ao
ss

ШОИРНИНГ БИРИНЧИ ВАРАҚҚА ЁЗГАН ШЕЪРИ

Берироқ кел, кичкинтой,

Даврамиздан танла жой.

Мен сўзлайин, сен тингла,

Хоҳ ҳўнгра,

Хоҳ ҳирингла.

АСФАЛТЬГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Боғчадан

Сал ўтганда,

Чорраҳага

Етганда,

Фурсатни ҳеч

Берма бой,

Чапга бурил,

Ошнавой.

Сояда бир

Дўкон бор.

Ўзи кичик,

Номи «Қор».

Унда мўлдир

Музқаймоқ…

Чақанг йўқми?

Иш чатоқ!

ТЕЛПАККА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Оч Бўрига ем бўлсанг,

Қуритарди шўрингни.

Гўштинг қолиб, ҳаттоки –

Қиймаларди терингни.

 

Овчиларга йўлиқиб

Қилибсан-да усталик.

…Бизлар учун бу телпак

Сен Қуёндан эсдалик.

ДЕВОРГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Акам ишни боплади,

Шу деворни оқлади.

Энди унга ким чизса –

Ғирт аҳмоқ ва бемаза.

ҲАРСАНГГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Олдимизда – Олойтоғ,

Биз – сайёҳлар жа иноқ.

Наргиз ўртоқ Тош билан,

Мунира – Йўлдош билан.

Саддихонга дўстдир Нор,

Жамилага – Абжаббор…

Мен ҳозирча яккаман,

Йўл бошловчи такаман.

ФУТБОЛ ДАРВОЗАСИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Бизга қарши

Ўйнама.

Гол ҳақида

Ўйлама.

 

Дарвозада

Тураман,

Яқин келсанг…

Ураман!

ТЕРАККА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Юпқа кесилса

Шу улкан терак,

Аравачамга

Бўлар ғилдирак.

«АРИФМЕТИКА»НИНГ МУҚОВАСИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Олтига бир

Етти бўлар.

Саккиз, десанг,

«Икки» бўлар.

МОТОЦИКЛГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Жаҳлинг чиқиб

Қолса гоҳ,

Чопқиллайсан

Тумтароқ.

 

Ўйла мени,

Аямни:

Эҳтиёт қил

Дадамни!

РАСМ ДАФТАРГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ўйинчоғим йўқ, десам,

Кулиб акам Мираъзам.

Мана, дафтар,

Ол, деди.

Боплаб сурат сол, деди.

Арава чиз,

Сўнг тойчоқ…

Ана сенга ўйинчоқ!

ҲАММОМ СУПАСИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Кўп ишқама,

Етади.

Кирлар бир кун

Кетади.

 

Мочалкани

Қилма нам.

Қайноқ сувни

Ишлат кам.

 

Совун суртма

Юзингга,

Раҳминг келсин

Кўзингга.

ҚАЛАМДОНГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Бутун турар кўк қалам,

Бутдир қизил, яшил ҳам…

Фақат қора қалам йўқ,

Фақат қора қалам кам.

 

Уни ишлатиб бетин,

Чиздим туннинг суратин.

ЎЙИНЧОҚ КЕМАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ҳамроҳ қилиб

Дарёни,

Бир кўриб ол

Дунёни.

Етганингда

Денгизга,

Сигнал бериб қўй

Бизга.

Океанга

Чиққан пайт,

Жаноб Китга

Салом айт –

Қишлоқдаги

Ариқдан,

Ҳамма майда

Балиқдан.

АВТОМАТЧАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ишқибоз деб ўйламанг

Мени урушга.

Ўғил бола мажбурдир

Тайёр туришга.

 

Ахир менинг қарзим кўп

Она тупроқдан…

Уни тортиб олар ёв

Гўл ва қўрқоқдан.

МУЗГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Жудаям кенг музсарой

Қуриб берди бизга қиш.

Ҳамма жойда яхмалак,

Фигурали… йиқилиш.

ТЎРҚОВОҚҚА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Сенга раҳм қилдик биз,

Тўрга солиб, илдик биз.

Бердик дон, сув, бошпана…

Йиғлама-да,

Бедана!

ГУГУРТГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ҳа, муғомбир,

Ишқасам –

Дарров ёнасан.

Ўт қўйган мен эмас, деб

Кейин тонасан.

ИТЯЛОҚҚА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Лаби учган

Бу коса

Хизмат кўрсатган

Роса:

Олти кўппак,

Тўрт кучук –

Ундан ғажиган

Мижик.

Керилиб

Лайча энди,

Ичар ундан

Ювинди…

КОНВЕРТНИНГ ОРТИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Каптар қилиб учирдим,

Ака,

Хатни кутволинг.

Почтачи писмиқ чолнинг

Сумкасидан тутволинг.

ТАРОҚДОНГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ким олди кўк тароқни?

Жойига қўй, қароқчи!!!

КУТУБХОНА СТОЛИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Чипполина йўқ,

Ол-а…

Уйда қопти Шум бола.

Маугли – қарз бўйнимда,

Буратино – қўйнимда.

Билмасвойни… билмайман…

Бошқа бундай қилмайман!

ХОЛИНИСОНИНГ  ҚАБРИДАГИ СОПОЛГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Тўртинчи «Б» синфдан

Кетиб қолдинг сен нега?

Масалан,

Мен билволдим

Недир «кесим» ва «эга».

Тўполончи Аҳмадвой

Бўлиб қолди сал мулла.

Ярашишиб олишди

Нури билан Абдулла.

Прогулчи Раҳимнинг

Инжиқлиги йўқолди.

«Икки»чи Хомит эса

Кеча битта «уч» олди…

Мақсудахон аямиз

«Уч» қўймасди ҳеч сенга.

…Тўртинчи «Б» синфдан

Кетиб қолдинг,айт,  нега?!

ЎҚУВЧИЛАР ПОРТФЕЛИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Ҳамма китоб-дафтарим

Сенда турар,

Кўнглим тўқ.

Бир ўзингни кўтариб –

Юрадиган аҳмоқ йўқ.

РЎМОЛЧАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Бўлмайлик деб

Бетамиз,

Сенга бурун

Артамиз.

СОАТГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Мен шўрликни наҳорда

Уйғотасан жиринглаб.

Алаҳласам чўчиб, ё –

Куласанми ҳиринглаб?

 

Кейин мени қистайсан

Ташқарига «чиқ-чиқ», деб…

Баъзан ўйлаб қўяман

Сени темир чумчуқ деб.

ЁНҒОҚҚА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Пўстинингни

Ечдим мен.

Пўчоғингдан

Кечдим мен.

 

Энди олиб

Мағзингни,

Меҳмон қилай…

Оғзимни.

БОКСЧИЛАР ҚЎЛҚОПИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Исминг нима

Вей, рақиб?

Маткаримми,

Матёқуб?

 

Ке, турмайлик

Бўшашиб,

Танишайлик

Муштлашиб.

ЖАЗВАРГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Бўлмасанг ҳам мураккаб,

Бўлмасанг ҳам таниқли;

Сенинг ишинг – тўғрилик,

Сенинг ишинг – аниқлик.

ЭТИК ЧЎТКАСИГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Дуч келсанг

Кир этикка,

Сочларинг

Бўлар тикка.

 

Борганингда

Ғижиниб,

Этик турар

Қичиниб.

ПЕЧКАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Пишган чоғда

Бодомлар,

Сенга боқмас

Одамлар.

 

Қишда ночор

Қолишар,

Сени ишга

Олишар.

КУНЖАРАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Безор бўлдинг заводдан,

Кўникмадинг омборга.

Сен қайсарни охири

Тиқишди қоп-қанорга.

 

Мана, орзунг ушалди,

Кетмоқдасан узоққа…

Кетмоқдасан шод-хуррам

Ем бўлгани Бузоққа.

ҲУШТАККА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Сополдансан,

Булбулжон,

Юравергин чуриллаб.

Фақат, чиндан қушман, деб,

Учиб кетма пириллаб.

БОСМАҚОҒОЗГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Дафтардаги сиёҳни

Суртасан юз-кафтингга.

Циркдаги қизиқчи

Ҳасад қилар афтингга.

БАЙРОҚЧАГА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Лаганбардор эмассан,

На йиғлоқ, на сайроқсан.

Жим борасан олдинда…

Байроқсан-да,

Байроқсан!

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz