ao
ss

ОИЛАДА  БОШ  РЕЖИССЁР

    (Суҳбатли мақола)

 Келинлар Анвар акани тўрт қават кўрпачага ўтқазиб, орқаларига албатта ёстиқ қўйишади. Сабаби...

 Дарвоқе, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг хонадонига биринчи келин тушганига 14 йил бўлди. 1991 йил 14 сентябр куни катта ўғиллари Баҳромжон уйланганди. Ундан сўнг яна уч ўғилнинг “боши иккита бўлди”. Муносиби топилса, энди кенжа ўғилни ҳам уйлаш ниятида юрибдилар.

 Шоир ташқаридан жуда мулойим кўринсалар-да, қайнона-келин муносабатларида “пичоқни аввал ўзларига” аёвсиз урадиганлар хилидан.

 Ўзимиз ҳоли қолганимиздан фойдаланиб: “Келинлардан Анвар акага ҳеч шикоят қилганмисиз?” – деб берган саволимга ўша заҳоти: “Вой, бу тўғрида гапиртирганиям қўймайди!” – дея жавоб қайтардилар рафиқалари Кароматхон.

 Анвар Обиджон эса бу фикрни далиллаб, асослаб, қозоқнинг тўққиз пулидек тахлаб, суҳбатни шундай бошладилар:

 Қайнона жанжал чиқараман деса, кунига юзлаб сабаб топилиши мумкин. Ўз ота-онаси бағрилан ажралиб, бошқа хонадонга келган келинга осонмас. Бир жойга уч-тўрт кунга борсанг ҳам, дарров уйингни, туғишганларингни соғинасан. Шунинг учун, келин ҳам бирорта фарзандли бўлиб, бу оилага кўникиб кетгунича, ундан ҳадеб айб топавермаган яхши.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, мактабни, лицей ёки коллежни тугатиб турмушга узатилган қизлар нималарни билиши мумкин? Асосан ўқиш билан машғул бўлган. Шу боис, қайнона келиннинг камчиликларини излашдан кўра, йўлини топиб, уни ўзига мослаштириб олиши керак.

 Яна давом этадилар:

 - Масалан, келиним супургини қандай қўйишни билмайди, деб бошқаларга нолиб ёки унинг ўзига кесатиб гапиргандан кўра, ўзи супуриб турган бўлиб, келиннинг назари тушадиган пайтда супургини кўнгилдагидек қўйиб кетиши мумкин, зийрак келин бундан дарров хулоса чиқаради.

 - Анвар ака, шамани тушунмайдиганлар қайнонанинг индамаганини суиистеъмол қилмасмикин?

 - Мен онасига: “Агар тергаш керак бўлса, хотинини ўғилларингнинг ўзи керагича тергаб олади”, дейман. Бирга яшайдиган ўғилларимиз бўлганидан кейин, хотинининг ўзига ёқмайдиган томонларини айтиб, келишиб олади. Ёшлар бир-бирини тушуниб, яхши яшаса, катталарнинг аралашиб, ўз тартиб-қоидаларини ўтказишга уринишлари нотўғри. Қайнона узоқни кўзлаб иш тутиши керак. Арзимаган гапга аралашиб, келин бир томон, қайнона бир томон юрганининг ўзида қанча дилхиралик бўлади, қанча иш бажарилмай қолиб кетади. Ёшларнинг оиласини бузиб, ўғилни қайта уйлашга кетадиган харажатни бошқа муҳим ишларга сарфласа бўлмайдими?

 - Оилангизда келин танлашда ҳал қилувчи сўзни ким айтади? – деган саволимга ҳам: “Бош режиссёр – дадаси”, деб қисқа жавоб қилди кеннойи.

 - Тенг тенги билан...  деган мақол бежиз эмас, - деб гап бошладилар Анвар Обиджон. – Тенглик деганда бойлик, мансабни тушунмаслик керак. Фикрлашдаги тенглик назарда тутилади. Тўғри, ўқиш, иш жараёнида ёшлар ўзининг синфдошини, курсдошини ёқтириб қолиши мумкин. Шунинг учун мен аввалдан уларга: “Бу – умр савдоси. Танлаган қизинг билан умр бўйи яшайсан. Ёшликнинг орзу-хаёллари, кўчадаги гаплар ҳар доим ҳам уйга тўғри келавермайди. Ҳаёт кино эмас. Ўз оилавий ҳаётингни кино қилиб қўядиган ўзингсан, қиз танлашда шу томонларини ҳисобга олиш керак”, деб уқтириб бораман. Келин танлаганда, ўғилларимнинг табиатига қандай қиз мос тушиши мумкинлигини ҳисобга оламан. Чунки, йигитлар бўладики, кўйлагининг чала дазмолланганини ҳам сезмай кийиб кетаверади. Йигитлар бўладики, рўмолчасининг бир чеккасидаги ғижимига пешанаси тиришади.

 - Келинларингизнинг ҳаммаси олтиариқлик эканлиги ҳам ўзига хос стратегия эмасми?

 - Келинларимнинг оталари яқин дўст-қадрдонлар. Худога шукур, ҳали кўнгил қоладиган гап орага тушмади.

        М. МУҲАММАДХОНОВА суҳбатлашди.

       “Қайнона”  газетасининг 2006 йил  1-сони.

 

    ҲАММА ГАП ЯХШИ НИЯТ БИЛАН ЯШАШДА

 - Анвар ака, ҳазилкаш дўстларингиз айтмоқчи, “Олтиариқдан келиб, олти жанрда ижод қилиб” мухлисларингизни қойил қолдиргансиз. Ҳозир ҳам шу тиришқоқлик давом этяптими?

 - Кўп жанрда ижод қилиш кўпхотинлиликдек гап. Қирчиллама йигитлик давримда шаштим жуда баланд экан, деярли бир вақтнинг ўзида ҳаммасига улгурар эдим. Қувват камайган сари, ўша ранг-барангликлардан ҳануз воз кечолмаётган бўлсам-да, энди ё униси, ё бунисининг атрофида узоқроқ ўралашиб, бошқаларига йўлагим келмайроқ турадиган кайфиятга тушдим. Бу аҳволда охири биттасини зўрға эплайдиган бўлиб қоламан шекилли, укам.

 - Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш ваижод қилиш жараёни қандай кечяпти?

 - Ижодкор учун яхши шароит биринчи масала эмас, Мол-давлатли, хотиржам шоир балки ҳаммадан кўпроқ ёзиши мумкиндир, лекин ҳар қанча бойлик ҳам уни ҳаммадан яхшироқ ёзадиган қила олмайди. Истеъдоднинг даражасини на шароит ўзгартира олади, на у-бу тузум. Ўзимга келсак, болаларга аталган асарларимнинг қарийб етмиш фоизи ҳали қишлоқда эканимда ёзилган. Ўша даврларда ҳозиргидан ўн марта камбағал эдим. Ҳамма гап саломатликда, иштиёқда, яхши ниятнинг этагидан тутиб яшашда.

 - Ёзувчилик-шоирлик ва ноширлик бир-бирига ҳамоҳангми ё зидми?

 - Нашриёт тақдири ижоддан олис, бунинг устига чала сиёсатдон кишиларнинг қўлига тушиб қолишидек фалокатдан бизни худонинг ўзи асрасин. Ҳофизларнинг қисмати сартарошга боғлиқ бўлиб қолса, санъатнинг тугагани шу. Ижодкорнинг ноширлиги ўзга ижодкорларнинг манфаатига оҳангдош, шахсий ижоди учун зидроқ, чунки савияси паст нарсаларни ҳам ўқиб чиқишга мажбурлиги, эҳтиёт бўлмаса, дидини тўмтоқлаштиради.

 - Бугунги ҳажвчилик ҳақида нима дейсиз?

 - Бизда ҳажвчилар энди-энди кўпайиб, замонавий ҳажвчилигимиз умумжаҳон дорилфунунида таҳсил олмоқда. Дунёнинг ҳамма жойида, аввало, бошқа жанрларда ёзувчи ижодкорларнинг ўзи томонидан таҳқирлаб келинган, “иккинчи даражалик” маломати билан тамғаланган бу камтарфеъл жанр қаерга борса қувғинга учрайдиган даҳони эслатади. Ғирт Машрабнинг ўзи. Шу боис ҳажвчи китобхонлар муҳаббатини қозонмоқчи бўлса, Машрабдаги кўпгина хусусиятларни – аввало чидам ва саботни, жасорат ва муросасизликни, девоналик ва зукколикни, афандифеъллигу эътиқодпарастликни ўзида мужассам эта олишга тиришмоғи керак.

 - Келгусида сиздан ҳажвий роман кутсак бўладими?

 - Балки ёзарман. Лекин бунинг учун юқорида санаб ўтилган хусусиятларнинг лоақал учдан бирига эга эканимга ўзимни ишонтиришим керак бўлади.

 - Кейинги вақтда битган янги асарларингиз ҳақида икки оғиз...

 - Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаронинг болалиги ҳақида “Уч доно ва ўғри” деган кичикроқ достон ёздим. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да парча ҳам беришувди. Кейинги ёзганларим ичида ўзимга дурустроқ туюлгани шу. Яхшиси, бу асарим тўлиқ босилгач, икки оғиз фикрни бошқалардан эшитақолайлик.

 - Маънавият ва иқтисодиёт ҳамоҳанг бўла оладими7

 - Иқтисодиёт – масаллиқ, маънавият – уни мазали таомга айлантириш. “Масаллиқ”нинг тақчиллиги маънавиятнинг соғломлигига путур етказмасдан қолмайди. Айниган маънавият – бемаза таом эса мўл-кўл масаллиқнинг қадрини бир пул қилади. Иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бир хил юксак бўлсагина, турмуш турмушга ўхшайди. Агар, қайсиниси муҳимроқ деб сўрасангиз, шахсий фикрим шу – бемаъни хотин билан тўкин рўзғорда яшагандан кўра, маънили хотин билан бечораҳол ўтган яхшироқ.

 - Улуғ ниятларингиз қандай?

 - Улуғ ният улуғ одамларда бўлади. Меники оддий – озгина бўлса-да, одамларнинг кўнглини кўтариш, қўлимдан келса, дардини олиш. Хусусий ниятларим ҳам элқатори, яъни ўғилларимни уйлаб-жойлаш, тўйлар ни кўриш, уйлар қуриш... агар насиб этса...

  Суҳбатдош: Восит  АҲМАД.

      “Олтин водий” газетасининг 1994 йил  1 ноябр сони.

 

    БЕШИКДА  ТЕККАН...

 - Анвар ака, сиз қайси жанрда ёзманг, барини қойиллатасиз. Бугун сизнинг ҳажвий асарларингиз ҳақида суҳбатлашсак. Бу нозик жанрга қўл уришингизга нима туртки бўлган?

 - Ёшдикда қизиқ эртаклар эшитишга, кулгили китобларни қайта-қайта ўқишга, комедия жанридаги филмларни орқасидан қувиб юриб кўришга жуда ўч эдим. Қолаверса,  бизнинг Олтиариқ турли қишлоқлар аҳолисининг феъл-атвори ҳақида бўрттириб айтилган латифалар, айрим тоифалар ўртасида бир-бирини қитиқлаш учун тўқилган ҳазил-мутойибаларнинг кони. Юморга ўч кўнгил, кулгига бой муҳитда улғайган ижодкор ҳажв ёзмай тура оладими? Каминага ҳам бешикда теккан кулги касали.

 - Сатира ва юморнинг фарқи нимада?

 - Буни ҳар сафар ҳар хил таърифлаш мумкин. Бу сафар: “Юмор – хушбўй гул, сатира – тиконли гул”, десам, мени ҳеч ким койимаса керак.

 - Биринчи ҳажвиянгизни эслай оласизми?

 - Агар аниқ жавобим учун, оз-моз бўлса ҳам, алоҳида қалам пули тўланса, эслашга астойдил уриниб кўришим мумкин.

 - Ҳажвиётнинг ўз олдига қўйган мақсад-вазифаси бўлади. Бошқа ҳеч қандай жанр уддалай олмаган вазифани сатира-юмор бажаради. Бугунги кунда жанр ўз вазифасини бажаряпти деб айта оламизми?

 - Замонлар ўтаверади, ҳажвиёт ҳам гоҳ замбарак отиб, гоҳ шунчаки юмдалашиб яшайверади, яшайверади. У фақат иккита ҳолатда ўз вазифасини тўлиқроқ бажара олмаслиги мумкин. Биринчиси – куни истеъдодсиз қаламкашларга қолганда, иккинчиси – ҳажвчи ўз истеъдодини тўла намойиш этишига шароит тўсқинлик қилганида. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳажвиёт бугун ўз вазифасини сидқидилдан бажаряптими деган саволга энг тўғри жавобни индинги кундан қидириш керак.

 - Бу соҳанинг усталари кимлар?

 - Саид Аҳмад домла... Устозимиз Неъмат Аминов... Ёшлардан Саид Анвар бирданига балқиб кўринди.

 - Китобларингизни қаерда кўрсам, сотиб оламан. Негадир ҳажвий асарларингизни тўплам ҳолида кўрмадим.

 - Янгилари анча йиғилиб қолди. Алоҳида тўплам қилсам ҳам бўлади. Лекин ҳозирги қалам пулининг аҳволини ўйлаб, уларни машинкалатишга сарфланган харажатларимни қоплашга етадими, йўқми деб иккиланиб ҳам қоласан киши. Ё бир таваккал қилиб кўрсаммикин? Нима дейсиз...

 - “Олтиариқ ҳангомалари” айни ҳаётдан олинганми?

 - Деярли ҳаммаси ҳаётий. Бўяб-пардозлаш, қўшиб-қистириш сингари ишларда бизнинг ҳам анча-мунча ҳиссамиз бор албатта.

 - Эргаш Каримовга, Шерали Ҳожиевга шеърларни сиз ёзиб берсангиз керак?

 - Сотти билан Мўтти шоирлар ҳақидаги телеинтермедиялар туркумини назарда тутяпсизми? Тўғри, уларни мен ёзиб берганман, бўйнимга оламан.

 - Ҳозир нималар ёзяпсиз?

 - Ҳозир... яъни айни пайтда бир газет ходимининг саволларига жавоб бериш билан бандман. Буни тугатсам, болаларга атаб қўғирчоқлар ҳақида битаётган шеърларимни давом эттиришга ҳаракат қиламан.

 - Айтмоқчи, болаларга ёзишни кўпроқ ёқтирасизми ё катталаргами?

 - Ўзимга қолса-ку, бир умр болалар даврасидан ташқарига чиқмаган бўлар эдим. Катталар билан ўйналадиган беркинмачоқлар жуда зерикарли, ўта мураккаб.

 - Қайси жанрда ёзиш қийинроқ деб ўйлайсиз?

 - Дунё адабиёти яхшилаб кузатилса, пичоққа илинадиган болалар адиблари ниҳоятда кам, тан олинган ҳажвчилар ундан ҳам танқис. Бу иккала жанр адибдан алоҳида ноёб истеъдод, катта самимият ва зукколик талаб қилади. Кўнгли туғма тоза бўлмаган ижодкор бу жанрларнинг иккаласида ҳам ўртамиёналикдан нарига ўтолмайди.

 - Қандай ўйлайсиз, ўзингизда шу хусусиятлар етарлими?

 - Менимча, бундай хусусиятлар кулги қироли Абдулла Қодирийда тўла-тўкис бўлган. Унга ҳавас қилиб яшаяпман. Ҳавас эса... ҳавас ҳали ҳеч нарса дегани эмас.

 - Ҳаётда ҳам ёзганларингиздек қувноқмисиз?

 - Мевасини ёқтириб қолиб, дарахтни ҳам тотиб кўришга уринган одам кўпинча қаттиқ янглишади.

 - Тўғрисини айтинг, кўнглингизга яқини қайси жанр?

 - Адабий жанрлар – адабий паризодлар. Бир ижодкор унисига ошиқ бўлган, бошқаси бунисининг висолига етишган... Мен кучим етганича қарийб ҳаммаси билан ора-сира қаймоқлашиб келяпман. Охири хайрли бўлсин, илойим. Сизга ҳам, бошқаларга ҳам дуо-тилакларим шу...

        Абдураҳмон ЖЎРА суҳбатлашди.

       “Тошкент оқшоми” газетасининг 1996 йил  11 ноябр сони.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz