ao
ss

ТУЯНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Булбулга – дон ва гулзор,

Менга – янтоқ ва бархан.

Шунисига ҳам шукур,

Қолмасам бас беватан.

 

Дош бераман очликка,

Сувсизликка чидайман.

Дам беришса,

Чўккалаб –

Бурганларни ҳидлайман.

 

Менинг отам ва онам

Жуда ишчан ва ҳалол.

Хизмат бўлса,

Бизга ҳам

Айтаверинг бемалол.

ЧУМЧУҚНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Қарчиғайдан қўрқаман,

Оч Сордан ҳам қўрқаман.

Пойлаб келар орқадан,

Шунқордан ҳам қўрқаман.

 

Қирғий деган жангари

Хавфлироқдир янада.

Ҳаккадан ҳам,

Ҳар ҳолда,

Юрган яхши панада.

 

Мушукдан ҳам қўрқаман,

Кучукдан ҳам қўрқаман…

Ушлаб олсам Чивинни,

Шартта бўйнин қирқаман.

БЕШИКТЕРВАТАРНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Баҳор чоғи туғилдим

Ғумакгулнинг остида.

Тушмаганман ҳеч қачон

Дўстларимнинг қасдига.

 

Куним ўтар хизматда,

Бекам – сахий Ўргимчак.

У ишига кетганда,

Менга қолар беланчак.

 

Терватаман боласин,

Туриб эрта азонда.

Фақат,

Алла айтишни

Билмаганим ёмон-да.

БАҚАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Ҳовуз севган уйимдир,

Қуруқлик – кенг томорқам.

Балиқ менга оғайни,

Улфатимдир Қўнғиз ҳам.

 

Осмонга кўп тикилсам,

Хумбош Чўртан кулади…

Дўстлар,

Ахир, менинг ҳам

Учиб юргим келади.

 

…Бақатўнга ўраниб,

Кўрдим кеча ширин туш.

Бормиш кўм-кўк қанотим,

Ошнам эмиш ҳамма қуш.

БЎРИНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Бобом машҳур қароқчи,

Дадамиз ҳам ғирт ўғри.

Шундай экан,

Ошналар,

Нега юрай мен тўғри?

 

Ғорда ётиб,

Тишимни –

Чағир тошга қайрайман.

Қоплонни ҳам, ўнг келса,

Бўғизлашга ярайман.

 

Лекин

Сергўшт бўлса ҳам,

Қоплон хавфлидир пича.

Қуёнларни тинчгина

Қийратяпман ҳозирча.

ХЎТИКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Йўрға ҳамда бақироқ

Эшаквойга ўғилман.

Ҳали ёшман,

Гоҳида –

Шўрлик қилсам, бўғилманг.

 

Ўсдим қақшаб-қалтираб,

Туғилганман аёзда.

Майсаларга юмалаб,

Ўйнаб олай бир ёзда.

 

Тоқат қилинг,

Акажон,

Улғаяйин соғ-бардам.

Сиз отамни мингансиз,

Минасиз-да мени ҳам.

МУШУКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Катта бўлдим йўргаксиз,

Бешикчага беланмай.

Ўзим турдим оёққа,

Энагага эланмай.

 

Ўйноқлашиб юрардик

Шолипохол ичида,

Опам кетди бедарак,

Содда эди у жуда.

 

Қолдик ойим иккимиз

Кенг омборда сўппайиб…

Опам бир кун қайтармиш,

Болалари кўпайиб.

ПАШШАХЎРНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Туғилганман шу тоғда,

Арчадаги бутоқда.

Кулрангроқман мен қиттак,

Йўқса,

Дердингиз Читтак.

 

Тирикчилик – машмаша,

Қувалайман итпашша.

Куйиб-пишиб тутаман,

Бир ямлашда ютаман.

 

Патим тўзса,

Тарайман,

Очин-тўқин сайрайман.

Сайрар қўшни какликлар,

Қувноқ бўлар тоғликлар!

ҚАРҒАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Масхарабоз эди дадам,

Онам фолбин эдилар.

Кинначилик қилиб энам

Дон-дун топиб ердилар.

 

Чақимчи сур акам мени –

Урган чоғда

Эдим ёш.

Олис, совуқ ўлкаларга

Олиб кетдим уйдан бош.

 

Шундан бери яшаяпман

Аёзларда дилдираб.

Иссиқ юртга учса қушлар,

Термуламан мўлтираб.

ЭЧКИНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Туғилибман қоқ тунда,

Ой бўлибди шамчироқ.

Ўсдим,

Кирдим қаторга,

Тақдим кумуш қўнғироқ.

 

Шохим ўхшар қиличга,

Селкиллайди соқолим.

Кўз тегмасин,

Ҳозирча –

Жуда яхши аҳволим.

 

Қўнғироғим туфайли

Бош бўпқолдим қўйларга.

Энди мени

Судрашмас

Совға қилиб тўйларга.

КУЧУКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Сезган чоғим шарпани,

Акиллашни биламан.

Отамерос касб экан,

Қоровуллик қиламан.

 

Безарарман жудаям,

Кўрпа-ёстиқ керакмас.

Қолган-қотган нонлару,

Ювиндидан тегса, бас.

 

Ғажий десам суякни,

Жағда ҳали йўқ кучим.

Лекин

Гоҳи ғажийман,

Очдан ўлмаслик учун.

ЧЎЧҚАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Каркидонга аммаю,

Бегемотга холаман.

Ўша хирқи Тўнғизга

Ўгай опа бўламан.

 

Улар ўзи қондошми,

Бегонами етти ёт?

Касал бўлдим,

Келмади –

На Тўнғиз, на Бегемот.

 

Аммо,

Хафа бўлмайман

Йўқламаса Каркидон.

Жа қийиндир тўйғазиш

Бўлса агар у меҳмон.

ЖЎЖАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Тухумимдан чиқибоқ

«Онам ким?» деб сўрадим.

Чўлоқ Товуқ

Бошимни

Қанотида ўради.

 

Тухумлардан бирма-бир

Чиқди жажжи укалар.

Майсазорда сайр этсак,

Ҳавас қилар Куркалар.

 

Бошлаб юриб

Онамиз

Ҳаммамизни боқади.

Онам чўлоқ бўлса ҳам,

Менга жуда ёқади.

ФИЛНИНГ  ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Икки ёшга тўлдим мен

Йигирманчи апрелда.

Бироқ,

Қариб қолгандек

Қувватим йўқ ҳеч белда.

 

Ёмғир жуда кам бўлди,

Ўтлар сийрак ва майда.

Роса

Беш юз килога

Озиб кетдим бир ойда.

 

Қурғоқчилик бошланса,

Менинг кўнглим ғашланар…

Юз арава ем-хашак

Қарз қиптуринг,

Ошналар!

ЧИГИРТКАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Арпазорда туғилиб,

Арпазорда улғайдим.

Мўл-кўл бўлса бошоқлар,

Мени қувонч чулғайди.

 

Ҳамма ухлар кечқурун,

Куйлайман мен хушовоз.

Ўроқчиман далада,

Жангда эса – қиличбоз.

 

Кеча мендан Чумоли

Пича арпа сўради.

Дедим:

– Деҳқон сахийдир,

Тилаб борсанг, беради.

ПАШШАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Тухумчадан чиқибоқ,

Ўзим топдим ризқимни.

Олам ҳали кўрмаган

Мендек сурбет,

Шилқимни.

 

Сира эслай олмайман

Униб-ўсган хонамни.

Дадам кимдир,

Билмайман,

Танимайман онамни.

 

Туғма етим бўлсам ҳам

Қолганим йўқ хору зор.

Икки юзта акам-у,

Уч юзтача опам бор.

ЧУРРАКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Адаштирманг, болалар,

Ғурракмасман,

Чурракман.

Титкилайман балчиқни,

Тумшуқлари куракман.

 

Учсам,

Кучим етади –

Ўрдаклардан ўзишга.

Қолишмайман Балиқдан

Сув остида сузишда.

 

Совуқ жойдан келганман,

Бор нарсани кемириб.

Мазза қилиб юрибман

Иссиқкўлда семириб.

МАЙМУННИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Опкелишди зоопаркка,

Мени тўрда ушлашиб.

Қолиб кетди ўрмонда

Укаларим муштлашиб.

 

Шундан буён қафасда

Текин овқат кавшайман.

Шилишмаса теримни,

Ҳали узоқ яшайман.

 

Қилиғимни кўриш-чун

Тўп-тўп одам келади.

Раҳми келмас бировнинг,

Бари мендан кулади.

ҲЎКИЗНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Кўзларимга танишдир

Даладаги ҳар уват.

Яғир бўйним мускулдор,

Оёқларим бақувват.

 

Баъзан мени одамлар

Аравага қўшишар.

Гоҳи омоч судратиб,

Савалашар,

Сўкишар.

 

Ҳаммасига чидайман,

Тегса ҳамки асабга.

Айтганларин қилмасам,

Судрашади қассобга.

ҚИРҚОЁҚНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Тор кавакдан мўралаб,

Завқ оламан баҳордан.

Тарқар қора булутлар,

Музлар эрир анҳорда.

 

Ёзда эса,

Куч йиғиб,

Қиламан сайр-саёҳат.

Куз янаям яхшидир,

Салқин ҳаво, мўл овқат.

 

Ортиб борар ташвишим

Яқинлашиб қолса қиш.

Осон эмас,

Жўралар,

Қирқта этик тиктириш.

МУСИЧАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Гўлман,

Бироқ, дилкашман,

Буни билган билади.

Читтакка ҳам, Сорга ҳам

Ўртоқ бўлгим келади.

 

Пат-попугим тарагач,

Боқиб синиқ ойнага;

Танишай деб,

Бир куни

Яқин бордим Майнага.

 

Шапиллатиб қанотин,

Урди у бир тарсаки…

Сўнг юпатдим ўзимни:

– Арзимаган нарса-ку!

ҚИЗИЛИШТОННИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Бобом ҳозир дурадгор,

Аскар эди аслида.

Мен ҳам эдим ясовул

Бургутшоҳнинг қасрида.

 

Ҳамма ҳавас қиларди,

Кийимларим ранг-баранг.

Этикларим хиромдан,

Нимчам текис ва таранг.

 

Бир кун мени қувди шоҳ,

Кўздан йўқол деб нари;–

Эшик қолиб,

Девордан

Тешиб кирсам ичкари.

КАЛТАКЕСАКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Майли,

Писанд қилманг сиз,

Чивин учун тимсоҳман.

Юрсам ҳамки судралиб,

Қўшиқчиман, қувноқман.

 

Товуқ тайёр донни ер,

Лекин

Ётар катакда.

Мен қашқирдек эркинман,

Яшасам ҳам кавакда.

 

Кеча ногоҳ учратдим,

Лочин деган бир шумни.

Бошим омон бўлсин, деб,

Ташлаб қочдим думимни.

 

ЛАЙЛАКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

 

Омон бўлсин зовурлар,

Ботқоқларга шараф-шон!

Мерос қолган отамдан

Қамишзору

Бир дўкон.

 

Туриб эрта тонгдаёқ,

Балиқшўрва сузаман.

Ушлаб олсам илонни,

Лағмон қилиб чўзаман.

 

Ҳамма учун очиқдир

Лайлаквойнинг дўкони.

Келиб туринг меҳмонга

Бақаманти егани.

ШИЛЛИҚУРТНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Югурмайман,

Шошмайман,

Хоҳ сулла денг, хоҳ ялқов.

Ҳеч ким билан ишим йўқ,

Хоҳ беғам денг, хоҳ анқов.

 

Қаерим кам Ҳўкиздан

Бошимда қўш шохим бор.

Чиғаноғим ичида

Ётоғим ҳам тап-тайёр.

 

Дўстлар,

Нима қиласиз

Мени олға етаклаб?

Юрибман-да беғалва,

Бир чеккада эмаклаб.

СУВАРАКНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Мана,

Чиқдим ўртага,

Таниб қўйинг мени сиз.

Ҳавас қилар аккашга

Шахсан жаноб Шоҳқўнғиз.

 

Шоҳқўнғизда савлат бор,

Ландавурдир у бироқ.

Мақтаняпти деманг-у,

Йўқдир мендек югуроқ.

 

Мазаҳ қилиб дер Кана

– Сен Чумчуқдек «довюрак».

Қувишдамас,

Қочишда –

Бўш келмайсан, Суварак!

ТУРНАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Шунда экан насибам,

Умрим ўтар ботқоқда.

Ҳушёр бўлиб юраман

Узун ҳакалтаёқда.

 

Ўртоқларим ёқтирмас

Интизоми йўқ қушни.

Машқ қиламан,

Бўш қолсам,

Сафда текис учишни.

 

Оққушларга тақайди

Баъзи биров зотимни…

Мана,

Билиб олдингиз

Аҳволимни, отимни.

КЎКШИРАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Ёпишқоқман,

Ўз номим –

Ўзим билан Шираман.

Экинларга ғанимман,

Ўтакетган хираман.

 

Ўсимликни қийнайман,

Баргларини қуритиб.

Кўнглим тўлмас,

Ҳаттоки,

Гул-шонасин чиритиб.

 

Қирқай десам томирин

Тупроқ тўсар йўлимни…

Тупроқ куйлар ҳаётни,

Мен куйлайман

Ўлимни!

БУРГАНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Кир кўрпанинг астари

Ҳашаматли саройим.

Агар,

Иркит бўлсангиз,

Улфатимсиз ҳар доим.

 

Қорним очса,

Сапчийман –

Устингизга, шер бўлиб,

«Ҳе, афтингдан ўргилдим» –

Деманг, менга термилиб.

 

Мусобақа қилсангиз,

Ютқизасиз аккашга.

Чемпионман мен ахир,

Узунликка сакрашда.

ТИМСОҲНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Шу теварак-атрофда

Обрўйим жуда катта.

Бунинг учун

Куч билан

Нафс керак, албатта.

 

Мўмай ейман,

Майдани –

Ўтирмайман талашиб…

Қани келинг яқинроқ,

Дам олайлик гаплашиб.

Сўзлашамиз овқатдан –

Бемазадан, шириндан.

Фақат,

Менинг олдимда

Гапириш йўқ бурундан.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz