ao
ss

АТРОФГА БИР ҚАРАНГ-ЧИ…

Жўжаларин чақирди Ғулғул, битта-битталаб,

Қилди қанот остига қабул, битта-битталаб.


Жўхоризор ичида поя чайнар Бўталоқ,

Кирди унинг лунжига думбул, битта-битталаб.


Пишгач кишмиш узумлар, Чумчуқ қўнар ишкомга,

Тотиб кўрар шошмасдан, нуқул битта-битталаб.


Индан чиқса ясаниб жиккаккина Болари,

Унга новвот узатар ҳар гул, битта-битталаб.


Сўфитўрғай янгада бордир тўртта полапон,

Ҳаммасига қўйибди кокил, битта-битталаб…


Кузатсангиз атрофни, завқ-шавқ берар табиат,

Барин айтиб беролмас Булбул, битта-битталаб.

ФЕЪЛ-АТВОР

Мусичалар юввошу Чумолилар тиришқоқ,

Сувараклар бебошу Кучукчалар уришқоқ.


Хўтиклар зўр яллачи, Қўй, Сигирлар далачи,

Шўх Қўчқорлар каллачи, Такалар ҳам сузишқоқ.


Лайлак бўзлар саёзда, семирволай деб ёзда,

Қарға қўрқмас аёздан, Қарқуноқлар қунишқоқ.


Бегемотлар ғирт гаранг, Тустовуқлар сал сатанг,

Бўрилар қўрс ва тажанг, Мушукчалар юлишқоқ.


Булбул митти хонанда, Чигирткалар созанда,

Маймун чалар чирманда, икки юзи буришқоқ.

КЎНГИЛХУШЛИК

Ёнбошлади шаҳзода Шер, ёстиқларни қалаштириб,

Кўнглини хуш қилди пича, икки Итни талаштириб.


Судья бўлиб сўнгра Қуён, чуриллатди ҳуштагини,

Илон билан Кирпини у жангга солди, сўраштириб.


Думин қамчи қилиб Илон сола кетди Кирпичани,

Бир бор урди Қуённи ҳам, рақиб билан адаштириб.


Томошабин аҳли роса қий-чув билан чалди қарсак,

Тўрт боксчи Маймунчани сулайгунча саваштириб.


Шаҳзода Шер қилди амр «Полвонларим, даврага!» деб,

Хўб яйради Эшак билан Каркидонни кураштириб.


Бўри тишин ғижирлатиб, дер: «Даврага чиқ-чи, Шоқол!»

Қон тўкилмай туриб, Булбул, қўйиш керак яраштириб.

ОВЧИНИНГ ТЎЙИ

Овчи Шер тўй қилибди, Юмрон келибди,

Юмрондан сўнг бир гала меҳмон келибди.

 

Чиябўри чийиллаб, рақс тушиб Маймун,

Карнай чалиб Фил оға шодон келибди.

 

Айиқ билан даврада бир беллашай деб,

Белин боғлаб Чумоли полвон келибди.

 

Турар сават кўтариб Каламуш новвой,

Ертандирда ёпилган ширмон келибди.

 

Йўлак қолиб, девордан келган Мушукнинг

Панжасида чийиллаб Сичқон келибди.

 

Ана таниш Бегемот, Тўнғиз ва Сувсар,

Бошқа юртдан ғалати ҳайвон келибди.

 

Тўй охирлаб қолганда шовқин солганча –

Қувлаб семиз Қуённи Қоплон келибди.

 

Боши қотди овчининг, қара, Булбулвой,

Тўёнага тўқсонта қопқон келибди.

ЁЗ

«Ўтин ташлаб» қуёшга, ўтни баланд ёқди ёз,

Гурзаилон қишдаги пўстинидан кечди воз.

 

Сийраклатиб юнгини туллай бошлар Тулкилар,

Ортиқчароқ патларин чўқиб-чўқиб юлди Ғоз.

 

Каклик башанг кийинди ечиб эски либосин,

Унинг чипор нимчаси тоғрангига тушди мос..

 

Хачир ётар сояда, думи ҳайдар  Чивинни,

Қуёш нурин яламоқ Мушук учун бунча соз?

 

Шод кавшанар Семизқурт, Чумакари бахтиёр,

Тўрткўз кўча чангитиб, тинмай чопар итга хос.

 

Ғунча илиқ, гул илиқ, борлиқ илиқ, дил илиқ,

Бу фаслни, Булбулвой, қанча севсанг, шунча оз.

КУЗ

Дастурхонга файз кирар ўлкамизда куз бўлиб,

Ҳамма тенгдан кавшанар, мевалар «уз-уз» бўлиб.

 

Энди ёнғоқ қоқиб ер ишбилармон Ҳаккалар,

Шарбат ташир анордан Арилар ғиз-ғиз бўлиб.

 

Ётар семиз ошқовоқ баргларида елпиниб,

Тилла рангли беҳиой боқди кулчаюз бўлиб.

 

Тарс ёрилган тарвузни баҳам кўрар Чумчуқлар,

Пишди анжир қанд мисол, шўртак олма – туз бўлиб.

 

Сур Майналар узумдан тотиб кўрар гердайиб,

Сўритокда ҳусайни товланар юлдуз бўлиб.

 

Чечак сўлди, Булбулжон, тўзар энди атиргул,

Кейин пахта очилган куз бобога қиз бўлиб.

БЕФАРОСАТ

Шернинг учта ўғли бор, бари бирдек сарамас,

Иккитаси беозор, кенжатойи – ярамас.

 

Ундан тугал ёт севинч, инжиқланар, турмас тинч,

Тунда қилар тиқилинч, деб: «Ой нега хирамас?»

 

Ёлғон йиғлар ҳар куни, оғрир эмиш биқини,

Акаларин ризқини тортиб олар, сўрамас.

 

Иш бор жойда келмас дуч, уйқусидан турар кеч,

Бет-қўлини ювмас ҳеч, сочини ҳам тарамас.

 

Йўқдир унда зарра шавқ, табиатдан олмас завқ,

Булбул куйлар «чаҳ-чаҳ-чаҳ», у ҳаттоки қарамас.

ҚАНДОЛАТЧИ

Ўрмондаги сайлдан топди хабар Кенгуру,

Сотган эди хўрозқанд ўтган сафар Кенгуру.

 

Ўйлаб кўриб, бу сафар қилмоқ бўлди нишолда,

Иш юришса, энди жа бойиб кетар Кенгуру.

 

Биқ қайнатиб қозонда, чақди укки тухумин.

Кейин унинг устига солди шакар Кенгуру.

 

«Бир косаси бир мири, кепқолинг, зўр нишолда!»

Озроқ бериб Қуёнга, деди «етар» Кенгуру.

 

Бир мирини бериб Фил, қоқлаб қўйди қозонни,

Қозон – Филга косадир, билса агар Кенгуру.

 

Қандолатчи анграйиб, чангаллади калласин,

Сездимки мен – Булбулбек, кўрди зарар Кенгуру.

КИМНИНГ КЎНГЛИ НИМАДА?

Ғуррак тутни эсласа, тонг отгунча изиллар,

Чумчуқ қуртни эсласа, боғ ичида пизиллар.

 

Қичқирганда ёш Хўроз, эшитса Қашқир бехос,

Уйқусидан кечиб воз, қишлоқ томон ғизиллар.

 

Хаёл суриб ётган Ит сезиб қолса бирон ҳид,

Суякка боғлаб умид, юрак-бағри жизиллар.

 

Пашша деган сур хола тўйган бўлса сал чала,

Борми деб кирроқ бола, тиним билмай визиллар.

 

Пашшамасман, мен – Булбул, ёқтирганим фақат гул,

Тушимга кирар нуқул пушти, сариқ, қизиллар.

МУСИҚА ДАРСИ

Эшитилди қўнғироқ: «жиринг-жиринг»,

Тугаб қолди танаффус, юринг-юринг.

 

Тайёр турар синфда ғижжагу най,

Мусиқадан дарс бўлар, киринг-киринг.

 

Торни олди Қўзичоқ, найни Хўтик,

Улоқ чалди рубобни «тиринг-тиринг».

 

Новвос карнай пуфлади, Мушук – сурнай,

Муаллим дер: «Дойрани уринг-уринг».

 

Дойра урди Бўталоқ, чанг чалди Той,

Ана сизга ансамбль, кўринг-кўринг.

 

Булбул ёзди шеърини жилмайволиб,

Кошки, ўқиб кулсангиз «хиринг-хиринг».

ЎЗИМИЗ БИЛГАН ҲАЙВОНЛАР

Ҳў узоқда турган нима? Бўталоқ-да, Бўталоқ,

Ажриқ емай, янтоқ чайнар… Чақалоқ-да, чақалоқ!

 

Дўнгликдаги нақшолмани Той силкиди, суйканиб,

Олма четга қочиб кетди, юмалоқ-да, юмалоқ.

 

Гўнг титкилаб юриб Чўчқа, ағнаб тушди чуқурга,

Чиқолмасдан дод солди хўб, бақалоқ-да, бақалоқ.

 

«Ернинг шакли қандақайкин?» деб сўрар Ит Эшакдан,

Жавоб берар Эшак ҳанграб: «Тапалоқ-да, тапалоқ!»

 

Қўнғироғин чалиб Эчки, бошлаб борар подани,

Орқасидан юрмаганга – шапалоқ-да, шапалоқ.

 

Шеърни ўқиб завқлансангиз, Булбулжоннинг вақти чоғ,

«Шуям гапми» десангиз, у хафароқ-да, хафароқ.

БУЗОҚЧА

Бугун эски молхонада туғилди бир ҳайвонгина,

Тарғил тўнли онасига термулди у ҳайронгина.

 

Онасига боқиб узоқ, деди: «Номим – мулла Бузоқ»,

Чиқса керак шўх ва сузоқ, кўриниши шайтонгина.

 

Секин ўпиб пешонасин, мол ялади шўх боласин,

Бузоқ таниб ўз онасин, ирғишлади шодонгина.

 

Туёқчасин такиллатар, думчасини ликиллатар,

Юракчасин пўкиллатар, қўйдан чўчиб нодонгина.

 

Онасига суйканади, эмизмаса куйканади,

Қорни тўйса, юпанади – мўвраб қўяр бийронгина.

 

Болажонлар, кўмак беринг – Бузоқчага курмак беринг,

Битта янги ҳуштак беринг Булбулга ҳам арзонгина.

БОЛАЛАР УХЛАГАНДА

Думи гажжак, уйга қайтар Чаён оҳиста-оҳиста,

Ўтламоққа чиқиб келар Қуён оҳиста-оҳиста.

 

Адирда дуд чалиб Бўри, овга чорлар ўртоқларин,

Юриб келгай улар яйлов томон оҳиста-оҳиста.

 

Тўнғиз момо дўмбоқларин уйқусираб эмизган чоқ,

Хаёл суриб пичан чайнар Қулон оҳиста-оҳиста.

 

Кундуз емиш излаб, энди қотиб ухлар чўл қушлари,

Улар сари ўрмаларди Илон оҳиста-оҳиста.

 

Тошбақа ҳў, сойни кўзлаб, йўлга чиққан эди тонгда,

Ярим йўлда ўрмалар у ҳамон оҳиста-оҳиста.

 

Кун бўйи қир, ўрмон кезиб, яна жарга қайтган Укки,

Кўрганларин қилар тунда баён оҳиста-оҳиста.

 

Кўршапалак учиб гир-гир, ярим тунда нени излар?

Бемаҳалда борар Тулки қаён оҳиста-оҳиста?

 

Болалар тинч ухлаган пайт нега уйғоқ ҳануз Булбул?

Олам сири бўлар бизга аён оҳиста-оҳиста.

СУВАРАК

Чатоқроқ дер иштаҳам, кўп емасмиш Суварак,

Лекин тоғни берсанг ҳам, кўп демасмиш Суварак.

 

Нафси текин тилармиш, қайда не бор билармиш,

Аста писиб келармиш, нарзи пастмиш Суварак.

 

Кезиб яқин-узоқни, излармиш оштовоқни,

Ёқтирармиш сарёғни, гўл эмасмиш Суварак.

 

Ўхшар ўтмас эговга, ўхшар яна сур ёвга,

Еганини бировга индамасмиш Суварак.

 

Булбул боқиб кўзингга, шартта айтар юзингга,

Очкўзлигинг ўзингга фойдамасмиш, Суварак.

КИМ НИМА ДЕЙДИ?

Шиллиқурт дер: «Эпчилроқман Балиқдан ҳам,

Эсон-омон сузиб ўтдим ариқдан ҳам».

 

Зағча айтар: «Энди сира армоним йўқ,

Қурт еярдим, тотиб кўрдим тариқдан ҳам».

 

Товус деди: «Оқ, кўк, қизил патларим бор,

Сотиб олдим кеча пушти, сариқдан ҳам».

 

Семиз Қўйга ем беришса, маърар Така:

«Баъзан хабар олинглар-да ориқдан ҳам».

 

Тушунтирди Кўршапалак: «Тунда файз кўп,

Фойда йўқдир менга қуёш, ёруғдан ҳам».

 

Тишин кавлаб, Булбулжонга деди  Сичқон:

«Мазалироқ нарса борми чориқдан ҳам?»

БАДНАФС

Эртаю кеч лойни титар Ўрдакбурун,

Чувалчанг ва қуртлар тутар Ўрдакбурун.

 

Сербарака бўлиб унинг ови бугун,

Кулбасида меҳмон кутар Ўрдакбурун.

 

Қаранг, меҳмон егунча бир чувалчангни,

Ўзи бешта қуртни ютар Ўрдакбурун.

 

Меҳмон азиз, аввал уни сийлаш керак,

Кавшанма кўп, энди етар, Ўрдакбурун.

 

Оқил, сипо бўлиб, нафсин тиёлмаса,

Бир кун ўзин бадном этар Ўрдакбурун.

 

Ҳаддан зиёд ёмонлама, Булбул, уни,

Йўқса сени қарғаб ўтар Ўрдакбурун.

КЕЛ, СУҲБАТЛАШАМИЗ

Берироқ кел қирғоққа, Чўртан,

Бир тўйиб ол пишлоққа, Чўртан.

 

Қўрқмасанг-чи, тушганмисан ё –

Бирон марта тузоққа, Чўртан.

 

Кошки, сендек сузиб дарёда,

Кетсам узоқ-узоққа, Чўртан.

 

Балки сен ҳам қиларсан ҳавас

Чексиз осмон, сўқмоққа, Чўртан?

 

Дадилроқ бўл, келақол бери,

Бир бор ишон ўртоққа, Чўртан…

 

Ҳеч қафасга тушмасин Булбул,

Сен илинма қармоққа, Чўртан!

ЮПАНТИРИШ

Йиғлар Мушук шумшайиб – Ит талаб ўтди,

Сигир уни юпатиб, бир ялаб ўтди.

 

Меҳрибонлик билан Қўй силади уни,

Хачир зимдан кўз қисиб, йўрғалаб ўтди.

 

Сичқон азал хафароқ эди Мушукдан,

Юзин четга ўгириб, орқалаб ўтди.

 

Товуқ момо катакдан чиқди қоқоғлаб,

Қанотида елкасин сийпалаб ўтди.

 

Овунтирди Бўталоқ, овунтирди Той,

Эчки эса қитиқлаб, эркалаб ўтди.

 

Булбул қизиқ қўшиқлар айтди Мушукка,

Эшак уни кулдириб, шатталаб ўтди.

ЭСИЗГИНА МОПЕД

Миниб эски мопедни, овга чиқди Бўривой,

Ёлғондакам милтиққа пўк ўқ тиқди Бўривой.

 

Кезди дашту тўқайни, ошиб ўтди адирдан,

Энг охири яйловга тумшуқ суқди Бўривой.

 

Ўтлар барра қўзилар, «овчи» боқар узоқдан,

Олапардан, чамаси, пича қўрқди Бўривой.

 

Патиллатиб мопедни қувлади сўнг Қуённи,

Мопед бирдан бузилди, уни йиқди Бўривой.

 

Ғилдиракни ирғитиб, тўртга бўлди моторни,

Тўкилди бор темирлар, ярмин йиғди Бўривой.

 

Қара, Булбул, сочилиб ётар темир-терсаклар,

Бензин тамом бўлганин кечроқ уқди Бўривой.

ВАҚВАҚАЖОН

Таниб қўйинг, дўстларим, мен Бақаман, вақвақа,

Ўйноқидир кўзларим, шўх боқаман, вақвақа.

 

Бақатўнга ялпайиб, ухлагайман шалпайиб,

Сув бетида тарвайиб, гоҳ оқаман, вақвақа.

 

Балиқ шерик ошимга, боқмас қари ёшимга,

Лайлак деяр: «Бошингда мих қоқаман», вақвақа.

 

Устаман сув сочишга, Сувилондан қочишга,

Гоҳи кўнгил очишга гап чақаман, вақвақа.

 

Тимсоҳ бизга падардир, фақат бўйим пакардир,

Тилим эса шакардир, қанд-«қақа»ман, вақвақа.

 

Чиқиб ариқ лабида, куйлаб Салим, Набига,

Булбулларнинг қалбига ўт ёқаман, вақвақа.

ЯРИМ КЕЧА ПАЛЛАСИ

Ухлар ҳатто чечаклар ярим кеча палласи,

Тинмас, бироқ, жонсарак Чигирткалар ялласи.

 

Бургут қайрар тирноғин, Бўри ҳидлар изларни,

Юлдуз санар Буғувой, бошда оғир салласи.

 

Кучукларга она Ит машқ қилдирар ҳуришни,

Ҳаммадан соз акиллар битта думи калтаси.

 

Мушук томни текширар, пичан ўрар Қуёнлар,

Овга чиқди Йўлбарсшоҳ, очмиш кенжа малласи.

 

Ғор ичида Қаплонча инграб ётар беором,

Тош ёстиққа ҳали ҳам ўрганмабди калласи.

 

Нега сергак Кирпилар, Какку нега ухламас?

Ором берсин уларга Булбулжоннинг алласи.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz