Гулихоннинг гулзорчаси
Гулихон ойнаванд айвонда нонушта қилиб бўлиб, ташқига чиқди-ю, тўғри гулзорча томонга чопқиллади. Бу – ўз-ўзининг гулзорчаси. Бувиси эрта баҳорда ариқча ёқасидаги ернинг супрадеккина жойини кетмонда юмшатиб берди. Гулихон гул уруғларини сепиб, ёғоч сопли қуштирноқда уларни тупроққа аралаштирди. Мана, кунлар зувиллаб ўтиб, печакгул-у сапсарлар, чиннигул-у қистакўзлар рангго-ранг бўлиб очилди. Узоқдан қарасанг, атлас рўмолчанинг ўзгинаси.
Гулихон гулзорчасининг чиройидан кўз узолмай, завқи тошиб турганда, “виз-з” этган товуш эшитилди. Қаёқдандир учиб келган дурбинкўз асалари сурнайчаларни эслатувчи печакгуллардан бирига қўниб, ичига шўнғиди. Бундан Гулихоннинг зардаси қайнади:
– Ҳей, Ғизғизқори, нима қиляпсан? Киш!
Ўзи тўғрисида “Ғизғизқори – оғзи тўла дори”, деган матал борлигини кичкиналигидаёқ билиб олган асалари: “Ие! Нега мени ҳайдамоқчи бўляпсан?”, – деб сўраган эди, Гулихон: “Бу гулларни мен экканман, уларга тегма!” – дея ўшқириб берди.
– Ҳе атта-а-нг! – деб бош тебратди, оғзи ширалашиб турган Ғизғизқори. – Ўзинг эккан гулларга ўзинг ёмонлик тилаяпсан-а.
Ғизғизқорининг тушутиришига қараганда, асалари гулга қўнган чоғда ғунчадаги чанглар оғзи-ю оёғига ёпишиб қоларкан, кейин бошқа гулларга қўниб, бу чангларни уларга юқтирар экан. Агар чечаклардаги чанглар бир-бирига юқтирилмаса, ғунчалар нимжонлашиб, очилмасданоқ тўкилиб тушаркан.
Ғизғизқорини билмасдан хафа қилиб қўйганини англаб етган Гулихон ўзича пушаймонланиб турганида, яна бир гала асаларилар “возира-вузур” учиб келишиб, бири биридан гўзал гулларни ачом-ачом қилишга тутиндилар.
- Ҳей, ошналар! – дея шерикларига сўз қотди Ғизғизқори. – Гулихон билан танишиб қўйинглар. Бу гулларни шу қиз экканакан.
Асаларилар Гулихонга бирин-кетин салом бера бошлашди:
– Сало-о-м, Гулихон!
– Сало-о-м, яхши қиз!
– Танишганимдан ниҳо-о-ятда хурсандман, Гулихон!
Охирида энг митти асалари қанотини кўксига босиб, чучукланди:
– Аччаломалайтим...
– Гулзорчамга хуш келибсизлар! – дея асалариларга қувноқланиб боқди Гулихон. – Майли, гулларимга қўниб, мазза қилиб ўйнайверинглар.
– Биз капалак эмасмиз, биз гулдан гулга қўниб ўйнамаймиз, – деб, яна гап уқтирди Ғизғизқори. – Чечакларнинг тубида ширин тотқилар бор. Биз ўша тотқиларни симирволиб, асалга айлантирамиз.
Бу гапдан Гулихоннинг лаби чўпиллаб, чеҳраси очилди.
– Вой! Қани ўша асаллар? Чапира-чуп, чапира-чуп қилиб ялагим келяпти.
Ғизғизқори: “Ялагинг келаётган бўлса, эгамиздан сўраб кўр”, деб манзилни айтди. Маҳалланинг этагида яшовчи Турдибек ота асалариларга ёғоч уйча қуриб берган экан. Асаларилар асалларни ўша уйчага элтиб тўплашаркан.
Эртаси куни Гулихон яна гулзорчасига чиқди. Ариқчадан сув очиб, гулларни суғораётганида, “виз-з, виз-з” қилганларича тағин ўша асаларилар келиб қолишди:
– Сало-о-м, яхши қиз!
– Қайтиб кўришганимиздан ниҳо-о-ятда хурсандман, Гулихон!
– Аччаломалайтим...
Кеча Гулихон роппа-роса тўрт ёшга тўлган кун эди. Ғизғизқоридан дарагини билиб олганидан сўнг, туғилган кунига Турдибек отанинг асалидан совға қилишларини сўради. Дадаси: “Хўп бўлади, опош қизим”, деди-ю, бир коса асал олиб келди. Буни асалариларга айтиб мақтаниши биланоқ, Ғизғизқори: “Хўш, асалимиз сенга ёқдими?” дея шошиб савол берган эди, атрофидаги асаларилар қандай жавоб бўлишини кутиб, Гулихоннинг оғзига ҳаяжонланиб тикилишди. Гулихоннинг: “Шунақаям ширин эканки, мазаси ҳалиям танглайимда турибди”, деганини эшитиб, шодликдан “Ҳаюв-в!” деб юборишди. Кейин чечакларга ёпишиб, тотқиларни талашиб-тортишиб сўриб олишгач, яхши кайфиятда уйларига қайта бошлашди:
– Хайр, Гулихон!
– Кўришгунча омон бўл, қизалоқ!
– Яччи қол, Гуллий...
Гулихон асаларилар билан қўл силкитиб хайрлашаётиб: “Ўртоқларинг бугун роса хурсанд кўринишяптими?” – деб сўради Ғизғизқоридан.
– Асалимизни мақтаб, баримизни қувонтириб юбординг, – деди Ғизғизқори. – Ота-бувамиздан қолган одатимиз бор – доимо бошқаларга фойдаси тегадиган иш қилишга уринамиз. Қилган ишимиз ўзгаларга ёқса, суюнгандан суюниб кетамиз. Шунақа оқкўнгиллигимиз учун ҳамма бизни яхши кўради.
Ғизғизқорининг бу сўзлари Гулихоннинг дилига чуқур ўрнашиб қолди-ю, ўша кундан бошлаб хулқ-атвори анча ўзгарди. Энди у бирон-бир юмушга қўл ураётиб, бу ишимдан бошқаларга наф борми, қилган ишим бировларга ёқармикин, дея ичида ўйлаб қўядиган, ойисининг қўлдошига айланиб уй супураётганида, идиш юваётганида ёки товуқларга дон сочаётганида юраги яшнаб-яшнаб кетадиган бўлди.
2007-йил
Одобли бўлиш осонми?
Миттигина, қувноққина, ебтўймасгина бир сичқонча бор экан. У суюкли онажониси билан бирга қишлоқдаги энг баланд, энг кўркам уйнинг энг чуқур кавагида яшар экан.
Бир куни онажониси тўлпоқ Сичқончанинг бурнига бурнини ишқаб эркалатибди-да: “Мана, оёқ пайларинг пишиб, тилинг сайроқланиб, ташқарига ўзинг чиқиб ўйнасанг ўйнагудек бўлиб қолдинг, энди сал эсингни йиғиб ол, одобли бўл”, деб насиҳат қилибди.
– Эсим-ку жойида, чунки қайси овқат ширинлигини яхши биламан, – дебди Сичқонча ўзини мақтаб. – Аммо одобли кўриниш учун нима қилишим керак, ойижоним?
– Кичкинтойларнинг одоби, биринчи ўринда, қандай салом беришидан билинади, – дея жавоб қайтарибди онажониси. – Ўзингдан каттароқларни учратганда, чиройли жилмайиб: “Ассалому алайкум”, десанг, улар ҳам сенга очиқ юз билан боқиб: “Ваалайкум ассалом”, дейишади. Кейин ичларида “ниҳоятда одобли бола экан, ота-онасига минг раҳмат”, деб қўйишади.
Буни эшитиб, Сичқончанинг завқи жўшиб кетибди. Қойилмақом салом бериб, бировлардан тезроқ раҳмат эшитгиси келибди-да, шоша-пиша ташқарига йўл олибди.
Кавакдан чиқибоқ, унга чақчайганича тикилиб турган бўғирсоқсимон Мушукка йўлиқибди. Сичқонча шум бароққа жилмайиб қараб, “Ассалому алайкум, Миёвпочча!” деган экан, унинг кўзидаги ёвузлик бирданига сўнибди ва сал тамшаниб қўйиб: “Ваалайкум асаломув-в...Умринг узоқ бўлсин. Ўтавер”, дебди.
Биринчи дуодан кўнгли тоғдек кўтарилган сичқонча қувончдан ирғишлаб-ирғишлаб бораётиб, чўққисоқол қари Эчкига дуч келиб қолибди.
– Ассалому алайкум, Эчкивой бува, – олдинги ўнг оёғини кўксига босибди Сичқонча.
- Ме-е-алайкум ассалом, – дея қироат билан алик олибди эчки. – Кам бўлма, бўтам. Отангга раҳмат. Агар қорнинг оч бўлса, ке, манави думбулнинг четидан озгина кемириб ол.
Сичқончанинг думбулдан қиттак тотиб кўргиси келган бўлса-да, янаям одобли кўриниш учун нафсини тийиб: “Ташаккур, Эчкивой бува, ҳали ишим кўп. Кун ёруғлигида бошқаларгаям салом бериб чиқишим керак”, дебди. Оппоқ соқоли шамолда байроқчадек ҳилпираётган қари Эчки унинг ортидан ҳавас билан тикилиб қолибди. Балки, “эҳ, қанийди, менинг невараларим ҳам шунақа ширинтой чиқиб, ҳаммадан дуо олиб юрса”, деб ўйлагандир.
Ёшу кекса ўртасида қандайдир тенглик, ўзаро меҳр-оқибат, бир-бирига яхшилик тилаш кайфиятини юзага келтирувчи мўъжизали “салом-алик” Сичқончанинг кўнглини тобора яшнатаверибди, янгидан-янги танишлар орттириш, самимий чеҳраларни кўпроқ кўриш умидида олдинга қараб бораверибди. Маккапоя тугаб, уватдаги ўтлоққа чиқиб келганида, ўсиқ шўралар орасида косасининг ичига бекинволиб ухлаётган тошбақага кўзи тушибди. Сичқонча заррача иккиланмай, ўша ширали овозда “ассалому алайкум, Тошбақа тоға”, дебди. Тошбақа эса уйғонмабди.
Сичқонча Тошбақанинг боши қайси томондалигини билолмай, косанинг теварагида уч-тўрт марта айлани чиқибди. Охири таваккалига бир тарафда туриб олиб: “Ассалому алайкў-ў-м, Тошбақа тоға! Ҳой, сизга салом беряпман, тоғажон, алик олмаяпсиз-ку. Ҳў, Тошбақа тоға, яна бир марта ассаломалайкў-ў-м! Қачон алик оласиз? Юрагим ғаш бўпкетяпти, тоғажон!” – дея худди эшикни қоққандек, Тошбақанинг косасини муштида тақиллатиб жаврайверибди. Бир пайт Тошбақа косанинг нариги ёғидан бошини чиқариб, уйқусираганча вайсаб берибди:
- Оббо-о, бу дунёда тинчроқ жой қолмабди шекилли... Ҳов, ким у ҳадеб орқа томонимга салом бераётган?
Шўрлик Сичқонча хижолат бўлиб, лип этганича ўзини ўтларнинг бағрига урибди. Ялангликка етиб борибоқ, зўр томошанинг устидан чиқиб қолибди. Шу ҳовлида яшовчи маймоқ ит – ўзининг айтишига қараганда, юздан ошиқ “жаҳон урушлари”да қатнашиб, етмиш тўққиз жойидан ярадор бўлган шоввоз Тўрткўз қўшни Олапар билан суяк учун жанг олиб бораётган экан.
Шундай жанговар ҳайвонга салом бермай ўтсам, катта одобсизлик бўлса керак, деб хаёлидан кечирибди Сичқонча ва уларга яқинроқ бориб, ёқимтой товушда: “Ассалому алайкум, паҳлавон Тўрткўз!” – дебди. Итлар унга парво қилмай тишла-тишлани давом эттиришибди. Сичқонча ҳам бўш келмабди, чангга беланган куйи, уларнинг теварагида пизиллаб, гоҳ у ёқдан, гоҳ бу ёқдан бақириб-чақириб салом бераверибди:
– Ассаломалайкум! Ҳей, Тўрткўз, ассаломалайкум! Бу қанақаси, қулоқ борми ўзи? Ҳей, ассаломалайкум деяпман! Саломга алик қани? Бунақа қилиш яхшимас! Ассаломалайкум деб турибман-а!
Шунда Тўрткўз Олапарнинг елкасидан тишлаб узоқроққа отиб юборибди-да, то душмани ўзини ўнглаб олгунча, орада Сичқончага ўқрайиб: “Вов алайкум! Кўнглинг тинчидими, қутилдимми? Бор, йўқол энди!” – деб ириллабди, сўнг қайтадан олишувга киришибди.
Кутилмаган бундай совуқ муомаладан Сичқонча донг қотиб қолибди, тўсатдан хўрлиги келиб, юраги тўлиқиб кетибди. Юм-юм йиғлаганича ортга қайтаётганида, ярим йўлда яна қари Эчкига тўқнаш келибди. Эчки бу йиғи-сиғининг сабабини суриштирган экан, Сичқонча, ҳиқиллаб-ҳиқиллаб, Тошбақа ва Тўрткўз билан бўлган воқеаларни оқизмай-томизмай айтиб берибди.
Сичқончанинг арзини тинглаб бўлгач, Эчки шундай дебди:
– Хафа бўлма, бўтам. Кейинги сафар қулайроқ вақтда учрашиб қолсанг, улар саломингга албатта алик олишади, сендан хурсанд бўлишади, мақташади. Ўзгаларга биринчи бўлиб салом бериш жуда хосиятли иш. Аммо, саломлашиш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Ота-онанг юмушлардан бўшаб, хотиржамроқ турган чоғда шу тўғрида секи-и-н гап очсанг, тушунтириб беришади.
Кўпни кўрган Эчкининг бу гапини эшитиб, Сичқончанинг кўнгли хиёл таскин топибди. Инига қайтаркан: “Ўзгаларга салом бериш шарт бўлмаган пайтлар ҳам бўлар экан-да? Улар қандай ҳолатлар ўзи?” – деб ўйлай бошлабди, буларни онажонисидан сўраб билиб олишни дил-дилига тугиб қўйибди.
1996 йил
Оловжон
Кунлар исиб, талон-тарож мавсуми бошлангани муносабати билан Қумурсқалар подшоси саройида катта зиёфат берилмоқда эди. Базм авжга минган чоғда Юмалоқполвон исмли лашкарбоши ҳаллослаганича шоҳнинг ҳузурига кириб келиб, гап бошлади:
– Олғир қўшинларимиз сахий одамлар қоққан дастурхондан тушган увоқларни ўша заҳотиёқ қуршовга олишга муваффақ бўлишганди. Афсуски, очкўз Чумолилар кутилмаганда устимизга ёпирилишиб, ўлжамизни тортиб олишди.
– Сенлар оғизларингни очиб туравердингларми? – дея лашкарбошига ўдағайлади шоҳ. – Шунча аскар билан Чумолиларнинг қуруқ дўқидан қўрқиб ўтирган экансан, бу кунингдан ўлганинг яхши, Юмалоқполвон! Бугундан бошлаб сени оддий аскарликка тушираман.
Шундан сўнг, шоҳ атрофида ўтирган нозирларига юзланиб, кимни лашкарбоши қилиб сайлаш ҳақида маслаҳат сўради. Ҳеч кимдан дурустроқ фикр чиқмади. Очиқроғи, ҳар бир нозир шоҳнинг ўзи уни лашкарбоши қилиб сайлашидан умидвор бўлганича писмайиб турарди.
Шоҳнинг: “Шу хонада турганларнинг қай бирови лашкарбошиликни зиммасига олиб, Чумолиларни енгса, уни кенжа қизимга куёв қиламан”, деган гапини эшитиб, типирчилай бошлаган нозирлар, “Аммо, жангда енгилса, ачиган қатиққа чўктираман”, деган қўшимчадан сўнг яна шалпайишди.
Улардан бири шеригига шивирлади:
– Жонни эҳтиёт қилаверайлик, биродар. Бош омон бўлса, хотин топилади.
Шоҳ атрофга бир аланглаб қўйиб, сўради:
– Хўш, лашкарбошиликка ишқибозлар борми?
– Бор! – қичқирди кимдир эшикнинг ёнидан.
Нозирлар товуш келган ёққа ўгирилишди, кейин икки томонга сурилиб, йўл бўшатишди. Ёшгина, кўзларидан жасорат ёғилиб турган Қумурсқа дангал одимлаганича тахт қаршисига келиб, шоҳга таъзим қилди.
– Зўравон Чумолиларнинг таъзирини, мана, мен бераман! – ишонч билан сўз қотди у.
– Кимсан ўзинг? – таажжубланиб сўради шоҳ. – Бунча чиранмасанг, зумраша?
Бу зумраша сарой ошпазининг Темиртирноқ исмли яккаю ёлғиз ўғли бўлиб, жангари ва довюраклиги учун ҳамма уни Оловжон дер эди.
Оловжон шоҳнинг кенжа қизини бир кўришдаёқ севиб қолган, унга етишиш йўлида жонини беришга ҳам шай эди. Бундан ташқари, қўрс ва сурбет Чумолиларни у жуда ёмон кўрар, уларнинг қадим-қадимдан Қумурсқаларга зўравонлик қилиб келганликлари ҳақида кексалардан кўп ҳикоятлар эшитган, пайти келса, боплаб ўч олишни юрагига тугиб қўйганди.
Оловжон шоҳга ўзини танитди.
– Нима ҳам дердик, – елкасини қисиб қўйди шоҳ. – Шу хонадагиларнинг ҳар бирови лашкарбошиликни зиммага олиши мумкин деб юборган эканмиз, ваъдада туришимизга тўғри келади. Лекин, билиб қўй, бола, бошинг гаровда бўлади-я!
– Бошимнинг ташвишини тортмай қўя қолинг, – чапаничасига қўл силтади Оловжон. – Мабодо енгиладиган бўлсам, унда яхшиси, жанг майдонида ўламан.
Одатда, Оловжон дадасига ёрдам бериб бўлгач, бўш вақтларини китоб ўқиш билан ўтказар, айниқса, Қумурсқалар орасидан чиққан лашкарбошилар ҳақидаги ривоятлар унга жудаям ёқар эди. Баъзан миясига дам бериш учун хилват жойларда кезиб юрар, бундай чоғларда буюк лашкарбоши Каллаботир ҳақидаги қўшиқни овозининг борича жўшиб-жўшиб куйларди:
Бизлар митти яралдик,
Аммо қўрқоқ эмасмиз.
Дўқ урганда кучлилар,
Шафқат қилинг демасмиз,
Дадил бўлинг, миттилар!
Энг даҳшатли ёвлар ҳам
Енголмайди мардларни.
Каллаботир ортидан
Маҳкам тутинг сафларни,
Дадил бўлинг, миттилар!
Шоҳнинг кенжа қизи Заррабону кунлардан бир куни канизаклари билан сайр қилиб юриб, яқин орадан шўхчан қўшиқ таралаётганини эшитиб қолди ва ёқимли овозга маҳлиё бўлганича ўз-ўзидан ўша томонга юра бошлади. У бутун вужуди билан қўшиқ куйлаётган чиройли ёш қумурсқага панадан узоқ термилиб турди. Шу кундан бошлаб сарой ошпазининг ўғли тез-тез унинг тушларига кирадиган бўлди.
Заррабону бугун жуда бахтиёр эди. У ўз севгилисининг лашкарбоши бўлганини эшитиб, беҳад қувониб кетди. Оловжоннинг боши гаровда эканлигидан хабардор бўлса-да, бундан унча хавотирланмас, унинг жангдан ғолиб бўлиб қайтишига астойдил ишониб турарди.
Энг машҳур саркардалар кучли душманни ҳийла ва тадбиркорлик билан мағлуб этганлигини Оловжон яхши биларди. Шу туфайли ўз лашкарини Чумолилар мамлакати чегарасига яқин олиб боргач, ёвни тузоққа қандай илинтиришни ўйлай бошлади. Охири ажойиб бир режа тузди. Аввалига, у ҳар ўн мингта жангчига бошлиқ этиб тайинланган сардорларни қароргоҳига тўплаб, уларга ўз режаси ҳақида гапириб бермоқчи бўлди, сўнг дарровда бу фикридан қайтди.
“Яхшиси, қилинадиган иш тўғрисида уларга якка-якка буйруқ буриб тураман, – ўзича ўйлади Оловжон. – Токи бирортаси ҳам қандай мақсадни кўзлаётганимни тўлиқ англаб етмасин”.
Ҳа, Оловжон жуда ақлли эди. У тўғри йўл тутди. Чунки ниятини кўпчиликка элбурутдан айтиб қўйса, биронта сотқин чиққан тақдирда ишнинг бузилиши ҳеч гап эмасди. Ахир, сардорларнинг деярли ҳаммаси зодагонлардан бўлиб, бундай қумурсқалардан ҳар нарсани кутиш мумкин эди.
Эртаси куни Оловжон ўз аскарларининг тўртдан бир қисмини жангга юборар экан, бу тўда сардорига Чумолилар билан шунчаки тўқнашган бўлиб, кейин, душманни ортларидан эргаштирганча ўз қароргоҳлари сари чекинишни буюрди.
– Биз бу ерда ҳалқа шаклидаги мураббо деворли қўрғон қуриб қўямиз, – деди Оловжон. – Сиз чекинаётган аскарларингизни шу халқанинг очиқ қолдирилган қисмидан ичкарига бошлаб кирасиз-да, олға бораверасиз. Қўрғон дарвозасининг қарама-қарши томонидаги мураббо-девор устига ажриқ пояси ташлаб қўйилган бўлади. Барча аскарлар ундан ўтиб бўлишгач, ажриқ поясини кўплашиб ташқарига тортиб оласизлар.
– Ҳеч нарсага тушунмаяпман, – таажжубланди тўда сардори. – Бундан нима фойда бор? Чумолилар қўрғоннинг ичкарисига киришади-ю, бизни қувиб етишолмагач, орқага қайтиб яна ўша дарвозадан ташқарига чиқиб кетишаверади-да. Менимча, ажриқ поясини тортиб олмаганимиз маъқул. Чумолилар бу тор кўприкдан бирин-кетин ўтишга мажбур бўлишади. Биз эса пастда кўпчилик бўлволиб, уларни битта-биттадан қириб ташлаймиз.
“Мана, зодагонларнинг аҳволи, – дея кўнглидан ўтказди Оловжон. – Шундай оддий нарсага ақли етмай турибди-ю, яна ўзини катта тутиб, менга насиҳат қилмоқчи”.
– Сиз айтганларимни индамай бажараверинг! – қовоғини солиб, сардорни жеркиб берди ёш лашкарбоши. – Ҳозирча бу ерда мен қўмондонман. Қолаверса, менинг бошим гаровда турибди.
Тўда сардори “қани кўрамиз-да, қўлингдан нима иш келаркин, тирранча”, дегандек лабини жийириб қўйиб, индамай нари кетди.
Шундан сўнг Оловжон бошқа сардорларни тўплаб, уларга бошқача буйруқ берди:
– Барча жангчилар оғизларида мураббо ташиб келтириб, шу жойга ширали қўрғон қурсинлар. Қўрғоннинг кунботар томонида кичик дарвоза қолдирилсин.
Сардорлар гап нимада эканлигини тушунмай, бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди. Фақат Найзаполвон исмли кекса сардоргина ёш лашкарбоши жуда пухта ҳийла ўйлаб топганини дарҳол тушунди ва Оловжоннинг зеҳнига қойил қолиб, унга зимдан жилмайиб қўйди.
Мураббодан тикланаётган қўрғон кечга яқин битказиб бўлинди. Кўп ўтмай, ортга чекинаётган Қумурсқаларнинг дастлабки қисмлари узоқдан кўзга чалинди. Оловжон сардорларга янги кўрсатма берди:
– Бу ердаги аскарларнинг ҳаммаси оғизларига қайтадан мураббо солиб олишиб, қўрғон дарвозасининг икки тарафида пистирмада туришсин.
Сардорлар бу буйруқни мингбошиларга, мингбошилар юзбошиларга, юзбошилар ўнбошиларга, ўнбошилар аскарларга етказиб, ҳамма ҳаракатга тушди. Аскарлар шу қадар интизомли эдики, бунга чидаб туриш қанчалар қийин бўлмасин, оғизларидаги тап-тайёр мураббони бировга сездирмай ютиб қўйишни хаёлга ҳам келтиришмаётганди.
Чекинаётган Қумурсқалар ўз бошлиқлари ортидан қўрғон ичига кира бошладилар. Сон жиҳатдан бир неча марта устун бўлган Чумолилар уларни мазахлаб-мазахлаб, қувишда давом этишди. Энг охирги Чумоли дарвозадан ўтиб бўлгач, Оловжон пистирмада турган жангчиларни ишга солди. Улар оғизларидаги мурабболарни бирин-кетин тўкиб, қўрғон дарвозасини бир зумда беркитиб ташлашди. Чекинаётган қумурсқалар эса қўрғоннинг ёпишқоқ девори устига қўйилган ажриқ поясидан ўтиб, уни ташқарига тортиб олишди-ю, Чумолилар мамлакатининг қўшини қопқонга илинди.
Агар ҳафсала қилса, бирон-бир омадли Қумурсқа бу девордан эсон-омон ўтиб олиши мумкиндек эди, аммо вазни анча оғир бўлган Чумолилар биринчи уринишдаёқ ширали деворга оёқлари билан ёпишиб қолар, оз-моз тепароққа чиқа олганлар мураббога бутунлай қоришиб кетишга маҳкум эди.
Шу тариқа, Оловжон ўзининг донолиги, ишбилгичлиги туфайли, деярли жанг қилмасдан туриб, Чумолиларнинг қудратли қўшинини тор-мор этди.
Қумурсқалар мамлакатида бу ғалаба байрамга айланди. Шу байрам ичида Оловжон билан Заррабонунинг тўйи ҳам бўлди. Ҳаёт-мамот жангида ёш лашкарбошининг ўта билимдонлик кўрсатганига чин юракдан тан берган Найзаполвон исмли ўша сардор куёвлик кийимидаги Оловжоннинг ёнига келиб, аста сўради:
– Кечирасиз-у, ҳали ёш бўла туриб, шундай ажойиб ҳарбий ҳийла топа олганингизга ҳануз ишонгим келмайди. Сиз – оддий ошпазнинг ўғли бундай устамонликни кимдан ўргана қолдингиз?
– Ақлли ўртоқларимдан, – деб жавоб қилди Оловжон. – Мен ўқиган китобларимдан жуда кўп нарсалар ўргандим, шу боисдан уларни ҳақиқий дўстларим деб биламан. Дўстларсиз эса, ҳеч қандай ютуққа эришиб бўлмайди.
... Токчамизда турган мурабболи пиёлани қумурсқа босганини кўрдим-у, қачонлардир дадам айтиб берган мана шу эртак туйқус ёдимга тушди.
1982 йил
Мақтанчоқ
Мардивой ҳақида гап кетгудек бўлса, “мақтанчоқ” деган сўзни ҳам албатта қўшиб айтишади. Одам, мақтанчоқ бўлганга яраша, сал ботирроқ бўлса-ку, бир нав. Аммо, учраган кимсага осмондан келиб гапирса-ю, ўзи чумчуқ “пир-р” этса, юраги “шир-р” этадиганлар сирасига кирса, кўпчиликка масхара бўлгани қоларкан.
Марди-мақтанчоқ узоқдан кўринди дегунча, кўчада турган тенгдошлари “шуни бир вақиллатсак-чи”, дея ўзаро пиқирлаб қўйишади. У яқин келгач, кимдир атайлаб ўқрайиб боқади. Марди мақтанчоқ аввалига бир сесканиб тушади, ранги оқаради, сўнг ўзини ўнглаб, ўқрайиб турган болага бирдан чақчаяди:
– Ҳа, вей, нимай-чун кўзингни олайтиряпсан? Сендан қўрқадиган ўпка энди туғилади. Тиркашнинг кучукчасиям менга бир ириллаб кўрганиди. Думига тош бостириб қўйсам, ярим кун ангиллаб ётди. Билдингми? Аббакирнинг хўрози устимга ташланганида, пўканига уриб, шайтонлатиб қўйганман. Билдингми? Эчкимиз мени сузмоқчи бўлувди, кўзига тупроқ сочвордим. Билдингми? Мен билан пачакилашма!
Тенгдошлари ҳиринглай бошлаганидан аразланган Марди-мақтанчоқ ўнг кўзини чала қисиб, чап қошини чимирган кўйи, аста нари кетади. Ариқ бўйидаги нам қумлардан гумбазчалар ясаб, “ҳаммомпиш” ўйнаб ўтирган кичкинтойлар томонга юради. Гердайганича бориб, гумбазчаларни бир-бир топтаб ўтади.
– Бундан кейин мен юришим мумкин бўлган жойларда ўйнаманглар. Билдиларингми? – дея укаси тенгги жужуқларга димоғини шиширади. – Йўлимда қўнғиз учраса, нақ чалпак қипташлайман. Қанча-қанча чумолиларни ғарч-ғарч эзиб ўтганман. Оёғимнинг тагида ўралашган мушукларни ҳиппа ушлаб, кўзига сақич ёпиштириб қўяман. Билдиларингми? Мени кўргандаёқ, йўлдан қочишни ўрганинглар.
Марди-мақтанчоқнинг қуруқ пўписаларига кўникиб кетган миттивойлар унга қараб ҳам қўйишмайди. Ўзаро жувирлашиб, қум гумбазчаларни бошқатдан қуришга киришадилар.
– Бу сурларнинг бети чарм бўпкетибди, – дея ўзича ғудранади Марди-мақтанчоқ. – Каттани ҳурмат қилиб, қўрқиброқ туришниям билишмайди.
Уйларига бирон-бир қариндоши келиб қолса, Марди-мақтанчоққа худо беради. Ора-сира “ҳинг-ҳинг”лаб кулиб, гапни кўпайтиришга тушади:
– Кўпчиликнинг юрагини опқўйганман. Билдингизми? Қорамни кўрса, ҳатто, сувараклар тирқираб кетишади. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Айниқса, пашшалар мендан ёмо-о-н қўрқишади. Шу йилнинг ўзида бир ярим миллионтасини тинчитдим. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Кеча қовоғарилар мураббомга кўз олайтирганиди, секин сочиқни олдим-у, бир уришда бештасини сулайтирдим. Кейин инига қайноқ сув сепиб, қолганлариниям жизза қипқўйдим. Ҳинг-ҳинг-ҳинг. Зўрлигимни энди билдингизми?
Марди-мақтанчоқни кўрсам, ўзбеклар жуда ўхшатиб тўқиган мақолларининг баъзилари ўз-ўзидан эсимга тушаверади:
– Тентак ўзини мақтайди.
– Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ.
– Қўрққан олдин мушт кўтарар.
– Ярамаснинг кучи япалоққа етибди.
... Агар ушбу ҳикоямни ўқиб турган бўлсангиз, ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, демак Сиз китоблардан ақл ўрганишга ташна, билимга қизиқувчан, келажакда таниқли киши бўлишга қаттиқ бел боғлаган тиришқоқ болалардан бирисиз. Ҳадеб кўча чангитиб юрадиган ўртоқларингиздан кўра анча кенгроқ фикрлаш ҳам қўлингиздан келади. Шундай экан, бирпас ўйлаб олиб айтинг-чи, юқоридаги мақолларнинг қай биттаси Марди-мақтанчоқнинг қайси қилиқларига кўпроқ мос тушади?
Яхшилаб ўйланг. Эринманг-да.
2007 йил
Қўғирчоқлар
Гулсанамнинг туғилган кунида дадаси унга ажабтовур қўғирчоқ олиб келди. Сочлари майда ўрилиб, бошига кўк рўмол чандилган, эгнига атлас кўйлак кийдирилган бу ёқимтой қўғирчоқни бир силтаб қўйсангиз бас – ичига ўрнатилган митти мослама ўз-ўзидан ишга тушиб, “Қизалоқ” роса йиғлаб беради.
Гулсанам уни силкиб кўрган эди, уйни йиғи товуши босиб кетди: қий-й, қий-й, қий-й... Қўғирчоқ йиғлаётган пайтда қўлидаги оппоқ рўмолчасини тез-тез кўзига суртиб қўйишини кўриб, аввалига Гулсанамнинг кулгиси қистади, кейин инжиқлиги жонига тегиб уни ётқизиб қўйган эди, бошқача овоз чиқариб ўкрашга тушди: вағ-ғ, вағ-ғ, вағ-ғ... Оёғини осмондан қилиб кўрувдики, баттар айюҳаннос солди: а-а-а, а-а-а, а-а-а!!! Гулсанам зарда билан уни айвондаги токчага ўтқизиб қўйди.
– Бу йиғлоқи билан энди ўйнамайман, – дея аразлаб, қўғирчоғидан юзини ўгирди.
– Ўртоқчилик дарровда тугабди-да? – деб жилмайди унинг ойиси.
Гулсанам лабини буриб, жавоб берди:
– Шуям ўртоқ бўпти-ю! Туғилган кунимда менга қўшилиб хурсанд бўлиш ўрнига, нуқул вағиллайди-я.
– Менимча, сен ноҳақсан, – танбеҳ берди ойиси. – Агар чинакам ўртоқ бўлсанг, ўз хурсандчилигингни ўйлайвермасдан, уни юпантиришга ҳаракат қилишинг керак, қизим.
Орадан уч кун ўтгач, кечагина саёҳатдан қайтган тоғаси Гулсанамга бошқа бир қўғирчоқ олиб келди. Буниси янаям антиқа эди. Уни сал қимирлатиб қўйсангиз бўлди – қизил шляпали олакўз бола бўйнига осилган ноғорани зўр бериб чалишга тушади: трака-так, трака-так, трака-так...
Бу қўғирчоқ Гулсанамга жуда ёқиб қолди. Унинг ноғора чалишига мослаб ҳатто ўйинга тушадиган ҳам бўлди.
Бир куни Гулсанам янги қўғирчоғини ҳовлида кўтариб юриб, сув сепилган жойда бирдан оёғи тойиб кетди-ю, шалоплаганича лойга йиқилди. Ёмон йиқилгани майлику-я, яп-янги кўйлагининг лойга беланганини кўриб, уввос солиб йиғлай кетди. Унинг қўлидан учиб, нарироққа бориб тушган қувноқ қўғирчоғи эса бирдан ишга тушиб, базмни қизитиб юборди: трака-так, трака-так, трака-так...
– Бас қил! – ноғорачи қўғирчоққа қараб ўшқириб берди Гулсанам. – Мен йиғлайин-у, сен ҳеч нарса бўлмагандек ноғора чалгин-а. Ҳе, бетинг қурсин!
Шунда қўғирчоқ қўққисдан тилга кириб, кўзларини ўйнатганича деди:
– Мени ясаган уста фақат ноғора чалишимни буюрган, сен билан нима ишим бор, йиғласанг йиғлайвер.
У шундай дея машқни яна давом эттирди: трака-так, трака-так...
– Сени ўртоқ деб юрсам... – Гулсанамнинг хўрлиги келиб, қолган гапни айтолмай кўзларидан дув-дув ёш тўкди.
– Қандайдир ўртоқчиликни деб, сенга қўшилиб йиғлайдиган аҳмоқ йўқ, – ҳануз пинагини бузмай гапирди ноғорачи қўғирчоқ. – Менга фақат ноғора чалишни буюришган, вассалом. Кўрсатмани бузолмайман.
Гулсанам қўғирчоқни қўлига олиб, ўзидан анча нарига отиб юборган бўлса-да, у безрайганича ноғорасини чалаверди: трака-так, трака-так...
Шу пайт айвондаги токчада ивирсиб юрган мушук атлас кўйлакли қўғирчоқни беихтиёр туртиб юборди. “қизалоқ” худди уйқудан чўчиб уйғонган чақалоқдек бирдан йиғлашга тушди: виғ-ғ, виғ-ғ, виғ-ғ...
Унинг йиғисини эшитган Гулсанам эски қўғирчоғига маъюс термилиб тураркан, ўзи сезмаган ҳолда аста-секин юпаниб қолди. Кейин ўрнидан туриб бориб, уни қўлига олди.
– Айланай сендан, ўргилай сендан, – дея “қизалоқ”ни бағрига босди у. – Ёмон йиқилганимни кўриб менга раҳминг келдими? Бўлди қилақол энди. Мана, мен ҳам йиғламаяпман-ку...
Уйдан чиқиб келган ойиси Гулсанамга ҳар галгидек меҳрибонлик билан жилмайиб қўйди.
– Ҳаётда кўпинча шунақа бўлади, – дея қизининг бошини силади у. – Қувончли онингдагина доимо бирга бўладиганлар бошингга қайғу тушди дегунча, анави ноғорачига ўхшаб, сенга асқотмай қолишади. Бундай вақтда яна эски дарддошингни ахтариб қоласан киши.
Гулсанам ойисининг гапларига тушунмай, унга анграйганича қараб турарди. Ҳа, бунақанги гапларнинг мағзини тезда чақишга у ҳали ёшлик қилади. Пайти келганда, албатта англаб етади ва бирданига онажонисини эслайди.
1982 йил
|