|
КЕЗАМАН, ЁЗАМАН…
Менинг юртим
Олтиариқ.
Оёғимда катта
Чориқ.
Йўлга бошла,
Чориқ «бобой»,
Шеърга янги
Гаплар топай.
ОТАСИНИНГ ҚИЗИ
– Жамилахон,
Жамила,
Борми сенинг
Фамилиянг?
Ўйланиб дер
Жамила:
– Боғбон қизи –
Фамилиям.
ЎЙНАБ БЕРИНГ
Сурнай чалиб
Келди шамол.
Ўйнаб беринг,
Мулла Жамол.
Ёмғир ёғар
Чакир-чукур.
Ўйнаб беринг,
Мулла Шукур.
ҚОЧМАГИН, ХЎПМИ?
Оқ тўппончам
Ялтирар.
Қоплон ундан
Қалтирар.
Қўрқма,
Бахмал қоплонча,
Ўйинчоқ
Бу тўппонча!
ТУШ КЎРИБМАН..
Оч Чумоли
Итни еди.
Тангабалиқ
Китни еди.
Сени эса
Бурга еди.
Устингга ёғ
Суркаб еди.
ЭГИЗАКЛАР
– Ўйнамайман
Сен билан.
Уришдинг-ку
Мен билан.
– Адаштирма,
Одина.
Мен – Зуҳрамас,
Фотима.
ТАНИБ ҚЎЙИНГ
Гилос терар
Нодира.
Гилос еяр
Шотўра.
Ишга зўри –
Нодира.
Тайёрхўри –
Шотўра.
СИНЧКОВ БОЛА
Кўчамиздан
Эрта саҳар,
Қочиб ўтди
Бир Олапар.
Тўхта, десам,
Тўхтамади.
Яхши итга
Ўхшамади.
ҚУВЛАШ-ҚУВЛАШ
Тутолмадим
Қувлаб сени.
Қувляпсан
Энди мени.
Қочиш қийин,
Қочган билар.
Қувиш гали
Қачон келар?
ОШҚОВОҚ
Тенг бўлинди
Ошқовоқ,
Бўлиб қолди
Бўш қовоқ.
Бир палласи
Оштовоқ,
Бир палласи
Боштовоқ.
ПЕЧАК ЎТ
Молхонага
Кирса Узоқ,
Унга қараб
Деди бузоқ:
– Беринг ўтнинг
Печагидан,
Кўпроқ бўлсин
Кечагидан.
ЧОРРАҲАДАГИ МИЛИЦИОНЕР
Нега қизил
Чироқда,
Чопқилладинг
Улоқдай?
Ёш бўлмасанг,
Карима,
Солар эдим
Жарима.
ҒАЛАТИ БОЛА
– Ҳамма сўйлар,
Сен жимсан.
Четда турма,
Ҳой, кимсан?
Тили чучук
Қўзибек –
Деди: «Менми?
Мен – ўзбек».
САЛ ЮМШАДИ
– Олибсан-да
Музқаймоқ?
Ошна эдик…
Жа иноқ…
– Тоқатим йўқ,
Аразга.
Бир ялаб кўр, ма…
Қарзга.
ҚАЁҚҚА ЮРАЙ?
Муҳаббатда
Рубоб бор.
Муҳаммадда
Китоб бор.
Ўйнайлик, дер
Муҳаббат.
Ўйлайлик, дер
Муҳаммад.
ДЕҲҚОНЧИЛИК
Танлаб олинг
Олмани,
Қоқи бўлар
Қолгани.
Ўртамизда –
Тарози…
Ортиғига
Биз рози.
БАҲОРОЙНИНГ АШУЛАСИ
Бойчечагим
Кўк майса,
Тугунчаси
Бир пайса.
Тегманг,
Гули кўпайсин.
Тугунчаси
Дўмпайсин.
ПАХТА ВА ЧИГИТ
Пахтагинам
Лўппича.
Чаноқларга
Дўппича.
Ўзи оппоқ,
Бир қаранг,
Болачаси –
Жигарранг.
АТЛАСМАКОН
Марғилоннинг
Маркази зўр.
Марказидан
Атласи зўр.
Атласларнинг
Зуҳраси бу.
Ўзбекларнинг
Чеҳраси бу.
ДИҚҚАТ!
– Жигарранг-ку
Бу тариқ.
– Қўйсанг-чи,
У – тўқ сариқ.
– Мен айтдимми,
Жигарранг!!!
…Жанжал тамом,
Энди – жанг
АРСЛОНБОБ
Арслонбобда
Шалола.
Чўмил,
Ялла-ялола.
Сувларини
Ачом қил.
Тоғларига
Салом қил.
ЯМАМАЙ ҚЎЯҚОЛИНГ
Томда ётар
Йиртиқ чопон.
Йиртиғида –
Уч полапон.
Йиртиқ чопон
Ямалмасин.
Полапонлар
Қамалмасин.
ЧАҚҚОН ҚИЗ
Саваб бўлиб
Увада,
Хамир ёйдим
Жувада.
Димлаб қўйдим
Қайлани…
Ўйнаб келсам
Майлими?
СЕРОБГАРЧИЛИК
Узум пишди
Маржон-маржон,
Ишкомларда
Ларзон-ларзон.
Саватларда
Сарсон-сарсон.
Бозорларда
Арзон-арзон.
ЧЎПОННИНГ ЎҒЛИ
Юраверинг
«Лунаход»да.
Сузаверинг
Параходда.
Учаверинг
Самолётда…
Менга мазза
Саман отда.
БУҒДОЙЖОНИМ
Буғдойдан бўлар
Нўхатли ширмон.
Норин, шилпилдоқ,
Манти ва лағмон.
Тинч бўлсин олам,
Бор бўлсин деҳқон.
Тўхтаб қолмасин
Ҳеч бир тегирмон.
ЛАТИФА ИШҚИБОЗИ
Қанд узатса ҳам
Ойим,
Тинмай йиғлар
Гулойим.
Бувим айтди
«Афанди»,
Синглим дарров
Юпанди.
КАМПИРЛАР
Хол бобо чертиб
Танбурни,
Ўйинга тортди
Кампирни.
Қувониб юрса
Кампирлар,
Ширин бўлармиш
Патирлар.
ҚОРАҚАМИШ
– Узоқмикан
Қорақамиш?
Борганмисан?
Қанақамиш?
– Яқин экан
Қорақамиш.
Бориб дедим:
«Қани қамиш?»
ЮМАЛАН, ЮМАЛО-О-ОН…
Дўнгдан пастга
Юмалайлик.
Ёшимизни
Чамалайлик.
Айланмаса
Бошимиз,
Тўртдан ошган
Ёшимиз.
ЎЗИНИ ТАНИМАДИ-Я
Ошначилик
Ҳурмати,
Чиздим Туроб
Суратин.
Унга боқиб
Дер Туроб:
–Қайси шўрлик
Бу суроб?
КЕЙИН БЎЛИШАМИЗ
– Томда чалай
Чирманда.
Сен ўйин туш
Хирмонда.
– Томда туршак
Мўлдир, ҳай?
Чўнтакка ур
Билдирмай!
ЙЎЛАК-ЧИ?
Кўйлак ётар
Челакда,
Челак ётар
Элакда.
Элак эса
Тилакда,
Тилак турар
Йўлакда…
«АЛИФБЕ»ДАГИ СУРАТ БЎЙИЧА
– Нечанчида ўқийсан?
– Биринчида.
– «Т» қанақа бўларкан?
– Ширин жуда.
– Нега «Т»ни ширин, деб
Учинасиз?
– «Т» деса, биз тарвузни
Тушунамиз.
ЖОН САҚЛАШ
Қўзиқорин,
Кутвол акангни.
Бошдан олиб
Сават шапкангни.
– Тега кўрма,
Қайтавер қуруқ.
Мен заҳарли
Баттол замбуруғ.
ИККИ «АЙҒОҚЧИ»
Қўлидаги
Туршакми?
Хўрозқандми
Пашмакми?
Бир нарса бор
Турғунда.
Қараб кўр-чи
Дурбинда.
ЭГИЗАК ЧАҚАЛОҚЛАР
Биттаси
Озғин.
Ётар жим,
Ҳорғин.
Бири
Семиз эт,
Йиғлар
«Эмиз», деб.
ЎЙИНЧОҒИМ ҚАНИ?
Қайда қолди
Қўзичоқ?
Икки кўзи
Қўшмунчоқ.
Пешанаси
Дўнггина…
Қайтиб беринг
Жўнгина.
ПОЛВОН УКАМ
Йиғилганда
Дастурхон,
Ортиб қолди
Тўғрам нон.
Уни бердим
Ортиққа.
Булаб ур, деб,
Қатиққа.
ҲАЛИ ЎЗИМ БОЛАМАН-КУ
Дадажоним,
Дадажон,
Отим нега
«Отажон»?
Ахир кимга
«Ота»ман?
Шуни ўйла-а-аб
Ётаман.
СИРНИ БОЙ БЕРМАЙ
Тўп ўйнасак,
Мадаминбек
Чақиб турар
Бодомин тек.
Десак: «Кел,
Бу –қийинмас».
Дер: «Бу менбоп
Ўйинмас».
ШУ ҲАМ ФИЛМИ?
Магазиндан
Ёш Қобил,
Олган эмиш
Ўрдак, Фил.
Яшик тормиш
Ўрдакка.
Фил сиғармиш
Чўнтакка.
ТАҚИЛЛОҚ ЭТИК
Этигимнинг
Нағали зўр.
Йўлда юрган
Маҳалим кўр.
Этик ёқиб
Матқовулга,
Дер: «Ўхшайсан
Қоровулга».
ГУЛЛОЛА
Очилибди
Гуллола.
Попуклари
Тиллодан.
Қиёқ барги
Қиличдан.
Ғунчалари
Севинчдан.
ЖАЖЖИ БЕКА
Чарчаб қолманг,
Хола, хола.
Жуда баланд
Болохона.
Боққа юринг,
Хола, хола.
Ҳаккалар бор
Ола-ола.
БАЛИҚЧИНИНГ АШУЛАСИ
Нор ўтирар
Қирғоқда,
Икки кўзи
Қармоқда.
Аста айтар
Ашула:
«Меҳмонга кел,
Акула!..»
ҚИЗИЛГУЛ
Қизилгулнинг
Ғунчаси –
Атир тўла
Хумчаси.
Япроқлари
Ёстиқча…
Тиканлари
Ортиқча.
МАСЛАҲАТ
Ичиб олиб
Чойингизни,
Олиб чиқинг
Тойингизни.
Миниб олиб
Тойингизга,
Гул опкелинг
Ойингизга.
КУЛЧАЛАР
Анжиргинам,
Анжиржон.
Митти-митти
Кулчанон.
Кўпчиб
Тупроқ-хамирда,
Пишдинг
Қуёш–тандирда.
ҚАДРДОНЛАР
Мен томонга
Боқи келар.
Қўйни тўла
Қоқи келар.
Мен бораман,
Ўрик билан.
Еган яхши
Шерик билан.
БУ ЎЙИНЧОҚ-КУ…
– Бу милтиқми?
– Ҳа.
– Қўштиғми?
– Ҳа.
– Сотиладими?
– Ҳа.
– Отиладими?
– Ва-а-а!
АЁЗ
Еб совиган
Овқатни,
Нор янаям
Совқотди.
Дароз юрар
Жайноқвой,
Ичиб олиб
Қайноқ чой.
ФАРҚИМИЗ
Мен ва укам
Ҳар хилмиз.
Бордир катта
Фарқимиз:
Укам сира
Гап уқмас,
Менга эса
Гап юқмас.
СОҒИНЧЛИК САЛОМ!
Хўжамбойдан
Хат келди.
Хат ичида
Пат келди.
Ҳайрон қолдим
Хўжамга,
Хат ёзибди
Жўжамга.
СУВОНҚУЛ
Четда турар
Сувонқул.
Сувонқулдан
Гумон қил.
Ё қўлида
Қанди бор,
Ё лунжида
Манти бор.
ЖАСУРЛИК
Ўтда куяр
Қўрғошин –
Синаб кўрдик
Бардошин.
Тўкса ҳамки
Кўз ёшин,
Додламади
Қўрғошин.
ҚАЙСИНИСИ ШИРИНРОҚ?
Бир ёнда –
Нок,
Бир ёнда –
Ток.
Едим
Узум,
Нокда
Кўзим.
ҲЕ, АТТАНГ!
Дадам олиб
Келди ҳасип.
Пирамонга
Қўйди осиб.
Мушукка ем
Бўлди ҳасип.
Қилмади-я
Менга насиб.
ИККИДАН ЎТГАНЛАР
–Юр кўчага,
Ҳей, Рамиз.
Ариққа
Тош отамиз.
– Кетмай тургин,
Жо-о-он Ҳотам,
Қуригунча
Иштончам.
ЮВОШГА МАЗА
Йиғлар
Боқи.
Кулар
Воқи.
Соқи
Ювош
Ичар
Сут ош.
КИМ РАНЖИТДИ?
Тақиллатиб
Мис томни,
Осмондан
Кўзёш томди.
Сўраб кўр-чи,
Йигитча,
Нега йиғлар
Булутча?
КЕМАЧАНИНГ УСТАСИ
Кемаларни
Сойга қўйиб,
Қуваладик
Пойга қўйиб.
Кемам қурғур
Чўкиб кетди.
Обрўйимни
Тўкиб кетди.
ЭСДАЛИК
Зўрми кигиз
Қалпоғим,
Гулдор,
Усти ялпоғим.
Буни қирғиз
Дўстимга,
Алмашганман
Дўппимга.
ҚАТИРМАХЎР
Тўйдан дарак
Топган он,
Етиб борар
Мамажон.
Боқмас сомса,
Патирга.
Дейди: «Борми
Қатирма?»
БОШДАН ЎТГАН-ДА
Чўмилавер,
Саёз бу кўл.
Қилмасанг бас
Шимингни ҳўл.
Шум болалар
Келишади,
Шими ҳўлдан
Кулишади.
АҚЛЛАРИ КИРГАЧ…
Мишавойда –
Мушукча.
Тешавойда –
Кучукча.
Мушукчага
Дўст кучук…
Улғайишгач –
Ит-мушук.
ҚОЧҚОҚ
Лола билан
Далада,
Қолиб кетдик
Жалада.
Ивимай деб
Жалада,
Қуёш ётар
Панада.
ТАҚСИМЛАШ
Мана, олти боғ
Хашак.
Бир боғини ер
Эшак.
Икки боғин
Қўйга бер.
Уч боғини
Қуён ер.
БИЛСА-КУ, АЙТАРДИ…
Бўталоқ дер:
– Равшан,
Бу янтоқми,
Ёвшан?
Қовоқ солди
Равшан:
–Эзмаланмай
Кавшан.
ҲИДЛАШГА БАЛО БОРМИ?
Дарров емай
Жийдани,
Ёйиб қўйиб
Ҳидладим.
Келдию Нор,
Эломон,
Жийда бўлди
Таламон.
ОРТИҒИНИ СОТАМИЗ
Шолғом қайнар
Шўрвада.
Қолганлари –
Ўрада.
Улар бир ой
Тунашар,
Сўнг, бозорга
Жўнашар.
ИСИРИҚ
Уйим Олой
Тоғида.
Йўлнинг кунгай
Ёғида.
Лақабим бор –
Адрасман.
Адашманглар
Адресдан…
ЁРДАМЧИ ТОПИЛАДИМИ?
Боққа кириб
Нормамат,
Беҳи терди
Бир сават.
Энди кутар
Самадни,
Кўтаролмай
Саватни.
БУЗҒУНЧИ
Юлқиди
Кўк палакни:
Қовунни,
Ҳандалакни.
Ағнаб кетди
Капамиз…
Шамолдан
Сал хафамиз.
ЧАВАНДОЗНИНГ УКАСИ
Акасига дер
Аваз:
– Минай десам,
Бўйим паст.
Мунча баланд
Отингиз?
Борми
Шоти-потингиз?
ОҚИБАТ
Тўп олишди
Яп-янги.
Тозалашди
Гард-чангин.
Уни пуфлаб
Ўпишди.
Кейин роса
Тепишди.
БИТТА КЎЧАДАНМИЗ
Ҳаммамиз зўр
Боламиз.
Ўртада йўқ
Ғаламис.
Чиқиб қолса
Ғаламис,
Аямасдан
Соламиз.
АЙЁР
Тарвуз узиб
Энг катта,
Юмалатдим
Уватга.
Деди тарвуз
Сўлақмон:
– Кўтариб ол,
Чўлоқман.
МУҒАМБИР
Нок бердингиз
Талаштириб.
Кетинг энди
Яраштириб.
Бўлинг,
Топиб ўртасини.
Менга беринг…
Каттасини.
ЛОФЧИ
Таниб қўйинг
Сиз мани.
Зўрман, исмим
Шоғани.
Туяқушни
Тутганман.
Патин юлмай
Ютганман.
АЛДОҚЧИ
Ҳолва жуда
Аччиқ бўлар.
Асал есанг,
Санчиқ бўлар.
Кўк қалампир
Мазза бўлар…
Ким ишонса,
Изза бўлар.
МЕҲРИБОН
Қарғани кўп
Қағиллатманг.
Укангизни
Вағиллатманг.
Қарғага дон
Сепиб қўйинг.
Укангизни
Ўпиб қўйинг.
ТАЙЁРХЎР
Омон
Ошпаз.
Қилар
«Жаз-жаз».
Пишди
Жизза.
Еди
Мирза.
МЕҲМОНДЎСТ
Юринг, ака,
Ер очамиз.
Эрта баҳор
Дон сочамиз.
Донни сочиб,
Дон топамиз.
Меҳмонларга
Нон ёпамиз.
ТЎҒРИСЎЗ
– Бирдан ўлди
Уч пашша.
Боплаб урдинг,
Э, яша!
– Битта ўлди,
Холажон.
Иккитаси –
Чалажон.
ОЧИҚҚЎЛ
Ўйнаб юриб
Сотволди,
Йўлдан танга
Топволди.
Олиб егин деб
Макка,
Берди уни
Читтакка.
ЛАНДАВУР
Машраб борди
Мактабга,
Кийиб олиб
Оқ шапка.
Дарсдан қайтди
Олиб «бир»,
Шапкасини
Қилиб кир.
ЕБ ТЎЙМАС
Лапанглайди
Норимбой.
Уни деймиз
«Қоринбой».
Пиширгандик
Ошқовоқ,
Еди фақат…
Беш товоқ.
ТАМАГИР
Сандиқчадан қайчини
Олди Жума.
Секингина қўйнига
Солди Жума.
Келиб деди акаси:
– Олдинг нима?
Ярмини чўз, барини –
Ўзинг ема.
ОДАМОВИ
Ҳаммага
Баджаҳлсан.
Ҳаммамизга
Бахилсан.
Ҳаммамиздан
Нўноқсан.
Ҳаммамиздан
Узоқсан.
АРАЗЧИ
Наргизахон
Чилвирқош.
Боғда ўйнар
У тўптош.
Чимрилмасин
Чилвир қош,
Ғолиб келса
Турсунтош.
БАҲОНАЧИ
Касал ётган
Эмиш Карим,
Оғрийди деб
Киприкларим.
Иштаҳаси йўқмиш
Ҳисоб.
Еяр эмиш
Бўлса кабоб.
ПИСМИҚ
Маҳмуд боқиб
Колбасага,
Тушиб қолди
Талвасага.
Бўлса ҳам у
Латтагина,
Тишлаб қочди
Каттагина.
ТАНТИ
Ошпаз бола
Танти экан,
Пиширгани
Манти экан.
Келди, ана,
Хўрандалар:
Ҳашароту,
Паррандалар.
ҒИЙБАТЧИ
Нурбек сени
Ёмон, деди.
Қараб турсин
Омон, деди…
…Омон сендан
Жуда хафа.
Нурбеквой, бу –
Қандай гап-а?
АНДИШАЛИ
Бизни бўшанг
Билманг, ака.
Чақимчилик
Қилманг, ака.
Ундан кўра
Писта чақинг.
Хоҳласангиз,
Юзта чақинг.
ФИКРЧАН
Оқ булутми
Осмонда,
Ё тўшакми
Тахмонда?
Ой шунчалар
Қирмизми,
Ё бўлинган
Тарвузми?
МЕШКАЙ
Қўшнайини
Чалар Али.
Ўйин тушар
Абдували.
Ҳалимахон
Чапак урар.
Манноб эса
Чалпак урар.
ВАСВАСАЧИ
Кўпайганмиш
Илонлар.
Қутурганмиш
Қуёнлар.
Кит юрганмиш
Жарсойда…
Ҳушёр бўлинг
Ҳар жойда.
ҲИСОБДОН
Ҳажалбиби –
Янга,
Менга берди
Танга.
Тўртта бўлса
Янгам,
Кўп бўларди
Тангам.
МЕЗБОН
Қишлоғимиз –
Полосон.
Келсанг,
Яйраб қоласан.
Қуригунча
То палак,
Еб кетсанг-чи
Ҳандалак.
НАСИҲАТГЎЙ
Ўйнамагин
Ёмон билан,
Тепиб қочар
Товон билан.
Ўйна, яхши
Бола топиб,
Ё уйда ёт
Хола топиб.
ХУДБИН
Овқат есанг,
Мени чақир.
Эшитмасам,
Қаттиқ бақир.
Овқат есам,
Индамагин.
Борайми, деб
Имламагин.
ҲАВАС ҚИЛ
Бўлай десанг
Булбулча,
Ҳавас қилгин
Булбулга.
Ҳасад қилсанг
Булбулга,
Арзимайсан
Бир пулга.
КЎНГИЛ ЯҚИН БЎЛСА…
Гапиради
Жонзотлар:
Пашша, Товуқ
Ва Отлар.
Кимки бўлса
Меҳрибон,
Сўйлар ҳатто
Ит, Илон.
ЭРТАК
Қўнғир Айиқ –
Пўстин экан.
Бўри – чарим
Костюм экан.
Тулки эса,
Телпак экан…
Биз учун бу
Эртак экан.
БОЗОРЧИЛАР
Сичқон келди
Болиш олиб.
Каламушвой –
Калиш олиб.
Сичқон еди
Калишчани.
Каламушвой –
Болишчани.
ИШТАҲА
Кўкка боқиб
Ўйлар Жўжа:
«Юлдуз териб
Есанг пича…»
Кучук боқар
Ойга улиб.
Ой кўринар
Суяк бўлиб.
ҚЎЗИЧОҚҚА ХАТ
Сени эслаб
Юрибман.
Тушимда ҳам
Кўрибман.
Унутмайман
Ҳеч қачон…
Салом билан:
БЎРИЖОН.
ПАНАДАН ТУРИБ
Мушт дўлайиб
Чигиртка,
Дўқ урарди
Бургутга:
– Сен боламни
Чўчитма,
Қўлимни кўп
Қичитма.
ИХТИЁР ЎЗИДАМИ?
Илинди Чўртан
Қармоққа.
Кимдир тортқилар
Қирғоққа.
Болалар турди
Оёққа:
– Тўхтанг, бувижон!
Қаёққа?
ҒОЛИБ
Боксчи Ит
Деди хуриб:
– Олқишламанг,
Қарсак уриб…
Тинглаб у дўст
Қарсагини,
Эслар рақиб
Тарсагини.
НОТАНИШ МАҚТАНЧОҚ
Анграйиб дер
Ёш Делpфин:
– Жонзотмисан
Ёки жин?
Тимсоҳ деди:
– Акаси,
Мен – сув ости
Кемаси!
ҚУЁШНИНГ МАКТУБИ
Райҳон баргмас,
Пат ёзди.
Баргга офтоб
Хат ёзди.
Хатни ўқир
Сўзанак,
Тақиб олиб
Кўзойнак.
ЧИЯБЎРИЛАР АШУЛАСИ
Чўл ўзгариб
Дафъатан,
Бўлиб қолдик
Беватан.
Югурамиз
Қирма-қир…
Қириламиз
Бирма-бир.
СУВ НЕГА ОҚАДИ?
Чархпалак
Айланар.
Ит термилиб
Ўйланар:
«Айланмаса
У илдам,
Оқмас эди
Сувлар ҳам».
ҚИШ КЕЛЯПТИ
Пашша санғиб
Кечгача,
Топди митти
Печкача.
Афсус, йўқмиш
Тараша,
Бу печкага
Яраша.
ҲЎКИЗНИНГ ВАСИЯТИ
Бўлиб келдим
Сизга тиргак.
Ўлганда ҳам
Бўлай керак.
Жунларимдан
Кигиз қилинг.
Мугизимдан
Бигиз қилинг.
КАСБИНИ ҚЎМСАГАНДА
Қисқичбақа
Монтёрмиш.
Шўрлик аммо
Шапкўрмиш.
Баъзан чархлаб
Омбирин,
Қирқар қамиш
Томирин.
ХАВФЛИ ЙЎЛОВЧИ
Извошчи эди
Қуён,
Извошга чиқди
Қоплон.
Деди: «Ҳайда
Ўрмонга…
Кўздан пана
Томонга».
ЛАТВИЯГА ХАТ
Ипак қурти
Бизларда,
Атлас тўқир
Қизларга.
Атлас тўқир –
«Хон»идан,
Кечиб ширин
Жонидан.
ДЎСТЛИК ЎЗ ЙЎЛИГА
Иккови ҳам
Яхши Ит.
Уларда бор
Эс ва дид.
Улар қалин
Дўст, бироқ –
Бошқа-бошқа
Итялоқ.
ОТА ҚЎНҒИЗ ҚАЁҚДА?
Қўнғизча дер:
– Тоққа қара,
Дадам кетган
Ёққа қара…
Мен қарасам
Томга чиқиб,
Қўнғиз боқар
Жомга чиқиб.
АДИ-БАДИ
Чойнак боқди
Ойнакка.
Ойнак боқди
Чойнакка.
Чойнак деди:
–Ҳе, ялпоқ!
Ойнак деди:
– Дингқулоқ!
«ШУДГОРДА ҚУЙРУҚ ЁТГАНМИШ…»
Сичқон айтди
Илонга,
Илон айтди
Қуёнга.
Қуён айтди
Қоплонга,
Қоплон… тушди –
Қопқонга!
ЭШАКЛИКНИНГ БОШЛАНИШИ
Севиниб дер
Ёш Ҳанги:
– Эгарим бор
Яп-янги.
Қари отлар
Кулишар.
– Демак, сени
Минишар.
ЧУМОЛИ
Қайга борар
Чумоли?
Бошда паранг
Рўмоли.
Елкасида
Чамадон.
Чамадонда
Арпа дон.
ҚУЁННИНГ ТУҒИЛГАН КУНИДА
Ари келди
Асал олиб,
Эчки – қопга
Карам солиб.
Айиқ келди
Қошиқ билан,
Бўри – пичоқ,
Сочиқ билан.
КЕМИРУВЧИ
Ҳар ерда бор
Томир қурти.
Асли қайда
Унинг юрти?
Жавоб берди
Томир қурти:
– Қайда тўйсам,
Ўша юртим.
ОЧ РАҚҚОС
Терванбешик
Терванди.
Шўх ўйнашни
Ўрганди.
Чивин келиб
Най чалди.
Раққос унга
Чанг солди.
БОҚУВДАГИ ОТ
Тулпор четга
Тупурди,
Сўнг, Хачирга
Гупурди:
– Тўқ юрибман
Ишламай.
Нега энди
Кишнамай?
СИЧҚОННИНГ БАҲОНАСИ
Дуч келиб
Тўрт Мушукка,
Қочиб кирдим
Тешикка.
Чиқай десам
Ўртага,
Душманларим
Тўртта-да.
ҲОЗИРЖАВОБ
– Қайдан чиққан
Бу этик?
Билмайсанми
Вей, Хўтик?
– Керза этик,
Акаси, –
Ботинканинг
Дадаси.
АНА ХОЛОС!
Лойга ботиб
Бақирди,
Сичқон кимни
Чақирди?
Тақдир экан,
Шу дамда –
Мушук келди
Ёрдамга.
КЎЛМАКДА
Икки очкўз
Ўрдакча
Талашиб қолди
Ўлжа.
Ана, борар
Қизғин жанг.
Томошабин –
Чувалчанг.
ТЕЛЕФОНДА – ИТЛАР
Олапар
Қилиб «ир-р, ир-р»,
Гап сўради
Қандайдир.
Тўрткўзхон
Шошиб дарров,
Жавоб берди:
– Вов-вов-вов!
ДЎСТ БЎЛМАЙ КЕТ!
Чағир Илон
Ёнбошлади.
Ўйга чўмиб,
Бош қашлади:
«Дўстим Қўнғиз
Келмади-я.
Очлигимни
Билмади-я…»
ДЎЛ САВАЛАГАНДА
Ёмғир ёғди,
Дўл бўлди.
Хўроз шўрлик
Ҳўл бўлди.
Товуқ қочди
Катакка,
Чидамасдан
Калтакка.
СОЧИҚ
Магазиндан
Олиб чит,
Гердайганча
Деди Ит:
– Қоқлагач
Итялоқни,
Артамиз
Қўл-оёқни.
ЙИРТҚИЧЛИККА ИШҚИБОЗ
Тишин кавлар
Бозғончи.
Бозғончилар
Ёлғончи.
Пашшахўрлик
Қилиб дер:
– Насиб экан,
Едик Шер.
БИТТА СУЯКНИ ДЕБ…
Ит узоқдан
Чопиб келди.
Катта суяк
Топиб келди.
Қўққис ташлаб
Суягини,
Синдирди-я
Тувагини.
ҚУРУҚЛИКДАГИ АҲВОЛ
Бақа кезар
Таксида.
Сайр қилиш
Яхши-да.
Ана, шўрлик
Илонбой,
Пойлаб ётар
Трамвай.
КАККУ
– Кенг далам бор,
Как-ку.
Бўлмайман хор,
Как-ку
Уйим – эман,
Как-ку,
– Исминг нима?
– Как-ку,
Как-ку…
|