ao
ss

РАҲМОН ҚЎЧҚОР,

        филология фанлари номзоди.

   АЖАБТОВУР ИДРОК  УСУЛИ

 ёхуд Анвар Обиджоннинг “Олтиариқ ҳангомалари”

   китобидан қолган илк таассурот

 Бу дунёда биров уриб енгади, биров кулиб. Ажабки, уриб енгганларнинг ғалаба нашидаси захм етган тананинг тузалиши билан чиппакка чиқаверади – оққан дарёлар яна оқаверади. Ҳаётда яна бир кураш усули ва унинг ортидан келадиган музаффарлик лаззати борки, унинг довруғи етти иқлимга ёйилади. Ёдингизда бўлса, ҳали бировдан кетига бирор маротаба  тепки еб кўрмаган фашистлар сардори Гитлернинг, Чарли Чаплин деган номни эшитса, тутқаноғи тутиб қолар, “қўнғиз мўйловли бу некрофил – ўлисевар” (Эрих Фромм) буюк масхарабозни бир кун тутиб олиб, Европанинг энг баланд дарахтига осажаги тўғрисида ҳамма ёққа жар солганди. Рақибни жириллатиб юборадиган бу ғолиблик усулининг номи эса Кулгидир!

 Олам ва одамни идрок этиш усулининг ҳам сон-саноғи йўқ. Дадамнинг  ҳикояларига ишонадиган бўлсак, шундай одамлар ўтган эканки, улар “Бу дунёда ўзи бор-йўғи етмиш-саксон йил яшасак, шунга ҳам уй-жойу дарвоза-ҳовли қилиб ўтирамизми?” – дея бақатеракнинг пастки шохларини эгиб, чайла ясаб, шунинг ичида тирикчилик қилиб қўяверишган...

 Бошқа бир одам бўлса, оламга худди бировлар еб у қуруқ қолгандек нуқтаи назар билан разм солади ва ўзининг ёғига ўзини қовуриб ўйнайди.

 Хўш, бу ғалатироқ кириш сўзининг нишаби қаёққа кетяпти, деб ўйларсиз. Жавоб бераман: гап тарих тегирмонидан ҳар сафар бутун чиқишга қуввати етган ўзбек халқининг бетакрор табиати, шу табиатдан баҳра олиб ўсган ижодкор акамиз Анвар Обиджоннинг яқинда “Маънавият” нашриёти “тандиридан пишиб чиққан” янги китоби – “Олтиариқ ҳангомалари” устида кетяпти.

 Боя тирикликни идрок этишнинг турфа йўллари ҳақида гапирдик. Орамизда Анвар Обиджон сингари ноёб истеъдод ва идрок эгалари борки, улар дунёнинг ишларини завқ призмаси орқали қабул қиладилар, шунга мос тарзда уни англайдилар ва англатадилар. Юзаки қараганда, ҳаётнинг бу сингари идроки воқеликдаги жиддийликка путур етказадигандек, унинг таҳлилу талқинида енгил-елпиликни келтириб чиқарадигандек туюлиши мумкин. Бироқ, бу – айни тафаккур тарзига менсимай ёндашиш оқибатигина, холос. Аслида эса баъзан ўта жиддий ёндашув ва талқинлар эриша олмаган натижа ва таъсирга айнан шундай идрок ва талқин усули билан бемалол етишиш мумкин.

 Масалан, яхши сўз илонни инига киритса, кулги уни инидан қайтариб чиқармасликка гаров бўлади. Одамнинг қўли ғазаб ва нафрат орқасида пичоққа йўналса, сеҳрли табассум уни суюкли ёрининг сочларини сийпалашга даъват этади. Фаросатли элчининг мавридида ва топиб ишлатган лутфи неча-неча давлатлар ва қанчалаб инсонларни хонавайрон бўлишдан сақлаб қолганига тарих гувоҳдир. Қолаверса, шоир куйиниб уқтирганидек, “Нечун ҳар нарсага кўз ёш дарёси, кўз ёши даркордир буюк ишларга...”

 Яқин тарихда “буюк ишлар” деб сифат берилган не-не ғайриинсоний кучанишларга гувоҳ бўлмадик. Шўро ҳукуматининг бир вақтнинг ўзида ҳам шармсиз, ҳам шафқатсиз сиёсатининг бу ўйинлари ҳақида жиддий тадқиқотларни чанқоқлик билан мутолаа ҳам қилдик.Анвар Обиджон қишлоқдошларининг эса бу шарманда ҳукумат ишлари тўғрисида ўзларига тушунарли жайдари хулосалари бор. Мана ўшалардан биттаси:

 “Аҳмаджон тоға 30-йиллари колхозда бош ҳосилотчи бўлган даврда алмашлаб экишнинг аҳволини текширгани келганлар дала айланишибди. Бир жойга боришса, харитада “беда” деб белгиланган майдонда ғўзалар шоналаб турганмиш.

 - Бу замоннинг ишларига жуда ҳайронман, - дея ғалванинг олдини олиб, елка қисибди Аҳмаджон ака. – Экканда беда дейсан, ўсганда қарасанг – ғўза, Троцкийнинг кечаги гапини эшитсанг – доҳий, бугунги ишини кўрсанг – шпийўн...”

 Алоҳида изоҳсиз ҳам сезиш мумкинки, халқ донишмандлигида гап кўп. Бўлмаса, мустабид ҳукумат учун инсон тақдирини белгилаш (у ким бўлишидан, не юмуш қилишидан қатъи назар) худди беда билан ғўзани алмашлаб экишдек арзимас гап эканлигини бу қадар зукколик билан исботлаш қайси донишманднинг ақлига келар эди? Қолаверса, субутсиз тузум ва унинг ориятсиз раҳбарияти устидан Аҳмаджон акачалик ўхшатиб кулиш учун миллат руҳиятида қанчалар қувват бўлмоғи керак?..

 Инсонни қайта кашф қилмоқ билан боғлиқ барча санъат турларида характер яратиш энг оғир ва ҳал қилувчи меҳнат эканлиги бугун исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Баъзан ёстиқдек романлар ўқиб битта тирик одамни топа олмай, ҳафсаласи пир бўлади кишининг. Бу типик муваффақиятсизликнинг типик сабаби ҳам Аристотел замонидан буён аён: агар ижодкор ўзидан келиб чиқиб ёзмаса, аксарият ҳолларда эса, тўғридан-тўғри ўзини ёзмаса – ўзидан қочса, ўзлигини яширишга, оқ қоғоз қаршисида туриб ёлғон сўзлашга уринса, билингки, Сизга таништирмоқчи бўлган одамни унинг ўзи ҳам танимайди.

 Адабиётда ҳозирга қадар кимки муайян ютуққа эришиб, ўзидан ном қолдирибди, уларнинг ҳаммаси, биринчи навбатда, қўрқмасдан, иккиланмасдан, яширмасдан ўзини ёзгани туфайлидир (албаттаки, “ўзини ёзиш”нинг хилма-хил усуллари бор эканлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз).

 Анвар Обиджон ижодига, хусусан, “Олтиариқ ҳангомалари”га жиддий назар ташласак, кўрамизки, муаллиф энг аввало ўзини ёзади – ўзидан келиб чиқиб, ўзидан ўтказиб, ўзига ўхшатиб ёзади. Шунинг учун ҳам жилд-жилд китобларда анқонинг уруғи бўлган одам қиёфаси Анвар аканинг бир тишламгина ҳангомаларида манаман деб қаршингизга келиб туради. Бу гапнинг исботи учун ўшандай ҳангомалардан биттасини эшитайлик:

 “Яккахўжаликларни тугатиш, умумхўжаликларни ташкил этиш жараёни оғир кўчиб, ҳукумат фаоллари уйма-уй ташвиқот қилиб юрган даврлар экан.

 Раис Калтўпи маҳалласидаги Рўзи тоғаникига кириб, “Биров ҳўкизи, биров омочи, биров қўй-сигири билан умумхўжаликка ёзиляпти, сиз ҳам бизга қўшилинг”, деб қистовга олибди. Рўзи тоға: “Менда кетмондан бошқа нарса йўқ”, деган экан, тезроқ аъзони кўпайтирмаса ўзи ҳам ишсиз қолишидан чўчиган раис: “Бўпти, кетмон билан қабул қиламиз”, дебди. Бозори чаққонлигини сезган Рўзи тоға: “Манавиниям ёз, ука”, дея нарироқда раисга ғижиниб турган итини кўрсатибди.

 - Ие, совет умумхўжалигида итга нима бор? – деб ўқрайибди раис.

 - Гапни охиригача эшит, - дебди Рўзи тоға. – Сен буни “эчки” деб ёз. Итим ўлса, умумхўжалик мендан битта эчки қарздор бўлади.

 Шундан кейин анча баҳс кетибди. Рўзи тоға: “Порага эчки бермасанг, умумхўжалигингга кирмайман”, деб туриб олибди. Охири раис келишишга мажбур бўлиб, дафтарига ёза бошлабди: “Рўзи тоға ўн биринчи фейбролда умумхўжаликка аъзо бўлиб кирди. Ўртадаги мулкимизга қўшган ҳиссаси – бир дона сопли кетмон ва бир бош итга ўхшаган эчки...”

 Ўзбекда қадимдан кулгининг обрўси, мартабаси баланд тутилган. Бу халқни унча-мунча гап билан кулдириб ҳам, қойил қилиб ҳам бўлмайди. Кейинги пайтларда зўрма-зўраки қилиқлари билан одамларни кулдиряпман деб ўйлаётган “ижодкорлар” томошабин уларнинг ўзининг устидан кулаётганини ё чиндан ҳам билмайдилар ёки билиб туриб, билмасликка оладилар...

 ...Анвар Обиджон бирор масала устида ўйланиб, жиддий жавоб беришга тайёрланар экан, муштига оҳистагина бир йўталиб олишни одат қилган. Ёки унинг энсасини қотирадиган, ғашини келтирадиган гапни эшитса, куйиб бўлмаганини кўриб турса ҳам, қўлидаги сигаретнинг белига қоқиб, кулини туширишга машғул бўлиб қолади. Назаримда, “Олтиариқ ҳангомалари” китобига ҳам муштга йўталиб, ҳам сигарета кулини қоқиб ўтириб ёзилган латифалар, ҳикоялар жамланган.

 Менинг у-бу тайёр “анекдот”ларга қўшиб-чатиб, ролга кириб айтиб бериб, унча-мунча одамларни кулдира олган жойларим бор. Лекин Анвар аканинг ҳангомаларини фақат ўзидан эшитиш, ўзидан ўқишга етмас экан. Бунинг сири – суҳбатимиз бошида урғу берганимиз ажабтовур идрок усулида бўлса, ажаб эмас.

        “FIDOKOR” газетасининг         2000 йил 20 июл сони.

      (ИЗОҲ: Қисқартиб берилди)

 

САИД АҲМАД,

        Ўзбекистон Қаҳрамони,

        Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

    ФАРҒОНАДА  БИТТАГИНА

   ( Кулиб-кулиб, жилмайиб  ёзилган  мақола )

 

 Қовун танлашни билмасанг, хунугини ол, чиройли қовун кўпинча бемаза чиқади, дейишади.

 Мен ҳам шогирд танлашда шу усулни қўлладим. Фарғона томонлардан келган ёзувчи Анвар Обиджон жуда менбоп шогирд чиқиб қолди. Ўхшатмасдан учратмас, деганларидек, ҳуснда ойни уялтирадиган бир чиройли устоз-шогирд бўлдик.

 Анваржон Олтиариқнинг боласи. Бу юрт тўғрисида қанчадан-қанча ичакузди латифалар тўқиган. Футбол ўйинида тўп бегоналар дарвозасида қолиб кетмасин, деб фақат ўз дарвозасига гол урадиган, қопимни ўғри олиб кетмасин, деб елкасида бир қоп бодринг билан дарёда чўмиладиган, эшагимни чўмилтираман, деб ҳаммомга олиб кириб, ходимгардан калтак еган, товуқлари тухум туғмай қўйганда хўрозни ҳезалак, деб сўккан йигит Олтиариқнинг Полосонидан эди. Ана шу хўрозни, қирқта хотинни олиб қўйиб, Худоёрхонга ўхшаб ётаверасанми, жувонмарг, дон топиб келмаганингга яраша анаву очофат товуқларингнинг кўнглини олсанг-чи, қирилгур, деб қарғаган шу полосонликнинг заифаси эди.

 Мен шогирд танлашда худди идораларнинг кадрлар бўлимига ўхшаб иш тутаман. Бўлғуси шогирд қаерда туғилган, қандай муҳитда ўсган, дўстлари ким, қариндош-уруғлари қандоқ одамлар, ҳамма-ҳаммасини билиб олишим шарт.

 Шогирдимнинг таржимаи ҳоли билан танишганимда, қуйидагиларни аниқладим:  Анваржон туғилган Полосон қишлоғида сурункасига ҳамма доно одамлар бўлган экан. Шунча дононинг бир жойга тўпланиши кўп безовталикларга сабаб бўларкан. Насиҳат қиладиган кўп-у, бошини эгиб қулоқ соладиган кам. Ана шундан жанжал чиқиб, қишлоқ иккига бўлиниб кетди. Наманганнинг Ғирвон деган қишлоғидан бир доно вакил келди. Бу одамни бутун Ғирвон аҳли астойдил ҳурмат қиларди.  Худди мана шу доно кимса ажралишиб кетган хотинини танимай, унга ошиқи беқарор бўлиб, яна икки марта уйланган, ҳар гал уйланганда, энди хотинга ёлчидим, деб қувонган пишиқ-пухта одам эди.

 Шундай одамнинг вакил бўлиб келишидан полосонликларнинг бошлари осмонга етди. Шу доно вакилнинг маслаҳати билан ҳар ўттизта донога биттадан нодон қўшиб рўйхат тузилди. Рўйхат ёзилган қоғоз қоқ ўртасидан қайчи билан қийилиб, буниси Шакарқишлоқ бўлсин, мана буниси Ширинқишлоқ бўлсин, деди. Қўйилган шартга ҳамма жон-дили билан рози бўлди.

 Кечқурун ғирвонлик доно эшагини қўйган жойидан тополмайди. У эшагини Олтиариқ – Қўқон йўналишида қатнайдиган автобуснинг орқасидаги илгагига боғлаб қўйган экан. Шундай қилиб, ғирвонлик доно эшагидан айрилиб, қишлоғига пиёда қайтиб кетади.

 Анваржон тўғрисида жиддийроқ бир гап айтишим мумкин эди. Бироқ олтиариқликларнинг жиддий гапга унча ҳуши йўқ. Ушбу мақолани уларнинг илтимослари билан ҳажвийроқ қилиб ёзяпман.

 Олтиариқда ким кўп, шоир кўп. Улар Тошкент бозорига бодринг олиб борганларида, нашриётларга, редакцияларга шеърий тўпламларини ташлаб кетадилар. Кузда турп сотгани борганларида, қўлёзмаларини қайтариб олиб келадилар.

 Фақат қўлёзмалардан иборат бўлган Полосон кутубхонаси жавонларига ана шундай “босиб бўлмайди” деб нашриёт печати урилган қўлёзмалар сиғмай кетди. Шакарқишлоқ доноларининг маслаҳати билан кутубхона иккига бўлинмади. “Халқ бойлиги” талон-тарож бўлмасин деб, “Қўшма кутубхона” номи билан сақлаб қолинди. Кутубхона фонди йилдан-йилга бойиб боряпти. Афсуски, Олтиариқнинг фахри бўлган Анвар Обиджоннинг бирорта қўлёзмаси фондда йўқ. Фондга олиш учун устида “босилмайди” деган печат бўлиши керак...

 Шакарқишлоқ ҳам, ширинқишлоқ ҳам жуда обод жойга айланди. Агар бу гапларга ишонмасангиз, бориб кўришингиз мумкин.

 Кирза этикнинг тагчармини ҳам тешворадиган қиррали шағал тошлар тўкилган йўл бошига “СТОП! ОЁҚ КИЙИМИНГИЗНИ ЕЧИБ КИРИНГ!” деган огоҳлантирувчи белги қўйилган бўлса, албатта, Шакарқишлоқ шу жойдан бошланади деб билинг.

 Агар тупроғи тўпиққа урадиган, мусича қўнса қанотининг шамолидан тўзон кўтариладиган йўл бошига “СТОП! ОЁҚ КИЙИМЛАРИНГИЗНИ АРТИБ, ТОЗАЛАБ КИРИНГ ВА ЯНА ЭШАГИНГИЗНИНГ ОРҚАСИГА ТЎРВА ОСИБ ҚЎЙИНГ!” деган огоҳлантириш белгиси қўйилган ёзувга кўзингиз тушса, бу, албатта, Ширинқишлоқ бошланиши деган гап.

 Ҳар иккала қишлоқнинг байрамларда кўтариб чиқадиган ўз байроғи бор. Шакарқишлоқнинг байроғи оқ, Ширинқишлоқники оппоқ...

 Анвар Обиджон ўзи туғилиб ўсган Олтиариққа шу қадар муҳаббат қўйганки, бутун ижоди давомида ўз юртини эҳтирос билан, буюк ҳурмат билан куйлаб келади. Айниқса туғилиб ўсган Полосон қишлоғи дунёдаги энг гўзал, энг бебаҳо юрт бўлиб туюлади унга.  Бу жойнинг хилма-хил қиёфадаги дўлвор, шу билан бирга, танти, ҳар бир гапининг тагига яна бир маъно жойлайдиган кишилари, ниҳоятда ширали, ҳазилга мойил, эшитган одамнинг юзига табассум пуркайдиган образли сўзлари...

 Анваржон шу она қишлоғи, қувноқ ва жиндек қув ҳамқишлоқлари тўғрисида қанчалаб ҳикоялар, латифалар,ўқиганнинг юзидаги ажинларни дазмоллаб қўядиган серханда ҳажвлар яратди. Очиғини айтганда, Полосон қишлоғи, унинг хилма-хил табиатли одамлари Анваржонни ёзувчи қилган.

 Халқда, аравасига тушсанг, ашуласини ҳам айтасан, деган гап бор. Олтиариқ ҳақфида ёзаётганимда, ашуласини ҳам айтганимни сезмай қолибман. Теша тегмаган латифалар, турли қиёфадаги қувноқ кишилар, бошқа бирор жойда учрамайдиган воқеалар жилмайиб, шоҳо хандон ташлаб кулишимга сабаб бўлди. Шу хандалардан бир миқдори мақолага сачраган бўлса, ажабланманг.

 Мана, ниҳоят, Анваржон Тошкент қайдасан, деб йўлга отланди. Повулғону Файзиобод, Эскиарабу Қапчуғай, Хонқизу Янгиқўрғон унинг орқасидан мунғайиб қараб қолгандек бўлди.

 Назаримда, унинг ижоди буёғига тошкентчасига жиддий бўлди-ёв, деб ўйлайман. Унинг кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган ушбу ғазалидан бир нечта байтни эътиборингизга ҳавола қиламан:

  Шоирингни йўлга бошла ямоқ тушган чориққинам,

  Вале сарой шоиридин пешонаси ёруққинам.

 

  Ўтиб Риштону Бағдоддин Қўқонга шом кириб борсак,

  Кутиб олгай Собир малла – соч-соқоли сариққинам.

 

  Жангга телба яғоч отда кирғонидек, далли Гулмат –

  Кутар яғоч қаламдин ризқ...  Хайр, Олтиариққинам.

 Юртидан чиқиб кетган шоирнинг тақдирини жуда яхши биладиган олтиариқликлар:

 - Бобур Андижондан чиқиб кетди, қайтмади. Машраб Намангандан чиқиб кетди, қайтмади. Фурқат Қўқондан чиқиб кетди, қайтмади. Ана энди Анваржон ҳам шундай жаннатосо Олтиариқдан чиқиб кетди. Қайтиб келадими, йўқми, бир худонинг ўзига аён. Қозондек қайнаб турган серташвиш Тошкентда бу лаллайган, бўшашган шоир адашиб-улоқиб қолиб кетмаса гўрга эди, деб кўп афсус-надоматлар чекдилар. Шунда олтиариқлик машҳур тадбиркор Маматожи ота Иброҳимов (худо раҳмат қилсин у кишини), хотиржам бўлинглар, ҳақиқий олтиариқлик бўлса, ўтда ҳам куймайди, сувда ҳам чўкмайди, деб ғамбода бўлган юртдошларини юпатган эди.

 Аммо Анваржон пойтахтда довдираб қолмади. Асли киришимли бўлганидан, ижод аҳлига маъқул келди. Битта кичкинагина хонани ижарага олиб, ишдан қайтгач, Олтиариқни, полосонлик қадрдонлар соғинчини шеърга солиб, тунни оппоқ тонгларга улади.

 Кетганига бирон йил бўлиб-бўлмай, Анваржон телевизорда лоп этиб кўриниб қолди. Сочлари “попиратка” қилинган... бўйнида галстук, кўзида ойнак, завқ-шавқ билан ғазал ўқиди. Телевизорни кўриб ўтирган полосонликлар, ёпирай, ўзимизнинг Анваржонга ўхшайдими, деб бир-бирларига қарашди. У бошқача бўлиб кетибди. Яхшилаб тикилиб қарамасанг, танимайсан. Аммо олтиариқликлигини тасдиқлайдиган испарапкаси, яъни бурни Полосоннинг бодрингидек мағрур кўринарди.

 Орадан тўрт йил ўтиб, Полосоннинг қўшма кутубхонасига Анваржондан ўзи ёзган “Безгакшамол” деган китоби келди. Ҳамқишлоқлар бу китобдан ҳайрон бўлишди. Китоб муқовасига Анвар Обиджон деб ёзилган. Ичидаги шеърлари Уста Гулматники. Олтиариқда Гулмат деган одам ўтмаган. Анваржон ўзига Уста Гулмат деб тахаллус қўйганмикин, деб ўйлашди.

 Тошкент Анваржоннинг ижод булоғини қайнатди. Саксон учинчи йилдан то тўқсон тўққизинчи йилгача ўн еттита китоби босилиб чиқди. Бу анча-мунча шоирга насиб қилмайдиган бахт эди. Асли таги олтиариқлик бўлган Эркин Воҳидов нашриётда бош муҳаррир бўлиб ишларди. Полосонлик қитмирлар, бу китобларни Эркин Воҳидов ёзиб берган, деб гап қилишди. Қитмирларнинг гапи гаплигича қолиб кетди. Бу орада Анваржон қаторасига учта пьеса ёзиб, республика Ёш томошабинлар театрида қўйдирди. Албатта, телевизорда кўрган одамлар бўлса керак.

 Олтиариқликлардан биттаси Анваржонни қидириб Тошкентга борди.

 - Укажон, темир йўл бошлиғи билан гаплашиб, битта вагон олиб берсанг. Америкага турп обормоқчиман. Шу бечораларнинг ҳам турпга оғзи тегсин.

 - Юкни вагонга ортиб, кейин пароходга юклаб, шунча овора бўлиб борсангиз-у, у олифталар турп емаса, нима бўлади?

 - Емаса нима бўлади дейсанми? – деди у белбоғидаги қинли пичоғини суғуриб. Шаҳрихон усталари ясаган пичоқ электр нурида ярқираб кетди. – Емай кўрсин-чи, жон керак бўлса, ейди. Емай қаёққа борарди!

 Анваржоннинг ҳикоялари, ҳажвлари, кўпроқ полосонликлар тўғрисида. Битта кичкина қишлоқ одамларининг қанчалаб адабий асарга мавзу бўлиши, шунчалик хилма-хил, бири бирига ўхшамайдиган характерлар бўлиши мени ҳайрон қолдирди. Балки водийнинг бошқа туман ва қишлоқларида ҳам буларга ўхшаган одамлар бордир? Албатта, бор. Лекин уларнинг Анвар Обиджони йўқ-да!

 Бу одамларнинг қиёфасини яратиш учун алоҳида кўз, алоҳида қулоқ, алоҳида фаросат керак. Айниқса, Анваржонникидек олисдан ҳид билувчи алоҳида бурун керак. Мана шу шартларга жавоб Анвар Обиджоннинг ўзидан топилади. Назаримда, Олтиариқда қанча одам яшаса, Анваржон ҳаммасини танийдигандек, уларнинг сувратларини дилига чизиб олгандек.

 Унинг “Олтиариқ ҳангомалари”ни ўқимаган бўлсангиз, албатта ўқинг. Ҳузур қиласиз. Китобни ўқиб бўлгандан кейин бирдан ўша томонларга  боргингиз келиб қолади. Ўша дўлвор, содда, қувноқ одамлар билан бир пиёла чой устида суҳбатлашгингиз, ердан йилига уч марта ҳосил оладиган – кўкламда бодринг, ёзда макка, кузда турп экиб, киссасини пулга тўлдирадиган асл деҳқонларнинг қувноқ давраларида бўлгингиз келади.

 Олтиариқнинг ҳар битта донаси курка товуқнинг тухумидек келадиган  ҳусайни узумини емабсиз, дунёга келмабсиз. Пайкалларда ястаниб ётган, совлиқ қўйдек келадиган, якка ўғри эплаб олиб кетолмайдиган оқ қовунларини, лабидан шарбат томиб турган, гижда нондек қаҳрабо анжирларини, ҳар бири чойнакдек келадиган, ёқут доналари ичидан туртиб пўстини ёрворадиган анорларидан татиб кўрмаган одам, шиша банкага қамалган компотни ичиб, оҳ, оҳ, деб юраверсин.

 Анваржон торгина ижара хонада мевалари ғарқ пишган юртини соғиниб, аламини қоғоз билан қаламдан олади. Ғазаллар битади. Уй эгасининг чуғирлашиб, бир-бирини қувлаб ўйнаётган болаларига қараб, ўз болалигини эслаб кетади. Уларга атаб қизиқ-қизиқ шеърлар тўқийди. Қиссалар ёзади.

 Соғинч онлари битилган шеърлар нақадар таъсирли. Унинг болаларга атаб ёзган  баъзи шеърлари нақадар маъсум. Худди капалакка ўхшайди. Қўл теккизсанг, бирон ерига шикаст етадигандек. “Жуда қизиқ воқеа” деб аталган бениҳоя гўзал, қувноқ, ўйноқи шеърлар китоби болалар адабиётининг энг нодир асарлари қаторидан жой олиб турибди. Беш юздан ортиқ шеър жамланган бу тўплам болаларнинг энг севимли китоби, десам, асло адашмайман.

 Олтиариқлик юртдошларининг ҳаётини акс эттирган 300 дан ортиқ катта-кичик ҳажвий ҳикоялари бугунги ҳажвиётимизнинг сара асарлари қаторида ялтираб турибди. Булардан ташқари, Мешполвон, Аламазон ҳақидаги қиссалари, “Қоринботир” достони ва қатор пьесалари Анвар Обиджоннинг ҳам катталар, ҳам болалар адабиётига меҳр билан хизмат қилаётганига кафилдир.

 Анвар Обиджон қўшиқчилигимизга ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Тошкентдаги бир маросимда ҳофиз “Фарғонада биттагина” деган қўшиқни ижро этаётганда, бир шинаванда шеърни оҳангга, оҳангни ҳофиз овозига ниҳоятда мос келганини қаранг, шеърни қайси барака топкур ёзган экан, деб қолди. Ҳамроҳи имлаб, даврада ўтирган Анваржонни кўрсатди.

 - Бай, бай, бай, ўзиям биттагина экан-да, - деди шинаванда маъноли илжайиб.

 Ўзбек адабиётининг ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Анвар Обиджонга “Ўзбекистон халқ шоири” деган фахрли унвон берилди. Ўша куни Олтиариқ бозорларида турп текин бўлди. Қопи билан тўкиб, ким қанча хоҳласа олиб кетаверсин, биз чойхонада ош дамлаб, Анваржоннинг унвонини ювамиз, деб “бит тўкилди” қилиб бир яйрашди олтиариқликлар.

 Бир ошпаз ниҳоятда ҳафсала билан дамланган ошни ўртага қўйганда, ошхўрлардан бири, бу ош маза қилиб ейишдан бошқа нарсага ярамайди, деганини эшитган эдим. Энди шу гапни Анваржонга қаратмоқчиман. Анваржон ёзган асарлар маза қилиб ўқишдан бошқа нарсага ярамайди.

 Ҳазилкаш ёзувчилар биз тўғримизда, шогирди чиройли, устози чип-чиройли, деган гап тарқатишибди. Хайрият, шуни биладиганлар бор экан, деб хурсанд бўлдик.

                 2000 йил, 10 апрел.

      “Халқ сўзи” газетасининг 2000 йил  19 апрел сони.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz