ao
ss

АБДУҒАФУР  РАСУЛОВ,

        профессор.

   ИЖОДИЙ ЎЗЛИК САРИ ЙЎЛ

 Анвар Обиджон ҳозирги болалар, катталар адабиётининг етук намояндаси, Ўзбекистон халқ шоири (1998).

 Умрининг ўттиз тўрт йилини Фарғонанинг Олтиариғидаги Полосонда ўтказди: жамоа хўжалигида ҳисобчи, туман газетасида ходим бўлди, оила қурди, фарзанд кўрди. Болалигидан шеърлар ёзди, республики матбуотида кўринди, вилоят, туманда танилди. Самарқандда техникумда ўқиди, армияда хизмат қилди, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини сиртдан тугатди. Кейинги ҳаёти бадиий ижод, журналистика билан боғлиқлигига ишонгач, 1981 йилда Тошкентга кўчиб келди. Салкам ўттиз йилдирки, у газета, журнал, телевидение таҳририятида фаолият кўрсатди. Анвар Обиджон ҳозиргача ўттизга яқин китоб нашр эттирди. “Баҳромнинг ҳикоялари” (1980), “Эй, Ёруғ дунё” (1983), “Масхарабоз бола” (1986), “Мешполвоннинг жанглари” (1994), “Олтиариқ ҳангомалари” (1999), “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри” (1996), “Безгакшамол” (1985), “Кетмагил” (1985), “Жуда қизиқ воқеа” (1987), “Безгакшамол – 2” (2003), “Танланган шеърлар” (2006) каби асарлари китобхонларга маълум. Шундай ижодкорлар бўладики, ёзган, нашр этилган асарларини қайта-қайта ишлайверади. Натижада, бир асар, тўплам турли номларда нашр эттирилади. Анвар Обиджон ҳам ёзганларини ҳамиша мукаммаллаштириб, янгиликлар билан бойитиб боришга ўч санъаткорлардан. Унинг “Аканг қарағай Гулмат”и “Камбағалбоп Гулмат”га айланиб қолса, ажабланмаслик керак.

 Асар яхшидир, ёмондир ёзувчи ижодининг самараси, фарзанди, мисоли.  Анвар Обиджоннинг “Ялтироқ тугма”, “Аламазон ва унинг пиёдалари” ҳақида кўп яхши гапларни айтиш, улардаги биографик, саргузашт воқеаларни таърифлаш мумкин. Қолаверса, бир танқидчига маъқул бўлган асар иккинчисига ёқмас. Қисқаси, бадиий асар қаҳрамони адабий аҳоли сифатида кунини кўриб кетади.

 Адабий-танқидий очерк жанри адиб ижодини хронологик тартибда (ёзилган йилларига кўра) таҳлил қилишни тақазо этади. Мен Анвар Обиджон ҳақида очерк ёзмоқчи эмасман. Адабиётшунос Замира Иброҳимова “Қувноқликка яширинган изтироблар” (2005) рисоласида Анвар Обиджоннинг болалар учун ёзган шеър, достон, ҳикоя, қиссаларини таҳлил қилган, очерк-рисола ёзган.

 Адиб ижодининг, назаримда, устунлари ҳисобланган тўплам, асарлар ҳақида ўз кузатишларимни ифодалаб, ёзувчи портретининг муҳим томонларини ёритишни мақсад қилиб қўйдим. “Олтиариқ ҳангомалари” – замонавий фольклор намунаси, қувноқ асар. Унда миллий руҳ, жонли қаҳрамонлар, шу куннинг Афандилари тимсоли бор. Шўхлик, қувлик, топқирлик, содда самимийлик – “Олтиариқ ҳангомалари оҳанрабоси, жони. Асарни ўқиб, сира зерикмайсиз. Аксинча, ундаги ҳикоя қилиш усули, нозик ишоралар, сўз имкониятларидан унумли фойдаланишга интилиш китобхонни ром этади. Тўпламда нечта ҳангома бўлса, шунча қаҳрамон, персонаж бор. Ёзувчи эркагу аёл, ёшу қарини қаҳрамон қилиб танлайди ва персонажнинг биронта беқиёс хусусиятини айнан кўрсатади қўяди. Анвар Обиджонгача ҳам Олтиариқ, Шакарқишлоқ, Ширинқишлоқ, Полосон, Қапчуғай бўлган. Бу қишлоқларда минглаб юрагида ўти, ёли борлар яшаб ўтган. Олтиариқ узуми, бодринги, турпини емаган ўзбек йўқ. Қарангки, ҳамма узуми, нокдай турпини истеъмол қилаверибди-ю, ҳеч ким на боғи, на полизи, на соҳибкору деҳқонини суриштирмапти. Анвар Обиджон ҳар бир ҳангомани қоғозга тушираркан, воқеаларни юрагидан ўтказади, ҳангомачини суйиб, ардоқлаб тасвирлайди. Ҳангома битаётган ёзувчи яширин камера билан тасвирга тушираётган оператор ишини қилади. Халқ, ҳангомачилар ўзларини эмин-эркин тутадилар, сўзни яшнатиб, ўйнатиб гапирадилар.

 “Олтиариқ ҳангомалари”нинг яна икки хусусиятини айтиш зарур. Биринчидан, жамики ўзбек каби, олтиариқлик исмни тоқ айтмайди, албатта лақабини қўшиб гапиради: Абжал қийшиқ, Шервой дувона, Машариф кўкнори, Содиқ бужур, Назар пиён, Мўсавой хўрозбоз, Бозор қантовузлар ҳам ҳангомачи, ҳам ҳангома қаҳрамони бўлганлар. Қишлоққа маъруза ўқишга келган адабиётчи гап орасида қайси ёзувчи ўз асарларида қанча сўз қўллаганини гапириб қолади. Шунда, бир олтиариқлик мақтанади:

 - Маҳалламиздаги Бозор қантовуз ўттиз минг хилдан ортиқ сўкишни билади. Шулардан уч хили ўрисча холос, қолгани топ-тоза ўзбекча.

 Ана сизга ўзбек, олтиариқлик. Битта янги сўз топиш, қўллаш учун ўлиб тирилган Навоий, Шекспир, Пушкин қаёқда-ю, ўттиз минг сўкишни билган Бозор қантовуз қаёқда?!

 Олтиариқ ҳангомалари аскиянинг сирт томони, юзаси. Ҳар бир ҳангома остида қайроқдай-қайроқдай аскиялар бош кўтаришга тайёр туради. “Олтиариқ ҳангомалари” замонавий афандилар ҳақидаги ғаройиб воқеалар йиғиндиси, лақабу кўп маъноли сўзлар хусусидаги қўлланма, аския, пайровлар мағзини очиб берувчи рисола.

 Дарвоқе, “Олтиариқ ҳангомалари”нинг жанри қандай?

 - Ҳангома-да! Ҳангома жанри.

 - Уни расмий адабиётшуносликда қандай аташади?

 - Ҳангомада воқеалар ғалати, ҳайратомуз, рамзий унсурларга бой. У латифа бўлиб, фольклор асаримас. Бадиий адабиёт бўлиб, ёрқин характерларга эга эмас. Ҳангомада кутилмаган воқеа, ҳодисалар ҳақида гап кетади. Китобхон таажжубланади: “Шу воқеани сўзлаш жоизмиди?”

 Ҳангома тик адирга кўтарилиш ва у ердан туриб атрофга назар солиўдай гап. Яна ҳам аниғи шуки, ҳангомада тингловчи (китобхон)ни лол қолдириш, уни кутилмаган ҳолатга тушириб қўйиш муҳимдир. Ҳангома қайсидир жиҳати билан сонетга ўхшайди. Тўғри, сонет элитар жанр: у ақлни пешлашга, жиддий поэтик фикр айтишга йўналтирилган. Лекин унда ҳангомадагидай портлаш, кескин ўзгариш сўнгги икки сатрда рўй беради. Хангома воқеадан ғайритабиий, китобхон кутмаган хулосани чиқаришдир. Демак, ҳангома новелланинг ўзига хос кўринишидир. Ҳангома халқ ижоди анъанаси билан тўйинган новелладир.

 Сонетнинг сўнгги икки мисрасида оҳорли фикр айтилса, ҳангома хотимасида қалбдан отилиб чиққан қаҳқаҳа янграйди. Ҳангома – новелла поэтикаси сўзга, ундан қаерда қандай фойдаланишга алоҳида урғу беради. Ножўя, ноўрин қўлланган биттагина сўз ҳангома табиатидаги вулқоний кучни қирқиши, йўққа чиқариб қўйиши ҳеч гапмас.

 Ҳангома сўзлаш, гурунг қуриш – ўзбекнинг миллий хусусияти. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов гурунгбоз, моҳир ҳангоманавис бўлганлар. Адҳам Ҳамдам, Анвар Эшонов, Эркин Сиддиқов сингарилар латифагўй, ҳангомачи бўлганлар. Аммо улар ижоди ёзма адабиётнинг нариги ёғи, халқ ижоди ҳудудида қолган.

 Туркум ҳангомалар йирик характерни пайдо этиши мумкин. Абдулла Қодирийнинг Калвак махзуми, Тошпўлат тажанги ҳангомалардан пайдо бўлган характерлардир. Ғафур Ғулом ҳангома ёзиш устаси бўлган. Афанди Азроилни мот қилади (“Афанди ўлмайдиган бўлди”), Шайтонга ҳуштакни тутиб келиш, унга саккизтадан тугма қадаш вазифасини юклайди (“Мулла Насриддин Афанди ва Шайтон алайҳ ул-лаъна”). Абдулла Қаҳҳорнинг “Жонфиғон”, “Санъаткор”, “Адабиёт муаллими”, аслида, новелла, ҳангома. Ёзувчи ҳангома илдизидан ижтимоий характер моҳиятини топади. Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” аслида новелла – икки келин ҳангомаси бўлган. Шу ҳангома асосида Саид Аҳмад “Келинлар қўзғолони” комедиясини яратди, пишиқ-пухта характерларни томошабин ҳукмига ҳавола этди. Неъмат Аминовнинг “Ёлғончи фаришталар” романи юзлаб ҳангомаларнинг яхлит концепция атрофига уюшишидан пайдо бўлган. Демак, ҳангома новеллачи воқеаларни маромига етказиб ҳикоя қилиш, якун ясашга бор уқув, маҳоратини йўналтиришидир. Анвар Обиджоннинг “Олтиариқ ҳангомалари” табиатида қанчадан-қанча ҳикоя, қисса, романлар яширингандир.

     х х х

 Ҳангома – ҳажвий, мутойибали гурунг. Кулиш, кулдириш ҳажвиянинг етакчи белгиси. Истеъдодли кишиларгина кулдирадилар, куйдирадилар, лозим бўлса, йиғлатадилар. Моҳир санъаткорлар сатира, ҳажвияни тўлақонли тимсол орқали китобхонга ҳавола қиладилар. Калвак махзум, Тошпўлат тажанг (Абдулла Қодирий), Шум бола, Мамажон ялқов (Ғафур Ғулом), Эшон, Боқижон Бақоев (Абдулла Қаҳҳор), Ўткурий (Уйғун), Баширжон, Қиёмхон (Неъмат Аминов) – сатирик характерлар. Уларда маълум тоифа кишиларнинг қусур-камчиликлари ҳажв қилинади. ХХ асрнинг иккинчи ярми шеъриятида яна иккита ёрқин ҳажвий тип яратилди. Бири – Матмуса (Эркин Воҳидов), иккинчиси – Гулмат (Анвар Обиджон).

 Матмуса характери, ҳангомалари ҳақида кўп ёзилган. Гулмат йигирма йилдирки, адабий аҳоли орасида жавлон уряпти, ўзлигини тинимсиз намоён этиб бормоқда. Гулмат ғазал битади, мухаммаслар яратади, мулоқотларга қўл уради, фардлари билан китобхонни лол қолдиради. Зурафо, аҳли дарк, урафолик халқимиз табиатига сингиб кетган, шу тоифадан билувчи  гулматшунос Бурундор Тусмолий унча-мунча шоирни ижодкор, ғазал деб тақдим этилаётган битикни асар ҳисобламайди, Гулмат ғирт думбул шоир, ғазаллари ғазалга ўхшамайди, мухаммас, фардлари омонат, сохта. Гулматга ғазалнавислик шабадаси сал-пал тегиб ўтган, гоҳо вазн оҳангини, вазн талабини ҳис қилиб қолади.

 “Ғазал рақам 51”да  Гулмат ўзи билан Кузма Прутковни қиёслайди, замондан шикоят қилади, пролетар Кузманинг сўзларига қулоқ тутади:

  Давом қилмиш: “Бўлиб ботир манингдек ғоз яша, қўрқма –

  Самодержовиё филни отсаям бошга Оқтовдин.

 Гулмат ҳурмат, эҳтиром билан Кузмага жавоб битади:

  Яна мандин олу туршак, тулуп-шапко жўнотиб тур,

  Биродарлиқ қолур мангу ҳалолроқ эрса шартнома.

 

  Соғингай дийдоринг Гулмат, нетайки Ер бўлинғонда,

  Манго ўлчаб берилмиш Шош, санго олис Кастирома.

 Гулмат Шошийнинг асосий фазилати гўё шундаки, у фақат қоринни, маишатни, турган-битгани асал аёлларни ўйлайди. Гулмат ўзини фапқат Шош шоири деб билади. Бу шаҳри азимнинг Хадра, Чорсу, Қатортол, Кўкча, Эскижўва, Сағбон, Лабзак, Дўмбиравот, Шайхонтоҳур, Бешёғоч сингари жойларини хўб ўрганади, ғазалларига киритади. Шоиримиз маҳаллий ҳудуддан бир пайса бўлса-да четга чиқмайди. Гулмат носкаш, шишага ўч, қиз-жувонларга муносабатда бесуяк, лозим бўлса, мунофиқлик қилади, ёлғонга тўн кийдиради. Мана, офатижон бир жувон ўтиб боряпти. Унга эргашган пашшалар кўп. Гулмат ҳам хира пашшалар қаторидан жой олади:

  Йўрғаласам унга, биров “пашша бўлиб борма”, деди,

  Пашша эсам қандоқ чидай – уч пуд асал кевотти-я.

 

  Шоди бурун “Оҳ!” деб оёғига ўзин ташлаб эди,

  Тоғдек бурундан сакрабон ўтди жадал, кевотти-я.

 Гулмат гоҳ коски – оғзи шалоқ кас: ғазал битса-да, қуюлмаган суюқлардан. Унинг бу “фазилати” “Ғазал рақам 19”да аниқ кўринади:

  Қолса мансиз кимни топгай, бунча нодон қурмағур?

  Зора қайтса сал фаҳмдин калласиға эктириб.

 

  Ўзни манга этма душман, қийнама, э мочахар,

  Ошна қилсанг Гулматингни, юрмағайдинг сўктириб.

 Гулматийнинг мухаммас, мулоқот, фардлари, ғазаллари ҳар тарафлама “етук”, “аъло”, “мукаммаллик” намунаси.

   Зўр китобда тил йўқ – муллим бўлар,

   Бадбахт шоир ўз шеъридан сўнг ўлар,

   Танқидчининг бурни теккан гул сўлар,

   Савоб бизда қолғай, жавоби сизга.

      (“Мулоқот рақам 2”дан).

 Барча адиблар қатори Гулмат танқидчини ёмон кўради. У танқидчи Ғишматни биринчи душмани деб билади. Бу танқидчи номи Гулмат Шошийнинг ғазал, мухаммас, мулоқотларида бот-бот учраб туради. “Мухаммас рақам 5”ни аслида “Ғишмат дастидан дод!” деб номлаш жоиз эди. Қаранг, Гулмат Ғишматни қандай фош этади:

  Кашф этиб Ғишмат совун, сўзни гупирмоқ ўргатур,

  Биз гилам турсак тўқиб, шолча супурмоқ ўргатур,

  Нос чека билмас ўзи, чексак тупурмоқ ўргатур,

  Дил ясаб Тангрим нечун дилни ўпирмоқ ўргатур,

  Нега қўй барпо қилиб, қашқирни устун айлади.

 Гулмат фардлари алоҳида бир олам. “Фард, рақам 15” Гулматий донишмандлиги, сўз қўллаш маҳорати, топқирлиги чўққиси. Фарддаги “кетинг”нинг қат-қат маънодорлигини айтмайсизми? Бу сўзнинг шуъласи “олд” сўзига ҳам тушиб туриши-чи? Фардларни ўқиб, аввалига чуқур ўйга ботасиз. Сўнг фард маъноси очилиб, нашъа қила бошлайди:

  Эй, дафтарим, дуо битдим сўнгги бетингга:

  Назм тангриси омад берсин олду кетингга!

 Гулмат шоир ўнлаб эпиграммалар битган деб эшитамиз, айримларини тинглаганмиз. У антиқа бағишлов – эпиграммаларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этса, қанчадан-қанча қиёфалар билан танишиб олардик.

     х х х

 Анвар Обиджон борлиққа – мавжудоту маҳлуқотга, ой, қуёш, юлдузларга, узлуксиз ғимир-ғимир ҳаракатга боланинг маъсум кўзи билан боқди. Пишиқ-пухта, умри узоқ асарлар яратди. Болалар адабиёти пирлари қаторидан ўз диди, тили, услубибилан жой олди.

 Ўзбек болалар адабиётининг жонкуяр пирларидан Турсунбой Адашбоев ёзади: “80-йилларга келиб Анвар Обиджон болалар шеъриятидаги об-ҳавони бир йўла янгилади”. Унинг “коса тагида нимкоса” асарлари тилга тушди” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил, 7 март).

 Анвар Обиджон болалар учун қисса, драма, эртаклар ёзган. “олтин юракли Автобола”, “Мешполвоннинг жанглари”, “Аламазон ва унинг пиёдалари сингари асарлар ҳақида алоҳида-алоҳида тадқиқотлар яратиш мумкин. Биз Анвар Обиджоннинг болалар адабиётига қўшган бебаҳо хазинаси – “Жуда қизиқ воқеа” (1987) шеър ва эртаклардан иборат китоби тўғрисида кенгроқ тўхталишни маъқул топдик. Тўпламдаги асарлар қаҳрамонлари бобо деҳқон, миришкор боғбон етиштирган маҳсулотлар, тар мевалар, парранда, дарранда, ҳашаротлар, дўппию шляпа, телефону шиппак, чойнагу ойнак, муғомбиру лофчи, аёзу гуллола, қуёшу жала, ўнлаб дастгоҳу ашё, пружинаю чўзма, ҳайвонот, наботот, жамодот, мавжудод, маҳлуқот...

 Асар қаҳрамонлари қўшиқ айтадилар, ҳасби ҳол сўзлайдилар, мактуб битадилар, тавсифу таъриф берадилар. “Жуда қизиқ воқеа”да гўзал оҳанг, ғаройиб мутаносиблик, турфа ранглар жилоси, зиддиятлар кураши, ҳаёт-мамот жанги тасвирланган.

 Болалар ёзувчилари ҳамиша, ҳамма ерда битта муҳим қонуниятга амал қилганлар:  яшамоқ – улуғ неъмат. Яшаш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Яшаётган ҳар бир жонзот Яратганнинг рўйхатидан ўтган. Одамлар жонзотни оёқ ости қилишга, қиришга ҳақсиздирлар. Анвар Обиджон атайин кўкшира, чивин, бурга, пашша, капалак, шиллиққурт, суварак, чумоли сингари ҳашаротларни тасвирлайди. Кўкшира, масалан, ниҳоятда увоқ, сустҳаракат, юзтаси, мингтаси биттагина баргга жо бўладиган ҳашарот. У – кушанда. Аммо шоир бу майда махлуқни очиқ ҳақорат қилмайди. Мақтамайди ҳам.

    Ёпишқоқман,

    Ўз номим –

    Ўзим билан Шираман.

    Экинларга ғанимман,

    Ўтакетган хираман...

    ...................................

    Тупроқ куйлар ҳаётни,

    Мен куйлайман

    Ўлимни!

 Чивин Кўкширадан-да ёвуз. У – қонхўр. Лекин пул олмасдан қон сўришини мақтаниб куйлайди.

    Товуқларга дон ширин,

    Минғир-минғир.

    Чивинларга қон ширин,

    Минғир-минғир.

 

    Биз ҳаммага ёқамиз,

    Минғир-минғир.

    Ҳақ олмасдан чақамиз,

    Минғир-минғир.

 Ҳаёт курашдан, ҳукмронлик қилишга интилишдан иборат. Табиатнинг ўзгармас қонуни бор:  одамлар, нарсалар, ашёлар ҳам кексаяди, нокерак бўлиб қолади.Ажабки, ҳеч ким, ҳеч нарса ўрнини осонликча бўшатмайди. Мана, чўзма. У бир пайтлар энг зарур матоҳ эди. Пружина чиқди, чўзманинг қуёши ботди. Аламзада чўзма ғижирлоқ пружинага мактуб битяпти:

    Кўп ғашимга тегмасдан,

    Мой суртиб ол этингга.

    Тарсиллатиб бир куни

    Қўйвормайин бетингга.

 Чўзмада чапанилик ҳасад, алам билан қўшилиб кетган. “Тарсиллатиб қўйвормоқ” мактубнинг асос-моҳиятини белгилайди. Асар структурасида шу икки сўз ғоявий юкни зиммасига олган. Агар шу сўзлар, ҳатто ўрни ўзгартирилса, шеърнинг ҳарорати кескин пасайган, таъсир кучи қирқилган бўларди.

 “Саримсоқпиёзнинг Оқпиёзга мактуби” – ажойиб асар. Саримсоқпиёз аччиқ, сассиқ. Шоир худди шу нуқтани қаттиқ тутиб олади.  Ҳозир Кўкпиёзнинг бозори чаққон. Одамлар Оқпиёзга, айниқса Саримсоқпиёзга қарамай қўйган. Саримсоқнинг фиғони фалакка чиққан:  у касофат (кўкпиёз) Саримсоққа хат ёзмаяпти. Саримсоқ Оқпиёзга қайта-қайта таъкидлаяпти:

    Кўриб қолсанг бозорда,

    Тергаб қўйгин ачитиб.

    Йўлиқсайди ўзимга...

    Сўкардим

    Бир саситиб.

 Дўқи шундай бўлса, саситиб сўкиши қандай бўлишини тасаввур этиш қийинмас. Шеърда “саситиб” сўзининг жамики имкониятлари кўз-кўз қилинаётгандай бўлади. Бош сўз шеърнинг охирига қўйилган. У бутун шеър руҳига таъсир этади. Ажабки, саримсоқ қанча ғазабланса, китобхон шунча маза қилади, сўз қудратига қойил қолади.

 “Жуда қизиқ воқеа”да баъзи мева, маҳсулот, ҳайвон, ҳашарот ҳақида икки-учталаб шеър бор. Шоир саримсоқпиёз тўғрисида иккита шеър ёзган. Бир шеър – саримсоқнинг мактуби, иккинчиси – саримсоқнинг ўзи ҳақидаги фикри.

 Анжир ҳақида ҳам иккита шеър берилган. Бирида анжирнинг гулламай мева тугиши, дориворлиги билдирилади. Иккинчи шеърда анжир баҳонасида она-тупроқ, меҳрибон қуёш улуғланади:

    Анжиргинам,

    Анжиржон.

    Митти-митти

    Кулчанон.

 

    Кўпчиб

    Тупроқ-хамирда,

    Пишдинг

    Қуёш-тандирда.

 Шеърда тўққизта сўз бор. Шулардан бештаси таянч сўзлар:  кулчанон, тупроқ-хамир, қуёш-тандир. Поэтика деб бадиий асарда сўзларнинг бўртиб, нурланиб, қоядай мустаҳкам туришига айтилади. Поэтика бадиий-эстетик моҳиятнинг тиниқ, лўнда бўлишини, китобхон руҳиятида мукаммаллиги, яхлитлиги билан ўзгариш ясашини тақазо этади. Болалар адабиётида ёзувчи позицияси, ҳикоячи-ровий қараши аҳамиятлидир. Бола ҳамиша мададга, раҳнамога, доно маслаҳатчи ёрдамига эҳтиёж сезади. Ровий-ҳикоячи  нарса, маҳлуқот, ашё ҳақида шаклланган қарашни ўзгартириб юбориши мумкин. Одатда, чивинни, пашшани одаьзот йўқ қилади, қиради. Аммо Анвар Обиджон холис туриб бургани таърифлайди:

      Кир кўрпанинг астари

    Ҳашаматли саройим.

    Агар

    Иркит бўлсангиз,

    Улфатимсиз ҳар доим.

 Шиллиққурт – ўта иркит, ялқов, худбин маҳлуқ. Шу ҳолига қарамай, у ўзини мақтаб қолади:

   Қаерим кам Ҳўкиздан,

    Бошимда қўш шохим бор.

    Чиғаноғим ичида

    Ётоғим ҳам тап-тайёр.

 Анвар Обиджон ўз қаҳрамонларини кўрсатади, тасвирлайди, зинҳор уларга баҳо бермайди. Ёш китобхонни ўйлашга, баҳолашга ўргатиш болалар адабиётининг вазифаси.

 Анвар Обиджон болалар учун нимаики ёзмасин, гўзалликни, куйни, шакл ва мундарижа мутаносиблигини назарда тутади. “Булбулнинг чўпчаклари” туркумида ҳамма нарса гўзал, мукаммал. Оҳангга мос сўзларни танлайди, қаҳрамонлар фазилатини топиб-топиб, ўрнига қўйиб-қўйиб тасвирлайди:

   Мусичалар юввошу Чумолилар тиришқоқ,

   Сувараклар бебошу Кучукчалар уришқоқ.

 

   Хўтиклар зўр яллачи, Қўй, Сигирлар далачи,

   Шўх Қўчқорлар каллачи, Такалар ҳам сузишқоқ.

 Шоир битта шеърида табиатнинг мангу қонунини зўриқмасдан, оддийгина қилиб айтиб беради:

   “Ўтин ташлаб” қуёшга, ўтни баланд ёқди ёз,

   Гурзаилон қишдаги пўстинидан кечди воз.

 

   Сийраклатиб юнгини туллай бошлар Тулкилар,

   Ортиқчароқ патларин чўқиб-чўқиб юлди Ғоз.

 

   Каклик башанг кийинди ечиб эски либосин,

   Унинг чипор нимчаси тоғ рангига тушди мос.

 Анвар Обиджон бола болани ёқтиришини билади. Шул сабаб Кучук, Хўтик, Бўталоқ, Той, Жўжа, Улоқ, Бузоқ, Қўзи ҳақида кўп ёзган. Лекин шоир тилида Жўрпа, Қуралай, Кашшофанинг йўқлиги, “Жазвал”нинг “Жазвар” бўлиб қолгани кишини ажаблантиради. Китобхон наздида Анвар Обиджондай табиат, маҳлуқотни биладиган зот йўқ. “Жуда қизиқ воқеа”да “Ботирвойнинг кундалиги” каттагина ўрин эгаллайди. Лекин “кундалик” ғалати-ғалати саволларни келтириб чиқаради. Мана, масалан, 7 ноябрь ҳақида ёзилгану 1 сентябрь ҳақида шеър йўқ. Нега кундалик тўлиқ эмас?..

 Анвар Обиджон нарса, ҳодисаларга жуда кўп шеър бағишлаган:

    Сенга раҳим қилдик биз,

    Тўрга солиб, илдик биз.

    Бердик дон, сув, бошпана...

    Йиғлама-да,

    Бедана!

 Бу – тўрқовоққа ёзилган шеър. Бағишлов шеърлар ўқувчи қоидаси, яхши бола адабига мос келади. “Арифметика”нинг муқовасига ёзилган шеърда ўқувчи огоҳлантирилади:

      Олтига бир

     Етти бўлар.

     Саккиз, десанг,

     “Икки” бўлар.

 Тўпламда бир қанча қўшиқлар борки, улар “Жуда қизиқ воқеа”нинг жуда гўзал, ўта мароқли, ниҳоятда ёқимлилигини кўрсатади.

 Бизга Анвар Обиджон саноқсиз қуш, ҳашарот, нарса, аўёларни кўрсатган эди. Энди шоир ўз қаҳрамонларини куйлата, қўшиқ айттира бошлайди. Мана, тўрғай қўшиқ айтяпти:

    Ширингина тилим бор,

    Фю-фю.

    Бошимда кокилим бор,

    Фю-фю.

 

    Зериксангиз шаҳарда,

    Фю-фю,

    Даштга келинг баҳорда,

    Фю-фю.

 Энг серзавқ қўшиқчи, ноёб қуш, албатта, булбул. Кўпчилик булбулни кўрмаган, аммо қўшиғини эшитган. Булбул қўшиғи – тонг файзи, ҳаёт мадҳи, оҳангларнинг оханрабоси.

    Қизил гулда ўйнайман,

    Чика-чука.

    Атиргулда тунайман,

    Чика-чука.

 

    Менинг кулчам – тўлин ой,

    Чика-чука.

    Ризқим дон ва шудрингчой,

    Чика-чуп!

 “Жуда қизиқ воқеа” – табиат тўкислиги, ҳаракатлар гўзаллиги, зиддиятлар зарурлиги ҳақидаги китоб. У ёш қалбларга руҳ, муҳаббат, жўшқинлик ато этади. Бола, табиатан, ўйинқароқ. Ўзи енгил бўлганидай шеър, қўшиқларнинг ҳам ўйноқи, жўшқин, самимий, тароватли бўлишини истайди.

 Шоир гоҳ сўз ўйини қилади, бир сўзнинг турли маъноларини очиб кўрсатади:

    - Узоқмикан

    Қорақамиш?

    Борганмисан?

    Қанақамиш?

 

    - Яқин экан

    Қорақамиш.

    Бориб дедим:

    “Қани қамиш?”

 Бола вазни енгил, бўғини қисқа-қисқа мисрали шеърларни ёқтиради, уларни зумда ёд олади. “Буғдой”, “Пахта”, “Сабзи”, “Анжир”, “Писта”, “Ўрик”, “Беҳи”, “Нок”, “Мош”, “Анор”, “Шоли” мана шундай шеърлардан. “Узум” енгил ўқилади, унда миришкор заҳмати, савобли меҳнати сезилиб туради:

    Доналарим

    Маржонча.

    Бир бошим –

    Нақ бир жомча.

    Қуритсангиз

    Майизман.

    Дастурхонга

    Файзман.

    Кузда

    Еб-еб тўйишар.

    Қишга

    Осиб қўйишар.

    Боқар шод

    Ёш-қарилар.

    Мақтар ҳатто

    Арилар.

 Анвар Обиджон шеърларида ҳаётдагидай мураккаблик, зиддият кўзга ташланиб туради. Қуёш бадиий асарда асосан таърифланади, фазилатлари кўрсатилади. “Қочқоқ” шеърида эса Қуёш қочқоқ, ўзини панага урувчи сифатида кўрсатилади. Шеърдаги лирик мутойиба руҳи китобхонга хуш ёқади.

    Лола билан

    Далада

    Қолиб кетдик

    Жалада.

 

    Ивимай деб

    Жалада,

    Қуёш ётар

    Панада.

 Шеърда дам қуёшли, дам ёмғирли кўклам фасли тасвирланган. Жала, Пана, Қуёш. Шу уч сўз шеърни тутиб турган таянч. Яна, шеърдаги жозиба таянч сўзларни пишиқ-пухта қилади. “Қочқоқ”да ҳаётбахш руҳ шеърни ич-ичидан нурлантиради.

 !Қуённинг туғилган кунида” шеъри ажойиб эртакнинг қисқа, лўнда, қофияли тасвири. Унда дўстлик, қувонч, садоқат, айни вақтда, хиёнат, хоинлик бор. Туғилган кунга кимлар нималар билан келди?

    Ари келди

    Асал олиб.

    Эчки – қопга

    Карам солиб.

 

    Айиқ келди

    Қошиқ билан.

    Бўри – пичоқ,

    Сочиқ билан.

 Анвар Обиджон Ханс Андерсен, Корней Чуковский, Самиул Маршак, Қуддис Муҳаммадий, Зафар Диёр, Агния Барто сингари устозлар анъаналарини давом эттирди, болалар поэзиясига бебаҳо бойликлар қўшди, қўшяпти.

 Бадиий асар равон ўқилдими, шавқ-завқ бердими, билингки, уни ёзиш мураккаб кечган: санъаткор ҳар бир сўз, оҳанг, урғу устида ўйлаган. Асар ёзишдаги мураккабликлар поэтикада ўрганилади. Поэтика структура, семиотикани қўллаб, асар табиатини ёритади. Анвар Обиджон “Жуда қизиқ воқеа” билан болалар адабиётида янгилик яратди.

 Шоирнинг бош китоби яратилганига йигирма йилдан ошди. Ҳозир ёшлар, болалар бутунлай ўзгариб кетдилар. Компьютер, уяли телефон, рақамли аппаратлар, телевидение, ғаройиб фильмлар бола онги, руҳини ўзгартириб юборди. Ҳозир ўзбек болалар адабиётида Оташ Холмирзаев, Нурилла Остон, Маъмур Қаҳҳор, Кавсар Турдиева, Қўзи Исмоил, Содиқжон Иноятов, Зафар Исомиддин, Юсуф Мирюсуфзода, Абдураҳмон Акбаров сингари истеъдодли адиблар ижод қилмоқдалар. Аммо улар орасидан Анвар Обиджондай реформатор, ҳозирги бола руҳини тўлиқ кўрсатиб берадиган санъаткор чиқмаяпти. Миразиз Аъзам, Турсунбой адашбоев, Анвар Обиджон сингари устозлар янги замон руҳини, ХХ1 боласи характерини ёритиб беришга астойдилроқ бел боғласалар ёмон бўлмасди

     х х х

 Анвар Обиджоннинг ўзлиги “Шарқ” нашриётида 2006 йилда чоп этилган “Танланган шеърлар”ида намоён бўлди. Сайланма, тўплам, шеър бўлмасин, шоирнинг изланишлари, ўй-қарашларидан хабар бериши лозим.

 “Танланган шеърлар ҳам шаклан, ҳам мазмунан шоир изланишда эканини кўрсатади. Мукаммал шеърий тўплам мусиқий органда чалинаётган куйга ўхшайди. Маълумки, орган мусиқа асбобида ўнлаб катта-кичик сурнай, сурнайчалар бўлади. Моҳир созанда сурнай, сурнайчаларни узлуксиз чалиб, орган тўлиқ ҳаракатлантирилса, концерт зали илоҳий куйга, оҳангларга тўлиб кетади. Тингловчи оҳанглар тўлқинида сузаётгандай, товушлар сеҳридан маст бўлаётгандай сезади ўзини. Мусиқа куй инсонни тамоман ром этади: у ўйламайди, ҳузурланади, талқин қилмайди, таҳлил қилади. Бадиий асар, хусусан, шеър ҳам ҳис этиш, кўриш, тинглаш, биронта сўзга кўнгил бериш имкониятини яратади.

 Сўнгги йилларда шеъриятда фикр жавҳарини нозик гўзаллик тўқимасида шеърхонга тақдим этиш тамойили кучаймоқда. Поэтика дегани батафсил киришлардан қочиш, гапни айлантиришдан тийилиш, каломни ниҳоятда саралаб танлаш, ҳар бир сўз, урғу, оҳангга эътибор қаратишдир. Поэма жанри кенгликни, характер яратишни, тимсоллар қавмини вужудга келтиришни тақазо этади. Лекин поэмада ҳам масалани аниқ қўйиш, яхлит муаммо илдизига изчил кириб бориш фазилати кучаймоқда. Демак, поэзияда бир неча сўзлардан, бир мисрадан, байтдан, учликдан, тўртликдан иборат шеърлар кўпаймоқда. Анвар Обиджоннинг ғаройиб савол-жавоб (346-бет) шеъри бор. Саволлар анъанавий, расмий. Аммо жавоблар бурама, таг-заминли, ўзликдан келтириб чиқарилган:

   - Соғлик ўзи нима?

   - Интизомсизлик.

   - Нимадан ҳузурланасан?

   - Кўнгил овлашдан.

   - Нимадан қўрқасан?

   - Боламга иснод келтиришдан.

   - Нима бемаза?

   - Ватансизлик.

  Шеър хотимаси қизиқ. Унда инсон (шоир) ҳаётининг уч устуни лўнда айтиб қўя қолинган.

   - Энг тўкис таржимаи ҳолинг?

   - Келдим. Ёздим. Кетдим.

 “Келмоқ”, “кетмоқ” изоҳ талаб қилмайди. “Ёздим”-чи? Яшадим, кездим, кўрдим, изландим, қийналдим, ўйландим, иккиландим, ҳузурландим, қувондим, курашдим, енгдим, чекиндим, севдим, кулдирдим, меҳр кўрдим...

 Бадиий асарда, шеърда, рубоий, байтда таянч сўзнинг салмоғи муҳимдир. Таянч сўз пухта, ёмбидай яхлит асарда кўзга яққол ташланади. Хом, ғўр шеърда сўзлар, хусусан, таянч ибора туссизланади, хира тортади. Анвар Обиджон игнабарг (бир мисрали) шеърларда оҳорли қиёс, ўхшатиш, тимсолларни топади. Масалан:  Кўр ҳассада ахтарар...  нурни. Илҳом – турма туғуруқхонаси. Шам ҳам шоҳдир Қуёш чиққунча. Бу қиз гўё музда ўсган гул. Элсиз шоир эрсиз сулувдир. Теполмадим медалли итни. Шу эшакнинг устози қани?  Воҳ! Ўликлар ўлдирди уни. Инсон ўлди, туғилди қабр. Жони ундан қочиб қутулди. Бунча тажанг бокс қўлқопи?

 “Игнабарг шеърлар” шоир услубини, интеллектуал даражасини, гўзалликни англаш уқувини чақмоқдай кўрсатади қўяди.

 Анвар Обиджоннинг кичик шеърлари тақмачоқдай:  сермаъни, фалсафий, бетакрор. Шоир кўп шеърларида ўзлик ҳақида ёзади. Ўзлик – таянч, бетакрорлик. Номаълум одамлар даври ўтди. Ҳозир:

   Туғилдингми – самар қолдир,

   Ўзлигингдан хабар қолдир. –

дейдиган замон.

 Шоирнинг зўри шеъри (асари)ни етаклаб, кўпчиликка таништириб юрмайди:

    Биласан-ку, вақтим зиқ,

    Бор, кўчага ўзинг чиқ,

    Янги дўстлар топ, шеърим.

 Одам замонсиз, эл-овул, халқ, Ватансиз яшай олмайди. Аммо жамоада яшашнинг муҳим қоидаси бор:

    Замон сенга турса чап,

    Сен замонга боқавер.

    Замонни гоҳ олқишлаб,

    Ўз йўлингдан оқавер.

 Ўзлиги бор шахс курашади, интилади, қоқинади, хато қилади, лекин асл моҳиятини сақлаб қолади. Мана, “Асқад Мухтор” шеъри:

    - Ҳам носир, ҳам файласуф...

    - Насри зўрроқ, сертаъсир...

    - Лекин...  далғов йилларда...

    - Кам бундай мард муҳаррир...

    Туравердим индамай,

    Бу – кўчагир баҳс эди.

    ...Ким бўлса ҳам

      А. МУХТОР

    БУТУН эди, ШАХС эди.

 Шоирлик шеър ёзиш эмас. Шоирлик ҳамиша ўзини сўроққа тутиш, муаммолар қуршовида банди бўлиш. Шоир сўроққа жавоб, муаммога ечим топдими, шеър туғилади.

    Шоир кезаверди,

    Кезаверди...

    Ақли ўсаверди.

 

    Шоир сезаверди,

    Сезаверди...

    Ақли озаверди.

 Шоир дунёга ашъор битиш, гўзаллик яратиш, ўзлигини тасдиқлаш учун келади.

   Шоирда туғмадир шиддат ва оташ,

   Икки нарса уни синдирар азал:

   Бири – олишувдан ўлгудек чарчаш,

   Иккинчиси эса – шунчаки амал.

 Амал пиллапоясидан кўтарилишга одатланган, сиёсий-мафкуравий олишувлардан чарчаган бир шоир ёш издошига ҳавас билан боқиб: “Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!” – дея хитоб қилган экан.

 Шоирнинг энг ҳузурбахш юмуши даҳо санъаткорлар, улуғ шоирлар асарларини уқишдир. Шоир журъат этиб, пирлар панжасига панжа уриб қўйса, ўзини арши аълода деб ҳис қилади. Анвар Обиджон, шаксиз, мумтоз шеърият мухлиси. У бир шеърида Атоий яратган гўзалдан илҳомланиб, тенгсиз малак тимсолини кўрсатади:

   Пошнаси кокилга илингай,

   Бол еса кўксинда кўрингай.

 Бундай ўхшатиш, қиёс шеъриятда кўп учрайди. Аммо мана бу тимсол, назокат жуда кам учратилган:

   Сийнаси нозикки, тилингай –

   Кўз қадашимдан яроланиб.

 Анвар Обиджон – камтар, болалардай тортинчоқ шоир. У “Танланган шеърлар”дан ўрин олган ғазалларини “Ғазал шаклидаги шеърлар” дейди.Ваҳоланки,

  Сен каби қомати расо Фарғонада биттагина,

  Мен каби қаддингга адо Фарғонада биттагина.

матлаъси билан бошланадиган асар ҳам куйи, ҳам вазни, ҳам қофияси, ҳам поэтик такрори билан мукаммал ғазалдир. Шундай гўзал ғазални ёзган шоир ўзига бундай баҳо беради:

   - Армонинг борми?

    - Бургут эмас, қалдирғочман.

    - Юпанчинг?

    - Читтаклардан баландроқда учдим-ку!

 “Танланган шеърлар”да бағишловлар талайгина. “Қодирийни эслаб”, “Эркин Воҳидов”, “Миразиз Аъзамга мактуб”, “Есениннинг портретига боқиб”, “Китоббоз”, “Ҳамид Сулаймон”, “Саҳройи бола”, “Аёл”, “Очилхон ҳофиз қўшиғи”, “Фитрат”, “Абдулҳамид Чўлпоннинг тушимда ўқиган шеъри”, “Фаластин шоири Муин Бсису”, “Қурбонжон додҳо”, “Кечмиш”, “Тоғай Мурод”, “Бу кўчалар”, “64 катакли дунё”, “Улуғ Ганди”, “Гирей хоним” сингариларда тирик фикр, донишмандлик, ғурур, эҳтиром, ватанпарварлик бор. Ҳар бир бағишловда қаҳрамоннинг бетакрор хусусияти очилган, лекин, назаримда, шоирда умумлашма фикрлар, ҳаётий фалсафа тасвири кучли бўлгани маъқулроқ шекилли-да. Шундай шеърлар борки, оддий воқеадан умуминсоний хулосалар, фалсафий умумлашмалар чиқарилинади.

 Анвар Обиджон – янги ўзбек адабиётида ўз ўрни, услуби, қарашлари, қаҳрамонлари, ўқувчилари мавжуд бетакрор санъаткор. У ўзлигини излай-излай етук шоир, сўз санъаткори бўлди.

     “Бетакрор ўзлик” китобидан. Тошкент,      “Mumtoz  so‘z” нашриёти, 2009 йил.

    ( Изоҳ:  Китоб чиққач, бирда муаллиф эътибордан қочириб  айрим китоблар номи ўрнига асарлар номини янглиш ёзиб юборгани,  бирда матн терувчи шеърларни,  баъзи сўзларни бузиб кўчиргани    маълум бўлди. Муаллиф билан маслаҳатлашилган ҳолда булар  тузатилди, шунингдек,  бошқача ибора қўллаш маъқулдек туюлган,  айниқса, ҳажв борасидаги қочиримлар, сўз ўйинларида фикрни янада  тушунарлироқ тарзда ифода этиш ўринлидек кўринган жумлаларга  икки-уч жойда кичик аниқлик киритилди ).

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz