ao
ss

МУНДАРИЖА

Хабар сотувчи ………………………………………………………  

I.   Далалардан – болаларга……………………………………..…  

   Очиғини айтсам, шеърларни шунчаки ҳавас учун ёзаман. Аслида касбим – журналистлик.

   Бир пайтлар радио мухбири эдим. Микрофонни Алпомишнинг қиличидек яланғочлаб олиб, ўзи азалдан сўзамол одамларни гапиртириш ҳам иш бўптими, дегувчиларнинг фикрига тўла-тўкис қўшиламан. Аммо менинг ютуғим шундаки, дала-боғларни кезиб юрган пайтларимда нафақат одамлардан, балки турли экин ва дов-дарахтлардан ҳам ўнлаб интервъюлар олишга мушарраф бўлганман. Бу ҳол, жумлаи жаҳоннинг оғзи, кўзи, қулоғи ва бурни ҳисобланмиш журналистлар тоифасини ҳайратга солса, ажабмас.

  Шундай қилиб, дастлабки сўз – борлиқ ўсимликларнинг шаҳаншоҳи – ҳурматли Буғдойвойга!

II.  Ажойибхона ………………………………………………………

Қумурсқадан тортиб Филгача, Итбалиқдан тортиб Китгача, Чивиндан тортиб Лочингача – ҳамма-ҳаммаси худди сизу биз каби она Сайёрамизнинг тенг ҳуқуқли фарзандларидир. Одамзод мана шу заминдаги энг олий мавжудот экан, ўзга борлиқ жонзотларни асраб-авайлаш, «ожиз жигарбандалари»га муттасил ғамхўрлик қилиш унинг муқаддас бурчидир. Турли жониворлар ҳақида ёзишга қаттиқ берилганим ана шу бурчни озми-кўпми ҳис қилганимдан бўлса керак.

Жонзотлар оламига бағишланган бу туркумни «Ажойибхона» деб атадим.

III. Кулчалар    ………………………………………………………

Содда ва лўнда гапиришни, дангал ва самимий кесатишни, ғуборсиз кулишни болакайлардан ўргангим келади. Кичкинтойлардаги бу ҳайратомуз фазилат, айниқса, уларнинг серқаймоқ термаларию ширин-шакар айтишувларида янада ёрқинроқ намоён бўлади. «Кулчалар» туркумига жамланган ихчам шеърларим ўша термалар таъсирида ёзилганини, майли, яхшиликча бўйнимга олиб қўяверай. Бундан ташқари, баъзи чиройли сўзларни улардан ўмарган бўлишим ҳам эҳтимолдан холи эмас, буни болаларгина дарров пайқаб олишади.

IV. Сиз эшитмаган қўшиқлар…………………………………….…

 Одамлар қувонганда ҳам, ўкинганда ҳам, беихтиёр қўшиқ айта бошлашади. Шу туфайли ашулаларнинг бири жўшқин, бошқаси мунглироқ.

  Аммо фақат одамларгина куйлашни билади деб ўйласангиз, қаттиқ янглишасиз. Масалан, Сиз Копток ёки Бузоқбошининг, Сичқон ёки Шиппакнинг хиргойи қилганини кўрганмисиз? Пайқаб турибман, бу гапимдан сўнг эс-ҳушимнинг жойида эканига бироз шубҳа билан қараяпсиз. Лекин мен бундан асло хафа эмасман. Сиз-ку, ҳали боласиз, бундан бир неча йиллар олдин ҳатто айрим олий маълумотли ноширлар ҳам менга нисбатан айнан шундай кайфиятда эдилар. Далил-исботлар кўрсатиб, уларни сўзимга зўрға ишонтирганман.

Сизларга ҳам  ашёвий далиллар зарурга ўхшайди, улар эса менда жуда кўп. Марҳамат, ўзингиз бир бошдан титкилаб чиқақолинг.

V.   Ботирвойнинг кундалиги………………………………………

Шоир бўлиш учун, энг муҳими, кундалик тутиш зарур экан. Акс ҳолда, ҳаётда ўзинг кўриб-кузатган кўпгина қизиқ воқеалар аста-секин ёдингдан кўтарилиб кетаркан-у, кейин биров ўқиса ишонмайдиган ёлғон-яшиқ воқеаларни тўқиб, шеърхонлар олдида шарманда бўлиб қоларкансан.

Охирги пайтларда мен ана шундай чатоқ аҳволга тушиб қолгандим. Хайриятки, Ботирвой менга ўзининг ғаройиб кундалигини кўрсатиб қолди. Ундаги жумлаларни ўқиганим сайин болалик даврим, мурғак ўй-хаёлларим, орзу-истакларим хотирамда қайта жонланаётгандек бўлди.

Ҳа, дунёда яхши одамлар кўп. Шулардан биттаси Ботирвой эканлигига энди заррача шубҳам йўқ. Чунки у паришонхотир бир шоирни ёлғон гаплар тўқишдек кулгили ҳолатдан ўз вақтида қутқариб қолди.

VI.  Булбулнинг чўпчаклари……………………………………… 

Аждодларимиз мерос қолдирган дурдона асарларининг деярли ҳаммаси аруз вазнида битилган. Айни пайтда, бу вазнда болалар учун жуда кам нарса ёзилган.
Кичкинтой замондошларим қалбида ғазалга қай тарзда кўникма ҳосил қилдириш устида бош қотириб юрган кезим, тасодифан бир Булбулча билан танишиб қолдиму мушкулим осон кўчди. Қарангки, қишлоқда туғилган оддий қушча бўлишига қарамай, у  шеър тўқишга жуда ҳавасманд экан. Тағин, ёзганларининг ҳаммаси ғазал шаклида денг.
Ҳа, шеърларнинг шаклигина ғазалга ўхшайди, яъни унда аруз қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаган. Янглишмасам, шоир қушчанинг ўзи ўша қонун-қоидаларни чуқурроқ ўрганиб улгурмаган кўринади.
Умуман, бунга ажабланмасак ҳам  бўлади. Ахир, бу ғазалларни доно ва заковатли Бургут эмас, саводи ўртамиёна бир Булбулча ёзган.

VII. Менинг коллекциям…………………………………………. 

Маданият гуркираб ривожлангани сайин коллекциячилик «касали» тобора кўпроқ кишиларга юқиб бормоқда. Марка йиғувчилардан ташқари эндиликда гугурт этикеткалари, автобус билетлари, конфет қоғозлари,ҳатто турли асрларда ясалган мантиқозонларни тўпловчилар ҳам пайдо бўлди. Булар сафига машҳур одамлар чекиб ташлаган сигарет қолдиқларини йиғиштириб юрувчилар келиб қўшилгач, коллекцияларнинг шуҳрати янада ортиб кетди.
Мен ҳам ўша нусхалардан биттасиман. Ҳозирча ҳар хил жойларга ва турли буюмларга ёзилган олди-қочди шеърларни йиғиш билан шуғулланиб юрибман. Манаман деган кишилар туфлаб ташлаган сигарет қолдиқларини тўплаш даражасига етишим учун камида йигирма қовун пишиғи борга ўхшайди.
Хулласи калом, қўлингизда менинг ғарибона коллекциям турибди.

VIII. Игналарим чиройли………………………………………… 

Хонада ёлғиз эдим. Кеккайган бир Суварак қўққисдан ичкарига кириб келади-ю,  менга хилвироқ қоғоз узатиб, деди:
– Жонзотлар ҳақида шеърлар ёзармишсиз. Мана, таржимаи ҳолим, шунга қараб туриб, бизгаям бирон нарса тўқиворинг.
Токчадаги идиш-товоқларга жаланглаб назар ташлаганича яланиб турган хира Суваракни пича меҳмон қилиб, яхшиликча изига қайтарганимдан сўнг, кутилмаганда миямга бир фикр келиб қолди: «Бошқа жониворларга ҳам илтимос қилиб, таржимаи ҳолларини ёздириб олсам-чи?» деб савол бердим ўзимга. Ахир, энг муҳими, шеър учун маълумот тўплаш, тайёр гапларни қофияга солишдан осони борми?
Қисқаси, бу топилма менга жуда қўл келди. Шеърларим кўпайгани сайин барча махлуқот билан иложи борича яқинроқ дўстлашиб олиш кони фойда эканлигини чуқурроқ тушуниб етяпман.

IX.  Ғалати мактублар…………………………………………….. 

Қишлоғимизда Меливой тоға деган почтачи бор.Ўтган йили у киши бир хатни кўрсатиб, буни нима қилсам экан, деб сўраб қолди. Қарасам, конвертнинг тепа қисмига «Қишлоқдаги Сополтоғарага бориб тегсин», деб ёзилиб, қуйироққа эса «Яйловдаги дўстинг Хумдан», дея имзо қўйилибди.
– Бунақа чалкаш хатлар бизда талайгина тўпланиб қолди, – деди Меливой тоға. – Ҳаммасини сизга келтириб берсам, қалай бўларкин? Бирон йўлини қилиб китобга қўшиб юборсангиз, ажабмаски, баҳонада хат ўз эгаларини топиб олса.
Кекса почтачининг гапи менга маъқул тушди. Чунки, хайрли иш қилишни болалигимдан ёқтираман. Бу хатлар эртами-кеч эгасини топса, ўзимни ниҳоятда бахтиёр ҳис қилган бўлардим.

Х.   Бу воқеа ўхшар эртакка.............................................................

Агарда боболаримиз ва момоларимиз эртак ўқишни билмаганларида ҳам бу эртаклар оғиздан-оғизга, қулоқдан-қулоққа ўтиб, бизгача етиб келмаганида эди, Сиз билан менга оламни танитиб турган бугунги адабиётимизнинг шу қадар қудрат йиға олишига ҳеч ким кафолат беролмаган бўларди.

Дунёда эртаклардан кўра теран ва соддароқ, хаёлпараст ва ростгўй, мароқли ва таъсирчанроқ нарса йўқ. Улар бизни берилиб тинглашга, ҳаяжонланишга, эзгулик ғалабасига ишонишга, орзуларимиз рўёбга чиқишини чидам билан кутишга, мақсадга дангал интилишга, жўшиб фикрлашга ўргатади.

Мен Халқ деган буюк устодга тақлид қилиб, «Олтиариқдан олти эртак»  номли туркумга қўл урган эдим. Ана шу туркумга кирган эртакни сиз – ёш дўстларимга юз истиҳола билан тақдим этмоқдаман. Пайқаб турибманки, бари бир момоларнинг эртагидан ўтказиб айтиш амримаҳол экан.

Тақдирнингҳазили…………………………………………………

 

[Asosiy] [Adib haqida] [Bolalar uchun] [Hikoyalar] [Eski kitoblar] [Qissalar] [Kattalar uchun]
Hosted by uCoz