О...о...жон
“Жинқарча” боғчасининг ўртанча гуруҳига қоп-қора қошлари бир-бирига туташган, киприклари узун-узун, чароскўз бир болакай келиб қўшилди. Унинг асли исми Олтинбек эди. Бироқ, кўп ўтмай, болачоқлардан тортиб тарбиячиларгача уни “О...о...жон” деб чақирадиган бўлишди...
Боғчадаги машғулотлар, кўп ҳолларда, гуруҳдагиларни бир жойга жамлаб ўтказилади. Лекин, болаларга озгина эркинлик берилди дегунча, биров ўзича, биров ўртоғи ёки дугонаси билан ҳар ер-ҳар ерда ўйин ўйнай бошлайди.
Биринчи куни Олтинбек кимга қўшилишни билмай, пича иккиланиб турди. Охири, атлас кўйлакли қўғирчоқнинг дам сочини ёзиб, дам бошқатдан ўриб ўйнаётган қизчага секингина яқинлашди. Ёнроғида чўккалаб, гулдор қоғоздан буклама дўппича ясади-да, қўғирчоққа кийдирмоқчи бўлди. Қизча қўғирчоғини биқинига яшириб, унга хўмрайиб қаради. Олтинбек бундан заррача ўнғайсизланмади, маржон тишларини ярқиратиб кулди. Қизча то қовоқ солишни қўймагунча, шундай жилмайиб тураверди. Қизчада ҳам дўстона кайфият пайдо бўлгандан кейин эса, елкасига беозоргина қўл ташлаб, “чўлп” эткизиб пешанасидан ўпди ва кўз юмганича: “О, о, о!” – деб тебраниб қўйди. Қизча нима дейишини билмай қиқирлаб кулди.
Шунда, нам қумдан уйчалар қуриб ўйнаётгн болалардан бири ёнидаги шеригини туртиб: “Ҳей, Бойҳусан, ҳей, Бойҳусан, қара, анави янги бола опангни ўпди”, деб чақимчилади. Бойҳусан қошларини чимирганча даврадан чиқиб келди.
– Буфотима, ростми? Манави олакўз бола сени ўпдими? – деб сўради у опасидан.
Буфотиманинг юзи хиёл қизариб, кўзлари ғилдиради. Индамай бошини солинтирди. - Опамни ўпдингми? – энди мушт чигиб, Олтинбекка ўқрайди Бойҳусан.
Олтинбек Бойҳусаннинг кўзларига самимий боқиб, “мен қурчоғига дўппи ясаб бердим”, деди ва унга ҳам жилмайганча тикилиб тураверди. Бундай кўнгли очиқликни кўриб, жангари Бойҳусаннинг аччиғи ўз-ўзидан босила бошлади, тугилган муштлари ёзилиб, қорачиғидан чақнаётган учқун аста-секин сўнди.
– Дўппи ясаб берсанг, майли, – дея энди босиқ товушда сўз қотди у.
Бу гапдан сўнг Олтинбек ўша мулойим кулги билан Бойҳусанга кафтини чўзди. Бойҳусан ҳам беихтиёр кулимсираб, ошначасига қўл узатди. Ярашиб олишгач, Олтинбек уни қучиб, “чўлп” эткизиб бетидан ўпди:
– О, о, о!
Бу тўқнашув қандай тугашини қизиқиб кутаётган томошаталаб миттивойлар янги боланинг ғаройиб қилиғидан кулиб юборишди.
– Мени отим Қайтмасвой, – дея унга илжайиб қўл берди боя “опангни ўпди”, деб Бойҳусанга гап ташиган бола. – Менгаям ўртоқ бўласанми? “О, о” қиласанми?
Теваракдаги болалар ҳам “ке, менгаям ўртоқ бўл”, “майли, ошна бўламиз”, деб жувиллаганларича уни ўраб олишди. Жовур-жувурларни эшитиб: “Нима гап ўзи, арзандаларим?” – дея ичкаридан боғча опа чиқди.
– Анави янги бола ҳаммани ўпяпти, – деб ҳиринглади Қайтмасвой.
Боғча опа: “Нима?” – дея болаларга ҳайрон кўз югуртирди, сўнг Олтинбекка эгилиб: “Бу қанақаси?” – деб сўради. Олтинбек узун киприкларини пирпиратиб, боғча опага одатдагидек ширин табассум қилди. Боғча опанинг ҳам чеҳраси ёришганда, бир сакраб унинг бўйнидан қучди, “чўлп” эткизиб юзидан ўпиб олди. Барча бола чапак урган куйи тенгдан “О, о, о!” – деб қийқириб, Олтинбекка жўр бўлишди.
Боғча опа, олдинига бироз донг қотиб тургач, тўсатдан очилиб-сочилиб кулишга тушди.
– Мана, қанақа экан янги боламиз! – деди у кўзида меҳр чақнаб ва Олтинбекни бағрига босиб эркалата кетди. – Ўргилиб кетай сендақа ширинтойдан! Ўзимнинг қулоғичим! Ўпоғичим! О...о...жоним!
Шу бўлди-ю, биров билан жанжаллашиш нималигини билмайдиган Олтинбек ҳаммага бирдек даврадош “О...о...жон”га айланди.
1996 йил
Боймамат Бешинчи
Боймамат ўтган йили биздан бир синф юқорида ўқирди. Мана энди мен билан битта партада ўтирибди. Математикани яхши ўзлаштиролмай, шу аҳволга тушибди шўрлик. Бешинчи синфда сурункасига икки йил ўқиётгани учун собиқ синфдошлари уни “Боймамат Бешинчи” деб масхара қилишади. Биз ҳам орқаваротдан уни шундай атаймиз, юзига гапирсанг, салом-аликсиз биқинингга соп қолади.
Боймамат Бешинчи синфимизда пайдо бўлгач, бир-икки ҳафтагача ўзини анча сипо кўрсатиб юрди. Кейин, думи босилган илон қўққисдан сапчигандек, бизга бирданига хуруж қилишга киришди. Орадан бир ой ҳам ўтмай, синфнинг хўжайини бўлди-қолди.
Бир куни мактабга эртароқ келиб, олма еб ўтирган эдим, синфга пишиллаганича Боймамат Бешинчи кирди.
– Ғажиётганингни қаттан ўмардинг? – лавоқ юзини осилтириб тумтайганича сўради у.
– Эртош буванинг боғидан, – дедим мен. – Аммо-лекин, ўғирлаганим йўқ, яхшиликча кириб сўрасанг, чол индамайди.
– Яхшиликча кириб олма ейишнинг қизиғи бўларканми? – лунжини баттардан шишириб тиржайди у. – Бир иш қилсанг, қаҳрамонларча қилиш керак. Тушундингми, текинхўр?
Мен “йўқ” деган маънода бош тебратдим. Боймамат Бешинчининг хуноби ошиб, мени зўр бериб тергашга тушди. Бу орада битта-иккитадан келишиб, синф болаларга тўлиб қолди. Бошқалар ҳам унинг сўзларини лоқайд тинглаётганини кўрган Боймамат Бешинчи энди барчага тенгдан ўдағайлай кетди.
– Сен зумрашалар “беш” баҳо олишни биласанлар, холос, – дея жаҳл билан ўшқирди у. – Олмани тўғрима-тўғри ейиш бор, қаҳрамонларча ейиш бор. Шунга қолганда калланглар ишламай турибди-я.
У синфдагиларга ўқрайганича пича жимиб қолди. Сўнг ўқитувчи ўтирадиган столга иккала муштини тираб, кеккайган тарзда деди:
– Дарсдан кейин икки соат муҳлат бераман. Бу ишга қизларни аралаштирмаймиз, ҳамма ўғил болалар ўз вақтида боғ ёнига тўпланишсин. Қаҳрамонларча олма ейиш қанақа бўлишини ана ўшанда кўрасанлар. Яна битта гап – кимнинг уйида саккизинчи калиш бўлса, қўлтиққа қистириб келсин. Бизга қўшилмаганларга “қуёнхон” деган лақаб қўйилади.
“Қуёнхон” бўлишга кимнинг тоқати бор дейсиз, барчамиз ўз вақтида айтилган жойга йиғилдик. Бор-йўғи олти кишигина саккизинчи калиш топиб келибди.
– Математикадан нуқул “беш” оладиганлар мана бу томонга ўтсин-чи, – ўнг қўлини ёнга чўзди Боймамат Бешинчи. – Мен қўмондонман, буйруғимни ўрнида бажаришларинг керак.
“Илғор математиклар” етти киши эканмиз. Қўмондоннинг ўнг томонида саф тортдик.
– Шу фандан баъзан “тўрт” оладиганлар бу томонга турсин, – чап ёнини кўрсатиб буюрди Боймамат Бешинчи.
“Ўртача математиклар” чап томонга тизилишди.
– Мана энди, қолганлардан зарбдор гуруҳ тузамиз, – тушунтирди қўмондон. – Бу азаматлар боғнинг ичига киришиб, алоҳида қаҳрамонлик кўрсатишади, олмани ўзлариям ейишади, бизгаям олиб чиқишади.
Шундан сўнг Боймамат Бешинчи бошқаларга иш тақсимлашга киришди. “Ўртача математиклар”нинг вазифаси девор тагида эгилиб туришдан иборат бўлиб, зарбдор гуруҳ аъзолари уларнинг елкасига оёқ қўйиб, ичкарига ошиб тушишлари лозим эди. “Илғор математиклар”дан эса саккизинчи калишлилар тўдаси тузилди. Биз илғорлар етти нафар калишлар эса олти жуфт эди. Шу сабабли мен вазиятдан фойдаланиб қолишга тиришиб, қўмондонга дедим:
– Менга калиш етмаяпти, зарбдор гуруҳга қўшилсам майлими?
– Олма ўғирлаш сенга “икс-игрек” эмас, – мазахлади Боймамат Бешинчи. – Сен “ўчакишувчи” бўласан.
Мен анқайганимча унинг кўзига тикилдим. “Ўчакишувчи” қанақаси бўлди яна?
– Дарвозанинг олдига бориб, Қоплоннинг ғашига тегасан, – кўрсаткич бармоғини менга бигиз қилди қўмондон. – Ит сен билан овора бўлиб, боғнинг бу чеккасидаги тўпалондан бехабар қолади. Ити акиллайвергандан кейин, Эртош бува ҳам ўша томонга боради, чалғийди.
Хуллас, ит билан ўчакишадиган бўлдим. Саккизинчи калишлиларга эса тупроқ кўчани тўзғитиб югуриш топширилди. Қуюқ чанг ичида девордан ошаётганлар кўзга чалинмасмиш.
– Агар Қоплон барибир сизларни пайқаб қолиб қувадиган бўлса, у аблаҳни хомроқ олмалар билан аямай бўмбардируфка қилинглар, – зарбдор гуруҳ аъзоларига далда берди қўмондон. – Қанчалик қопоғон бўлмасин, итниям жони бор.
Ўша куни мен Боймамат Бешинчи фақат математикани эмас, балки бу фанни яхши ўзлаштирувчиларни ҳам менсимаслигини англаб етдим. Боғни ишғол қилишдек “қаҳрамонона” ишда илғор ва ўртача математиклар зиммасига паст даражали юмушлар юклангани шундан дарак бериб турарди. Бу менга жуда алам қилди. Хўш, ундан қандай қилиб ўч олиш мумкин? Ортиқчароқ бир гап қилсанг, биқинингга мушт тушади, индамай юраверсанг...
Охири йўли топилди. Саккизинчи калишлилар, яъни “илғор математиклар” маслаҳатни бир жойга қўйиб, Боймамат Бешинчини оталиғимизга оладиган бўлдик. Кўнглига йўл топиш учун иложи борича ўзимизни унга яқин тута бошладик. Барча инжиқликларига ҳам, қўполликларига ҳам чидадик. Бора-бора иноқлашиб кетдик. Битта қишлоқда яшаб, битта тилда гаплашганингдан кейин шундай қилиш керак-да.
Ҳозир у математикани ҳурмат қиладиган бўлиб қолди. Бу фандан “уч” олган куни қовоқ-тумшуғи осилиб, чинакамига ранжийди ҳам. Қисқаси, ўзи сезмаган ҳолда Боймамат Бешинчи ҳам саккизинчи калишлилар тўдасига қўшилиб қолди.
Шанақа, энди у ҳам ўзимизникилардан.
1973 йил
Беркиниб олган сирғача
Барчиной томорқада ўйнаб юриб, чап қулоғидаги сирғачасини йўқотиб қўйди. Дадаси яқиндагина олиб берувди. Жуда чиройли эди, ям-яшил баргга ўхшаб ясалган эди. Балки, анави ариқчанинг бўйида ётгандир-у, Барчиной унинг тусини ўт-ўланлардан ажратиб ололмаётгандир. Балки, беркинмачоқ ўйнагиси келиб, шунчаки яшириниб тургандир.
Аям билиб қолса, роса аччиғи чиқади, энди нима қилсам экан, деб ўйлади Барчиной. Сабзи уруғи сочилган анғизда дикир-дикир сакраб, тинимсиз тупроқ титкилаётган чумчуқчани кўриб, унга яқин борди.
– Чумчуқча, чумчуқча, – деди Барчиной, – менга бозордан сирғача опкелиб бер.
Чумчуқча эса: “Чириқ-чириқ-чириқ... Бозорга борсам, дон-дун сотаётганлар менга тош отишади. Бозорга боришдан қўрқаман”, деди-ю, пир-р этиб учиб кетди.
Барчиной она товуқнинг ёнида чий-чийлаб юрган сап-сариқ жўжаларни кўриб, уларни чорлашга тушди:
– Жип-жип-жип, буёққа келинглар. Менга бозордан сирға опкелиб берсаларинг-чи, маллатойларим.
– Жип-жип... Жажжи жўжа бозорга боролмайди, – деб жувиллашди жўжалар. – Онамизга жиппа-жиппа ёпишиб юрмасак, жичча-жичча калтак еймиз.
Кейин Барчиной молхона туйнугининг устидаги кавакдан мўралаб қараётган мусичага ялинди:
– Мусичахон, мусичахон, менга бозордан сирға опкелиб бер.
– Қуққу-ғув, қуққу-ғув... Мен бола очаман деб тухум босиб ётибман, бозорма-бозор санғишга вақтим йўқ, – дея жавоб қилди мусича ва инига янада биқиниб олди.
Шу пайт тепадан: “Ҳей, қиз!” – деган овоз келди. Барчиной қараса, ёнғоқнинг баланд шохида семиз бир ҳакка кўзини чақчайтириб турибди. У митир-митир одимлаб ёнғоққа яқинлашаркан, мени “ҳей, қиз” дема, отим Барчиной, деб ҳаккага танбеҳ берди.
– Мен ҳаккавойман, шақ-шақ-шақ, – деди ҳакка. – Анави мусича билан нимани гаплашаётган эдинг, Барчиной?
– Сирғамдан биттасини йўқотиб қўйдим, – дея яна арзини айта бошлади Барчиной. – Мусичахонга бозордан сирға опкелиб бер десам, ҳозир бола очяпман, вақтим йўқ, деб унамади.
Шунда ҳакка: “Бунақа ишга, мана, биз вақт топамиз. Сен менга ёнғоқ чақиб тур, мен сенга олтин сирға олиб келиб бераман”, деди-да, шохдаги ёнғоқларни чўқиб-чўқиб тўка бошлади.
Барчиной ёнғоқларни чақиб бўлгунча, ҳакка қаёққадир бориб, тумшуғида бир жуфт сирға кўтариб келди. Сариқ-қизғиш бу сирғалар ростдан ҳам олтин бўлиб, қуёшда ялт-юлт товланиб турарди. Барчиной бу сирғаларни кимнинг қулоғида кўрганини дарҳол эслади.
– Йў-ў-қ, – деди Барчиной, – ўғирлик жудаям-жудаям ёмон нарса. Эртаклардаги ўғрилар доим жазосини тортишади. Қинғирқўл бўлсанг, сен ҳам охири бир балога йўлиқасан.
Барчиной бу сирғаларни таниб, митиллаганича қўшни ҳовлига кириб борди, бўлган воқеани айтиб, келинчак опасига тақинчоғини қайтариб берди. Узумлар соясида бош юваётиб, ҳўл бўлмасин деб ечиб қўйган сирғалари писмиқ ҳаккага ўлжа бўлганини ёш келинчак шундагина англаб етди.
Бу воқеани эшитиб, Барчинойнинг каттададаси ниҳоятда севиниб кетди, “балли, Барчиним, доим шунақа ақлли бўлгин”, деб пешанасидан ўпди. Кейин: “Бозор куни шаҳарга бориб, ўзим сенга зўр сирғача опкелиб бераман”, деди.
– Ойгулга-чи? – деб сўради Барчиной, амакисининг кулоғич қизчасига ҳам илиниб.
– Ойгулгаям албатта опкеламиз, – деди каттададаси ва Барчинойни бағрига босиб, “ҳалол қизим, сахий қизим”, дея мақтай бошлади.
Қаердадир яшириниб ётган қайсар сирғачасини эслаб, ҳануз юраги сиқилаётган Барчинойнинг кўнгли, бу мақтов-алқовлардан сўнг, бирдан ёришиб кетди.
1995 йил
|