|
МИРАЗИЗ АЪЗАМ,
болалар шоири, таржимон.
БОЛАКАЙЛАРНИНГ МИННАТСИЗ ХИЗМАТКОРИ
Агар янглишмасам, 1966 йилнинг охирлари эди. Ўшанда “Ғунча” журналида ишлардим. Муҳарририятдагилар обуна тарғиботи баҳонасида мени Олтиариққа сафарга жўнатишаётиб: “Анвар Обиджонов ўқийдиган 13-мактабга ҳам боринг, топиб, гаплашиб кўринг”, деб тайинлашди. Полосон деган чекка қишлоқда яшовчи, ҳеч ким ўзи тугул ҳали суратини ҳам кўрмаган Анвар исмли болани журналдагилар яхши танишининг сабаби шу эдики, у бизга тўртинчи синфдалигидан бошлаб шеърлар жўнатиб турар, тинмай ёзиши, пайти келса, кун оралаб хатлар юбориши билан ҳамманинг эътиборини тортган эди. Тиришқоқликда тенги йўқ бу муаллифимиз бирдан анча вақт жимиб кетгач, унга катта умид боғлаётган муҳарририятимиз бундан хавотирлана бошлаганди.
Олтиариқда учрашувлар ўтказиб, орада Анвар ўқийдиган мактабда ҳам бўлдим. Учрашув чоғида унинг чиқиб қолишидан умид қилдим, аммо ундан дарак бўлмади. Директор ва ўқитувчилардан сўрасам, “Биздан кетган” дейишди. Яхшироқ суриштирсам, қайсидир ўқитувчи билан чиқишолмай, юқори синфни бошқа мактабга ўтиб битирибди. Яқингинада ҳарбий хизматга кетган экан.
Мактабнинг ёнгинасида бўлгани учун Анварнинг хонадонига кирдим. Уч қизни узатиб, энди беш ўғилни вояга етказаётган серфарзанд хонадон, бирови томорқада уймаланган, бирови қўй-сигирга қараган. Харобгина қишлоқдаги элқатори тупроқтом уйлар. Шоир “Эски том” шеърида ёзади:
“Тонгда ёмғир қуйди шов-шов,
Лойқа сувга тўлди тарнов.
Инда титрар Олаҳакка,
Эски томдан ўтди чакка...”
Биламан, бу – Анварнинг уйи. Бирор қўшнисидан камбағалроқдек туюлмаса-да, хонадондаги аҳволни кузатиб туриб, бемалол шеър ёзиб ётиш мумкин бўлган шароит мавжудлигини сезмадим. Бу шароитдан ёриб чиқиш учун улкан мақсад йўлида катта куч сарфлаш лозимлиги кўриниб турар эди.
Шундан сўнг орадан олти йилча ўтиб, Анвар билан биринчи марта қўл олишиб кўришдим. Билсам, ҳарбий хизматдан қайтиши биланоқ дадаси вафот этибди, хонадонда катта ўғил бўлгани учун, колхозга ишга кириб, далада табелчилик қилибди. Энди туман газетасига мухбир бўлиб ўтибди. Университетнинг журналистика факултетига сиртдан ўқиш учун ҳужжат топширишга келган экан.
Мени энг қувонтиргани бир қўлтиқ шеър олиб келгани бўлди. Хайрият, турмуш қийинчиликлари уни синдиролмабди. Янги шеърларни ўқиб, унда ижобий томонга кескин ўзгариш бўлганини кўрдим. Айниқса, жониворлар ҳақидаги шеърлари ўзига хос усулда битилгани, қувноқлиги, айни пайтда тагдорлиги билан ловуллаб кўзга ташланарди. Ўшанда “Ёш гвардия” нашриётига ўтиб ишлаётгандим, шеърларни ишхонадагиларга кўрсатиб маслаҳатлашдим, уларни китоб қилиб чиқаришга ҳеч бири эътироз билдирмади.
Иқтидор ўз йўлига. Анварнинг асосий ютуғи шундаки, у ўз мақсадида собит, ҳаддан ташқари меҳнаткаш. У шу қадар кўп ёзардики, охир-оқибат бу унинг услуб таранглиги, назм техникасини пухта эгаллашига олиб келди. Шеърга ранг берадиган халқ тилини ўринли қўллай олишни ўрганди.
Анвар Обиджон ҳақида сўз айтиш осон иш эмас. Ижодкор ва шахс сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам у шу қадар серқирра сиймоки, агар тўрт хусусиятини айтсангиз, яна ўн хусусияти қолиб кетади. Мен эса, айниқса, ўз яқинларим, жигарларим ҳақида дурустроқ сўз топиб айтолмайдиган нўноқлардан бириман. Фақат ишонч билан айтишим мумкин бўлган гап шуки, Анвар ўзбек болалар адабиётининг йирик ижодкорларидан бири. Машҳур ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг “Халқ сўзи” газетасида босилган мақоласидаги: “Қ. Муҳаммадий, П. Мўмин, Ҳ. Назир асарларини ўқиб, Худога шукур, шундай ижодкорларимиз бор-а, деб фахрланаман. Марк Твен, ака-ука Гриммлар, Шарл Перро, Жанни Родари сингари жаҳоншумул ёзувчиларни ўқиганда эса, уларнинг ўзига хослиги, адабиётга ҳеч ким айтолмаган гапларни айтиб кириб келганини ўйлаб, э Худо, бизга ҳам ана шундай ёзувчилардан берсанг эди, деб ич-ичимдан орзу қилган пайтларим ҳам кўп бўлган. Ана шундай ижодкорни Аллоҳ бизга полосонлик Анвар Обиджон қиёфасида берганга ўхшайди”, деган гапларида мен ҳеч қандай муболағани сезмадим. Кўнглида борини очиқ айтган мардларга раҳмат.
Худойберди акага ўхшаб, мен ҳам жаҳон болалар адабиётини имкон қадар кузатиб бораман, болалар адибларидан энг номдорларининг юзга яқин намояндаси ижодини ўрганганман, кўпларини ўзбекчага таржима қилганман. Шу боис Анварни бошқаларга чоғиштириб кўриш имконим бор. Қани, ўйлаб кўрайлик, Анвар ўша шоир ёки ёзувчиларнинг қайси биридан кам? Рус классик болалар шоирлари Корней Чуковский ва Самуил Маршак, италиялик Карло Коллоди ва Жанни Родари, америкалик Доктор Сьюз ва Жон Чиарди, англиялик Алан Милн ва Де ла Мэр, немис болалар адиблари Эрих Кестнер ва Жеймс Крюслардан Анварнинг камлик жойи борми? Йўқ, албатта!
Немис шоири Бертольд Брехт “Молингизни кўрсатинг” дейди. Биз жаҳонга Анварнинг “моллари”ни, яъни ижод намуналарини кўрсата олмадик, йўқса, унинг номи ҳам жаҳон бўйлаб жаранглаган бўларди. Анварнинг ўзи эса, бу нарсага бепарво қарайди, русчага ўгирилган баъзи шеърларимнинг аҳволини кўриб, таржимадан кўнглим совиган, Ўзбекистонда тузукроқ танилсам, шунинг ўзига минг марта шукур қилардим, дейди.
Ўзи нашриётда неча йиллар катта лавозимларда ишлаб ҳам, бирорта китобини қалин муқовада чиқармади, яхшироқ безак бердиришгаям уринмади. Унинг “Олтиариқ ҳангомалари” асари юпқа муқовада чиқарилгани етмагандек, китоб варақларини олдин тикдириб, сўнг муқовалашни ҳам лозим топишмаганки, ўқишни бошласангиз, варақлари тўкилиб тушаверади. Анвар бунақа нарсаларга эътиборсиз, фақат ёзишни билади, халқига керакли гапни айтишни билади.
Хайрият, минг таҳсинлар бўлсинки, “Шарқ” нашриёти яқинда Анвар Обиджоннинг танланган шеърларини биринчи марта қалин муқовада чиқарди. Нашриётнинг яна бир иши мақтовга сазоворки, бу кўркам ва мазмундор китоб замонамизнинг ҳозирги даврига мосланиб, ҳам кирилл, ҳам лотин алифболарида босилган. Чўлпон номидаги нашриёт эса Анвар Обиджоннинг болаларга аталган асарларини бир неча жилддан иборат ихчам-ихчам китоблар қилиб чиқаришни бошлагани ҳам жуда қувонарлидир. “Ўғирланган паҳлавон” деб аталувчи биринчи китоб безакларга бойлиги билан кўзни яшнатади. Кейинги китобларни тезроқ кўришни ва улар юртимиздаги ҳамма кутубхоналарга етиб боришини истар эдик.
Анвар Обиджон ижоди мустақилликдан кейин қадр топди, керакли баҳосини олди. Олдинги замонда ишхона томонидан ишчан ходимларга бериб туриладиган “Фахрий ёрлиқ”лардан бошқа сийловни кўрмаган шоир Мустақилликдан сўнг ҳукумат эъзозига сазовор бўлди, “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон эгаси энди.
“Афанди” газетасига Анваржон ҳақида ёзган бир мақоламда унинг 1947 йил 25 январда туғилганини ҳам қистириб ўтгандим. Бир куни Анваржон учраб қолиб, олтиариқча ҳазил қилиб ҳужжатимга сал ошириб ёзишган, аслида 8 январда туғилганман, деди. Ўшанда нимадир хотирамни қитиқлагандек бўлган эди, бир куни унинг китобини варақлаётиб, “Туғилганди Бўрича саккизинчи январда” деб бошланувчи шеърига кўзим тушди-ю, гап нимадалигини англадим. Бу шеърнинг қаҳрамони ёш Бўрича туғилган кунига отаси кийик тўшини, онаси қуён гўштини ваъда қилиб турган бўлса-да, улардан ўзи ҳали еб кўрмаган парвардани сўрайди. Ота-онаси топиб беролмагач, ширин парвардадан татиб кўриш орзусида шаҳарга йўл олади. Шаҳарда уни тутиб, ажойибхонадаги қафасга тиқишади. Бу ерда овқат текин бўлса ҳам, у нуқул узоқдаги адирга бўйланаверади. Орадан йиллар ўтади. Бир куни томошага келган қизча ширинликни деб аччиқ қисматга йўлиққан Бўрига бир бўлак парварда ташлаб ўтади. Тағин айнан 8 январда!
Турмуш заҳматлари-ю, ижод машаққатларини писанд қилмай, миллатимиз болалари тарбиясига хизмат қилувчи бири биридан гўзал ва маънодор асарлар ёзишга умрини сарфлаб келган Анвар Обиджон, мана, олтмиш ёшга ҳам етибди. Унга узоқ умр, янада юксак ижодий парвозлар тилаш, адабиётимиздаги катта меҳнатлари ҳақида икки оғиз илиқ сўз айтиб, жажжи китобхонлар номидан миннатдорчилик билдириб қўйиш ниятида ушбу мақолага қўл урдик. Аслида, бу ҳам Бўричага тутилган парвардадек бир гап.
“Hurriyat” газетаси, 2007 йил 4 июл сони.
- МАҲМУД САТТОРОВ, филология фанлари номзоди.
БОЛАЛАРНИНГ БАЙРАМИ
.........Бугунги кунда болалар адабиётини кенг планда: ҳам тарбиявий, ҳам ёш авлодга дастлабки фан асосларини ўргатувчи илк сабоқ, ҳам бадиий маҳорат масаласи нуқтаи назаридан чуқур ва атрофлича ўрганиш вақти етди. Айрим адабиётшунос ва педагог олимларимизнинг бу борадаги дастлабки ишларини олқишлаш керак.
70-йилларнинг ўрталарига келиб ўзбек болалар адабиётида ёш, истеъдодли шоир Анвар Обиджон номининг пайдо бўлиши болаларга чинакамига қувонч бахш этди. Шоирнинг “Ёш гвардия” нашриётида (1980 йили) нашр этилган “Баҳромнмнг ҳикоялари” номли қирқ тўртта шеър ва бир эртакдан иборат тўплами ўша пайтдаёқ кўпгина оилаларнинг “арзанда” китобига айланиб қолди ва ундаги аксарият шеърлар ўз эгалари – болалар томонидан ёд олиниб бўлинди. Бунинг сабаби, ёш шоирнинг муваффақияти сирлари нимада?
Энг аввало шуни айтиш лозимки, болаларга аталган шеъриятнинг ўзига хос томонларидан бири – ихчамликдир. Бола узун шеърни ёмон кўради, уни ўқимайди, эшитмайди. Анварнинг шеърлари қисқа, лўнда, яхлит.
Мана бу ихчам, ёқимтой шеърларни тингланг-а, ўзингиз ҳам бола бўлиб кетасиз:
Гармон қўшиғи
Нафас олсам чалинаман,
Ғитта-ғитта.
Қаттиқ чўзманг, ялинаман,
Ғитта-ғитта.
Бўйнингизга мени осинг,
Ғитта-ғитта.
Тугмаларни тўғри босинг
Битта-битта.
Элак қўшиғи
Оппоқ унни супрага
Элагайман,
Таппа-туп.
Бетингизни упага
Белагайман,
Таппа-туп.
Қаттиқ урманг юзимга,
Опажоним,
Таппа-туп.
Жуда ширин ўзимга
Менинг жоним,
Таппа-туп.
Ҳа, қўрқмайсан-а!
- Нега юлдинг
Бетимни?
Чақирайми
Итмни?
- Ҳафа бўлма,
Сулаймон.
Ҳозир сени
Силайман.
Шу пайтгача кўпинча болаларга деб, аслида болалар ҳаёти ҳақида катталарга жўн информациялар берувчи, болаларнинг диққатини тортмайдиган, умумий гаплардан иборат, панд-насиҳат, ўгитлар характеридаги, конкрет адрессиз, зўрма-зўраки шеърлар кўп ёзилди ва афсуски ҳозир ҳам бу ёмон тенденция тўхтаб қолгани йўқ. Анвар Обиджон шеърларида мана шу “фазилатлар” учрамайди. Унда болаларнинг табиатан энг яқин дўстлари – турли ҳайвон-жониворларнинг ҳамманинг ҳам назари илғаб олавермайдиган катта, мураккаб ҳаёти, қилиқлари, хатти-ҳаракатлари бор ва бу ҳаёт одамлар ва хусусан болалар дунёсини ҳамда жонзотлар дунёсини жуда яхши билган, уларни бутун қалб қўри билан илғай ва сева олган инсон томонидан соддагина қилиб, бадиий тасвирлаб берилган.
Анвар Обиджон гоҳ катталарга ўз кичкинтой қаҳрамонларининг ички оламини кўз-кўз қилса, гоҳ болаларнинг ўзларини ўзларига кўрсатади. Болалар билан зерикарли ва самарасиз “тарбиявий соат” олиб бормайди, балки шеърнинг мазмунидан силқиб чиққан содда, тушунарли маъно ва мантиқ болага, унинг характерига ўз таъсирини ўтказади. Яъни шоир материал ҳақида ахборот бермай, материалнинг ўзини кўрсата олади. Мана, эшитинг, “Безори” деган шеър:
Қарға кирди
Кинога,
Ўхшаб
Буратинога.
Ҳамма жойлар
Эди банд.
Бориб деди
Нописанд:
- Менга қара,
Вей, Лайлак,
Еганмисан
Ҳеч калтак?
Қани,
Тур-чи ўрнингдан.
Ҳе, ўргилдим
Бурнингдан!
Бу картинада шоир болаларга панд-насиҳат ҳам, ўгит ҳам айтмади, ҳолатнинг ўзини маҳорат билан кўрсатиб берди, холос. Демак, ҳаманинг тинчини бузган безори Қарғанинг хатти-ҳаракати, манманлиги одобсизликдан бошқа нарса эмас. Унинг қилиғидан куламизми, демак, ундан ўрнак олмаслигимиз керак!
Анвар Обиджон шеъриятининг яна бир муҳим характерли жиҳати – бу шеърлар гарчи асосан кичик ёшдаги болаларга бағишланган бўлишига қарамай, ҳайвон ва жониворлар мисолида ҳаётнинг фақат ёруғ томонларинигина эмас, балки унинг қоронғи лаҳзаларини ҳам ҳаққоний ифодалаш билан (боланинг ақли ва шуурига сингадиган даражада) кичкинтой ўқувчи қалбида ҳаётнинг негатив картинасини кўриш воситасида меҳр-шафқат, нафрат, гуманизм, ватанпарварлик туйғуларини илк бор таркиб топтириб беради. Яхши шеърлар орасида ҳам яхшиси ҳисобланган “Онанинг жасорати” шеърида шоир она Сичқоннинг олти боласи билан шод ва бахтиёр умр кечириши, унинг ширин орзу-хаёлларини тасвирлайди. Аммо бу бахтиёр турмуш узоққа чўзилмайди. Омборда шум Мушук пайдо бўлади. Олти бола энди оч-наҳор. Она нима қилиши керак? Чиқса – Мушукнинг еми бўлади. Чиқмаса – олти бола очдан ўлади. Буёғига шеърнинг ўзини тингланг:
...Она ночор қўзғалди
Озиқ топмоқ кўйида.
Умидвор боқиб қолди
Ҳувиллаган уйида
Унинг олти боласи.
...Ўлжа бўлиб Мушукка,
Она инграр, қалтирар.
Аста боқар тешикка,
Олти жуфт кўз мўлтирар –
Унинг олти боласи.
Анварнинг шеърларида нафақат мазмунда, балки шаклда ҳам оригиналлик мавжуд. Унинг ҳар бир шеъри, туркум шеърлари ўзига хос формада бўлиб, уларда оҳанг ва вазн товланишлари, мазмун қатъий талаб қилган нақорат, такрорий мисра ёки қофия-радифлар, лозим топилган такрор сўзлар бериладики, бу ҳол боланинг шеърни осон ҳазм қилишини, ҳатто уни ёдлаб олишини таъминлайди.
“Болалар учун ёзилган асарлар тарбиявий мақсадга бўйсундирилиши керак”, деган эди В. Г. Белинский ўз даврида. А. Обиджон шеърларининг муҳим ижтимоий аҳамияти унинг чуқур тарбиявийлигида ҳамдир. Тўпламдаги ҳар бир шеърда бирор ҳайвон ёки парранданинг, ё бўлмаса, уларнинг энг яқин, жонкуяр дўсти – Боланинг яхши ёки ёмон феъл-атвори, одати, хатти-ҳаракати кўрсатилади. Тасвир қаҳрамон фаолиятининг хоҳ позитив, хоҳ негатив формасида бўлсин, бола бу хатти-ҳаракатни ё тасдиқлайди, ё инкор қилади. Демак, шеър мазмуни бола характерининг илк шаклланиш процессида муҳим тарбиявий фактор сифатида хизмат қилади.
Масалан, шоирнинг тўпламига кирган энг яхши шеърлардан бири “Ўрмонда зиёфат”да Шернинг ўрмонда ошхона очгани-ю, унда ҳайвонларнинг хизмат қилиши ҳамда ўзига ёққан таомларни яйраб еб, ҳордиқ чиқаришининг тасвири келтирилади. Бу ерда биринчи навбатда болалар тарбияси учун муҳим бўлган коллективизм туйғусини шакллантириш ва ўзаро дўстона ҳамкорлик, тартиб-интизом (“Эшикка хат ёзилган: “Туёғингни арт!”) ҳақида гап боради, айни пайтда, болалар турли ҳайвонлар ҳаёти, уларнинг характерли хислатлари билан таништирилади:
...Мушук деди: “Келтиринг –
Сутга тўғраб нон.
Йўқми сизда мабодо,
Янгироқ сичқон?”
Тулкивой дер: “Бугун сал
Ташқари совуқ.
Менга – қайноқ какао
Ва тирик товуқ!”
...Менга ҳанг... ҳам қаранг”, деб
Бақирди Эшак.
Секингина деди Фил:
“Бир тонна хашак!”
Шоирнинг тўпламдаги ягона эртаги – “Бўрининг доктор бўлгани ҳақидаги эртак” ўткир ҳажви билан ажралиб туради. Ўрмонда ҳайвонлар доктори бўлиб қолган шум шифокор – Бўрининг ўз касбини “сувдек билиши”, ҳайвонларни даволаш ўрнига, йўлини қилиб, уларни ейиш пайидан бўлиши қаттиқ сатира остигаолинади. Бемор Тулки билан шифокор Бўри орасида шундай воқеа бўлиб ўтади:
...Мана сенга таблетка,
Бери кел-чи, жон ини...
Шундай қилиб
Бир четда
Бўри еди Тулкини.
Сўнгра очиб “Беморни –
Қабул қилиш дафтари”н,
Силаб-сийпаб қорнини,
Ёзди ушбу гапларни:
“Қўлин тирнаб бўзтикан,
Тулки келди нотетик.
Аҳволи оғир экан,
Чора топмадик...
Едик!”
Шифохонага ўрмон шоҳи – Шер кириб келади. Унинг шикоятича, кейинги пайтларда иштаҳасининг мазаси йўқ. Бўри дарров хушомадгўйлик билан шоҳ атрофида парвона бўлади. Унга витамин истеъмол қилиш зарурлигини уқтириб:
“Табибдир етти пуштим,
Шундай уқтирар улар:
Семиз ҳайвоннинг гўшти
Витаминга бой бўлар”. –
дея маслаҳат беради ва шу билан фирибгар, шум шифокор ўз тумшуғидан илинади. Шер семизликда ҳеч қандай ҳайвондан қолишмайдиган тайёрхўр Бўрининг ўзини витамин ўрнида ейди.
Маълумки, болалар, айниқса кичик ёшдаги болалар адолатсизликка чидашмайди. Улар хоҳ мултфилм кўришсин, хоҳ қўғирчоқ театри спектаклини кўришсин, хоҳ эртак тинглашсин, севимли қаҳрамонларига жабр-зулм қилганларнинг ўзи ҳам пировард натижада жабр тортишини жуда истайдилар. Воқеалар занжирини синчковлик билан кузата бориб, ёмоннинг жазоланишини орзиқиб кутадилар. Бу ниятлари амалга ошгандан кейин эса териларига сиғмай, чапак чалиб, қичқириб хурсанд бўладилар.
Анвар Обиджон ўз мухлисларининг характерини, уларнинг маънавий эҳтиёж ва талабларини яхши билади ҳамда ўз эртагини худди болалар истаганидай адолат тантанаси билан якунлайди. Ҳаммага ёққан, эпчил, чаққон Қуён докторликка ўқишга юборилади.
х х х
Анвар Обиджон болалар учун фақат яхши шеърларгина ёзиб қолмасдан, прозаик сифатида ҳам ҳикоялар машқ қилиб юрди. Автор шеърларида турли ҳайвон-жониворлар образини яратган, уларнинг ўзига хос ҳаёт тарзини болаларга поэтик ҳикоя қилиб берган эди. “Ёш гвардия” нашриёти томонидан чоп этилган “Оловжон ва унинг дўстлари” (1983) деб номланган насрий тўпламида ҳам автор худди шу йўсинда давом этади. У болаларимизга ўзлари кўрган ва кўрмаган турли жониворлар ҳаёти ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб беради.
Биз ва болаларимиз аввало Гулханий, Махмур каби классикларимиз ижоди, кейин рус адабиётининг машҳур вакиллари Маршак, Барто, Михалков ва бошқаларнинг асарлари воситасида турли ҳайвонлар, ҳашаротлар, паррандаларнинг инсон ҳамроҳи ва дўсти сифатидаги ёрқин образлари билан танишганмиз. Анвар Обиджон ана шу яхши анъанани давом эттиради. Унинг “Жонзотлар тилидан” (“Атрофимиздаги қизиқчилар”) туркум ҳикояларининг қаҳрамонлари бўлган ҳар хил жониворлар ўз монологларида (ҳар бир ҳикоя бир жонзотнинг монологи тарзида ёзилган) шахсий феъл-атвори,яшаш манбаи, турмуш тарзи ҳақида сўйлаб берадилар. Ҳикоя сўнгида улар ўз дўстлари – инсон боласига мурожаат қилиб, ундан маслаҳат ёки ёрдам сўрайдилар. Бу асарнинг, бизнингча, фойдали, ютуқ томони шундаки, улар болаларнинг атроф-муҳит, айниқса, ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишувига ёрдам беради. Боланинг табиатга бўлган меҳрини оширади. Бу асарларнинг жузъий нуқсони шуки, уларнинг барчаси бир хил формада ёзилган, шаклбозликка берилиб кетиш ҳоллари сезилади. Диалектизм, шевачилик элементлари бор.
Авторнинг “Оловжон ва унинг дўстлари” эртак-ҳикояси композицион пухта, сюжети қизиқарли. Асар кичкинтойларни доимо ақл-фаросат билан иш кўринга, ақлли бўлиш учун китоб ила дўстлашишга чақиради. Қумурсқавойнинг тадбиркорлиги болаларни қойил қолдиради, ҳаяжонга солади. Фақат, бизнингча, сурбет чумолилар билан “жанг” тасвирига оид манзарада конфликтни янада кучайтириш – мураккаблаштириш керак эди.
“0099 номерли ёлғончи” номли эртак-қисса муаллиф асарлари орасида энг яхшисидир. Эртак-қиссада ўзбошимчалик билан иш кўриб, кўпчиликни алдаган мақтанчоқ Улоқчанинг ажойиб-ғаройиб саргузаштлари ҳақида қизиқарли ҳикоя қилинган. Асарда ҳаёти Улоқчанинг саргузаштлари билан боғлиқ бўлган ҳар бир ҳайвоннинг ўзига хос томонлари, хулқи, қиёфаси кенг очиб берилади. Масалан, Ҳўкиз – кучли, фаросатли, аммо эҳтиёткор, сермулоҳаза. Эшак – фаҳми калта, бир оз мансабпараст, айни пайтда, соддадил. Қўзичоқ – ҳаммага баробар, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам гапини “тўғри” деб тасдиқлайдиган жонивор. Қуён – қув, қўрқоқ, лекин кези келганда дўстга садоқатини исботлай оладиган тадбиркор ҳайвон.
Қарама-қарши қутб, душман кучлар вакиллари бўлган Бўричалар Ашқал билан Дашқал (Бўричаларнинг номлари яхши танланмаган) ёввойиларча ваҳшийлиги, шафқатсизлиги ва қабиҳлиги билан ажралиб туради.
Бу эртак-қиссанинг муваффақиятлт томони шундаки, унда ҳайвонлар воситасида муҳим ижтимоий проблемалар кўтариб чиқилади ҳамда болаларга осон тушуниладтган, улар онгига тез етиб сингадиган даражада содда ва табиий усулда ҳикоя қилиб берилади.
х х х
1983 йилда Ғафур Ғулом номидага Адабиёт ва санъат нашриётида ёш адибнинг “Эй, Ёруғ дунё...” (“Аламазон ва унинг пиёдалари”) фантастик-саргузашт қиссаси босилиб чиқди.
Бир қарашда “Эй, Ёруғ дунё” қиссасининг сюжет ва фабуласи бизга эскидан маълум бўлган қандайдир схематик – туш кўриш, ҳушдан кетиш, ўзини билмай қолиш даражасидаги ҳолат воситасида турли фантастик ва саргузашт вазиятларга тушишлар тасвирига олиб боргандек туюлади. Аммо ёш адибнинг бу таънани инкор қиладиган ютуғи шундаки, ҳақиқатан болаларнинг (Аламазон ва Эшмат-Френсис) хаёлот дунёсидага, яъни тушдаги тасвирлари ҳаёт ҳақиқатига тўла мос келади. Уларнинг сархушлик давридаги “фаолиятлари” мантиқан адиб тасвирига жуда яқин туради. Бу ёш ёзувчининг бадиий-психологик таҳлилдаги муваффақиятидан далолатдир. Сюжетнинг саргузаштлилиги ва қизиқарлилиги шу даражадаки, қиссани ўқиган болалар ҳам, ва ҳатто катталар ҳам Аламазон ва Эшматнинг ёруғ дунёдаги (ҳақиқий ҳаётдаги) саргузаштлари қаерда тугаб, хаёлотдаги (Юлдузистондаги) кечинмалари қаердан бошланганини ҳам билмай қолишади.
Шундай қилиб, давлатга боқиманда бўлиб ўтирмай, эл-юртга мустақил фойда келтиришга аҳд қилган болалар “ёруғ дунё”даги, яъни ўз қишлоқларидаги ҳаётни янада яхшилаш, фаровонлаштириш учун хазина излаб Жандағор сари сафарга отланишади. Мақсад ҳам аниқ-равшан: топилган бойлик эвазига улкан стадион, қишлоқ аҳолиси учун бир неча кўпқаватли уйлар қуриш, қарияларга мармар деворли каттакон чойхона очиб бериш, ҳамма кўчаларга асфалт ётқизиш, Қўчқорсой устидаги кўприкни янгилаш, яқинда вафот этган ветеран ўқитувчи – бошланғич синф муаллими Аҳмадали ота хотирасига терак бўйи ҳайкал ўрнатиш ва ҳоказолар. Болалар ғорга кириб кетгач, Ўрта аср тимсолидаги ўзга бир дунёга бориб қоладилар...
Ёш адиб Юлдузистондаги салтанат аҳолиси ўртасидаги поклик ва нопоклик, адолат ва ноҳақлик, эрк ва истибдод, садоқат ва маънавий пучлик ўртасидаги катта, оғир курашга асосланган конфликтни кўрсатаркан, иркитлар ҳукмрон бўлган подшолик халқ тақдирида, айниқса, унинг маънавий ҳаётида нечоғлик оғир фожиалар қолдирганлигини катта маҳорат билан тасвирлайди. Шу ўринда, гарчи бу асарлар деярли бир вақтда ёзилган эса-да, беихтиёр машҳур санъаткор Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги ўз туққан онасини нафақат таний олмаган, балки “бошимни очиб кўрмоқчи” деган шубҳа билан уни ўлдирган туйғусиз, автомат мияли манқурт ёдингизга тушади.
Адиб Юлдузистондаги маънавий зулматдан она халқини қутқазиб қолиш учун узоқ йиллар мобайнида кураш олиб бораётган ватанпарварлар образларини бераркан, донишманд чол Хазрат Ҳумо ва Сағир пиёдалар характерларини яратади. Аламазоннинг “йўлбошчилик” ва “саркардалик” сифатлари, ундаги катта қобилиятлар мана шу кураш жараёнида очилади.
Бизнинг юртимиз фарзанди бўлган Аламазон Юлдузистон шаҳаншоҳлигида ҳам ўзининг ақл-идроки, тадбиркорлиги, эпчил-чаққонлиги, фавқулодда қийин шароитлардаги топқирлиги ва уддабуронлиги билан бу курашга бош бўлиб, катта қаҳрамонликлар кўрсатади. Пировардида зулмат бағрини ёриб ўтиб, Юлдузистон аҳолисини ёруғликка – адолат дунёсига, маънавий поклик ва юксакликка, инсоний чўққига олиб чиқади.
Маълумки, жаҳонга машҳур болалар ёзувчилари ўз асарларини ҳамиша икки-уч планда, яъни болалар учун ҳам, катталар учун ҳам бадиий-эстетик озиқ берадиган йўсинда яратадилар. Бунда ижодкорнинг биринчи вазифаси турли саргузашт, ҳангома, ўткир сюжет, ғаройиб воқеа ва ҳодисалар ёрдамида асарнинг болалар учун қизиқарлилигини таъминлаш бўлса, иккинчидан, замонлар, подшоликлар, одамлар ва уларнинг тақдирларини кўрсатишда подтекст, яъни катталар учун ҳам муҳим ижтимоий проблемаларни ўртага ташлаб, уларни ижобий ҳал қилиб бериш, халққа йўл кўрсатишдан иборатдир. Учинчидан, айни пайтда, мазкур асар воситасида болаларни, келажак эгаларини гуманист, ватанпарвар, фидойи кишилар қилиб тарбиялаш ҳам кўзда тутилади.
Анвар Обиджоннинг ушбу илк йирик прозаик асарида бу хусусиятларнинг барчаси мавжуд. Болалар ўз тенгдошлари – Аламазон саргузаштларидан ҳаяжонга тушиш билан бирга ундан кўп ижобий хислатларни беихтиёр ўзларига юқтирадилар. Эзгулик тантанаси учун курашишга, олижаноблик ва инсонийликка ўрганадилар.
Анвар Обиджон қиссада бадиий ижоднинг турли компонент ва воситаларидан унумли ва ўринли фойдаланган. Хусусан, ҳаётбахш юмор, ўткир муболағалар, гротекс, ўрни билан нозик лирик тасвир ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Айниқса, авторнинг бадиий ижоднинг шартлилик принципидан яхши фойдаланганлигини таъкидлаб ўтиш керак. Аламазоннинг барча ютуқларига бош бўлган хислати, аввало, унинг ҳақиқат фидойиси бўлиши, одамлар учун яхшилик, фаровон ҳаёт исташидир. Айни пайтда, у исқиртлар сулоласига қарши катта курашга отланаркан, яна бир шартлилик – воситадан ўринли фойдаланади. Бу Аламазон ва унинг Сағир пиёдаларига уларнинг ўзидан ҳам каттароқ куч-қудрат, ғалаба келтирган Мадумар авлиёнинг арвоҳи ролидир. Шу йўсинда ёш адиб фантазия ичида фантазия, шартлилик ичида шартлилик воситасида асарининг бадиий қимматини ва мантиқий изчиллигини таъминлаб боради.
Ниҳоят, асар сўнгида маълум бўлишича, бу катта кураш ва тақдирлар йўли Аламазон ва ўртоғи Эшматнинг ухлатувчи дори таъсирида бошидан кечирган саргузаштлари бўлиб чиқади. Аламазоннинг тоғаси профессор Оғабек Турконий Ҳиндистонга ўтаётиб, опаси ва жиянларини кўргани ўзи туғилиб ўсган қишлоққа тушганида болалар у опкелган ноёб дорини ичиб қўйиб (археологлар топган бу дорининг қутичаси устига “ичгилу мақсадга етгил” деган сўзлар битилган) , мана шу “кўргилик”ларга дучор бўладилар. Бу ҳам саргузашт-фантастик асарнинг техник услубларидан биридир.
Яна шуни айтиш керакки, бу қиссадаги уйқунинг бошқа айрим фантастик асарлардаги уйқудан фарқи шундаки, ўқувчи қисса охирида Аламазон ва Эшмат саргузаштлари тушми ё ҳақиқат эканига иккиланиб қолади. Бошқа дориларни аввалда ичиб кўрган археолог ва архитекторлар тўғрисидаги гаплар воқеаларга реаллик касб этади.
Пировард натижада бойлик, хазина, олтин-кумуш излаб сафарга отланган болалар катта ҳаётий тажриба орттириб, бошдан турли турмуш уринишларини кечириб, олтину жавоҳирлар тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган юртдан, нону ош тайёр тош-ўчоқларда пишадиган мамлакатдан ўзлари яшаб турган “ёруғ дунё”нинг – инсоният дунёсининг афзаллигини юракдан англаб қайтадилар. Муҳими ҳам мана шунда. Ватан туйғуси, уни ҳамиша мустақил ва обод кўриш, бунинг учун курашиш лозимлиги ҳисси ёш авлодга сингдирилар экан, ижодкорнинг муваффақияти шубҳасиздир.
“Ватан осмони” китоби. Т. “Ёш гвардия” нашриёти, 1987 йил.
|