ХУДОЙБЕРДИ ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
ПОЛОСОНЛИК АНВАР ОБИДЖОН
Салкам эллик йилдан буён “болалар адабиёти” деб аталмиш поёни йўқ дунёда яшайман. Гоҳ шеъриятда, гоҳ насрда пайдо бўладиган гўзал асарларни “ютоқиб” ўқийман. Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Ҳаким Назир асарларини ўқиб, “Худога шукр, шундай ижодкорларимиз бор-а”, деб фахрланаман. Марк Твен, ака-ука Гримлар, Шпрл Перроо, Жанни Родари сингари жаҳоншумул ёзувчиларни ўқиганда эса, уларнинг ўзига хослиги, адабиётга ҳеч ким айтолмаган гапни айтиб кириб келганлигини ўйлаб: “Э, Худо, бизга ҳам ана шундай ёзувчилардан берсанг эди”, деб ич-ичимдан орзу қилган пайтларим ҳам кўп бўлган.
Ана шундай ижодкорни Аллоҳ бизга полосонлик Анвар Обиджон қиёфасида берганга ўхшайди. Ортиқча баҳо бериб юборибди, деб ҳамкасблар мендан ранжишлари мумкин. Чунки биз ҳамиша ўзимизни биринчи ҳисоблаймиз. Лекин, нима бўлганда ҳам, Полосондаги юморни, ёқимли қаҳқаҳани, назокатли қочиримларни бутун дунёга ёйиш саодати Анвар Обиджонга насиб этган. Бу камтар,содда, самимий йигитга Яратган ўткир кўз, яхши ишлайдиган иккита қулоқ ва катта бурун ҳам берган экан. Яратган шунинг учун ҳам Полосон қишлоғини танлаган эканки, бу ерда юморнинг табиий ҳолати соддалик ва самимийлик билан қўшилиб, чарақлаб тураркан. Ана шу чарақлаб турган ҳолатни Анвар Обиджон шундайлигича болалар адабиётига кўчириб, дунё болаларига тақдим эта бошлаганига кўп йиллар бўлиб қолди.
Полосонликлар ўзи қизиқ бўлади. Қишлоқ марказига чойхона қуришган экан. Чойхона битгач, бундай қарашса, ичида катта бир арава қолиб кетибди. Чиқариб олиш ҳақида кўп маслаҳат бўлибди. Эшикни бузиб чиқарайлик дейишса, колхоз мулкига тегиб бўлмайди, аравани майдалаб олиб чиқайлик дейишса, яна колхоз мулкига зарар етади, дея охири томни бузишиб, аравани тепадан тортиб олишган экан.
Ана шунга ўхшаш юморни Анваржон ўзбек болалар адабиёти орқали жаҳон болаларига узатаман, дея ният қилган экан. Жисмлар, буюмлар, ўсимликлар, ҳайвонот ва қушлар дунёсининг табиати, хулқини топиб, улар орқали фикр айтиш адабиётимизда Гулханийдан бошқа бирон ёзувчига насиб қилмаган эди. Насиб бўлганда ҳам, Марк Твенга ўхшаб юморга бой, ака-ука Гримларга ўхшаб ихчамгина, Шарл Перрога ўхшаб ҳаяжонли тарзда баён қилиш насиб бўлди.
Полосонликлар “гапнинг қисқаси, арқоннинг узуни яхши”, дейишади, мен ҳам гапни қисқа қилиб қўяқолай. Лекин бир гапни айтгим келяпти-да! Қачон Полосонга борсам, улар: “Эркин Воҳидов Анвар Обиджонни Тошкентга елкасига миндириб олиб кетган”, деган гапни айтишади. Эҳтимол, бу гап ростдир, эҳтимол, лофдир, деб ўйлайман. Ахир, ўзингиз ўйланг, сўлоқмондай йигитни тўрт юз чақирим ерга кўтариб боришнинг ўзи бўладими? Ниҳоят, ҳақиқатни аниқлашга эришгандек бўлдим. Эркин Воҳидов Анваржон ижодидаги миллийлик, юморга фапвқулодда бойлик, ўзига хос оригиналликни кўриб, уни Тошкентга, катта адабиёт мактабига боришни бир эмас, бир неча бор таклиф қилган. Анваржон эса: “Мен кетсам, Олтиариқнинг турпи чопиқсиз, бодринги сувсиз қолади”, деб кўнмаган. Эркин Воҳидов яна бир борганида жаҳл билан: “Агар бормасангиз, елкамда кўтариб олиб кетаман”, деган. Бу гапни эшитишлари билан кейинчалик полосонликлар ҳар хил лофларни тўқий бошлашган. Ҳатто биттаси: “Ҳамқишлоғимизни елкасида кўтариб кетишаётганини Конибодом атрофида ўз кўзим билан кўрдим”, деб қасам ҳам ичган.
Етмишинчи йилларнинг охирида (аслида, саксонинчи йиллар бошида. А. О.) Эркин Воҳидов Анвар Обиджонни Тошкентга олиб кетгани, собиқ “Ёш гвардия” нашриётига ишга жойлагани, кетма-кет шеърий тўпламларини нашр этишга ёрдамлашгани ва энг муҳими, тўрт хонали уй олиб бергани (ишхона ҳисобидан, албатта. А. О.) рост. Буни ҳаммамиз билардик. Лекин елкасида кўтариб келганлиги... Яна, тағин ким билади, дейсиз?!
“Халқ сўзи” газетасининг 2006 йил 20 май сони.
АҲМАДЖОН МЕЛИБОЕВ,
адиб, публицист.
ЭСКИ “БЕЗГАКШАМОЛ” ҲАҚИДА ЯНГИ ГАПЛАР
Баъзан китобни анча “эскитиб” ўқиш янги китоб мутолаасидан фойдалироқ бўлади. Чунки бадиий асарнинг қадри айнан китоб эскирганда, орадан маълум бир вақт ўтганда янада ортади.
Анвар Обиджоннинг “Безгакшамол”и китоб ҳолида босилганига 22 йил бўлибди. Уста Гулмат “Безгакшамол” сўнгида шундай ёзган экан:
Э, дафтарим, нуқта қўйдим сўнгги бетингга,
Назм тангриси омад берсин олду кетингга!
Мана, орадан шунча йил ўтиб, “Безгакшамол”ни яна ўқияпман:
Жангга телба яғоч отда кирғонидек, далли Гулмат –
Кутар яғоч қаламдин ризқ... Хайр Олтиариққинам.
Кулги одамнинг кайфиятини чоғ этиши керак, дегани аслида шунчаки юзаки қоида. Агар барча ҳажвий асарлар фақат одамларни кулдиришга хизмат қилганида, Марк Твен ёки Азиз Несин ҳажвиялари бу қадар умрбоқий бўлмасди. Ҳар қандай кулгининг таг-замирида жиддият ётади. Инсон ўз муаммоларини кулги билан тасвирлайди, табассум билан ҳал этади. Ишонмасангиз, Уста Гулматдан сўранг:
Бизда тўндан бўлак не бор?
На мол йиғдик, на топдик ёр.
Бир йўла лек амир бўлдик,
Бу кеч нася ичиб кўкнор.
Уста Гулматдаги тагдор киноя, муғомбирона соддалик, баъзан буюкликка даъвогарлик “Безгакшамол”ни бошқа ҳеч бир ҳажвиётга ўхшамас қиёфа билан таъминлаган. Ўзини Ҳофиз Шерозий ёки Суқротга тенглаштириш учун ё улардек юксак истеъдод, ё дарвешона ишонч эгаси бўлиш керак. Уста Гулматда айнан мана шундай дарвешлик бор. Шу сабаб: “Куйлади холингни куйиб форсийда Ҳофиз, туркийда Гулмат”, деган шоирга кулиб қўя қоламиз. Шунинг учун ҳам: “Ҳаётдан дарс берур санга гаҳи Суқрот, гаҳи Гулмат” сатридан кейин кулги сабаб кўзга келган ёшларни арта-арта кейинги ғазалга ўтамиз:
Буюк ишдир магар чархда мани шоир топилғоним,
Бошимға лек жавр бўлди танилмоққа шошилғоним...
Баёзни варақлаб, Гулматнинг қиёфасини яратишга уринган одам бир иш чиқаролмай, хуноб бўлиши тайин. Чунки Уста Гулмат “Безгакшамол”да гоҳ майпараст, гоҳ тақводор, гоҳ далли-донишманд, гоҳида саводсиз кимса, баъзан содда мўйсафид, баъзида қув йигит, бир ландавур кимса, бир меҳнаткаш, бироқ омадсиз одам бўлиб кўринади.
Масалан, Бешёғочда бир мусофир ундан Шайхонтоҳурни қандай топишни сўрайди. Гулмат бечора мусофир қийналмасин деб, эринмасдан унга йўл кўрсатади. Кейин қараса, чўнтаги қуп-қуруқ. Мусофир аслида бир киссавур экан. Шоир: “Вайсатиб Гулматни, ваҳ, картмонни урди киссавур”, деб қолаверади.
Яна бир воқеани олинг. Гулмат кўнкага (трамвайга) чиқади. Одам тирбанд. Тиқилинчда нималар бўлмайди дейсиз! Гулмат биқинига тепки ейди, кавушини йўқотади, дуруст яктаги йиртилади, ҳамёнидан, носқовоғидан айрилади. Аввало:
Темирларға кирибдур жон, ғаройиб бир замон бўлди,
Валекин кўнканинг, дўстлар, яралғони ямон бўлди. –
деб таассуф қилади. Аммо ғазал сўнгига келиб:
Кавуш, дўппи ила ҳамён дегил сатқай, аё Гулмат,
Кетса молинг кетибдур, лек шукур қил, бош омон бўлди. –
деб ўзини юпатади.
Ўйланиб қоласиз. Гулмат ким? Исёнкорми, итоаткорми? Оқилми ё гўлми?
Йўқ, Гулмат бу – биз. Гулматнинг феъл-атвори, фазилатлари, нуқсонлари – бизнинг хислатимиз, бизнинг нуқсонларимиз.
Гулмат бу – Анвар Обиджон бизга қаратган кўзгу. Қўшниси олма экса, деворини пастроқ урадиган, текин ишлаганда секин ишлайдиган ёки янглишиб бегона кавушни кийганда ўзиники қўлтиғида бўладиган муғомбирлар ҳам, “данаги бирла юта билмағон ўрик ўғирламас”, сўзига амал қиладиганлар ҳам, ҳаммаси биз қутулишимиз лозим бўлган “хислатлар”дир.
Гулматнинг баъзи думбул фалсафалари кўп жиҳатдан Калвак махзумни эслатади. Чунки Калвак махзум ҳам “дил тортса, балодан ҳам бенасиб қолмаслик” тарафдори эди. Баъзи қилиқлари Қори Ишкамбани ёдга солади. Айниқса, Ўрда ошхонасида биров ҳисобидан текин тушлик қилганда, беихтиёр машҳур хасиснинг меҳмондорчилиги кўз олдингизга келади.
Анвар Обиджоннинг “Безгакшамол”и дунёга келганига 22 йил бўлибди. Лекин, ажаб, эскирган бирон сатрини тополмайсиз. Уста Гулмат ҳали ҳам сатрлар орасидан гоҳ муғомбирона, гоҳ содда-баёв илжайиш билан қараб тургандай...
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2007 йил 26 октябр сони.
(ИЗОҲ: Ўшанда А. Мелибоев ушбу газетанинг бош муҳаррири бўлгани учун, истиҳола юзасидан, бу мақолани бошқа “тахаллус” остида эълон қилганди).
ЭРКИН ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Ўзбекистон халқ шоири.
“АНВАР ОБИДЖОН БИЛАН ФАХРЛАНАМАН”
Анваржоннинг илк шеърларини ўқиганимдаёқ, бу ижод намуналари содда ва самимийлиги, шу билан бирга мантиқнинг кучлилиги, катта фалсафаси мени ҳайрат ва ҳаяжонга солганди. Ўшандаёқ мен вақти келиб, Анвар Обиджон халқимизнинг энг эъзозли ва суюкли шоирларидан бири бўлиб етишишига чин кўнгилдан ишонгандим.
Таъкидлаш керакки, собиқ тузум даврида “ҳамма яхши нарсалар – болаларга” деган шиор жуда кўп қўлланилган бўлса ҳам, амалда бунинг тескариси бўлган. Ўша даврларда болалар адабиётига, болалар шоирларига бўлган муносабат ҳам худди шундай эди. Аксарият ҳолларда адабиётда ўз ўрни ва сўзини топа олмаган ижодкорларга болалар шоирлиги борасида ўзини синаб кўришни таклиф қилишарди. Гўёки болалар учун нимана ёзсанг бўлаверади, дегандек. Қувонч билан айтиш жоизки, Худойберди Тўхтабоев болалар адабиёти прозасига ўзига хос янгиликлар олиб кирган бўлса, Анвар Обиджон болалар шеъриятида ўзига хос мактаб ярата олди. Бу икки забардаст ижодкорнинг ҳамюртларим – фарғоналиклар эканлиги билан ҳамиша фахрланаман.
Аммо барча ижодкорлар қатори элимизнинг юксак олқиши ва ҳурматига сазовор бўлиш Анваржон учун ҳам осон кечмаган. Бунинг учун Анваржонга нафақат ижоднинг, балки бирда қувончли, бирда қайғули ҳаётнинг жуда кўп қийинчиликларини енгиб ўтишга тўғри келди. Роҳат эса ҳамма вақт машаққатлар ортида бўлади.
Ана шу каби сермаҳсул ижодий фаолияти самараси сифатида Анвар Обиджон ижоди мустақиллик йилларида бевосита муҳтарам президентимиз Ислом Каримов томонидан ҳам эъзозланиб, қадр-қиммат кўрсатилди. Қолаверса, миллионлаб ҳамюртларимизнинг юксак меҳр-муҳаббати Анвар Обиджон учун энг улуғ мукофот ҳисобланади. Миллионлаб қалбларни яхшиликка, эзгуликка, гўзалликка ошно этган ана шундай суюкли ва мартабали улуғ шогирдим борлигидан ҳамиша қалбимда фахру ифтихор туяман.
“Давр минбари” газетасининг 2007 йил 15 ноябр сони.
(ИЗОҲ: Бу мақола А. Обиджоннинг Фарғона театрида ўтказилган ижодий кечасидаги Э. Воҳидов нутқи асосида тайёрланган).
|