ao
ss

ШИРИН СЎЗ ҲАМ ЗЎР АСАР

 - Анвар ака, адабиётга, шеъриятга қизиқишингизга нима сабабчи бўлган – яшаш жойингиз ва оилангиздаги муҳитми ёки бирон-бир кишими?

 - Олтиариқнинг мен туғилиб ўсган Полосон қишлоғида илгаритдан яхши журналистлар, асосан маҳаллий матбуотда шеър ва ҳикоялари чиқиб турадиган қаламкашлар бўлишган, лекин уларнинг қай биридандир таъсирланганимни эслолмайман. Дадам пахта қабул қилиш пунктида торозибон эдилар., гоҳо газета-журналларга кўз ташлаб турсалар-да, китоб ўқиганларини сира кўрмаганман. Ўз даврларида лотин алифбосида озгина сабоқ олган аям эса кирилл ёзувини умуман ўқий олмасдилар.

 Сарвинисо бувимизни марҳум эшон отанинг хотини сифатида ҳурматлашиб, отин аёллар тез-тез йўқлаб келишар, дастурхон теграсида ўтириб китобхонлик қилишар, турли ривоятлар, Машраб, Сўфи Оллоёр, Хожа Аҳмад Яссавий шеърларидан ўқишар, мен эса четда ёнбошлаб олиб, миқ этмай тинглардим.

 Бошланғич синфларда ўзимча шеърлар ёза бошладим. Кейинчалик эса ёзганларимни “Ғунча” журналига пешма-пеш жўнатишга одатландим. Эсимда, олтинчи синфда ўқиётганимда журнал ходими Миразиз Аъзамнинг таҳрири билан “Шкафчам” деган шеърим босилди. Шундан сўнг бу журналда шеърларим чиқаверди, юқорироқ синфдалигимда ҳатто менга алоҳида саҳифа ажратишган пайтлар ҳам бўлди. Шоир бўла олишимга қатъий ишонч кўнглимда ўша чоғлардаёқ шаклланиб улгурган, чамаси.

 - Ижод учун оилада шароит етарлимиди?

 - Болалигимда оиламиз ниҳоятда ўзига тўқ эди. Ўсмирлик давримда дадамнинг ишлари тўсатдан орқага кетди. Рўзғорга қарашиб туриш учун юқори синфларда кечки мактабда ўқиб, киночига шогирд бўлиб юрдим, қўрғошин конида бурғиловчилик, пахта заводида тракторчилик қилдим, қишлоқ кутубхонасида ишладим. Самарқанд Молия техникумида ўқиётганимда, уч йиллик ҳарбий хизмат даврида ижодим сустлашди. Ҳарбийдан қайтишим билан дадам вафот этиб, колхозда табелчилик қилдим. 1971 йили туман газетасига ишга ўтиб, икки йилдан сўнг ТошДУнинг журналистика факултетига сиртдан ўқишга кирдим. Бу даврда шеър битишга яна астойдил киришдим, болаларга аталган “Она Ер” номли биринчи китобимни чиқардим.

 - Тошкентга қачон келгансиз?

 - Ёшлар нашриётида “Баҳромнинг ҳикоялари” деган иккинчи китобим чиққач, нашриёт бош муҳаррири, шоир Эркин Воҳидов мени ишга таклиф қилиб қолди. Унгача 1976 йили ўзимча бошкентга келиб, газета-журналлардан иш тополмай, Тошкент Ёғ-мой комбинатида бир неча муддат боғбонлик қилгач, Фарғонага қайтиб, радиода ишлаб юргандим. 1981 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентга ишга келдим. Ўшанда 34 ёшда эдим, бешта болам бор эди. Қишлоқда юриб ҳам, кўнглимни чўктирмасдан тинимсиз ёзаверганим қўл келиб, энди ғарам-ғарам шеърларим, қиссаларим, ҳикояларим, ҳажвияларимни гоҳ газета-журналларда, гоҳ китоб ҳолида кетма-кет эълон қилишга тушдим, пиесаларим саҳналаштирилди. Пайти келса, ҳозир ҳам эски нарсаларимни титкилаб, озгина таҳрир билан матбуотга бериб тураман. Куч-қувватнинг борида, завқ-шавқнинг баландлигида, ҳис-туйғуларнинг жўшқинлигида зап ёзиб қўйган эканман-да, деб ўйлаб қоламан.

 - Сизни ўтган асрнинг 80-йилларида болалар адабиётига тамоман ўзгача оҳанг олиб кирган, ўзига хос мактаб яратган адиб сифатида эътироф этишади. Бу муваффақиятларнинг асосий сири нимадалигини ўзингизча мулоҳаза қилиб кўрганмисиз?

 - Эски тузумда адабиёт замон мафкурасининг қулига, мавжуд сиёсатнинг тарғиботчисига айланиб қолганди. Мен қишлоқда яшаганим учун шеърни газета-журнал ходимлари ёки адабий тўгараклар бошлиқларининг йўл-йўриғига таяниб ёзишга ўрганмадим, кўнглимга келганини тўқийвердим. Ўзига хосликнинг сири балки шундадир.

 - Дунё бўйича кузатилса, болаларга 24 жанрда асарлар яратилар экан. Биздагилар неча хилга бораркин?

 - Жанрлар кўп. Назм ва насрнинг ҳар бири бир неча ички кўринишларга бўлинади (достон, эртак, фантастика, кечинма, детектив кабилар). Яна саҳна ва кино драматургияси, мултфилм, комикс, қўғирчоқбозлик сингарилари бор. Бизга ҳам янги-янги жанрлар аста-секин кириб келмоқда. Аммо, менга қолса, кичкинтойлар тарбияси борасидаги ишлар даражасини жанрларнинг сонига қараб эмас, бор асарларнинг савиясига, таъсир кучига қараб белгилаган бўлардим.

 - Жаҳонда нафақат катталар, балки болалар адабиётида ҳам, кино ва мултфилмларда ҳам фантастика тобора кенг ўрин эгаллаб бормоқда. Бу йўналишга қизиқиш ортаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?

 - Умримизда қанча-қанча тушлар кўрамиз – қайсидир йигит суюкли қизини ёвузлар панжасидан қутқариб, меҳрини қозонади; қайсидир кампир қизалоққа айланиб, марҳум онасининг қучоғида эркаланиб ўтиради; қайсидир болакай бировларникидан кўзи куйиб юрган велосипедга эга бўлиб, боғ-роғлар устида учиб юради. Уйғонишгач, ширин-ширин хаёлларга берилишади, ажабтовур синоат оғушидан чиқиб кетишга шошилишмайди. Фантастикага қизиқиш кучлилигининг илдизи – одамзот ҳаётдан доим мўъжиза кутиб, энг кичик ажойиботдан ҳам беҳад завқланиб яшашида бўлса керак.

 - Бир маҳаллар фантастика жанрида “Аламазон ва унинг пиёдалари”, “Олтин юракли Автобола” қиссаларини ёзган эдингиз. Бу асарлар қайта-қайта чоп этилмоқда, ўқувчилар қизиқиши ҳануз сўнгани йўқ. Нега бу жанрда янги асар ёзмаяпсиз?

 - Ўшанда ёзгим келувди, ёзганман. Юракдан туғилишига қараб эмас, бугунги бозор талабига эргашиб, зўрма-зўраки битилган асар бир марта фойдаланишга мўлжалланган идишга ўхшайди. Касбини жиндай ҳурмат қилган кулол бир бор овқатланишдан сўнг итқитиб юбориладиган коса ясашни ўзига эп кўрмайди.

 - Болалар дунёсига ошно бўлиб нима топдингиз, нимани йўқотдингиз?

 - Болаларга ўхшаб кичкина бахтдан ҳам жуда-жуда қувониб яшаш саодатини топдим. Болаларга аралашиб, балки, кексалигимни йўқотиб қўйгандирман...

 - Катталар адабиётида ҳам мустаҳкам ўрнингиз бор. Айниқса, ҳажвчи сифатида кенг танилгансиз. Қизиқчилар билан ҳам ҳеч ҳамкорлик қилганмисиз?

 - Сценарийларим асосида яратилган филмларда қизиқчилар рол ўйнашган. Бироқ бирон-бир қизиқчига атаб даврабоп ҳангомалар ёзиб бермаганман. Бунақа ишни ёмон кўраман демоқчи эмасман, шунчаки одатланмаганман, холос.

 - Ҳажвий қаҳрамонларингиз орасида энг машҳури бўлган Уста Гулматнинг яратилиш тарихига тўхталсангиз.

 - Абдулла Қодирий ҳажвиётини ёшликдан жуда севиб ўқирдим, айниқса, Калвак махзум жон-дилим эди. Бир куни, агар Калвак оға шоирлик қилишга уринса, нималарни ёзган бўлардийкин, деб ўйлаб қолдим ва беихтиёр калвакча ғазаллар тўқий бошладим. Шу тариқа, гўё ўн тўққизинчи асрнинг охирлари, йигирманчи асрнинг бошларида яшаб ўтган даллифеъл бир шоирнинг “тўсатдан топилган китоби” дунёга келди.

 - Гулматни бошқа тилларга таржима қилдиришга ҳеч уриниб кўрганмисиз?

 - Йўқ. Балки, Анвар Обиджон асарларини бўлак тилга ўгириш осондир, аммо Гулматнинг Гулматлигини таржимада сақлаб қолиш мумкинлигига унча кўзим етмайди. Тили ҳаддан ташқари чапанича.

 - Адиблар зукко бўлишади. Ҳаётда шунча кузатиб, асосан нимани англадингиз?

 - Асосан англаганим шу бўлдики, у деҳқонми, косибми, олимми, агар кўзлаган мақсади бўлмаса ва теваракдаги майда-чуйда ҳою ҳавасларга берилмасдан, бор кучини мақсадга етиш йўлига бағишлай олмаса, дунёдан бесамар ўтиб кетади.

 - Ҳозир нималар ёзяпсиз?

 - Адибнинг хаёлида минг хил ўй юради, дам унисини қоралайди, гоҳ бунисини. Адиб гўё катта ошхонанинг ошпази, турли таомларни пишириш мўлжалланаётган қозонлар атрофида гирдикапалак. Қай бири олдин пиширилади-ю, қай бири ўзгаларга кўпроқ манзур бўлади, бу ҳали номаълум. Асарларим пишиб етилишига қараб, бирма-бир узатиб туравераман, бирортасининг таъми “э, пиширганга балли”, дегудек чиқиб қолса, ажабмас.

 - Янги “пишириқ”ларингиз олдингиларидек жуда мазали чиқишига астойдил ишониб қоламиз. Ёзишдан чарчаманг, доимо соғ бўлинг.

 - Топиб айтилган ширин сўз, яхши тилакнинг ўзи ҳам битта зўр асардир. Раҳмат.

        Феруза АҲМЕДОВА  суҳбатлашди.

       “Етти иқлим” газетасининг   2007 йил  3 май сони.

 

        АДАБИЁТ ОДАМЛАРИ

        **********************

 

      • Ўтган асрнинг 60-йиллари. “Ғунча” болалар журнали таҳририятига Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғидан тез-тез мактуб келиб турар, 13-мактаб ўқувчиси Анвар Обиджонов ўзи ёзган шеърларини юборишдан чарчамасди. Айниқса, журналда унинг “Шкафчам” шеъри босилиб чиққач, хатлар оқими янада кўпайди. Анваржон атрофидаги буюмларни, табиатни, хуллас, нимаики уни ҳайратга солса, шеърга кўчирарди.  Аммо бу илк “ижод намуналари” кўпинча таҳририятнинг бир уюм хатлари орасида қолиб кетарди.

КИТОБСЕВАР  ОТА-ОНА – БОЛАНИНГ  БАХТИ

    (Суҳбатли мақола)

 - Ижодкор ижодини бошлаган илк даврларда цензура деган нарсани билмайди, хаёлига келган нарсани ёзаверади. Газета ва  журналлардагилар хат йўллаб, “Шкафлар, кемачалар ҳам ўз йўлига-ю,  кўпроқ мактаб ҳаёти ҳақида, пионерлар тўғрисида ёзинг”, дейишар эди.

  Ўйчан, бироз маъюс кўзлари катта-катта, пешанаси кенг мактаб  боласи Анвар Обиджонов Тошкентдан келадиган хатларни интизорлик  билан кутар, кунора юборадиган мактублари ҳали йўлдалигидаёқ, шеър  билан тўла кейинги хатларни жўнатишда давом этарди.

 - Оилада ўн бир бола эдик. Уйлар етарли эмасди. У пайтлари телевизор, сериал деган нарсалар йўқ. Беш-олти бола бир хонада, катта  кўрпа ичига кириб, қатор бўлиб ухлаймиз. Электр чироқ ҳам йўқ.  Ҳамма ухлаганда, секин ўрнимдан туриб, керосин лампани ёқиб,  ўзимча ёзаверардим. Вақт алламаҳал бўлиб кетади, мен ёзавераман. Шеърни қофиялайман, бўғинларни бармоғим билан санаб, кейин яна  ўйланиб ўтираман ёки ётиб ўйлайман. Яна ҳисоблайман, яна ёзаман.  Бир куни аям тунда шундай ўтирганимни деразадан кўриб қолиб, бир-икки кеча кузатибди. Математикани ишлаётгандир деса, унақага ўхшамасмиш. Охири хавотирланиб, дадамга: “Бу Анваржонга бир  нарса бўлган-ов, ғалатироқ бўлиб қолди”, дебди...

 Лекин дадамдан жуда миннатдорман. Расм чизиш учун бўёқ қаламми, ўйинчоқ ясайдиган тахтами, китобми – ҳаммасини олиб  берарди.

    Менга  китоб  беринг...

  Ўн бир боладан фақат Анваржонгина адабиётга қаттиқ меҳр қўйди. Унинг китобга қизиқиши ўзига ва ён-веридаги ўзидан беш-олти ёш катта маҳалладош болаларгагина аён эди. Кимнинг қўлида китоб кўрса, олиб ўқигиси келадиган, мактаб кутубхоналаридан, ёшига мос  келса-келмаса, китоб сўрайверадиган, китоб ҳақидаги гурунгларга зўр бериб қулоқ тутадиган Анваржон адабиётга меҳр-муҳаббат озгина  эътиборга ҳам боғлиқ эканлигини улғайиб англади.

 - Оилада ота-она китобсевар бўлса, бу – боланинг бахти. Чунки китоб болани мактабдан ҳам яхши тарбиялайди. Раҳматли дадамиз китобга қизиқмасди. Онамизда савод ҳам йўқ эди. Маҳалламизда бир-иккита китобхон йигитлар бўларди. Улар китоб ўқиб, ўзаро баҳслашган чоғлари мен эшитиб ўтиришни яхши кўрардим. Кейин ўша китобларни олиб ўқирдим. Баъзан уйимизда кампирлар йиғилиб, “Шоҳ Машраб”ни, яна бошқа достон вадиний китобларни ўқишар, отинойи эса уларни шарҳлаб берарди. Мен бир чеккада жим ўтириб эшитардим. Ҳалигача Машрабни яхши кўраман. Олтинчи синфда Шекспир асарларини ўзимдан беш-олти ёш катта болалардан олиб ўқиганман. Мопассаннинг ҳикояларини “сен ҳали ёш боласан, сенга тўғри келмайди”, дейишса ҳам, ўқийверардим. Қодирий домлани “оқлашган”дан кейин “Ўткан кунлар”ни ўқидим. Ёшликдаги китобга бўлган чанқоқлик адабиётга етаклаган бўлса керак-да.

    Мактабдан ҳайдалиш

   Айтишларича, истеъдодли болалар ўсмирлик вақтида катталар билан келишолмай қолишлари табиий экан. Мактабда ўқиб юрган кезлари Анвар Обиджонов ҳам ўқитувчилари билан тез-тез тортишиб  қоларди. Саккизинчи синфга ўтганида Анваржоннинг “тўпалончи”лиги  ҳаддидан ошиб, ўқитувчиларнинг жонига тегиб кетди.

 - Саккизинчи синфни тугатганимдан кейин мактабдан ҳайдашган десам ҳам бўлади. Мени, аввало, дарсликлар қониқтирмасди. Чунки, ҳаётда бошқа – гўзал  асарлар борлигини кўрдим. Нима учун қизил байроқлар тўғрисидаги тушунарсиз шеърларни ёдлашим керак? Тарих дарсларида ҳам нуқул қаердадир, қайсидир йили, компартиянинг нечанчидир съезди бўлиб ўтганлигини эслаб қолишимни талаб қилишарди. Нега бошқача – қизиқарлироқ қилиб ёзишмайди, деб тортишардим. Ҳатто университетга кирганимда ҳам жамиятшунослик, сиёсатшунослик каби китобларнинг мазмунидан, ҳар хил кераксиз рақамларни ёдлашдан зерикардим. Очиқдан-очиқ: “Менга булар керак эмас, - деб айтар эдим. – Керак бўпқолса, ўзим топиб ўқийман, мени мажбур қилманглар, ёдлаганим билан барибир эсимдан чиқиб кетади”, дердим. Менинг бу гапларимни ўқитувчилар исён сифатида қарши олишар эди. Охири жанжал бўлиб, истаган мактабингга бориб ўқи, дейишди. Ўзимни ҳайдалган ҳис қилиб, ўқишдан кетдим. Қишлоғимиз билан Фарғона шаҳрининг ораси йигирма чақиримдан ортиқ, мен ўша ердаги қариндошларимизникида яшаб, тўққизинчи синфни кечки мактабда ўқидим. У ерда ҳам шу аҳвол. Ўқитувчилар билан яна китоблар масаласида тортишаман. “Ўқисанг шу, бўлмаса бошқа мактабга бориб ўқи”, дейишади. Ундан кейин ўзимизнинг туман марказидаги мактабга бориб ўқидим. Кундузи ишлаб, кечаси ўқийман. У ерда ҳам шу муаммо. Ёдла деган нарсасини ёдламайман. Фақат ўзимга ёққан фанни ўқирдим. Шаҳодатномамда, дипломимда “тўрт”, “беш” баҳодан кўра “уч” кўпроқ. Лекин рус тилини ўз хоҳишим билан қизиқиб ўрганганман. Рус тилидаги китобларни ўқишни яхши кўрардим. Рус тили ўқитувчилари индамай “беш” қўйишарди.

    Тошкентдан чопар

 Йиллар ўтиб, Анвар Обиджон “Ғунча” журнали таҳририятига мактуб ёзишдан тўхтади. Ҳарбий хизматга кетди. Тошкентдан эса уни сўроқлаб бир киши келди. “Ғунча” журналига узоқ вақт хат ёзмай  қўйган фаол муаллифнинг тақдири билан қизиққан таҳририят Миразиз Аъзамга Фарғонага обуна масаласида борганида, Анвар Обиджонов  билан ҳам учрашишни тайинлаганди. Уч йиллик ҳарбий хизматда  бўлган йигит шеър ва адабиётдан бироз узоқлашиб қолган эди,  қишлоққа қайтиши билан бу хабарни эшитиб, кўнглида яна нимадир  ғимирлай бошлади, уни яна ижод қилишга, тинмай ёзишга ундади.

 - Ҳарбий хизматдан қайтганимда, шаҳардан мени қидириб келишганини эшитиб, кўнглим кўтарилган. Демак, менга эътибор қилишар экан, демак, мен керак эканман, деб яна ёза бошлаганман. Эҳтимол, шу воқеа бўлмаганида, шоирлик ҳавасим сўниб кетармиди. Чунки ҳарбий хизматдан қайтиб келганимдан сал ўтмай отам қазо қилди. Оилада катта ўғилман. Уй-рўзғор менинг бўйнимда, ташвишлар етиб ортарди... Лекин мен Миразиз Аъзам қилган яхшиликларнинг ўндан бирини ҳам қайтара олганим йўқ.

    Рўзғорми ёки ижод...

 - Дадам анча ёш кетдилар. Учта опам турмуш қурган, мен бешта ўғилнинг каттасиман. Далада табелчи бўлиб ишлайман. Бўш қолдим дегунча, тинмай ёзардим. Очиғи, бундан аям норози бўлардилар. “Уйга, рўзғорга қарамайсанми?”, деворнинг бирор жойи кўчган бўлса, “Мана шуни суваб қўйсанг бўлмайдими, ўғлим?” – дердилар. Мен эса: “Буни суваш қийин эмас, лекин сувагандан кейин оқлаш керак. Оқлагандан кейин, ўша жой ола-була бўлиб қолади, кейин ҳаммасини бошдан охиригача оқлаш керак бўлади. Бир томони оқланса, иккинчи томонини ҳам оқлаш керак. Мана шу ерни сувашдан бутун ташвиш бошланади”, деб айтардим. “Сабр қилинг, пайти келиб, яп-янги девор қурдириб бераман, ҳеч қанча қолгани йўқ”, десам, ишонмай норози бўлардилар. Бир куни аямга ўзимнинг қалин дафтаримни кўрсатдим. Ичи тўла шеър. “Мана, қаранг, - дедим, - бунақа дафтардан яна йигирматача бор. Ҳар бир бетида ўн икки, ўн олти қатордан шеър турибди. Мана шунинг ҳар бир қатори – арзони 80 тийин, юқориси 3 сўм. Сиз сабр қилиб туринг, мен ҳудди кассага қўйгандек жамғаряпман. Мана шунинг ҳаммаси сизга, уйга бўлади. Менга керак эмас. Фақат мени тинч қўйинглар. Вақти келса, шуларнинг ҳаммасини сизларга бераман”, десам, “Ёшим ўтганида шунақа гапларни гапирасанми?” – деб йиғлардилар. Ишонишмасди. Шунинг учунмикин, ёшлигимданоқ уйдан кетгим келаверарди. Бўрича ҳақидаги бир шеъримни ўша вақтда ёзганман:

    Туғилганди Бўрича

    Саккизинчи январда.

    Бугун бир йил тўлибди,

    Адашмаса агарда.

 

    Ваъда қилди ойиси

    Унга қуён гўштини.

    Ваъда қилди дадаси

    Унга кийик тўшини.

 

    Билмаса ҳам ёш Бўри

    Дунёнинг кенг-торлигин,

    Эшитганди дунёда

    Ширинликлар борлигин.

 

    Инжиқланди у бирдан:

    “Совға қилинг парварда.

    Ҳеч бўлмаса, еб кўрай

    Саккизинчи январда”.

 

    Таскин берди ойиси:

    “Болам, адир – дўконмас”.

    Дадаси дер: “Шаҳарга –

    Бориб келмоқ осонмас”.

 

    Фурсат пойлаб эркатой,

    Чиқди-ю ғор-уйидан,

    Шаҳар томон югурди

    Чопқир анҳор бўйидан...

      (“Парварда”)

    Қуёш чиқиб келди тоғдан

 Ниҳоят, катта-катта умумий дафтарларга “жамғариб  борилган” шеърлар тўплами 1974 йили “Она Ер” номи билан босилиб чиқди. Лекин “Баҳромнинг ҳикоялари” деган иккинчи китобигина  шоирга шуҳрат келтирди. Унинг болаларга аталган шеърлари аввалги шоирлар ижодидан буткул фарқ қиларди.

 - Заминда тараққиёт давом этаверганидек, адабиётда ҳам катта-кичик янгиликлар бўлиб туради. Бизнинг авлодимиз бошқачароқ ёзишга уриниб кўрди. Ьиздан кейингилар юксакроқни кўзлашлари табиий. Лекин юпанчли томони шуки, техника ютуқларидан фарқли ўлароқ, адабиётдаги мақбул асарлар йиллар, асрлар ўтиб ҳам эскирмайди, аҳамияти ва қадрини йўқотмайди. Биттагина бўлса ҳам шундай асар ёза оларканмизми, деган орзу билан ҳамон куйиб-пишиб қалам тебратяпмиз.

  Қишлоқ ҳаётини яқиндан билганиданми, ёшликда уни  қониқтирмаган дарсликлардаги шеър, ҳикоялардан чарчаганиданми,  Анвар Обиджон ўзбек адабиётига ўзбек боласининг тили ва  характерини тўлароқ ёритадиган асарларни олиб кира бошлади:

  Қуёш чиқиб келди тоғдан, нурга тўла чўнтаклари,

  Жон киритди далаларга тўрғайларнинг ҳуштаклари.

 

  Кучукларни сескантириб оламга жар солди Хўроз,

  Жаҳли чиқиб акиллашди маҳалланинг Кўппаклари...

 

  Тиниқ сувда қуёш акси, тутиб олсанг қандай яхши,

  Калла ташлар ҳовузларга қишлоқнинг мард Ўрдаклари.

 

  Айтиб берди сиза Булбул тонгда ўзи кўрганларин,

  Жонингизга теккандир-а Қарғаларнинг эртаклари?

 

 Ўзбек болалар адабиёти Анвар Обиджоннинг “Баҳромнинг ҳикоялари” (1980), “Оловжон ва унинг дўстлари” (1983), “Эй, Ёруғ  дунё...” (1983), “Кетмагил” (1985), “Безгакшамол” (1985), “Аламазон и  его пехота” (1984), “Масхарабоз бола” (1986), “Жуда қизиқ воқеа” (1987), “Олтин юракли Автобола” (1988), “Даҳшатли Мешполвон”  (1990) каби шеърий ва насрий асарлари билан бойиди. “Даҳшатли  Мешполвон” ва “Олтин юракли Автобола” асарлари асосида “Тилсимой ғаройиб қизалоқ”, “Мешполвон” номли икки бадиий филм  яратилди.

 Анвар Обиджон “Шуҳрат” медали (1997) ва “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланди.

    Беш ўғилнинг отаси

 - Бешта ўғлим бор. Улар тарбиясида қаттиққўл бўлсам-да, боланинг дунёқарашини тушуна оламан, деб ўйлайман. Ҳамма бола бирдек китобсевар, бирдек ўқимишли бўлмайди. Бирови спортга қизиқади, бирови китобга, бошқасига ҳунар ўргатиш керак... Ўғилларимнинг қизиқишига эътибор билан қараганман.  Уларни ўзи истамаган машғулотга мажбур этмаганман. Асосийси, бола бўш қолмаслиги керак.

 Ўғилларим ёш вақтида асрларимдаги болалар тилини асосан шулардан “ўғирлаганман”. Кенжа ўғлим ўсмирлик ёшига ета бошлагани сайин ўз-ўзидан болаларга атаб шеър ёзолмай қолдим, жуда кам ёзадиган бўлдим. Кейин бирин-кетин невараларим туғилди-ю, яна болалар оламига қайтдим. Афсуски, ҳали олдингидек унумдорликка эришганим йўқ. Балки, бу ёшнинг ўтиши, илгариги куч-қувватнинг йўқлиги билан ҳам боўлиқдир. Нима бўлгандаям, болаларнинг севинчини кўришдан ҳузурлироқ нарса борлигини тасаввур қилолмайман.

    Дилдаги гаплар

  - Болаларни адабиётга қизиқтиришимиз учун тарғибот кучли бўлиши керак. Жамиятда бола тарбиясидан муҳимроқ нарса йўқ. Мамлакатда битта китобхон қолган бўлса ҳам, унга керакли барча китобларни етказиб бериш – жамиятнинг бурчи, деб ўйлайман. Ватанпарварлик ҳар бир одамда шаклланса, миллат юксалади.

 Бизда фақат савод чиқариш учун эмас, дунёдаги энг илғор фан ютуқларига таянган ҳолда илм эгаллаш учун яхши имкониятлар яратиб қўйилган. Аммо фарзандларимизнинг тафаккурини янада бойитиш, фикрчанлигини ўстириш, зеҳнини чархлашга хизмат қилувчи бадиий адабиётларни бундан-да кўпайтириб боравериш доимо диққат марказимизда турмоғи керак. Бадиий асар болада китобга интилиш ҳиссини пайдо қилади. Дарсликларга ҳам ўшандай иштиёқ билан ёндашадиган бўлади.  Ўрикнинг ширинлигини билиб олган бола, орасига аччиқ дармондори солинган ўрикни ҳам ижирғанмасдан еяверади. Кўникмада гап кўп. Лекин болаларга китобнинг етиб бориши масаласи энг оғриқли томонимиз. Шаҳарлардаги аҳволдан ҳозирча қониқиб турса бўлар. Бироқ туманларда, айниқса, қишлоқларда бу ишга жуда кам эътибор берилмоқда. Китоб савдосини янада жонлантиришга қаратилган фармонлар, афсуски, ҳамма жойда ҳам тўлиқ бажарилаётгани йўқ. Хусусий китобфурушлик бўларди. Бугун мактаб ва бошқа билим масканлари кутубхоналарини, биринчи галда, лотин имлосида босилган китоблар билан янада бойитиш зарур...

 Ҳаётни, одамлар характерини болалар тили билан ифодалашга  моҳир севимли ёзувчимиз Анвар Обиджон бир вақтлар ёзган шеърида  шаҳарга қочиб келган бўричанинг қафасга қамалиши-ю, энди уни ёш-қари ҳар куни томоша қилиши, у эса ўзи қочиб келган  адир томонларга баланд-баланд томлар оша термулиши ҳақида ёзиб, шеърини:

    Йиллар ўтиб орадан,

    Саккизинчи январда,

    Бир қиз юввош Бўрига

    Ташлаб ўтди парварда. –

деб тугатган эди. Ёзувчи билан суҳбатимиз чоғида бу шеърни эслаган адиб: “Сизнинг интервю учун олдимга келганингиз ҳам менга худди парвардадек гап-да”, деб ҳазиллашиб қўйдилар. Биз эса, “Бундан-да кўпроқ парвардаларга лойиқсиз!” – дегимиз келди...

        Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.

       “JANNATMAKON” журналининг   2008 йил  июн  сони.

 

   СЎЗНИНГ  КУЧИ – ТЎҒРИЛИГИДА

 

    Ўзбекистон халқ шоири  Анвар Обиджон билан суҳбат

 - Анвар ака, сиз доим “мен ўзимни аввало болалар адиби деб биламан”, дейсиз. Шунга қарамай, суҳбатимизни катталарга аталган “Танланган шеърлар” китобингиздан бошласак.

 - Ҳа, болаларга аталган ихчам-ихчам тўпламларимга солиштирганда, қўлга илинадиган китобим шу бўлди. Бунинг учун “Шарқ” нашриёти жамоасидан жуда миннатдорман.

 - Назаримда, бу китобга катталар учун ёзган шеърларингизнинг деярли барчаси жамлангандек.

 - Катталигига қараб айтяпсизми? (Кулади). “Катта” дегани “ҳаммаси” дегани эмас, укам. Шеърларимни “умумдафтарга” кўчириб боришни болаликдан одат қилганман. Катта эртак, достон, шунингдек Гулмат, Кулкул афанди туркумларини алоҳида жамлаб борганман. Шуларни қўшмаганда ҳам, дафтарларим сони 46 тага етди. “Танланган шеърлар” китобимга катталарга бағишланган шеърларимнинг балки ўнтадан биттаси киргандир.

 - Шеърхонлар, айниқса, ўтли ишқий туйғуларга бой шеърларга ишқибоз талаба-ёшлар бу китобни жуда илиқ кутиб олишди. Матбуотда ҳам фикр билдирилдими?

 - Профессор Абдуғафур Расулов “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Ижодий ўзлик сари йўл” мақоласида ижодимни таҳлил этиб, “Танланган шеърлар” китобим устида кенг тўхталиб ўтган. Кўнглимни кўтарадиган фикрлар айтган. Аммо китобхонлар фикри барибир бирламчидир.

 - Деярли барча шоирлар ижодида “Учликлар” учраб туради. Сизда ҳам талайгина. Масалан:

    Деди кекса бодахўр:

    - Майли, ҳушёр яшаб кўр,

    Ҳушёрликка чидасанг.

   Ёки:

    Ерда ётган суратинг

    Гўё мендан сўради:

    “Бахтлимисан, бевафо?!”

 Сиз буларни нега “Уччаноқлар” деб атагансиз?

 - “Учликлар” уч сатрдан иборат бўлиши шартлигини ҳисобламаганда, яна фалон-фалон нарсаларга амал қилиш керак, деган талаб-қоида йўқ. Шундай бўлса-да, мен уларнинг барини бир хил қолипда, яъни етти бўғинли қилиб ёзганман. Шу боисданми, номиниям ўзига хосроқ қилгим келди-ю, пахта пайкалларида жуда кам учрайдиган, қут-барака рамзи бўлган уччаноқларга қиёслаб қўяқолдим.

 - Шундай бўлса керак деб тахмин қилган эдим ўзим ҳам. Масалан, “Игнабарг шеърлар” туркумидаги бир сатрлик шеърларингиз ҳам ёппасига тўққиз бўғинли: “Ёй ўқталди танкка болакай”, “Бу қиз гўё музда ўсган гул”, “Баҳс тугади милтиқ сўз олгач”, “Шам ҳам шоҳдир қуёш чиққунча”. Шеърни бир сатр қилиб ёзишга нимадир туртки бергандир?

 - Юқорида айтганимдек, дафтар-дафтар шеърларим бор. Вақт ўтган сари, талай шеърларим, айниқса қишлоқда битилганларининг кўп қисми ортиқча чўзилиб кетгандек туюла бошлади. Катталарга аталган, 1985 йилда чиққан “Кетмагил” номли китобимни тайёрлашда бундай шеърларнинг баъзиларини кескин қисқартириб, гоҳо бир-бирига мазмунан яқинларининг иккитаси, учтасидан керакли жойларини олиб, битта шеър қилгандим. Катталарга бағишланган иккинчи шеърий тўпламим 2006 йилда чиққан шу “Танланган шеърлар”им бўлди. Унда, ҳатто, 8 – 10 бандли шеърларимдан бор-йўғи бир бандини олиб, “Тўртлик” қилиб қўяқолишгача бориб етдим. Мабодо, шеърхонга баъзи шеърларим пухтароқ кўринган бўлса, асосий сабаб шу “ўзини аямаслик” деб ўйлайман. Умуман, шеърни бугун ёзиб, эртага китоб қилавермасликда гап кўп экан.

 Шулардан келиб чиқиб, у ёки бу шеърни бирон мақсадга таяниб ёзаётганда, баъзан ўша мақсад ёки фикрнинг ўзини лўнда айтиб қўяқолсам бўлмасмикан, деб ўзимга ўзим ҳазиллашгандек бўлдим. Кейин, синаб кўрдим. Туйғуни гоҳида бир сатрга сиғдирса ҳам бўларкан, лекин ҳамма вақт эмас. Аввало – дарё, кейин – бир қултум сув.

 - Шу туркумда “Ғилдираги йўқдир Ватаннинг” деган бир сатрлик шеърингиз бор. Адашмасам, ҳар бир тўртлик остида шу сатр такрорланувчи бошқа катта шеърингиз ҳам бор эди.

 - Қайси бири олдин битилган демоқчимисиз? Бир сатрлиги олдин ёзилган. Сўнг уни “семиртириб”, Ватаннинг борини борича қабул қил, сев, ардоқла, чунки минг уринмагин, уни керакли денгиз, маъқулроқ қўшни томонга суриб қўёлмайсан, ўзинг талпинаётган ёққа судраб ҳам кетолмайсан, деган маънодаги каттароқ шеършга айлантириб кўрдим.Барибир ўша бир сатрлик тузукроқ деган тўхтамга келдим ва охири тўпламга шуни киритдим.

 - Сиз бор жойда болалар адабиёти мавзусини четлаб ўтиш қийин...

 - (Кулади). Э-э, бормисиз? Катталар тўғрисида гапиравериб, ўзиям юракни хит қилвордингиз-да.

 - Болалар, одатда, қанд сақланадиган сандиқ томонга эмас, кўзига кўриниб турган қандли идишга қараб интилишади. Менимча, китобни ҳам болаларга шундай реклама қилиш керак. Бу иш бизда қониқарли аҳволдами?

 - Бу борада шарбатфуруш, шоколадфуруш, ҳатто сақичфурушлардан ҳам орқадамиз. Бу бизнинг жуда катта камчилигимиз. Қанийди, довруқли тадбиркорларимиз орасидан маърифатпарварлари чиқиб, китоблар рекламасига улгуржи маблағ ажратиб турса.

 - Болалар адибининг катталар адибидан фарқи нимада?

 - Шу саволни кўп беришади. Жавобим битта – болалар жазирама офтобда қатиқ ялаб ўтиришган бўлса, катталар адиби турли насиҳат, фалсафийроқ гаплар билан уларни салқинга ўтишга чорлайди. Болалар адиби эса, ишни болалар билан бирга қатиқ ялашдан бошлаб, кейин уларни салқинга етаклайди. Болалар билан тиллаша олишда ҳамма гап.

 - Ёшлар ижодини кузатиб бораман. Улар орасида болалар учун ёзадиганлар жуда кам, менимча.

 - “Йўқ” демаганингизнинг ўзи қувончли ҳол. Болалар адиблари азалдан кам бўлган. Бу ҳолни катталар орасида болафеъл кишилар камдан-кам учраши билан изоҳлаш мумкин. Болалар учун ҳам бир нарса ёзай-чи, дедингизми – тамом, ёзганингиз болаларга юқмайди, чунки Сиз ўзингиз катта кишилигингизни ҳис қилиб туриб ёзгансиз. Болалар адиби бола билан тенг туриб, сигаретини сўрғичга алмаштириб олиб ижод қилади, ўзи болакўнгил бўлади. Бу ноёб ҳодиса, ноёблик эса доимо оз бўлади. Муҳими, борини ардоқлай олишда.

 - Бешта ўғлингиздан тўнғичи Баҳромжон яхши журналист. Ҳажвиялар ёзиб юрганини ҳам биламиз. Қолганлари ичида ижод қиладиганлари борми?

 - Йўқ. Улардан учтаси деҳқон, биттаси тадбиркор. Баҳром ҳам журналистликка берилиб, бадиий нарса ёзмай қўйди. Уни ҳеч қистаган эмасман. Ўзидан келганда, юрагидан чиқариб ёзсагина, эпақалироқ нарса яралиши мумкин.

 - Анвар ака, шоирлик нима – касбми, ҳунарми, мартабами?

 - Болаликда тегадиган давоси йўқ дард бу.

 - Ҳозир нима ёзяпсиз?

 - Кейинги пайтларда кўпроқ ўқияпман. Баъзан шунақа давр бўптуради. Бу – ёзганим етар, дегани эмас. Шоирлик ёш танламайди, шоирликдан истеъфога чиқилмайди. Сўз айтиб яшашга бир ўргандингми, сўз айтмаётганингда ҳаво етишмаётгандек туюлаверади.

 - сўзнинг кучи нимада?

 - Сўзнинг кучи – тўғрилигида!

 - Яна қандай савол кутган эдингиз?

 - Роса гаплашдик (яна кулади). Бунақа гаплардан фойда бормикан, дейишингизни кутгандим.

 - Ишдан қолдирган бўлсам, узр. Раҳмат, Анвар ака.

 

         Абдураҳмон ЖЎРА  суҳбатлашди.

       “Аъло кайфият” журналининг  2009 йил  7-сони.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz