ao
ss

ПИДБЎЛ

Инглиз отлиғ бир оролча тарқатибдур, қаранг, пидбўл,

Ўйнар эрмиш энди қўрқмай Русиё-ла Фаранг пидбўл.

Гулмат

 Бу ёқдан кўзойнагимнинг нуршишасини, у ёқдан телевизўрнинг расмойнасини чинглаб артиб, ҳадемай Бразилия билан Шотландия термалари ўртасида бошланадиган ўйинни кўришга шайланиб турганимда, ташқи эшик тақиллаб қолди. Ўрнимдан қўзғалиб улгурмасимдан, Топиндиқ оғанинг ўзи эшикни ланг очиб, бошвоқсиз молдек хўшшайиб ичкарига кириб келди. Ғарчли кавушини маҳсидан холи қилгач, махсимчасига икки қўллаб кўришди. Ўтирдик. Ўлик–тирикка аталган фотиҳадан кейин, дастурхонда тап-тайёр турган нон-чойни эрмак қилишга ўтиб, орада ҳол-аҳвол суриштиришган бўлдик.

У ёқ-бу ёқдан пича гаплашиб ўтирганимиздан сўнг, бетоқат бўлаётганимни сезди шекилли, Топиндиқ оға ниҳоят мақсадга ўтди.

– Келганимнинг сабаби – сизга андаккина хизмати­миз бор, – дея янада юмшаброқ сўзлади у. – Туман ҳоким­лигига йиғламсираганроқ бир ариза ёзиб берсангиз. Биласиз, мактабнинг олдида болачоқларга у-бу сотиб, носпули қиптурамиз. Солиқчилар шунгаям томоқ тақиллатишяпти-да. Идорамиздан патак олмасанг, жариманинг тагида қоласан дейди.

– Патенти унча қиммат бўлмаса керак?

– Гап патакдамас, бир ён берсам, кейин бошқа томондан суқилишади. Келинг, солиқчиларнинг ғилдирагигаям бир бигиз тиқиб кўрайлик-чи.

Қарасам, барибир қўймайдиган. Ёзиб беришга рози бўлдим. Фақат, шу топда бандлигимни, арзномани эртага эрталаб ўзим уйига киритиб беришимни айтиб, узр сўрадим. Топиндиқ оға эътироз билдирмади.

Мен каллаварам гапни шу нуқтачада тугаллаб қўя қолсам, бунинг учун ҳеч ким устимдан қайноқ сув қуйиб ўтирмасди. «Ҳозир ёзиб берсам ҳам бўларди-ю, салдан кейин футбол бошланади», деган изоҳим бошимга бало ёғдирди. Эндигина фотиҳа тортишга тараддудланган Топиндиқ оға, бу сўзимдан кейин яхшироқ ўрнашиб олиб, футбол деган нарса ундан ҳам бегона эмаслигини исботлашга тушди.

– Пидбўл деса, кенжа ўғлим чимилдиқни ташлаб чиқадиган хилидан, – илжайиб мўйлов силади Топиндиқ оға. – Чет элдаги зўр камандалар ўйнаяпти деганига дил кетиб, ўғлимга уч-тўрт марта биқиндош бўлдим. Зап ўйин экан-да, бу пидбўл баччағар!

Шу бошланди – бошланди. Жумла жумлага уланиб кетаверди. «Патент»ни «патак» деганидек, жамоалар номини ҳам ўта ғалчалаштириб тилга олар, мен гап «Пари-сен-Жермен», «Болония», «Галатасарой», «Боруссия», «Локомотив» сингари машҳур клублар устида бораётганини зўрғалатдан англаб улгурардим.

– Паранглардаям қозоқ маҳалла боракан, – дея жиддий оҳангда сўз қотди Топиндиқ оға. – Ўша маҳалланинг кўзи ўйнаган йигитлари «Пари, сени жермен», деб майдоннинг чапига ёйилишди. Италиёлик парилар «Балони е», деб ўнг тарафга ўтишди. Ўзлариям пари деса дегудек узунсоч баччалар экан. Бунақаларга пидбўлдан кўра кўпроқ тўптош ярашади...

Телевизўрда ўйин бошланди. Гоҳ Топиндиқ оғани­нг оғзига, гоҳ расмойнага жаланглаб, аросатда «яшаш»га ўтдим. Топиндиқ оғанинг овози футбол шарҳловчисиникидан ўткирроқ эди:

– Жуда қаттиқ олишув бўлди. Булар «Пари, сени жермен», деб уларга ташланди, улар «Балони е», деб буларга ҳезланди. Охир-оқибатда, қозоқ маҳаллаликлар айтганини қилишиб, париларнинг бошини еб кетишди. Ўғлим, болалигига бориб, иккию нол бўлди, деди. Биру ноллигини билиб турган бўлсамам, кўнглига вало индамадим. Фаҳмлашимча, қозоқилар биринчи тўпни ўнг томондаги дарвозага уриб тўғри қилишди. Ўртада озгина чой ичиб чиқишганидан кейин чапдаги дарвозагаям тўп киргизишди. Ўзига ургани ҳисобга ўтмаса керак, а? Лаббай?

Мен гапни чўзиб ўтирмай, расмойнага жовдираганимча, телва-тезик бош қимирлатдим. Ночоргина илжа­йиб ҳам қўйдим.

– Эртаси куни ўрисларнинг «Лўкиллатув» деган пид­бўлчилари ўйнашди, – дея «футболномасини» давом эттирди Топиндиқ оға. – Уларга душмон бўлиб, немисларнинг «Бор русиянгга» деган сўлақмонлари чиқди. Биттаси Масковни оламан деса, биттаси ўзини нуқул Бирлинга уради...

Кўзим мушуксоатдаги сингари икки оралиқда тинсиз қатнаб, суҳбатни тинглаётгандек кўринишга тиришсам-да, Топиндиқ оғанинг алмов-жалмов гаплари тобора қулоғимга чалинмай бораётганди. Бразилияликлар рақиб дарвозасини астойдил қамалга олиб, бутун фикру зикрим ўйинга жамланган паллада, Топиндиқ оға елкамга туртиб, бўш пиёлани узатди.

– Сал гарангроқ кўриняпсиз? – кўзларимга зоғланиб боқди у. – Саломатлик жойидами? Ё бошга ташвиш тушдими?

Зардам қайнаб, унга ўқрайиб тикилдим.

– Соғлигим зўр! Ташвишимам йўқ!

Шу гапга чалғидим-у, телешарҳловчининг «Го-о-л!» деган ҳайқириғи янгради. Бразилияликлар қандай тўп киритганини кўролмай қолдим.

– Ий! Чойни дастурхонга қуйдингиз... Айтдим-ку, сизга бир нарса бўлган. Балки, келинпошшо билан...

– Келинингиз билан жуда қалинмиз! Апоқ-чапоқмиз!

Ғашли юрагим баттардан сиқилди. Чойни пиёлага апил-тапил қуйиб,  шошиб телевизўрга юзландим. Шотландлар бурчак тўпи тепишга ҳозирлик кўришаётганди.

– Булар тўпни шунчаки шинавандаликка тепади деб юрардим, – чойни хўриллатиб симираркан, мени яна пичоқсиз сўйишга тутинди Топиндиқ оға. – Кейин билсам, ойликни катта олишаркан. Шу тўғрими?

Сўррайганимча, одатдагидек ҳафсаласиз бош қимир­латдим.

– Айниқса, турклар пулга ёмон ўрганишибди, – афсуснамо гавда тебратди Топиндиқ оға. – Улардаги «Ғала­тисолай» деган камандада лўланглаган бир қирмоч­бош бор. Шу бола ўйинда ортиқча очофатлик қилворди. Фалон сўмга тўп ураман деган бўлса керак, пулни вақтида беришмаганми, бирдан важоҳати бузилди-ю, ёнидан югуриб ўтаётган ўйинчининг илигига тепди. Ўртада уларни келиштириб юрадиган оқсоқол чўнтагидан қизил пул суғириб, ма заҳрингга деб унга кўрсатди. Қирмочбош борига шукур қилмасдан, бунинг кам деб жириллашга тушди. Оқсоқолнинг дувонафеъли тутиб, пулни қайтариб чўнтагига солди-қўйди. Кейин, бор, кимга арз қилсанг қилавер, дегандек қўлини силтади. Қирмочбош десангиз, ўртоқлариниям юз-хатир қилмай, шартта ўйинни ташлаб кетворса бўладими...

Ниҳоят, сабр косам тўлди. Чақчайганимча боқиб, «пул билан қизил қоғозчанинг фарқига бормаган одам футболга аралашиб нима қиласиз», дея заҳримни пур­кадим.

– Қизил қоғозча? Бу нима дегани бўлди энди?

Дунёдаги катта урушлар кимдир харитани муштлаб, беихтиёр наъра тортворишидан бошланади. Топиндиқ оға билан ит-мушук бўлиб қолишимиз мумкинлигини заррачаям хаёлга келтирмаган ҳолда, унга бехос бақириб юбордим:

– Бу – майдондан чиқиб кет дегани! Жўна дегани! Кўзимдан йўқол дегани!

Телвизўрдаги ишқибозлар ҳайқириғига қоришиб янграган юзлаб ноғораларнинг «гумбира-гум»и бу қичқи­риғимни кўмиб ташлади. Бразилияликлар яна ҳужум­га ўтишди, чамаси.

1998 йил.

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Учаскавўй мелисамизга ёзиб маълум қиламанки, мен ким – оддий совет бангиси, қўш гумбазли ҳаммом­нинг илғор ўт ёқувчиси, адолатпарвар дейилгучи мамлакатнинг адолатга ташна граждани, адабий нағмада айтганда, фуқаросидурман.

Ўртоқ капитон! Сизга устимдан тағин шикоят тушганини эшитиб, ҳаддан ташқари хижолат бўлдим. Хотиним ўзи шунақа, мактабда ўқиб юрганда деворий газетага редактур бўлган, жўрнолистлик касали ҳануз қўзиб туради. Хуружи тутганда, энг яқинидаги одамга, яъни шундоқ қўшни болишда ётувчи каминага ёпишади.

Ўтган куниям шунақа бўлди. Мен аҳмоқ ишдан ютақиб келиб, битта чой буюрибман. Чойнакни дўқ этказиб олдимга қўйиб кетди. Бир қайтарма қилай деб пиёлага қўйсам, картишка қайнатилган сувнинг ўзгинаси. Жаҳлим қўзиб: «Ў, энасини кўрмаган, шуям чойми?»– деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни айтиб, андак тергаб ўтдим.

Хотин киши дегани асаларининг яшиғига ўхшайди, сал тегсанг, балога қоласан. Шу зардам баҳона бўлди-ю, бир вақт қарасам, мен палон гектардан палон центнердан макка олган бригадирман, палон жойга депутотман, сен ким бўпсанки, менга олифтачилик қиласан, деб тепамдан учиб юрибди. Аризасида менга сиёсийроқ айб юклаганига келсак, бу гапларнинг чиқишига ўзи айбдор. Қўлини биқинига чойнаксоп қилиб, масалангни женсоветга қўяман, деди. Шунда, мен баттар тутақиб, женсовет, селсовет ва ҳоказо, яна ҳоказо советларни бўралаб ташладим. Аммо, буни манмансираб кетиб, қасддан айтганим йўқ. Зеро, мен паҳлавон ҳукуматимизда қанча саллот-у, қанча замбарак борлигини яхши биламан.

Шу десангиз, ўртоқ капитон, хотиним: «Ҳали шуна­қами?» деди-ю, ташқарига қараб юрди. Ҳовлини кесиб ўтаётиб, ҳовузча бўйида таҳорат олаётган отамни ваҳшийларча туртиб юборди. Чол у тарафга учди, обдас­та бу тарафга. Отамнинг ҳовузга ағдарилиши бир нав, чунки у пишиқ сузувчи, урушда Днепрни кечиб ўтган. Лекин, тилсиз-жағсиз яп-янги сопол обдаста бекорга пачақланганига кўп ачиндим. (Бу гапимдан кейин, ғилай демай, чиллашир демай, маҳалламиздаги бор йигитни қурилиш баталёнига жўнатишаётгани каби, «пишади» деган баҳона билан, обдасталарниям армияга олиш бошланмагани дуруст).

Чолни қуритиш учун паққос кийимини ечиб, айвондаги сўрига ётқиздим. Устига эндигина чойшаб тортганимда, райижроқўмда шопирлик қиладиган укасини эргаштириб, хотиним келди. Қайноғам кўзини фолчининг пилдироғидек айлантириб, менга тиралди. Қирқ беш йил яшаб, умримда бунақа сўкиш эшитмагандим, бир зумда ачамни божамга аралаштирворди. Ҳов, гўдак, дедим унга, поччангни ҳурмат қилмасанг, сочимдаги оқни ҳурмат қил, дедим. Шунда у: «Ким гўдак?» – деб бўйнини чўзди. Хато гапирибман, кечиргин, ука, дедим унга, кўриб турибман, бўғоз хотин обберишса, бола кўрадиган бўпқолибсан, дедим. Сўзим тугаб-тугамай, гарданимга гурсиллатди. Шунда: «Ҳе, ўша опангни медалига...» деб, ва ҳоказо, яна ҳоказо гапларни ишлатиб, биқинига солувдим, опаси орқамдан, укаси олдимдан тирмашиб, мени новвосағдариш қилишди. Итларнинг яйловдаги танишувига ўхшаган судра-судра бошланди.

Сўрида ётган отам менга ачиниб кетдими, чойшабнинг тагидан чиқиб келиб, бизни ажратишга тушди. Чолнинг аҳволини кўриб, хотиним бетини тўсганича даҳлизга қочди. Кейин қайноғам «бу уйдагилар ҳаммаси жинни», деб кўчага отилди.

Ўртоқ капитон! Хотиним нуқул сиёсатни рўкач қилиб, райижроқўм ходими, Афғон уруши қатнашчиси бўлган укам аёвсиз дўппосланди, деб ёзибди. Бу қип-қизил туҳмат. Биринчидан, ҳақорат қилишни қайноғам ўзи бошлади. Ҳукумат вакили эканини ҳисобга олиб, то шапалоқ тортгунча индамай турдим. Ваҳоланки, овозини вақтида ўчириш учун бўйнига тайёр чандилган галстўкни озгина тортиб қўйишим кифоя эди. Афғонда бўлганига келсак, шу болага ишониб пўрма беришганига ҳайронман. Бир куни ундан «урушда душманни дўстдан қандай ажратардинг», деб сўрасам, «кўзини рангидан», деди. Шу билан битта казармада ётганларнинг юрагига балли.

Ўртоқ капитон! Хуллас, опа-уканинг иғвосига учманг. Бу муттаҳамларга қолса, ҳатто Фарғонадаги исённиям менинг бўйнимга ағдаришади. Ўзи бу ёқда айбни кимга тўнкашни билмай туришибди.

Яна шикоятдаги гапларга қайтсак, қайноғам кетганидан кейин алам устида даҳлизга кириб бордим. Сенми ҳали мени укангга калтаклатадиган, деб, шартта хотинимнинг сочидан чангаллаб, ва ҳоказо, яна ҳоказо ҳаракатлар қилиб, уни одамгарчиликка чақирдим. Афсуски, тарбия кўрмаган бу аёл оилавий тартиб-интизомга тупуриб, отасиникига кетиб қолди. Пешанам шўрлигидан хўрлигим келиб, кечаси билан чилим тортиб чиқдим. Натижада иккита тўшак, учта кўрпа ва ҳоказо, яна ҳоказо матоҳларга чўғ тушиб, кичик ёнғин чиқди.

Ўртоқ капитон! Эрта-индин хотиним қайтиб келгудек бўлса, шу куйган латталарни пеш қилиб, янги бир шикоят ёзиши турган гап. Сиз у чаласаводга яхшилаб уқтириб қўйинг – ҳозир демократия замони! Демократия дейилганда, америкалик кимни сўксанг сўкавер деб, франциялик кимни ўпсанг ўпавер деб тушунади. Мен учун бу– қаерда чексанг чекавер дегани. Ҳуқуқим поймол этилмасин!

Яна бир гапим бор, ўртоқ капитон. Бундан кейин погонни хор қилиб, эр-хотиннинг ўртасига тушиб юрманг, каттароқ ишлар билан шуғулланинг. Масалан, мен бўғзи узилган обдастани чорсига тугиб, район суғурта идорасига борсам, таҳорат воситасининг синиши табиий офатга кирмайди, деб ҳақини тўлашмади. Илтимос қиламан, шу ишни қаттиқ текшириб, тегишли пулимни ундириб берсангиз. Агар иш ўнгидан келса, ўзларини ҳаммомда шаҳонасифат буғлаб, кейин иккаламиздан ортмайдиган кобили шўрва қайнатиб, ва ҳоказо, яна ҳоказоларни истеъмол қилиб, бир яйраган бўлардик.

Бор гапим шу. Илойим, саломат бўлайлик.

1989 йил.

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Kattalar uchun] [She'rlar] [Hikoyalar] [Hajviy she'rlar]
Hosted by uCoz