|
ПАРВАРДА
Туғилганди Бўрича
Саккизинчи январда.
Бугун бир йил тўлибди
Адашмаса агарда.
Ваъда қилди ойиси
Унга қуён гўштини.
Ваъда қилди дадаси
Унга кийик тўшини.
Билмаса ҳам ёш Бўри
Дунёнинг кенг-торлигин,
Эшитганди дунёда –
Ширинликлар борлигин.
Инжиқланди у бирдан:
«Совға қилинг парварда.
Уни-чи, бир еб кўрай
Саккизинчи январда».
Таскин берди ойиси:
«Болам, адир – дўконмас».
Дадаси дер: «Шаҳарга –
Бориб келмок, осонмас».
Пайт пойлаб эркатой,
Чиқди-ю ғор уйидан,
Шаҳар томон югурди
Чопқир анҳор бўйидан.
Чироқларга анграйиб,
Тушиб борган чоқ пастга;
Уни ушлаб шаҳарда,
Сопқўйдилар қафасга.
Энди уни ёш-қари
Қилар ҳар кун томоша.
У термулар адирга,
Зоопаркдаги томоша.
...Беш йил ўтгач орадан,
Саккизинчи январда,
Бир қиз юввош Бўрига
Ташлаб ўтди парварда.
ЭШАКНИНГ ЭРТАГИ
Бўлган экан бир Ҳўтик
Шўх ва қайсарроқ.
Ўғирларкан қизлардан
Кўзгу ва тароқ.
Боқар экан кўзгуга
Тараб ёлларин.
Ҳайрон қилиб юраркан
Эчки, молларни.
Улғайиб ҳам, унинг ҳеч
Кирмабди ақли.
Бир кун эгар боғлашса,
Чиқибди жаҳли.
Унга минмок, бўлганни
Устидан отиб,
Думаланиб кулибди
Қотиб ва қотиб.
Олган чоғда эгаси
Таёқни қўлга,
Хода қилиб думин у,
Қочибди чўлга.
Ёзда майса чайнабди,
Ем ебди қишда.
Фермаларга кираркан
Тунда тирқишдан...
Бир кун кўриб қолибди
Юввош бир чолни.
У мункайиб юраркан
Силаб соқолни.
Миндирибди раҳм этиб
Уни устига.
Чол миннатдор боқибди
Янги дўстига.
Ҳозир ҳам у чол билан
Иноқ экан жа...
Ўша Эшак, рост айтсам,–
Менман.
Ҳа-хаҳ-ҳа!
СИЗ ЭШИТМАГАН ҚЎШИҚЛАР
ЧУМЧУҚ ҚЎШИҒИ
Мен кичкина Чумчуқман,
Чириқ-чиқ.
Лайлакдан сал пучуқман,
Чириқ-чиқ.
Сиз уринманг дон сочиб,
Чириқ-чиқ.
Ўзим ейман опқочиб,
Чириқ-чиқ.
ХЎРОЗ ҚЎШИҒИ
Мен кетяпман қаддим ғоз,
Қу-қуқ.-қу.
Четроқ туринг, илтимос,
Қу-қуқ.-қу.
Ахир шоҳман – ҳукмдор,
Қу-қуқ-қу.
Бошда тилла тожим бор,
Қу-қуқ-қу.
Тож кияман атайин,
Қу-қуқ-қу.
Бир сирим бор, айтайин,
Қу-қуқ-қу.
Тепакалман, сочим йўқ,
Қу-қуқ-қу.
Тож киймай иложим йўқ,
Қу-қуқ-қу.
РУБОБ ҚЎШИҒИ
Қандай созлаб олсангиз,
Мен ўшандай куйлайман.
Шу туфайли, ҳурматим –
Жойида деб ўйлайман.
Тингир-тинг,
Тингир-тинг.
Мени чангдан авайлаб,
Бахмалларга ўрайсиз...
Гапингизга кирмасам,
Қулоғимни бурайсиз.
Тингир-тинг,
Тингир-тинг.
ГАРМОН ҚЎШИҒИ
Нафас олсам, чалинаман,
Ғитта-ғитта.
Қаттиқ чўзманг, ялинаман,
Ғитта-ғитта.
Буйнингизга мени осинг,
Ғитта-ғитта.
Тугмаларни тўғри босинг,
Битта-битта.
ЧИГИРТКА ҚЎШИҒИ
Ўз қорнимни ўйлайман,
Чирик-чирик.
Қорним тўйса, куйлайман,
Чирик-чирик...
Ўлжа пойлаб турибман,
Чирик-чирик.
Шундай яшаб юрибман,
Тирикчилик!
ЭЛАК ҚЎШИҒИ
Оппоқ унни супрага
Элагайман,
Таппа-туп.
Бетингизни упага
Булагайман.
Таппа-туп.
Қаттиқ урманг юзимга,
Опажоним,
Таппа-туп.
Жуда ширин ўзимга
Менинг жоним,
Таппа-туп.
ЧАҚМОҚ ҚЎШИҒИ
Ёлғиз қолсам,
Зерикиб –
Баъзан чекиб тураман.
Булут менга чақмоқтош,
Бир-бирига ураман,
Чарс-чурс!
Чўчиб кетсанг,
Демагин –
Мени «ёмон амаки».
Нима қилай, укажон,
Тутамаса тамаким?
Чарс-чурс!
СИГИР ҚЎШИҒИ
«Қанд» деб йиғлар бузоғим,
Тинчимайди қулоғим,
Мў-ў-ў.
Кўнмаяпти у сира,
Берсам ҳатто кунжара,
Мў-ў-ў.
Билмайдики эси паст,
Кўк беда ҳам ёмонмас,
Мў-ў-ў.
Нима у – «қанд» дегани,
Арзийдими егани?
Мў-ў-ў.
ДАЙДИ МУШУК ҚЎШИҒИ
Буғдой пишган паллада,
Туғилганман далада,
Ялалай-малалай.
Сизга ростин айтайин,
Ота-онам нотайин,
Ялалай-малалай.
Яқин дўстим – Кирпижон,
У илон ер, мен – сичқон,
Ялалай-малалай.
Оч қолсак-да дам-бадам,
Йиғламаймиз сира ҳам,
Ялалай-малалай.
Қишда чатоқ ишимиз,
Такиллайди тишимиз,
Ялалай-малалай.
Зор бўлганда увоққа,
Кетгим келар узоққа,
Ялалай-малалай.
Кетсам, ёлғиз қолган он
Ўксинмасми Кирпижон?
Ялалай-малалай.
Юрсам юрай оч-ночор,
Бўлай дўстга вафодор,
Ялалай-малалай.
ҚУВНОҚ АЙИҚЧА ҚЎШИҒИ
Бошпанам – шу ўрмон,
Сокину бепоён.
Бормиш зўр шаҳарлар,
Сотилармиш шарлар.
Бунда нетаман?
Уйдан кетаман!
Юрсам кўп пиёда,
Чарчоғим – зиёда.
Шаҳарда – трамвай,
Чиқсамоқ, зум ўтмай
Кўлга етаман…
Уйдан кетаман!
Кўлда бор қайиқча,
«Қани, суз, Айиқча!»
Ўрмонда – эски гап,
На боғча, на мактаб,
На хат битаман...
Уйдан кетаман!
Болалар саройи
Эмиш кўп ғаройиб.
Тўгаракка кириб,
Самолётча қуриб,
Парвоз этаман...
Уйдан кетаман!
Улғайиб, албатта –
Ишлайман заводда.
Кўча-ю боғ гўзал,
Дўконда мўл асал, –
Навбат кутаман...
Уйдан кетаман!
…Азизим, онажон,
Сен билан соз ўрмон.
Сен бор-ки, дилим шод,
Ёнингда умрбод –
Куйлаб ўтаман,
Қайга кетаман!
ОББО, КАЛАМУШ-ЕЙ!
Каламушвой,
Каламуш.
Саводинг сал
Чаламиш.
Ёз десалар
«Темир» деб,
Сен ёзибсан
«Кемир!» деб.
НОНУШТАДА
Хонтахтага
Бўйлаймиз,
Босқон-сандон
Ўйнаймиз.
Босқон тушсин
Сандонга, –
Қўлни чўзинг
Қанддонга.
ТЕКИНХЎР
Қумурсқавой
Топиб увоқ,
Терга ботиб
Тортди узоқ.
Чумчуқ келиб
Секингина,
Ютди-қўйди
Текингина.
ҚИЯЛИКДА
Йиқилди-ю
Норқўзи,
Қўлдан тушди
Тарвузи.
Пастга чопар
Тарвузи,
Ишламасдан
Тормизи.
УЛГУРЖИ САВДО
Потманчиқнинг ёз бўйи
Ортиб борди ташвиши.
Қолиб кетди сотилмай
Тиккан қанча калиши.
Калишдўзни шод қилди
Куз келиб серёғинроқ.
Бирдан мингта калишни
Сотиб олди Мингоёқ.
ЭЧКИ – ЭЧКИ-ДА
Костюм олди Эчкивой,
Башанг, Сап-сариқ.
Гулдор кўйлак танлади, Кийди кўк чориқ.
Туя уни танимай
Деди: «Сиз кимсиз?»
Сатанг Эчки илжайиб
Турарди...
Шимсиз.
ТЎТИНИНГ ТАЛАБАЛАРИ
Тўтиқушга ялинишди
Қарға, Чўчқа, Ит, Майна:
- Одамлардек гапиришни Бизга ҳам ўргат, ошна. Тўти деди:
- Мен розиман, Мушкул ишдир бу гарчи.
Қани, азиз талабалар,
«Ар-р-рабалиқ» денглар-чи.
Қарға деди:
– Қар-р -рабалиқ!
«Ир-р-рабалиқ» деди Ит.
«Хур-р-рабалиқ» деди Чўчқа,
Майна деди:
–Вит-вит-вит…
ЙИРТҚИЧ
Ойисига эргашиб
Ўйнаб келган Тулкича,
Қўшни қари Бўрига
Мақтаниб қолди пича:
– Айиқ катта бўларкан,
Ҳеч кўрмаган эканман.
Бўри деди гердайиб:
– Мен Айиқни... еганман!
– Кўрдим хунук ҳайвонни,
Қўпол-у, чопар «ғиз-ғиз».
–Хих-хи,
Тиши узунми?
Еб кўрганман, у –Тўнғиз.
– Учраб қолди далада
Шохи ўткир бир Така...
– Бе-е, у тайёр ўлжа-ку, Таъмин тотганман, ука.
– Сўнг йўлиқди шудгорда Трактор деган нарса. Шовқин солиб, Бўкириб,
Қувлади бизни роса.
Бўри деди:
– Трактор? Кўрмаганман ҳеч уни. Лекин, ука, cоғ бўлсак, Еб кўрамиз бир куни.
ОНАНИНГ ЖАСОРАТИ
Она сичқон бахтиёр,
Қайғурмоққа йўқ ўрин.
Тез кунда бўлар дастёр
Бири-биридан ширин
Унинг олти боласи.
Кун-тун емиш қидириб
Омбор кезар, чарчамас.
Кулбасини тўлдириб,
Шоду соғлом ўсса бас
Унинг олти боласи.
Лек, ҳозир у ноилож,
Омборда шум мушук бор.
Уйда эса ётар оч,
Қотган нонга бўлиб зор
Унинг олти боласи.
Ўтирсинми шу алфоз? –
Она ҳануз ўйларди.
Емиш топса, қандай соз! –
Тортқилашиб ўйнарди
Унинг олти боласи.
Она ночор қўзғалди
Озиқ топмоқ кўйида.
Умидвор боқиб қолди
Ҳувиллаган уйида
Унинг олти боласи.
...Ўлжа бўлиб мушукка,
Она инграр, қалтирар.
Аста боқар тешикка,
Олти жуфт кўз мўлтирар –
Унинг олти боласи.
ЎРМОНДА ЗИЁФАТ
Шер ошхона очибди
Ўрмонда бугун,
Ёввойи ва хонаки
Ҳайвонлар учун.
Пишар турли таомлар
Қозонда «жаз-жаз».
Бўривой – ўт қаловчи,
Қуён – бош ошпаз.
Юмронқозиқ масаллиғ –
Тайёрлашда банд.
Ҳўкиз бобо – қоровул,
Эчки – официант.
Ошхонаки – ҳашамдор,
Кўринмайди гард.
Эшикка хат ёзилган:
«Туёғингни арт!»
Бирин-кетин ҳайвонлар
Келди ҳар ёндан:
Тоғу қишлоқ, яйловдан
Ҳамда ўрмондан.
Хўрандалар беҳисоб,
Зўрға етди жой.
Кучук суяк буюрди,
Маймун – аччиқ чой.
Мушук деди: «Келтиринг –
Сутга тўғраб нон.
Йўқми, сизда, мабодо,
Янгироқ сичқон?»
Тулкивой дер: «Бугун сал
Ташқари совуқ.
Менга – қайноқ какао
Ва тирик товуқ».
Қўзи беда сўради,
Олмахон – ёнғоқ.
Тўнғиз эса буюрди
Чирик ошқовоқ.
Талаб қилди Бузоқча
Кунжара, сомон.
Ёқиб тушди Кирпига
Чағир сувилон.
Иштаҳадан нолимай
Сули кавшар От.
Икки лаган бақани
Еди Бегемот.
«Менга ҳанг... ҳам қаранг!” деб
Бақирди Эшак.
Секингина деди Фил:
«Бир тонна хашак!»
Хўп яйрашди ҳайвонлар
Бўлиб жамул-жам.
Фақатгина Тошбақа
Эди бунда кам.
Тош6ақа ҳам узоқда
Кўринди, ана.
Афсуски, у келгунча
Беркир ошхона.
ҒАЛАМИС ҚЎШНИ
Эски девор бор эди,
Жуда серкавак.
Биттасида яшарди
Ўртоқ Суварак.
Зўр улоқчи эди у,
Камтарин беҳад.
Катта-кичик қўшнилар
Қиларди ҳурмат:
Қовоғари – энг қари,
Бузоқбоши – энг ёши.
Сувараквой пойгада
Олиб мукофот,
Қўшниларга кечқурун
Берди зиёфат.
Дастурхонга ёприлиб
Бир гуруҳ меҳмон,
Зиёфатни қилдилар
Тезда таламон:
Қовоғари – энг қари,
Бузоқбоши – энг ёши.
Чумакари дарчада
Чалди сўнг ғижжак.
Бошлаб берди ўйинни
Шаддод Ўргимчак.
Калтакесак даврада
Айланди гир-гир.
Бошқалар ҳам ўйинга
Қўшилди бир-бир:
Қовоғари – энг қари,
Бузоқбоши – энг ёши.
Қийқирғу қувончга
Тўлди ҳаммаёқ..
Шунда бирдан «войдод»лаб
Қолди Қирқоёқ:
– Оёғимни босдинг, деб,
Чақволди Чаён!
Барча бирдан донг қотиб,
Бўпқолди ҳайрон:
Қовоғари – энг қари,
Бузоқбоши – энг ёши.
Тинди ғижжак товуши,
Бузилди ўйин.
Тарқалишди меҳмонлар,
Эгишиб бўйин.
Мезбон нохуш тиркади
Эшикка тамба.
Хафа эди жирраки –
Чаёндан ҳамма:
Қовоғари – энг қари,
Бузоқбоши – энг ёши.
БЎРИНИНГДОКТОР БЎЛГАНИ ҲАҚИДА ЭРТАК
Нелар бўлмас жаҳонда!..
Ер гўё терс айланди. –
Докторликка, ўрмонда,
Йиртқич Бўри сайланди.
Ана, қаранг,
Тиш қайраб
Ўтирар шум шифокор.
Йўлга боқар жовдираб,
Тезроқ келса деб бемор.
Келди инграб Қуёнвой,
Шалвираб динг қулоғи.
Қадамлари пойма-пой,
(Балки, тортмас оёғи).
– Қани, ўтир. Хих-хих-хи... Дардинг нима? Айт, иним.
– Бўри оға, Уч кунки –
Тинмай оғрир биқиним.
Бўри яқин ўтирди,
Доно билиб ўзини.
Биқин қолиб,
Текширди –
Қуённинг чап кўзини.
– Кечикамиз, дингқулоқ, Кўрмасак тез чора гар. Ошқозонинг сал чатоқ, Буни... «грипп» дейдилар.
Биз табиблар бу дардни
Жуда яхши биламиз.
Дадилроқ бўл,
Сен мардни –
Операция қиламиз.
Қани, рози бўл шартта,
Кейин раҳмат айтасан.
Омон колсанг,
Албатта –
Уйга тирик қайтасан.
Диккайтириб думини,
Қочиб қолди тез Қуён.
Бечоранинг биқини
Оғримас шундан буён.
Кейин, оғриб томоғи,
Келди йиғлаб ёш Тўнғиз.
Ушлаб кўриб оёғин,
Бўри деди:
– Воҳ, эсиз!..
Томоқ оғриқ бошланар
Ўнг оёқнинг пойидан.
Кесиб олсак соз бўлар
Гўштликкина жойидан.
Бўри тайёр деб ўлжа,
Ютар экан сўлагин;
Фурсат пойлаб Тўнғизча
Ростлаб қолди жуфтагин.
Келди Тулки минғирлаб,
Тикан кириб қўлига.
(Бўри дер: «Бу бошқа гап!»
Учраб гўштнинг мўлига).
– Доктор, узр, Келдим кеч...
Жуда чатоқ ишларим...
– Дард кўрмайсан энди ҳеч, Омон бўлса тишларим!
– Кеча тунда узоқдан
Тинглаб ширин овозин,
Тутиб келдим қишлоқдан
Тул кампирнинг хўрозин.
Йўлда аблаҳ бўзтикан
Яралади қўлимни.
Азоби жа зўр экан,
Букчайтирди белимни.
«Шошмай тургин, муттаҳам!»
Дер Бўривой ичида.
– Кўз тегмасин,
Ўзинг ҳам –
Етилибсан-да жуда...
Мана сенга таблетка,
Бери кел-чи, жон ини.
...Шундай қилиб,
Бир четда
Бўри еди Тулкини.
Сўнгра очиб «Беморни –
Қабул қилиш дафтарин;
Силаб-сийпаб қорнини,
Ёзди ушбу гапларни:
«Қўлин тирнаб бўзтикан,
Тулки келди нотетик.
Аҳволи оғир экан,
Чора топмадик...
Едик!»
Кечга яқин кеккайиб,
Кириб келди қари Шер.
Бўри етти букчайиб,
«Хуш келибсиз, шоҳим!» дер.
Шер ҳарсиллаб,
Ўзини –
Креслога ташлади.
Чақчайтириб кўзини,
Дарғазаб сўз бошлади:
– Юрай десанг соғ, қувноқ, Яхшилаб кўр, акаси.
Бир ҳафта-ки,
Сал йўқроқ
Иштаҳамнинг мазаси.
Бўри айтар:
– О, шоҳим,
Тортманг бунча дард ғамин.
Бунинг чораси осон,
Сизга керак витамин.
Табибдир етти пуштим,
Шундай уқтирар улар:
«Семиз, ҳайвоннинг гўшти
Витаминга бой бўлар».
Таъзим қилиб беморга,
У тугатгач гапини;
Боқиб семиз докторга,
Шер ялади лабини:
– Яхши эмас, ҳар ҳолда, Мен витамин изласам. Шоҳ бўлсам-у, Шоқолдай –
Ўрмонда гиз-гизласам.
Қўлдан берсам имконни,
Сўнг юрарман армонда. –
Сендан семиз ҳайвонни
Топиш мушкул ўрмонда.
Қадрлайман мен ҳар чоқ
Табибларнинг сўзини…
Тотмоқчиман ҳозироқ
Витаминнинг тузини.
...Зўравонга жазо – шу,
Қасоскордир бу замин.
Аввал бўри эди у,
Энди бўлди витамин.
Лекин, гавжум ўрмонга
Табиб керакдир албат.
Давра қурди ҳайвонлар
Қилмоқ учун маслаҳат.
Барчага тенг бийронни
Танлайлик деб бу ишга,
Юбордилар Қуённи
Докторликка ўқишга
|