|
ОДАМ БЎЛАМАН
– Кезаман кўп жойларни Мой томчиган кийимда. Баъзан китоб титкилаб, Дам оламан уйимда,
Мен шофёр бўламан, дада.
– Майли…
– Ҳайинчакда акамдан Анча баланд учаман. Катта бўлсам, яхшиси – Бориб ойни қучаман,
Мен фазогир бўламан, дада.
– Ихтиёринг...
– Чалғитаман майдонда Болаларнинг кўпини. Кеча битта тепишда Тешдим Норнинг тўпини,
Мен футболчи бўламан, дада.
- Ўҳ-ҳў, ўҳў-ўҳўв...
- Кесволибди бармоғин Ўтган куни Мираъзам. Қотиб қолди яраси Жиндеккина туз сепсам, Мен дўхтир бўламан, дада.
- Ёмонмас...
- Тағин ўйлаб кўраман, Ҳаммаси ҳам яхши иш. Фақат ялқов бўлмайман, Ҳечам тортманг Сиз ташвиш, Мен... одам бўламан, дада.
- Балли, азамат!
ҚИШЛОҚ ВА БОЛАЛАР
(Норполвоннинг деганлари)
Болаларсиз қолса қишлоқ,
Бўлар экан жуда чатоқ,
Хом ейилмай, пишаркан нок.
Хувиллаб энг гавжум уйлар,
Боғча, мактаб, кўча-куйлар,
Ишсиз ётар экан копток.
Қаранг, қўрқоқ иркит кучук,
Сут ўғриси – чўлоқ мушук
Кўча кезар энди мағрур.
Жонга тегиб қуруқ хашак,
Мактабдаги боғда эшак
Райҳон чайнаб, қилар ҳузур.
Бўш синфда ўйланиб жим,
Ўтирибди ёш муаллим,
Қани бирон бола топса.
Билмаса ҳам ўтган дарсни,
Чизиб берса таёқ расмин,
«Беш» қўярди мақтаб роса.
Директорда бошқа ташвиш,
Қоғоз тўплаш – энг муҳим иш,
Ким ҳам йиғар металлолом?
Шу пайт терлаб бир қария,
Кичкинамга ёзгин, дея,
Судраб келди тешилган жом.
Ишлар чатоқ боғчада ҳам,
Мудиранинг кўзлари нам,
Бошлиқларга мактуб ёзди:
«Болаларсиз қолдик бугун...»
Сўнг ўзини овутмоқ-чун
Судрай кетди «паравоз»ни.
Сотувчидан эшитинг гап,
Уқтирар у имлаб-жавраб,
Магазинга кирган карга:
«Ҳар куни бир уюм дафтар,
Талайгина вафли ва шар
Сотар эдим хумпарларга».
Нафақачи ёлғиз кампир
Сув олди-ю ярим пақир,
Букчайганча боқди ҳар ён.
Биз дарсдан сўнг ҳар кун бориб,
Сув келтириб, ўтин ёриб,
Бўлардик-да унга дармон.
Болаларсиз қизирми тўй?
Дошқозонда пишса ҳам қўй,
Юрар ҳамма солиб қовоқ.
Куёв-келин сақлар сукут,
Бу қандай тўй – ўтса жим-жит,
Синмай ҳатто битта товоқ?
Чаноқлардан тошар пахта,
Ҳашар бошлар эл қишлоқда,
Бизнинг эса ўрнимиз бўш.
Юзлаб «Пионерлар пости»
Пахтакорнинг эди дўсти,
Бу ишни ким уддалар, хўш?
Фермада ҳам ишлар ёмон,
Қўзичоқлар емай сомон,
Ётишибди аразлашиб.
Болакайлар келиб бир тўп,
Эркаларди уларни хўб,
Чўпонларга ёрдамлашиб.
Колхознинг сал аҳволи танг,
Раис тоға қилар аттанг,
Ўқувчилар дастёр эди.
У ўзига бериб ваъда:
«Болачоқлар қайтса, ҳа-да,
Сўяй бир жуфт ҳўкиз» дерди.
Киночининг йўлда кўзи,
Қуймоқчийди у кундузи
«Хап, сеними, шошмай тур» дан.
Сурнайфуруш дингқулоқ чол
Тўхтаб қолди гузарда лол,
Хабар топиб янги сирдан.
Рузвон мома куюкиб дер:
«Набирамни тез топиб бер!» –
Қистар Нажим амакини.
Оналарнинг кўзида ёш,
Оталарда тугаб бардош,
Тутатишар тамакини...
Деразамни кимдир қоқди,
Кўз очсам, Тош кулиб боқди,
Уйқудан сал кеч турибман.
Болаларсиз қолса қишлоқ,
Бўлар экан жуда чатоқ...
Бу кеч ёмон туш кўрибман.
ОҚШОМ
Бир пиёла чой каби
Булут ойни ҳўплади.
Товуқ бека катакка
Жўжаларин тўплади.
Эчки-улоқ туш кўриб,
Похол узра ётишар.
Мушукчалар сут сўраб,
Онасига ёпишар.
Сигир эрка бузоқни
Қашиб қўяр каллалаб.
Қўй ухлатар боласин
Аста маъраб – аллалаб.
Фақат жажжи кучуклар
Ҳуриб кўйишар «вак-вак».
Онасига ўхшашиб
Тунда ҳам улар сергак...
МАҲАЛЛАМИЗНИНГ ЖАРЧИСИ
Шохда шақиллар Ҳакка:
–Меҳмон келяпти, ака.
Тез пиширинг паловни,
Бураб туриб мўйловни.
Енг шимаринг, кеннойи,
Дамлаб қўйинг кўк чойни.
Ёйинг шойи дастурхон,
Ёпинг иссиқ патирнон.
Бўшашма, ҳў, болакай,
Хизматга сен тургин шай.
Узгин беҳи, нок, анор,
Боғда яна нима бор?
Қараб кўр-чи, қизалоқ,
Тозами идиш-товоқ?
Сўнгра елиб-югуриб,
Уй-ҳовлини супуриб,
Йўлакка сув сепиб қўй,
Меҳмон келган уйда – тўй…
Энди мени кузатинг,
Суюнчини узатинг.
БАҲРОМНИНГ ҲИКОЯСИ
Зўр товуғим бор эди
Семиз ва сергап.
“Япалоқ” деб мен унга
Қўйгандим лақаб.
Тухум туғиб берарди
Ҳар куни оппоқ.
Шу туфайли у билан
Яшардик иноқ.
Аммо, сўнгги пайтда у
Бўпқолди айёр.
Тухум десанг, юз бурар,
Дон сочсанг – тайёр.
«Дангаса!» деб кеча сал
Қилган эдим дўқ.
Бугун кўрсам, катакда –
Товуққинам йўқ.
«Япалоқ»ни қидирдим,
Чақирдим роса.
Наҳотки, у аразлаб
Кетворган бўлса?
Катагида қолибди
Фақат битта пат
Ва ойдинда ёзилган
Ажи-бужи хат:
«Менга жуда меҳрибон,
Ширинсўз эдинг.
Доим суйиб, эркалаб
Тухумим ердинг.
Сени дўст деб юрардим,
Тушундим бугун, –
Фақат ошна экансан
Қуймоқлар учун.
Тухумни ҳам берардим,
Кутмадинг пича.
Қўпол сўйлаб, айниқса,
Ранжитдинг кеча.
Гарчи сендан айрилмоқ,
Бўлса ҳам оғир,
Қарор қилдим бош олиб
Кетмоққа охир.
Чунки дўст деб юргани
Тамагир чиқса,
Ҳатто, оддий товуқ ҳам
Ўксинаркан жа...
Энди бошқа жойларда
Соламан довруғ.
Сени эслаб юргучи:
«Япалоқ-товуқ».
...Мендан битта илтимос,
Болалар, сизга,
«Япалоқ»ни кўрсангиз,
Қайтаринг тезда.
Қайтса, чин дўст бўлардим,
Сўзлардим сизлаб.
Кечирим ҳам сўрардим
Патларин силаб.
АКА-УКАЛАР
Туғилганмиз чодирда,
Чўпон бизнинг отамиз.
Укам Машраб иккимиз
Доим бирга ётамиз.
Қўйларимиз беҳисоб,
Шум эчкимиз бор якка.
У кўпинча биз учун
Бардош берар калтакка.
Чунки, баъзан аямиз
Чиқармаса ҳеч ёққа,
Бўшатвориб эчкини,
Қувалаймиз ўтлоққа.
Адирларда, жарларда
Ўйнаб-ўйнаб қайтамиз.
Сўнгра «Қочқоқ эчкини–
Тутволдик», деб айтамиз.
Шунда жаҳли тез аям
Индамайди ҳеч кимга.
Фақат, пича гап тегар
Гуноҳи йўқ эчкимга.
ВЕЛОСИПЕД БУЗИЛГАНДА
Юз-қўлини
Қилиб мой,
Гайка бурар
Сотимбой.
Кулиб боқар
Сотимга,
Таги кўчган
Ботинка.
ЛАГЕРДА
Шукур–
Водий томондан.
Жўра –
Оҳангарондан.
Акрам эса –
Қаршидан.
Мен –
Қарама-қаршидан.
ҲА, ҚЎРҚМАЙСАН-А
– Нега юлдинг
Бетимни?
Чақирайми
Итимни!
– Хафа бўлма,
Сулаймон,
Ҳозир сени
Силайман.
КУМУШ КОВУШЧА
Қиз самога учарди
Бўлиб қолса шўх қушча.
Ой қизчага кўринар
Бўлиб кумуш ковушча.
Олса, қайдан топар сўнг
Ковушнинг жуфт пойини?
...Асли, олиш яхшимас
Кўпчиликнинг Ойини.
ҒАМХЎРЛИК
Кириб келиб кўчадан,
Норга деди ёш Рустам:
– Хўтикчангни минайлик,
Тиниб қолди ёмғир ҳам.
Нор дер:
– Аввал топиб кел
Тўрт пой эски этикни.
Лойда миниш яхшимас
Ялангоёқ ҳўтикни.
ОЙМОМАНИ ЎҒИРЛАШ
Пахмоқ қора булутча –
Қароқчилар кемаси.
Оймомани ўғирлаб
Қочмоқчи у,
Чамаси.
Сузиб борар кемача,
Елканлари ҳилпираб.
Хайриятки,
Ой ундан
Тушиб қолди ғилдираб.
ПУФАКФУРУШ
– Салом, Бақа!
– Салом, вақ!
- Пуфак борми?
– Тамом, вақ!
– Ке, берақол,
Мана, ҳақ.
– Керак эмас
Чақа, вақ.
– Ол, Бақажон,
Ёнғоқ чақ.
– Ма, қақажон,
Пуфак, вақ…
ФАТХИЛЛАНИНГ КУРКАСИ
Келиб Норга арз қилди
Тўрт яшарли укаси:
– Мени қувди, Атажон,
Патпилланинг кулкаси.
Ғижиниб мушт тугди Нор:
– Боплаб қасос оламиз. Куркани...
Йўқ, яхшиси,
Фатхиллани соламиз.
АЪЛОЧИ ХЎРОЗЧА
Танишинг мен биринчи –
«Б» синфда ўқийман.
Ўттиз бешта ҳарфнинг
Барин яхши «чўқийман».
Айниқса-чи, гўзал «Т»
Кўзга дарров ташланар.
Чунки, ойим номлари
Шу ҳарфдан бошланар.
Фарқин унча билмасдим
Аввал ҳар хил дон-дун еб.
Энди ёза олгайман
«Макка» ёки «арпа» деб.
Аълочиман синфда,
Тартибни ҳам ўргандим.
...Фақат, бир кун домлага
Чакки савол бергандим:
«Нега бизлар думсиз «Х» –
Ёздик «Хўроз» деганда?
Вой, домлажон, сизнингча
Хўроз думсиз экан-да?!»
Той, Бўталоқ, Бузоқлар
Ўшанда хўб кулишди.
Тўполончи Кучуклар
Масхаралаб улишди.
Одат қилдим шундан сўнг,
Ўйлаб, кейин сўйлашни.
Ҳам ўргандим, қичқирмай,
Босиқ, майин куйлашни.
Аввал нодон, шўх эдим,
Энди шеър ҳам тўқийман.
Танишинг, мен биринчи –
«Б» синфда ўқийман!
АВТОҚИШЛОҚ
{Фантастик шеър)
Автоқишлоқ қурибди
Оғайнимиз Темиржон.
Мўъжизаки,
Бундайни –
Кўрмагандим ҳеч қачон.
Қишлоқчага кирибоқ
Бўлиб қолдим жуда лол.
Қайсар автоболани
Койир эди авточол:
– Шошмай тургин,
Ҳаммасин –
Айтай автодадангга.
Қачон ақл киради
Қавоқ автокаллангга?
Суриштирсам сабабин,
Бола экан жа бевош.
Чолнинг автотовуғин
Чўлоқ қипти, отиб тош.
Сал нарида учратдим
Қўрқоқ автомушукни.
Хушомад-ла мойлар у
Эски автокучукни.
Автомолдан сут соғар
Автокампир челаклаб.
Автоовчи дашт кезар
Автоитни етаклаб.
Устахона очибди
Гузарда бир автоот,
Автоқўй дер:
– Менга ҳам
Дум ясаб бер шу заҳот.
Автохачир – навбатда,
Бўятармиш у ёлин.
Автоэчки, чамаси,
Алмаштирар соқолин.
Автосичқон чийиллар,
Тиши утмай туршакка.
Автоҳўкиз сўз қотар
Қари автоэшакка:
– Кўриндими яйловда
Менинг автобузоғим?
– Қаттиқ гапир, акаси,
Занглаб қопти кулоғим.
Автоари чақди, деб,
Автоқизча йиғлар ҳўнг,
Автокўзин ўйнатиб,
Автоқарға титар гўнг...
Болакайлар кечиринг,
Айтолмадим уёғин.
Чунки,
Авторучкамиинг
Тугаб қолди сиёҳи.
РОСТГЎЙЛИК
Сарғиш Мушук беканинг
Бордир икки фарзанди.
Бири – жуда эрка қиз,
Бири – ўғилдир танти.
Исмлари жа ўхшаш:
Миёвхон ва Миёвжон.
Миёвхони – сал нозик,
Миёвжони – паҳлавон.
Мушукчалар бир куни
Уйда ёлғиз қолишди.
Жавончани очишиб,
Аста назар солишди.
Кавшай кетди Миёвхон
Топиб олиб қуймоқни,
Чақиб кўрди Миёвжон
Бир-иккита ёнғоқни.
Бир пайт келиб ойиси
Қараса-ки – иш чатоқ:
Қуймоқ сира қолмабди,
Камайибди сал ёнғоқ.
Миёвхонга боқди у:
«Жавоб бер,
Бу қандай гап?»
«Нега мендан кўрасиз?» –
Дея қизи бурди лаб.
Ойиси дер ўғлига:
«Тўймас экан ҳеч кўзинг!
Ҳам ёнғоқ, ҳам қуймоқни –
Еб қўйдингми бир ўзинг?»
Ерга эгиб бошини,
Деди ростгўй Миёвжон:
«Шу айтган гапингизнинг –
Ярми – рост,
Ярми – ёлғон!»
ЭСКИ ТЎППОНЧА
Ўйнаб юриб ўрмонда
Шўх ва қувноқ Қуёнча,
Топиб олди сўқмоқдан
Битта эски тўппонча.
У бориб, ёш Айиқнинг
Қаршисида тўхталди.
«Кўтар, Маймоқ, қўллингни!» –
Деб, қуролин ўқталди.
Ағнаб тушди Айиқча
Тўсганича юзини.
Тўппончага боқди сўнг
Бақрайтириб кўзини.
Дингқулоқнинг қуроли –
Оддий ёғоч, кўрсаки.
...Шундай қилиб, Қуёнча –
Еб олди бир тарсаки.
БЕЗОРИ
Қарға кирди
Кинога,
Ўхшаб
Буратинога.
Ҳамма жойлар
Эди банд,
Бориб деди
Нописанд:
– Менга қара,
Вей, Лайлак,
Еганмисан
Ҳеч калтак?
Қани,
Тур-чи ўрнингдан.
Ҳе, ўргилдим
Бурнингдан!
|