|
ХАБАР СОТУВЧИ
Янги гаплар сотаман,
Эски гаплар ҳам.
Болажонлар, кепқолинг,
Қолди жуда кам.
Суриштирманг нархини,
Шардан ҳам арзон.
Хўрозқандга – рост хабар,
Пишлоққа – ёлғон.
Алмашаман янгисин
Кепаксиз унга.
Эски гапни – пуч ёнғоқ
Ёки совунга…
Буни тонгда эшитдим,
Энг янги хабар:
Еб қўйганмиш тушида
Бургутни Каптар.
Қуён йўлбарс терисин
Ёпиниб юриб,
Ҳушдан кетди, кўзгуда–
Ўз аксин кўриб.
Ўтган куни Тулкивой
Опкелиб Хўроз,
Ҳиринглади Бўрига
Талтайиб бир оз.
Бўри эса ҳуш кўрмас
Ҳазил, кулкини.
Аввал еди Хўрозни,
Сўнгра Тулкини.
«Саводсиз» деб Айиқни
Қилганмиш эрмак,
Уч йил битта синфда
Ўқиган эшак.
Кеча доктор Арслонга
Арз қилди Туя,
Қимматбаҳо теримга
Тушди, деб куя.
Доктор унинг арзига
Солдию қулоқ,
Шилиб олиб терини,
Текширди узоқ.
Бугун тонгда учратдим
Очкўз Тўнғизни;
Ямлаганмиш у бирдан
Беш минг Қўнғизни.
Кирпи бориб бозорга,
Олганмиш игна…
Қизиқсангиз, янги гап–
Топилар яна.
Болажонлар, кепқолинг,
Хилма-хил хабар!
Уни сотиб олганлар
Кўрмайди зарар.
БУҒДОЙ
Олтин тожли
Султонман.
Сомса, патир,
Ширмонман.
Азиздирман
Одамга.
Арзандаман
Оламга.
Ел куйласа,
Ўйнайман.
Хирмон сари
Бўйлайман.
Ой чиққанда
Қўноққа,
Ўхшар
Кумуш ўроққа.
ПАХТА
Оппоққина
Ошнанг – мен.
Тўлпоққина
Ошнанг – мен.
Эгнингдаги
Шу нимчанг,
Оқ кўйлагинг,
Кўк шимчанг,
Киссангдаги
Дастрўмол –
Бари менман,
Билиб ол.
Пайпоқларинг ҳам
Ўзим…
Айтсам,
Тугамас сўзим.
САБЗИ
Юпқагина
Пўстим бор,
Далада
Кўп дўстим бор.
Мақолда ҳам
Ёзиқман,
Ўша
«Олтин қозиқ»ман.
Ётсам
Ерга қапишиб,
Думгинамдан
Тортишиб,
Ташладилар
Ўрага…
Салом
Палов тўрага!
ТАРВУЗ
Ўғитларга
Тўйдим мен.
Роса қорин
Қўйдим мен.
Энди
Сувдан беришсин,
Томирларим
Керишсин.
Бир четдан
Боқмай ола,
Берироқ кел,
Ҳой, бола.
Бир мақтаб қўй
Мени еб.
Тепмасанг бас
Копток деб.
УЗУМ
Доналарим
Маржонча.
Бир бошим –
Нақ бир жомча.
Қуритсангиз,
Майизман.
Дастурхонга
Файзман.
Кузда
Еб-еб тўйишар.
Қишга
Осиб қўйишар.
Боқар шод
Ёш-қарилар.
Мақтар ҳатто
Арилар.
ШОЛҒОМ
Попук баргли
Бошим бор.
Вазмингина
Тошим бор.
Думи узун
Редиска –
Менга
Кенжатой ука.
Ёш-да,
Пича шошар у –
Баҳордаёқ
Пишар у.
Мен шошмайман,
Беғамман.
Шунинг учун
Шолғомман.
АНЖИР
Кеча-кундуз
Ухлайман,
Мева тугдим
Гулламай.
Мевам ўзи
Гулчадир.
Тилло рангли
Кулчадир.
Ғўдаймайман,
Сипоман.
Кўп дардларга
Шифоман.
Мени еса
Муталлиб,
Юрмас эди
Йўталиб.
САРИМСОҚ ПИЁЗ
Исмим –
Жаноб Саримсоқ…
Гапиргим йўқ
Кўп узоқ.
Айтмоқчиман
Мен фақат,
Тайёрлаган пайт
Овқат,
Бўлма анқов
Ва содда,
Чиқариб қўйма
Ёддан –
Мендек
Ҳиди ширинни…
Ҳой,
Жийирма бурунни!
ПИСТА
Қувноқ-шодон
Пистаман.
Аскияга
Устаман.
Жилмайганим
Жилмайган,
Кимга ёқар
Тумтайган?
Нега мени
Эркалаб,
Чақмаяпсиз
Битталаб?
Йўқми сира
Ҳушингиз?
Демак,
Чатоқ тишингиз.
ҲАНДАЛАК
Ҳандалакман
Полизда,
Лекин қандман
Оғизда.
Яйраб ўсдим
Далада.
Офтоб чиқса,
Ялла-да.
Сув келмаса
Томирга,
Ялинаман
Ёмғирга.
Менинг фахрим
Ширамдир.
Қовун
Катта энамдир.
ҚАЛАМПИР
Лақабим –
Гўшт қалампир.
Эккан мени
Бир кампир.
Бордир
Эски касалим –
Пачавароқ
Асабим.
Чиқса бирдан
Аччиғим,
Тутиб
Юрак санчиғим,
Япроқларим
Гезарар,
Бурним дарров
Қизарар.
ЎРИК
Танишайлик,
Ўрикман.
Ғайнолига
Шерикман.
Егинг келса
Кўк ғўра,
Баҳор чоғида
Сўра.
Ёзда эса
Пишаман.
Қоқма,
Ўзим тушаман.
Хоҳласанг,
Е мағизни.
Қани,
Оч-чи оғизни.
БОДРИНГ
Ичинг тўла
Сув, дема.
Хоҳламасанг,
Бор, ема!
Қондошман-а
Бананга,
Ошқовоқ эса
Янгам.
Пайти келса,
Тортар жон –
Менга ҳатто
Бақлажон.
Хуллас,
Кўпдир уруғим.
Шу боис
Зўр довруғим.
ПОМИДОР
Тўс-тўполон
Бозорда,
Ёки бирон
Гузарда –
Учраб қолган
Онимда,
Ўтиб кетма
Ёнимдан.
Кўрганмисан
Кинони –
Машҳур
«Чиполлино»ни?
Ўша ерда
Мен ҳам бор.
Номим
«Синьор Помидор».
БЕҲИ
Икки юзим
Буришқоқ.
Дема мени
Уришқоқ.
Ишга солиб
Ақлимни,
Сездирмайман
Жаҳлимни.
Агар,
Ширин бўлмасам,
Хушомадни
Билмасам,
Мени дарров
Кесишар,
Ўрнимга
Нок экишар.
ОШҚОВОҚ
Исмим –
Кади-ошқовоқ.
Осилтириб
Қош-қовоқ,
Барг остида
Ётаман,
Томга
Палак отаман.
Қўшиб есанг
Шакарга,
Доридирман
Жигарга…
Нега уздинг
Бандимни,
Соғиндингми
Мантини?
КАРАМ
Экилганман
Кеч кузда.
Баҳор ҳам
Келди тезда.
Қуёш
Шамдек милтирар.
Бойчечаклар
Дилдирар.
Менга совуқ
Қилмас кор,
Қават-қават
Тўним бор.
Фақат, тўнни
Мен қари
Кийволибман
Тескари.
НОК
Қайда
Салқин ҳаводир,
Тан-жонимга
Даводир.
Меваларим
Қанд-боллик.
Қилмасанг бас
Қўполлик.
Узган чоқда
Кулиб ол,
Пишганимни
Билиб ол.
Кимки отса
Менга тош,
Дунёда у –
Энг хумбош.
ПИЁЗ
Ерга чуқур
Ботсам мен,
Беркинволиб
Ётсам мен,
Излаб топди
Ошпазлар,
Мени чопди
Ошпазлар.
Йиғламадим,
Полвонман…
Лекин жуда
Ҳайронман:
Ошпазларнинг
Ўзлари
Нега ёшлар
Кўзларин?
ШАФТОЛИ
Мен тураман
Букиб шох.
Камтаринман
Ва юмшоқ.
Шундан ҳамма
Ширин дер,
Узиб олай
Бирин дер.
Болакайлар
Чуғирлаб,
Мени боғдан
Ўғирлаб,
Қўйинларга
Уришар,
Сўнг қичиниб
Юришар.
ТУРП
Менга теккан чоқ
Оғзинг,
Тиниқ бўлар
Овозинг.
Сўнг очилар
Иштаҳанг,
Бўпкетмасанг бас
Наҳанг.
Пўстим
Осмон рангида.
Қишнинг
Совуқ тонгидан –
Симираман
Ёруғлик…
Ўзим –
Олтиариқлик.
МАЙМАНЧАК
Биров боқмас,
Бўлсам хом.
Агар пишсам,
Ушлаб жом –
Чопқиллашиб
Келишар,
Мақтаб-мақтаб
Теришар.
Ўт қалайди
Сўнг момо,
Қилмоқ учун
Мураббо…
Мураббога
Қалайсан?
Беришса-ку,
Ялайсан!
ГИЛОС
Бир қиз,
Балдоқ қилай, деб,
Қулоғимга
Илай, деб,
Қўш мевамни
Узволди,
Уйқимниям
Бузворди.
Қараб турсам
Ортидан,
Бир чеккага
Борди-да,
Ҳар иккала
«Балдоқ»ни –
Еб қўйди-я…
Алдоқчи!
БАҚЛАЖОН
Билиб қўйгин,
Укажон,
Мана, биз-да
Бақлажон.
Мени қишга
Тузлашиб,
Ейишади
«Сиз»лашиб.
Бодринг билан
Ошқовоқ
Тунда суҳбат
Қилган чоқ,
Қўшиламан
Гурунгга,
Ўхшаб
Катта бурунга.
АНОР
Ҳар доначам
Бир аскар.
Бир қалъада
Минг лашкар.
Ётар улар
Панада –
Оқ пардали
Хонада.
Хоналар тинч,
Атроф жим.
Қалъачани
Бузса ким,
Бошланади
Тўполон…
Уёғи
Сизга аён.
МОШ
Мушуксан, деб
Шоштирма,
Мен ҳақиқий
Мошдирман.
Гоҳи тошман,
Гоҳи ош.
Қадрдоним –
Сув, қуёш.
Деҳқон чолни
Бобом, деб,
Эгиламан
Салом, деб…
Таърифим ҳам
Жа зўр-да, –
Ичганмисан
Мошхўрда?
БОДОМ
Мен баҳорнинг
Севинчи.
Гуллагайман
Биринчи.
Чиройлидир
Қоматим.
Бу ҳам бўлса,
Омадим.
Ҳавас қилиб
Мевамга,
Қизига бир
Ёш янга
Ном қўйганмиш
Бодом деб,
Ширин бўлсин
Болам деб.
КАРТОШКА
Гоҳ ухлайман
Тўрвада,
Гоҳ пишаман
Шўрвада.
Қовурмада
Қайнайман,
Маставада
Яйрайман.
Лағмонда ҳам
Мен борман.
Ҳамма жойда
Тайёрман.
Кўринмасам
Шавлада,
Эринмасдан
Кавла-да.
ҚУЛУПНАЙ
Анорчага
Ўхшатманг.
Фонорчага
Ўхшатманг.
Адашманг-да ,
Ўргилай,
Исмим
Биби Қулупнай.
Жўякларда
Юрсангиз,
Мени тотиб
Кўрсангиз,
Ёришади
Таъбингиз,
Қизаради
Лабингиз.
ЁНҒОҚ
Баҳорда тўн
Бичаман,
Уни кузда
Ечаман.
Шамол келса
Гувиллаб,
Тўкиламан
Дувиллаб.
Олинг мени,
Акалар,
Еб кетмасин
Ҳаккалар.
Болангизга
Ёқаман.
Ҳам мева,
Ҳам соққаман.
МАККАЖЎХОРИ
Мен ҳаммадан
Юқори.
Исмим –
Маккажўхори.
Думбулгинам
Гўдакча.
Ухлар кўм-кўк
Йўргакда.
Соғлом улғай,
Жон гўдак,
Малла сочинг
Жингалак.
Кутар сени
Болалар
Ҳамда
Товуқ холалар.
ОЛМА
Микрофонни
Баланд тут.
Мен сўзлай,
Сен сўлак ют.
Аланг-жаланг
Кузатма.
Беш панжангни
Узатма.
Кўпнинг
Кўзин куйдирган,
Қорнини ҳам
Тўйдирган
Менман ўша
Нақш олма…
Энди
Йўлингдан қолма.
КУНГАБОҚАР
Кулча юзим
Ойтовоқ.
Ойтовоқмас,
Мойтовоқ.
Мойтовоқда
Пистача,
Роса
Тўққиз юзтача.
Дўстлар,
Балки нодонман,
Бир нарсага
Ҳайронман:
Мен қаёққа
Бурсам бош,
Шу ёққа
Чопар қуёш.
ҚАНД ЛАВЛАГИ
Едир мени
Қўйингга,
Семиради
Тўйингга.
Берсанг
Сигир маймоққа,
Қаймоқ қўшар
Қаймоққа.
Олиб борсанг
Заводга,
Айланаман
Новвотга.
Хоҳласанг,
Бир роҳат қил –
Ўзингга
Зўр овқат қил.
АРПА
Исмим
Арпахон пари.
Бобом
Мулла Жавдари.
Чиройлиман,
Сўлимман.
Кенг далага
Келинман.
Ўриб олинг
Вақтида –
Ҳосилимнинг
Нақдида.
Ахир
Атрофда ҳамон
Кўпдир
Текинхўр сичқон.
ТУТ
Мени дерлар
Қоратут.
Шошмай,
Битта-битта ют.
Солсанг
Коса чиннига,
Айланаман
Шиннига.
Япроқларим
Тилладир,
Тонна-тонна
Пилладир.
Ўзимда туриб
Ипак,
Қишда қолдим
Бекўйлак.
ЛОВИЯ
Ҳасад қилар
Менга мош.
Меваларим
Қаламқош.
Бир тупимда
Юз уя.
Уя тўла
Ловия.
Ловиялар
Қоракўз,
Силкитмасдан
Аста уз.
Йўқса,
Уйни очишар,
Тирқирашиб
Қочишар.
ШОЛИ
Мен ҳозирча
Шолиман.
Қипиғимдан
Нолима.
Пўстим тушар
Арчилиб,
Обжувозда
Янчилиб.
Шопирилсам
Хирмонда,
Ярқирайман
Маржондай…
Энди турма
Қашиб бош.
Тезда пиширвор
Сут ош.
ЧИЛОНЖИЙДА
Емаган бўлсанг
Жийда,
Кўпчиб ётмасдан
Уйда,
Пишиқчилик
Паллада
Бир айлангин
Далада.
Думимдан
Ипга боғла.
Шошмасанг,
Қишга сақла.
Шошсанг,
Ташла оғзингга…
Э, қойилман
Нафсингга!
ҚОВУН
Обиноввот
Қовунман.
Битта тишлаб
Овун, ма.
Нега бўлдим
Мен номдор?
Чунки,
Чопоним гулдор.
Ёнбош қилиб
Ётаман.
Ширин ўйга
Ботаман:
Хаёлимда
Одамлар –
Бозорда
Мени танлар.
КАНОП
Қамиш эмас,
Биз – Каноп.
Еримиз
Минглаб таноб.
Пахтазорга
Ёндошмиз.
Ипакка ҳам
Қондошмиз.
Қаддимизга
Берилиб,
Мақтанмаймиз
Керилиб.
Биз азалдан
Ҳаммабоп:
Гоҳ шолчамиз,
Гоҳи – қоп.
|