ao
ss

УЧТА МАКТАБДА ЎҚИГАНМАН

- Мактаб даври хотираларингиздан гапириб берсангиз.

- Энг гўзал хотираларим бошланғич синфларда ўқиган даврларим билан боғлиқ. Биринчи ўқитувчим, раҳматли Аҳмадали Обидийнинг ўта самимий қиёфаси ҳануз юрагим тўрида. У зот бирорта болага ўқрайиб қарагани, кимнидир жаҳл билан турткилаганини эслолмайман. “Аламазон ва унинг пиёдалари” деган қиссамда у кишини эслаб ўтганман. Ушбу асар қаҳрамони тоғдаги ғордан хазина топиш умидида йўлга отланар экан, агар бойиб кетса, марҳум ўқитувчиси Аҳмадали отага терак бўйи ҳайкал қурдиришни юрагига тугиб қўяди.

Биз ўқувчилик давримизда жуда китобхон эдик, дарсдан кейин ўқиган китобларимиз ҳақида қайнаб-жўшиб суҳбатлашардик, баҳслашардик, гоҳо адабиёт ўқитувчимизни ҳам дарс мавзуидан чалғитиб, ўша кунларда қўлма-қўл юрган бирон-бир китобга муносабатини билишга қизиқардик. Ҳозир мактабларда бу нарса “эскилик сарқити”га айланиб қолган шекилли. Тағин билмадим...

- Синфдошларингизни эслайсизми?

- Синфдошларим энг жонажон дўстларим эди. Ҳозирда баъзилари бутунлай ўзгариб кетгандек туюлса-да, барибир уларни кўрганда баҳри-дилим очилади.

- “2” баҳо олганмисиз?

- Бешинчи-олтинчи синфларгача фақат аълога ўқиганман.“Фахрий ёрлиқ”ларим ҳануз сақланиб қолган. “Ғунча” журналида шеърим босилиб, ўзимни шоирликка бағишлаб яшай бошлаганимдан сўнг, бошим паст баҳолардан чиқмай қолганди. Ўрта мактаб аттестатида ҳам, техникум ва университет дипломлари иловасида ҳам баҳоларимнинг аксарият қисмини “уч”лар ташкил этади.

- Шўх бола бўлганмисиз ёки “мўмин”ми?

- Ўқитувчиларимнинг айтишича, чидаб бўлмас даражада тўпалончи  бўлган эканман. Ўқишим туфайли эмас, ахлоқим чатоқлиги боис иккита мактабдан ҳайдалиб, охири учинчи мактабнинг кечки синфини соғ-саломат битирганман.

- Биринчи ўқиган китобингиз?

- “Алифбе” бўлган. Бадиий китобларга келсак, болаликда ўзбек халқ достонларини жуда қизиқиб ўқир эдим.

- Илк ёзган шеърингиз?

- Илк ёзган шеъримни эслолмасам-да, Машраб ҳақидаги ҳикоятлардан таъсирланиб, машрабона ғазалсимон сатрларни қоралаб юрганим эсимда. Кейин болалар учун ёзишга берилдим.

- Мактабдаги муҳаббат масаласига қандай қарайсиз?

- Мактабда севмаган, севилмаган ўқувчи топилса, уни ноёб шахс сифатида музейга қотириб қўйиш лозим бўлади. Ўзимга келсак, тўрт ёшимда бир келинчакни ниҳоятда яхши кўриб қолганман, унга суйкалганим суйкалган эди, бошқа қиз-жувоналр ўзлари эркалатмоқчи бўлишса ҳам, уларга сира эликмасдим.

Мактабда муҳаббат бор нарса, лекин у бизнинг давримиздаги сингари яширин бўлгани маъқул. Ҳозирги ўзаро хат ёзишувлар, баъзан тунлари чекка-чеккада учрашиб, пичирлашиб туришлар шахсан менга хунук кўринади. Шунақа эҳтиросий лаҳзалар туфайли кейинчалик кўп оилаларнинг турмушига совуқчилик тушаётганини   кўп кўряпмиз. Муҳаббат қанча пинҳон бўлса, шунча ширин бўлади.

               Суҳбатдош: Сурайё ЗОҲИР.

        “Синфдош” журналининг 2003 йил  3  (25)  сони.

 

БОШНИ ДЎППИГА МОСЛАБ БЎЛМАЙДИ

- Анвар ака, ўспиринликдан бошлаб киночилик, тракторчилик, далада табелчилик қилганингиз, сўнг Самарқанд Молия техникумида ўқиганингиздан хабардормиз. Шеър ёзишни қачондан бошлагансиз?

- Асосан, 5-синфдан бошлаганман, 6-синфдалигимда “Ғунча” журналида “Шкафчам” деган шеърим илк марта эълон қилинган. Шу журналда ишловчи шоир Миразиз Аъзам мени хатлар орқали руҳлантириб турмаганида, бу “эрмак”дан ўша вақтлардаёқ воз кечиб юборишим ҳеч гап эмасди.

- Шоир бўлганингизга қачон ишонч ҳосил қилгансиз?

- Очиғи, шоирлигимга ҳануз ишонгим келмайди. Яна юз йилдан кейин ҳам халқимизга лоақал бирорта шеърим асқотиб қолсайди, деган ширин орзуда яшайман, холос. Майли, ҳозирча шартли равишда ўзимни “шоир” деб тура қолай.

- “Болалар шоири” деган сўзни қай тарзда тушунасиз?

- “Болага ўхшаган шоир”.

- Афсуски, болалар адиблари ижодкорларимиз орасида жуда озчиликни ташкил этади...

- Бу фақат бизда эмас, бутун жаҳонда шундай.  Жанни Родарининг ёшига етиб ҳам болаларникига ўхшаган қалб билан яшаш, болалардек содда гапириш хусусиятини сақлаб қолмоқлик кам учрайдиган ҳодиса. Назаримда, катталар учун ёзаётган машҳур ижодкорларимиз ҳам юртимиз болалари олдида қарздордек. Умуман олганда-ку, ҳар бир жанрнинг ўз “мулла”, ўз “сўфи”лари бор, лекин улар баъзан бир-бирининг “масжиди”га кириб турса, бунинг сира ёмон жойи йўқ. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шуҳрат, Миртемир каби улуғларимиз болалар учун ҳам ажойиб асарлар ёз- ган, таржималар қилишган.

- Анвар Обиджон Тошкентга 35 ёшда келган ва шу маҳалгача Олтиариқда ёзиб, сандиққа босиб ташлаган асарларини чоп эттириб юрибди, деган гапларни эшитганмиз...

- Бу гапларда жон бор десаям бўлади. Болаларга ва катталарга мўл- жалланган шеърларимнинг асосий қисми, “Аламазон ва унинг пиё- далари” асарим, “Олтин юракли Автобола”, “Ялтироқ тугма” қиссаларимнинг илк вариантлари, “Атрофимиздаги қизиқчилар”, “Ҳакка холанинг иғволари” янглиғ туркум ҳикояларим, “Қўнғироқли ёлғончи” пьесам, Уста Гулмат ғазалларининг қораламалари сингарилар Полосон қишлоғида дунёга келган.

- “Мешполвон” асарингиз болалар орасида алоҳида шуҳрат қозонди, кино қилинди. Ҳозир “Маънавият” нашриётида тўртинчи бор (биттаси русча) чоп этилмоқда.

- Бу қисса миллатимизнинг қонига сингиб кетган халқ достонлари оҳангида, бахшиларимизнинг ўта одми тилида ёзилгани боис, кичкинтойларнинг қалбига осонроқ кириб борган бўлса, ажабмас. Ҳа, ўзбек халқ достонларини лотин имлосида нашр этишни янги авлод маънавий қадриятларимизнинг ушбу бойлигидан узоқлашмай туриб, янада тезлатиш керак. Мустақиллигимизнинг устуни бўлган миллий ғурурни Гўрўғлию Алпомишларимиз, Кунтуғмишу Барчинойларимиз мурғак қалбларда мустаҳкамроқ шакллантиради. Бундай ноёб хазинани Тангримиз камдан-кам халққа берган.

- Катталарга аталган, 1985 йилда чиққан “Кетмагил” китобингиздаги шеърларда эса ширин тил, чапани ташбеҳлар чарақлаб туриши, хусусан, талаба-ёшлар ўртасида анча шов-шув бўлган эди. Нега катталарга кам ёзадиган бўлиб қолдингиз?

- Энди фалсафаси салмоқлироқ шеърлар ёзадиган ёшга етдим. Буни уддалашга саводим камлик қилаётгандай, кучим етмаётгандай. Юртимиз истиқлолга эришгач, ўша кичкина исёнкорлик ҳам сўнди, шекилли. Ишқий шеърларга келсак, юқорида айтганимдек, улар асосан қишлоқда, қирчиллама йигитлик давримда битилган. Юракни қиймакабоб қиладиган ўша ўтларни ҳозир қаёқдан топай, укагинам?

- Тоши оғир гапларни айтишга ожизман дейсиз-у, лекин бир сатрлик “Игнабарг шеърлар”ингиздаям залворли фикрлар, ғалати-ғалати киноялар яширинган.

- Бу ҳам шунчаки бир изланиш-да! Барибир катта шоирларимизнинг, ҳатто, айрим ёш шоирларнинг шеърларини ўқиганим сайин, ўзимнинг ёзганларимдан кўнглим қолиб бораверади.

- Аммо, ҳажвчиликда ўзингизни ўта дадил сезсангиз керак, а?

- Ҳар қалай, болалар адабиётидаги каби, бу жанрда ҳам “рақобатчилар”им кам. Озчиликнинг ичида ярқ этиб кўриниш осонроқ. Танқидни ҳам камроқ эшитасан.

- Танқидга қандай қарайсиз?

- Агар танқидни шу соҳада зўр асарлар яратган, ҳаётда менга самимий муносабатда бўлган кишилардан эшитсам, жиддий қабул қиламан. Масалан, ҳажвчиликда Саид Аҳмад ёки Неъмат Аминов каби устозларнинг даккиси жароҳатли бўлиши аниқ. Лекин ўзининг нархи қанчалигини аниқлаб улгурмагани ҳолда, қаламини қиличдек ўқталишдан завқланадиган айрим кимсалар почадан кириб олган пашшадек шимнинг ичида ғимирлай бошласа, бор-йўғи сал ғашинг келиши мумкин. Йўлбарсдан ярадор бўлиш ҳам фахрли. Пашша, ҳатто, нафратга арзимайди.

- “Олтиариқ ҳангомалари” китобингиз тез тилга тушди, “Замин” мукофотига сазовор бўлди. Ундаги ҳангомаларнинг ҳаётийси кўп- роқми ё тўқимасими?

- Китобдаги ҳангомаларнинг бештадан тўрттаси ҳаётий...

- Асарларингизда ҳам, “Қайтмас” видеофилмида ҳам Олтиариқнинг бодринг ва турпларини кенг “реклама” қилгансиз. Олтиариқлик деҳқонлар сизга гонорар тўлаб туришадими?

- Олтиариқлик деҳқонларнинг чўнтаги қанча қаппайса, бу менинг ҳам шунчалик бойиганим. Уларнинг тўйларида қатнашаман, дастурхонларидаги ноз-неъматларидан баҳраманд бўламан. Баъзилари тўн кийдиришади.

-Ҳозир нималар ёзяпсиз?

- Илгари ёзганларимни тартибга солиш ниятидаман. Гоҳ болалар, гоҳ катталар учун, кичикроқ бўлса ҳам шеър ва ҳажвиялар, телесценарийлар битиб турибман. Бундан ташқари, кечган умрим ҳақида, ҳаётда учраган яхши-тузук одамлар тўғрисида эсга келганини қоралашга уриняпман.

- Сиз телерадиокомпанияда қўшиқчилик кенгаши аъзосисиз. Кейинги пайтларда яратилаётган қўшиқлар, айниқса, эстрада қўшиқлари орасида савияси пастлари кўплиги ҳақидаги фикрларга қўши- ласизми?

- Бундай фикрлар йўқ жойдан пайдо бўлмайди. Бадиий кенгаш аъзолари савияси ўта паст қўшиқларни телерадиокомпания тизимидаги каналларга умуман яқинлаштирмайди. Айни чоғда, эндигина йўлини топаётган, айниқса, вилоятлапрда яшайдиган ёшларнинг кичикроқ камчиликларидан кўз юмиб, уларни қўллаб-қувватлашга ҳам ҳаракат қилинади. Бизда эстрада кенгроқ ёйила бошлаганига кўп вақт ўтгани йўқ. Кечагина ранда ушлашни ўрганган шогирддан унинг устаси ясаган эшикнинг сифатини талаб қилиш ноўриндек туюлади.

- Баъзи бастакор ва хонандалар олдин мусиқа яратиб, кейин унга шеър қидирар эмиш.

- Бу энди ғирт ғайритабиий ҳол. Одатда, бозорга бориб, бошимизга мос дўппини танлаймиз. Тайёр мусиқага шеър ахтариш эса бошни    дўппига мослашга уринишдек аҳмоқона иш.

- Бешта ўғлингиз бор. Қизингиз йўқлигидан ўксинмайсизми?

- Худонинг ишидан ўксиниб бўларканми? Учта келиним бор, ҳаммасини қизимдек кўраман.

- “Афанди” газетаси Анвар Обиджон ниҳоят уйига телефон туширганмиш, аммо рақамини ҳеч кимга айтмаётган эмиш, деб хабар тарқатди. Ўша рақамни билсак бўладими?

- Бўлади. Ҳм... Олдида иккита икки, охирида битта тўрт. Охирида яна саккиз, нол, учга ўхшаш рақамлар ҳам бор шекилли.

- Тушунарли... Энди “Даракчи” газетаси ва унинг мухлисларига тилакларингизни айтсангиз.

- “Даракчи”жон узоқдан-узоқ тарихга, юксакдан-юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг турмушига янада чуқурроқ кириб бораверсин. Мухлисларнинг ҳеч бири дард кўрмасин, “Да- ракчи”жоннинг икки сони оралиғида битта китоб ҳам ўқиб туриш шавқига мушарраф бўлаверишсин.

        Абдураҳмон ЖЎРА суҳбатлашди.

        “Даракчи” газетасининг 2003 йил 20 март сони.

 

БАЧКАНАЛИК ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРАДИ

   Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан ҳажв мавзусида суҳбат

- Анвар ака, суҳбатни энг содда гапдан бошлайлик. Сиз кулгининг ҳаётдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

- Кулги инсон учун сув билан ҳаводек зарур десам, балки муболағага ўхшаб кетар. Аммо ҳаётни кулгисиз тасаввур қилиш қийин. Қадим Шарқ табобатида вақти чоғликнинг танага ёқимчиллиги ҳақида кўп айтилган. Замонавий тиббиёт ҳам шуни тасдиқламоқда. Ҳажвий нашрларнинг бозори чаққонлиги, газета-журналларда кулгига алоҳида саҳифалар ажратиб келинаётгани, радио ва телекўрсатувларда бу жанрга кенг ўрин берилаётгани эса кишиларимизнинг кулгига бўлган эҳтиёжи беҳад катталигидан далолатдир.

Кулги адабиётда ҳам шифобахшлигини сақлаб қолаверади, айни дамда, турли иллатларга қарши курашда ўткир қуроллардан биридир.

- Энди кулгининг адабиётимиздаги мавқеига бир назар ташласак...

- Ҳар бир халқнинг ўз оғзаки ижоди бор. Ўзбек бу борада ниҳоятда бадавлатдир. Эртакларимизни оласизми, достонларимизни оласиз- ми, ўланларимизни оласизми, уларнинг аксарият қисмида ҳазил-мутойибалар ярқираб туради. Баъзан, қувноқликда ўзбек фолклорига тенг келадигани бормикин, деб ўйлаб қоласан киши.

Бадиий адабиёт халқ оғзаки ижоди замиридан униб чиққан, хусусан бизнинг адабиётимизда кулги доимо салмоқли жой эгаллаб келган. Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг Калвак махзум ва Тошпўлат тажангларини четга қўйиб турайлик, бу алломанинг жиддий асарларида ҳам халқона ҳангомалар анчагина. Масалан, “Меҳрорбдан чаён”да хон саройидаги қизиқчилар тўғ- рисида бутун бошли боблар бор. Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов каби адибларимиз кулги адабиётда қандай кучга эга эканлигини яққол намоён қила олишди. Эркин Воҳидовнинг Матмуса туркумидаги ҳангомалари “Қизилистон”даги ғоявий чиркинликларни нақадар жасорат билан мазаҳлаганини эслаб кўринг. Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл”ини ўзимиз томонга тортқилаб, сатирик асарлар қаторига қўшгим келади. Бу асар ўз вақтида “Муштум” сатирик журналида босилганида сирли бир рамзийлик бордек туюлади. Шу сингариларни назарда тутсак, ҳажв адабиётимизнинг ажралмас бўлаги сифатида яшаб турибди.

- Одатда, бадиий асар савиясини баҳолашда ундаги ижтимоий юкка алоҳида аҳамият билан қаралади. Ҳажвий асарлар ҳам бундан мустасно эмас. Кейинги вақтларда бачкана кулгилар кўпайиб кетаётганга ўхшамаяптими?

- Санъатимизда русчадан кириб келган “енгил куйлар” деган ибора учраб туради.  Буни енгил-елпи тарзда яратилган нарса деб эмас, оддий кишиларнинг ҳазм қилиши енгил бўлган асар деб англаб келганмиз. Шунга ўхшаб, адабиётда, жумладан ҳажвиётда ҳам ҳазми енгил асарлар бор. Келинг, О. Генрининг “Ҳамдардлар” ҳикоясини олайлик. Талончилик учун кирган ўғри уй эгасида бод кас али борлигини кўриб, бу ерга нима мақсадда келганини ҳам унутиб қўяди, унинг жонкуяр дарддошига айланади. Чунки, ўғрининг ўзи ҳам кўпдан бери боддан азоб чекиб келган. Бир қарашда даврабоп ҳангомага ўхшаб кетувчи бу ҳикоя бутун дунёни кезиб юрганлигига сабаб унинг қойилмақом тарзда ёзилганидир. Демак, асарни асар қиладиган асосий омил, энг аввало, адибнинг маҳоратидир. Фақат, ўта шилқимона мавзулар, яп-яланғоч кесатиқлар билангина ўқувчини ўзига маҳлиёлашга уринадиган ҳажвчи истеъдодсизлигини шаллақилик билан ниқоблаб кун кечираётган, билиб-билмаган тарзда шилталикни танқид эмас, тарғиб этаётган нави паст қизиқчидан унча фарқ қилмайди. Бачканаликнинг асл башараси мана шу. Афсуски, бундайларнинг уруғи айниқса санъатда анча кўпайди, шекилли.

- Ижоддаги яланғочликдан гап кетса, бир нарса эсимга тушаверади. Марк Твеннинг Том Сойер ҳақидаги асарида иккита қаллоб бир шаҳарчада ўзларини таниқли артист кўрсатиб, пуллик комедия намойиш этишади. Томошада бири гитара чалиб туради,иккинчиси қип яланғоч бўлиб, саҳнада уёқдан буёққа эмаклайверади. Аввалига томошабинлар қотиб-қотиб кулишади. Сўнг томошада бундан бошқа нарса йўқлигини билишгач, бирдан ғазаблари қайнаб, қаллобларни калтаклашга шайланишади...

- Балли! Чунки, бу маҳорат уёқда турсин, ўртача ижодкорликдан ҳам бегона бўлган ғирт яланғоч томоша эди. Шу боис, у энг тўпори, энг ҳангоматалаб тўданинг ҳам охири меъдасига тегди. Бачканаликнинг умри қисқалиги шунда. Бачканалик ўзини ўзи ўлдиради. Шуни билганинг учунми, баъзан у шўрликни бўғишга урингинг ҳам келмайди. Топиб тўқилган енгил кулги эса, янгича бир қиёфани тақдим эта олиши, хотирамсизда узоқ яшашга қодирлиги билан бачканаликдан жуда-жуда баланд туради. Айрим танқидчилар гоҳо шуни фарқлашмайди, кулгига ортиқча торкўнгиллик билан қарашади.

- Торкўнгиллик... Буни қандай изоҳлайсиз?

- Уларнинг фикрича, жамиятдаги биронта йирикроқ қусурнинг илдизига болта урмаган эканми, демак бу бачкана ҳажв, вассалом. Бироқ, айнан ўша кимсаларнинг ўзлари “Барбос ит ва ғаройиб кросс” филмини телевизорда ўнинчи марта кўришдан бўйин товлашмайди, ҳар гал яйраб-яйраб кулишаверади. Ваҳоланки, бу филмда динамитни тишлаб олган итнинг хуружи, уч сўлақмоннинг ундан пирпиракланиб қочиши, яъни одам боласининг жон қутқаришга бўлган уринишидан бўлак нарса йўқ. Агар бу бачканалик саналса, буткул кераксиз нарса ҳисобланса, “Ўн икки стул”, “Кавказ асираси” янглиғ ўткир сатирик асарлари билан довруғ таратган       Л.Гайдайдек хассос режиссёр ушбу мавзуга бошгдаёқ қўл урмаган, қисқагина бу филми ҳақида кейинчалик ҳам фахрланиб гапириб юрмаган бўларди.

Бундай ҳажвларни яратишда муаллиф ўз олдига аввалданоқ жуда одми вазифани қўяди – мантиқни бир четга йиғиштириб, ифодада атайлаб ғайритабиийликларга таяниш, кишилар хулқ-атворидаги ажабтовурликларни юз карра, минг карра бўрттириб, феълимиздаги майда-чуйда нуқсонларни ҳам у ёки бу қаҳрамоннинг хатти-ҳаракати орқали кўзимизга микроскопдагидек йириклаштириб бериш, агар озгина фаҳмимиз бўлса, бизни ўзимиздан ҳушёр торттиришдир. Ёҳуд ҳеч бўлмаганда, хушчақчақ дўстга айланиб,      кўнглимиздан ташвишларни аритиш, асабимизга дам беришга интилишдир.

- Оддий китобхон, оддий томошабин диди борасида кўп баҳслар бў- либ туради. Сиз ушбу масалага қандай қарайсиз?

- Бу масала бундан минг йил олдин ҳам бор эди, бундан минг йил кейин ҳам кўндаланг тураверади. Ҳар қандай жамиятда турлича тоифалар бўлган, бор, бўлаверади. Қайси тоифага атаб ёзган маъқул, деган гапнинг ўзи ҳажв. Масалан, ватанпарварлик ёки маънавият ҳақида асосан кимга гапириш зарурлигини эмас, кимга қандай тарзда гапирган маъқуллигини муҳокама қилсак, тўғри бўларди. Тажрибали адиб қайси тоифага атаб ёзаётганини, менимча, ич-ичидан ҳич этиб туради, бошқа тоифа унга эликмаса, бундан жирракиланиб ўтирмайди.

Оддий тоифанинг дидини менсимасликдан эҳтиёт бўлган яхши. “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”ларимиз юртга меҳр-муҳаббат, миллат ишига фидойилик, асрий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром ғояларини оддий элга оддий тушунчалар билан сингдираверди, шу боис, ўша оддий тоифа маънавиятимизнинг бундай нодир хазиналарини юзлаб-юзлаб йиллар давомидатилдан-тилга, дилдан-дилга узатиб, шу кунгача асраб кела олди.  Аслида, мураккаб тушунчаларни содда тарзда ифодалашдан қийини йўқ. Соддаликнинг қатида ётган мураккабликни топиш ундан ҳам мушкул. Айтайлик, бир латифада Афанди кўчадан кўзгу топиб олади. Унинг нималигини билмай, қизиқиш билан қарайди-ю, ойнада ўзининг аксини кўриб,     “Ие, бу нарса сизникимиди?” – дея кўзгуни жойига қўйиб кетавера- ди. Бу қўлбола латифа бўлганлиги учун, унга енгил кулги сифатида қараб, қаҳ-қаҳ уриб қўяверамиз. Агар бу ҳолатни Абдулла Қаҳҳор ўз асаридаги бирорта қаҳрамонга боғлаб тасвирлаганида эди, бекорга ёзмагандир деб, тагидан ҳикмат қидиришга уринардик. Бу – ҳаётда ўзини таниёлмай, ўзлигини тополма й юрган кимсанинг тимсоли эмасмикин, деган тахминга борардик балки. Истеъдодсизлик шундоққинга буруқсаб турмаган, мазмунида жирканч, чиркин ғоя ётмаган ҳар қандай ижод маҳсулига озгина ҳурмат билан қарай олсак, ундан бирон-бир яхши фазилат топилишига ишонаман.

- Демак, агар ижодкор шу йўлни танлаган бўлса, ундаги оддий тоифага яқинликнинг сираям чакки томони йўқ экан-да?

- Бу масалага тамоман бошқа ёқдан қараган дуруст. Асар ўз ўқувчисини эзгуликка етаклаяптими, жаҳолатгами, унга шифобахш бол тутмоқчими, заҳарли шаробми – энг асосий гап мана шунда деб ўйлайман. Асарнинг вазнини белгилаш адибнинг шахсий ишидир.

Қолаверса, содда кўринса-да, Ҳаётнинг аччиқ-чучукларидан анчагина хабардор бўлган оддийфеъл кимсалар тоифасини тараллабедодликка муккадан кетган оддий саватбошлар тўдасидан фарқламай гапириш инсофдан эмас. Эл-юртнинг дарди, маҳалладошларининг ташвиши уёқда турсин, ҳатто хонадони олдидаги бурчини англолмай юрган саватбошларнинг дидига эргашиш ижодкор учун ҳалокатли дейилса, бу сўзга қўшиламан.

- Бир қарашда, жамиятда муқим ўрни йўқдек туюлувчи, бировнинг назарига кирмайдиган соясифат кимсаларни ҳам “саҳна”га олиб чиқиш, кутилмаган ғайритабиий қиёфаларни кашф этиш, ҳар бир қаҳрамоннинг ўзига хос тилини бор бўйича бера олишда ҳажвиётга тенг келадигани йўқ, чамамда.  Сиз ҳажвларингизда фақат у ёки бу тоифанинг ичидагиларгагина таниш бўлган энг майда икир-чикирларни ҳам топиб тасвирлашга, фақат уларгина қиёмига етказиб айта оладиган чапанича гапларни кенг қўллашга ҳаракат қиласиз. Бу ўз-ўзидан бўлмаса керак?

- Адиб ўзи чуқурроқ билмаган, атрофлича тасаввурга эга бўлмаган нарса ҳақида ёзса, асарни ўткир мушоҳадалар, дабдабали фалсафалар билан қанчалар безатмасин, фикрдаги сохталик, тасвирдаги юзакилик барибир билиниб тураверади, ўқувчини ўзига буткул тортолмайди.

Ўттиз беш ёшимгача Фарғонада яшаганман. Ҳажвий асарларимнинг    кўп қисми, жумладан Мирзақанд, Аспан аттор, Сотти Сагатович, Гулмат каби қаҳрамонларим билан боғлиқ туркумлар ҳам асосан ўша ёқда яратилган. Гоҳ ашаддий майхўрлар, гоҳ девонаваш бангилар, гоҳ дарвештабиат кимсалар даврасида вақиллашиб ўтиришимни кў- риб, баъзи нозиктаъб дўстларим менга дакки беришарди. Мен эсам, ўзим учун тамоман нотаниш муҳитларга бўлган қизиқишимни сира   тиёлмасдим. Тошкентга янги келганимда, шароитга кўра, гоҳо вокзалда тунаб, саёқлар тоифасининг тирикчилик тарзини томоша қилиш билан тонг оттирган пайтларим бўлган.

- Шунақада ноқулай ёки кўнгилсиз ҳолатларга тушган чоғларингиз ҳам бўлганми?

- Ўзимни жуда ҳалол кимсалар сирасига киритолмайман. Арзимаган хизматларим эвазига кимдир елкамга тўн ёпган, кимдир қўлимга совға тутқазган, қўл остимда ишлайдиганлардан қайсидир юмушимни битириб беришни сўраганман, ёзув-чизувимга зарур қоғоз-қаламларни ишхонамдан текинга олиб кетганман ва ҳоказо. Лекин ҳеч нақд пул олиб кўрмагандим. Бундан бир неча йил аввал, ижодимнинг мухлиси сифатида ўзини доим яқин тутиб, мендан хизматларини аямай келган бир укахоним фалончи оғайнингизга айтиб писмадон ишимни битириб берсангиз, деди-ю, унга “қуруғи”дан ҳам атаб қўйганини қистириб ўтди. “Қуруғи”ни эшитиб олдинига кулгим қистади, сўнг ўзимга аталмаган бўлса-да, гўё олди-бердига аралашгандек кўриниб, шу “чигал соҳа”гаям бир бош суқиб кўрсам-чи, деб ўйладим. Оғайним билан гаплашдим, бировга зиёни тегмайдиган, замирида бир оилага қувонч келтириш билан боғлиқ яхши ният ётган ўша иш битди. Кўп ўтмай, укахоним уйимга келди. Қиёфасида илгариги самимийликлар сезилмайди. Ўзимни гўлликка солдим, дунёнинг ишлари шунақалиги, ўшандай одамлар ҳам пора олиб,  атрофидаги фалончи-писмадончилар билан бўлиб ейишгача бориб етганидан афсусланган бўлдим. Шунда у атаганини чимрилганича санаб узата бошлади: “Юз, икки юз... саккиз юз, тўққиз юз, мана яна иккита элликталик!”

Бу икковимиз учун ҳам жуда қизиқ, ҳаяжонли ўйин бўлганини укахоним анча кун ўтгандан кейингина билди. Хоҳи чин, хоҳи ҳазиломуз бўлмасин, “бердиқулчилик” инсон учун ўз-ўзини камситишдан бошқа нарса эмаслигини бутун вужуди билан ҳис этмаган, бу жараёндаги силсилали ҳолатларни шахсан бошдан кечирмаган киши уни ҳеч қачон қиёмига етказиб тасвирлай олмаса керак.

Бу гапим билан ижодкор ўзини дуч келган муҳитга уравериши керак демоқчи эмасман. Гоҳ тақдирнинг тақазоси билан, гоҳ қизиқувини қондириш ниятида турмушнинг  саноқсиз қирраларини қанча кўп кузатиб улгурса, адиб учун бу шунча фойдадир...

- Қандай ўйлайсиз, турмушимиздаги нуқсонларни тузатишда ҳажвчилар етарли фаолият кўрсатишяптими?

-Ҳарқалай, четда жим туришгани йўқ. Буни “Муштум” билан “Афанди”нинг чиқмай қолмаётганидан ҳам билса бўлади. Аммо бундан-да илдамроқ ишлаб, янада жонбозлик кўрсатиш имконимиз бор деб ўйлайман. Ҳажвиёт ўз йўлига, назаримда, нисбатан тезкор бўлган фелетончилик кейинги йилларда анча оқсаб қолди. Ушбу жанрни қайта оёққа турғазишда ҳажвчилар ўрнак кўрсатишса, айни муддао бўларди...

Ашурали Жўраев суҳбатлашди.

        “AFANDI” газетасининг 2005 йил  1 апрел сони.

 

КЎНГИЛНИНГ МАЙЛИ ИЧКИ ТАРБИЯМИЗГА БОҒЛИҚ

  Ўзбек халқи азалдан ҳажвга мойил. Киноя, қочиримли ибораларни қўллашга устаси фаранг. Шу боис бугунги суҳбатга кўпчилик мухлисларнинг илтимосига биноан Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджонни таклиф этдик.

 

- Анвар ака, сиз кўп қиррали ижодкорсиз. Наср,назм,драматургия, кино соҳасида болалар ва катталар учун бирдай ёзиб келяпсиз. Турли жанрларда қалам тебратишингизнинг сабаби нимада?

- Ижод оламига қадам босибманки, кўнглимнинг қулига айланиб, бор инон-ихтиёримни деярли унинг қўлига топшириб қўйганман. Шу-шу, унинг измидан чиқолмайман, “ке, ошна, манави нарсани ёзайлик”, дедими, миқ этмасдан итоат қиламан, у  шивирлайверади, мен шоша-пиша қоғозга туширавераман.

- Ўзбекларда “кўнгилнинг кўчасига кириш” деган тагдор ибора бор. Агар кўнгилни онг бошқариб турмаса...

- Шаъмангизни тушундим. Биринчидан, кўнгил нималарни исташи эгасининг ҳулқ-атворига – оилада оилада кўрган тарбиясига, дунё- қарашига, савиясининг даражасига  боғлиқ. Яъни, кўнгил кўпинча эгасининг феълидан келиб чиқиб хоҳиш билдиради, неларгадир талпинади. Кўнгилни болани тарбиялагандек тарбиялаб, кейин ҳаётда имкон қадар ўз ҳолига қўйиб берган тузук. Иккинчидан, кўн- гилнинг майлига қараб битилган асар, адиб кейинчалик ҳовурини босиб олгач, ақлга суянилган ҳолда таҳлил ва таҳрир қилинади.

- Менимча, болалар адиби ва ҳажвчи сифатида кўпроқ эътибор қозонгансиз. Айниқса, болаларга аталган шеърларингиз ғуборсиз кулгига бойлиги, мазмуни чуқурлиги билан ажралиб туради. Бунинг сири нимада?

- Бунинг сири тезкор ва ўзгарувчан замондан ортда қолмасликка интилишда бўлса керак. Одамзотнинг, жумладан, болакайларнинг феъли, орзу-истаклари замона билан оҳангдошликда ўзгариб бораверади. Тараққиётнинг асосий омили – янгиланиш. Мен эски анъанавийликларнинг энг гўзал қирраларига таянган, уларни ҳурматлаган ҳолда, болалар шеъриятига кўпроқ янги ҳаво қўшиш тарафдорларидан бириман.

- Бир қатор адабиётшунослар болалар адабиётига курашчанликни олиб киришдаги хизматларингизни алоҳида таъкидлаб келишади. Жумладан, мунаққид Маҳмуд Сатторов ўтган асрнинг 80-йиллари охирида яратилган “Даҳшатли Мешполвон” асарингизни “ қарам давлатнинг болаларига тарқатилган озодлик варақалари” деб баҳолаган эди. Кулги асосига қурилган асарда юрт мустақиллиги, халқ эркини улуғлашдек ниҳоятда жиддий масалаларни  кўтариш ижодкорга маълум бир қийинчилик туғдирмайдими?

- Талончилар сизни тунаб кетишгани тўғрисидаги гапни ўзгаларга ҳазил-ҳузул тарзда ҳам, йиғлаб туриб ҳам айтишингиз мумкин. Шунга ўхшаб, ҳар қандай фожиани мутойибага йўйиб ифода этса бў- лади. Фақат, қай жойда, қай ҳолатда қандай гапиришни жой-жойига қўя билмоқ, меъёрга қатъий амал қилмоқ лозим. Адиб ўз асарини ўқувчига маънавий таом сифатида тақдим этади. Таом керагидан      кўпроқ қуюқлашса ҳам, суюқлашса ҳам истеъмолчининг ихлосини қайтаради.

- Болаларга аталган қиссаларингиз асосида “Тилсимой ғаройиб қизалоқ”, “Даҳшатли Мешполвон” филмлари суратга олинди. Улардан кўнглингиз тўлдими?

- Бу киноларни яратганлардан жуда миннатдорман, астойдил тер тў- киб хизмат қилишди. Лекин филмнинг яхши чиқиши учун тиришқоқлик кўрсатишнинг ўзи камлик қилар экан. Баъзи режиссёр ва актёрларда миллийлик туйғуси сустлиги, савияси саёзроқлигидан кўз юммаган ҳолда айтиб ўтмоқ жоизки, филмлар яратишга ажратилган маблағларнинг етарли эмаслиги, суратга олиш учун керагидан анча кам муддат белгиланиши ишнинг сифатига катта салбий таъсир кўрсатишини ўзим кузатиб билдим. Масалан, кино тасмаси жуда қиммат тураркан. Шу боис, Мешполвонни суратга олишда кинонинг белгиланган минутига нисбатан фақат ўн беш фоиз кўп тасма ишлатишга рухсат берилди. Бу – кинодаги кўринишларни лоақал икки марта қайта суратга тушириб, улардан мақбулроғини танлаб олишга имкон йўқ дегани. Айниқса, болалар билан ишлаганда, ҳолатдан чиқиб кетиш, сўзда адашувлар кўп юз беради, гоҳида уч-тўрт мартагача қайта суратга олмасдан туриб, кўн- гилдагидек натижага эришиб бўлмайди. Асарларимга ишланган филмлардан кўнглим тўлди деёлмслигимни шулар билан изоҳлаш мумкин.

- Кўп қисмли “Қайтмас” телефилми ҳақида матбуотда дам ижобий, дам салбий фикрлар билдирилди. Уларни қандай қабул қилдингиз?

- Фикр тош шаклидами, гул шаклидами, сизга қараб отилган экан, уларга тамоман бефарқ қараш қийин. Бу филмни зўр деёлмайман, лекин замирида ётган ният яхши.  Имкон қадар ўзбекона қилишга, ибодан узоқлашмасликка интилдик. Ижрода сохталиклар, қуруқликлар кўплиги, воқеалар ривожида ортиқча тафсилотлар мавжудлиги борасидаги фикрларга қўшиламан. Лекин, атрофлича ўрганилмасдан айтилган танқидлар ҳам бор.  Масалан, томошабинлар савиясини ўстиришга катта хизмат қилмайдиган бундай филмлар учун давлатнинг қанча маблағи беҳуда сарфланаётгани ҳақида ҳам гаплар бўлди. Аслида эса, “Қайтмас” Алишер Навоий номидаги санъат саройида икки ой намойиш этилиши натижасида давлатнинг бу чўнтагидан сарфланган маблағ у чўн- тагига икки баравар бўлиб қайтди. Оддий томошабин ўз дидидан келиб чиқиб, хоҳлаган фикрини айтиши мумкин, аммо кўпчиликнинг фикрини ифодаловчи журналист бирор нарсани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, сўнг гапиргани маъқул.

Ўзбек киночилиги истиқлолдан кейин янгича бир жараённи бошдан кечирмоқда, илк қадамлар доимо қийин кечади. Киношунослар ҳам, журналистлар ҳам шуни тўғри англаган ҳолда, бу соҳадаги ҳар бир янгиликка кенг ва чуқур назар ташлаб фикр юритмоқлари жоиз. Озгина кенг, озгина теранроқ қарай олсак, “Чархпалак”, “Шайтанат”, “Кўнгил кўчалари”, “Хуршида”, “Боғ” янглиғ кўп қисмли телефилмларимиз маълум тоифадаги томошабинларни йўлдош орқали узатилаётган хорижий телеканалларга михланиб қолишликдан асраш мақсадида, ортиқча ҳаёсизликлардан тозаланган ҳолда ўзбекчалаштириб кўрсатилаётган чет эл телесериалларидан минг марта иффатлироқ ва фойдалироқдир. Давлатнинг маблағига кўз тикиб ўтирмай, хорижда одат тусига кирганидек, бой хомийлар кўмагида сираям шошмасдан, ҳеч нимага зориқмасдан яратиладиган киноларимиз оламга танила бошлайдиган даврлар узоқ эмас. Сабрлироқ бўлсак, сон кўпайгани сайин сифат ҳам аста-секин ошиб бораверади.

- Назаримда, латифагўйлик ҳам ўзига хос бир санъат. “Олтиариқ ҳангомалари” китобингиздаги ичакузди қатралар оҳанг ва услуб жиҳатидан беҳад ўзига хослиги, воқеликларга ўзбекона ёндошиш кучлилиги ўқувчини ўзига тезда ром қилади. Олтиариқликлар чиндан ҳам шунақа қизиқ одамларми?

- Саид Аҳмад домла бу китоб ҳақида ёзган мақоласида ўзбеклар азалдан жуда серзавқ халқ эканлигини, бундай қувноқ одамларни битта Олтиариқдан эмас, юртимизнинг ҳар бир қишлоғидан истаганча топиш мумкинлигини, фақат уларни машҳур қиладиган маҳаллий қаламкашлар тақчиллигини ҳақли равишда таъкидлаб ўтганлар. Шу гапга таяниб айтганда, мен халқимизнинг ҳар қандай оғирликларни ҳазил-ҳузуллар билан енгиб ўта олиш қудратини ўз тумандошларим мисолида кўрсатиб беришга уриндим, холос.

- Китобдаги воқеаларнинг ҳаммаси ростдан ҳам бўлган ишларми?

- Бу саволни кўп беришади. Ҳангомалардаги ишларнинг асосий қисми рост. Баъзи бир тўқималари ҳам Олтиариқдан ташқарида чинга айланиб бўлди.

- Анвар ака, ҳажвнинг мезони нима?

- Оддий кимсаларнинг чапани тилига яқинлик, феъл-атворидаги ажабтовурликларни бўрттирилган тақлидчилик шаклида намойишлаш.

- Бир маҳаллар кўп давраларни қаҳ-қаҳага тўлдириб келган Уста Гулмат негадир анчадан бери кўринмай қолди. Ўрнига унинг ғазалхон невараси Кулкулий пайдо бўлди...

- Гулматнинг талай ғазалларида эски тузумдаги бедодликларни мазахлаш устун турарди. Юртимиз мустақил бўлгач, Гулмат ҳам ўз вазифасини ўтаб бўлгандек туюлди менга. Янги замон кулгисини унинг кенжа авлодлари қиёмига етказгани дуруст шекилли.

- Таҳририятимизга ташриф буюрганингиздан миннатдормиз. Агар     “Бекажон”нинг китобсевар муштарийларига тилакларингиз бўлса, марҳамат...

- Китобдан ишончлироқ дўст, жаҳолатдан хавфлироқ душман йўқ. Барча муштарийларнинг, айниқса, ўз фарзандини бинойидек тарбиялаб, уларнинг роҳатини кўриш орзусида яшаб юрган муҳтарама бекаларимизга китобларга янада яқинроқ бўлишларини, борлиқ эзгу орзу-ҳаваслари рўёбга чиқишини тилайман. Илоё, топганлари яхшиликка буюрсин.

Умид  АЛИ суҳбатлашди.

      “Бекажон” газетасининг 2005 йил 22 сентябр сони.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Rasmlar] [Suhbatlar] [Matbuot adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz