УЙҚУДА НИМАЛАР БЎЛМАЙДИ!
Мушукнинг туши
Эшикни ташқаридан бир-икки қиртиллатиб қўйгач, хонага лапшайган бир Сичқон кириб келди. “Ия!” деб юборди Мушук.
– Оқсоқол сизмисиз? – дея чийиллади Сичқон. – Сизга арзим бор.
– Арзинг бўлса, сал берироқ келиб гапиргин-да, – уни таппа босишга шайланиб минғиллади Мушук. Кейин Сичқоннинг: “Қўшним билан жанжаллашиб қолувдик”, деган сўзини ешитиб шаштидан қайтди.
– Нима, у сени ноҳақ дўппосладими? – яланиб сўради Мушук. – Қани, ўша зўравонни буёққа чақириб кел-чи.
– Дўппослагани ёъғ-у, кўпчиликнинг ичида мени бекордан бекорга ҳақорат қилди, – йиғламсираб дардини айтди Сичқон.
– Ие, ҳали гувоҳлар ҳам бор дегин? – севиниб кетди Мушук. – Ўзинг биласан, ҳамма ишда ҳақиқат бўлгани яхши. Масалани адолатли ҳал қилиш учун ўша гувоҳларни ҳам олиб келишинг керак бўлади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, нодон шикоятчи тўрт-бешта сичқонни ергаштирганича “оқсоқол”нинг ҳузурига кириб келди. Мушук мулойимлик билан уларни ўтиришга таклиф қилиб, аста ешик томонга ўтди. Сўнг кутилмаганда, шоша-пиша эшикка тамба уриб, лақмаларни хона ичига қамаб олди...
Агар у уйғониб кетмаганида, роса-а мазза қилган бўларди-да.
Қуённинг туши
У сарой созандалари чалаётган ёқимли куйга берилиб, қулоқларини шалпайтирганича тахтда уйқусираб ўтирар, қаршисида ёш Бўрилар эшилиб-эшилиб рақс тушишарди. Кечагина бутун дарани зириллатиб юрган жангари Шер эндиликда унинг итоаткор вазири сифатида икки қўлини кўксига босган куйи мулойим жилмайиб турарди. Тулки, Шоқол, Айиқ сингари иприндилар жаҳлдор ҳоқоннинг совуқ кўзларига пастдан тез-тез чўчинқираб боқиб қўйишар, фақат бош жаллод Йўлбарсгина одатдагидек теваракка олазарак назар ташлар, у Қуён ҳазрати олийларининг андак ишорасига мунтазир эди.
Бир маҳал, Қуённинг қаршисида бош ошпаз Қоплон пайдо бўлди. Қоплон думини шипга, тумшуғини ерга теккизгудек бўлиб таъзим бажо келтиргач, шаҳаншоҳнинг тушлиги учун қизилча қўшилган карамқийма тайёрлаб қўйилганлигини маълум қилди. Ошпазнинг сўзини эшитиб, шаҳаншоҳнинг бирдан иштаҳаси очилиб кетган бўлса-да, бошқаларга ўзининг кимлигини яна бир бор эслатиб қўйиш мақсади-да: “Мен сабзи ейман!” дея инжиқланиб айюҳаннос солди...
– Мунча чийиллайсан, болам? – дея уйқуда алаҳсираётган ўғлини шошиб тинчлантира бошлади она Қуён. – Шу топда сабзини қаердан топаман сенга? Жим бўл, атрофда йиртқичлар изғиб юришибди.
Лайлакнинг туши
Қирқ бошли аждарҳодек ёприлиб келган қоп-қора булут бир ҳамла қилишдаёқ қуёшни ютиб юборди. Кетма-кет чақмоқ чақнади. Момақалдироқнинг гумбур-гумбуридан қамишлар танасига зирқироқ кирди. Осмондан ёмғир аралаш қурбақалар ёға бошалади.
Қурбақалар тарвайганича учиб келиб, вақиллаб ерга урилар, мияси лат еганлари ўша заҳотиёқ беҳуш сулайиб қолар, юмшоқроқ жойга тушганлари эса оқсоқланганича бориб, дарҳол кўлмакка шўнғир эди. Осмондан тушаётган қурбақаларнинг баъзилари зувиллаганича келиб шерикларидан бирига урилар, шунда пастдаги бақанинг жаҳли чиқиб унга аямай тарсаки тортиб қоларди. Шапалоқ еганлар ҳам, ўз навбатида, ҳозиргина устига келиб урилган бақа билан қуриллаб-қуриллаб муштлаша кетарди.
Вақтинча панага ўтиб олиб, қувончдан тинмай ирғишлаб юрган бахтиёр Лайлакларнинг қийқириғи тобора кучайиб бораётган қуриллоқ овозлар тўлқинига кўмилиб кета бошлади...
Шовқиндан уйқуси бузилган оч Лайлак қаноти билан кўзларини ишқалаб қўйди-да, бу ўрамда жуда кам учрайдиган гўштдор қурбақани тишлаб олганича ёнидан гердайиб ўтиб кетаётган қўшнисига ҳавас билан тикилиб қолди. Ҳалиям жонидан умидини узмаган шўрлик қурбақа бақувват тумшуқлар орасида зорланиб-зорланиб қуриллаб бораётганди.
Қисқичбақанинг туши
Тўлпоқ Илонбалиқча авваллари Қисқичбақахонни нуқул эрмак қилиб юрарди. Энди бўлса, ёнига суқулиб келиб: “Мен билан бирга ўйнай қол”, деб элана бошлади. Илонбалиқча билан ўйнагиси келиб турган бўлса ҳам: “Хўш, нега энди бирдан менга суйканиб қолдинг”, дея шубҳаланиб сўради жиккак Қисқичбақахон. Илонбалиқча олдинига бироз ўнғайсизлангандек бўлди, кейин дудуқланиб аста гап бошлади:
– Илгарилари сени беҳудадан беҳудага хафа қилардим. Энди билдимки, жудаям эслик қизча экансан. Яна... чиройлисан.
Жажжи Қисқичбақахон ич-ичидан қувониб кетса-да, буни Илонбалиқчага сездирмасликка ҳаракат қилди.
– Нима, ҳалиги ўртоғинг жонингга тегдими? – сўради у босиқлик билан.
– Мен энди Лаққахон билан сираям бирга ўйнамайман, – бирдан тумтайди Илонбалиқча. – Кеча у менинг чувалчангимни ўғирлаб қочди. Шу ҳам ўртоқ бўптими?
Кейин у Қисқичбақахоннинг кўзларига мулойим боқиб, сўради:
– Менга ўртоқ бўласанми?
Қисқичбақа “Ҳа!” демоқчи эди, улгуролмади. Лаққахон билан қувалашиб юрган Илонбалиқча сувни қаттиқ тўлқинлантириб ўтди-ю, уни уйғотиб юборди.
Бўрибосарнинг туши
Умри бино бўлиб, Бўрибосар бунақа ғаройиб гулзорни кўрмаган эди. Атиргул шохида қўйнинг поча суяги, сапсаргул новдасида сигирнинг қовурғаси, карнайгул поясида эчкининг мижиги шода-шода бўлиб осилиб ётар, агар итнинг ўрнида бўлсангиз, сиз ҳам албатта ҳайратдан донг қотиб қолган бўлардингиз.
Ўнлаб ариқчаларда жилдираб оқаётган ювиндилар гулзор ўртасидаги улкан ҳовузга бориб қуйилаётганди. Гулзордаги барча сопол йўлаклар улкан итялоқни эслатувчи ўша ҳовузга келиб тақалар, бу йўлакларнинг ҳар икки ёқасига фақат аслзода итларнинг бўйнига боғланадиган қимматбаҳо мис занжирлар тортиб қўйилган эди.
Бу ер одамларнинг бақириқ-чақириқлари, қўй-сигирларнинг баъраш-мўврашлари, қушларнинг чуғур-чуғури ва бошқа асаббузар шовқинлардан тугалай ҳоли бўлиб, фақат итларнинг акиллашигина бурчак-бурчаклардан эшитилиб қоларди.
У энг “серҳосил” атиргулнинг остига бориб, унинг пастки шохидаги топ-тоза поча суякка аста тумшуқ чўзди...
Шу пайт, эгасининг “Бўрибосар!” деган таниш товушини эшитиб қолди-ю, эринибгина кўзини очди. Олдига тап этиб алланарса тушгандек бўлди. Ит тупроққа қоришиб ётган кир устихонга бирпас тикилиб тургач, ҳафсаласизлик билан яна аста кўзини юмди.
Каламушнинг туши
Катта бошлиқ уни ўз ҳузурига чақириб, тергай бошлади:
– Сен директор бўлган калиш фабрикаси мендан каттароқ бошлиқларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Биринчидан, режалар бажарилмаяпти. Иккинчидан, Ғоз ва Ўрдаклар учун ишлаб чиқарилаётган калишларнинг ярмидан кўпи яроқсиз.
– Сичқонларни ишга олиб хато қилган эканман, – деб ўзини оқлашга уринди Каламуш. – Калишларни ўшалар ғажиб қўяётганига шубҳам йўқ. Бугуноқ уларнинг думини тугаман.
– Ўтган сафар ҳам шунақа деган эдинг, – жеркиб берди катта бошлиқ. – Энди бизни лақиллатиб бўпсан. Хуллас, ўзингнинг думингни тугамиз...
Афсуски, Каламушни фақат тушидагина ишдан бўшатишди.
Айиқнинг туши
Тоғда асалари фермаси ташкил этилиб, унга битта мудир керак бўлиб қолди.
– Шунга ҳам бош қотириб ўтирамизми? – дея йиғилганларга мурожаат қилди Тулкивой. – Мана, Айиқбек жаноблари кўпдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келадилар. Бу ишни шу полвон акамизга топширсак деган таклифим бор.
Тулкивой қайтиб жойига ўтираркан, “кейин ҳисоблашамиз” дегандек Айиқполвонга зимдан кўз ташлади. Қуён, Кийик, Сувсар сингари хашаки ҳайвонлар Тулкивойнинг гапини маъқуллашиб, “тўғри”, “гапида жон бор”, дея бирин-кетин минғирлаб қўйишди.
Шунда Тўнғиз сўз олиб, хириллоқ товушда аста гап бошлади:
– Ферма кўпчиликники. Агар полвонни мудир қиладиган бўлсак, бурним ҳаққига қасам ичиб айтаманки, бизга бир қошиқ ҳам асал тегмайди.
Хашаки ҳайвонлар “маъқул”, “бу гапда жон бор” дея чувиллай кетишди.
– Тўнғизнинг фикрига қўшиламиз, – қўрсайиб туриб, кўпчилик номидан гапирди оқсоқол Арслон. – Хачирга хашакни, Айиққа асални ишониб бўлмайди.
“Ҳа, шунақа”, “бунисиям тўғри”, дея яна бирин-кетин вижирлашди хашаки ҳайвонлар...
Айиқ уйқудан тургач, ҳасадгўй Тўнғизнинг таъзирини бериб қўйиш учун тўғри чакалакка қараб йўл олди.
Чигиртканинг туши
Кеча бир Ҳўкиз майсазорда унинг инини тепалаб ўтганди. Ҳозир ўша молфаҳмни қўққисдан учратиб қолди-ю, бора солиб, қаншарига аямай мушт тортди. Ҳўкиз гандираклаб кетган бўлса ҳам, йиқилмади. Баттар жаҳли чиққан Чигиртка чаққон сакраб, унинг қоқ биқинига қаратиб тепди. Ҳўкиз бир ихраб тебранди. Зўравонлик қилишни сенга кўрсатиб қўяман, деб қичқирди аламзада Чигиртка. У Ҳўкизнинг иккала шохидан ушлаб туриб, шартта бир томонга қайирган эди, эски девордек гурсиллаб ерга ағдарилди. Қассобнинг қўлига тушдим деб ўйлаган бўлса керак қўрққанидан қаттиқ бўкириб юборди...
Бўкириқни эшитган заҳоти чўчиб кўзини очган Чигиртка майсазорга яна пода кириб келаётганини кўриб, ўзини шартта панага урди. Соғ-омон четга чиқиб олгач, нафасини ростлаб ўтираркан, нозик қўлларига армон билан бир қараб қўйди.
Тулкининг туши
Ўнлаб катта-кичик скелетлар турли паррандалар тилида шовқин солганларича уни қуршаб олишди. У жон-жаҳди билан ўзини ҳар ёнга уриб кўрди. Лекин, темир қозиқлардек оёқда мустаҳкам турган скелетларнинг ҳалқасини ёриб ўтолмади.
– Қўлга тушдинг-ку, мараз! – Хўроз шаклидаги скелет кеккайиб бир қадам олдинга чиқди. – Бизни танимаяпсан шекилли? Бироқ, биз сени эсдан чиқарганимиз йўқ.
– Мени яқиндагина еган эдинг, – Какликка ўхшаб гапирди митти скелет. – Ҳеч бўлмаса мени таниётгандирсан, лаънати?
– Энди бизнинг галимиз келди, – дея ғағиллади Ўрдак-скелет. – Бизни бўғизлаган пайтингда қанчалар жонимиз оғриганини сенга сўз билан тушунтириб бўлмайди. Ҳозир ўша азобни ўзингнинг бошингга соламиз.
Тулки капалаги учганича қичқирди:
– Бу қанақа гап, оғайнилар? Тушунсаларинг-чи, мен яшаш учун ниманидир ейишим керак-ку, ахир!
– Мени бўғиб ўлдиргунингга қадар ёруғ дунёда беш йилдан кўпроқ умр кечиргандим, – ғазабли гап қотди Товуқ-скелет. – Аммо, мен яшаш учун ўзгаларнинг ҳаётига қасд қилмаганман.
– Тўғри, сен шунақа яралгансан. Мен бошқаларга ачинадиган бўлсам, унда ўзим ҳаром ўламан. Нега ҳақиқатни тан олмаяпсизлар, қадрдонларим? – деди Тулки ўзини оқлаш учун.
Ғоз-скелет атрофдагиларга бир аланглаб олиб, гапга аралашди:
– Демак, битта бўлса ҳам, у тирик юриши кераг-у, биздақангиларнинг юзтаси қирилиб кетса майли экан-да? Айбимиз ундан кўра кичиклигимиз, кучсизлигимизми?
– Тулки бизнинг қонимизни ичаётган вақтда ҳақиқат-пақиқатни гапириб ўтирмаганди, – яна кўкрак керди Хўроз-скелет. – Нега энди биз эзмалик қилиб турибмиз?
Шундай деди-ю, бошқа скелетларга ўгирилиб, бор товушда: “Сол маразни!” деб қичқирди.
Турли парранда шаклидаги ўша катта-кичик скелетлар шовқин-сурон билан Тулкининг устига ёпирилишди...
Дод солганича сакраб ўрнидан туриб кетган қонхўр Тулки анчагача ўзига келолмади. Ўпкасини босиб олгач, уясида қалашиб ётган суякларни битта қўймай ташқарига чиқариб ташлади.
1977 йил
Қадрдон йиғилар
Мен, деразасини ланг очиб қўйиб, нонушта қилишни ёқтирадиган болохонанинг шундоққина тагидан торгина йўл ўтган. Йўлнинг нариги бети – болалар боғчаси. Боғчага қатнайдиган тирмизаклар менга шу қадар ёдаки бўлиб кетганки, уларни кўрмай туриб, товушиданоқ адашмай таниб оламан.
Кузатиб келадиган катталар отини айтиб чақирганда, баъзиларининг исми эсимда қолган. Кўпчилигига эса, ўзимча лақаб тўқиб олганман.
Мана, яна одатдаги нонушта. Хонтахта ёнида чордана қуриб, қатиқли гўжа келишини кутганимча, чой-нонни эрмак қилиб ўтирибман. Ярим тўғрам нон еб улгурмасимдан, қулоғимга биринчи таниш йиғи чалинди:
– Биғ-ғ-ғ... Ғип! Биғ-ғ-ғ... Ғип!
Бу – Қуюнтой. Қарамасдан ҳам сезиб турибман, ойиси дам унинг қўлчасидан тортқилаб, дам кетига енгил шапатилаб, бошлаб келяпти.
– Э-э-в! Эв-эв-эв...
Буниси – “Қора бўғирсоқ”. Иккала қўлини дўмпайган қорнининг остига доим чирмаштириб олади. Қошини баланд кериб, салмоқли қадам ташлайди. Бошқаларнинг аҳволини кўриб, боғчага ҳўнграк отиб боришни фахрли русум деб тушунади шекилли, кўзидан бир томчи ёш оқизмай, йиғини шунчаки хиргойилаб келади.
Лекин, “Кулча момо”нинг айюҳанноси ҳақиқий. Ана, эшитиб кўринг-а:
– Ва-а-а! Ва-ваа! Ва-ва-ваа!
Ий, буниси ким бўлди? Э-э, Учқурбек-ку. Ширавор нарсалардан кўпроқ еганми, бугун овози андак хириллаб қолибди. Унинг фарёди жуда ўзига хос, лойга ботган юк мошинасининг пайдарпай кучаниб силкинаётганини эслатади:
– Ғи, ғи, ғи... Ғир-р! Ғи- ғи, ғи... Ғир-р!
Ў, Тасмахон пайдо бўлди-ку! Унинг усулиниям тез фарқлаб оламан:
– Я, я, я... Я, я, я...
Ҳар бир “я, я, я”нинг орасида чарм шиппагини “тап-тап-тап” қилиб, сақичйўлни депсиб қўяди.
Янглишмасам, навбатдагиси – “Мулла ваҳима”. Оёқчаларини қармоқдаги лаққадек потирлатиб, яна дадасининг қўлтиғида келаётган бўлиши керак:
– Анг! Анг! Ба-ба-баа! Аба-бабааа!
Ҳаммадан босиғи – Чинтемир:
– Ҳиқ, ҳиқ... Қачан оптетасиз, оййи?
– Ишхонамда мажлис бор. Бугун уйга даданг опкетади.
– Шаталат оптесин. Ҳиқ, ҳиқ...
– Кўнгиллари яна нималарни кусаяпти?
– Қуйит, хўязқант... ҳиқ... қулқунай... ҳиқ...
– Қулупнайни кеча роса лиқиллатиб ютдинг. Етади!
Чинтемир: “Йў, етмайди!” – деб тихирлик қилишини кутиб, диққатимни жамладим. Бироқ она-боланинг товушини “Маллаботир” кўтарган дод-фарёдлар бўрони буткул кўмиб ташлади:
– Ҳа бў-ў-ў! Ҳа бў-ў-ў! Бў-ў-ў!!!
Шундан кейин кўча анча вақт жимиб қолди. Бундан туйқус дилим ғашланиб, жиддий хавотирлана бошладим: “Жингирвой”га нима бўлдийкин? Шўрликнинг тоби қочдимикан? Вақтида дўхтир чақиришдимикан, ишқилиб?
Гўжани ичиб бўлиб, пиёладан охирги марта чой ҳўплаётганимда ҳам кўнглимнинг бир чети қоронғилигича тураверди. Дастурхонга фотиҳа ўқишга чоғланган эдимки, тўсатдан “Жингирвой”нинг чийиллоқ овози таралиб, қулоғимга ўқёйлардек ёйила кетди:
– Мий-й! Мий-й! Ми-мий! Мав-в-в...
Ҳамма ошналаримнинг соппа-соғ эканлигини билиб, енгил нафас олдим. Яхши кайфиятда ишга жўнадим.
1996 йил
Кекса ямоқчи
Уни ҳамма Уста бува дейди. Ҳақиқий оти Ҳикматуллолигини яқинда дадамдан эшитиб билдим. Унинг ёғочдан қурилган ойнаванд устахонаси тўрткўча гузаридаги ариқнинг ёқасига жойлашган. Уч маҳалланинг боласи уч томондан ёприлиб келиб худди шу гузарда бирлашгач, тахта кўприкни тақира-туқур тепалаб ўтиб, мактаб сари элтувчи теракзор кўчани тўзитганларича дарсга ошиқишади.
Одатига кўра, бирон-бир нарсани ямаб-чатиб, агар қўлида иш бўлмаса, қандайдир эски-туски китобларни титкилаб ўтирувчи Уста бува кўприк тарақлай бошлаши билан очиқ деразадан шошиб ташқарига мўралайди. Дурбинсимон кўзойнаги орқали болаларнинг оёғига уккидай чақчайиб тикилади. Бирорта боланинг пойабзали жўясизроқ кўринса, “Ҳов, кўк иштонли бола, ўқишдан кейин менга бирров учраб ўт!” - деб қаттиқ тайинлаб қолади.
Бу чолни қарийб ҳар куни кўриб юрсам-да, сира юзма-юз ўтириб гаплашмаган эдим. Зарурат туфайли, бир марта суҳбатдош бўлдим-у, ўзим сезмаган ҳолда унга эликдим-қолдим.
Ўшанда биз – “Б” синфдагилар иккинчи “А”даги тенгқурларимиз билан қасдма-қасдига футбол ўйнадик. Ютиб, роса қувондик.
Кўпчилик қатори қувонишга қувондим-у, ҳоврим босилгандан кейин оёғимга боқиб, дод деб юборишимга оз қолди. Оёқяланг тўп тепганлар сувга бир оёқ тиқиб олишиб, ҳеч нарса бўлмагандек уй-уйларига тарқалишди. Мен таги кўчган яп-янги сандалимга тикилиб, турган жойимда серрайиб туравердим. Ҳужумда ўйнаб, ўн тўртта гол урган Бердивойнинг ботинкаси тугалай мажақланиб кетганини кўрганимдан кейин, меники ҳартугур эвидароқ эканлигидан кўнглим кўтарилиб, сал ўзимга келдим.
Мана, Уста буванинг олдида ўтирибмиз. Яхши томони шундаки, агар ёш бола бўлсанг, пойабзални ўнглатиш учун бу чолга пул тўлашинг шарт эмас. Кимнинг ўғли эканлигингни айтсанг бас, моғор дафтарчага араб ҳарфида ниманидир ёзиб қўйиб, индамасдан ишингни битириб бераверади. Бошқалар айтса, ишонмай юрардим, энди ўз кўзим билан кўриб билдим. Чол тўғри қилади, ҳамманинг дадаси ҳам бир кунмас бир куни шу кўчадан ўтади-да.
Уста бува сандалимни қўлига олибоқ: “Воҳ-ҳ!” деб юборди.
– Бу уловчани жуда қийнаб ташлабсан-ку, дея менга кўзойнагининг устидан қиялаб боқди у. – Касални дўхтирга, пойабзални ямоқчига вақтида кўрсатиш керак.
Уста бува, олдинига, сандалимнинг тагига елим суртди, темиртирноққа кийдириб, болғада уриб-уриб жипслади. Сўнг ипга мум суртиб, четларини бигизлаб тикишга тушди. Қўли ишда, оғзи эса гапда бўлди.
Қўл бўшаганда, тез-тез гузарга чиқиб туринглар, болажонларим. Гузар аслида “кезар” дегани. Гоҳ-гоҳ шу атрофда кезиб турсаларинг, ҳам баҳри дилларинг очилади, ҳам пойабзалларингни кўригимдан ўтказиб турасизлар. Дўст бошга қарайди, душман – оёққа. Бу гапни мен тўқиганим йўқ, донолар айтишган. Йиртиқ пойабзалда юриш-ку – ғирт уят, ҳатто бутуниниям тез-тез мойлатиб турган тузук. Этикдан “неччи йилга чидаб берасан”, деб сўрашса, “ёғлашингга қараб”, деб жавоб қилган экан. Энди кап-катта бола бўлдиларинг, бунақа гапларни билволишларинг керак...
Бекорчиликдан зериккан Бердивой дадаси Тошкентдан олиб келган қалин муқовали китобини жилддан суғуриб, аста варақлашга киришди. Ватанимиз тарихи ва мустақиллигимиз рамзларига бағишланган бу суратдор китобни синфдаги болаларга қўшилиб ўн мартача кўздан кечирган бўлсам-да, ундаги чиройли-чиройли расмларга бошқатдан маҳлиё бўлиб, синфдошимнинг пинжига суқулдим. Саҳифалардан бирини очаётганимизда, Уста бува “нимани томоша қиляпсизлар”, деб сўраб қолди.
– Ўзбекистоннинг герби бу, – деди Бердивой, суратни чолга кўз-кўзлаб. – Манави ёнида – буғдой. Бу томонида – пахтлар. Ўртадагиси – Ҳумо қуш...
– Ҳумо қуш бахт келтиради дегани ростмикин? – деб сўрадим мен.
– Бу тўғри гап, – деди уста бува, сандалимга бигиз суқаётиб. – Яйдоқи тилда бу қушни Ҳумой дейишади. Кимнингдир бирдан иши юришиб кетса, “бошига Ҳумой қўниб қолди”, деб қўйишлари бежизмас. Ана, маҳалламиздаги тақачининг оти ҳам Ҳумойиддин. Қўшни маҳаллада Ҳумой хола деган кампир бор...
Шундан сўнг, Уста бува, энг оғир пайтда аждодларимизга бир кўриниш бериб, қайта юз кўрсатмаган бу табаррук қуш ҳақида ривоят сўзлаб берди. Унинг айтишича, Нуҳ пайғамбардан кейин ер юзида яна одамлар кўпайиб, аслида яқин қариндошлар эканлигини борган сари эсдан чиқара бошлашибди. Бир-бирининг мулкига, бир-бирининг кентига кўз олайтиришлар авжга минибди. Қадим-қадимда Чин хоқони очкўзлик қилиб бизнинг ўлкамизга қўшин тортибди, бойликларимизни талаб, элатииз бошига ажал ёғдирибди. Қирондан омон қолганлар, қоча-қоча тоғдан ошиб ўтишиб, кимсасиз бир водийга бориб қолишибди. Ёвдан қутулган бўлсалар-да, озиқ-овқатлари тугагани боис, энди очликдан қирила бошлашибди.
Ана шундай аянчли кунларнинг бирида олис даралар тарафдан алла айтаётган онанинг товушидек тиниқ ва ўта ёқимли сас таралишга тушибди:
– Ҳу-у, мой! Ҳу-у, мой!
Оқсоқоллардан бирови бунда қандайдир сир борлигини пайқабди-ю, бир неча йигитни ёнига олиб, “Ҳу-у, мой!” деган товуш тинимсиз такрорланиб турган ёққа етаклабди. Улар ботқоғу қамишзорлардан ўтишиб, ҳайбатли-ҳайбатли дарахтлар унда-бунда бўй чўзиб турган кенг ўтлоққа етиб боришибди. Қарашса, ҳаммаёқни қоплаб олган ёввойи арпа ва зиғирлар пишиб-етилиб ётганмиш. Аллақачон пишиб тўкилган зиғирлар офтобда эриб, мой бўлиб оқиб турганмиш. Баланд қайрағочнинг учига қўниб, тўхтовсиз сайраётган, бошида зар попилдириғи бор гўзал қуш оч одамларни шу мойга чорлаб жон куйдираётган экан.
Кўп ўтмай, бу ерга бошқалар ҳам етиб келишибди. Мойда арпа қовуриб еб, ўлимдан сақланиб қолишибди. Кучга тўлган йигитлар қайтадан қўшин тузишиб, чинлик ёғийларни бобомерос юртларидан ҳайдаб чиқаришибди...
Ҳумо қуш ривояти баҳонасида Уста бува билан гапимиз қовушиб кетди. Биз китобни пайпаслаб-пайпаслаб, тортинмасдан чолни саволга тутавердик, у ишини тўхтатмай, бизни гапга кўмизаверди. Гоҳида, наҳотки шу ямоқчи чол ўқитувчи опамиздан ҳам кўпроқ нарсани билса, деб ўйлаб қўярдим. Масалан, мактабда “Семурғ – афсонавий мўъжизакор қуш” деган гапни эшитганман, холос.
Уста бува эса, бу қуш ҳақида ажойиб ҳикоят сўзлаб берди.
Қадимда Турон билан Эрон ўртасида жуда кўп урушлар бўлган экан. Ривоятга кўра, Семурғ воқеаси ҳали Тўмарис момомиз босқинчилар шоҳи Курушнинг кесилган калласини қонли мешга тиқишидан ҳам, довюрак чўпонимиз Широқ форсларнинг бутун бошли лашкарини ҳийла билан саҳрода тор-мор қилишидан ҳам анча илгари бўлиб ўтган экан.
Юртимизга тажовуз солган форсларнинг бир қарашда пўмқарғага ўхшаб кетувчи, лекин жуссаси товуқдан икки баравар катта қушлари бўлиб, улар жанг вақтида рақиб аскарларининг бошидан тош ёғдиришга ўргатилган экан. Очиқ жангда енгилиш нималигини билмайдиган Турон лашкари қушлар ҳужумидан катта талофат кўра бошлабди.
Қутли ота деган авлиёсифат қария бўлган экан. У тап-тақир даштда боғ яратиб, дарахтларни ўзи қазиган қудуқ сувида суғорар, меваларга алмашиб олинган нарсалар билан тирикчилик ўтказар экан. Турон жангчиларининг бошига тушган кулфатни билгач, ич-ичидан эзилиб: “Э, қодир эгам, туғилган уйини қўриқлашга жон тиккан, ота-боболари қабрини асраётган юртдошларимни ўзинг қўлламасанг, бошқа ким адолат қила олади?” – дея куну тун тангрига саждадан бош кўтармабди. Сажданинг қирқинчи куни тонг ғира-ширасида аллақандай шарпалар кўринибди. Бири бургут, бири лочин, бири турнага ўхшаб кетувчи қушлар бир жойга тўпланаверибди. Кейин юнгларидан рангдор нурлар таралаётган ёш бўри пайдо бўлибди, қушлар ундан ҳуркимай, қадларини ғоз тутиб, қанот керишибди.
Бўри паррандаларнинг кўксини тишлаб қонатгач, улар миттигина бир қушнинг ёнига галма-гал келишиб, қонларини унинг патларига суртиб ўта бошлашибди. Қонлар суртилган сайин, митти қушча катталаша бориб, охири улкан қушга айланибди.
Босқинчиларнинг тошотар қузғунларига ҳавода қирон солиб, туронликлар ғалабасига йўл очиб берган ниҳоятда кучли, ўта тезучар бу қуш сўнгги жангдан кейин ўлкамиз узра тинсиз чарх урибди, тоғларни бургут шаклига кириб, саҳроларни лочинга айланиб, дала-даштларни турна бўлиб кезиб чиқибди. Охири Қутли отанинг боғида бир кеча булбул бўлиб сайрабди. Эрта саҳарда яна ўз шаклига қайтиб, кўкка парвоз қилибди, шу зайл юқорилаб бораверибди, юқорилаб бораверибди ва бирдан ярқ этиб чақнабди-ю, қуёшнинг илк нурларига қоришиб кетибди.
Неча замонлар ўтиб, ҳатто кўплаб дарё ва тоғларнинг номи ҳам ўзгарибди. Аммо семиртирилган маъносини англатувчи ўша халоскор қуш бирда “семириқ”, бирда “семуруғ”, “семурғ” тарзида тилдан тилга учиб, дилдан дилга қўниб, афсоналарда мангу яшаб қолаверибди...
Сандалим битиб, навбат Бердивойнинг ботинкасига келди. Узатилган ботинкага боқибоқ, Уста буванинг капалаги учди.
– Олдимга нимани судраб келдинг? – дея Бердивойни ўдағайлади у, ботинкани олгиси келмай. – Бунингни тузатиш ўликни тирилтиришдек гап-ку! Э-э...
Бердивой нима дейишни билмасдан, шумшайганича туриб қолди. Ўртоқчилик ҳурмати ўртага тушмоқчи бўлиб, эндигина ялинишга чоғланганимда, Уста бувага туйқус инсоф кирди, “узат буёққа”, дея тумтайган куйи ботинкага қўл чўзди. Ишга киришиб ҳам анчагача қовоғи очилмади. Чамаси, ботинкани “тирилтириш” жуда оғир кечаётганди.
Бу аҳволда чолдан садо чиқиши мушкуллигини сезганимиздан сўнг, ўзаро ғўнғир-ғўнғир қилиб яна китоб варақлашга тушдик. Суратлар остидаги қисқа-қисқа ёзувлардан Кушону Эфталитлар ҳақида тушунча ҳосил қилишга тиришдик. Қон тусини олган майдондаги қизғин жанг тасвирланган қўшсаҳифани очиб, узоқ термилиб қолдик. Кутилмаганда, Уста бува тағин тилга кирди:
– Ким у... отда савалашиб турган?
– Спитамен! – дея негадир қувониб жавоб қайтарди Бердивой.
– Спитамен нима дегани ўзи, биласизларми?
Биз чолнинг кўзига жовдираб боқдик. Қизиқ савол бўлди-ку. Спитамен – барчамизга қўйиладиган отга ўхшаш бир от-да.
Пайдо бўлган жимлик узоққа чўзилмади. Уста бува янги ривоятни бошлади. Ривоятдан маълум бўлишича, товуши йўғонлашиб қолган ўспиринларнинг турли қишлоқ-овуллардан яйловга чиқиб келиб, кучини синаш учун зўрни қидириб курашиш одати қадим замонлардан қолган экан. Йилқичилар овулидан келадиганлар орасидаги новча ўспиринни ҳеч бир овулнинг курашчиси енголмас экан. Охири унга қаттиқ аламзада бўлган эчкибоқарлар узоқ бир овулдан номдор курашчи йигитчани топиб келишиб, бу бизнинг курашчимиз дея новча йилқибоқарни беллашувга чорлабди.
Кучлар тенг келиб, беллашув узоққа чўзилиб кетибди. Бир маҳал шамол туриб, тўзон кўтарилибди. Томошабинлар чангга кўмилган курашчиларни кўролмай қолган бўлсалар-да, олишув тўхтамабди. Талай вақт ўтгач, “Ҳайт!” деган қичқириқ янграб, кимнингдир гурсиллаб ерга йиқилгани эшитилибди. Томошабинлар ким йиқилганини билолмай туришганда, йилқичиларнинг новча курашчиси тўзон ичидан овоз қилибди:
– Устиндамен! Устиндамен!
Шу-шу, бу новча ўспирин борлиқ овуллардаги кураш ишқибозлари-ю, таниқли курашчилар орасида “Устиндамен” номи билан тобора машҳурланиб бораверибди. Йиллар ўтиб, Искандарнинг сон-саноқсиз лашкари юртимизга бостириб кирганда, тенгсиз қиличбоз, туғма камончи саглар, ўлимдан қайтмас сўғдлар, найзада тухумни урадиган отлиқлари билан довруқ таратган массагетлар бу паҳлавон атрофида бир тан, бир жон бўлиб бирлашибдилар ва форслар мамлакатини уч ойда янчиб ўтган қудратли юнон қўшинларига уч йил мобайнида аёвсиз қирғин солишибди. Жасур аскарбошининг исми юнонлар тилида “Спитамен”га айланиб, бу номни эшитганда юракларини ваҳима қоплайдиган бўлибди...
Ўтмишимиз, кимлигимиз ҳақида қизиқ-қизиқ гапларни сўзлаб берадиган шунақа бобом йўқлигидан ўшанда қаттиқ афсусланганимданми, ҳар гал мактабга бораётиб, гузардаги ёғоч дўконча томонга орзиқиб қарайман. Деразадан уккидек мўралаб турган Уста бувага қуюқ салом бериб, эътиборини тортишга уринаман. Аммо, уринишларим доимгидек елга соврилади. Чунки менинг ва бошқа болаларнинг саломига шунчаки бош қимирлатиб қўйиш билан кифояланувчи бу ажабтовур чолнинг бутун диққати шу топда ўткинчиларнинг оёғига қаратилган бўлади. Баъзан, сандалим яна йиртилсайди, деб ўйлаб қўяман.
1999 йил
Уч оға-ини
Уч оға-ини бор экан. Бири биридан шўх, бири биридан ўйинқароқ болалар экан. Четдан қараганда, уларнинг юриш-туриши бир хилдек кўринса-да, кенжаси сал писмиқлиги билан ажралиброқ тураркан. Унинг жуда кичкинтойликдаги ажабтовур қилиғини оиладагилар ҳалигача ҳиринглаб-ҳиринглаб эслашар экан.
Маҳалла болаларининг саломатлигини кўрикдан ўтказиб турувчи қишлоқ дўхтири бир куни кенжатойни текшириб бўлиб, ота-онасига: “Қони жиндай камроққа ўхшаяпти, бу болага алоҳида парво қилиб туринглар”, деб тайинлабди. Шу гап баҳона бўлиб, кенжатой ғалати одат чиқарибди. Нонушта пайтида: “Мен кўпроқ мураббо ялаганим яхши, менинг қоним ка-а-м”, деб идишни ўзига яқинроқ суриб оларкан, ош ейишса: “Мен куч тўплашга мажбурман, менинг қоним ка-а-м”, деб бирваракайига иккитадан гўштни лунжига тиқаркан, ойисига тихирлик қилиб: “Менга кунига уч марта музқаймоқ олиб бермасангиз бўлмайди, менинг қоним ка-а-м”, деб туриб оларкан. Охири, шу гапга ўрганиб қолибди, дадаси: “Вақт алламаҳал бўлди, телевизорни ўчириб, тезда ухла”, деса ҳам, у: “Мен телевизорни кўпроқ кўришим керак, менинг қоним ка-а-м”, деб қўяркан.
Шунақа эркагина, шунақа муғомбиргина бола экан кенжатой.
Шу уч оға-иниларнинг кўчасида Тиллавой деган бир киши яшар экан. Бошқалардан бойроқ бўлишига қармай, бир тийиннинг устида ўмбалоқ ошадиган даражада хасис, битта текин мағизнинг дарагини эшитса, қирқ чақирим жойга яёв боришдан эринмайдиганлар хилидан экан. Уйидаги кечки таомни тежаб қолиш учун, сизлардан бир хабар олиб қўяй дедим, деб, ҳар куни шомда у ёки бу қўшниникига кириб бораркан, олдига овқат қўйишса, то палов келмагунча, безрайиб ўтиравераркан. Шу туфайли “Суллавой” деган лақаб орттирган экан.
Бир куни уч оға-инининг дадаси хотинига қараб: “Онаси, ташқини яхшилаб супуриб қўйинг, Суллавой кеча ён қўшнимизникида меҳмон бўлувди, менимча, бугун навбат бизники”, дебди. Буни эшитиб турган болаларнинг энсаси қотиб, бир-бирларига маъноли қараб қўйишибди. Кейин, ўзаро шивирлаша бошлашибди. Ҳамма ёмон кўрадиган Суллавойга қарши бир ҳийла ўйлаб топишиб, гижинглаб-гижинглаб кулишибди.
Уч оға-ини шунақа иноқ, шунақа қувноқ болалар экан.
Шом бўлиб, қош қорайиб қолган паллада кўча эшиги томондан Суллавойнинг: “Ҳов! Ким бор?” – деган товуши янграбди. Уй беги уни қаршилашга бораётган чоғда, тўнғич ўғил электр ҳисоблагичнинг остидаги мурватни бураб, чироқни ўчириб қўйибди. Чироқ чиндан ҳам ўчиб қолди деб ўйлаган ота: “Озиб-ёзиб бир келганингизда, бунақа бўлганини қаранг”, дея ўнғайсизланган экан, Суллавой бурнини ғўппайтириб туриб: “Ҳечқиси йўқ, шам ёқиб ўтираверамиз”, дебди.
Уй бекаси шам ёқиб бергач, Суллавой ва ота-болалар меҳмонхонадаги хонтахта теврагидан жой эгаллашибди. Олдиндан ҳозирлик кўриб қўйилгани боис, тез орада дастурхонга палов тортилибди. Суллавой очкўзларча тамшаниб, товоққа эндигина қўл ураётганида, тўнғич ўғил қаттиқ чучкуриб юборибди-ю, шам лип этиб ўчиб қолибди. Қоронғидаги ғимир-ғимирлардан ҳадиксираган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб овоз қилган экан, оға-инилар: “Хавотир олманг, Суллавой тоға, миқ этганимиз йўқ”, деб жавоб қайтаришибди. Бегона эркакдан тортиниб, бошқа хонада овқатланаётган бека гугурт билан кириб келибди, шамни ёқибди. Мундоқ қарашса, оштовоқ яп-яланг эмиш. Ота: “Ош қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Биз ҳам шуни билолмай ҳайронмиз, дадавой”, дермиш-у, лабларида ёғ йилтиллаб турганмиш.
Бундан Суллавойнинг кўнгли зил кетган бўлса-да, сирни бой бермай: “Меҳмон ош еёлмади деб хижолат тортманглар. Очиғини айтсам, қаймоқни кўпроқ яхши кўраман”, дебди. Бека бир коса қаймоқ келтириб, хонтахтага қўйибди. Суллавой оғзидан оқаётган сўлакни артиб олиб, қаймоққа эндигина қўл чўзганида, бу гал ўртанча ўғил жарангдор чучкирибди-ю, шам лип этиб ўчибди. Қоронғида таралаётган “чипира-чипир”лардан безовталанган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб дўриллаган экан, оға-инилар: “Ташвишланманг, Суллавой тоға, қоқилган қозиқдек қимирламай турибмиз”, дейишибди. Бека кириб яна шамни ёқибди. Мундоқ қарашса, на дастурхонда нон бормиш, на косада қаймоқ. Ота: “Қаймоқ қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Ие, бу косада қаймоқ бормиди, дадавой?” – дермиш-у, оғизларининг атрофи оппоқ эмиш.
Уч оға-ини шунақа иштаҳали, шунақа полвон болалар экан.
Бу сафар Суллавойнинг юраги тарс ёрилгудек бўлибди. Хўрлиги келса-да, барибир бирон нима емасдан кетадиган аҳмоқ йўқ, дея ич-ичидан тугуниб: “Аслида, дастурхонга фотиҳа қилсак ҳам бўларди-ю, бирорта таомга қўл урмасдан жилворишим сизларга оғир ботишидан чўчияпман. Майли, ҳеч бўлмаса, ширинликдан тотиб кўрайлик”, деб сурланибди. Сўнг, кўзини очофатларча ўйнатиб, тақсимчадаги конфетларга ташланаётганида, кенжа ўғил жон-жаҳди билан чучкуриб юборибди-ю, шам лип этиб ўчибди. Қоронғида қоғозлар шилдирай бошлаганини эшитиб турган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб безовталанибди. Оға-инилар: “Ғам еманг, Суллавой тоға, қўлимиз тугул сочимиз ҳам қимирлагани йўқ”, дейишибди. Бека учинчи марта шамни ёққач, мундоқ қарашса, тақсимчада қуруқ қоғозлардан бўлак ҳеч вақо йўқ эмиш. Ота: “Қоғозчага ўралган қандлар қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Бу қоғозларнинг ичида қанд бўлишлигини энди эшитиб турибмиз, дадавой”, дермиш-у, оғизлари қолиб ҳатто юзлари ҳам шира эмиш.
Дастурхонда бор-йўғи конфет қоғозчалари билан нон увоқлари турганини кўриб, ебтўймас Суллавой ёмон эзилибди, ирғишлаб-ирғишлаб додлагиси келибди.
Айтишларича, бу ҳангома эртасигаёқ маҳаллага тарқалиб, Суллавой ўлгудек изза бўлибди. Уч оға-инининг сабоғи эсини киритиб, чақирилган жойларгагина боришни одат қилибди.
Уч оға-ини шунақа топқир, шунақа қизиқ болалар экан.
2009 йил
Жаққи
Шунақасиям бўлиб туради – кимдир Ўғилойнинг жиғига тегиб қўяди. Аччиғи чиқдими – бирдан қовоғи солинади, сочлари кирпитиконнинг игналаридек тиккаяди, кўзларидан учқун чақнаб, жажжи лаблари гилосчага ўхшаб чўччаяди. “Ҳа, нима бўлди?” – десангиз, тошдек қотиб, индамай тураверади.
Бошқа пайтларда ундан хушчақчақ, ундан ширин қиз йўқ. Бир сўзамоллиги қўзиса, уйдагиларни гапга тутиб чарчатади. Ўзгалардан кўра энасининг қўли бўшроқ, шу боис кўпроқ унга маҳмаданачилик қилади:
– Эна! Бир топишмоқ айтсам, топасизми?
– Топишмоқни Тўмарис опангга айтиб тур, мен чойимни ичиб олай, – дея олдидаги иссиқ чойнакни қақилдоқ неварасидан нарироққа суради энаси. – Бурушта менга ёпишасан-а, болам.
Энасининг яна бир ғалати гапини илиб олган Ўғилой: “Ий! “Бурушта” дегани нима?” – деб кампирга баттардан суйканади.
– “Бурушта” дегани – “доим”, “ҳадеб” дегани-да, – чой ҳўплаётиб тушунтиради энаси.- Шуниям билмайсанми, жаққи?
– Ий! “Жаққи” нима? – дея тағин гапни кавлайди Ўғилой.
Энаси бурушқоқ қўлида неварасининг сочини тўзғилатиб эркалатади:
– Сендақанги тинмай гапирадиганларни “жаққи” дейишади. Уқдингми?
Уйдагилар-ку – уйдагилар, ҳатто меҳмонга келган одам ҳам Ўғилойнинг қопқонига бир тушдими, осонликча қутулолмайди. Меҳмонни ўзига сал эликтириб олса бас, “Битта топишмоғим бор. Айтсам, майлими?” – дея хишава қилаверади. Меҳмон: “Қани, эшитайлик-чи”, деб қўйса – тамом, топишмоқ деганни ёғдириб ташлайди.
– Ўзи зиндонда, думи осмонда. Нима?
– Шолғом! – дейди меҳмон.
Топишмоқнинг жавоби тездаёқ топилганидан жаҳлланган Ўғилой пешанасини тириштиради. Тумтайиб туриб, иккинчи топишмоқни айтади:
– Кичкина меҳмон – нафси ёмон. Нима?
Меҳмоннинг: “Менимча-а, бу пашша бўлса керак”, деганини эшитиб, кўнгли яна ғашланади. Энди учинчи топишмоққа гал келади:
– Акаси аччиқ, укаси сассиқ. Нима?
Меҳмон бу сафар ўйланганича туриб қолади. Унинг ўйланиши қанча узоққа чўзилса, Ўғилойнинг баҳри-дили шунча очилиб бораверади. Бирпас ўтиб: “Ий! Тополмадингизми? Тополмасангиз, шаҳар беринг. Қайси шаҳарни берасиз?” – деб қиқирлайди. Меҳмон: “Ҳа, бўпти, Марғилонни бердим”, дегач, яйраб жақиллашга тушади:
– Сиз кетавердингиз, кетавердингиз, йўлда чуқур учраб “шалоп” этиб балчиққа йиқилдингиз. Мен кетавердим, кетавердим, йўлда чуқур учраб, “жаранг” этиб олтинларга йиқилдим. Ўша олтинларга Марғилонни сотиб олдим. Марғилоннинг тахтида ўтириб, “Акаси аччиқ, укаси сассиқ” нималигини айтсам, у – пиёз билан саримсоқпиёз. Хи-хи-хи, хи-хи-хи.
Ўғилойга қўшилиб меҳмон, меҳмонга қўшилиб бошқалар ҳам кулишади. Бундан Ўғилойнинг янаям чуччаси кўтарилиб, меҳмоннинг чап биқинидан ўнг биқинига ўтиб ишқаланади:
– Одамлар тўғрисидаям анча топишмоқ биламан. Айтсам майлими?
Сўрайди-ю, меҳмоннинг розилигини кутиб ўтирмасдан, дарров ишга киришади. Нозима деган қариндошлари бор, укасига сира кун бермайди. Унинг бўлмағур қилиқларидан бирини кўз олдига келтириб: “Укасининг сўрғичини сўриб қўяди. Ким?” – деб сўрайди. Меҳмон жавоб тополмагани сайин ичи тобора ёришиб, топишмоқларни устма-уст тахлайверади:
– Дадаси пул бермаса, мактабга бормайди. Ким?
– Боғчада ухламай, кўрпасидан мўралаб ётади. Ким?
– Эмаклаб бориб, калласини хонтахтага урволади. Ким?
Буларнинг биринчиси – катта амакисининг ўғли Абдулазиз, иккинчиси – Тоҳир тоғасининг невараси Фарида, учинчиси – кичик амакисининг ўғли Фурқат эканини билиб турган Ўғилой шундай осон топишмоқларни тополмай қийналаётган меҳмонга ҳайронланиб қарайди.
Нарсалар тўғрисидаги топишмоқларни Ўғилойга кўпинча дадаси ўргатади. Лекин, теваракдаги таниш одамлар ҳақидагиларни, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Ўғилой ўзи тўқиб ташлайверади. Қаранг-а, одам ўйинқароқликка берилмай, ақлини жўяли ишлатишга астойдил қунт қилса, ҳатто боғча ёшидаям зўр-зўр нарсаларни ўйлаб топиши мумкин экан.
Баъзи болалар бор – бири телевизорнинг олдига ёнбошлаволиб, олди-қочди кўрсатувларниям томоша қилаверади, бири боғча опаси ўргатган ҳарфларни ёзиб машқ қилиш ўрнига, кўчадан бери келмайди, яна бири ойиси рангқалам олиб берган бўлса-да, “Ўзинг бўя” китобидаги тайёр расмларни бўяшга эринади. Ўғилойга келсак, у тугалай бошқача – қизиқувчан, изланувчан, ғайратли. Бунақа эси кўп болага қойил қолиш керак.
Ё... Ўғилойни ортиқча мақтаб юбордиммикин? Балки, қайсидир маҳаллаларда ундан ҳам тиришқоқроқ, ундан ҳам топқирроқ болалар бордир-у, мен билмай юргандирман. Агар шунақалар бор бўлса, эртами-кеч улар ҳам кимлардандир албатта мақтов эшитишади. Нима бўлгандаям, мақтовга арзигулик ишлар қачонлардир муносиб баҳосини олмасдан қолмаслигига қаттиқ ишониб яшаган яхши.
2006 йил
|