ao
ss

ХЎЖАМУРОД МИРҲАЙДАРОВ,

     Гулистон Давлат университети

қошидаги лицей ўқитувчиси.

 БЕҒУБОР  ДУНЁ КУЙЧИСИ

          Анвар Обиджон ҳозирги замон ўзбек болалар адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган истеъдодли шоир, носир. Унинг ижоди 60-йилларнинг ўрталаридан бошланган бўлиб, ҳозиргача йигирмадан ортиқ шеърий, насрий, драматик асарлар тўплами нашр этилган.

          Анвар Обиджоннинг ижодий йўлига назар ташлар эканмиз, 80-йиллар ўзбек болалар адабиётининг ўсиш жараёнида унинг ижоди баракали эканини кўрамиз. Унинг дастлабки шеърлари “Ғунча”, “Гулхан” журналлари ва “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси саҳифаларида эълон қилинган (аслида, дастлабкилари фақат “Ғунча”да босилган. А. О.). Муаллифнинг биринчи шеърлар тўплами “Она ер” номи билан 1974 йилда нашр этилди. Бу даврда муаллиф унчалик катта ҳаётий тажрибага эга бўлмаса-да, ижодининг салмоқли қисми панд-насиҳатлардан иборат эди. Шеърларининг содда ва жўнлиги, тетапоялиги шундайгина сезилиб турарди. Бадиий шакл ва мазмунда ҳам мутаносиблик ҳамиши сақланмаслиги яққол кўзга ташланарди.

          Шунга қарамасдан, “Она ер” тўпламида “яхши эмас дегандек шох тебратиб қўйди бош”, “беролмайсан энди панд, сени ейман... хўрозқанд” каби оригинал образлар кўплаб учрайди. “Нафси бузуқ”, “Тайёрга айёр”, “Суҳбат”, “Нон”, “Ишбузармон”, “Қўғирчоқлар” каби шеърлари кичкинтойларни паррандалар, ҳайвонлар, ҳашаротлар оламининг ўзига хос хусусиятлари билан таништиради. Шоир тасвирда нарса-предметларни ташхис ва интоқ шеърий санъатларидан фойдаланиб, уларни “сўзлатади”. “Тайёрга айёр” шеъридан мисол:

 Қўй боқмадим тер тўкиб,

 Едим барра қўзини.

          Шоир бўрини содда, аниқ, болаларбоп тилда сўзлатади. Айни вақтда бўрининг жирканч хусусияти юморга йўғрилган, у ўз-ўзини фош этади. Шеър учун қизиқ сюжет ва композиция чизиғи танланган. Шоир тасвирда нарса-предметларнинг ўзига хос жиҳатларини мос тарзда “сўзлатиш” билангина чекланиб қолмайди, балки бу орқали ўзининг ммаълум бир эстетик концепциясини ҳам ифодалалаша кўзга ташланади. Яъни тасвирда нарса-предметларни “сўзлатиш” воситасида уларнинг индивидуал хусусиятларини тасвирлаш “Масхарабоз бола”, “Жуда қизиқ воқеа” шеърий тўпламларида ранг-баранг, ўсиб борувчи поэтик услуб даражасида кўринади.

          “Жуда қизиқ воқеа” тўпламига кирган шеърларда экин ва дов-дарахтлардан “интервю”лар олинади, яъни уларни ҳам моҳирлик билан қз тилида “сўзлатиш” етакчилик қилади. Худди шу нуқталарда шоирнинг янги ижодий топилмалар излаётганлигининг гувоҳи бўламиз. “Тут” шеъридаги тутнинг қалб ҳасратлари, дардларига қулоқ тутайлик:

 Ўзимда туриб

 Ипак,

 Қишда қолдим

 Бекўйлак.

          Шоир ижодига хос яна бир хусусият ҳар бир шеърида воқелик қувноқ ритмда ифодаланиши билан диққатни ўзига тортади. Масалан, “Баҳоначилар касалхонаси” шеърида воқелик қувноқ, юмористик ритмда, содда, ҳаётий тасвирланган:

 Бўри келди инқиллаб,

 Чивин чақиб олди деб.

 Айиқ ётар,

 Олмахон –

 Ёнғоқ билан солди деб.

          Сўзларни фонетик бўлакларга бўлиб юбориш ҳам шоир услубидаги ритм ва қувноқликни янада орттиради. Шоир шеърларида сўзнинг фақат оҳанги, маъно қирраларидан фойдаланибгина қолмай, балки уни бўлакларга бўлиб юбориш орқали нарса-предметлар хусусиятларини бадиий тасвирлайди.

          “Жуда қизиқ воқеа” шеърий тўпламидаги “Сиз эшитмаган қўшиқлар” туркумига кирган шеърлар, “Масхарабоз бола” тўпламига кирган айрим шеърларда нарса-предметлар хусусиятларини шеърий ритмга солиш усулига мурожаат қилиш анча чуқурлашади. Бу усулда шоирнинг маҳорати такомиллашиб борганлиги кўзга ташланади. Натижада шоир анъанавий ритм кўринишларидан фойдаланиб, янги-янги ритмик элементларни кашф қилишга интилади. Улар заруратсиз, шунчаки зеби сухан учун эмас, аксинча, мисрада назарда тутган, муҳимроқ аҳамият бериш лозим бўлган бирон-бир нарса-предмет овозининг таъсирини оширишга, маъно жарангини кучайтиришга, воқеа равиши ва характер тамойили талабига кўра табиий ҳолда келтирилади. Масалан, “Эгиз қўзилар қўшиғи” шеърида эгиз қўзилар овози қуйидагича шеърий ритмда ифодаланади:

 Серка бошлиқ подага,

 Асли нодон у ўзи.

 Орқасидан эрмаклаб

 Юрар ҳамма қўй-қўзи,

 Бе-е-е,

 Ба-а-а.

          Шоир шеърларида сўзларнинг кўп маънолигига асосланади. Бунда у бадиий бўёқдорликни кучайтиради. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, сўзларни ритмик, фонетик бўлакларга бўлиш ҳамма вақт ҳам ўзини оқлайвермаслигини унутмаслик керак. Бу ҳол шоир ижодининг дастлабки босқичида яққол сезилади.

          Қувноқлик, юмор А. Обиджон ижодининг тез кўзга ташланадиган томонларидан биридир. Назаримизда, воқеликни юмористик усулда ифодалаш шоирнинг ўзига хослигини ташкил этади. Чунки, шоир характеридаги қувноқлик шу услубни тақозо қилади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, ушбу услуб шоирнинг шеърий тўпламларидагина эмас, балки “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Эй, Ёруғ дунё”, “Мешполвон”, “Қоринботир” номли қисса ва достонларида ҳам кўзга ташланади.

          Шоир ижодининг ўзига хослиги сўз танлашда ҳам кўринади. У сўзларни шунчаки иллюстрация ёки сунъий безак учун ишлатмайди, балки воқеалардаги вазият тақозоси билан танлаб-танлаб ишлатади. Қаҳрамон ҳолатини, психологиясини, ички дунёсини очишда, унинг нутқини индивидуаллаштиришда сўзларни меъёрида содда, қисқа, қувноқ ритмда қўллайди. Шу сабабли унинг ҳар бир сатри китобхонни лоқайд қолдирмайди, уни тафаккур қилишга чорлайди. Масалан, “Гулдор пуфакча” шеърида сўз қўллаш санъатини кузатайлик:

 ...Ҳавасқилди Чигиртка:

 - Чир-р-ройлик-ку жа!

 

 Ҳўкиз айтар:

 - Уй эмас,

 Мўъ-ў-жиза, қаранг!

 “Э-ҳа, э-ҳа!, дер Эшак,

 Бўлиб ҳангу манг.

          Шунингдек, шоирнинг поэтик маҳорати воқеликни аниқ, содда, ҳаётий, реал образларда тасвирлашда ҳам кўринади. Масалан, “Тулки ҳақида қўшиқ” шеърида тулки характерига хос хусусиятлар шунчалар аниқ, табиий, ҳаққоний тасвирланганлиги билан диққатни тортади:

 Узун думи супургидир,

 Тунда келар “шипир-шипир

 Тулки хола –

 Кулки хола.

 

 Ёқтиргани малла хўроз,

 Қарғани ҳам хушлар бироз

 Тулки хола –

 Кулки хола.

 

 Қуёнчани қувлаб қолар,

 Тутолмаса увлаб қолар

 Тулки хола –

 Кулки хола.

          Муаллиф тулки руҳиятидаги қайсарликни ортиқча бўёқларсиз ҳаққоний кўрсата олган. Тасвирда муаллиф аччиқ истеҳзо билан кулаётганини ўқувчи сезиб туради. Кўз ўнгимизга ҳаётдаги тулкисифат одамлар келади.

          Умуман шоир ижодининг кейинги йилларини кузатганимизда тўпламлардан жой олган шеърларнинг мавзу доираси кенгайиб борганлиги, “жўғрофий катталикни” ташкил қилганлиги билан эътиборни тортади. Биринчидан, шаклда ранг-баранглик кўзга ташланади. Иккинчидан, шоир образли тасвир йўли билан болаларни нарса-предметлар табиати, ички дунёси билан ўзларини “сўзлатиш” орқали болаларга таништиради. Бу услуб шоир шеърларининг бадиий бўёқдорлиги ва таъсирчанлигини янада оширган. Ҳар бир шеърида болаларга мос образли ифодалар, бадиий детал топиши, уни бола тушунчасига мувофиқ суратда тасвирлаш услуби тадрижий такомиллаша боради.

          Шоир ижодида инсон ва табиат муносабати мавзуси анча кенг ўрин эгаллайди. Тасвирда нарса-предметлар хусусиятини қувноқ шеърий ритмга солиш, уларни ўз тилида “сўзлатиш” воситалари орқали ўқувчиларни табиатнинг сирли олами билан таништиришга эришади. Бу ҳозирги замон болалар шеъриятида ккам ишлатилган поэтик услубдир. Табир жоиз бўлса, А. Обиджоннинг ҳозирги замон шеъриятидаги янгича миллий тафаккур йўналишларини ушбу услубдан қидирмоқ ўринлидир.

    “Миллий тикланиш” газетасининг 1997 йил 8 июл сони.

 

РАҲИМЖОН ОТАЕВ (ОТАУЛИ),

     адабиётшунос.

  ҚИССАДА  ИНСОН  ҚИСМАТИ

          80-йиллар ўзбек қиссачилигида жиддий ўсиш-ўзгаришлар рўй бераётганлиги, янги-янги номлар, турли хил мавзу ва оҳанг, ижодий-услубий йўналишлардаги асарлар пайдо бўлаётганлиги кишини беҳад мамнун қилади, бу жанрнинг порлоқ келажагига умид уйғотади.

          Бугунги кунда ўзларининг иккинчи ёхуд учинчи қиссаларини чоп эттирган олти нафар ёш адиб – Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Эркин Аъзамов, Хайриддин Султонов, Анвар Обиджон ва Ғаффор Ҳотамовларнинг ижодий изланишлари характерлидир.

          Мазкур ёш ижодкорлар қиссачилигимизга қандай янгилик олиб кирди? Аввало улар ўзлари яхши биладиган юракка яқин одамларни – ўндан ортиқ янги адабий қаҳрамонларни олиб кирдилар: Мустафо, Тшпўлат Ғайбаров, Эломонов, Полвон, Зиёдулла, Қоплон, Асқар Шодибеков, Нуриддин Элчиев, Бобур, Адаш Карвон, Акрам, Ҳакимбек... Бу қаҳрамонларнинг аксарияти – замондошларимиз. Энг муҳими, улар айрим асарларимиздаги каби, замондошларимизнинг ўта нурсиз, соялари, хира шарпалари эмас, ўзларига хос характер хусусиятлари, маънавий-руҳий олами билан бадиий гавдалантирилган тирик одамлар, хилма-хил қисмат, турфа феъл-атвор соҳиблари бўлмиш оддий меҳнат кишиларидир.

          1984 йилда “Ёшлик” журнали, дадил айтиш мумкинки, ҳар бири қиссачилигимизга янги йўналиш бера оладиган тўртта пишиқ-пухта асарни бирин-кетин чоп этди. Булар хронологик тартибда айтганда, Анвар Обиджоннинг “Олтин юракли Автобола” номли фантастик қиссаси, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Истеъфо”, Ғаффор Ҳотамовнинг “Қудуқ тепасидаги ой” ва ниҳоят, Эркин Аъзамовнинг “Жавоб” асарларидир. Ушбу асарлар ҳозирги Бутуниттифоқ насри эришган ютуқлар даражасидан келиб чиқиб яратилган, дейиш мумкин.

          Бу ҳол нималарда кўзга ташланади? Аввало шундаки, мазкур асарларда ёш ижодкорларнинг ҳозирги талабчан китобхонга айтиши лозим, айтмаса бўлмайдиган гаплари, ижтимоий-бадиий салмоққа эга, қатъий шаклланган, ўз фикрлари бор. Қолаверса, бу фикрлар жўнгина, очиқ-ойдин айтиб қўя қолинган эмас; асардаги жонли характерлар, инсоний қисматларнинг замирига қуруқ ахборот бериш, баёнчилик, воқеанавислик каби сингдирилган.

          Шуниси қувончлики, ёш ёзувчиларимиз иллатлардан тобора халос бўлиб, ихчамликка – кичик ҳажмда  имкон қадар катта гап айтишга интилмоқдалар. Анвар Обиджон “Олтин юракли Автобола” фантастик қиссасида  ўзбек халқ эртакларидан таъсирланган ҳолда физик олим Камол Камтарий ва у кашф этган Автобола билан Бекхўжа заргар ўртасидаги зиддиятлар тасвири орқали яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий зиддиятлар ҳақида бугун учун жуда зарур ижтимоий-фалсафий умумлашма бера олган. Мазкур умумлашма, жумладан, “айрим тошюрак кимсалар олдида жонсиз роботнинг юраги олтин” деган фикрдир. Муҳими – бу фикр муаллиф томонидан китобхонга зўрлаб тиқиштирилмай, асарда кўрсатилган воқеалар замирида табиий равишда келиб чиқади..............

          Юқоридаги тўрттала қисса ижодий услуб нуқтаи назаридан ўзаро кескин фарқланади. Агар Анвар Обиджон ўз қиссасида илмий фантастикани саргузашт ҳамда сатира ва юмор унсурлари билан пайвандлашга интилган бўлса, Ғаффор Ҳотамов ретреспектив тасвир – қаҳрамоннинг айни дақиқалардаги руҳий ҳолати, ўй-кечинмаларини, мушоҳада ва мулоҳазаларини психологик жиҳатдан тадқиқ этиш йўлидан боради. Эркин Аъзамовнинг тасвир услубида киноя, пичинг, очиқ-ошкор ифодаланган заҳархандали муносабат етакчилик қилса, Мурод Муҳаммад Дўст услубида андак истеҳзо билан йўғрилган аниқ, жонли, деталлаштирилган тасвирга мойиллик сезилади......

         Шу ўринда бир афсусланарли ҳолни айтиб ўтишни истардик. Юқорида тилга олинган қиссаларнинг бош қаҳрамонларини бир кўз олдимизга келтирайлик: “Олтин юракли Автобола”да етакчи ижобий қаҳрамонлардан бўлмиш Камол Камтарий асар воқеаларидан қарийб четда туради. Автобола эса, кўп ўринларда Бекхўжа заргар, Кўршапалак, Суперсурлар қўлида бамисоли қўғирчоққа айланиб қолади. “Истеъфо”да Эломонов Қўшшаевдек палид шахслар билан ошкора курашлардан ўзини четга тортади. “Қудуқ тепасидаги ой”да кассир Ҳакимбек Зобитов исканжасидан қутулиш йўлини ахтариб, қафасдаги шердек ожизона тўлғонади. “Жавоб”да инспектор Элчиев ҳам жисмоний, ҳам маънавий таҳқир-тазйиқлар олдида ночор-нотавонларча қўл қовуштиради.........

          Умуман, ёшлар қиссачилиги дадил қадамлар билан ривожланаётганини яна бир карра таъкидлаймиз. Шу билан бирга, ёшларимиз ижод масъулиятини янада теран ҳис этишларини, даврнинг йирик масалаларини кўтаришларини, ҳар тарафлама мукаммал, курашчан образлар яратишларини истардик.

    “Катта йўл бошида” китобидан.

    Т., “Ёш гвардия” нашриёти, 1987 йил.

 

ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ,

      филология фанлари номзоди.

  СЎЗ  ТЎЛҚИНЛАРИ

.....................................

          Сиз агар китоб қаҳрамони ёки қаҳрамонларини севиб қолсангиз, ҳеч иккиланиб ўтирмай айтиш мумкинки, бу ўртамиёна эмас, чинакам яхши асар, дард билан, хаёл билан инсониятнинг тақдири учун қайғуриб ёзилган асар. Айтайлик, Чингиз Айтматовнинг “Бир асрга тенг” (“Асрга татигулик кун”) романи, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Фёдор Абрамовнинг “Пряслинлар”, Чабуа Амирэжибининг “Дата Туташхиа” асарлари ўз безовта, теран инсоний оламининг мафтуни қилиб қўйгани каби. Лекин ҳозир бу йирик асарлар хусусида эмас, ёш ўзбек ёзувчисининг кичик бир қиссаси устида икки оғиз суҳбатлашсак деймиз.

          Гап Анвар Обиджоннинг “Эй, Ёруғ дунё...” деган саргузашт қиссаси ҳақида кетмоқда. Бу – ёш адибнинг биринчи йирикроқ китоби. Бунгача у ўқувчиларга ўзининг шеърлари ва жажжи ҳикоячалари билан танилган эди. Анвар Обиджоннинг шеърлари ҳам, кичкина ҳикоячалари ҳам ўткир фикрларга, топилмаларга, кутилмаган образларга, жозибали ва нурли кулгига бойлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортган, адабиётимизга ёруғ фикрли бир ижодкор кириб келаётганидан дарак берганди.

          Гўзал ва ҳайбатли тоғлар орасида Тоштақа деган уйлари пастак-пастак, лекин одамлари ғоятда меҳнаткаш бир қишлоқ бор. Шу қишлоқда Аламазон деган ғалати исмли китобхон, хаёлпараст бир бола яшайди. У Том Сойер, Геклберри Фин, Ҳошимжон, Шум бола, Дон Кихот, Робинзон Крузо каби дунё адабиётининг жозибали қаҳрамонларини севади. Улар билан жуда яқин ошна тутинган, улар билан баҳслашади, тортишади, улар каби ажойиб саргузаштлар оламида яшашни орзу қилади. Нимани ва кимни яхши кўрсанг, шуни такрорлайсан ва шунга ўхшаб борасан, деган ҳикмат бор.  Аламазон ҳам ўзи яхши кўрган жозибадор ва доим тирик қаҳрамонларга ўхшаб боради. Қисса бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: “Аламазоннинг яна бир хислати шу эдики, у бирон-бир китобни ўқиб чиққач, ундаги бош қаҳрамонга беихтиёр тақлид қила бошларди. Масалан, у “Ҳамлет”ни ўқиб юрган паллада бироз паришонхотир ва босиқ бўлиб қолди. Муаллимлар “шумтакага инсоф кирганга ўхшайди”, деб севиниб юришганда у “Шум бола”ни ўқишни бошлаб юборди-ю, яна айниб кетди. “Спартак”ни тугатганидан кейин эса ёғоч қилич билан синфдоши Карим кўчирмачининг бошини ёриб қўйгани ҳақида бутун қишлоққа “мишмиш” тарқалди. Бундан хабар топган мактаб қиличбозлик тўгарагининг раҳбари: “Менга мана шунақа тиришқоқ талаба керак эди”, деб зўрлаб уни тўгаракка аъзо қилди. Дадиллик ва чапдастлик Аламазоннинг туғма қобилияти эди. Кўп ўтмай у ўзи истамаган ҳолда (унинг кўнгли ҳамон футболни тусарди) мактабдаги энг моҳир шамширчи бўлиб қолди. Бошланғич синфдаги болалар уни кўрганда, “ана, энг зўр қиличбоз келяпти”, деб ўзаро шивирлашиб қўйишарди. Лекин қиличбозликдан қанча обрў-эътибор топган бўлмасин, рақибга “укол” санчиш ўзгалар дарвозасига тўп киритишчалик завқ беролмасди унга. Шу боисдан бўлса керак, Аламазон тўгаракдаги машғулотларга бора-бора номунтазам келадиган бўлиб қолди. “Алвидо қурол!” деган китобни ўқиб чиққанидан кейин эса, қиличбозликдан бутунлай воз кечиб, яна футболга берилиб кетди...”

          Ёзувчи бизни мана шу тариқа ўз ғалати исмли ёш қаҳрамонининг қизиқ оламига олиб киради. Дарвоқе, Аламазон дегани ўзи нима экан-а? Бундай номни илгари сира эшитмаган эдик-ку. Тоғ орасидаги Тоштақа қишлоғининг халқи тўйда ёқиладиган баланд гулхан алангасини аламазон дер эканлар. Аламазон, демак, кўкка ўрлаган байрам алангаси. Юраги ўт-оташ бўлиб ёнаётган ёш қаҳрамонга қанчалар ярашадиган ном.

          Аламазон қиссанинг кейинги саҳифаларида ўз номини чиндан ҳам оқлайдиган ғаройиб ишлар қилади. Шум боланинг, Том Сойернинг, Дон Кихотнинг ажабтовур бўлгани каби Аламазоннинг ҳам Эшмат ишма деган дўсти бор. Эшмат битта нарсани яхши кўради ва яна битта нарсани ёмон кўради. У тўйиб овқатланишдан беқиёс ҳузур олади. “Арифметика”га эса “инсониятнинг душмани” деб қарайди. Ўзини кўп нарсаларга ортиқча уринтириб юрмайди. Лекин, аслида, лақма ҳам эмас. Икки ўртоқ Жек Лондоннинг “Уч қалб” деб аталган асарини ўқиб чиқишгач, уларда катта хазина топиш иштиёқи пайдо бўлади. Эшмат тилла топаман деб ўлиб кетишга рози бўлмайди.

          “Аламазоннинг офтобда қорайган юзларида кулдиргич ўйнади:

          - Ўша хазинани топиб олсак борми, ҳеҳ-ҳей, одамларга қанча яхшиликлар қилиш мумкин бўларди-я!

          Кейин, асосан, у қандай яхшиликлар қилиш мумкинлигини санай бошлади. Биринчи галда яйлов этагига ўн минг кишилик стадион қуриладиган бўлди.

          - Ие, ие, - таажжубдан кўзлари олайди Эшматнинг, - қишлоғимиздаги одам жа борса икки мингтадир. Бошингга урасанми мунақа стадионни?

          - Кейинчалик одам кўпайиб кетади, - сира иккиланмай башорат қилди Аламазон. – Масалан, Ориф тоғанинг ўн битта боласи бор. Унинг ҳар битта боласи яна ўн биттадан бола кўради. Болаларининг болалари яна ўн биттадан. Ҳисоблаб кўр-чи?

          Эшмат ўзини математика дарсида ўтиргандай ҳис қилиб, афтини бужмайтирди...”

          Мана шундай олижаноб ниятлар билан икки ошна Жандағорга қараб йўл оладилар. Шундан эътиборан ёзувчи бизни ер ости ғорининг ажойиботлари дунёсига бошлаб кириб кетади. Бири биридан сирлироқ воқеалар, саргузаштлар бошланади. Улар, ниҳоят, ўн икки йилда бир очилиб ёпиладиган сирли қоялар орасидан ўтиб, Юлдузистон деб аталган икки вилоятдан иборат ер таги мамлакатига келиб қоладилар. Бу мамлакатнинг бинолари кумуш, мармар ва лаъл-жавоҳирлардан тикланган. Бу ерда ер чопиш, дон сочиш йўқ, буғдойлар ўзи пишиб ётади. Одамлар уни хамир қилиб, офтобда қизиган қайноқ кўк тошга ёпиб ейдилар. Таомларни қайнар булоқларда пиширадилар. Лекин бу ерда Фонус исмли Қўтир Олтинчи деган ғоятда инжиқ подшоҳ салтанат тепасида ўтиради. У ўзи исқирт бўлгани учун ва исқирт юришни яхши кўргани учун бутун мамлакат халқини ҳам зўрлаб исқирт қилдиради. Ювиниш, озода юриш бу ерда бутунлай тақиқланган, таъқиб қилинади.  Озода юрадиганлар зиндонларга ташланади, тавба қилиб, исқирт бўлишга ваъда берганларгина озод этилади. Бу мамлакатнинг шоирлари: “Ювилмаган бетингиз мунча чиройли, моғор босган этингиз мунча чиройли”, деб ғазал ўқийдилар.

          Барча маърифатли, адолатпарвар, халқпарвар пок кишилар Юлдузистоннинг чекка Аждаробод вилоятига қувғин қилинганлар. Юлдузистонликлар онгига зўравонлик билан жирканч одатлар сингдирилган. Чунончи, бу ўлканинг бўлажак подшоси гўдаклик чоғида эшак эмиб қўйган. Шаҳзода ва подшоҳ оиласини бу исноддан қутқариш учун шаҳзодани пайғамбар (кейинги нашрда “авлиё”. А. О.), эшакни эса зўрлаб худо (кейингисида – “доҳий”) деб эълон қилганлар. Одамларни эшакка сиғинишга юз йиллаб мажбур этганлар.

          Мана шундай ғаройиб табиат ва ғаройиб истибдод, ғаройиб одатлар ҳукм сурган ер ости ўлкасига тушиб қолган ёш қаҳрамонларда Юлдузистонни истибдоддан, исқирт зулмлардан, адолатсизликлардан қутқариш истаги аланга олади. Аламазон Исқирт Фонус шоҳ билан жанг қилишга отланади. У ажойиб тадбиркорлик, усталик, зўр фантазия кўрсатиб, мамлакатнинг халқини курашга отлантириб, уларнинг онгини уйғотиб, ғалаба қозонишга эришади. Маърифат ва яхшилик тантана қилади. Аламазон Ёруғ дунё ҳақида шеър ёзиб, уни юлдузистонликларга ўргатади. Қисса сўнгида у адолатли ҳукмдор Ферузнинг Хазина деб аталган гўзал синглиси билан учрашади...

          Ёруғ дунё фарзандлари қийинчиликлар, фавқулодда ҳодисаларга дуч келган, улар билан тўқнашган чоғларда ўзларини ҳаётбахш,, мунаввар фазилатли, адолатга интилувчи кишилар каби намоён қиладилар. Бу интилишлар туғма олижаноб интилишларга айланиб бораётганлигини Анвар Обиджон ғоятда қизиқарли, ишонарли ва жозибали қилиб ёза олганки, бу унинг китобхонларини жуда қувонтиради..............

     И. Ғафуров. “Ўттиз йил изҳори” китоби.

   Т., Ғафур Ғулом нашриёти, 1987 йил.

 (ИЗОҲ: Мақоланинг бошқа адибларга тегишли қисми   бунда берилмади).

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz