиб, пича ўйланиб олгач, «Қуённинг терисидаги лойларни тозалаб ташлаймиз», деб мунғайдим.

 – Гапниям, ишниям чўзворяпсан! – сўлагини ютиб ғижинди ўқитувчимиз. – Сен Қуённи мушкул аҳволдан қутқардинг, озод қилдинг. Оддийроқ тилда айтганда, Қуёнга фойданг тегди. Энди Қуённинг сенга фойдаси тегиши керак. Хўш, ўйла-чи?!

Ҳануз дудмалланиб турганимни кўриб, ўқитувчимизнинг баттар жаҳли чиқди:

 – Қайсидир Қуён бошқа бир Қуёнга текинга яхшилик қилиши мумкиндир, – менга еб қўйгудек бўлиб ўқрайди ўқитувчимиз. – Лекин, биз Чиябўрилармиз. Биздаги фалсафа бошқача... Ўзимизга яраша нафсимиз бор!

Тугалай довдираб, нима дейишимни билмай қолдим. Бундан ўқитувчимизнинг фиғони фалакка кўтарилдир-ю, шартта бўғзимдан ушлаб, мени ўзига яқинроқ тортди.

 – Аввалига Қуённи озод қиламиз, – кўзларига қон тўлиб чийиллади ўқитувчимиз. – Қутқарганимиздан кейин, биз уни мана мундай қилиб...

У оғзини катта очиб, ўткир тишларини кекиртагимга яқинлаштирган паллада миям ярқ этиб ишлаб кетди ва бор овозда: «Еб қўямиз!» – деб қичқирдим. Ўқитувчимиз шу заҳоти енгил тортиб, мени қўйиб юборди.

 – Боракансан-ку, ҳумкалла,  – чеҳраси ёришиб, елкамга қоқди у. – Чиябўри деганнинг гапи мана бунақа бўпти-да!

Ҳа, битта «тўрт» олгунча, она сутим оғзимга келди.

...Нима дединг? Учта товуққа иккита ўрдакни қўшсак, жами нечта бўлади дейсанми? Бу масалани чиябўричасига оппа-осон ҳал қилиш мумкин, оғайнижон. Бошни ортиқча қотириб ўтирмаслик учун уларни хаппа еб қўямиз, қоринда ўзлари қўшилиб кетаверади.

 

Бешиктерватарнинг ҳикояси

Мана шу уватнинг ҳаммаси илгарилари Бешиктерватарларга қарашли эди. Бир куни очкўз Чигирткалар ёприлиб келишди-ю, биз ов қиладиган жойларни эгаллаб олишди. Тирикчилигимиз қийинлашиб кетди.

Авваллари емишни ҳар қадамда учратиш мумкин эди. Энди кун бўйи куйиб-пишиб ўлжа қидирасан-у, топганинг ошқозонга жаз бўлмайди. Сакроғич Чигирткалар деярли ҳамма нарсани заҳри-маҳрига ютиб бўлишди. 

Бу кўргиликлар камлик қилганидек, ўша чириллоқ махлуқларнинг дўқчилигини айтмайсизми. Кеча ов қилиб юрсам, улардан иккитаси қаршимдан чиқиб қолди: биттаси важаванг семиз, бошқаси чакачак ориқ. Семизи менга кўз қирида қараб қўйиб, шеригидан сўради:

– Анави сўлжайиб турган нарса нима?

– Дунёда қаланғи-қасанғилардан кўпи йўқ, – деди ориғи. – Бу яшшамагурам бирорта ўрмаловчидир-да.

Семизи: «Сўраб кўр-чи, нимага сўппайиб турибдийкин?» – дея димоғдорланиб сузилган эди, ориғи менга кўзини ўйнатиб: «Ҳў, оғзи бор! Нега биз томонларда ивирсиб юрибсан?» – деб шанғиллади.

Бу гаплар менга жудаям алам қилди. Ўзинг туғилиб ўсган жойда бўйин қисиб юришга мажбур бўлсанг-у, бунинг устига, келгиндилар сени гоҳ мазахлашса, гоҳ «қаёқдан кепқолдинг» деб дўқ уришса, юрак-юрагинг тўкилиб кетмайдими?

Ҳўнграб йиғлаганимча, уйга кириб келдим. Хуни-бийронлигимнинг сабабини эшитиб, бувим менга таскин бера бошлади:

– Хафа бўлма, дўмбоқчам, тирикчилигимиз бир нав ўтиб турибди-ку, шунисигаям шукур қилайлик.

– Йўқ, бувижон, чидаш қийин, – дедим мен. – Тунов куни биттаси йўлимни тўсиб, «Бизга ўхшаб чириллашни қачон ўрганасан?» деб дағдаға қилувди, энди бошқалари мени «қаланғи-қасанғи»га чиқаришди...

Бувим бирпас хомуш туриб қолди. Кейин чуқур уф тортиб, мунгли товушда деди:

 – Чириллоқ очофатларнинг уруғи кўп, дўмбоқчам. Улар билан ортиқча ўчакишма. Зўравонларгаям бир балолик кун бордир.

Ўшандай кун қачон келаркин, билмадим. Балки, қиш қаттиқроқ кечиб, Чигирткаларнинг тухуми ёппа музлаб қолар. Қўшнимиз бувимга шунақа деётгандай бўлувди.

...Бунча эснайсан, болакай, уйқи босяптими дейман? Бунақада қулоғингга гап кирармиди? Майли, кейинроқ дардлашармиз. Ҳозир мен тебраниб туриб, бахтиёрлик ҳақида алла айтаман, сен бир тўйиб ухлаб олгин бўлмаса.

Чумолининг ҳикояси

Ишком остида тимирскиланиб юриб, даройи узумнинг уруғини топиб олдим. Қуриб кетгур зил-замбил экан, итариб ҳам, тортиб ҳам жойидан силжитиб бўлмади. Таваккал қилиб елкалаб олсаммикин, деб турганимда, олдимдан «виш-ш» етиб бир бадбашара махлуқ чиқиб қолса бўладими!

Энам кечагина ёвуз аждарҳо ҳақида эртак айтиб берган эдилар. Ўша қонхўр оғзини катта очганича олдимдан чиқиб турибди-ю ҳозир. У билан солишай десам, эртакда аждарҳони ўлдирган Қиличботир, афсуски, мен эмасман. Қўлимда силтанса қирқ газ чўзиладиган қиличим ҳам йўқ.

Дарров эс-ҳушимни йиғиб олдим-у, мулойимлик билан унга таъзим қилдим.

– Ассалому алайкум, жаноб Аждарҳо! – дедим.

Аждарҳо аввалига нечундир ўнғайсизланиб, уёқ-буёққа қараб қўйди. Кейин бирдан кўкрак кериб: «Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим», дея менга кўз олайтирди. Мен эгилиб, қайтадан таъзим қилдим.

Бир вақт, бошимни кўтариб қарасам, зумгина олдин қаршимда гердайиб турган аждарҳо йўқ. У жанобнинг ерда ётган барг остига шоша-пиша кириб кетаётганини аранг пайқаб қолдим. Гап нимада эканлигини англаб улгурганим йўқ эдики, осмондан бир паҳлавон учиб тушиб, гурсиллаганича ерга қўнди. Унинг шабадасидан уч-тўрт юмаланиб, яна оёққа турдим.

Паҳлавон тўсатдан патларини ҳурпайтириб: «Кўкқурт қани?» – деб сўради мендан. Эндигина сўзга оғиз жуфтлаганимда, бехос шамол уфуриб, бояги барг пилдираб учди-ю, Кўкқурт исмли аждарҳо ялангда қолди. Паҳлавон шу заҳотиёқ ҳамлага ҳозирланганини кўриб, унинг Қиличботир эканлигини фаҳмладим. Энамнинг эртакда сўйлаганлари рост бўлса, улар энди қирқ кеча-ю қирқ кундуз жанг қилишади дея безиллаб турган эдим, Қиличботир бир калла солишдаёқ аждарҳони сулайтириб қўйди.

– Қойил, Қиличботир! – деб қичқирдим мен, завқланиб кетиб.

– Оғзингга қараб гапир! – кутилмаганда мени жеркиб берди паҳлавон. – Мени нега бошқалар билан адаштиряпсан, тирранча? Акканг қарағай етти иқлимга донғи кетган машҳур Чумчуқ полвон бўламан-а!

У шундай дея, жаноб аждарҳони тишлаб олганича, яна осмони фалакка кўтарилди.

Шу топда энамнинг ёнига шошиляпман. Мен унга эртак эмас, Чумчуқ полвон ҳақида ўз кўзим билан кўрганларимни айтиб берсам, сезиб турибманки, оғзи ланг очилиб қолади.

...Хўп, хайр, биродар. Сен ҳам бу ғаройиб ҳикояни ўртоқларингга сўзлаб бериб, уларни ёппасига анграйтириб қўйсанг-чи.

 

Мушукчанинг ҳикояси

Одамлар «Мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди», деган мақол тўқишганмиш. Бу бекорчи гап бўлса керак деб ўйлайман. Масалан, шахсан мен ҳар куни томга чиқволиб, офтобда исинаман, лекин бунинг эвазига ҳеч кимдан ҳеч қанақа ҳақ талаб қилган эмасман.

Томда ётиб, баъзан узоқ-узоқларга термилиб қоламан. Ер юзи поёнсиз дейишади. Бу гапга ишониш учун дунёга томдан туриб қараш керак экан. Мен атрофни яхшилаб кўздан кечириб чиққанимдан кейин, ер юзи мана шу томга қараганда камида ўн беш марта катта бўлса керак, деб ўйлаб қўйдим. Ўн беш марта-я!

Томда ётишнинг тағин бир фойдали томони шундаки, бу ердан ҳовлининг ҳаммаёғи кафтдек кўриниб туради. Кеча мўрининг ёнида ётиб, тандир остидаги кавакдан алланиманинг пилдираганича чиқиб келаётганини пайқаб қолдим. Мундоқ қарасам, кап-катта бир Сичқон уялмай-нетмай калиш чайнаб ўтирибди. Аччиғим қўзиганидан, думим хода бўлиб, жунларим ҳурпайиб кетди. Мий-ёв!

Вағиллаган куйи ўзимни томдан ташладим. Ҳалиги калишхўр нонуштани тўхтатиб, жуфтакни ростлаб қолди. Унга етиб олиб, эндигина таппа босаман деб турганимда, олдимдан ер ютгур Қоплон чиқиб қолса бўладими. У вопира-воп қилиб менга ташланган эди, ўзим сичқонга айландим-қолдим.

Қочиб бораётиб қарасам, тандирнинг ёнида чети синиқ сопол тоғора тўнтарилиғ турибди. Ўқдек учиб бориб, ўзимни ўшанинг тагига урдим. Қоплон тирқишдан тумшуғини суқиб, роса ириллади. Бундан фойда чиқмагач, орқа оёқлари билан тоғоранинг устига тупроқ чангита бошлади. Итлигинг қўзимай ўлгур-ей!

Қоплон қайтиб кетганидан сўнг олам бирдан жимжит бўлди-қолди. Шунда тоғора остида бировнинг «пиш-пиш» нафас олаётгани қулоғимга чалинди. Мундоқ ёнга ўгрилсам, бир чеккада ҳансираганича бояги Сичқонбой турибди. Мендан қўрқибми, итдан қўрқибми, уям тўғри шуёққа қараб қочган экан. Донишманд бобом: «Нодон қаршингда турган бўлса, сен ақл билан иш кўр», дер эдилар. Тезда шу ўгитга амал қилдим. Гўштидан калиш ҳиди анқиб турганини ҳисобга олмаганда, ёғлиққина Сичқон экан, маза қилиб едим.

Вой, эси паст Сичқон-ей, бошқа жой қуриб кетгандек,келиб-келиб, тоғоранинг тагига беркинганини қаранг. Каллаварам-да. Билмайдики, ер юзи мана шу синиқ тоғорага қараганда, камида минг марта катта. Ҳатто, бир ярим минг марта катта бўлишиям мумкин!

...Оғайни, сен ҳам ер юзини ўзингча ҳеч чамалаб кўрганмисан?

Қурбақанинг ҳикояси

Қур-р, вақ! Мени танидингизми? Ҳа, мен ўша боши япалоқ, кўзи шапалоқ Қурбақаман. Лақабим – Вақвақатўра!

Кўриб турибсиз, вақтим чоқ. Бўлмасам-чи! Ҳозиргина иккита бўрдоқи пашшани тутволиб, шаппа-шуппа ямлаб қўйдим. Энди ҳовузга калла ташлаб, бир чўмилсаммикин деб турибман. Мен сизга айтсам, қорин тўйганидан кейин чалқанчасига сузиб юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Қанча кўп сузсанг, шунча ланж бўласан. Ана ундан кейин, бақатўнга ўранволиб, мириқиб ухлаш мумкин.

Бироқ, шуниси ёмонки, уйқудан уйғонган чоғингда қорнинг қайтадан очқаб қолган бўлади. Шунда, тарвайиб бир керишасан-у, кўзинг жовдираб, яна овқат ахтаришга тушасан.

Ўтган куни уйқусираб туриб, бир саёқ Чумакарини ютиб юборибман. Итпашшага ўхшатибман-да. Бир вақт ичак-ичакларимга игна санчишни бошлади. Қуриллаб додлаганимча, сатта пақир бўйи сакраб, ўзимни ерга ураман денг. Ари чақишини қўймайди, мен – қуриллашимни. Йўқ, хайрият, охири ошқозонимгаям битта игна санчди-ю, шундайича бутунлай ҳазм бўпкетди.

Балойи азимдан қутилиб олганимдан сўнг, мундоқ қарасам, сайроқи қушларни қафасда боқиб юрадиган сариқсоч бола менга суқланиб тикилиб турибди. Боя тинмай қуриллаётганимда, чамаси, ширали овозим унга ёқиб кетган бўлса керак. Қилиғинг қур-р-ғур болакай сайроқи қушларга қўшиб, мениям биронта қафасга солиб қўймасин, дедим-у, ҳовузга қараб ура қочдим. Мен сизга айтсам, қафасда ётиб тайёр овқат егандан кўра, эркин юриб, оч қоринга ари ютган минг марта афзал.

...Бу ҳикояни айтишдан мақсадим, ўртоқчилик ҳурмати сени огоҳлантириб қўймоқчиман, тойбола. Маслаҳатим шуки, уйқусираб туриб овқат ейишга одатлана кўрмагин, бунинг оқибати жудаям ёмон бўларкан.

 

Жўжанинг ҳикояси

Мана, эсон-омон тухумдан чиқиб олдим. Ўзиям, тор жойда қисилиб, қоронғида ўлгудек зерикиб кетувдим.

Мендан кейин укаларим ҳам тухумларини бирин-кетин пачоқлашга тушдилар. Ёруғликка чиқишгач, анчагача кўзларини очолмай туришди. Шумшайиб ўтиришларини кўриб, кулгинг қистайди.

Ҳозирча олтитамиз. Мен-у, яна биттамиз ўғил, қолган тўрттаси қиз. Еттинчи тухум ҳалиям сингани йўқ. Аям бечора бундан хавотирда. Дам тухумни босиб ётади, дам унга аста қулоқ солиб кўради – жимжит. Қачонгача ётар экансан, деб қўяман ўзимча. Қаёққа борарди, барибир чиқади. Кейин, дадамдан бир калтак ейиши бор бу ялқовнинг.

Ҳа, айтгандай, жудаям зўр дадам бор-да. Бошида қип-қизил тож, битта-битта қадам ташлаб юришини кўрсанг, ҳавасинг келади. Кўп гапирмайди, фақат баъзан кўкрагини кериб туриб, маънодор қичқириб қўяди: «Чи-чи-чий  чий-й-й!»

Йўқ, ўхшатолмадим. Тилим келишмаяпти.

Аямнинг айтишига қараганда, шу яқин-атрофдаги хўрозлар дадамни кўрди дегунча, чумчуқлардек тирақайлаб кетишаркан. Лекин, очиғини тан олсам, Чумчуқ нималигини ўзим ҳам унчалик тушунолмай турибман. Уни қўйинг, буни қўйинг, пайти келиб, мен ҳам дадамдек полвон бўпкетсам-а!

Э, хайрият, ана, еттинчи тухум ҳам ёрилди. Ие-ие! Буниси ким бўлди энди? На менга ўхшайди, на укаларимга. Тумшуғи яп-япалоқ, оёғиям бошқача – панжаларининг орасида пардаси бор. Вой, тавбангда кетайин-ей!

– Бу ўрдак-ку! – дея бирдан шовқин солди аям. – Менга ўрдакнинг тухумини бостиришибди. Муттаҳамлар!

Дадам кенжатойга ҳафсаласиз кайфиятда қараб қўйди-ю, индамай юзини ўгирди. Кенжатой бўлса, е йўқ, бе йўқ, чопганича бориб, ўзини сув тўла жомчага отди. Бир-икки шўнғиб олгач, гердайганича сузишга киришди.

Охири айтганим келди – бетасир кичкинтой дадамнинг битта тарсакисини еди-ю, жомчадан четга учиб тушди.

Бошқалардан каттароқ бўлганим учун, уларни тергаб туришга ҳаққим бор. Шуни ҳисобга олиб, тарсакидан зада емай, яна жомчага тирмашаётган кенжатойга қараб ўшқирдим:

– Вей, ўрдак! Қоч жомчанинг олдидан!

Гўё гапимга тушунмаётгандек, безрайиб туришини қаранг. Япалоқ тумшуғингдан ўргилдим сени! Ўрдак бўлсанг, ўзингга!

... Ошна, уқтириброқ айт-чи, Ўрдак дегани нима ўзи?

Хўтикнинг ҳикояси

Кўп нарсага қизиқаман. Шу туфайли кечалари ухламасдан ўйланиб ётаман. Ҳозирча каллам балодек ишлаб турибди, фаросатим жойида. Мен билан у-бу нарсалар тўғрисида бир-икки оғиз гаплашсангиз, ишончим комилки, зеҳним ўткирлигини сезиб, ҳанг-ҳанг... йўқ, ҳанг-манг бўпқоласиз.

Сиз, масалан, нима учун чақмоқ чақиб, кейин момагулдирак бўлишини биласизми? Қўйинг, хижолат тортманг, буни ўзим тушунтириб қўя қолай.

Хуллас, булутлар сузиб бораверади, сузиб бораверади, сузиб бораверади, охири бирдамас-бирда тоғнинг чўққиси билан тўқнашади. Агар иккита чағир тошни бир-бирига уриб кўрган бўлсангиз биласиз, бундай пайтда «чарс-чурс» ўт чақнайди. Ана сизга чақмоқ! Булут чўққига урилганидан кейин, ўз-ўзидан маълумки, ҳаммаёқ ларзага келади. Қарабсизки, қанордек-қанордек тошлар гулдираганича пастга қараб юмалай бошлайди. Ана сизга момагулдирак!

Ҳа, бу анча чигал масала. Ҳамманинг ҳам тезда фаҳми етавермайди. Келинг, сизга бошқа осонроқ савол берайин. Қани, айтинг-чи, нима учун араванинг ғилдираги  юмалоғ-у, деразанинг кўзи тўртбурчак? Эҳа-а-а, шуниям билмайман денг? Майли, бунисиниям ўзимиз уқтириб қўяйлик бўлмаса.

Хў-ў-ш... Умрингизда бирор марта юмалоқ ойнакни кўрганмисиз? Биламан, кўрмагансиз...

Бунақасини ҳеч ким кўрмаган. Чунки, одатда, ойнаклар корхонадан тўртбурчак қилиб чиқарилади. Шундай бўлгандан кейин, деразанинг кўзини ҳам ўша ойнакка мослаштириб, тўртбурчак шаклда ясашга тўғри келади. Араванинг ғилдирагига эса ойнак солинмайди, шунинг учун у юмалоқ. Мана, гап қаерда!

... Ҳў, болакай, менга қараб нега хўшшайи-и-б қолдинг? Бирон-бир жумбоққа ақлинг етмай турибдими дейман-да. Саволинг бўлса, тортинмай сўрайвер, мен ҳамма нарсани биламан.

 

Қовоғарининг ҳикояси

Бир учишда буғдойзорнинг устидан тўхтамай ўтиб кетишни ният қилган эдим, бўлмади. Ярим йўлда моторим қизишни бошлади-ю, бирдан тезлигим камайиб, ноилож пастга шўнғидим. Дириллаганимча бориб урилганимда, буғдой пояси камалакдек эгилиб, мен тирмашиб турган бошоқ ерга тегди, сўнг, ҳайинчакда учгандек, яна баландга кўтарилдим. Қаранг-а, буёқда тап-тайёр ўйин бор экан-у, билмасдан юрганаканман. Энди бекорчиликда мана шунақа «ҳалов туя» ўйнаб турсам бўларкан.

Ҳозир вақтим зиқ. Ҳў пичанзорда Ниначи билан учрашишим керак. Унинг ота-онаси мени меҳмонга чақиришибди. Қани, бориб, ниначиларнинг овқатидан ҳам бир татиб кўрайлик-чи.

Ниначи билан жуда ғалати вазиятда танишиб қолдим. Илгари куни пичанзордаги курмаклардан бирига қўниб дам олиб турсам, сочига кўк латта боғлаган бир қизалоқ ёнимдан оёқ учида эҳтиёткорона одимлаб ўтиб қолди. Орқароқда келаётган болакай эса: «Вертолёт кичкина экан, авайлаб ушлагин», деб пичирлади унга.

Вертолёти нима экан, деб мундоқ қарасам, нарироқдаги қиёқнинг учида чиройли бир Ниначи қўниб турибди. Қизалоқ бармоқларини омбир қилволиб, унинг ортидан аста писиб боряпти. Мен қанотларимни зириллатганимча Ниначи тарафга отилдим-у, думига бир калла солиб ўтиб кетдим. Иккаламиз бирин-кетин ҳавога кўтарилдик.

– Намунча анқаясан, ошна? – Ниначига қичқирдим, учиб бораётиб. – Анави писмиқлар сени ушлагани пойлаб келишаётувди!

Шунда, бояги болакай пастдан туриб: «Ҳап сеними, бомбардимончи!» – дея менга мушт ўқталди. «Бомбардимончи» нималигини аниқ билмайман-у, тахминан айтганда, бу – чақимчиларга қўйилган янгича лақаб бўлса керак. Топдимми?

Гапнинг қисқаси, ўшандан бери Ниначи билан иноқлашиб кетдик. Мана, бугун – меҳмондорчилик.

...Хоҳласанг, сениям бирга олиб боришим мумкин, оғайни чалиш. Лекин, борадиган бўлсанг, аввал моторингни яхшилаб совутиб ол.

 

Суваракнинг ҳикояси

 

Миш-мишларга қараганда, бир замонлар бу ерда жанговар қўрғон бўлган экан. Урушларда бузилиб-бузилиб, қор-ёмғирларда нураб-нураб, ундан мана шу бир парчагина девор қолибди холос. Бу девор шунақаям серкавакки, пастдан туриб боқсанг, шаҳарлардаги кўпқаватли бинога ўхшаб кўринади. Ана шу бинодаги хоналардан биттасида мен яшайман.

Тўғрисини айтсам, қўшниларим ичида истараси иссиқроғи ўзимман. Масалан, ўнг тарафимдаги хонада Бузоқбоши, чап томонимда Калтакесак туради. Иккови ҳам бир-биридан бадбашара. Тагимдаги хонада истиқомат қилувчи Қирқоёққа келсак, янаям тасқарароқ. Баъзан, қадам олишига разм солиб, оёғинг саксонта бўлгандаям, барибир менчалик пойга чополмайсан, деб ўйлаб қўяман.

Қўшниларим орасида энг турқи совуғи, бу – Чаён. Сиз фақат унинг афтини кўргансиз, аммо ҳали гаплашмаган бўлсангиз керак. Гаплари сумбатидан ҳам совуқ!

Бундан уч-тўрт кун олдин бу аблаҳ таъбимни шу­нақаям тирриқ қилдики...

Ўша куни, одатдагидек, новвойхонага бориб, «ҳаёв-ҳаёв»лаб увоқ едим. Кўзим тўйиб, нафсим қониб, қоринни чирманда қилганимча уйга қайтиб келаётсам, йўлда тўсатдан ёмғир шивалаб қолди. Югуриб бориб, ариқча ёқасидаги заҳар замбуруғнинг тагига кириб олдим. Бир маҳал қаёқданам Чаён пайдо бўлди-ю, ҳаллослаб келиб, уям замбуруғнинг остига суқулди. Орқа оёғимни босганича, таққа тўхтади. Болдирларим қирсиллаб кетган бўлишига қарамай, тишни тишга босиб, секингина минғирладим:

 – Ҳў, ака, оёғингизнинг тагидан чиқиб кетсам, майлими? – дедим.

Шунда, Чаён чўчиб ёнга ўгрилди-да, мени кўриб, бирдан думини гажак қилди.

 – Моғор кийимда нега менга суйкаласан, вей? – деб ўшқирди у. – Йўқол кўзимдан!

Кейин, ўхшатиб туриб, кетимга битта тепса бўладими! Қуймичимдан ўт чиқиб кетди.

У калтафаҳм билан ади-бади айтишиб ўтирмадим. Ўзимни зўрға босиб, секин йўлга тушдим. Уйга етиб келгунимча шалаббо бўлиб кетган эканман, туни билан иситмалаб чиқибман денг.

Ҳа, бу Чаён дегани шунақа мараз махлуқ. У билан қўшничиликни аллақачон йиғиштириб қўйганман.

...Мана, танишиб ҳам олдик. Яна биз томонларга келиб қолсанг, тортинмасдан тўғри уйимга кириб боравер, болакай. Манзилимни ёзвол: бузуқ қўрғон, эски девор, чапдан ўн иккинчи кавак. Ёзиб бўлдингми? Қани, бир кўрай-чи... Мана шунақа-да, мен ўн иккинчи кавак десам, сен ўн еттинчини ёзибсан. Ўчир! Ўчир дарров! Биласанми, ўн еттинчи хонада ким туради? У ерда ўша лаънати Чаён яшайди-я!

 

Тошбақанинг ҳикояси

Душанба оғир кун деганлари тўғри экан. Бугун ҳаво шунақаям исиб бердики, нафас олсанг, худди чўғ ютаётгандек бўласан. Ҳали ҳеч қанча йўл юрганим йўғ-у, силлам қуриб, томоғим қақраб кетди.

Одамларнинг болаларига маза-да. Улар бунақа пайтда салқин жойни топволишиб, муздек шарбат ичиб ўтиришади, ё бўлмаса, бурунларини тортиб-тортиб, музқаймоқ ялашади. Умуман, тошбақа бўлиб минг йил судралгандан кўра, одам бўлиб юз йилгина яшаган маъқул экан.

Сезиб турибман, шунчалик ҳолинг бор экан, сафарга чиқишни сенга ким қўйибди, деб ўйлаяпсиз.

Ҳў бўйтеракни кўряпсизми? Ўша томонда битта холам бор. Холамнинг кенжа чевараси қадрдон ошнам. Келаси душанбада ўша кичкинтой ўртоғим бир юз ўн ёшга тўлади. Уни табриклагани кетяпман.

Нега менга бунақа қарайсиз? Бир ҳафта олдин йўлга чиққанимдан ҳайрон бўляпсиз шекилли? Нима, мен айғирмидимки, оёғимга тақа қоқволиб, тош йўлдан шақира-шуқур чопиб кетсам? Орқамдан ит қувласаям, бўлган-битганим шу.

Ана холос, гап билан бўлиб, қумлоққа чиқиб қолибман-ку. Ҳаммадан ҳам анави дўнгликка тўғри келиб қолганимни кўрмайсизми. Ишлар чатоқ энди. Бунақа дўнглардан кў-ў-п панд еганман. Ўлиб-тирилиб тепага чиқдим деганингда, бир сирғанасан-у, ўзингни яна пастда кўрасан.

...Умрингда бировга яхшилик қилганмисан, дўстим? Малол келмаса, мени дўппингга солиб, ана шу дўнгданўтказиб қўйгин. Нима бўлгандаям, яхши ният билан йўлга чиққанман, зиёфатдан қуруқ қолмайин тағин.

 

Улоқчанинг ҳикояси

Ота-онамдаям, ўзимдаям соқол бор. Бир қарашда, учаламиз бир хилга ўхшаймиз. Лекин, жудаям унақа эмас. Масалан, дадамнинг бўйнига қўнғироқ осиб қўйилган, аямнинг буғуларникидан ҳам чиройлироқ бурама шохи бор, менинг эса чап кўзим шилпиқ. Қандай касалим бор деманг, «Карамга кунжара қўшиб есанг, дориси – шу», дея ҳаммага бир хил жавоб қилувчи кекса Така-табибнинг тахмини тўғри чиқса, кўзим кузга яқин тузалиб кетиши керак.

Яйловимизда Маймун деган бетасир махлуқ пайдо бўлмасидан илгари иккала кўзим ҳам соппа-соғ эди. Озгина эҳтиётсизлик қилиб, бошимга шу кўргиликни орттириб олдим.

Ўшанда ерта баҳор эди. Ҳар галгидек, бизни саҳарлаб ўтлоққа ҳайдашди. Серкавой деган номи билан фахрлангандан-фахрланувчи дадамнинг ортидан саф тортиб, қўнғироқ товушига қулоқ солганимизча йўлга тушдик. Булоқ бўйидаги тоғолчанинг остидан ўтиб бораётган вақтимизда «зув-в» этган овоз эшитилиб қолди. Каттакон арча бужури тошдек учиб келиб, дадамнинг қоқ калласига тарсиллаб тегса бўладими!

Дадам шўрлик бир шаталоқ отди-ю, томоғи йиртилгудек бўлиб маъраб юборди. Амалдорнинг бунақа аҳволи четдан жуда кулгили туюлар экан.

Мундоқ қарасам, нарироқдаги арчанинг баланд шохида бир тасқара ҳайвон тиржайиб ўтирибди. Кўзлари бежо. Мен: «Анави шайтонни қаранглар!» – деб қичқирган эдим, Така-табиб: «Бе-е-е, бу Маймун-ку», дея бурнини жийирди.

Дадамнинг аламини олиш учун қўй-қўзиларни икки томонга суриб, пича орқага тисарилдим-да, тапира-тупур қилганимча бориб, жон-жаҳдим билан арчага калла солдим. Маймун шохдан узилган олмадек тап этиб олдимга тушса керак, деб ўйловдим. Йиқилмади баттол. Таажжубланиб тепага қараганимни биламан, у афтинг қурғур шуни пойлаб турган эканми, қўлидаги арчабужур билан ўхшатиб сопқолди-ку. Чап кўзимдан ўт чақнади. Беҳуш йиқилиб қолибман денг.

Кейин суриштирсак, ўша Маймун ҳайвонот боғиданқочиб келган экан. Одамлар уни эртасигаёқ ушлаб кетишибди.

Чакки бўлибди-да. Шу ерда юрганда, у ажинабашара билан яккама-якка солишиб кўрардим. Ўзиниям бундан кейин қўлига арчабужур ушламайдиган қилворардим-да.

...Сочингни тараб-тараб туришингга қараганда, сен анча маданиятли болага ўхшайсан. Ҳайвонот боғигаям бориб турсанг керак, а? Яна бориб қолсанг, ўша Маймунга айтиб қўй, агар қўлимга тушса, нақ жиғини эзиб ташлайман. Кейин, ўзинг ҳам чап кўзингга эҳтиёт бўлгин, хўпми?

Сувкаламушнинг ҳикояси

Чўртанбалиқларни яхши биламан, бировни назар-писанд қилишмайди. Тарвақайлаган мўйловларидан қувонишади шекилли. Уларда бор мўйлов биздаям бор, лекин шу пайтгача бегоналарга ортиқча гердаймаганмиз.

Мен, ҳатто, ўзимдан кичик Тангабалиқларниям ҳурмат қиламан. Мабодо, қорним очиб қолса, улардан бирортасини яхшиликча тутиб оламан-да, ҳеч бир қўполлик ишлатмай, силаб-сийпаб туриб, пок-покиза еб қўяман. Манави бошқа гап. Ўзгаларга ноҳақ озор беришнинг нима кераги бор? Зўравонлик қилиб ҳали ҳеч ким барака топмаган. Жумладан, Чўртан ҳам барака топмади.

Учига чиққан зўравон эди Чўртан. Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ деганларидек, менинг асабимга тегмасдан туролмасди. Ташқарида учрашиб қолсак, кўрмаганга олиб, думида биқинимга бир туртиб ўтарди. Ичкарида ётсам, инимнинг оғзига келиб, сувни атайлаб лойқалата бошларди. Бир нарса деяй десам, гавдаси менга иккита келади.

Охири жонимдан ўтиб кетди. Кеча: «Ке, нима бўлса бўлар!» – дедим-у, бақатўннинг тагига кириб олиб, унинг йўлини пойлашга тушдим. Бир маҳал сўлжайганича сузиб кепқолди. Тепамдан ўтаётган чоғи, бир сапчиб, бўғзидан кирт тишлаб олдим. Жон ширин-да, бир зум типирчилаб турди, кейин сулайди-қолди. Теварагимга олазарак қараб қўйиб, уни секингина инимга судраб кирдим. Ўзиям тоза етилган экан, кечадан бери еб тугатолмайман.

Эрталаб, қуюқ нонуштадан кейин ташқарида керишиб турсам, ёнимдан ялпайганича Зоғорабалиқ ўтиб қолди. У олдимда тўхталиб: «Қўшнинг Чўртанбек кўринмайдими?» – дея шамадор савол берди. Мен чайналиб ўтирмай «сайр-у саёҳатда юргандир-да», деб, тиш кавлашни бемалол давом эттирдим.

Шунақа эзмаларни жиним суймайди. Ўзинг соғ-омон қилтинглаб юрганингга шукур қилсанг-чи, лодон. Бошқалар билан ишинг нима?

Ҳарқалай, Зоғорабалиққа қисқа жавоб қилганим яхши бўлди. Дадам раҳматли «кўп егин-у, камроқ гапиргин», дердилар. Ҳақиқатан ҳам, юзта гап гапиргандан кўра, битта бақа тутиб еган маъқул. Гап билан қорин тўярмиди?

...Мана, ҳаммасини ўз қулоғинг билан эшитдинг. Хўш, ошнагинам, менинг хулқ-атворим ҳақида нималар дея оласан?

 

 

Эчкиэмарнинг ҳикояси

Тимсоҳнинг жияниман. Бир даврлар дарёда тоғам билан бирга яшардик. Қурғоқчилик йиллари сув туйқусдан камайиб кетди-ю, иккаламиз тор жойда жуда қисилиб қолдик. Бунинг устига, тоғам ориятимга тегадиган бир-иккита гап айтиб, ғашимни келтириб қўйди. Шундан кейин, «ҳайё-ҳуйт» деб, чўл-биёбонга бош олиб кетвордим.

Дастлабки ойларда жазирамага чидаёлмай, томоғим қақраб юрди, сўнг бора-бора кўникиб қолдим. Саҳро дарё эмас, бу ерда яшайдиган жонзотлар саноқли. Агар эпчилроқ бўлмасанг, очингдан харом ўласан. Шу боис, каламушдан тортиб қўнғизгача бирвошдан тутиб еявердим. Гап ўртамизда қолсин-у, бир куни, пайт пойлаб туриб, касалланиб ётган Чиябўриниям шиппа гумдон қилдим. Хайриятки, унинг безори ошналари буни пайқамай қолишди.

Қишлоқ тарафга боришни ўрганиб олганимдан кейин, янги бир ҳунар орттирдим. Эчки деган юввошгина жонивор бўларкан, эмсанг индамай тураверади-да. Ё қўрққанидан тахта бўп қоладими, билмадим. Лекин, соқолчангдан аканг айлангурнинг сути шунақаям ширин, шунақаям тўйимлики, яхшилаб эмиб олсанг, икки кун овқатланмай юраверасан.

Афсуски, бу хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Одамлар эчкини эмиб турганимни кўриб қолишиб, мени бирам ачитиб сўкишди, бирам тирақайлатиб қувишдики, эсон-омон қутулиб кетганимга ҳануз шукур қиламан.

Тимсоҳ деган дабдабали номим ана ўшандан сўнграсво бўлди. Одамлар менга «Эчкиэмар» деган лақаб тиркашди. Нафси бузуқликнинг оқибати ёмон бўларкан, мана, охири шармандали лақаб орттириб олдим.

...Жон, ўртоқжон, шу одамлар билан бир гаплашиб кўрмайсанми? Агар, улар мени қайтадан Тимсоҳ деб аташга рози бўлишса, мен ҳам бугундан бошлаб ўшаларнинг эчкисини эммаганим бўлсин. Бунга кўнишмаса, ўзларидан кўришсин!

 

1978-1983-йиллар


[1] Четан – хивичдан тўқилган кажава, арава четига доира шаклида тиклаб қўйиладиган мослама.

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz