ao
ss

БАҲОНАЧИЛАР   КАСАЛХОНАСИ

 Доктор Қуён серташвиш,

Ҳамшира Ғозлар нотинч.

Касалхона тўсатдан

Бўлиб кетди тиқилинч.

 

Бўри келди инқиллаб,

Чивин чақиб олди, деб.

Айиқ ётар,

Олмахон –

Ёнғоқ билан солди, деб.

 

Эчки дер:

 – О, дўхтиржон,

Бўл ували-жували.

Панжасини кўзимга

Тиқиб олди Чумоли.

 

Қўнғиз майиб қилганмиш

Босиб Итнинг оёғин.

Сичқон эса чўзганмиш

Хачирвойнинг қулоғин.

 

Йиғламсираб келди Шер,

Тепди деб қўрс Суварак.

Отнинг бошин ёрганмиш

Шохдан тушган дуварак.

 

Каравотда ўтирар

Ҳўкиз чўмиб сукутга,

Бечорани сабабсиз

Калтаклабди Чигиртка.

 

Оғир ётар, айниқса,

Каркидон деган нусха.

Бехос тишлаб олганмиш

Уни йиртқич Қумурсқа.

 

Алоҳида хонада

Арслон ухлар шоҳона.

…Ишлар фақат гўл Эшак

Тополмасдан баҳона.

 ҚУЁШНИ ҚАРШИЛАШ

 Пайдо бўлган чоқ қуёш,

Жилмайиб кўз қисди Мош.

Қичқирди сўнг ёш Бабоқ:

– Омонмисан,

Ҳей, ўртоқ!

 

Ит улиди айвондан:

– Салом ҳамма ҳайвондан!

 ИШТАҲАНГДАН ЎРГИЛДИМ

Балчиқ кечиб,

Беланиб кирга,

Ошхонага

Мен билан бирга

Кириб келди

Лавоқ Каркидон.

Олди бирдан

Эллик бешта нон,

Еб олти қоп бодрингни

Фақир,

Карамшўрва ичди

Қирқ пақир.

Сўнг тўқсонта

Тухумни уриб,

Юз стакан

Компот симириб,

Етмиш товоқ

Ош еди гўштлик…

Хуллас,

Менга етмади тушлик.

ВАҲИМАЧИ

Қочиб келар қари Фил,

Ҳаяжонда бошқалар.

Қичқирди у ҳансираб:

– Қутқаринглар, ошналар!

 

Мени ёвуз бир Сичқон

Қувлаб келар узоқдан.

Ғажиб ташлар миямни

Кириб олса қулоқдан.

 

Айиқ, Бўри ва Қоплон

Жуда ҳайрон бўлишди.

Лекин, саёқ Мушуклар

Маза қилиб кулишди.

КОЛЛЕКЦИЯЧИЛАР

Капалакни ушладилар,

Шишачага ташладилар.

Унга озиқ беришмади,

Йиғлаганин кўришмади.

 

Қотириб ҳам қўйишди сўнг,

Чиройли деб сўйишди сўнг…

Қийнадилар сўлдиришиб,

Мақтадилар ўлдиришиб.

НИҚОБ

 – Тумшуққинангдан аканг,

Қалайсан, Лайлак?

Тикиб бергин менга ҳам

Битта оқ кўйлак.

 

– Каптар бўлгинг кепти-да,

Муғамбир Қарға?

Таниб олар гапингдан

Бари бир ҳамма.

 МАШҲУР  ТЎПОЛОНЧИ

Танишайлик, жўралар,

Сўнг мендан… ҳол сўранглар…

Рости,

Жуда зерикдим,

Қани, менга шерик ким?

Майли, келсин Туяқуш,

Бўрсиқ ёки Каламуш.

Ғоз келса ҳам айб эмас,

Яхши ўртоқ бўлса, бас.

Ахир,

Кимга келар ҳуш

Кўчада ёлғиз туриш?

Уф-ф…

Чиқдим мен уйимдан

Гап эшитиб бувимдан,

Гап эшитиб аямдан,

Гап эшитиб дадамдан

Ва опамдан туртки еб…

Исмим – Саъва Уккиев!

МАТЕМАТИКА

Савол берди муаллим,

Тулки гангсиб йўталди,

Сичқон қочди тешикка…

Чумоли қўл кўтарди.

 

Чумолининг,

Ҳе, аттанг,

Яна иши юрмади.

Ўқитувчи Фил уни

Бу сафар ҳам кўрмади.

ЧИТТАК ХОЛА

Тўқир эди сават уй

Читтаквойнинг холаси.

Бу нима, деб сўради

Ундан Филнинг боласи.

Жавоб қилди тумтайиб

Қари, жаҳли тез Читтак:

– Катталарнинг ишига

Аралашма,

Тирмизак!

ОҲУЧАНИНГ  ОНАСИ

Қулаб кетди ёш Оҳу

Тикан босган жарликка.

Қувонтириб онасин,

Турди дарҳол у тикка.

 

Зулмат десак жарликни,

Ёшлик ўхшар чақмоққа.

Сакраб-сакраб Оҳуча

Чиқиб олди сўқмоққа.

 

Боласига суйканиб,

Ярасидан қон ялаб,

Шивирлади онаси

Уни суйиб, эркалаб:

 

– Шох-шаббалар юзингни

Тилган бўлса, сатқайи.

Чағир тошлар белингни

Шилган бўлса, сатқайи.

 

Сатқайи сар, дарз кетса

Тишинг ёки мугузинг.

Соғ бўлса бас, оппоғим,

Оёқларинг ва кўзинг.

 

Фақат қонхўр Бўрилар

Бўлар «темир» тиш-жағлик.

Мугуз бизга не даркор,

Қисматимиз – қочмоқлик.

 

Жардан дангал сакрамоқ

Тенгдир бизда мардликка…

Ёвлар еган отангни

Қулатволиб жарликка.

 

Буткул халос бўлгунча

Йиртқичлардан бу олам,

Кўз ва чопқир оёқлар

Фахримиздир, жон болам.

ГЕОГРАФИЯ ДАРСИДА

Сичқончалар – партада,

Қари сичқон дарс ўтар.

Таёқчани ўйнатиб,

Харитадан кўрсатар:

– Кичрайтириб олганмиз,

Митти деманг сиз уни.

Асли,

Салкам қирқ саржин

Бу чизиқнинг узуни.

Эни эса, камида

Ўн беш саржин келади…

Шу омборнинг ҳаммаси

Бизнинг Ватан бўлади!

Омборнинг уч ёни – чўл,

Тупроқлари тўқ сариқ.

Кесиб ўтган бир ёндан

Чексиз-тубсиз ўқариқ.

Бу ариқнинг нарёғи

Поёнсиз яшил қирғоқ…

Қисқаси,

У томонлар –

Омбордан ҳам каттароқ.

ЖУДА ҚИЗИҚ ВОҚЕА

Қамиш босган ва лойқа

Эски ҳовузда,

Жуда қизиқ воқеа

Рўй берди кузда.

 

Бўлиб ўтди, бузилиб –

Кўпнинг тинчлиги,

Сузиш бўйича ҳовуз

Биринчилиги.

 

Мусобақа боисин

Сўрама, ўртоқ.

Ҳаммасига сабабчи

Бир бурда пишлоқ.

 

Пайдо бўлиб «масаллиғ»

Ҳовузда бирдан,

Хабар топди зумдаёқ

Ҳамма бу сирдан.

 

Келди аввал Чўртанвой

Мўйловин бураб,

Қисқичбақа келди сўнг

Оёғин судраб.

 

Сувкаламуш шай турар

Чўччайтиб бурнин.

Яқинлашди Бақа ҳам

Ишириб қорнин.

 

Гўё тотиб кўргандек

Пишлоқ таъмини,

Ялар эди Сувилон

Тинмай лабини.

 

Шу тоб бешта каллада

Чақнар бир фикр.

Аммо ўлжа ҳаммага

Етмайди ахир.

 

Шунда ақл ўргатиб

Барчага Бақа,

Деди: «Ташкил этайлик

Вақ… мусобақа.

 

Сузишда ким маррага

Биринчи келса,

Арзир ушбу таомнинг

Ярмини еса.

 

Еяр қолган ярмини

Судья бўлса ким…

Хўп десангиз, шу ишни

Бажарай ўзим».

 

Бошқалар бу таклифга

Бўлдилар рози.

Фақат Қисқичбақанинг

Чиқмас овози.

 

Ҳамма сафга тизилди

Бўйсуниб шартга.

Шанғиллади Бақа: «Вақ!

Шайлан стартга!»

 

Судья қўлин силкитиб

Рухсат берган кез,

Сузувчилар маррага

Интилдилар тез.

 

Шиддат билан олдинга

Отилди Чўртан.

Сувкаламуш чиранар

Қолишмай ундан.

 

Сусткаш Қисқичбақанинг

Калласи ишлаб,

Жадал борар Илоннинг –

Думидан тишлаб…

 

Ёлғиз қолгач орқада

Бақанинг ўзи,

Хўб термулди ўлжага

Тўймасдан кўзи.

 

Сабри етмай, охири,

Бир оз кутгани,

Билмай қолди пишлоқни

Қандай ютганин.

 

Лекин ютиб улгурмай

Ҳали ўлжани,

Юқорига нимадир

Тортди судьяни.

 

Бақа токи бир очиб

Юмгунча кўзин,

Кўрди эски ҳовузнинг

Лабида ўзин.

 

Кейин билса, чанг солиб

Текин пишлоққа,

Томоғидан илинган –

Экан қармоққа.

 

Уни қарғаб балиқчи,

Ирғитди четга.

Судья шўрлик ем бўлди

Дайди Бургутга…

 

Бақа кўпга хиёнат

Қилмоқчи эди,

Маккорлиги ўзининг

Бошини еди.

ЗЎРАВОНЛИК

Очкўз, сурбет каналар

Маслаҳат қилиб бирга,

Дўқ уриб хат ёзишди

Ювош ола Сигирга:

«Шартимиз бор.

Кўнмасанг,

Кўрсатамиз кунингни.

Биз қонингни сўрган пайт,

Ўйнатмай тур думингни!»

ТОҒ ҚУШИ

Юрар эди

Ёш Каклик

Тоғларда яйраб.

Қувнатарди

Чечакни

Ёқимли сайраб.

 

Энди

Инграр қафасда,

Келмай уйқуси…

Ёқимлидир

Какликнинг

Ҳатто йиғиси.

СИЗДАН УГИНА…

Ялинар қув Синчалак

Ўқитувчи Каптарга:

 – Мумкин бўлса,

Битта «беш» –

Қўйиб беринг дафтарга.

Тўғри,

Ишим сал чатоқ,

Мазам йўқ шу «саноқ»дан.

Лекин аям, «беш» олсам,

Бермоқчийди қўноқдан.

Қўноқ нима, билмайман,

Бир тотай-чи таъмини.

Ширин бўлса,

Сизга ҳам –

Опкеламан ярмини.

ОЧЛИК

Сурнайин чалар

Чийиллаб бўрон.

Ўйнар бутоқлар,

Рақс тушар ўрмон.

 

Куйлар Тулкивой

Увлаб гоҳида,

Пати юлинган

Товуқ ҳақида.

КЕКСА АРИ

Такрор эртак бошлар у:

– Бор экан-да,

Йўқ экан.

Ариларда бир вақтлар

Бўлган экан кенг Ватан…

 

Доим шуни айтарди,

Набиралар ёнида.

Эски эртак ҳеч кимнинг

Тегмас эди жонига.

БОШМА-БОШ

Бўйин чўзиб қичқирганча

«Шара, бара-а!»

Кўча кезар Эчки

Эшакаравада.

Дер:

– Болалар,

Зор эмасман

Чойпулига.

Пуфакларни алмашаман

 Кўк сулига.

ТИЛЛАҚЎНҒИЗНИНГ ЖАВОБИ

 – Тиллақўнғиз,

Нега сен

Гапиришни билмайсан?

Ғўнғиллайсан ўзингча,

Чақчақлашиб кулмайсан.

 

–  Бўларди ўз маконим,

Фақат, пича тор эди.

Тор бўлса ҳам,

Ҳар қалай

Ҳамма нарса бор эди.

 

Зўр қўшиқлар айтардим,

Юрар эдим эркалаб…

Бир кун

Тўп-тўп Чигиртка

Босиб кирди эрталаб.

 

Бор нарсани ямлашиб,

Улар роса яйрашди.

Дўқ уришди

Ўрган деб,

Чигирткадек сайрашни.

 

Ёлғиз,

Ночор бўлсам ҳам,

Қўшилмадим мен ёвга.

Секингина ўзимни,

Солиб олдим соқовга.

СПОРТ МАКТАБИ

 Ташкил топиб яйловда

Спорт мактаби,

Ўсиб борар полвону

Чаққонлар сафи.

 

Таълим олар Қўзичоқ

Бунда боксдан.

Энди қўрқмас, дуч келса

Бўри қўққисдан.

 

Итга ёзди ариза

Шаддод ёш Така:

«Бўлмоқчиман қиличбоз,

Тренер ака…»

 

Тренернинг жияни

Олапар шоввоз,

Югуришда зўр эмиш,

Қуёнларга хос.

 

Мусобақа ғолиби

Бўлди у кеча,

Суяк турган маррага

Чопиш бўйича.

 

Тиним билмай Чўчқача

Машқ қилар кунда,

У штанга кўтарар

Оғир вазнда.

 

Яшил футбол майдони

Айниқса гавжум.

Ана, Тойчоқ пишқириб

Қилмоқда ҳужум.

 

Дарвозани Мушукча

Қўриқлар ҳушёр.

Чунки қизил коптокда

Сичқон расми бор.

 

Кўлда маймоқ Бўталоқ

Чалқанқа сузиб,

Лол қолдирди ҳаммани

Хачирдан ўзиб.

 

Кечагина мактабга

Қўшилган Бузоқ,

Гимнастларга қўшилиб

Отар шаталоқ…

 

Ташкил топиб яйловда

Спорт мактаби,

Ўсиб борар полвону

Чаққонлар сафи.

 

Аммо Хўтик шубҳада

Юрибди ҳамон:

«Ҳайвонлардан бари бир

Чиқмас чемпион».

 БЕОЗОР КУЧУК

 Ўша сурбет Кўппакни

Тишлаб олдим,

На чора?..

Оқсаб-инграб, уйига –

Қайтдимикан, бечора?

 

Тинмагандир тонггача

Балки унинг ноласи.

Балки кўриб аҳволин,

Йиғлагандир боласи.

 

Унга раҳмим келса ҳам,

Мажбур бўлдим тишлашга.

Ахир,

Нима ҳаққи бор

Мени ноҳақ муштлашга?

 

Кириб бирдан уйимга,

Тортиб олди суякни.

Кейин,

Чил-чил синдирди

Ювиндили тувакни.

 

Турткилади сўнг мени,

Чўзиб ифлос оёғин…

Айтмасам ҳам, биласиз

Воқеанинг у ёғин.

 

Тишламасдим илгидан,

Бузмас бўлса тинчимни.

Мен ваҳшийлик қилмасдим,

Мен бажардим бурчимни.

 ҚАҲРАТОН

 Ғор ичида

Оч-наҳор

Бармоқларин сўришиб,

Ўтиришар Бўрилар  

Телевизор кўришиб.

 

Пайдо бўлди экранда

Ўтлаб юрган қўй-қўзи,

Бирдан ҳамма йиртқичнинг

Ялтираб кетди кўзи.

 

Тиш қайрашиб

Сўнг улар,

Ур-йиқитни бошлашди.

Телевизор шўрликни

Паққос ғажиб ташлашди.

 ШИРИН ТУШ

 Чакалакда Сичқон

Бўлиб қолди султон.

Тўнғиз унга вазир,

Лашкарбоши – Қоплон.

 

Ясовули – Бўри,

Тулки хола – чўри.

Мушук эса, томда –

Тозаларди мўри.

 ЖОНСИЗ БЕДАНА

 Ўлжасидан шод овчи

Ўтаркан шитоб,

Беданага мунг билан

Боқди бичиқчи:

– Бу оламда қушхўрнинг

Уруғи сероб,

Аммо қайтиб туғилмас

Бундай қўшиқчи!

 ҒОЗ

 Чумчуқларни чўчитиб,

«Ғоқ-ғоқ» қилиб куйлар Ғоз.

Қўшиқларим жуда ҳам

Ёқимли деб ўйлар Ғоз.

 

Патларига бурканиб,

Ухлар парқув болишда.

Йўлакларда гердайиб

Юрар қизил калишда.

 

Тиниқ сувга термулиб,

Гоҳ пардозга берилар.

Қўшни чипор Товуққа

Оппоқман деб керилар.

 

Катакда ҳам яшар у

Мағрурликдан кечмасдан.

Чиқиб олар тўрига

Калишини ечмасдан.

 ГАЗАНДА

Тилларангсан бунчалар,

Чаёнбой?

Хунукмассан унчалар,

Чаёнбой.

 

Думгинанг ҳам гажжакдор,

Чаёнбой.

…Думгинангда заҳар бор,

Чаёнбой!

НАВБАТИ БИЛАН

–  Дўстлар,

Сахий Бургутга

Бўлсин шараф-шон!

Кепқолинг,

У текинга

Ушламоқчи дон…

Шундай дея жар солди

Жарчи Чуғурчиқ.

Қушлар турди қаторга,

Олдинда – Чумчуқ.

Бургут келиб, сўради:

– Энг биринчи ким?

 

Хуллас,

Чумчуқ энг олдин –

Бўлди унга ем.

ПАРДОЗЧИ

Эчкиэмар холанинг

Бир қизи бор – аразчи.

Ўта кетган ялқов-у,

Лекин жуда пардозчи.

 

Тошойнакка темулиб,

Оро берар ўзига.

Илонларни чўчитар

Сурма қўйиб кўзига.

 

Тирноқларин бўяйди,

Хинагулни хом чайиб.

Сўнг оқшомда сайр этар

Янтоқзорда илжайиб…

 

Ие, бугун хафами?

Эгиб турар бошини.

…Ўсма қўяй деса у,

Тополмабди қошини.

ТУЛКИЛАР ҚЎЙГАН ТОМОША

Тул кампирнинг маккасин

Еб қўйди бир сур Товуқ.

Нақадар у инсофсиз,

Кўзи хунук ва совуқ.

 

Келиб «қалби пок» Тулки,

Шум товуқдан ўч олар…

Пастдан қарсак уришар

Томошабин Жўжалар.

ЭШАКЛАРЧА МАҚТАНИШ

Чала еган пичанин

Қилволиб тўшак,

Мақтанарди ёнбошлаб.

Хачирга Эшак:

– Аста миниб устимга

Бугун хўжайин,

Олиб борди сайилга

Мени атайин.

Боғлаб қўйди четдаги

Серажриқ жойга.

Бир оздан сўнг бошланди

Оламонпойга…

Ачинаман

Ўзимдан кўпроқ ётларга.

Раҳмим келди

Қамчи еб

Чопган отларга,

Инсофли-да, ошнажон,

Бизнинг хўжайин.

Чоптирмайди ортиқча,

Калтаклар майин.

АЙБСИЗ АЙБДОР

 Қумурсқалар қуришди

Ўн қаватли зўр мактаб.

Буни Қарға ўрмонда

Ҳаммага айтди мақтаб.

 

Киртумшуқли ёш Тўнғиз

Билим олишни кўзлаб,

Қайинзорга жўнади

Янги мактабни излаб.

 

Йўлда чирик тўнкани

У тепалаб ўтган он,

Эшитилди  «қий-чув»лар…

Бу қанақа тўполон?

 

Тепакал бир Қумурсқа

Тўнғизга мушт ўқталди:

– Бўпкетдингми зўравон?

Шошмай тургин сен ҳали!

 

Елка қисди Тўнғизча:

– Нима қилдим, амаки?

Жи-и-м мактабга кетяпман,

Бўлманг бунча жирраки.

 

Куюниб дер Қумурсқа:

– Қараб қўйинг бу гапни.

Ахир, эзиб ўтдинг-ку

Ҳозир ўша мактабни.

ОНДАТРА

 Шовқин солди Қурбақа:

– Бало ёғилди,

Вой-дод!

Кўлда пайдо бўлибди

Ондатра деган зот.

 

У балиғу бақани

Қувлаб мазах қиляпти.

Ана ўзи,

Қаранглар,

Биз тарафга келяпти!

 

Кулди қари Тошбақа:

– Келсин-чи,

Бир кўрамиз.

Ҳозир ўша каззобнинг

Таъзирини берамиз.

 

Узоқ жойга кетувди,

Қайтибди-да боёқиш.

Ўзгартибди исмин ҳам,

Асли у – Сувкаламуш.

АЖОЙИБХОНА

Айтиб қолди хушхабар

Эрталаб Дона:

«Келган эмиш Сибирдан

Ажойибхона!»

 

Етиб бордик у ерга

Икковлон мамнун.

Чипта сотиб турарди

Олакўз Маймун.

 

Дарвозадан ўтдик биз

Сира ҳайиқмай.

Чиптамизни текшириб,

Йиртди Айиқвой.

 

Ёнимизга келдию

Кўкиш бир Бўри,

Бизни шағал йўлакдан

Бошлади тўғри.

 

«Болаларни, – деди у, –

Яхши кўраман.

Ҳайвонлар билан сизни

Таништираман».

 

Олиб бориб бизни у

Филнинг ёнига,

Деди:

– Ширин нарсалар

Унинг жони-да!

 

Сўнг Бегемот олдида

Тўхталиб деди:

– Бултур

Уч юз килолик

Чақалоқ эди.

 

Маълум қилди сийпалаб

Тулки боласин:

– Кеча Шерхон еб қўйди

Унинг онасин…

 

Шердан эса тумтайиб

Ўгирди юзин:

– Мана,

Кўриб турибсиз

Йиртқичнинг ўзин.

 

Йўлбарсни ҳам кўрсатди,

Кейин – Қоплонни.

Айниқса,

Кўп мақтади

Тўлпоқ Қуённи.

 

Каркидону Силовсин,

Жайрадан ўтиб,

Келдик чўян панжара

Ёнига етиб.

 

Бу хонада

Сочилиб –

Ётарди хашак.

Чайнар эди хашакни

Қорамтир Эшак.

 

Таништирди Бўривой:

– Бу – янги меҳмон.

Жуда ўткир товушли

Ва… хавфли ҳайвон.

 

Дона деди

Қўл силтаб:

– Буни кўрганмиз.

Очиқ айтсам, ҳаттоки –

Миниб юрганмиз…

 

«Қойил!» дея бош чайқаб –

Қўйдию Бўри,

Бизни шағал йўлакдан

Бошлади тўғри.

 ЭСКИ ТОМ

Тонгда ёмғир

Қуйди шов-шов.

Лойқа сувга

Тўлди тарнов.

Инда титрар

Олаҳакка.

Эски томдан

Ўтди чакка.

Ҳакка борди

Майнахонга:

– Жой беринг

Мен… «полапон»га…

Майна айтди:

– Мана, жой бор.

Совқотибсан,

Илиқ чой бор…

Энди, Ҳакка,

Камроқ ўйна.

Ўйнагунча,

Томни ўйла.

КЎЛВОРИ ИЛОННИНГ НАСИҲАТИ

Инга қайтди Илонча

Кўзларида ёш мунчоқ.

Юзига бир Қурбақа

Урган эмиш шапалоқ.

 

– Э, ўғлим, – дер дадаси,

Ўпиб унинг бетидан.

– Ўжарларни тинчгина

Ютиш керак кетидан.

ЧЎЧҚА

Назоратчи қуёнлар

Турар жағин силашиб.

Келиб қолди маст Чўчқа

Автобусга илашиб.

Олмоқ бўлиб жарима,

Тўсди уни қуёнлар.

Чўчқа деди:

– Чектиринг,

Ҳур-р…

Ҳур-р-матли жиянлар…

БУРУНДИҚ

Қамиш унга

Ўриндиқ.

Дутор чертар

Бурундиқ...

Динғир-диқ.

 

Сўнгра қўшиқ

Бошлар у,

Яна кўзин

Ёшлар у…

Динғир-диқ.

 

Ҳар куни –

Шу ашула,

Такрорланар

Бир жумла…

Динғир-диқ.

 

– Деманг:

«Ботқоқ бефойда…»

Биз яшаймиз

Шу жойда…

Динғир-диқ…

ПАНДАВАҚИ

Қарға деди:

– Юр, Булбул,

Гулзорда сайр қиламиз.

Асли,

Гуллар қадрини

Сендан кўпроқ биламиз.

 

Карнайгулни кўрсатиб,

Булбул дер:

– Бу қандай гул?

Жавоб қилди Қарға:

– Бу…

Ўзимизнинг…  сурнайгул.

КАМТАРИН

Хунук Лайча бор эди,

Калтатумшуқ – пучуқча.

Акилларди унга кўп

Чиройли Оқ кучукча.

 

Жим ўтарди Лайчавой

Хафа бўлмай кичикдан.

Эслик эди у анча

Чиройли Оқ кучукдан.

СОБИҚ ВАҲШИЙ

Бўри турар сўқмоқда

Латта боғлаб оёққа.

Тинмай жаврар,

Суяниб –

Ёғоч қўлтиқтаёққа:

– Юрар эдим яйловда

Қўйлар ҳолин танг қилиб.

Бўлдим қаттиқ ярадор,

Итлар билан жанг қилиб.

Ўлжангиздан озгина

Ташлаб ўтинг, Шер оға.

Сиздан собиқ мард ваҳший

Сўрамоқда садақа.

ТАХИР СОВҒА

Майса чайнар қўй-қўзи

Дарадаги ўтлоқда.

Улоқ чиқди қояга,

Тирмашиб тик сўқмоқдан.

 

Лола терди чидаб у

Қоқинса ҳам гоҳ тошга.

Ахир, дўсти Хачирвой

Тўлар бугун бир ёшга.

 

Дарага тушгач Улоқ,

Гулдастани тузатди.

Сўнг ўртоғин табриклаб,

Совғасини узатди.

 

Лолаларни кавшаркан

Хачирвой қилиб ҳузур,

Деди:

– Тахир бўлса ҳам,

Хашак учун ташаккур!

ШОИР

Шеърлар ёзар Искабтопар,

Ой ботса ҳам ухламай.

Қувнаб-қувнаб ёзар,

Кейин –

Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагай.

Қийналганмиш ширин жони…

Йўқ,

Қийини – ёзишмас.

Гап шундаки, бечоранинг –

Шеърларини босишмас.

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz