ao
ss

ҚАЛАМНИНГ РУЧКАГА ЁЗГАН ХАТИ

Кеча олдим,

Жиянчам,

Йиғлаб ёзган хатингни.

Айтмасанг ҳам бўларди

Олди-қочди дардингни.

 

Мендан аҳвол сўрабсан,

Ёзсам экан нима деб?

Хуллас,

Ишлаб юрибман,

Ўз этимни ўзим еб.

КАМОННИНГ ЗАМБАРАККА ЁЗГАН ХАТИ

Зах музейда ётибман,

Қилмишимдан уялиб.

Сен юрибсан

Қайдадир

Ҳануз қонга бўялиб.

 

Ростин айтсам, ёлғизлик –

Тегиб кетди жонимга.

Зўр бўларди

Сени ҳам

Опкелишса ёнимга.

ҚАЙЧИНИНГ ПИЧОҚҚА ЁЗГАН ХАТИ

Ғийбатчилар тўдаси

Мени очкўз дейишар.

Лекин улар ўзлари

Мендан кўпроқ ейишар.

 

Яшаш керак, ошнажон,

Йўқ, нафсимни тиймайман.

…Қўрқма,

Касбимиз бошқа,

Ризқингни ҳеч қиймайман.

РАДИОНИНГ ТЕЛЕВИЗОРГА ЁЗГАН ХАТИ

Чиққан чоғда минбарга,

Сал босиқ бўл,

Акаси.

Мақтаб нима қиласан

Бировнинг оқ такасин.

 

Аён бўлар бор нарса

Келиб вақти-фурсати.

…Балки,

Бизга «оқ» дерсан,

«Кўк»ни бўяб кўрсатиб.

САРИМСОҚПИЁЗНИНГ ОҚПИЁЗГА ЁЗГАН ХАТИ

Баримиз бир уруғдан,

Ҳаммамиз ҳам пиёзмиз.

Қондошликда

Шолғому –

Қизилчага қиёсмиз.

 

Ўтган ой

Кўкпиёзга

Ёзган эдим салом хат,

Ҳануз жавоб қайтармай –

Юрибди у касофат.

 

Кўриб қолсанг бозорда,

Тергаб қўйгин ачитиб.

Йўлиқсайди ўзимга,

Сўкардим

Бир саситиб.

КИРСОВУННИНГ АТИРСОВУНГА ЁЗГАН ХАТИ

Ювишади мен билан

Сочиқ, чойшаб, дастурхон,

Салла, рўмол, дарпарда,

Яктак, белбоғ ва иштон.

 

Айтаверсам бирма-бир,

Э, таърифи жа узун…

Сенда ювар одамлар

Фақатгина қўл-юзин.

 

Лекин ортиқ талтайма,

Кўп қувонма қадрингга.

Ишқибоздир одамлар

Ўзинггамас,

Атрингга.

ДЎППИНИНГ ШЛЯПАГА ЁЗГАН ХАТИ

Юргандирсан чўччайиб,

Соя ташлаб бурунга?

Учрашгандик сўнгги бор

Қайсидир бир гурунгда.

 

Эгам билан бирга мен,

Чиққаним пайт тўрига,

Сен ечилиб,

Бир четда –

Қолган эдинг мўридай.

СОПОЛТОҒАРАНИНГ ХУМГА ЁЗГАН ХАТИ

Хат ёздим бир бўш қолиб…

Ётган бўлма, ишқилиб,

Нақ қорнингдан ёрилиб,

Нам тупроққа қорилиб.

…Сўрар бўлсанг аҳволим,

Сал чатнагач сополим,

Ногиронга йўйилдим,

Четга тираб қўйилдим.

 

Мен ётибман «иззатда»,

Мис жомчалар – хизматда.

ЧЎЗМАНИНГ ПРУЖИНАГА ЁЗГАН ХАТИ

Ёмон қилиқ чиқардинг,

Каравотга тортилиб.

Ғижирлайсан ўзингча,

Қўшиқниям хор қилиб.

 

Кўп ғашимга тегмасдан,

Мой суртиб ол этингга.

Тарсиллатиб бир куни,

Қўйвормайин бетингга.

ҚАЙИҚНИНГ КЕМАГА ЁЗГАН ХАТИ

Балиқ овлаб

Неча йил,

Эшкагимни эшдилар.

Охир тошга уришиб,

Биқинимни тешдилар.

 

Шу аҳволда, ўйлагин,

Бориб бўлар қаёққа?

Йўқлаб эски дўстингни,

Бир келсанг-чи буёққа.

 

Балки кўнглинг ёзилар

Ер, ўтлоқни кузатиб.

Юраверма денгизда

Трубкангни тутатиб.

 

Фойданг тегиб турганда

Қадрлашар хизматинг.

Ишдан чиқсанг,

Билиб қўй,

Мендек бўлар қисматинг!

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz