ss
ao

Пашшавойнинг бошидан кечирганлари

Митти роман-фожиа

I ҚИСМ

 

ХОНАДОННИНГ ЕМИРИЛИШИ

 

Биринчи боб

 

Узоқ-яқиндаги одамлар иложи борича «Шарқ» ошхонасида овқатланишга ҳаракат қилишади. Чунки, бу ердаги таомлар хилма-хил, энг муҳими – жудаям арзон. Биз ана шу ошхонанинг шипидаги кандикда яшаймиз.

Одамларнинг феъл-атворига сира тушуниб бўлмайди. Очқаган пайтларида ошхонага мунғайиб кириб келишади-ю, қоринлари тўйгач, бирдан гердайишиб, ичкиликбозлик қила бошлашади. Бирпасдан кейин қарабсизки, бири чиябўридек увласа, бошқаси қўтосдек бўкириб турибди. Аямнинг айтишича, пашшалар орасидан чиққан арақхўрлар ичишни шунақа одамлардан ўрганишган экан.

Арақхўр пашшалардан биттаси – менинг дадам. Кунига кайфи тарақ келиб, аям бечорани дўппослагани-дўппослаган. Уйимизда тинч кун йўқ. Акамнинг жаҳли чиқиб, дадам билан бир-икки марта айтишиб ҳам қолди. Аям, ўзи ҳозиргина калтак еган бўлса-да, дадангнинг кўзига ҳеч қачон тик қарама, деб акамни койиб берди. Ҳайрон қоладиган ҳол, тўғрими?

Аммо, қанчалар дағаллиги қўзимасин, дадам менга сираям тихирлик қилмайди. Аксинча, мени бўлар-бўлмасга эркалатаверади. Бу қанчалар ёқимли туюлмасин, барибир юрагимнинг бир чети ғашлигича тураверади. Ахир, аянг пиқиллаб ўтирганида, эркаланиш кўнглингга сиғармиди?

Арақ деганлари жуда касофати нарса экан. Соғ-саломат улғайиб олсам, шу лаънатининг яқинига йўламаганим бўлсин-ей!

Иккинчи боб

Бугун кунботарга яқин дадам шўрлик қадаҳга қуйилган араққа чўкиб кетиб, оламдан ўтди. Аям билан акамга қўшилиб мен ҳам роса йиғладим. Қанчалар жанжалкаш бўлмасин, дадам биз учун ниҳоятда азиз эканлигини шу топда тушуниб етдим.

 – Раҳматлининг ўзиям кейинги вақтларда ҳаддидан ошиб кетувди, – дея куйинди аям. – Авваллари арақ юқи идишларни ялаб юрарди. Бора-бора, қадаҳларга одамлардан олдинроқ тумшуқ суқадиган бўлди.

Кейин у содда пашшаларни йўлдан оздираётган майхўр одамларни бўралаб қарғай кетди.

Умримда бир марта бўлса ҳам катталарга ақл ўргатгим келиб, «яхшиси, одамлардан узоқроққа кўчиб кетиш керак», деб гап қистирдим.

 – Бу жойлар бизники! – бирдан ўдағайлаб берди акам. – Одамлар бутун бинони сурбетлик билан эгаллаб, бизни кавакка тиқиб қўйишди. Аксинча, келгиндиларнинг тинимсиз ғашига тегиб, бу ердан бездиришимиз керак.

Ҳақиқатан ҳам, туғилмасимдан анча илгари «Шарқ» ошхонасида фақат пашшаларгина яшашар экан. Бу ерга даставвал ошпазлар бостириб киришибди, сўнг хўрандалар келадиган бўлибди.

 – Энди уларни ҳайдаб бўпсиз, – дедим акамга. – Ишқилиб, ўзимизни тирақайлатиб қолишмаса бўлгани.

Акам «қисматда борини кўрамиз», дея бепарво қўл силтади. Ундан: «Қисмат нима?» – деб сўраган эдим, ўқрайиб туриб: «Энанг!» – деди. Демак, акамнинг бундан
олдинги гапини «энамизни кўрамиз» деб тушуниш керак бўлади.

Учинчи боб

Дадамнинг вафот этганига ҳали кўп бўлмасидан, уйимизга совчилар кириб келишди. Новвойхонадаги тандирнинг ёнида яшайдиган қари пашша аямни ёқтириб қолганмиш. Унинг кампирини бир яллачи қурбақа кап отиб қўйганини эшитгандай бўлувдим.

 – Ўша уятсиз чолни бошимга ураманми? – деди аям. – Унга тул қолган биронта Итпашшани топинглар!

Безбет совчиларни аям тузлабгина жўнатганини кўриб, жуда завқланиб кетдим.

Совчилардан эндигина қутулиб турганимизда, акамнинг Лайзон исмли ўртоғи уйимизга гандираклаб кириб келди-ю, гурсиллаганича ерга йиқилди. Аям уни қаноти билан елпиб туриб, нима бўлганини суриштирди. Лайзон қисқа-қисқа нафас оларкан, узуқ-юлуқ тарзда тушунтира бошлади.

Унинг айтишига қараганда, акам жангари ўртоқларини йиғиб, одамларга қарши курашувга етаклабди. Одамлар олдинига бу хуружларга парво қилмаётгандек кўринишибди. Кейин, оқ кийимли кимса келиб, пашшаларнинг устидан аллақандай сассиқ дорини пуркашга тушибди.

 – Шерикларим тутдек тўкилиб қолишди, – ҳансираган куйи, алам билан ингради Лайзон. – Бу одамзот дегани охири ҳаммамизни битта қўймай қириб ташлайди!

Лайзоннинг кўзларида ёш йилтиллади. Бир-икки марта чуқур-чуқур нафас олди-ю, қанотини қаттиқ зириллатиб, оёғи осмондан бўлганича миқ этмай қолди. Акамнинг ўлганини билиб, аям беҳуш йиқилди. Мен: «Ака! Акажоним!» – дея йиғлаб, ташқарига отилдим. Ҳўнграк отиб учиб борарканман, Лайзоннинг сўнгги гапи қулоғим остида қайта-қайта жарангларди: «Бу одамзот дегани охири ҳаммамизни битта қўймай қириб ташлайди! Битта қўймай қириб ташлайди!! Қириб ташлайди!!!»

Тўртинчи боб

Ё дадамдек арақхўр, ё акамга ўхшаган уришқоқ бўлиб кетишимдан чўчиди шекилли, аям ошхонада овқатланишимга рухсат бермай қўйди. Қорнимиз очса, тамаддиланиб олиш учун мени бошқа жойларга бошлаб борадиган бўлди.

Қимирлаб турган қисиниб ўлмас экан – гоҳ чойхонадан ризқимизни топамиз, гоҳ молхонадан. Бир куни тушликда аям иккаламиз итялоққа бориб қўндик. Балки сиз итдан нимаям ортарди, дерсиз. Ювилмаган идиш борки, у ерда биз ғарибларга яраша овқат топилади. Кекса пашшалар айтганидек, ҳали ҳеч ким ювилган итялоқни кўриш шарафига муяссар бўлмаган. Шу боис, ҳеч бир жойдан овқат топилмаган маҳалда, узоқ ўйлаб ўтирмасдан, ё итялоқни, ё бўлмаса, бет-қўли шатмоқ болани ахтариб қоламиз.

Хуллас, аям икковимиз итялоққа тушиб олиб, бошқа пашшалар билан эш-қўш тирикчилик қилишга киришдик. Биров бировга халақит бермай, ҳар ким ўзининг олдидагини таламонлаб турган вақтда, қандайдир бефаросат одам устимиздан ювинди қуйиб юборса бўладими. Йирик махлуқлар «ахир бу миттиларнинг ҳам жони бор-ку», деб ўйлашмас экан. Қочган қочиб қолди, қочолмаганлар ювинди ҳисобида Тўрткўзга ем бўлди.

Оҳ, шўрли аягинам! Ҳозир у ўша итваччанинг ошқозонида питир-питир сузиб юрганмикин? Балки, аллақачон ҳазм бўпкетгандир...

Уйга қайтиб келганимдан сўнг юрагимни негадир ваҳима босди. Ҳувиллаган хонада тун бўйи мижжа қоқмай ўтирибчиқдим. Кўзим юмилди дегунча, тушимга Тўрткўзнинг тишлари киради-ю, бир сесканиб кетаман.

Шу дамда мендан дунёдаги энг даҳшатли нарса нима, деб сўрашса, сира иккиланмасдан: «Ёлғизлик!» – дея жавоб қилган бўлардим.

 

                                                               I I   ҚИСМ

ДАРБАДАРЛИКДА

Биринчи боб

Поччам билан опам келиб, мени ўз уйларига олиб кетишди. Туғилган жойимдан узоқлашар эканман, ўзимни худди яна бир жигарбандимдан жудо бўлгандек ҳис этдим. Бу – уқубатли дарбадарликнинг бошланиши эканлигини ўшанда билмагандим...

Опамлар бир бой одамнинг данғиллама уйидаги қимматбаҳо жавон ортида туришаркан. Хонага кириб, оғзим ланг очилиб қолди. Деворнинг эшик-деразаларидан бўлак ҳамма жойига гиламлар қоқилган, шипдаги нақшлар кўзни қамаштиради, идиш-товоқдан тортиб қошиқ-чўмичгача – бари ялт-юлт қилади.

Борган куним катта зиёфатнинг устидан чиқиб қолибман. Ўша бадавлат одам эндигина эмаклаётган ўғлининг туғилган кунини нишонлаш баҳонасида ўз улфатларини йиғиб, катта исрофгарчиликлар қилаётган экан. Дастурхонда оймомодан бошқа ҳамма нарса бор денг.

Поччамнинг қари бувиси билан бирга у таомдан бу таомга сакраб юриб, роса яйрадик. Шўрва ичдик, оҳ, оҳ, оҳ, қовурма едик, оҳ, оҳ, оҳ, хорижий балиқнинг ивилдириғидан тотдик, оҳ, оҳ, оҳ, асал яладик, оҳ, оҳ, оҳ... Чанқаб кетиб, олма шарбатига тумшуқ тиққан чоғимда очкўз кампир «юр, анави мураббониям синаб кўрайлик-чи», деб елкамга турткилади. Унинг кўнгли учун бориб, мураббога ҳам оғиз теккизган бўлдим.

Мураббохўрлик қилиб турганимизда, кайфи ошиб қолган одамлардан биттаси: «Қуй қуядиганингни!» – дея ҳайқирганича столни муштлади-ю, мурабболи пиёлани ағдариб юборди. Мен-ку тепага бир сапчиб, осонгина қутулдим, бироқ поччамнинг бувиси мураббога аралашиб кетиб, димиқиб ўлди. Буни биров сезмадиям, ачинмадиям.

Биламан, сезганларидаям барибир ачинишмасди. Улар бизни азалдан ёмон кўришади, иркит махлуқлар деб ижирғанишади.

Бу воқеадан кейин поччам «ҳе, пойи қадамингдан ўргилдим», дегандек менга совуқ қарайдиган бўлиб қолди. На илож, ўқрайса ўқрайиб юраверсин. Энди поччадан қўрқиш етмай турувди менга.

Иккинчи боб

Дод-войни эшитиб, зинғиллаганимча қўшни хонага кириб бордим. Кириб қарасам, опам бечора устига алланарса суртиб қўйилган қоғозга қўниб олиб, зириллаб турибди. У жон-жаҳди билан тинмасдан қанот қоқар, лекин ҳарчанд чиранмасин, оёқларини қоғоздан узолмасди.

Шу паллада қаёқдандир поччам келиб қолди. Ўша сирли қоғознинг теварагида бир-икки айланиб чиқиб, тумтайган ҳолда ёнимга қўнди.

 – Одамлар бизга қарши елимли дори ишлатишяпти, – деди у. – Опангни туғма каллаварамсан десам, жириллаб айюҳаннос соларди. Мана, ўзинг кўриб турибсан, эси жойида бўлса, келиб-келиб, ёпишқоқ қоғозга қўнармиди?

Опамга кўмаклашиш учун эндигина қўзғалмоқчи бўлганимда, поччам шоша-пиша йўлимни тўсди:

 – Нима бало, жонингдан тўйдингми? Ҳе,тирранча!

Поччам шундай дея, мени қанотлари орасига маҳкам қисиб олди. «Қўйворинг мени, қўйворинг!» – деб қанча типирчиламай, эзғилаб ушлаб тураверди. Опамга раҳмим келиб, кўзларимдан ёш тирқиради.

 – Ўзингни ўйласанг-чи, ука, – менга жони ачишган бўлди поччам. – Опанг энди пешанасига ёзилганини кўради.

У сўзини тамомламай туриб, шўрпешана опам елимга бутунлай қоришиб кетди. Поччам ниҳоят мени қўйиб юбориб, хомушланган кепатада бошини эгди.

 – Мен ҳақимда ёмон ўйламагин, – кўзимга қарамай, аста гапирди у. – Опангга ёрдам беришим мумкин эди. Лекин, унда, севимли поччангдан ҳам айрилиб қолган
бўлардинг.

Севимли эмиш! Бунақа сўтакни қайси аҳмоқ ёқтираркан?

 Нима бўлгандаям, куним шу қўрқоққа қолди...

 

Учинчи боб

Ҳовлидаги лайчанинг «вак-вак»лашини эшитиб, сўлактумшуқ Тўрткўзга ем бўлган раҳматли аям беихтиёр эсимга тушди. Дераза токчасидаги телефонга қўниб олиб, эзгин-эзгин йиғлай бошладим. Агар, меҳрибон аяжоним тирик бўлганида, ҳозиргидек оч-наҳор ўтирармидим? Ўзи емаса емасдики, бирор нарса топиб, папалаганича оғзимга тиқарди.

Эшикнинг тирқишидан чимрилиб кириб келган поччам йиғлаётганимни кўриб, телефон ёнидаги китобга келиб қўнди-да: «Нега хуноб бўляпсан?» – деб сўради. Мен гапни чўзиб ўтирмай, қорним сурнай чалаётганини айтдим.

 – Жудаям бўшанг бола экансан! – дея койиб берди поччам. – Шуни эсдан чиқармагинки, яхшилаб қидирилса, туядек жойдан куядек ушоқ ҳамма вақт топилади. Ушоқнинг ўзи пашшани ахтариб келганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Ваҳоланки, сен тенгилар...

Яна нималар демоқчи бўлувдийкин – буни биргина поччамнинг ўзи билади. Унинг насиҳати чала қолди. Хонада ивирсиб юрган семиз хотин қўлидаги чарм шалпилдоқни бир силтади-ю, поччамни китобга паққос чаплаб қўйди. Ҳозиргина кеккайиб ваъз айтаётган пашшанинг бирдан чалпакка айланиб қолганини кўриб, кўнглим баттардан бузилиб кетди.

Шунда ўйланиб қолдим – поччам-ку барибир ўлар экан, ўшанда опамга кўмак бериб, мабодо омади келмаса, елимга бирга қоришиб кетаверса бўлмасмиди? Тўғри, бир неча кун олдинроқ ўларди, лекин ўзидан яхши ном қолдирарди. Унинг бу ишини бошқа пашшалар узоқ-узоқ вақтгача эслаб, бола-ю невараларига ҳам гапириб юришарди.

... Бу оламда ҳеч кимим қолмади.

Тўртинчи боб

Ҳақиқий дарбадарлик бошланди. Кўп жойларда бўлдим. Аҳволингни сўраб, дарддошлик қиладиганлардан кўра, сени ноҳақ масхаралаб ёки дўппослаб, ўз кўнглини хушлайдиганлар тоифаси кўпроқ экан. Ҳамма махлуқ ўзининг ўрнига бегонани қўйиб кўролса-ку, олам гулистон бўларди-я.

Бир куни санғиб юриб, ўзимдан пича ёшроқ Пашшаой билан танишиб қолдим. У бошпанасиз етимча эканлигимни эшитиб, жуда ачиниб кетди. Умрим бино бўлиб, бундақанги раҳмдил қизни кўрмаган эдим. Раҳмдиллар олижаноб бўлишади деганлари тўғри экан, у мени меҳмондорчиликка таклиф этди.

Оч бўлганим учун уялиб ўтирмадим. Унга эргашиб, қассобхонага кириб бордим.

 – Биз ҳў илгакнинг тепасидаги тешикда турамиз, – деди Пашшаой. – Хоҳласанг, аввал шу ерда бир гўштхўрлик қилиб олайлик. Кейин уйимизни кўрсатаман.

Олдин қорин тўйдириб олинмаса, ҳар қандай томоша ҳам юракка сиғмаслигини мендан тузукроқ биласиз. Шу туфайли, Пашшаойнинг сўзига тезда кўниб қўяқолдим.

Эндигина гўштга бориб қўнган эдик, орқамиздан бир Қовоғари дириллаганича келиб қолди. Мен зўр бериб қассобнинг бурни атрофида айлана бошладим. Чунки, одамлар паскаш ариларни ўзларининг муқаддас бурунларига ҳеч қачон яқин йўлатишмайди. Буни ёшлигимда дадамдан эшитганман.

Ҳа, мен устамонлик билан қутулиб қолдим. Аммо, Пашшаой нодонлик қилиб, қайроқтошнинг панасига яширинмоқчи бўлди-ю, Қовоғарининг чангалига тушди. Олижаноблар содда бўлишади деган гап ҳам тўппа-тўғри экан.

Донолар айтганидек, бу дунёда истаганча душман орттириш мумкин-у, бироқ дурустроқ дўст топиш жуда мушкул. Мен зўрға битта дўст орттирганимда, шу заҳотиёқ ундан айрилиб қолдим.

Шу пайт жангари акамнинг қачонлардир гапирган бир сўзи тўсатдан эсимга тушди. «Қисматда борини кўрамиз», деган эди у. Ўзингни қисматнинг оқимига ташлаб қўйиб, анқайиб юраверсанг, яшашдан нима маъни чиқади? Қизиқ!..

Хотима

Мен бу «роман»ни бахтсиз бир Пашшанинг чўнтагидан топилган ёндафтарчадаги эсдаликлари асосида ёздим.

Мусибат ҳақида гапириш қанчалар оғир бўлмасин, ахборотингиз учун яна бир нарсани билдириб қўйишим шарт: ўша дарбадар Пашша 1978 йилнинг саккизинчи августида мен тановул қилиб турган қайноқ шўрвага тушиб, фожиали ҳалок бўлди...

 

1978-йил

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz