ao
ss

КАКЛИК ҚЎШИҒИ

Чиройлидир парвозим,

Какра-как.

Ширалидир овозим,

Какра-как.

 

Ўхшаб Булбул нодонга,

Какра-как.

Куйлайман мен арзонга,

Какра-как.

КОПТОКЛАР ҚЎШИҒИ

Сакроғичмиз, чаққонмиз,

Тўп-тўп-тўп.

Биз заводдан чиққанмиз

Кўп-кўп-кўп.

 

Ранжимаймиз тепсангиз,

Тўп-тўп-тўп.

Бир зум жим тур, десангиз,

Хўп-хўп-хўп.

ЧИРМАНДА ҚЎШИҒИ

Юм-юмалоқ қосқоним,

Бак-бака-бум.

Бўйнимда мис маржоним,

Бак-бака-бум.

 

Менга тушар шапалоқ,

Бак-бака-бум,

Сиз отасиз шаталоқ,

Бак-бака-бум.

ХЎТИК ҚЎШИҒИ

Қамиш ручкам бор эди,

Иҳа-иҳа.

Укам уни ҳам еди,

Иҳа-иҳа.

 

Борсаммикан мактабга,

Иҳа-иҳа,

Олсаммикан справка,

Иҳа-иҳа?

СИРТЛОН ҚЎШИҒИ

Шердан кучсиз бўлсам ҳам,

Шердан кўра хавфлиман.

Писиб ётиб

Рақибга –

Мен орқадан сапчийман,

Ир-р-р!

 

Писмиқлигим туфайли

Доим бешдир ишларим.

Омон бўлсин бахтимга

Тирноқларим,

Тишларим,

Ир-р-р!

МИЛТИҚЧА ҚЎШИҒИ

Дўконларда сотиламан,

Пақ-пуқ.

Ёлғондакам отиламан,

Пақ-пуқ.

 

Ёқтираман мард ўртоқни,

Пақ-пуқ.

Чўчитаман ланж, қўрқоқни,

Пақ-пуқ.

ҒУЛҒУЛТОВУҚ ҚЎШИҒИ

Қушларда ҳеч инсоф йўқ,

Сал нарсага кулишар.

Мени «Бурнинг қизил» деб

Доим эрмак қилишар,

Ғул-ғул-ғул.

 

Шу сабабдан, ошнавой,

Жиним суймас қизилни.

Қизил шимда йўлиқма,

Кўтармайман ҳазилни,

Ғул-ғул-ғул.

ҚИРЧАНҒИ ҚЎШИҒИ

Тош йўлларда мудрайман,

Тақа-туқ, тақа-туқ.

Зил извошни судрайман,

Тақа-туқ, тақа-туқ.

 

Қамчилашар ачитиб,

Тақа-туқ, тақа-туқ.

Ем беришмас ёлчитиб,

Тақа-туқ, тақа-туқ.

ШИППАК ҚЎШИҒИ

Юраман уй ичида,

Шип-шип-шип.

Гилам юмшоғ-ей жуда,

Шип-шип-шип.

 

Туртинмайман мен тошга,

Шип-шип-шип.

Лекин зорман қуёшга

Шип-шип-шип…

РУЧКА ҚЎШИҒИ

Ишлаяпман тинмасдан,

Қитир-қитир.

Соғ юрсам бас синмасдан,

Қитир-қитир.

 

Кўп ўйласам, озаман,

Қитир-қитир.

Сен айтсанг, мен ёзаман,

Қитир-қитир.

ҒУРРАК ҚЎШИҒИ

Мусичага ўхшайман,

Ғур-р-ру.

Кенг далада яшайман,

Ғур-р-ру.

 

Келинг – дала серфайз,

Ғур-р-ру.

Териб еймиз тутмайиз,

Ғур-р-ру.

СИЧҚОНЛАР ҚЎШИҒИ

Деворларни емирамиз,

Чи-чи-чий.

Сандиқларни кемирамиз,

Чи-чи-чий.

 

Буғдойдарни ўмарамиз,

Чи-чи-чий…

Мушук учун семирамиз,

Чи-чи-чий!

ТИШОМБИР ҚЎШИҒИ

Менга юмуш буюрманг,

Шақир-шуқ.

Кейин додлаб югурманг,

Шақир-шуқ.

 

Мен бажарар бўлсам иш,

Шақир-шуқ,

Гумдон бўлар битта тиш,

Шақир-шуқ. Ғарс!

БЕДАНА ҚЎШИҒИ

Майли, қуринг тўрқафас,

Пит-пилиқ.

Ҳеч йўқ, сайраб турсам бас,

Пит-пилиқ.

 

Азал эркиндир зоғлар,

Пит-пилиқ.

Қафасдадир сайроқлар,

Пит-пилиқ.

ФОТОАППАРАТ ҚЎШИҒИ

Гапиртирманг кўп мени,

Ёқангизни тўғриланг.

Қадаб олинг тугмани,

Сочингизни сал таранг.

Тумтаймасдан, жажжи қиз,

Кулиб қаранг кўзимга.

Қолган ишни энди Сиз

Қўйиб беринг ўзимга…

Шириқ-шиқ!

АВТОМОБИЛЬ ҚЎШИҒИ

Вақтим йўқ ҳол сўрашга,

Дуд-дудут.

Шошиляпман гаражга,

Дуд-дудут.

 

Жим кетяпман ўнг қўлдан,

Дуд-дудут.

Ўралашма, қоч йўлдан,

Дуд-дудут.

ЧАККА ҚЎШИҒИ

Киролмадим ромингиздан,

Чакка-чук, чакка-чук.

Тешиб тушдим томингиздан,

Чакка-чук, чакка-чук.

 

Томчилайман бошингизга,

Чакка-чук, чакка-чук.

Тегиш учун ғашингизга,

Чакка-чук, чакка-чук.

ҚАЛДИРҒОЧ ҚЎШИҒИ

Ёзганим чоқ мен қанот,

Қочар қурту ҳашарот,

Вижир-вижир.

 

Нонуштага ҳар куни

Ейман олма қуртини,

Вижир-вижир.

 

Қўнғиз бопдир тушликка,

Қурғур жуда гўштлик-да,

Вижир-вижир.

 

Қирқоёқ касофати –

Менинг кечки овқатим,

Вижир-вижир.

 

Болам ўчдир чивинга,

Уни ташийман инга,

Вижир-вижир.

 

Иркит пашша тутсам гоҳ,

Оқ нимчамни қилар доғ,

Вижир-вижир.

 

Мен уларга куюниб,

Дейман: «Юр-да ювиниб!»

Вижир-вижир.

ТЎРҒАЙ ҚЎШИҒИ

Ширингина тилим бор,

Фю-фю.

Бошимда кокилим бор,

Фю-фю.

 

Зериксангиз шаҳарда,

Фю-фю.

Даштга келинг баҳорда,

Фю-фю.

МУСИЧА ҚЎШИҒИ

Мени кўплар ювош дер,

Кук-ку-ғу.

Баъзи биров бевош дер,

Кук-ку-ғу.

 

Деҳқон мени сийлайди,

Кук-ку-ғу.

Омборчилар қувлайди,

Кук-ку-ғу.

ҚЎҒИРЧОҚЛАР ҚЎШИҒИ

Болажонлар, тўсиқдан –

Сизга бўйлаймиз.

Вақтингиз чоқ бўлсин деб,

Шўх-шўх ўйнаймиз,

Жикир-жикир.

 

Товуқ бўлсак биттамиз,

Биримиз – Тулки.

Бари ёлғон йиғидир

Ва ёлғон кулки,

Қиқир-қиқир.

 

Олишади ҳаттоки

Бизни кинога.

Сакратишар гоҳида

Пианнинога,

Дикир-дикир.

 

Кўнглимизда сираям

Йўқдир киримиз.

Лекин, дўстлар, бизнинг ҳам

Бордир сиримиз,

Пичир-пичир.

 

Сўйласин деб фақат биз

Айтган гапларни,

Четдан тортиб туришар

Турли ипларни,

Шитир-шитир.

ЧУМАКАРИ ҚЎШИҒИ

Белда чилвир белбоғим,

Беқасам тўн устимда.

Болари гоҳ жилмайиб –

Туртиб ўтар, дўстим-да!

Виз-з-з.

 

Аммоқовоқарилар

Мени қасддан туртишар.

«Ҳе, ризқингдан ўргилдим!» –

Деб хўмрайиб ўтишар.

Виз-з-з.

ТЕЛЕФОН ҚЎШИҒИ

Айлантириб бошимни,

Сўрайсиз қондошимни,

Жир-р-ринг.

 

Гоҳ янглишсам номердан,

Тумтайманг-да Сиз бирдан,

Кечир-р-ринг.

ҲАККА ҚЎШИҒИ

Қорним очса, бўғилмайман,

Шақ-шақ-шақ.

У-бу нарса ўғирлайман,

Шақ-шақ-шақ.

 

Нафасимни ҳеч тиёлмайман,

Шақ-шақ-шақ.

Қўлга тушсам, уялмайман,

Шақ-шақ-шақ.

ШАМОЛ ҚЎШИҒИ

Болаларга ёқаман,

Гув-гув.

Меваларни қоқаман

Дув-дув.

 

Баъзи феълим беъмани,

Гув-гув.

Чўктираман кемани…

Қий-чув!

ИРМОҚ ҚЎШИҒИ

Тошдан-тошга сакраб келдим,

Шилдир-шилдир…

Ариқларни ялаб келдим,

Шилдир-шилдир.

 

Қитиқлайман томирларни,

Шилдир-шилдир.

Қўмсайман Ўш, Помирларни,

Шилдир-шилдир.

БОЙЎҒЛИ ҚЎШИҒИ

Бозорларда дон сероб,

Лекин пулга сотишар.

Агар яқин борсак биз,

Дарров кесак отишар,

Ху-ху-хув.

 

Жонни қўйиб хатарга,

Юраманми бозорда.

Ҳамма нарса текиндир

Вайронада, мозорда,

Ху-ху-хув.

МЕВА ВА САБЗАВОТ ҚЎШИҒИ

Чалиб горн, барабан,

Келдик боғ ва даладан.

Анави – нок, бодринг – бу…

Дўмбира-дўм-дўм,

Тут-тут-ту.

 

Йўлда чангга ботдик биз,

Қайноқ сувни келтир тез.

Қилволайлик бир чўч-чўм…

Тут-ту, тут-ту,

Дўмбира-дўм.

ТОМИРҚУРТ ҚЎШИҒИ

Тайёрхўрман, уринмайман,

Қирт-қирт.

Энг муҳими – кўринмайман,

Қирт-қирт.

 

Томирларни қирқаман мен,

Қирт-қирт…

Эртамдан сал қўрқаман мен,

Қирт-қирт.

ПАРОВОЗ ҚЎШИҒИ

Югуроқман ҳамда шўх,

Кух-кух, пишшо-пиш.

Чунки ҳозир қорним тўқ,

Кух-кух, пишшо-пиш.

 

Беришмаса кўмирош,

Кух-кух, пишшо-пиш,

Бўлиб қолардим ювош,

Кух-кух, пишшо-пиш.

САМОВАР ҚЎШИҒИ

Менга ўтин чайнатинг,

Вақира-вуқ.

Сизга сувни қайнатай,

Вақира-вуқ.

 

Параходга укаман,

Вақира-вуқ.

Лекин… сойда чўкаман!

Вақира-вуқ.

ҚИЛИЧ ҚЎШИҒИ

Рақиб билан олишаман,

Жангира-жунгир.

Сингунимча солишаман,

Жангира-жунгир.

 

Синса агар шўрлик рақиб,

Жангира-жунгир.

Раҳмим келар унга боқиб,

Жангира-жунгир.

ЖЎЖА ҚЎШИҒИ

Ҳатто чивин ҳам эркин,

Катакдаман мен лекин,

Чип-чип-чип.

 

Бировларга қарамман,

Дон сочса деб қарайман,

Чип-чип-чип.

 

Очлик жуда ёмон иш,

Мушук яна бир ташвиш,

Чип-чип-чип.

 

Ҳамма бало тухумда,

Синиб кетди уйқумда,

Чип-чип-чип.

АРРА ҚЎШИҒИ

Дўстлар, ишлаб яйраш керак,

Шарра-шурра.

Аввал тишни қайраш керак,

Шарра-шурра.

 

Қайрасангиз, арралайман,

Шарра-шурра.

Ҳўл-қуруққа қарамайман,

Шарра-шурра.

БОЛТА ҚЎШИҒИ

Тик қўйинг-чи ғўлани,

Гуп, қарс!

Калла солай бир, қани,

Гуп, қарс!

 

Четда ёқинг ўтинни,

Гуп, қарс!

Мен кўрмайин тутунни,

Гуп, қарс!

БУЗОҚБОШИ ҚЎШИҒИ

Баъзан учиб кўраман,

Кўпроқ яёв юраман,

Вишт-вишт.

 

Камтаринлик яхши иш,

Бошга етар кўп учиш,

Вишт-вишт.

 

Очликка йўқ тоқатим,

Пашша – севган овқатим,

Вишт-вишт.

 

Бугун кўпроқ тутаман,

Меҳмон бўлинг, кутаман,

Вишт-вишт.

СОАТ ҚЎШИҒИ

Уйғонибоқ, кўзингни –

Ишқаб, менга қарайсан.

Йўл кўрсатиб турмасам,

Сен нимага ярайсан,

Чиқ-чиқ-чиқ,

Чиқ-чиқ-чиқ…

 

Мен ўлчайман кунингни

Ва ухлаган вақтингни.

Ҳисоблайвер сен ўзинг

Ташвишингни, бахтингни,

Чиқ-чиқ-чиқ,

Чиқ-чиқ-чиқ…

ҚИРҒИЙ ҚЎШИҒИ

Меникидир шу осмон,

Қий-й!

Тип-тиниқ ва бепоён,

Қий-й!

 

Ташлаб тушдим осмонни,

Қий-й!

Тутмоқ учун сичқонни,

Қий-й!

КОМБАЙН ҚЎШИҒИ

Бошоқларни ғажийман,

Ғарчча-ғурч.

Донни элаб-янчийман,

Ғарчча-ғурч.

 

Сизга ёқар аччиқ чой,

Ғарчча-ғурч.

Менга бериб туринг мой,

Ғарчча-ғурч.

БЎҒИРСОҚ ҚЎШИҒИ

Қозончада тутар ёғ,

Демак, роса бўлди доғ,

Жаз-жуз.

 

Шартта калла ташладим,

Сўнг қизара бошладим,

Жаз-жуз.

 

Ёғни шимиб ичдим мен,

Мана энди пишдим мен,

Жаз-жуз.

 

Соққа қилиб ўйнаманг,

Енг-да мени, қийнамай,

Жаз-жуз.

АСАЛАРИЛАР ҚЎШИҒИ

Гулни яхши кўрамиз,

Ғув-ғув-ғув.

Ундан шарбат сўрамиз,

Ғув-ғув-ғув.

 

Бизга қуринг уйчалар,

Ғув-ғув-ғув.

Болга тўлар хумчалар,

Ғув-ғув-ғув.

ЭШИК ҚЎШИҒИ

Мен очиқман ҳаммага,

Ғийқ-ғийқ.

Ҳожат йўқдир тамбага,

Ғийқ-ғийқ.

 

Кирсин покдил меҳмонлар,

Ғийқ-ғийқ.

Қайтаверсин ёмонлар,

Ғийқ-ғийқ.

БУЛБУЛ ҚЎШИҒИ

Қизил гулда ўйнайман,

Чика-чука.

Атиргулда тунайман,

Чика-чука.

 

Менинг кулчам – тўлин ой,

Чика-чука.

Ризқим – дон ва шудрингчой,

Чика-чука.

ЭГИЗ ҚЎЗИЛАР ҚЎШИҒИ

Серка – бошлиқ подага,

Асли нодон у ўзи.

Орқасидан эрмаклаб

Юрар ҳамма қўй-қўзи,

Бе-е-е,

Ба-а-а.

 

Бизлар унинг ўзига

«Катта кетманг», деганмиз.

Бетга айтиб тўғрисин,

Пича калтак еганмиз,

Бе-е-е,

Ба-а-а.

ЧИВИНЛАР ҚЎШИҒИ

Товуқларга дон ширин,

Минғир-минғир.

Чивинларга қон ширин,

Минғир-минғир.

 

Биз ҳаммага ёқамиз,

Минғир-минғир.

Ҳақ олмасдан чақамиз,

Минғир-минғир.

ҚАРҒА ҚЎШИҒИ

Ишонинг, бу чин сўзим,

Энг сезгир қуш – мен ўзим.

Ўйнайликми ё гаров?

Қар-р-ров!

 

Гўнгтепани титаман,

Нима топсам – ютаман.

Ишим азал шу – «ков-ков»,

Қар-р-ров!

 

Дурустроқман Товуқдан,

Қўрқмагайман совуқдан.

Жунжиктирмас қор, қиров,

Қар-р-ров!

 

Юраман чўл, қир ошиб,

Ундан-бунга гап ташиб.

Чақимчи деманг дарров,

Қар-р-ров!

САРАТОНҚЎНҒИЗ ҚЎШИҒИ

Шапкўрроқман, бор ҳассам,

Вис-с.

Тургизиб қўй ағнасам,

Вис-с.

 

Мен кетяпман меҳмонга,

Вис-с.

Айтиб қўйма Илонга,

Вис-с.

САМОЛЁТ ҚЎШИҒИ

Тегиб ўтсам булутга,

Ғўнғ-ғ-ғ.

Ўхшатишар бургутга,

Ғўнғ-ғ-ғ.

 

Қуш эмасман, ошнажон,

Ғўнғ-ғ-ғ.

Сепиб юрма менга дон,

Ғўнғ-ғ-ғ.

ҚАРМОҚПЎКАК ҚЎШИҒИ

Қармоғим – сув остида,

Чулуп-чулуп.

Мен эсам ўз постимда,

Чулуп-чулуп.

 

Балиқ тутса қармоқжон,

Чулуп-чулуп.

Менга қилар телефон

Кулиб-кулиб.

КАРНАЙ ҚЎШИҒИ

Томга чиқиб бақираман,

Вахах-ха.

Сени тўйга чақираман,

Вахах-ха.

 

Эшитган пайт товушимни,

Вахах-ха.

Дарров кийгин ковушингни,

Вахах-ха.

ТИКУВ МАШИНАСИ ҚЎШИҒИ

Турганим йўқ ғалтак ўйнаб,

Ғилдир-ғилдир.

Кўйлак тикдим ипни чайнаб,

Ғилдир-ғилдир.

 

Қани, кийиб кўр-чи, Гулсин,

Ғилдир-ғилдир.

Хўб ярашди, қутлуғ бўлсин,

Ғилдир-ғилдир.

КАПАЛАК ҚЎШИҒИ

Қўй ҳам борди яйловга,

Мен ҳам бордим яйловга.

Қўйнинг кўзи печакда,

Менинг кўзим чечакда,

Қанотларим пирпирак.

 

Той ҳам борди далага,

Мен ҳам бордим далага.

Тойнинг кўзи далада,

Менинг кўзим лолада,

Қанотларим пирпирак.

ХИРОМ ЭТИК ҚЎШИҒИ

Офтоб чиқса ялтирайман,

Ғарч-ғурч.

Совуқда сал қалтирайман,

Ғарч-ғурч.

 

Уйга киринг мени артиб,

Ғарч-ғурч.

Ҳамма жойда керак тартиб,

Ғарч-ғурч.

БАҚА ҚЎШИҒИ

Эгнимда кўк кўйлагим,

Вақ-вақа-вақ.

Олдимда тошойнагим,

Вақ-вақа-вақ.

 

Кулча экан юзларим,

Вақ-вақа-вақ.

Шаҳло экан кўзларим,

Вақ-вақа-вақ.

ЮРАК ҚЎШИҒИ

Кўкрагинда тураман,

Дук-дук-дук.

Бокс ўйнаб юраман,

Дук-дук-дук.

 

Ботир учун юракман,

Дук-дук-дук.

Қўрқоқ учун пуфакман,

Дук-дук-дук.

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz